ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Тасвирий санъат. Музейлар /

Миллий музей фонди тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.10.2008 й. 237-сон Қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 31 октябрдаги

237-сон қарорига

1-ИЛОВА



Миллий музей фонди тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Музейлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Миллий музей фондининг (кейинги ўринларда "Фонд" деб юритилади) таркибини, бойитиш манбаларини, музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш, улардан фойдаланиш, фонд ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Фонд Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий турган музей ашёлари ва коллекциялари мажмуи бўлиб, ушбу музей ашёлари ва коллекцияларини аниқлаш ва асраб-авайлаш, ҳисобга олиш ишини марказлаштириш ҳамда уларни кенг оммага намойиш этиш мақсадида ташкил этилади.

3. Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари Ўзбекистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир.


II. ФОНД ТАРКИБИ


4. Фонд таркибига қуйидагилар киради:

жаҳон халқлари тарихининг турли даврларини, улкан тарихий воқеаларни, ўзбек давлатчилиги ривожланиш босқичлари тарихини ўзида акс эттирган ашёлар ва коллекциялар;

халқимиз маданий-маиший турмуш шароитларининг турли босқичларини ўзида акс эттирган уй-рўзғор буюмлари;

улуғ давлат арбоблари, саркардалар ва қаҳрамонлар, сиёсатчилар, уламолар, фан ва маданият арбобларининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бўлган барча ашё ва коллекциялар;

фан ва техниканинг ривожланиш босқичларини ўзида акс эттирган ҳужжатлар, модел-макетлар ва бошқа ашё ва коллекциялар;

археологик қазилмалар чоғида топилган коллекциялар ва алоҳида ашёлар;

ҳайкалтарошлик, рангтасвир, халқ амалий санъати, мусиқа ва театр санъати тарихини ўзида акс эттирган ашё ва коллекциялар;

табиат тарихи ҳақидаги геологик, палеонтологик, минерал ва табиий фанларга оид бошқа ашё ва коллекциялар;

ижоднинг барча соҳасига тегишли бўлган қўлёзмалар, қўлёзма ва тошбосма китоблар, нодир ва қимматбаҳо нашрлар;

тарихий, илмий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган бошқа ашё ва коллекциялар.


5. Фонд Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисмидан ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборатдир.

6. Қуйидагилар Фонднинг давлатга тегишли қисми таркибига киритилади:

кимнинг эгалигида турганлигидан қатъи назар, давлат мулки бўлган музей ашёлари ва музей коллекциялари;

давлат музейлари, бошқа давлат муассасалари томонидан муассислар маблағлари, ўз маблағлари ёки бошқа маблағлар ҳисобидан, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулда олинган музей ашёлари ва музей коллекциялари.

7. Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига Фонд таркибига киритилган хусусий мулк бўлган музей ашёлари ва музей коллекциялари киради.

Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда уларнинг мулкдори аризаси асосида амалга оширилади.

8. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Фонд таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.

Фонд таркибига киритилган ҳар бир музей ашёси ва ҳар бир музей коллекцияси тўғрисидаги асосий маълумотларни ҳисобга олиш мақсадида Фонднинг Давлат каталоги юритилади.

Фонднинг Давлат каталоги Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда юритилади.

9. Музей ашёлари ва музей коллекциялари Фонднинг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳисобланади.

10. Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари мулкдорига рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Гувоҳнома шакли ва уни расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан белгиланади.


III. ФОНД ТАРКИБИГА КИРИТИЛГАН МУЗЕЙ

АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА САҚЛАШ


11. Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари оператив бошқариш ҳуқуқи асосида давлат музейларига, бошқа давлат муассасаларига бириктириб қўйилади.

Фонднинг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини оператив бошқариш топширилган давлат музейлари, бошқа давлат муассасалари:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳамда хавфсизлигини;

музей ашёлари ва музей коллекциялари билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;

музей ашёлари ва музей коллекцияларидан илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланилишини таъминлаши шарт.

12. Фонднинг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ишлари уларни тўлиқ таққослаш имкониятини таъминловчи ҳамда уларнинг сақланиш жойи, сақланиш ҳолати, фойдаланиш шакли ва бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи асосий ҳисоб ҳужжатларини юритиш йўли билан амалга оширилади.


13. Фонд таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекциялари фуқаролар кириб кўриши учун очиқдир.

Фонд таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш қуйидаги асосларга кўра чекланиши мумкин:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиш ҳолати қониқарсиз бўлганда;

реставрация ишлари амалга оширилаётганда;

музей ашёлари ва музей коллекциялари музей захирахонасида бўлганда.

Фонд таркибига киритилган музейнинг захирахонасида сақланаётган музей ашёлари ва музей коллекцияларини фуқаролар томонидан кириб кўриш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан белгиланади.

14. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ҳамда сақлаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади.


IV. ФОНДНИ БОЙИТИШ МАНБАЛАРИ


15. Фонднинг давлатга тегишли қисмини бойитиш манбалари қуйидагилар бўлиши мумкин:

давлат бюджети, ҳомийлар маблағлари;

музейнинг пуллик хизмат кўрсатиши эвазига тўпланадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда давлат тасарруфига ўтган музей ашёлари ва музей коллекциялари;

археологик қазилмалар, илмий экспедициялар натижасида топилган, шунингдек топилган хазиналардаги илмий, тарихий, бадиий қийматга эга бўлган музей ашёлари ва музей коллекциялари йиғиндиси ва ҳоказолар.

16. Фан-техника тараққиётини музейларда акс эттириш учун давлат ташкилотлари ва муассасалари ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намуналарини музейларга бепул беришлари лозим.


17. Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисмини бойитиш мулкдор томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



V. ФОНД ТАРКИБИГА КИРИТИЛГАН

МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ

КОЛЛЕКЦИЯЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТАРТИБИ


18. Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларидан фан ва маданиятни, ватанпарварлик, ғоявий-маънавий камолот ва эстетик тарбияни ривожлантириш мақсадида фойдаланилади.

Музей ашёлари ва музей коллекцияларидан музей экспозициялари ва кўргазмаларида фойдаланилади.

Музей ўз фондида сақланаётган музей ашёлари ва музей коллекциялари бўйича каталоглар, илмий ишлар тўпламлари, монографиялар, қўлланмалар, илмий ахборотлар тайёрлаши ва нашр этиши мумкин.

Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Музейда сақланаётган музей ашёлари ва музей коллекцияларини бошқа музейга, муассасага, ташкилотга ўтказиш ушбу музейнинг мулкдори (муассиси) томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

20. Юридик ва жисмоний шахсларнинг Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга йўналтирилган ҳаракатлари, шу жумладан, мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш мазкур ҳаракатлар Фонднинг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.


21. Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари бўйича олди-сотди ёки ҳадя битимлари тузилганда сотиб олувчи ёки ҳадя олувчи ушбу ашёлар ва коллекцияларга нисбатан сотувчи ёхуд ҳадя қилувчида бўлган барча мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт. Мазкур ашёлар ва коллекцияларнинг олди-сотдисида давлат имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари васият ёки қонунга биноан мерос қилиб олинганда меросхўр ушбу ашёлар ва коллекцияларга нисбатан мерос қолдирувчида бўлган барча мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт. Бу мажбуриятлардан бош тортган тақдирда, меросхўр мазкур музей ашёлари ва музей коллекцияларини ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган шартларда сотиши ёки бошқа битим тузиши мумкин. Бу ҳолда давлат имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар сотиб олувчи, ҳадя олувчи ёки меросхўр Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига нисбатан ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминламаса, давлат ушбу ашёлар ва коллекцияларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақини тўлаб олиш ҳуқуқига эга.

Музей ашёлари ва музей коллекцияларига оид ушбу бандда назарда тутилган битимлар Фонднинг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан тузилган ҳисобланади.

Ушбу банднинг биринчи-учинчи хатбошиларида назарда тутилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини давлат томонидан имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи ёки ҳақини тўлаб олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ёки унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

22. Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг олди-сотдисида давлатнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, мулкдор олди-сотди ҳаракатларини амалга оширишдан уч ой олдин бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ёки унинг ҳудудий органларига ёзма равишда мурожаат қилиши лозим.

Ушбу Низом талаби бузилган ҳолда тузилган битимлар белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.



VI. ФОНД ҲОЛАТИ УСТИДАН

ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


23. Фонд ҳолати устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги амалга оширади.

24. Фонднинг давлатга тегишли қисми ҳолати устидан давлат назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолатини ҳамда уларни сақлаш шароитларини текшириш;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобини юритиш учун зарур бўлган сўровномалар йўллаш ҳамда ахборот олиш.

25. Фонднинг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳолати устидан давлат назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолатини ҳамда уларни сақлаш шароитларини текшириш;

нодавлат музейларга бириктириб қўйилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори олдига уларни сақлаш жойини ўзгартириш ёки уларни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги масалани қўйиш;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобини юритиш учун зарур бўлган сўровномалар йўллаш ҳамда ахборот олиш.

26. Фонд ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, улардан фойдаланиш, ҳисобга олиш ва таъмирлаш қоидаларини бузганликда айбдор шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий, маъмурий ва бошқа тартибда жавобгар бўладилар.

28. Фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига зиён етказган юридик ва жисмоний шахслар етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплаб беришлари лозим.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 44-45-сон, 444-модда.












































Время: 0.1548
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск