ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Тасвирий санъат. Музейлар /

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.10.2008 й. 237-сон Қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 31 октябрдаги

237-сон қарорига

2-ИЛОВА



Миллий музей фонди таркибига киритилган

музей ашёлари ва музей коллекцияларини

ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Музейлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ишларини ташкил этиш тартиби ҳамда музей раҳбар ва мутахассисларининг шу соҳага оид ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Ушбу Низом мулкчилик шаклидан қатъи назар барча музейлар учун мажбурийдир.


2. Музейлар ўзларида сақланаётган барча музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобга олиниши ва сақланиши учун тўлиқ жавобгардирлар.


3. Ушбу Низом ва бошқа тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида ҳар бир музейда музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш ва таъмирлашнинг ички тартибларини аниқлаб берувчи йўриқнома ишлаб чиқилади.


4. Музей биносини ёнғиндан сақлаш ва қўриқлаш ишлари белгиланган тартибда ташкил қилинади.



II. МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ

КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ТАРТИБИ


5. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш деганда Ўзбекистон Республикасининг умумхалқ мулки бўлган музей ашёлари ва музей коллекцияларини аниқлаш ва тегишли тартибда қайд этиш тушунилади.

Ҳисобга олиш музей ашёлари ва музей коллекцияларини ўрганиш, намойиш этиш ва сақлаш учун зарур шарт-шароитларни яратади ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимояланишини таъминлайди.


6. Музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш икки босқичда, яъни:

музейга олинган ашёлар ва коллекцияларнинг дастлабки ҳимоя ҳужжатларини тузиш (далолатномалар ёзиш, кирим дафтарида уларнинг қисқача тавсифини қайд этиш);

уларни инвентарь дафтарларида ҳисобга олиш, яъни илмий рўйхатдан ўтказиш (музей ашёлари ва музей коллекцияларини хиллари ва маълум бир санъат турига мансублигига қараб туркумлаштириш, тегишли дафтарларда кенгайтирилган ва аниқ тавсифларини акс эттириш) тарзида амалга оширилади.


7. Музейларда сақланаётган ашёлар ва коллекцияларнинг нархлари бухгалтерия ҳисоботи ҳужжатларида акс эттирилмайди.


8. Музейнинг асосий ва илмий-кўмакчи фондлари таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари мажмуи музей фондини ташкил этади.

Фонд ишларини юритиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини сотиб олиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш масалаларини коллегиал ҳал этиш мақсадида музейларда Фонд ишлари ва сотиб олиш комиссиялари ташкил этилади.


9. Музейга олинган музей ашёлари ва музей коллекциялари қатъий тартибда ҳисобга олиниб, ҳужжатлаштирилиши шарт. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини расмийлаштириш ҳужжатлари шакллари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан белгиланади.

10. Музейга доимий сақлаш учун олинган барча музей ашёлари ва музей коллекциялари илмий рўйхатга олинади.

Ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳисобга олинмаган музей ашёлари ва музей коллекцияларини музейларда сақлаш қатъиян тақиқланади.


11. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олишнинг асосий ҳужжатлари қуйидагилар ҳисобланади:

кирим дафтари ва инвентарь дафтарлари;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини доимий (вақтинча) сақлашга оид қабул далолатномалари;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини таъмирлаш ва ҳисобдан чиқариш далолатномалари (улар музей фонди таркибидан чиқарилган ҳолларда);

фонд ишлари ва сотиб олиш комиссияларининг баённомалари, фонд ҳаракатига тааллуқли буйруқлар.


12. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар директор ёки бош муҳофиз (фонд мудири), ҳисобга олиш бўлимининг мудири томонидан имзоланади ва музей муҳри билан тасдиқланади.


13. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш бўйича тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳужжатлар ижро учун қабул қилинмайди.


14. Музейнинг кирим ва илмий рўйхатдан ўтказиш дафтарларини юритишдан аввал уларнинг ҳар бир саҳифасига тартиб рақами қўйилиб тикилади, музей бўйсунувчи тегишли юқори бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор) томонидан муҳрланади.


15. Музейнинг барча ҳисобга олиш дафтарларини янгилаш музей бўйсунувчи тегишли юқори бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор) рухсати билан амалга оширилади.


16. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олишга оид барча ҳужжатлар музейда доимий сақланади. Ҳисобга олиш ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган ҳолатлардан ташқари бошқа шахсларга берилмайди.


17. Музей ашёлари ва музей коллекциялари тўплами музейларнинг асосий ва илмий-кўмакчи фондларида ҳисобга олинади. Табиат музейларида хом ашё фонди ҳам мавжуд бўлади.


18. Асосий ва илмий-кўмакчи фондлар таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш шакл ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Йўриқнома асосида амалга оширилади.

19. Музейнинг асосий фонди таркибига киритилган барча музей ашёлари ва музей коллекциялари фотосуратга олиниши шарт.


20. Илмий рўйхатдан ўтказиш асосий фонддаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини ўрганиш, илмий таҳлил этиш ва тавсифлашнинг асосий шакли ҳисобланади.


21. Агар музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий рўйхатдан ўтказиш кенгроқ шарҳ ёки мутахассиснинг хулосаси зарур бўлса, хулоса бераётган ташкилотнинг экспертиза комиссияси ёки ўша мутахассис ишлаётган идора томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳужжат далолатномага илова қилинади.


22. Илмий рўйхатдан ўтказиш дафтарларидан чиқариб юборилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг тартиб рақамларини рўйхатдан ўтаётган янги музей ашёсига бериш қатъиян тақиқланади.


23. Айрим ҳолларда (асосий фондда сақланаётган ашё шикастланганда, емирилганда, ўғирланганда ёки тасарруфдан чиқарилганда ва ҳоказо) илмий-кўмакчи фонд ашёлари музейнинг Фонд ишлари ва сотиб олиш комиссияси қарори ҳамда музей директорининг буйруғи билан асосий фондга ўтказилиши мумкин.


24. Асосий фонд таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий-кўмакчи фондга ўтказиш фақат музей бўйсунувчи бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор) рухсати билан амалга оширилади.


25. Музейга доимий сақлаш учун олинган ашёлар бир ой муддатда асосий ёки илмий-кўмакчи фондларнинг кирим дафтарларида ҳисобга олиниши шарт. Вақтинчалик сақлаш учун олинган ашёлар махсус кирим дафтарида ҳисобга олинади.

Музей ашёсининг кирим дафтаридаги тартиб рақами бир вақтнинг ўзида уни музейга қабул қилиш далолатномасида ҳам қайд этилади.


26. Доимий фойдаланиш учун олинган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олишда уларнинг сотиб олинган нархи ёзиб қўйилади (музей ашёлари совға қилинган ёки ҳомийлар маблағи эвазига олинган ҳолатлар бундан мустасно).


27. Музей филиалларида сақланаётган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақидаги барча маълумотлар бош музейнинг йиллик ҳисоботларида акс эттирилади ҳамда музей бўйсунувчи бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор) эътиборига ҳавола қилинади.


28. Музей филиалларида сақланаётган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг вақтинчалик ёки доимий фойдаланиш учун берилишини тегишли тартибда расмийлаштириш ишлари бош музей томонидан амалга оширилади.


29. Музей филиалларидаги ҳар бир музей ашёси ва музей коллекциясини ҳисобга олиш ҳужжатлари бош музейда сақланади.


30. Илмий кутубхона ва музей архивининг материаллари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олинади.



III. МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ

КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


31. Музей ашёлари ва музей коллекцияларининг сақланишини таъминлаш, уларни шикастланиш, касалланиш, емирилишдан ва ўғирланишдан ҳимоя қилиш, шунингдек уларни ўрганиш, намойиш этиш ва оммалаштириш учун қулай шароит яратиш музейларнинг асосий вазифасидир.


32. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини вақтинчалик ёки доимий фойдаланиш мақсадида бошқа юридик шахсга бериш музей бўйсунувчи юқори бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор)нинг буйруғига асосан амалга оширилади.

Белгиланган тартибда ҳисобга олиниб, шифр ва тартиб рақамлари қўйилмаган музей ашёлари ва музей коллекцияларини фойдаланиш учун бошқа юридик шахсга бериш мумкин эмас.


33. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини вақтинчалик фойдаланишга оладиган муассаса уларни ўз муддатида қайтариш тўғрисида кафолат хати тақдим этиши лозим.


34. Музейда вақтинчалик сақланаётган экспонатларни уларнинг эгасидан рухсат олмай бошқа шахслар ёки ташкилотларга бериш қатъиян тақиқланади.


35. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини музей ичида қисқа муддатга бир бўлимдан бошқа бўлимга ёки таҳлил этиш мақсадида илмий ходимга бериш бош муҳофиз рухсати билан амалга оширилади.


36. Музейга олинган музей коллекциялари бутунлигича ҳисобга олинади ва сақланади. Уларни бошқа музей ашёлари ёки музей коллекциялари билан аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.


37. Музей ашёлари ва музей коллекцияларининг ўғирланиши, нобуд бўлиши, шикастланиши аниқланган ҳар бир ҳолатда музей директори ушбу ҳодисани батафсил тавсифлаб, бу ҳақда музей бевосита бўйсунувчи юқори бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор)га ёзма равишда хабар қилиши шарт.


38. Музей ашёлари ва музей коллекциялари ўғирланган тақдирда уларни топиш чораларини кўриш мақсадида музей директори ёки бош муҳофизи тезлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериши лозим.


39. Музей ашёлари ва музей коллекциялари нобуд бўлган ёки жиддий шикастланган ҳолларда уларга етказилган зарар тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилиши ва унга музей ашёсининг фотосурати илова қилиниши лозим.


40. Музей раҳбарияти музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган вақтларда мунтазам хатловдан ўтказиш, яъни, музей бу ашёларининг фондларда мавжудлиги ва сақланиш ҳолатини кирим дафтарлари, илмий рўйхатдан ўтказиш дафтарлари, далолатномалар ва бошқа ҳисоб ҳужжатлари билан солиштириб туриш ишларини ташкил этиши шарт.


41. Ўз таркибида уч мингтагача музей ашёлари ва музей коллекциялари бўлган кичик музейлар фондидаги барча ашёлар ҳар йили хатловдан ўтказилади. Уч мингдан кўп музей ашёлари ва музей коллекцияларига эга бўлган музейларда хатлов ишлари музейнинг бўлимлари ёки музей ашёлари турлари бўйича ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.


42. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини хатловдан ўтказиш ишлари музей директорининг буйруғига биноан ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади. Комиссия ишида шу коллекция учун масъул бўлган шахс иштирок этиши лозим.


43. Музейга археологик экспедициялар материаллари вақтинчалик сақлаб туриш учун қабул қилинмайди.



IV. МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ

КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ ТАЪМИРЛАШ

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


44. Музей раҳбарияти ашёлар ва коллекцияларни таъмирлаш ишларини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериши лозим.


45. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини таъмирлаш ишлари йирик музейларнинг таъмирлаш бўлимлари, устахоналари ва музейларнинг штатлар жадвалидаги таъмирчилар ёки ашёларни таъмирлашга ихтисослашган корхоналар томонидан амалга оширилади.


46. Ноёб музей ашёлари ва музей коллекцияларини таъмирлаш ишлари музейлар бўйсунадиган юқори бошқарув органи (нодавлат музейларида - мулкдор) рухсати билан малакали таъмирчи усталар, мутахассислар ва музей ходимларидан иборат комиссия хулосасига кўра амалга оширилади.


47. Таркибида таъмирлаш устахоналари ёки таъмирловчилари бўлган ҳар бир музейда Таъмирлаш кенгаши тузилади.


48. Музей ашёлари ва коллекцияларини таъмирлаш ишлари таъмирлаш устахоналари ёки йирик музейларнинг устахоналарида узоқ муддатли тажрибадан ўтказилган, синалган, фойдаланиш учун тавсия қилинган усуллар ва хом ашёлар асосида бажарилиши мумкин.


49. Музейларда таъмирлаш ишларининг қатъий рўйхати юритилиши лозим. Таъмирланаётган музей ашёсининг ҳолати баённома ва бошқа тегишли ҳужжатларда акс эттирилади. Музей ашёлари таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин, таъмирланиш жараёнида ва таъмирлаш ишлари тугаганидан сўнг фотосуратга олинади.


50. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини таъмирлаш устахоналарига топшириш ва уларни таъмирлангандан сўнг қайтариб олиш, топшириш-қабул қилиб олишга тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.


51. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини таъмирлаш учун уларни тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳолда бериб юбориш қатъиян тақиқланади.



V. МУЗЕЙ РАҲБАР ХОДИМЛАРИ ҲАМДА

МУТАХАССИСЛАРИНИНГ МУЗЕЙ АШЁЛАРИ

ВА МУЗЕЙ КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА САҚЛАШГА ОИД ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


52. Музей директори:

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, музей фондини тўлдириб бориш, ҳисобга олиш, илмий рўйхатдан ўтказиш, таъмирлаш ва муҳофаза қилиш ишларига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлардан келиб чиқадиган тартиб ва қоидаларга музей ходимлари томонидан амал қилиниши ҳолатларини назорат қилиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш бўйича миллий ва хорижий илғор тажрибаларни музей фаолиятига жорий этиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш юзасидан юқори бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор)га таклифлар киритиш;

ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартиб ва қоидаларнинг бажарилишига совуққонлик билан муносабатда бўлган, ўз лавозим мажбуриятларини тўлиқ бажармаётган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга.

Айни вақтда музей директори музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, фондни тўлдириб бориш, ҳисобга олиш, илмий рўйхатдан ўтказиш, таъмирлаш ва муҳофаза қилиш, музей биносини кечаю кундуз қўриқлаш ва ёнғиндан сақлаш ишларини ташкил этишга шахсан жавобгардир.


53. Музей директорининг ўринбосарлари музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш ва амалга оширишга ўз йўналишлари доирасида масъулдирлар.


54. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш ишларини талаб даражасида ташкил этиш учун музей штатлар жадвалига бош муҳофиз лавозими киритилади.

Бош муҳофиз музей бевосита бўйсунувчи бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор) томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


55. Бош муҳофиз лавозими музей штатлар жадвалида назарда тутилмаган бўлса, шунингдек у касаллиги ёки бошқа сабаблар билан ишга чиқмаётган даврда унинг вазифаси директорнинг буйруғи билан фонд мудири, илмий ходим ёки муҳофизга юкланади.


56. Бош муҳофиз (фонд мудири)ни лавозимга тайинлаш ёки лавозимдан озод этишда музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бутлиги ва сақланиши, ҳисобга олиш ва сақлаш ишларининг аҳволи, шарт-шароитлари, сақлаш жиҳозларининг ҳолати акс эттирилган далолатнома тузилади.


57. Бош муҳофиз (фонд мудири)нинг ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ишларига оид барча кўрсатмалари музей ходимлари томонидан бажарилиши шарт.


58. Музей директори музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ишлари ҳамда шу фаолият билан шуғулланувчи ходимларни ишга қабул қилишга оид барча масалаларни бош муҳофиз билан келишган ҳолда амалга оширади.


59. Бош муҳофиз (фонд мудири) музей директорининг мазкур Низом ва тасдиқланган бошқа меъёрий ҳужжатларга зид бўлган топшириғини олган тақдирда, уни бажаришдан олдин топшириқ амалдаги қоидаларга зид эканлигини директорга ёзма равишда билдиради.

Агар директор ўз топшириғини ёзма равишда қайта тасдиқласа, бош муҳофиз дарҳол бу ҳақда музей бевосита бўйсунувчи юқори бошқарув органини (нодавлат музейларда - мулкдорни) хабардор қилиши шарт.


60. Бош муҳофиз қуйидаги ҳуқуқларга эга:

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, муҳофазалаш ва таъмирлаш ишларига бевосита ёки тегишли таркибий бўлимлар орқали раҳбарлик қилади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини жойдан-жойга кўчириш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар, ёзишмалар, ҳисобот ва режалар билан танишиб чиқади ва буни ўз имзоси билан тасдиқлайди;

захирахоналарга шахсларни киритиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларидан фойдаланишда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилиш, хоналар калитларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинишини назоратга олади.


61. Бош муҳофиз (фонд мудири)га қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

барча музей ашёлари ва музей коллекцияларини мазкур Низом ва бошқа тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида тўғри ҳисобга олиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини нобуд бўлиш ва ўғирланишдан ҳимояланган ҳолда сақлаш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва уларни сақлашга оид барча ҳужжатларни тўғри юритиш, эҳтиётлаб сақлаш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ва қўриқлашнинг ички тартибларини ишлаб чиқиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ва қўриқлаш, уларни жойдан-жойга кўчириш ишларининг тўғри олиб борилиши устидан назоратни таъминлаш.


62. Муҳофизлар, фаолияти музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш билан боғлиқ бўлган бошқа ходимлар:

захирахона ва экспозиция залларини музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш қоидаларига жавоб берувчи жиҳозлар (турли хил жавонлар, темир сандиқлар ва бошқалар) билан таъминлаш тўғрисида музей раҳбариятига мурожаат қилади;

музей раҳбариятидан ўз моддий жавобгарлиги остидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибда сақлаш, уларни нобуд бўлишдан ва ўғирланишдан асрайдиган шарт-шароитлар яратилишини талаб қилади;

экспозиция ва кўргазмаларни кузатиб боради, уларда экспонатларнинг сақланиши ва бутлигини таъминлайди;

ўзларига бириктирилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тўғри ҳисобга олади, уларни шикастланиш, нобуд бўлиш ва ўғирланишдан сақлайди;

ашёлар ва коллекцияларни ўз вақтида илмий рўйхатдан ўтказади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тизимга асосан фондда махсус ажратилган жойларда, белгиланган тартибда сақлайди;

ҳар бир музей ашёси ва музей коллекциясига оид топографик рўйхатлар, илмий маълумот берувчи картотекалар юритади;

иш вақти давомида ва иш вақти тугагач, хона, жавон ва бошқа жиҳозларни қулфлаш, пломбалаш, ўз шахсий муҳри билан муҳрлаш ишларини амалга оширади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш қоидалари бузилишига олиб келадиган камчиликлар аниқланганда, улар ҳақида музей раҳбариятига хабар беради;

захирахонага бегона кишиларнинг киришига йўл қўймайди ва ҳоказо.


63. Ишдан бўшаш ёки шу музейда бошқа ишга ўтишда музей ашёлари ва музей коллекцияларига жавобгар бўлган ходим уларни янги ходимга ёки музей раҳбарияти томонидан тузилган махсус комиссияга топшириши шарт.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


64. Музей ашёлари ва музей коллекцияларининг йўқолиши, ўғирланиши ёки нобуд бўлишига сабабчи бўлган, ёнғиндан сақлаш қоида ва тартибларини бузган ходимлар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


65. Музей ашёлари ва музей коллекцияларига зиён етказган юридик ва жисмоний шахслар етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплашлари шарт.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 44-45-сон, 444-модда.













































Время: 0.2059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск