язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш/ Ўзбекистон Республикасининг 29.08.2001 й. 258-II-сон "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.2001 й.

N 258-II



СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ВА БОШҚА ОРГАНЛАР

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун суд ҳужжатлари, шунингдек қонунда белгиланган ваколатларини амалга ошираётганларида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш ҳуқуқи берилган бошқа органларнинг (мансабдор шахсларнинг) ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини

ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ижро этиш органлари


Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (бундан буён матнда Суд департаменти деб юритилади) органларининг суд ижрочилари зиммасига юклатилади, уларнинг ваколатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талабларини ижро этиш қонунда назарда тутилган ҳолларда солиқ органлари, банклар ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талаблари қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзга жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ҳам ижро этилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган органлар ҳамда шахслар мажбурий ижро этиш органлари ҳисобланмайди.



4-модда. Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари

томонидан ижро ҳаракатларининг таъминланиши


Агар ундирувчи банкда ёки бошқа кредит ташкилотида қарздорнинг ҳисобварақлари мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлса, пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талаблари баён этилган ижро ҳужжатини ундирувчи бевосита ана шу банкка ёки бошқа кредит ташкилотига юбориши мумкин.

Қарздорнинг ҳисобварақлари бўйича хизмат кўрсатувчи банк ёки бошқа кредит ташкилоти ижро ҳужжати олинган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида ижро ҳужжатида баён этилган пул маблағларини ундириш тўғрисидаги талабларни ижро этади ёхуд қарздорнинг ҳисобварақларида ундирувчининг талабларини қаноатлантириш учун етарли пул маблағи йўқлиги сабабли кўрсатилган талаблар тўла ёки қисман ижро этилмаганлигини қайд этиб қўяди.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган талабларни бажармаслик суднинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва миқдорда банкка ёки бошқа кредит ташкилотига жарима солиши учун асос бўлади.


5-модда. Ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжатлари

ва бошқа органларнинг ҳужжатлари


Ушбу Қонунда белгиланган қоидаларга биноан қуйидагилар ижро этилиши лозим:

1) фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари;

2) жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми, шунингдек жарима тариқасидаги жазони назарда тутувчи ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари;

3) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми;

4) алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар;

5) нотариусларнинг ижро хатлари;

6) меҳнат низолари комиссияларининг қарорлари;

7) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органлар (мансабдор шахслар) чиқарган қарорлар;

8) ҳакамлик судининг қарорлари;

9) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ёки халқаро шартномасида назарда тутилган ҳолларда чет эл судлари ва арбитражларининг қарорлари;

10) ўзбошимчалик билан турар жойни эгаллаб олган ёки авария ҳолатида деб топилган уйларда яшаётган шахсларни маъмурий тартибда кўчириш тўғрисидаги прокурорларнинг қарорлари;

11) суд ижрочиларининг ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардаги қарорлари;

12) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органларнинг ҳужжатлари.


6-модда. Чет эл судлари ва арбитражлари

қарорларини ижро этиш


Чет эл судлари ва арбитражларининг қарорларини ижро этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси суди томонидан чет эл судининг ёки арбитражининг қарори асосида берилган ижро варақаси, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарор қонуний кучга кирган вақтдан эътиборан уч йил ичида мажбурий ижро этиш учун топширилиши мумкин.



7-модда. Ижро ҳужжатлари


Қуйидагилар ижро ҳужжатлари ҳисобланади:

1) судлар ўзлари қабул қиладиган суд ҳужжатлари асосида берадиган ижро варақалари;

2) ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш юзасидан судлар берадиган ижро варақалари;

3) чет эл судлари ва арбитражлари қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси судлари берадиган ижро варақалари;

4) суд буйруқлари;

5) алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар;

6) нотариусларнинг ижро хатлари;

7) меҳнат низолари комиссиялари ўз қарорлари асосида берадиган гувоҳномалар;

8) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органлар (мансабдор шахслар) чиқарган қарорлар;

9) ўзбошимчалик билан турар жойни эгаллаб олган ёки авария ҳолатида деб топилган уйларда яшаётган шахсларни маъмурий тартибда кўчириш тўғрисидаги прокурорларнинг қарорлари;

10) суд ижрочиларининг қарорлари;

11) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органларнинг ҳужжатлари.

Ижро варақаси, суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали тақдим этилиши мумкин.

Ижро ҳужжатининг асл нусхаси йўқолган тақдирда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бериладиган унинг дубликати ундирув учун асос бўлади.


8-модда. Ижро ҳужжатларининг мазмуни


Ижро ҳужжатида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органнинг номи;

2) ижро ҳужжатининг қайси иш бўйича берилганлиги ва унинг тартиб рақами;

3) ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати қабул қилинган сана;

4) ундирувчи ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари; жисмоний шахслар учун - қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, иш жойи;

5) суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатининг қарор қисми;

6) суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати кучга кирган сана;

7) ижро ҳужжати берилган сана ва уни ижрога топшириш муддати.

Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.

Бошқа органнинг ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати мазкур ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланади ва тегишли органнинг муҳри билан тасдиқланади.

Суд буйруғининг ҳамда алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувнинг, шунингдек нотариус ижро хатининг мазмуни қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


2-БОБ. ИЖРО ИШИ ЮРИТИШДА ИШТИРОК

ЭТУВЧИ ШАХСЛАР


9-модда. Ижро иши юритишдаги тарафлар


Ундирувчи ва қарздор ижро иши юритишдаги тарафлар ҳисобланади.

Ижро ҳужжати кимнинг фойдасига ёки манфаатларини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахс ундирувчи ҳисобланади.

Ижро ҳужжатида назарда тутилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни ундирувчига бериш ёхуд муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбурияти зиммасига юклатилган шахс қарздор ҳисобланади.

Ижро иши юритишда бир неча ундирувчи ёки қарздор иштирок этиши мумкин. Уларнинг ҳар бири бошқа тарафга нисбатан ижро иши юритишда мустақил иштирок этади ёки ижро ҳаракатларида иштирок этишни шериклардан бирига топшириши мумкин.


10-модда. Ижро иши юритишда вояга

етмаганларнинг иштироки


Ижро иши юритишда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, фарзандликка олувчилари, васийлари ёки ҳомийлари амалга оширадилар.

Фуқаролик, оилавий, меҳнат, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан ҳамда олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ижро этилаётганда вояга етмаганлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ижро иши юритишда мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари ва мажбуриятларни бажаришлари мумкин.

Ўн олти ёшга тўлган, вояга етмаган шахс тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинган тақдирда (эмансипация), у ижро иши юритишда мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ва мажбуриятларни бажариши мумкин.


11-модда. Ижро иши юритишда тарафларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тарафлар ижро ҳаракатларини амалга оширишда ижро иши юритиш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар, нусхалар олиш, қўшимча материаллар тақдим этиш, илтимосномалар бериш, ижро ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этиш, ижро ҳаракатлари жараёнида оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ижро иши юритилиши давомида пайдо бўладиган масалалар юзасидан ўз важлари ва фикр-мулоҳазаларини билдириш, ижро иши юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важлари ва фикр-мулоҳазаларига қарши эътироз билдириш, рад қилиш, суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Тарафлар ижро ҳаракатларини амалга ошираётганда суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бажаришлари шарт.


12-модда. Ижро иши юритишда ҳуқуқий ворислик


Ижро иши юритишдан тарафларнинг бири чиқиб кетган тақдирда (ундирувчи ёки қарздорнинг вафот этиши, юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, бошқа шахс фойдасига талаблардан воз кечилиши, қарзни бошқа шахсга ўтказилиши ва шу кабилар) суд ижрочиси ўз қарори билан ана шу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан қонунда белгиланган тартибда алмаштириши шарт. Амалга оширилган барча ҳаракатлар чиқиб кетган тараф учун қай даражада мажбурий ҳисобланган бўлса, унинг ўрнига ижро иши юритишга кирган ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.


13-модда. Ижро иши юритишда тарафлар

вакилларининг иштироки


Жисмоний шахслар ижро иши юритишда мустақил равишда ёки вакиллари орқали иштирок этишлари мумкин. Ижро иши юритишда жисмоний шахснинг шахсан иштирок этиши уни вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Агар ижро ҳужжати бўйича қарздор зиммасига фақат унинг ўзи шахсан ижро этиши мумкин бўлган мажбуриятлар юклатилган бўлса, шунингдек ижро ҳужжатининг хусусияти ундирувчининг шахсан иштирокини талаб қилган ҳолларда уларни ижро этишда қарздор ёки ундирувчи ўз вакили орқали ҳаракат қилишга ҳақли эмас.

Юридик шахслар ижро иши юритишда қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида ўзларига берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ёки мансабдор шахслари орқали ёхуд мазкур органлар ва мансабдор шахсларнинг вакиллари орқали иштирок этадилар.

Юридик шахснинг номидан иштирок этувчи шахсларда ўз ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши шарт.


14-модда. Вакилнинг ваколатлари


Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончнома билан тасдиқланган бўлиши шарт.

Ижро иши юритишда иштирок этувчи вакил ўзини вакил қилган шахс номидан ижро иши юритиш билан боғлиқ барча ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Вакил қилаётган шахс бераётган ишончномада вакилнинг қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ваколатлари махсус кўрсатиб ўтилган бўлиши керак:

ижро ҳужжатини ижрога топшириш ва уни чақириб олиш;

ундирувдан воз кечиш;

ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (ишониб топшириш);

суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ва уни рад қилиш;

ундирилган мол-мулкни (шу жумладан пулни) олиш;

келишув битими тузиш.


15-модда. Вакил бўлолмайдиган шахслар


Вояга етмаган ёки васийликда ёхуд ҳомийликда турган шахслар ижро иши юритишда вакил бўлишлари мумкин эмас.

Судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар, суд ижрочилари ва суд аппарати ходимлари ижро иши юритишда вакиллик қилишлари мумкин эмас. Бу қоида мазкур шахслар ижро иши юритишда тегишли суднинг, прокуратура, тергов ва суриштирув органининг ваколатли вакили ёки қонуний вакил сифатида иштирок этадиган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.


16-модда. Қонуний вакиллар


Ижро иши юритишда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, фарзандликка олувчилари, васийлари ёки ҳомийлари ҳимоя қиладилар. Улар ўз ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Қонуний вакиллар амалга ошириш ҳуқуқи вакил қилинаётганларга тегишли бўлган барча ҳаракатларни қонунда назарда тутилган чекланишлар билан вакил қилинаётганларнинг номидан бажарадилар.

Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган жисмоний шахс иштирок этиши лозим бўлган ижро иши юритиш бўйича, бедарак йўқолганнинг мол-мулки ишончли бошқарувига берилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинланган шахслар бедарак йўқолган шахснинг вакили сифатида қатнашадилар.

Вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши лозим бўлган ижро иши юритиш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий ёки мерос мол-мулкни муҳофаза қилиш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади.

Қонуний вакиллар ижро иши юритишда иштирок этишни ўзлари вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эгадирлар.


17-модда. Ижро иши юритишда таржимоннинг иштироки


Ижро ҳаракатлари амалга оширилаётганда ижро иши юритилаётган тилни билмайдиган шахсларга таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.

Таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ҳар қандай вояга етган, муомалага лаёқатли жисмоний шахс таржимон бўлиши мумкин. Таржимон суд ижрочисининг қарори билан тайинланади.

Таржимон ўз меҳнати учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳақ ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киритилади.

Таржимон била туриб, нотўғри таржима қилган тақдирда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади, бу ҳақда уни суд ижрочиси ёзма равишда огоҳлантиради.


18-модда. Ижро иши юритишда холисларнинг иштироки


Қарздорнинг хоналари ва омборларини очиш, мол-мулкини кўздан кечириш, хатлаш, олиб қўйиш ва бериш билан боғлиқ ижро ҳаракатларини амалга оширишда холислар иштирок этиши шарт. Бошқа ҳолларда, холислар суд ижрочисининг ихтиёрига кўра чақирилади.

Холислар сифатида ижро ҳаракатларини амалга оширишдан манфаатдор бўлмаган ва ўзаро ёки ижро иши юритиш иштирокчилари билан қариндош бўлмаган, бир-бирига бўйсунмайдиган ва бир-бирини назорат қилмайдиган вояга етган ҳар қандай муомалага лаёқатли жисмоний шахслар таклиф этилиши мумкин. Холислар икки кишидан кам бўлмаслиги керак.


19-модда. Холисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Холис тегишли ижро ҳаракати далолатномасида ўзи иштирок этган ижро ҳаракатлари факти, мазмуни ва натижаларини ўз имзоси билан тасдиқлайди. Холис ўзининг қандай ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун таклиф қилинганлигини, улар қандай ижро ҳужжатларига асосан амалга оширилаётганлигини билишга, амалга оширилган ижро ҳаракатлари бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақли. Холиснинг мулоҳазалари тегишли ижро ҳаракатлари далолатномасига киритилиши лозим. Холиснинг истагига биноан бундай мулоҳазалар унинг ўз қўли билан ёзилиши мумкин.

Холислар иштирок этадиган ижро ҳаракатлари бошланишидан олдин суд ижрочиси уларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

Холислар ўз мажбуриятларини бажаришлари муносабати билан ўзлари қилган харажатлари қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Мазкур харажатлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киритилади.


20-модда. Ижро иши юритишда

мутахассисларнинг иштироки


Ижро ҳаракатларини амалга ошираётганда юзага келадиган, махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ижрочиси ўз ташаббусига ёки тарафларнинг илтимосига биноан ўзининг қарори билан мутахассис тайинлаши мумкин.

Мутахассис сифатида зарур билимларга эга шахс тайинланиши мумкин. Мутахассис ёзма равишда хулоса беради.

Мутахассис суд ижрочисининг чақируви бўйича келиши, қўйилган масалалар юзасидан холисона хулоса бериши, ўзи бажараётган ҳаракатларни тушунтириб бериши шарт. Мутахассис ижро ҳаракатларини амалга ошириш билан боғлиқ бажарган иши учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳақ ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киритилади.


21-модда. Суд ижрочиларининг давлат органлари,

кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар

билан ҳамкорлиги

Суд ижрочилари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни давлат органлари, кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Мазкур органлар ҳамда ташкилотлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлашда суд ижрочиларига кўмаклашиши шарт.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлаш мақсадида:

1) ички ишлар органлари:

суд ижрочисининг қарори асосида қарздор жисмоний шахсни, олиб қўйилиши лозим бўлган болани, шунингдек автомототранспорт воситаларини қидиришни амалга оширади;

суд ижрочиси ҳузурига келишдан бўйин товлаётган шахсларнинг белгиланган тартибда мажбурий келтирилишини таъминлайди;

ижро ҳаракатларини амалга оширишда, шу жумладан, суд ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларининг амалга оширилишида бирон-бир тўсиқ бўлганда, жамоат тартиби сақланишини таъминлайди;

қонунда белгиланган мажбурий ижро этиш чораларини амалга ошириш учун, шу жумладан, ундирувни автомототранспорт воситасига қаратиш учун ушбу автомототранспорт воситасининг мажбурий тўхтатилишини суд ижрочисининг топшириғи асосида таъминлайди;

автомототранспорт воситаси эгаси тўғрисидаги, тегишли қарздорлар номига рўйхатга олинган автомототранспорт воситалари ҳақидаги ахборотни, шунингдек автомототранспорт воситаларига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги бошқа маълумотни суд ижрочисининг ёзма сўрови асосида уч кунлик муддатда тақдим этади, суд ижрочиларининг автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишга оид белгилаган тақиқларини ижро этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида рўйхатга олинган автомототранспорт воситаларини кўздан кечиришда иштирок этади;

суднинг ёки суд ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш туғрисидаги қарори ижросини таъминлайди;

2) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг органлари:

кўчмас мулкка, шу жумладан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги, ҳуқуқ эгалари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек ўзга кадастр маълумотларини суд ижрочисининг ёзма сўровига кўра уч кунлик муддатда тақдим этади;

суднинг ёки суд ижрочисининг қарори ёхуд суд ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасидаги кўчмас мулкни топшириш далолатномаси асосида кўчмас мулкка, шу жумладан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, суд ижрочисининг ёзма топшириғи асосида кадастр ишини шакллантиради ҳамда кўчмас мулкка, шу жумладан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади;

кўчмас мулкни ва ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказишга суд ижрочиси томонидан белгиланган тақиқларни ижро этади;

ер участкасини олиб қўйиш ва бериш тўғрисидаги ижро ҳаракатларини амалга оширишда, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда эса, ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида рўйхатга олинган бошқа кўчмас мулкни кўздан кечиришда иштирок этади;

3) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қарздорларнинг банк ҳисобварақларини аниқлаш учун Банк депозиторларининг миллий ахборот базасидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

4) банклар ва бошқа кредит ташкилотлари:

суд ижрочисининг муайян банк мижозининг (вакилининг) пул маблағлари ва ўзга мол-мулкига ундирув қаратиш ёки уларни хатлаш ҳақидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида берган ёзма сўровига кўра унга банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этади;

суд ижрочисининг ёзма сўровига кўра қарздорнинг банки ва хатлаш мумкин бўлган ҳисобварағини аниқлайди ҳамда бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмай суд ижрочисига маьлум қилади;

суд ижрочиларининг қарздордан ижро ҳужжати бўйича тегишли қарзни, шу жумладан, ижро йиғимини, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималарни ва ижро харажатларини низосиз тартибда ундириш тўғрисидаги топшириқларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бажаради;

суд ижрочисининг қарорига мувофиқ қарздорнинг чет эл валютасини, шу жумладан, нақд чет эл валютасини сотади ёки сотиб олади;

қарздорнинг ҳисобварағида сақланаётган пул маблағларини хатлаш ҳақидаги суд ижрочисининг қарорини, шунингдек суд ижрочисининг қарорида кўрсатилган қарздорнинг ҳисобварағидан фойдаланишга оид бошқа чекловлар ижросини таъминлайди;

ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида қарздордан олиб қўйилган ёки ундирилган, шунингдек мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағида вақтинчалик сақланишини таъминлайди, суд ижрочисининг қарорига асосан бу маблағларни тегишли ундирувчига, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек ижро йиғимини, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималарни ва ижро харажатларини тўлаш учун ўтказади (беради);

5) давлат солиқ хизмати органлари:

бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлашда суд ижрочиларига ёрдам кўрсатади;

суд ижрочисининг топшириғига кўра, қарздорнинг солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳисоб-китобини амалга оширади ҳамда уларни суд ижрочисига тақдим этади;

давлат солиқ хизмати органларининг маълумотлар базасида қарздор солиқ тўловчи тўғрисида мавжуд бўлган ахборотни суд ижрочисининг ёзма сўровига кўра уч кунлик муддатда тақдим этади;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган қарздорнинг ҳисобга олинмаган даромадларини аниқлашда суд ижрочиларига кўмаклашади;

реализация қилинмаган мол-мулкнинг арзонлаштирилишида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда иштирок этади;

6) ғазначилик органлари:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ёки ягона ғазначилик ҳисобварағидан пул маблағларини ижро ҳужжати талабларини бажариш учун суд ижрочисининг қарори асосида ўн кунлик муддатда ўтказади;

суд ижрочисининг қарздор бюджет ташкилотининг ягона ғазначилик ҳисобварағида сақланаётган пул маблағларини хатлаш тўғрисидаги қарорининг, шунингдек қарздорнинг маблағларидан фойдаланишга нисбатан суд ижрочисининг қарорида назарда тутилган бошқа чекловларнинг ижросини таъминлайди;

7) Давлат чегарасини қўриқлаш органлари:

суднинг ёки суд ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлайди, суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати талабларини бажаришдан бўйин товлаётган қарздор жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишининг олдини олиш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикасидан чиқишига вақтинча чеклов жорий қилинган ёки бундай чеклов олиб ташланган қарздор жисмоний шахслар тўғрисида ахборотларнинг тезкор алмашинувини Суд департаменти органлари билан бирга белгиланган тартибда амалга оширади.

Қонун ҳужжатларида суд ижрочиларининг давлат органлари, кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигининг бошқа шакллари ҳам белгиланиши мумкин.


22-модда. Ижро иши юритишда рад қилиш


Агар суд ижрочиси, таржимонлар ва мутахассислар тарафларнинг, улар вакилларининг ёки ижро иши юритишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг қариндошлари бўлсалар ёхуд ижро иши юритиш натижасидан манфаатдор бўлсалар ёки уларнинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, улар ижро иши юритишда иштирок этиши мумкин эмас ва улар рад қилиниши лозим.

Рад қилиш учун ҳолатлар мавжуд бўлса, рад қилиш талаблари татбиқ этиладиган шахс ўзини ўзи рад қилиши шарт. Худди шу асослар бўйича ундирувчи, қарздор ёки уларнинг вакиллари мазкур шахсни рад қилишлари мумкин. Рад қилиш асосланган бўлиши, ёзма равишда баён этилиши ва ижро ҳаракатларини амалга ошириш бошлангунига қадар маълум қилиниши керак, рад қилиш учун асослар мавжудлиги ижро ҳаракатларини амалга ошириш бошланганидан кейин маълум бўлиб қолган ҳоллар бундан мустасно.

Таржимон ва мутахассисни рад қилиш тўғрисидаги масалани суд ижрочиси ҳал қилади. Суд ижрочиси таржимон ва мутахассисни рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижаларига мувофиқ асосланган қарор чиқаради, қарор катта суд ижрочиси томонидан тасдиқланади.

Суд ижрочисини рад қилиш тўғрисидаги масалани катта суд ижрочиси ҳал қилади. Катта суд ижрочисини рад қилиш тўғрисидаги масалани катта суд ижрочисининг ўзи ҳал қилади.

Суд ижрочисини рад қилиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, у ижро этаётган ижро ҳужжати катта суд ижрочиси томонидан бошқа суд ижрочисига ўтказилади ёки катта суд ижрочиси ижро ҳужжатини ўз иш юритувига олади. Катта суд ижрочисини рад қилиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, у ижро этаётган ижро ҳужжати Суд департаментининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан бошқа суд ижрочисига ўтказилади.

Суд ижрочисини рад қилиш қаноатлантирилмаганлиги устидан шикоят қилиш ёки протест билдириш мумкин.


22-1-модда. Ижро иши юритишда

хабарномалар ва чақирувлар

Ижро иши юритишда иштирок этувчи шахслар суд ижрочиси томонидан чиқарилган қарорлар ҳақида, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса ижро ҳаракатлари тўғрисида ва мажбурий ижро этиш чоралари ҳақида хабардор қилинади, шунингдек суд ижрочисининг ҳузурига ёхуд ижро ҳаракатларини амалга ошириш жойига чақирув қоғози, бошқа хабарнома, телефонограмма, телеграмма ёки бошқа алоқа воситалари (бундан буён матнда чақирув қоғози, бошқа хабарнома деб юритилади) орқали чақиртирилади.

Ижро ҳужжати дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳолларда суд ижрочиси ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсларни олдиндан хабардор қилмасдан ижро ҳаракатларини амалга оширишга ва мажбурий ижро этиш чораларини қўллашга ҳақли.

Агар ижро иши юритишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили бошқа манзилни кўрсатмаган бўлса, ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсга чақирув қоғози, бошқа хабарнома ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга юборилади. Чақирув қоғози, бошқа хабарнома ижро иши юритишда иштирок этаётган шахснинг иш, ўқиш жойига юборилиши мумкин.

Жисмоний шахсга йўлланган чақирув қоғози, бошқа хабарнома, қоида тариқасида, Суд департаментининг бўлинмасига қайтарилиши лозим бўлган топширганлик тўғрисидаги билдиришномага ушбу шахснинг имзоси қўйдирилган ҳолда унга шахсан топширилади. Юридик шахсга юборилган чақирув қоғози, бошқа хабарнома юридик шахснинг ходимига топширилади, у топширганликни тасдиқловчи билдиришномага чақирув қоғозини, бошқа хабарномани олганлиги ҳақида фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда лавозимини кўрсатган ҳолда имзо қўяди.

Агар чақирув қоғозини, бошқа хабарномани етказиб берувчи шахс чақирилаётган жисмоний шахсни топа олмаса, чақирув қоғози, бошқа хабарнома у билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларидан бирига топширилади, улар йўқлигида эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки иш берувчига (ўқув муассасаси маъмуриятига) топширилади. Чақирув қоғозини, бошқа хабарномани қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан дарҳол чақирилувчига топшириши шарт.

Адресат вақтинча бирор жойга кетган бўлса, чақирув қоғозини, бошқа хабарномани етказиб берувчи шахс унинг иккинчи нусхасига чақирилувчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисида белги қўяди. Бу маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ёки иш берувчининг (ўқув муассасаси маъмуриятининг) имзоси билан тасдиқланиши ва гувоҳлантирилиши лозим.

Адресат чақирув қоғозини, бошқа хабарномани қабул қилишдан бош тортганда, уларни етказиб берувчи шахс суд ижрочисига қайтариладиган чақирув қоғозига, бошқа хабарномага белги қўяди.

Ижро иши юритишда иштирок этувчи шахслар қуйидаги ҳолларда хабардор қилинган ҳисобланади, агар:

чақирув қоғози, бошқа хабарнома адресатга ушбу модда талабларига мувофиқ етказиб берилган (юборилган) бўлса;

адресат чақирув қоғозини, бошқа хабарномани олишдан бош тортса;

почта хабарномасини олган бўлишига қарамасдан адресат ўз номига юборилган чақирув қоғозини, бошқа хабарномани олиш учун келмаса.

Мажбурий ижро этиш чоралари тўғрисида хабардор қилинган шахсларнинг ҳозир бўлмаслиги мазкур чораларнинг бажарилишига тўсқинлик қилмайди.

Агар ижро ҳужжати бўйича қарздор зиммасига фақат шахсан ўзи бажариши мумкин бўлган мажбуриятлар юклатилган бўлса, суд ижрочисининг чақируви бўйича келишдан бўйин товлаётган қарздор суд ижрочисининг қарори асосида мажбурий келтирилиши мумкин.

Чақирув қоғозлари, бошқа хабарномалар шаклларининг намуналари, шунингдек уларнинг мазмунига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



3-БОБ. ИЖРО ҲАРАКАТЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ


23-модда. Ижро иши юритишни қўзғатиш


Суд ижрочиси ижро ҳужжатини суд ёки бошқа органдан ёхуд ундирувчидан (агар ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлса) ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт. Агар қонун ҳужжатларида ижро ҳужжатларининг айрим турларига мажбурий иловалар назарда тутилган бўлса, улар суд ижрочисига ижро ҳужжати билан бирга тақдим этилиши керак.

Суд ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради.

Суд ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш кўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни мазкур муддат тугаганидан кейин ижро ҳужжатидаги талаблар ундан ижро йиғими, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар, шунингдек ижро харажатлари ундирилган ҳолда мажбурий ижро этилиши тўғрисида хабардор қилади. Суднинг жарима тариқасида жазо тайинлаш тўғрисидаги ҳукми асосида берилган ижро варақаси бўйича ижро иши юритиш қўзғатилганда уни ихтиёрий равишда ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 19-моддасида белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, қарздорга, шунингдек ҳужжати ижро этилиши лозим бўлган суд ёки бошқа органга юборилади.

Суд ижрочиси ундирувчининг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан мулкий ундирув бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариш билан бир вақтда қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиб, уларни хатлашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда мазкур қарорда кўрсатиб ўтади.

Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ёки протест билдириш мумкин.


24-модда. Ижро ҳужжатига нисбатан қўйиладиган

талабларни бузиш оқибатлари


Агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, ёхуд зарур ҳужжатларни уларга қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда расмийлаштириб ижро ҳужжатига илова қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилинмаган бўлса, суд ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида қайтариб юборади.

Ижро ҳужжатини қайтариб юбориш тўғрисида қарор чиқарилади, унинг нусхаси қарор чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга юборилади.

Ижро ҳужжатини қайтариб юбориш тўғрисидаги қарорда ушбу Қонуннинг 8-моддасида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган қайси талаблар бузилганлиги кўрсатилади.

Ижро ҳужжатининг йўл қўйилган нуқсонларни бартараф қилиш учун қайтариб юборилиши бундай нуқсонлар бартараф қилинганидан кейин ижро ҳужжатини суд ижрочисига иккинчи марта умумий тартибда юбориш учун тўсқинлик қилмайди. Суд ёки бошқа орган ижро ҳужжатида йўл қўйилган нуқсонларни қайтарилган ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида бартараф қилади ва уни такроран давлат ижрочисига юборади.

Ижро ҳужжатини қайтариб юбориш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ёки протест билдириш мумкин.


25-модда. Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жойи


Агар қарздор жисмоний шахс бўлса, ижро ҳаракатларини суд ижрочиси унинг яшаш жойи ёки иш жойида ёхуд унинг мол-мулки турган жойда амалга оширади.

Агар қарздор юридик шахс бўлса, ижро ҳаракатларини суд ижрочиси унинг органи жойлашган ёки мол-мулки турган жойда амалга оширади.

Қарздор зиммасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатларининг талаблари бундай ҳаракатлар амалга ошириладиган жойда бажарилади.

Агар ижро ҳужжатини ижро этиш жараёнида қарздорнинг яшаш жойи, иш жойи ёки турган жойи ўзгарган бўлса ёки илгариги турган жойида ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки йўқ эканлиги ёхуд ундирувчининг талабларини қаноатлантириш учун етарли эмаслиги маълум бўлиб қолса, суд ижрочиси бу ҳақда дарҳол далолатнома тузади ҳамда далолатнома тузган куннинг эртасидан кечиктирмай ижро ҳужжатини далолатноманинг нусхаси билан бирга қарздорнинг маълум бўлган янги яшаш жойидаги, иш жойидаги, турган жойидаги ёки қарздорнинг мол-мулки турган янги жойдаги суд ижрочисига юборади, айни бир вақтда бу ҳақда ундирувчини, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органни хабардор қилади.

Агар ижро ҳужжатини ижро этиш жараёнида зарурат туғилса, суд ижрочиси ижро ҳаракатларини ўз вазифаларини бажара олиши мумкин бўлган ҳудуддан ташқарида ҳам амалга ошириши мумкин. Бу ҳолда суд ижрочиси ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ далолатнома тузиб, кўрсатилган ҳудудга боради. У етиб борган пайтдан бошлаб бир сутка ичида ижро ҳаракатларини амалга ошириш жойидаги катта суд ижрочисига ижро ҳаракатларини шу ҳудудда амалга ошириши зарурлиги тўғрисида маълум қилади, катта суд ижрочиси бу ерга келган суд ижрочисига кўмаклашади.

Бир суд ижрочисининг бошқа суд ижрочисига юборган ижро ҳужжати ижро этиш учун қабул қилиб олиниши лозим.

Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жойи тўғрисида суд ижрочилари ўртасида келиб чиқадиган низолар Суд департаменти ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан ҳал этилади.


25-1-модда. Йиғма ижро иши юритиш

Битта қарздорга нисбатан қўзғатилган мулкий тусга эга бўлган бир нечта ижро ҳужжати, шунингдек солидар жавобгар бўлган бир нечта қарздорга нисбатан бир ундирувчи фойдасига ундирув бўйича кўзғатилган ижро иши юритишлар йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилади.

Суд департаментининг бир нечта ҳудудий бошқармаси бўлинмаларига келиб тушган бир қарздорга ёки солидар жавобгар бўлган бир нечта қарздорга нисбатан ундирув бўйича ижро ҳужжатлари юзасидан йиғма ижро иши юритиш Суд департаменти директори ёхуд унинг ўринбосари белгилайдиган бўлинма томонидан кўзғатилади ва юритилади.

Суд департаменти битта ҳудудий бошқармасининг бир нечта бўлинмасига келиб тушган бир қарздорга ёки солидар жавобгар бўлган бир нечта қарздорга нисбатан ундирув бўйича ижро ҳужжатлари юзасидан йиғма ижро иши юритиш Суд департаменти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ёхуд унинг ўринбосари белгилайдиган ҳудудий бўлинма томонидан кўзғатилади ва юритилади.

Йиғма ижро иши юритиш қўзғатилганидан кейин келиб тушган ва йиғма ижро иши юритилаётган қарздорга нисбатан мулкий тусдаги талаблар кўрсатилган ижро ҳужжатлари йиғма ижро ишини юритаётган суд ижрочисига топширилади. Бу ҳақда ундирувчи, қарздор, суд ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган хабардор қилинади.


26-модда. Ижро ҳаракатлари амалга ошириладиган вақт


Ижро ҳаракатлари иш кунларида соат 8.00 дан 22.00 гача амалга оширилади. Ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг аниқ вақтини суд ижрочиси белгилайди. Ижро иши юритишда қатнашувчи тарафлар ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг ўзлари учун қулай вақтини таклиф этишга ҳақлидирлар. Ижро ҳаракатларини сутканинг бошқа вақтида, шунингдек дам олиш ва байрам кунларида амалга оширишга белгиланган тартибда фақат кечиктириб бўлмайдиган ёки қарздорнинг айбига кўра уларни бошқа вақтда амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади.


27-модда. Ижро ҳужжатларини ижрога

топшириш муддатлари


Ижро ҳужжатлари қуйидаги муддатларда ижрога топширилиши мумкин:

1) умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари - уч йил мобайнида, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатлари эса - олти ой мобайнида;

2) ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари - олти ой мобайнида;

3) нотариусларнинг ижро хатлари - уч йил мобайнида;

4) меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари - уч ой мобайнида;

5) ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари - уч ой мобайнида.

Бошқа ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари тегишли ижро ҳужжатларини бериш шартлари ва тартибини белгиловчи қонун ҳужжатларида кўрсатилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар қуйидагича ҳисобланади:

1) ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида қайд этилган ижро ҳужжатлари (суд буйруғи бундан мустасно) ижрога топширилганда - суд ҳужжати қонуний кучга кирган ёки унинг ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш учун белгиланган муддат тугаган кундан бошлаб ёхуд ижро ҳужжатини ижрога топширишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб, суд ҳужжати дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳолларда эса - ҳужжат чиқарилган куннинг эртасидан бошлаб;

2) суд буйруқлари ижрога топширилганда - улар берилган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ўтганидан кейин;

3) ушбу модда биринчи қисмининг 5-бандида қайд этилган ижро ҳужжатлари ижрога топширилганда - қарор чиқарилган кундан бошлаб.

Ушбу модданинг биринчи қисмида қайд этилган бошқа барча ижро ҳужжатлари бўйича уларни ижрога топшириш муддатлари, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, улар берилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади.

Даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) суд ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатлари тўловларни ундиришнинг белгиланган бутун даврида ўз кучини сақлаб қолади. Бундай тартиб алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувларга нисбатан ҳам амал қилади. Бундай ҳолларда ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари ҳар бир тўлов учун алоҳида ҳисобланади.


28-модда. Ижро ҳужжатини ижрога топшириш

муддатининг узилиши


Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати:

1) ижро ҳужжати ижрога топширилганда;

2) ижро ҳужжати қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади.

Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати узилгандан сўнг муддатнинг ўтиш даври янгидан бошланади. Муддат узилгунга қадар ўтган вақт янги муддат ҳисобига киритилмайди.

Ижро ҳужжати уни тўлиқ ёки қисман ижро этишнинг имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган тақдирда, уни ижрога топшириш муддати узилгандан кейин ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилган кундан бошлаб ҳисобланади.



29-модда. Ижро ҳужжатини ижрога топшириш

муддатини ўтказиб юбориш оқибатлари


Ижрога топшириш муддати ўтказиб юборилган ижро ҳужжатини суд ижрочиси иш юритиш учун қабул қилмасдан, бу ҳақда тегишли қарор чиқаради.

Ижро варақаси ёки суд буйруғини ижрога топшириш муддатини ўтказиб юборган ундирувчи тегишли ҳужжатни қабул қилган судга ёки бу ҳужжат ижро этиладиган жойдаги судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Бошқа ижро ҳужжатлари бўйича ўтказиб юборилган муддатлар тикланмайди.


30-модда. Мажбурий ижро этиш муддатлари

Ижро ҳаракатлари_ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида суд ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.

Ижро ҳужжатларининг қуйидаги талаблари дарҳол ижро этилиши керак;

1) алиментлар ҳамда уч ойдан ошмаган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар;

2) қонунга хилоф равишда меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги талаблар;

3) ижро ҳужжатида баён этилган талаблар дарҳол ижро этилиши ҳужжатда кўрсатилган ёки дарҳол ижро этилиши қонунда назарда тутилган холлардаги бошқа ишларга доир талаблар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатга:

ижро ҳужжати ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро қилиш вақти;

ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш вақти;

ижро иши юритишни тўхтатиб туриш вақти;

мутахассис тайинлаш ҳақидаги қарор мутахассисга юборилган кундан то унинг хулосаси ёки иш натижалари тўғрисидаги бошқа ҳужжат суд ижрочисига келиб тушгунигача бўлган вақт;

мол-мулк реализация қилишга топширилган кундан то бу мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағига келиб тушгунигача бўлган вақт кирмайди.

Ижро ҳаракатларини амалга ошириш муддатининг ўтиши ижро иши юритишни тугатиш ёки тамомлаш учун асос бўлмайди.


31-модда. Ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати

ёки бошқа орган ҳужжатини тушунтириш


Ижрога топширилган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда суд ижрочиси ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини, шунингдек қонунга кўра ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатни тушунтириб беришни сўраб ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа орган суд ижрочисининг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида уни кўриб чиқади ва ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган ўзи қабул қилган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатининг, шунингдек қонунга кўра ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда унга тушунтириш беради. Суд ижро ҳужжатига тушунтириш бериш тўғрисида ажрим чиқаради, ижро ҳужжатини берган бошқа орган эса қарор чиқаради.


32-модда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг

ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш, уларни

ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш


Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, суд ижрочиси ўз ташаббуси билан ёхуд тарафлардан бирининг аризасига кўра, шунингдек тарафларнинг ҳар бири мустақил тарзда ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳамда ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ижро ҳужжатини ижро этиш кечиктирилган тақдирда, ижро этишни кечиктирган суд ёки бошқа орган томонидан белгиланган муддат ичида ижро ҳаракатлари амалга оширилишига йўл қўйилмайди.

Қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган хатлов кечиктириш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган тақдирда кечиктириш муддатига олиб ташланади.

Ижро ҳужжати бўлиб-бўлиб ижро этилган тақдирда, ижро ҳужжати уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги қарорда белгиланган қисм ва муддатлар бўйича ижро этилади.


32-1-модда. Жарима тариқасидаги жиноий жазони

жазонинг бошқа турлари билан алмаштириш

Агар ҳукм қилинган шахс жазо тариқасида тайинланган жаримани мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа ёҳуд қарздорда ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги туфайли мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддат мобайнида жаримани ундиришнинг имкони бўлмаса, худди шунингдек кечиктириш муддати тугаганидан кейин жарима тўланмаган ёки жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари бузилган тақдирда, суд ижрочиси жарима тариқасидаги жазони жазонинг бошқа тури билан алмаштириш тўғрисидаги тақдимнома билан судга ўн кунлик муддат ичида мурожаат қилади.



33-модда. Ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш

Суд ижрочиси ижро ҳаракатлари амалга оширилишини ундирувчининг аризасига кўра кейинга қолдиришга ҳақли. Аризада ижро ҳаракатларини кейинга қолдиришнинг сўралаётган муддати кўрсатилиши керак.

Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда суд ижрочиси ижро ҳаракатларини қарздорнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббусига кўра кўпи билан ўн кун муддатга кечиктириши мумкин.

Ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилган тақдирда суд ижрочиси ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш асосини ва ижро ҳаракатлари қайси муддатга қолдирилганлигини кўрсатган ҳолда қарор чиқаради. Чиқарилган қарор ҳақида ижро иши юритишдаги тарафлар, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа орган хабардор қилинади.

Суд ижрочисининг ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест билдирилиши мумкин.


34-модда. Ижро иши юритишни тўхтатиб

туришнинг мажбурийлиги

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд томонидан тўхтатиб турилиши шарт:

1) агар суд томонидан аниқланган ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса, қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда;

2) қарздор муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

3) агар қонун ҳужжатларида низолашишга йўл қўйилган бўлса, қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашганда;

4) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органларнинг қарорлари (мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари) устидан судга шикоят берилганда;

5) ижро ҳужжати бўйича ундирув қаратилган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш (хатлашдан озод қилиш) тўғрисида судга даъво аризаси берилганда;

6) ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган бошқа асослар вужудга келганда.

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд ижрочиси томонидан тўхтатиб турилиши шарт:

1) қарздор муддатли ҳарбий хизматда бўлганда ёки муддатли ҳарбий хизматда бўлган ундирувчи илтимос қилганда;

2) қарздорнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий суд томонидан иш юритиш қўзғатилганда, шу жумладан, кузатувни жорий этиш тўғрисида, суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш ва (ёки) уларнинг муддатини узайтириш тўғрисида иқтисодий суд томонидан ажрим қабул қилинганда, "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ижро этилиши тўхтатиб турилиши мумкин бўлмаган ижро ҳужжатлари бундан мустасно;

3) ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини ижро этишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи қонунда қайси мансабдор шахсга берилган бўлса, ўша мансабдор шахс томонидан қарор чиқарилганда.


35-модда. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд томонидан тўхтатиб турилиши мумкин:

1) қарздор ёки ундирувчи ижро ҳужжатини берган тегишли судга ёки бошқа органга ижро ҳужжатини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда;

2) қарздор узоқ муддатли хизмат сафарида бўлганда;

3) қарздор стационар даволаш муассасасида даволанаётганда;

4) суд ижрочисининг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят берилганда;

5) рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилганда;

6) ундирувчи илтимос қилганда.

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд ижрочиси томонидан тўхтатиб турилиши мумкин:

1) суд ижрочиси ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини тушунтириш тўғрисидаги, ижро ҳужжатини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳақидаги, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар билан ижро ҳужжатини берган тегишли судга ёки бошқа органга мурожаат қилганда;

2) қарздор жисмоний шахс, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидирилаётганда;

3) суд ижрочиси томонидан жарима тариқасидаги жиноий жазони бошқа жазо турига алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома киритилганда.

Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош суд ижрочилари уларга бўйсунувчи суд ижрочиларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан шикоят келиб тушганда, зарур бўлган ҳолларда, ижро иши юритишни тўхтатиб туришга ҳақли.


36-модда. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш муддатлари

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

1) қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган, муомалага лаёқатсиз деб топилганда - қарздорнинг ҳуқуқий ворислари аниқлангунига, бедарак йўқолганнинг мол-мулки суд томонидан ҳомийлик ва васийлик органлари белгилаган ишончли бошқарувчига топширилгунига ёки муомалага лаёқатсиз қарздорга ҳомий тайинлангунига қадар;

2) қарздорнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий суд томонидан иш юритиш қўзғатилганда, кузатувни жорий этиш тўғрисида суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилини жорий этиш ва (ёки) муддатини узайтириш тўғрисида иқтисодий суд томонидан ажрим қабул қилинганда - қарздорнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилингунига қадар;

3) ундирувчи ёки қарздор муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганда, қарздор касал бўлиб қолганда, хизмат сафарида бўлганда ёки қарздор жисмоний шахс, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидирилаётганда, - муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилгунига ёки стационар даволаш муассасасидан чиққунига, хизмат сафаридан қайтгунига ёки қарздор жисмоний шахс, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидириб топилгунига қадар;

4) ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати ёки уни беришга асос бўлган ҳужжат юзасидан, шунингдек рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилаётганда - масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар;

5) суд ижрочисининг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят берилганда - шикоят кўриб чиқилгунига қадар.

Ижро иши юритиш бошқа ҳолларда ҳам ижро иши юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар тугагунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин ижро иши юритиш уни тўхтатиб турган суд ёки суд ижрочиси томонидан ундирувчининг аризасига ёки суд ижрочисининг ташаббусига кўра тикланади.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туришнинг ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган муддатлари суд томонидан қисқартирилиши мумкин.


37-модда. Ижро иши юритишни тугатиш асослари

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд томонидан тугатилади:

1) ундирувчи ёки қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда, бедарак йўқолган деб топилганда, агар суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг ҳужжатида қўйилган талаблар ёки мажбуриятлар ҳуқуқуй ворисга ёки бедарак йўқолганнинг мол-мулкини ишончли бошқариб турган шахсга ўтиши мумкин бўлмаса;

2) муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини ижро этиш имконияти йўқолганда.

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд ижрочиси томонидан тугатилади:

1) ундирувчи ундирувдан воз кечганда, агар воз кечиш суд томонидан қабул қилинган бўлса;

2) ундирувчи ва қарздор ўртасида суд томонидан тасдиқланган келишув битими тузилганда;

3) жарима тариқасидаги жиноий жазони бошқа жазо турига алмаштириш ёхуд жарима тариқасидаги жиноий жазодан амнистия актига асосан озод қилиш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилганда;

4) ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд қонунга кўра ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.


38-модда. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш

ва тугатиш тўғрисидаги масалаларнинг суд ёки

суд ижрочиси томонидан кўриб чиқилиши

Иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати асосида кўзғатилган ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша иқтисодий суд ёки суд ижрочиси турган жойдаги иқтисодий суд томонидан амалга оширилади. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш қуйидаги ҳолларда ҳам иқтисодий суд томонидан амалга оширилади:

ижро хатлари ижро этилганда, агар ундирувчи ва қарздор юридик шахслар ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар бўлса;

суд ижрочисининг ижро йиғимини ва ижро харажатларини ундириш тўғрисидаги қарорлари ижро этилганда, агар қарздор юридик шахс ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш суд ижрочиси турган жойдаги умумий юрисдикция суди томонидан амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ёки Жиноят-процессуал кодексларида бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, ижро иши юритишдаги тарафларнинг ёки суд ижрочисининг ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ёки тугатиш тўғрисидаги аризаси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўриб чиқилади.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш, ушбу Қонун 34-моддасининг иккинчи қисми, 35-моддасининг иккинчи қисми ва 37-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, ижро ҳужжати қайси суд ижрочисининг иш юритишида бўлса, ўша суд ижрочиси томонидан амалга оширилади.

Ижро иши юритишдаги тарафларнинг ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризаси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд ижрочиси томонидан кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижаларига кўра суд ижрочиси ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида ёхуд ижро иши юритишни тўхтатиб туришни ёки тугатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқаради.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақидаги суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг ҳужжати суд ижрочиси томонидан олинган пайтдан эътиборан дарҳол ижро этилиши керак. Суд ижрочиси ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида бу ҳақда унга маълум бўлган вақтдан эътиборан уч кунлик муддатда ижро иши юритишдаги тарафларга, судга (агар масала ижро ҳужжатини берган суд томонидан эмас, бошқа суд томонидан ҳал қилинган бўлса) ёки ижро ҳужжатини берган ўзга органга маълум қилади.

Тўхтатилган ижро иши юритиш бўйича у тиклангунига қадар мажбурий ижро чоралари қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Суд ёки бошқа органнинг ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёхуд тугатиш тўғрисидаги ҳужжати устидан ўн кунлик муддатда шикоят қилиниши ёки протест билдирилиши мумкин.


39-модда. Ижро иши юритишни тугатиш оқибатлари

Суд ижрочиси суднинг ижро иши юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими асосида, шунингдек суд ижрочисининг ижро иши юритишни тугатиш тўғрисидаги қарорида ижро этиш бўйича ўзи тайинлаган барча мажбурий ижро чораларини, шу жумладан, мол-мулкни хатлашни, шунингдек қарздор учун белгиланган чекловларни бекор қилади. Айни вақтда суд ижрочиси қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномаларини чақириб олади, шунингдек чекловларни ижро этаётган органларни ушбу чекловлар бекор қилинганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Ижро иши юритиш тугатилганидан сўнг суд ижрочиси қарздорга суд ижрочиси томонидан солинган жарималарни ва ижро харажатларини ундириш тўғрисида илгари чиқарилган ҳамда ижро этилмаган қарорлар ижросини давом эттиради.

Ижро иши юритиш тугатилган тақдирда, ижро йиғими ижро ҳужжатининг фақат мажбурий тартибда ижро этилган қисми бўйича ундирилади. Бунда ижро иши юритиш ушбу Қонун 37-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган асослар бўйича тугатилган тақдирда ижро йиғими суд ижрочиси томонидан амалга оширилган мажбурий ижро этиш чораларидан қатъи назар, тўлиқ ҳажмда қайтарилади.

Ижро иши юритиш тугатилган ижро ҳужжати ижро иши юритиш материалларида қолади ва такроран ижрога қаратилиши мумкин эмас.


40-модда. Ижро иши юритиш қўзғатилганидан

кейин ижро ҳужжатларини қайтариш

Ижро ҳужжатларида кўрсатилган ундирув амалга оширилмаган ёки қисман амалга оширилган бўлса, бундай ижро ҳужжатлари қуйидаги ҳолларда ундирувчига қайтарилади:

1) ундирувчининг аризасига кўра;

2) агар қарздорнинг манзилини ёки унинг мол-мулки турган жойни аниқлаш ёхуд банклар ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақлар ва омонатларда қарздорга қарашли пул маблағлари ҳамда бошқа қимматликлар турганлиги ёки сақланаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин бўлмаса (ушбу Қонунга мувофиқ қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);

3) агар қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан суд ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса;

4) агар ундирувчи ижро ҳужжати ижро этилаётганда қарздорнинг сотилмаган мол-мулкини ўзига олишдан воз кечса ёхуд қарздорлик ҳисобидан ушбу мол-мулкни ўзига олиш тўғрисидаги суд ижрочисининг таклифи бўйича ўз қарорини белгиланган муддатда тақдим этмаган бўлса;

5) агар ундирувчи ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан ижро ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилаётган бўлса, шу жумладан, ижро ҳужжатида кўрсатилган, қарздордан олиб қўйилган муайян ашёларни олишдан воз кечса.

Ушбу модда биринчи қисмининг 3, 4 ва 5-бандларида кўрсатилган асослар бўйича ундирувни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда, суд ижрочиси бу ҳақда тегишли далолатнома тузади, далолатномани катта суд ижрочиси тасдиқлайди.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар бўйича ундирувни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда, бюджетга ҳамда давлат мақсадли фондларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқиманда қарздорликни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжати давлат солиқ хизмати органига, давлат даромадига ўзга ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжати эса тегишинча ушбу ҳужжатни берган судга ёки бошқа органга қайтарилади.

Ижро ҳужжатининг ундирувчига қайтарилиши мазкур ҳужжатни ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган муддат доирасида янгидан ижрога топшириш учун тўсиқ бўлмайди.

Ижро ҳужжати ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган асос бўйича қайтарилганда, ундирувчига ушбу Қонуннинг 76-моддасида назарда тутилган бўнак бадали тўлиқ қайтарилади.

Ижро ҳужжати ушбу модда биринчи қисмининг 3, 4 ва 5-бандларида кўрсатилган асослар бўйича қайтарилган ҳолларда бўнак бадалининг қайтарилаётган ижро ҳужжатини ижро этиш юзасидан суд ижрочиси қилган харажатлардан ортиқча қисмигина қайтарилади. Ундирувчига ижро ҳужжати ва бўнак бадалини қайтариш тўғрисида суд ижрочиси томонидан катта суд ижрочиси тасдиқлайдиган қарор чиқарилади.


41-модда. Ижро иши юритишни тамомлаш

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда тамомланади:

ижро ҳужжати амалда ижро этилганда;

йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилган ижро ҳужжатларидаги ундирув тўғрисидаги талаблар бир ёки бир нечта солидар жавобгар қарздор ҳисобидан амалда ижро этилганда;

ижро ҳужжати уни берган суднинг ёки бошқа органнинг талабига биноан ижро этилмасдан қайтарилганда;

ижро ҳужжати ушбу Қонуннинг 40-моддасида кўрсатилган асослар бўйича қайтарилганда;

ижро ҳужжати ижро этиш учун ушбу Қонун 25-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ бошқа суд ижрочисига юборилганда;

ижро ҳужжати ижро этиш учун тугатиш комиссиясига (тугатувчига, тугатиш бошқарувчисига) юборилганда.

Ижро иши юритиш тамомланганда суд ижрочиси бу ҳақда қарор чиқаради. Ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисидаги қарорда қарздор жисмоний шахсни, унинг мол-мулкини, олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш, шунингдек қарздор учун белгиланган чекловлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасидан чиқишга оид чеклашлар ва қарздорнинг ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқларига доир чекловлар бекор қилинади.

Ижро иши юритиш ушбу Қонуннинг 25-моддаси асосида бошқа суд ижрочисига юборилиши муносабати билан тамомланаётганда қарздор жисмоний шахсни, унинг мол-мулкини, олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш, шунингдек қарздор учун белгиланган чекловлар бекор қилинмайди. Мазкур ваколатлар ижро иши юритиш юборилган суд ижрочисига ўтади.

Суд ижрочиси қарорининг кўчирма нусхалари у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга, шунингдек ижро ҳужжатини берган судга ёки бошқа органга юборилади. Айни вақтда суд ижрочиси қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномаларини чақириб олади, шунингдек чекловларни ижро этаётган органларни ушбу чекловларнинг бекор қилинганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Ижро иши юритиш тамомланганидан сўнг суд ижрочиси қарздордан ижро йиғимини, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималарни ҳамда ижро харажатларини ундириш тўғрисида илгари чиқарилган ва ижро этилмаган қарорларнинг ижросини давом эттиради. Бунда қарздорга нисбатан ижро иши юритиш жараёнида белгиланган чекловлар мазкур қарорлар ижроси учун зарур бўлган миқдорда сақлаб қолинади. Ижро иши юритиш тамомланган тақдирда, ижро йиғими фақат ижро ҳужжатининг мажбурий тартибда ижро этилган қисми бўйича ундирилади, номулкий хусусиятдаги ижро ҳужжатлари бундан мустасно.

Ижро иши юритиш, ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган асосларга кўра тамомланганда ижро ҳужжатининг асл нусхаси, бошқа ҳолларда эса ижро ҳужжатининг кўчирма нусхаси ижро иши юритиш материалларида қолади.


42-модда. Қарздорни, унинг мол-мулкини

ёки болани қидириш


Алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказганлик оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ёхуд боқувчисининг вафоти натижасида зиён кўрган шахсларга зарарни тўлаш, зарарни давлат фойдасига ундириш тўғрисидаги, шунингдек болани олиб қўйиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздорнинг турган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаганда, суд ижрочиси ўз ташаббуси билан ёки ундирувчининг аризасига кўра қарздорни қидириш тўғрисида қарор чиқаради, қарорни катта суд ижрочиси тасдиқлайди. Бу ҳолда суд ижрочиси қарздорнинг мол-мулкини ёки болани қидириш тўғрисида қарор чиқаради.

Ижро ҳужжатларининг бошқа турлари бўйича суд ижрочиси қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидиришга кетадиган харажатларини ҳамда кўрсатилган харажатлар юзасидан ушбу Қонуннинг 76-моддасига мувофиқ бўнак тўлаш учун ундирувчининг розилиги бўлган тақдирда қидирув эълон қилишга ҳақлидир. Бу ҳолда ундирувчи қидирув харажатларини тўлашни қарздордан суд тартибида талаб қилишга ҳақлидир.

Қидирув ижро ҳужжатини ижро этиш жойида, қарздорнинг маълум бўлган охирги яшаш жойида (турган жойида) ёки унинг мол-мулки турган жойида ёхуд ундирувчининг яшаш жойида (турган жойида) эълон қилинади.

Қарздор жисмоний шахсни ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади. Қарздор юридик шахсни ва шунингдек қарздорнинг (жисмоний ёки юридик шахснинг) мол-мулкини қидириш суд ижрочиси томонидан амалга оширилади. Автомототранспорт воситасини қидириш суд ижрочисининг қарорига кўра ички ишлар органлари зиммасига юклатилиши мумкин.

Қарздорни, унинг мол-мулкини ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш харажатлари қарздордан ундирилади, суд ижрочиси бу ҳақда қарор чиқаради, қарорни катта суд ижрочиси тасдиқлайди. Қарздор жисмоний шахсни, автомототранспорт воситасини ёхуд олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидириш бўйича харажатлар ички ишлар органининг аризасига кўра, қарздор юридик шахсни ва қарздорнинг (жисмоний ёки юридик шахснинг) мол-мулкини қидириш харажатлари бўйича эса, тегишли суд ижрочиси томонидан қилинган харажатлар ҳисоб-китоби асосида аниқланади.

Суд ижрочисининг қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидиришни рад этиш тўғрисидаги ва қидириш харажатларини ундириш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш ёки протест билдириш мумкин.


42-1-модда. Қарздор жисмоний шахснинг

Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш

Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади. Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимига (бошқармасига) ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.

Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати бўлмаса ва суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, ундирувчи қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.

Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш ушбу Қонунда белгиланган асосларга кўра тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек чиқиб кетишга чеклашни олиб ташлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан давлат ижрочиларининг, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.



43-модда. Йўқолган ижро иши юритилишини тиклаш


Йўқолган ижро иши юритилиши суд томонидан ишда иштирок этган шахсларнинг, ижро иши юритилиши тарафларининг, суд ижрочисининг, прокурорнинг, шунингдек ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органнинг ташаббусига биноан тикланиши мумкин.

Йўқолган ижро иши юритилиши тўлиқ ёки у суд фикрига кўра тикланиши зарур деб ҳисоблаган қисмида тикланади.

Йўқолган ижро иши юритилишини тиклаш тўғрисидаги ариза ижро этиладиган жойдаги судга берилади.

Аризада ижро ишини юритилишига доир маълумотлар тўлиқ баён этилиши лозим. Аризачида сақланиб қолган ва ижро ишини юритилишига дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари аризага илова қилинади.

Суд ишни кўраётганда ижро иши юритишнинг сақланиб қолган қисмидан, иш йўқолгунига қадар ундан жисмоний ва юридик шахсларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг нусхаларидан, шунингдек ижро иши юритилишига дахлдор бўлган бошқа маълумотнома ва ҳужжатлардан фойдаланади.

Суд ижро ҳаракатларини бажариш вақтида иштирок этган ёки ҳозир бўлган шахсларни гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.

Тўпланган материаллар йўқолган ижро иши юритилишини аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, ижро иши юритилишини тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.

Аризачи йўқолган ижро иши юритилишини тиклаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилиши вақтида суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб, ёлғон ариза берилган бўлса, суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.



4-БОБ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ВА БОШҚА ОРГАНЛАР

ҲУЖЖАТЛАРИНИ МАЖБУРИЙ ИЖРО ЭТИШ

АСОСИ ВА ЧОРАЛАРИ


44-модда. Мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш


Мажбурий ижро этиш чоралари тўғри расмийлаштирилган ижро ҳужжати қонунда белгиланган тартибда топширилганда ҳамда ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида суд ижрочиси томонидан қарор қабул қилинганда қўлланилади.



45-модда. Мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш асоси


Ихтиёрий равишда ижро этиш учун суд ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади.



46-модда. Мажбурий ижро этиш чоралари


Қуйидагилар мажбурий ижро этиш чоралари ҳисобланади:

1) ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш;

2) ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда турган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш;

2-1) ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига, шу жумладан, қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича унга тегишли бўлган маблағларга қаратиш;

2-2) ундирувни қарздорга тегишли бўлган алоҳида мулкий ҳуқуқларга қаратиш;

3) ундирувни қарздорнинг иш ҳақи, стипендияси, пенсияси ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш;

4) ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздордан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш;

5) ижро ҳужжатининг ижро этилишини таъминловчи қонунларга мувофиқ кўриладиган бошқа чоралар.



5-БОБ. УНДИРУВНИ ҚАРЗДОРНИНГ

МОЛ-МУЛКИГА ҚАРАТИШ


47-модда. Ундирувни қарздорнинг пул маблағлари

ва бошқа мол-мулкига қаратиш тартиби

Ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва мажбурий реализация қилишдан иборатдир.

Ижро ҳужжатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан ундирув биринчи навбатда қарздорнинг сўмдаги ва чет эл валютасидаги пул маблағларига ҳамда бошқа қимматликларига, шу жумладан, банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги пул маблағларига ҳамда ўзга қимматликларига қаратилади.

Қарздор жисмоний шахсдан топилган сўмдаги ва чет эл валютасидаги нақд пул маблағлари дарҳол олиб қўйилиши лозим.

Олиб қўйилган сўмдаги нақд пул маблағлари кейинги иш кунидан кечиктирмай Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағига ўтказиш учун банкка топширилади, кейин уч кунлик муддатда белгиланган тартибда тақсимланади.

Қарздорнинг банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги барча ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағлари ва ўзга қимматликлари тўғрисида ахборот бўлганда, улар хатланади. Қарздорнинг аниқланган тегишлича сўмдаги нақд пули ёхуд банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги сўмдаги маблағлари етарли бўлмаса, ундирув қарздордаги аниқланган нақд чет эл валютасига ёхуд унинг банклардаги ёки ўзга кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида, омонатларида турган ёки сақланаётган валютасига қаратилади.

Суд ижрочисида қарздорнинг хатлаш мумкин бўлган ҳисобварағи мавжудлиги тўғрисида ахборот бўлмаганда, суд ижрочиси бундай ҳисобварақни аниқлаш тўғрисида банк ёки бошқа кредит ташкилотига ёзма сўров юборади.

Суд ижрочисининг ёзма сўрови келиб тушганда банк ёки бошқа кредит ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳисобварақни аниқлайди ва бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмай суд ижрочисига маълум қилади.

Қарздор ундирув биринчи навбатда қаратилиши лозим бўлган мол-мулк турлари ёки ашёларни ўзи кўрсатишга ҳақли.

Қарздор мол-мулкининг у ёки бу турига ундирувни қаратиш навбати суд ижрочиси томонидан мазкур мол-мулкнинг ликвидлигини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Қарздорнинг ундирувчи талабларини қаноатлантириш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, суд ижрочиси ўз қарори билан қарздор ҳисобварақларининг харажатлар қисмини қарз тўлиқ узилгунига қадар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатлайди. Банк ёки бошқа кредит ташкилоти қарздорнинг пул маблағларини хатлаш ҳақидаги қарорни дарҳол ижро этади ва суд ижрочисига қарздорнинг ҳисобварақлари реквизитлари ҳамда ҳар бир ҳисобварақ бўйича хатланган пул маблағлари миқдорини маълум қилади. Айни бир вақтда ундирув қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкка қаратилади, ушбу Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно.

Қарздорнинг мол-мулкига, шу жумладан, нақд пул маблағларига ва банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув ижро йиғими, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилади.

Қарздор бошқа шахслар билан умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли мол-мулкка эга бўлган ҳолларда ундирув унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган улушига қаратилади.


48-модда. Сўмда ҳисобланадиган қарз ундирувини

қарздорнинг чет эл валютасидаги пул

маблағларига қаратиш тартиби


Суд ижрочиси қарздорнинг маълум бўлиб қолган ва олиб қўйилган чет эл валютасидаги нақд пул маблағини у олиб қўйилган куннинг эртасидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикасининг ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиш ҳуқуқидан фойдаланувчи банкка сотиш учун топширади.

Қарздорнинг чет эл валютасидаги хатланган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиш ҳуқуқидан фойдаланувчи банкдаги банк ҳисобварағида, омонатида турган ёки сақланаётган бўлса, суд ижрочиси ўз қарори билан банк зиммасига ижро йиғимини, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималарни ижро харажатларини инобатга олган ҳолда ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур ҳажмда чет эл валютасини сотиш мажбуриятини юклайди.

Агар банк Ўзбекистон Республикасининг ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиш ҳуқуқидан фойдаланмаса, суд ижрочиси унинг зиммасига чет эл валютасини шундай ҳуқуқдан фойдаланувчи банкка ўтказиш мажбуриятини юклайди.


48-1-модда. Қарзни чет эл валютасида ҳисоблаб

чиқаришда ундирувни қарздорнинг пул

маблағларига қаратиш тартиби

Қарздордан топилган ва олиб қўйилган, ижро ҳужжатида кўрсатилган нақд чет эл валютасини суд ижрочиси олиб қўйилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағига топширади, ижро ҳужжатида кўрсатилганидан бошқа чет эл валютасини ёки сўмдаги нақд пул маблағларини сотиш (ижро ҳужжатида кўрсатилган тегишли чет эл валютасини сотиб олиш) учун чет эл валютасида олерацияларни амалга ошириш ҳуқуқидан фойдаланувчи банкка топширади.

Қарздорнинг банк ҳисобварағида, омонатида турган ёки банкда сақланаётган, ижро ҳужжатида кўрсатилганидан бошқа чет эл валютасидаги ёки сўмдаги пул маблағлари хатланганида, суд ижрочиси ўз қарори билан ваколатли банк зиммасига ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ижро ҳужжатида кўрсатилган тегишли чет эл валютасини сотиб олиш мажбуриятини юклайди.

Агар банк Ўзбекистон Республикасининг ички валюта бозорида чет эл валютаси сотиш ёки сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмаётган бўлса, суд ижрочиси унинг зиммасига чет эл валютаси ёки сўмни шундай ҳуқуқдан фойдаланувчи банкка ўтказиш мажбуриятини юклайди.

Ваколатли банклар томонидан чет эл валютасида сотиб олинган пул маблағлари улар томонидан Суд департаментининг тегишли ҳудудий бошқармаси депозит валюта ҳисобварағига ўтказилади.

Қарз чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилаётганда суд ижрочиси ижро йиғими, шунингдек у томонидан қарздорга солинган жарималарни ва ижро харажатларини тегишли қарор чиқарилган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган чет эл валютаси курсидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилган миқдорда сўмда ҳисоблаб чиқаради.



48-2-модда. Ундирувни Қимматли қоғозлар марказий

депозитарийсининг, қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчисининг ва улар мижозларининг пул маблағларига

ҳамда қимматли қоғозларига қаратиш хусусиятлари

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг қарзлари бўйича ундирув улар мижозларининг Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси томонидан кредит ташкилотида очилган ҳисобварағидаги пул маблағларига қаратилиши мумкин эмас.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг қарзлари бўйича ундирув улар мижозларининг тегишли реестр юритиш тизимидаги шахсий ҳисобварақларида ҳамда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси томонидан очилган депо ҳисобварақларида сақланаётган қимматли қоғозларига қаратилиши мумкин эмас.



48-3-модда. Ундирувни айрим юридик шахсларнинг,

улар мулкдорларининг, муассисларининг ва аъзоларининг

(иштирокчиларининг) мол-мулкига қаратиш хусусиятлари

Юридик шахснинг қарзлари бўйича, шу жумладан, унинг мол-мулки ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли бўлмаганда, ундирув суд ҳужжати асосида, қонунда белгиланган шартларда ва тартибда ушбу юридик шахс мулкдорларининг, муассисларининг ва аъзоларининг (иштирокчиларининг) пул маблағларига ҳамда бошқа мол-мулкига қаратилиши мумкин.

Тегишли қарздор юридик шахсларга нисбатан ижро ҳаракатларини амалга оширишда ундирувни хусусий корхона мулкдори, муассаса мулкдори, фермер хўжалигининг раҳбари, деҳқон хўжалигининг аъзолари, ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари, тўлиқ ширкат иштирокчилари, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилади.

Қарздорнинг ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли мол-мулки бўлмаганда, ундирув суд қарори асосида қарздорнинг масъулияти чекланган жамият, қўшимча масъулиятли жамият, тўлиқ ширкат, коммандит ширкат устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига, қарздорнинг ишлаб чиқариш кооперативидаги пайига қаратилади.



48-4-модда. Ундирувни қарздорга тегишли

бўлган мулкий ҳуқуқларга қаратиш

Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорга тегишли мулкий ҳуқуқларга, хусусан қуйидаги ҳуқуқларга қаратилиши мумкин:

кўчмас мулкни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи;

ер участкасига доимий ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ёки ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи;

интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ;

қарздорга лицензиат сифатида оддий номутлақ лицензия асосида тегишли бўлган интеллектуал фаолият натижаларидан ва шахсийлаштириш воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи.

Қарздорга тегишли бўлган бошқа шахсларга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ундирув Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда қаратилади.



48-5-модда. Ундирувни дебиторлик қарзига қаратиш

Ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига қаратиш амалда етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар бўйича, шу жумладан, мулк ижараси шартномаси ва бошқа шартномалар бўйича, шунингдек қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича қарздорга тўланиши лозим бўлган пул маблағларини дебитор қарздорнинг ҳисобварақларидан низосиз тартибда ҳисобдан чиқариш орқали амалга оширилади.

Суд ижрочиси томонидан қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган пул маблағларини ундириш тўғрисидаги бошқа ижро ҳужжати мавжудлиги аниқланса, суд ижрочиси ундирувни дебиторнинг ижро ҳужжати бўйича қарздорга тўланиши лозим бўлган пул маблағларига қаратиш тўғрисида қарор чиқаради. Ушбу қарор асосида суд ижрочиси дебиторнинг ҳисобварақларига қарздорнинг қарзи суммаларини ундириш тўғрисида дебиторнинг қарздор олдидаги қарзидан ошиб кетмайдиган миқдорда инкассо топшириқномасини тақдим этади.

Ундирувни қарздорга амалда етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар бўйича дебитор тўлаши лозим бўлган пул маблағларига қаратиш қарздор ўз дебитори билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини тақдим этган тақдирда амалга оширилади.

Дебитор ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолашдан асоссиз бош тортган тақдирда, қарздор бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномаларини дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда суд ижрочисига тақдим этишга ҳақли. Қарздор томонидан бир томонлама тартибда имзоланган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси тақдим этилганда, суд ижрочиси қарздорнинг дебиторига унинг кредиторлик қарзи мавжудлиги ҳақида имзолаш учун солиштирма далолатномани ва қарздор томонидан тақдим этилган, ушбу қарзнинг мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришнома юборади.

Қарздорнинг дебитори билдиришномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолаши ёхуд солиштирма далолатномада кўрсатилган қарзнинг мавжуд эмаслигини асослаган ҳолда рад жавоби тақдим этиши шарт. Агар дебитор томонидан тан олинган қарз суммаси солиштирма далолатномада кўрсатилганидан фарқ қилса, дебитор ўша муддатда суд ижрочисига ўзи тан олган суммани кўрсатган ҳолда солиштирма далолатномани тақдим этиши шарт.

Қарздор билан унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қарздорнинг ва унинг дебиторининг номи, уларнинг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари;

дебиторнинг қарздор олдидаги қарзи суммаси;

қарздор ва унинг дебиторининг улар муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган имзолари, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолда эса, дебиторнинг ўз муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган имзоси;

солиштирма даполатнома тузилган сана.

Қарздор ва унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси у суд ижрочисига тақдим этилгунига қадар уч ойдан ўтиб кетмаган санага тузилган бўлиши керак.

Суд ижрочиси ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси асосида дебиторнинг ҳисобварақларига қарздорнинг қарзи суммасини дебиторнинг қарздор олдидаги қарзидан ошмайдиган миқдорда ундириш тўғрисида инкассо топшириқномасини тақдим этади.

Ундирув қуйидаги ҳолларда дебиторлик қарзига қаратилмайди:

уни ундириш учун даъво муддати ўтган бўлса;

қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати Суд департаменти органининг иш юритишида бўлса ёки уни ижрога тақдим этиш муддати ўтган бўлса ёхуд ушбу ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари белгиланган тартибда тўхтатиб турилган, тугатилган ёки кечиктирилган (бўлиб-бўлиб ижро этилган) бўлса;

дебитор ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Ўзбекистон Республикаси билан шартнома тузилмаган чет давлатда турган бўлса;

дебитор тугатилиш жараёнида бўлса ёки унга нисбатан банкротлик таомили жорий этилган бўлса;

дебитор ўз фаолиятини тугатган ва юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилган бўлса.



48-6-модда. Ундирувни суриштирув, тергов

органларининг ёки суднинг депозит ҳисобварақларида

вақтинча сақланаётган пул маблағларига қаратиш хусусиятлари

Суриштирув, тергов органларининг ёки суднинг депозит ҳисобварақларида сақланаётган суриштирув, дастлабки тергов ёки суд давомида хатланган ва олиб қўйилган, шу жумладан, фуқаровий жавобгар томонидан киритилган ёхуд жиноий йўл билан орттирилган маблағлар сифатида олиб қўйилган, шунингдек айбланувчи ёки судланувчи томонидан гаров сифатида киритилган пул маблағлари суд томонидан ижро ҳужжати берилган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай суднинг тегишли қарори талабларини ижро этишга қаратилиши керак.

Суд ижрочисининг иш юритишида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича суд ижрочиси суриштирув, тергов органларига ёки судга мазкур органларнинг депозит ҳисобварағида вақтинча сақланаётган пул маблағларини уч кунлик муддат ичида Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисида талабнома юборади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган талабнома белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, суд ижрочиси суриштирув, тергов органларининг ёки суднинг депозит ҳисобварағида вақтинча турган пул маблағларини ижро ҳужжати талабларига мувофиқ кейинчалик тақсимлаш учун Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағига инкассо топшириқномаси орқали низосиз тартибда ҳисобдан чиқариши шарт.



48-7-модда. Ундирувни Ўзбекистон Республикаси

Давлат бюджетининг ва бюджет ташкилотларининг

пул маблағларига қаратиш хусусиятлари

Ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва бюджет ташкилотларининг пул маблағларига қаратиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, бюджет ташкилотларининг маблағларига қаратиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилади.


49-модда. Ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда

турган мол-мулкига қаратиш

Ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда турган мол-мулкига қаратиш ушбу мол-мулкнинг қарздорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар бўлганда, суд ижрочисининг қарорига мувофиқ амалга оширилади. Қарздорнинг ўзга шахсларда турган мол-мулкининг унга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар бўлмаганда, ундирувни мазкур мол-мулкка қаратиш суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

Суд ижрочисининг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра чиқарилган қарори устидан шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин.


50-модда. Ундирувни қарздорнинг Ўзбекистон

Республикасидан ташқарида турган

мол-мулкига қаратиш


Ундирувни қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида турган мол-мулкига, шу жумладан унинг чет эл банкларидаги пул маблағларига қаратиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


51-модда. Ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш

Қарздорнинг бошқа мол-мулки унга нисбатан қўйилган барча гаров билан таъминланмаган талабларни тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, гаровга олувчининг белгиланган ҳуқуқларига, шунингдек ушбу Қонуннинг 6-бобида назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилиши мумкин. Гаровга қўйилган мол-мулк хатлаб қўйилганда суд ижрочиси хатлаш амалга оширилганидан кейин уч кунлик муддат ичида бу ҳақда гаровга олувчига билдиришнома юборади.

Гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма мазкур мол-мулкка ундирув қаратилиши, унинг реализация қилиниши муносабати билан қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш учун зарур суммалар ушлаб қолинганидан ва кредиторларнинг гаров билан таъминланган ундирувга қаратилган талаблари қаноатлантирилганидан кейин ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақсимланади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, у ҳолда мазкур талабларнинг қолган қисми ушбу Қонуннинг 80-моддасида белгиланган навбатда қаноатлантирилади.

Агар ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш учун қаратилган бўлса, у ҳолда ундирув қарздорнинг бошқа мол-мулки бўлишидан қатъи назар, биринчи навбатда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилади.


52-модда. Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк

Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмайди, ижро ҳужжатида ундирувни мазкур уйга (квартирага) қаратиш назарда тутилган ёхуд ушбу мол-мулк мажбурият бўйича гаров нарсаси бўлган ҳоллар бундан мустасно. Ундирув бошқа уйларга (квартираларга) уларда қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари ёхуд ўзга шахслар доимий равишда яшаб турган-турмаганлигидан қатъи назар, қаратилиши мумкин.

Ундирувчи ёки суд ижрочисининг аризасига кўра, ундирув суд томонидан қарздорнинг ягона уйига (квартирасига) ёхуд уй ҳудудидаги алоҳида турган бинога ёки уйнинг муайян қисмига, агар суд уйни (квартирани), шу жумладан, унга туташ ҳудудни қисмларга бўлиш мумкин, қарздор тасарруфида қолган қисми эса қарздор ва унинг оила аъзолари нормал турмуш кечириши учун етарли деб топган тақдирда қаратилиши мумкин.

Рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, қарздор ва унинг оила аъзрлари нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган уй анжомлари ва жиҳозлари, кийимлар ҳамда бошқа буюмларга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин эмас.

Инвестор билан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган инвестиция шартномасига мувофиқ инвестиция мажбуриятлари сифатида киритилаётган маблағлар ва бошқа мол-мулк инвестиция даври мобайнида қарздорнинг илгари юзага келган қарзини узиш ҳисобига мажбурий тартибда ундириб олинмайди.



53-модда. Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш


Қарздорнинг мол-мулки ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор қарздорга топширилган кундан эътиборан бир ой муддатдан кечиктирмай, зарур ҳолларда эса, уни топшириш билан бир вақтда хатланади.

Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш мол-мулкни рўйхатга олишдан, уни тасарруф қилиш ман этилганлигини эълон қилишдан, зарур ҳолларда эса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашдан, уни олиб қўйиш ёки сақлашга топширишдан иборатдир. Чеклашнинг турлари, ҳажми ва муддатларини ҳар бир муайян ҳолда мол-мулкнинг хусусиятини, унинг мулкдори ёки эгаси учун аҳамиятини ҳисобга олиб, суд ижрочиси белгилайди.

Қарздорнинг хатланган мол-мулкини тасарруф қилиш юзасидан суд ижрочисининг тақиқини бузиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқининг чекланганлигига риоя қилмаслик қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Хатлаш қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

ундирувчига олиб бериладиган ёки реализация қилинадиган қарздорнинг мол-мулки сақланишини таъминлаш мақсадида;

жавобгарга тегишли бўлиб, унинг ўзида ёки бошқа шахсларда турган мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилаётганда.

Хатланган мол-мулкни олиб қўйиб, реализация қилиш учун топшириш суд ижрочиси томонидан белгиланган муддатда, бироқ хатлангандан кейин камида уч иш кунидан сўнг амалга оширилади.

Суд ижрочиси муайян ижро иши юритиш ҳолатларидан келиб чиқиб, мол-мулкни хатлаш билан бир вақтда ушбу мол-мулкни ёки унинг айрим ашёларини олиб қўйишга ҳақли.

Олиб қўйилган тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа ашёлар дарҳол реализация қилиш учун топширилади.

Қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиш пайтида аниқланиб, хатланган сўмлар ва чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар, қимматбаҳо тошлар, олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳидаги металлардан, қимматбаҳо тошлардан, марвариддан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар, шунингдек ана шундай буюмларнинг резгилари ва алоҳида қисмлари (бўлаклари) олиб қўйилиши шарт.


53-1-модда. Қимматли қоғозларни хатлаш

Ҳужжатли қимматли қоғозлар уларнинг турган жойи бўйича хатланади. Ҳужжатсиз қимматли қоғозлар ушбу қоғозлар эгасининг ҳуқуқлари рўйхатга олинган жой бўйича хатланади.

Қимматли қоғозлар хатланганда суд ижрочиси қарор чиқаради. Ҳужжатли қимматли қоғозлар хатланганлиги тўғрисида суд ижрочиси хатланган қимматли қоғозларнинг хатлов далолатномасини ҳам тузади.

Суд ижрочисининг қимматли қоғозлар хатланганлиги тўғрисидаги қарорида ёки далолатномасида хатланган қимматли қоғозларнинг умумий сони, уларнинг тури ва қимматли қоғозлар эмитентлари тўғрисидаги маълумотлар, қимматли қоғозлар чиқарилган сана (акциялар бундан мустасно), уларни идентификация қилиш, шунингдек қимматли қоғозларнинг қарздорга тегишлилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Қарздорга тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг хатланиши қарздорга уларни тасарруф этиш, шунингдек бундай қимматли қоғозлар ўтказмаларини амалга ошириш тақиқланганлигини англатади. Ўзга турдаги чекловларни белгилашда, шу жумладан, қарздорнинг қимматли қоғозларда мустаҳкамлаб қўйилган даромад олиш ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларини чеклашда суд ижрочиси белгиланган чекловларни қимматли қоғозларни хатлаш тўғрисидаги қарорда санаб ўтиши шарт.


54-модда. Қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш


Рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолашни ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд ижрочиси томонидан бозор қиймати бўйича амалга оширилади.

Суд ижрочиси мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб этади, ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Суд ижрочиси алоҳида кўчар мол-мулкнинг шартномавий нархини фақат алоҳида олинган мол-мулкнинг қиймати энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан, мол-мулкнинг жами қиймати эса энг кам иш ҳақининг юз бараваридан ошмаган тақдирдагина, баҳоловчи ташкилотни жалб этмаган ҳолда мустақил белгилаши мумкин, автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан белгиланади.

Қимматли қоғозлар, валюта қимматликлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа рўзғор буюмлари, нодир буюмлар, асл тасвирий санъат ҳамда ҳайкалтарошлик асарлари мутахассислар албатта иштирок этган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳоланиши, кейин (уч иш куни ичида) масъулиятли сақлаш учун банкка ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ёхуд инвестиция воситачисига топширилиши керак, муайян турдаги қимматликлар музейга ёки уларнинг сақланиш шароитларини таъминловчи бошқа ихтисослаштирилган муассасага топширилиши лозимлиги тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилган қимматли қоғозларнинг қиймати тегишли қимматли қоғозлар ўзида биржа котировкаси варағига киритилган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ котировка қилинадиган фонд биржасига қимматли қоғозлар котировкаларига доир сўров бериш орқали суд ижрочиси томонидан аниқланади.

Агар суд ижрочиси томонидан рўйхатга олинган қимматли қоғозлар фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилмаган бўлса, суд ижрочиси қимматли қоғозларни баҳолаш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда баҳоловчи ташкилотни жалб этади.

Суд ижрочиси томонидан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот олинган (чиқарилган) пайтдан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ижро иши юритишдаги тарафларга баҳолаш натижалари ҳақида билдиришнома юборилади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган баҳолаш объектининг қиймати хусусида ижро иши юритишдаги тарафлар ўтказилган баҳолаш тўғрисида ўзлари хабардор қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай судда низолашиши мумкин.

Суд ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишда хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низом билан тартибга солинади.

55-модда. Мол-мулкни сақлаш


Қарздорнинг мол-мулки сақлаш учун қарздорга ёки суд ижрочиси тайинлаган бошқа шахсларга (бундан буён матнда сақловчи деб юритилади) мол-мулкни хатлаш далолатномасига имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Суд ижрочиси хатланган мол-мулкни сақлаш учун қайси сақловчига топширган бўлса, ўша сақловчи суд ижрочисининг ёзма равишдаги розилигисиз бу мол-мулкдан фойдаланиши мумкин эмас. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ёки инвестиция воситачисига сақлаш учун топширилган қимматли қоғозлар бўйича, шунингдек мол-мулкнинг хоссаларига кўра, ундан фойдаланиш унинг йўқ бўлиб кетишига ёки қиммати пасайишига олиб келган тақдирда, суд ижрочиси бундай розиликни беришга ҳақли эмас. Агар мазкур мол-мулкдан фойдаланиш унинг сақланишини таъминлаш учун зарур бўлса, суд ижрочисининг розилиги талаб этилмайди.

Сақловчи, агар қарздор унинг ўзи ёки унинг оила аъзолари (қарздор юридик шахс бўлса, унинг ходими) бўлмаса, сақлаганлиги учун тегишли ҳақ олади. Сақловчининг мол-мулкни сақлаш учун қилган зарур харажатлари ҳам мазкур мол-мулкдан фойдаланиш орқали амалда олган фойдаси чегириб ташланган ҳолда қопланади.

Хатланган автомототранспорт воситаси аукцион ўтказилгунига қадар суд ижрочиси томонидан белгиланадиган, унинг асралиши учун тегишли шароитлар таъминланадиган махсус ажратилган жойларда (сақлаш жойларида, омборларда, ваколатли органлар ва бошқа ташкилотларнинг жарима майдонларида) сақланади.

Хатланган ва олиб қўйилган мол-мулкни сақлаш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


56-модда. Хатланган мол-мулкни реализация қилиш

Қарздорнинг хатланган мол-мулкини реализация қилиш, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, хатлаш асослари ва мол-мулк турларидан қатъи назар, хатланган кундан эътиборан икки ой ичида уни сотиш орқали амалга оширилади, қонунга мувофиқ муомаладан чиқарилган мол-мулк бундан мустасно.

Қарздорнинг мол-мулкини реализация қилиш шартнома-воситачилик асосларида ёхуд электрон онлайн-аукционларда амалга оширилади, ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

Автомототранспорт воситаларини, кўчмас мулкни, шу жумладан ер участкасини, қурилиши тугалланмаган объектларни, кўчмас мулкни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқларини, ер участкасига нисбатан мулкий ҳуқуқларни, интеллектуал фаолият натижаларига ва хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга бўлган мулкий ҳуқуқларни реализация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли оператор томонидан электрон онлайн-аукционларда амалга оширилади.

Мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида реализация қиладиган савдо ташкилотларини танлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов асосида амалга оширилади.

Агар савдо ташкилотларига реализация қилиш учун топширилган мол-мулк у топширилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида реализация қилинмаса, мазкур мол-мулк давлат ижрочиси томонидан қуйидаги тартибда арзонлаштирилиши керак:

давлат солиқ хизмати органи ва молия органи вакиллари иштирокида мол-мулк қийматининг 10 фоизидан ошмаган миқдорда - давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича;

мол-мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида - бошқа ижро ҳужжатлари бўйича.

Мол-мулк арзонлаштирилганда давлат ижрочиси белгиланган тартибда далолатнома тузади, шундан сўнг арзонлаштирилган мол-мулк савдо ташкилотларига такроран реализация қилиш учун топширилади. Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича мазкур мол-мулкни реализация қилишда мол-мулк арзонлаштирилмайди ва у биринчи баҳоланган нарх бўйича савдо ташкилоти томонидан такроран реализация қилишга топширилади.

Мол-мулк такрорий электрон онлайн-аукционларда реализация қилинмаганлиги муносабати билан ваколатли оператор томонидан қайтарилган тақдирда ёки такроран реализация қилиш учун савдо ташкилотларига топширилган бошқа мол-мулк ўттиз кун мобайнида реализация қилинмаган тақдирда, у мол-мулк нархининг 10 фоизига арзонлаштирилган нархда ундирувчига таклиф қилинади, давлат даромадига ижро ҳужжатлари бўйича ундириш қаратилган мол-мулк эса ушбу моддада белгиланган тартибда яна арзонлаштирилиши ва реализация қилишга топширилиши лозим. Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича ушбу мол-мулк реализация қилинмаган тақдирда, давлат ижрочиси гаровга олувчига мол-мулкни такрорий аукцион шаклидаги кимошди савдоларидаги ёки савдо ташкилотларининг такрорий реализация қилишидаги бошланғич сотиш нархидан 10 фоизга камайтирилган суммада ўзида қолдиришни таклиф қилади.

Қимматли қоғозлар қимматли қоғозларнинг биржа бозорларида ва уюшган биржадан ташқари бозорларида реализация қилиниши керак. Улар давлат ижрочиси билан тузилган шартнома асосида фаолият юритувчи инвестиция воситачиси - брокер томонидан кимошди савдосига қўйилади. Қимматли қоғозлар арзонлаштирилмайди ва икки ой мобайнида бир неча марта кимошди савдосига қўйилади. Қимматли қоғозлар мазкур муддатда реализация қилинмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувчига ушбу қимматли қоғозларни уларнинг брокер томонидан кимошди савдосига қўйилган охирги кимошди савдоси кунининг охирги кимошди савдоси соатидаги ўртача нархида ўзида қолдиришни таклиф этади.

Давлат ижрочисининг реализация қилинмаган мол-мулкни ўзида қолдириш ҳақидаги ушбу модданинг еттинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган таклифи давлат ижрочиси томонидан тегишли мол-мулк реализация қилинмаганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ундирувчига юборилиши керак. Бир навбатдаги талаблар бўйича бир нечта ундирувчи мавжуд бўлган тақдирда, таклифлар давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларига ижро ҳужжатларининг келиб тушиши навбатига кўра ундирувчиларга юборилади. Агар мол-мулкнинг давлат ижрочиси томонидан таклиф қилинган баҳоси ижро ҳужжати бўйича ундирувчига тўланиши лозим бўлган суммадан ортиқ бўлса, ундирувчи реализация қилинмаган мол-мулкни ўзида қолдиришга тегишли фарқни бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органининг депозит ҳисобварағига тўлаган (ўтказган) тақдирда ҳақли, бу ҳақда таклифда кўрсатиб ўтилади. Ундирувчи реализация қилинмаган мол-мулкни ўзида қолдириш тўғрисидаги қарори ҳақида давлат ижрочисини таклифни олган кундан эътиборан беш кун ичида ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Ундирувчи мол-мулкни ўзида қолдиришдан воз кечган ёхуд бу ҳақдаги ўз қарорини белгиланган муддатда ёзма шаклда тақдим этмаган тақдирда мол-мулк ижро харажатлари, шу жумладан мол-мулкни олиб қўйиш, баҳолаш ва реализация қилиш бўйича қилинган харажатлар ундирилган ҳолда қарздорга қайтарилади. Ундирувчи - гаровга олувчи реализация қилинмаган гаровга қўйилган мол-мулкни ўзида қолдиришдан воз кечганда ёхуд белгиланган муддатда ўз қарорини ёзма шаклда тақдим этмаганда, ижро иши юритиш ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш билан тамомланади, реализация қилинмаган бошқа мол-мулк бўйича ижро иши юритиш эса қарздорда ундирувга қаратилиши мумкин бўлган ўзга мол-мулк мавжуд бўлмаса, ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш билан тамомланади.

Олиб қўйилган ва реализация қилинмаган мол-мулк қарздор қарзини ва давлат ижрочиси мол-мулкни олиб қўйиш, баҳолаш ва реализация қилиш билан боғлиқ ҳолда қилган харажатларнинг ўрни тўлиқ қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ундирувни амалга ошираётган давлат ижрочисига тақдим этган тақдирда ҳам қарздорга қайтарилади.

Реализация қилинган мол-мулкни мол-мулкнинг баҳоси тўлиқ тўлангунига қадар харидорларга бериб юбориш, шунингдек тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) шарти билан реализация қилиш савдо ташкилотларига ва давлат ижрочиларига тақиқланади.

Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилиш хусусиятлари, шунингдек кўчмас мулкни узоқ муддатга ижарага олиш ҳуқуқларини, қарздорнинг ер участкаларига, интеллектуал фаолият натижаларига ва хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга бўлган мулкий ҳуқуқларини реализация қилиш тартиби ушбу Қонун талаблари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



57-модда. Ижро ҳужжатида кўрсатилган

ашёларни ундирувчига топшириш

Ижро ҳужжатида кўрсатилган ашёлар ундирувчига топширилган тақдирда суд ижрочиси бу ашёларни қарздордан олиб қўяди ва топшириш далолатномасини тузиб, уларни ундирувчига топширади.

Олиб берилиши лозим бўлган ашёлар йўқотилганлиги ёки ундирувчи уларни олишдан бош тортганлиги ёхуд ҳозир бўлиш ҳақида бир неча бор таклиф қилинишига қарамасдан унинг ашёларни олиш учун келмаганлиги сабабли ижро этишнинг имкони бўлмаган тақдирда, ашёлар қарздорга қайтарилади, ижро иши юритиш эса ундирувчига ижро ҳужжатини қайтариш билан тамомланади.

Ижро ҳужжатида кўрсатилган ҳужжатсиз қимматли қоғозлар ундирувчига топширилган тақдирда суд ижрочиси мазкур қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олувчи шахс томонидан қарздорнинг ҳисобидан чиқарилиши ва уларни ундирувчининг ҳисобига ўтказилиши тўғрисида қарор чиқаради.


6-БОБ. УНДИРУВНИ ҚАРЗДОР ЮРИДИК ШАХСНИНГ

МОЛ-МУЛКИГА ҚАРАТИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ.

ҚАРЗДОР ЮРИДИК ШАХСНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ

ХАТЛАШ ВА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ


58-модда. Ундирувни қарздор юридик шахснинг

пул маблағларига қаратиш


Қарздор юридик шахс кассасининг сейфларида сақланаётган ва бу кассанинг алоҳида ажратилган хонасида ёки қарздор юридик шахснинг бошқа биноларида бўлган сўмдаги ва чет эл валютасидаги нақд пул маблағлари улар аниқланиши биланоқ, қарзни узиш, ижро йиғими ва ижро бўйича харажатларни қоплаш учун зарур бўлган миқдорда дарҳол олиб қўйилиши лозим.

Олиб қўйилган сўмдаги пул маблағлари эртаси кундан кечиктирмай қарзга тенг миқдорда ундирувчининг ҳисобварағига ўтказиш учун банкка топширилади. Ижро йиғими суммалари, шунингдек ижро харажатларининг ўрнини қоплаш учун мўлжалланган суммалар суд ижрочиларининг депозит ҳисобварағига ўтказилиб, сўнгра ижро харажатларининг ўрни ушбу сумма ҳисобидан қопланади.

Суд ижрочиси қарздор юридик шахснинг банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ва омонатларида турган ёки сақланаётган пул маблағларини хатлаш чораларини кўради.



59-модда. Ундирувни қарздор юридик шахснинг

бошқа мол-мулкига қаратиш


Қарздор юридик шахснинг қарзларни узиш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, ундирув унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, қаерда ва кимнинг фойдаланишида бўлишидан қатъи назар, бошқа мол-мулкка (муомаладан чиқарилган ёхуд муомалада бўлиши чекланган мол-мулк бундан мустасно) қаратилади. Бу мол-мулк ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда хатланади ёки унга нисбатан бошқа ижро ҳаракатлари амалга оширилади.



60-модда. Қарздор юридик шахснинг мол-мулкини

хатлаш ва реализация қилиш навбати

Қарздор юридик шахснинг мол-мулкини хатлаш ва реализация қилиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:

биринчи навбатда - ишлаб чиқаришда бевосита қатнашмайдиган кўчар мол-мулкка (қимматли қоғозларга, қарздорнинг депозит ва бошқа ҳисобварақларидаги пул маблағларига, валюта қимматликлари, енгил автотранспорт, офислар дизайни ашёлари, тайёр маҳсулот (товарлар), қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларга, улардан тайёрланган буюмларга, шунингдек бундай буюмлар парчаларига ва бошқаларга) нисбатан;

иккинчи навбатда - товарларни ишлаб чиқаришда, ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда бевосита фойдаланилмайдиган мулкий ҳуқуқларга, шунингдек ишлаб чиқаришда бевосита қатнашмайдиган ва бевосита қатнашишга мўлжалланмаган бошқа моддий қимматликларга нисбатан;

учинчи навбатда - товарлар ишлаб чиқиришда, ишларни бажаришда ёки хизматлар кўрсатишда бевосита қатнашадиган мулкий ҳуқуқларга, кўчмас мулк объектларига, шунингдек хом ашё ва материаллар, дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқаришда бевосита қатнашишга мўлжалланган бошқа асосий воситаларга нисбатан.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари қарздор жисмоний шахснинг тадбиркорлик фаолияти муносабати билан суд ёки бошқа орган томонидан берилган ижро ҳужжатидаги талаблар ижро этилган тақдирда, ундирувни белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган қарздор жисмоний шахснинг мол-мулкига қаратишда ҳам қўлланилади.



61-модда. Ундирув қарздор юридик шахснинг мол-мулкига

қаратилганда ижрони таъминлаш чоралари


Учинчи навбатда реализация қилинадиган давлатга қарашли мол-мулк хатлаб қўйилганда суд ижрочиси хатлаш амалга оширилгандан кейин уч кунлик муддат ичида хатланган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати тўғрисидаги, шунингдек ундирувчининг талаблари суммаси тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ҳолда қарздорнинг мол-мулки хатланганлиги ҳақидаги хабарномани давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга органнинг тегишли ҳудудий бўлинмасига юборади. Мазкур хабарноманинг нусхаси қарздор юридик шахс томонидан бюджетга тўловлар ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар амалга оширилишини назорат қилувчи солиқ органига юборилади.

Қарздор юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий судда иш юритиш қўзғатилган бўлса, ижро иши юритиш ва ундирув қаратилган мол-мулкни реализация қилиш масала моҳиятан иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб турилади.


62-модда. Қарздор юридик шахс қайта ташкил этилганда

ва тугатилганда ундирувни қаратиш тартиби


Қарздор юридик шахс қайта ташкил этилган (қўшиб юборилган, қўшиб олинган, бўлинган, ажратиб чиқарилган, ўзгартирилган) тақдирда, ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор юридик шахснинг мажбуриятлари юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига жавобгарлик юклатилган юридик шахснинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкига қаратилади.

Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатиш ишини юритишни очиш тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхаси олинганда, шунингдек рўйхатдан ўтказувчи органдан қарздорнинг ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисида хабарнома олинганда суд ижрочиси ижро иши юритишни тамомлайди, бундан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, мол-мулкни ўзга шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги, асоссиз орттирилган бойликни қайтариш тўғрисидаги, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги ижро иши юритишлар мустасно. Ижро иши юритишни тугатиш билан бир вақтда суд ижрочиси ижро иши юритиш давомида қарздорнинг мол-мулкига ўзи қўйган хатловларни ва ушбу мол-мулкни тасарруф қилишга доир бошқа чекловларни олиб ташлайди.

Ижро иши юритиш тамомланган ижро ҳужжатлари суд ижрочисининг ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхаси билан биргаликда ижро иши юритиш тамомланган кундан эътиборан уч иш куни ичида тугатувчига юборилади. Суд ижрочиси ижро ҳужжати тугатувчига юборилганлиги ҳақида ундирувчига маълум қилади.


63-модда. Электрон онлайн-аукционларни ўтказишга

тайёргарлик кўриш ва уларнинг асосий шартлари

Мол-мулкнинг ва мулкий ҳуқуқларнинг айрим турларини реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционлар ваколатли оператор томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Ваколатли оператор билан тузилган шартнома ва электрон онлайн-аукционга қўйиладиган мол-мулкнинг ёки мулкий ҳуқуқларнинг дастлабки (бошланғич) баҳоси кўрсатилган буюртманома электрон онлайн-аукционни ўтказиш учун асос бўлади.

Буюртманомага қуйидагилар илова қилинади:

ижро ҳужжатининг кўчирма нусхаси;

мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқни хатлаш далолатномасининг ёки қарорининг кўчирма нусхаси;

мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ёки давлат ижрочисининг мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги қарори ёхуд уларни баҳолаш қиймати кўрсатилган суд қарорининг кўчирма нусхаси;

мол-мулкнинг тоифасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори томонидан тасдиқланадиган регламентда назарда тутилган мол-мулкни тавсифловчи ҳужжатлар.

Кўчмас мулкни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини сотишда давлат ижрочиси ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни илова қилади:

ижара шартномасининг кўчирма нусхаси;

ижара шартномасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси;

ижарага берувчининг ундирувни узоқ муддатли ижара ҳуқуқига қаратишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат ёки агар ижара ҳуқуқи ижарага олувчи томонидан аукцион шаклидаги кимошди савдоси натижасида олинган бўлса, узоқ муддатли ижара ҳуқуқни ижарага берувчининг розилигисиз ўтказиш имконини берувчи ҳужжат.

Қурилиши тугалланмаган объектни сотишда давлат ижрочиси ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни илова қилади:

ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси;

тегишли давлат органининг қурилиш учун рухсатномасининг кўчирма нусхаси.

Ер участкасини ва ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқларни сотишда давлат ижрочиси ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ва ер участкаси чизмасининг кўчирма нусхаларини илова қилади.

Дастлабки электрон онлайн-аукционлар нархнинг ошиб бориши принципи, такрорий электрон онлайн-аукционлар эса нархнинг тушиб бориши принципи бўйича ўтказилади.

Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.



7-БОБ. ҚАРЗДОРНИНГ ИШ ҲАҚИ ВА УНГА

ТЕНГЛАШТИРИЛГАН ТЎЛОВЛАРГА

НИСБАТАН УНДИРУВ


64-модда. Ундирувни қарздорнинг иш ҳақи ва

унга тенглаштирилган тўловларга қаратиш

Ундирув қуйидаги ҳолларда қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилади:

даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги қарорларни ижро этишда;

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги, шу жумладан, йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилган ижро ҳужжатлари бўйича ушбу миқдордаги пул суммасини ундиришда;

ундирилаётган суммаларни тўлиқ узиш учун қарздорнинг мол-мулки бўлмаганда ёки унинг мол-мулки етарли бўлмаганда.

Қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки ўзга шахслар ундирувчидан ёхуд суд ижрочисидан ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан қарздор жисмоний шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан пул маблағларини ижро ҳужжатидаги талабларга мувофиқ ушлаб қолиши шарт.

Қарздорга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс ушлаб қолинган пул маблағларини ундирувчига тўлов амалга оширилган кундан эътиборан уч кун ичида тўлаши ёки ўтказиши шарт. Пул маблағларини тўлаш ва ўтказиш қарздор ҳисобидан амалга оширилади.

Қарздор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда, у ўқишни битирганда (бошқа жойга ўтказилганда), пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойидан кетганда, қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс бу ҳақда дарҳол суд ижрочисига хабар бериши ва амалга оширилган ундирувлар тўғрисида белги қўйилган ижро ҳужжатини унга қайтариши шарт.

Қарздор жисмоний шахс янги иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойи тўғрисида дарҳол суд ижрочисига ва ундирувчига хабар бериши шарт.

Қарздорга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс ижро ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўғри ижро этилишини, уларнинг ҳисобини ва сақланишини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки ўзга шахслар томонидан ижро ҳужжатларининг ижро этилиши қоидаларига мувофиқ ҳолда таъминлайди.

Суд ижрочиси қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс томонидан ижро ҳужжати талаблари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, шу жумладан, ижро ҳужжати бўйича пул маблағларининг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида ўтказилиши, уларнинг сақланишига ва ҳисобга олинишига доир белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ундирувчининг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан текшириш ўтказади. Бундай текширишни ўтказишда қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс тегишли бухгалтерия ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни суд ижрочисига тақдим этиши шарт.



65-модда. Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган

тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар

миқдорини ҳисоблаб чиқариш


Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади.



66-модда. Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган

тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори


Ижро ҳужжатлари бўйича қарз тўлиқ узилгунга қадар, қарздорга тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг кўпи билан эллик фоизи ушлаб қолиниши мумкин.

Бир неча ижро ҳужжати бўйича ундирув иш ҳақига ва унга тенглаштирилган тўловларга қаратилганда, ходимда иш ҳақининг эллик фоизи сақланиши лозим.



67-модда. Ундирувни жазони ўтаётган қарздорнинг

иш ҳақига қаратиш


Ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсдан ижро ҳужжатлари бўйича ундирув суд ҳукми ёки қарорига кўра амалга оширилган ушлаб қолиш суммасини ҳисобга олмаган ҳолда иш ҳақининг тўлиқ суммаси ҳисобидан амалга оширилиши лозим.

Жазони ижро этиш колонияларида, тарбия колониялари ва қамоқхоналарда жазо ўтаётган шахслардан, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслардан ундирув бутун иш ҳақидан, иш ҳақининг уларнинг мазкур муассасалардаги таъминоти бўйича харажатларни қисман қоплаш учун ажратиладиган қисмини ҳам қўшган ҳолда амалга оширилади.



68-модда. Ундирувни ижтимоий суғурта нафақасига қаратиш


Алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги билан боғлиқ ҳолда кўрилган зарарни қоплаш тўғрисидаги ишлар бўйича ундирув фақат суднинг қарорига биноан вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганда тўланадиган ижтимоий суғурта нафақаларига ва ишсизлик нафақаларига қаратилиши мумкин.



69-модда. Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган суммалар


Ундирув қуйидаги пул суммаларига қаратилиши мумкин эмас:

майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли кўрилган зарарни тўлаш суммаларига;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланадиган суммаларга;

бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга;

алимент мажбуриятлари бўйича тўланадиган суммаларга;

меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланадиган суммаларга, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тўланадиган суммаларга;

ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланадиган нафақа суммаларига;

дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа суммаларига;

қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланадиган суммаларга;

бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланадиган суммаларга;

хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга;

меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланадиган суммаларга.


70-модда. Алиментлар ва алимент мажбуриятлари

бўйича қарзларни ундириш тартиби


Алиментлар ва алимент мажбуриятлари бўйича қарзларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси билан белгиланади.


8-БОБ. МУЛКИЙ ХУСУСИЯТГА ЭГА БЎЛМАГАН

НИЗОЛАР БЎЙИЧА ИЖРО ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ


71-модда. Қарздорга муайян ҳаракатларни амалга ошириш

ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини

юкловчи ижро ҳужжатларини ижро этишнинг

умумий шартлари


Суд ижрочиси қарздорга муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритишни қўзғатаётганда уларни ихтиёрий равишда ижро этиш учун унга ўн беш кунлик муддат белгилайди.

Суд ижрочиси ижро ҳужжатининг ўзи белгилаган муддатда ихтиёрий равишда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Қарздор ижро ҳужжатининг талабларини суд ижрочиси томонидан белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган тақдирда, суд ижрочиси қарздорга нисбатан маъмурий жазо қўллайди, суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаган тақдирда эса уни жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантиради. Қарздор шундан сўнг ҳам ижро ҳужжатини ижро этишдан бўйин товлаган тақдирда, суд ижрочиси қонунда белгиланган тартибда уни жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўради.



72-модда. Ишга тиклаш тўғрисидаги ижро

ҳужжатини ижро этиш


Ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжати, башарти у билан тузилган меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ёки у қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказилган бўлса, дарҳол ижро этилади.

Ишга тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги ўзининг ноқонуний фармойишини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариб, ходим илгариги меҳнат мажбуриятларини бажаришга амалда қўйилган вақтдан бошлаб тамомланган ҳисобланади.


73-модда. Қарздорни кўчириш тўғрисидаги ижро

ҳужжатини ижро этиш


Қарздорни кўчириш тўғрисидаги ижро ҳужжати суд ижрочиси белгилаган муддатда ижро этилмаган тақдирда кўчириш суд ижрочиси томонидан мажбурий тартибда амалга оширилади.

Суд ижрочиси мажбурий кўчириш куни ва вақти тўғрисида қарздорга расман маълум қилади. Кўчириш куни тўғрисида хабардор қилинган қарздорнинг ҳозир бўлмаслиги ижро ҳужжатини ижро этиш учун тўсқинлик қилмайди.

Кўчириш ижро ҳужжатида кўрсатилган хонани кўчирилувчидан, унинг мол-мулкидан, уй ҳайвонларидан бўшатишдан ва кўчирилувчининг бўшатилган хонадан фойдаланишини ман қилишдан иборат бўлади.

Кўчириш холислар иштирокида, зарур ҳолларда - ички ишлар органлари ходимларининг кўмагида, суд ижрочиси томонидан мол-мулкни албатта хатлаган ҳолда амалга оширилади.

Суд ижрочиси зарур ҳолларда қилинадиган харажатларни қарздорнинг зиммасига юклаган ҳолда унинг мол-мулки сақланишини таъминлайди.

Агар қарздор уйдан кўчирилган кундан эътиборан олти ой ичида мазкур мол-мулкни олиб кетмаса, суд ижрочиси қарздорни ёзма шаклда огоҳлантирганидан сўнг мазкур мол-мулкни ушбу Қонунда белгиланган тартибда реализация қилишга топширади.

Қарздорнинг мол-мулкини реализация қилишдан тушган ва ижро йиғими, суд ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатларининг ўрни қопланганидан кейин ортиб қолган пул маблағлари қарздорга қайтарилади. Қарздор томонидан талаб қилиб олинмаган пул маблағлари Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағида уч йил мобайнида сақланади. Мазкур пул маблағлари ушбу муддат ўтганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Кўчириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш суд ижрочиси томонидан кўчириш тўғрисида далолатнома тузиш орқали расмийлаштирилади.


73-1-модда. Иморатни бузиб ташлаш

тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш

Қарздорнинг иморатини мажбурий бузиб ташлаш холислар иштирокида ва ички ишлар органларининг ходимлари кўмагида суд ижрочиси томонидан амалга оширилади.

Суд ижрочиси иморатни мажбурий бузиб ташлаш куни ва вақти ҳақида қарздорни хабардор қилади. Иморатни мажбурий бузиб ташлаш куни ва вақти ҳақида хабардор қилинган қарздорнинг келмаганлиги ижро ҳужжатини ижро этишга тўсқинлик қилмайди.


73-2-модда. Ер участкасини олиб қўйиш ва

ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш

Қарздордан ер участкасини мажбурий олиб қўйиш ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри органи мутахассиси албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилади.

Суд ижрочиси ер участкасини мажбурий олиб қўйиш куни ва вақти ҳақида қарздорни хабардор қилади. Ер участкасини мажбурий олиб қўйиш куни ва вақти ҳақида хабардор қилинган қарздорнинг келмаганлиги ижро ҳужжатини ижро этишга тўсқинлик қилмайди.

Ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ижроси ер участкаси суд ижрочисининг далолатномаси асосида ундирувчига ўтказилган пайтдан эътиборан тамомланган ҳисобланади.

Агар ундирувчининг ер участкасига бўлган тегишли ҳуқуқи рўйхатга олинмаган бўлса, суд ижрочиси ўз қарори билан ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри органига ундирувчининг ижро ҳужжатида кўрсатилган ер участкасига бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклайди. Бунда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ижроси ундирувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан тамомланган ҳисобланади.



74-модда. Ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги

ижро ҳужжатини ижро этиш


Ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжати ихтиёрий равишда ижро этиш учун суд ижрочиси белгилаган муддатда ижро этилмаган тақдирда, кўчириб киритиш суд ижрочиси томонидан амалга оширилади.

Кўчириб киритиш суд ижрочиси томонидан ундирувчининг ижро ҳужжатида кўрсатилган хонага монеликсиз киришини ва унда яшашини таъминлашдан иборат бўлади. Бунда қарздорга мажбурий кўчириб киритиш амалга оширилаётгани ва у ундирувчининг яшашига монелик қилмаслиги шарт эканлиги тушунтирилади.

Ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ижро этилишига қарздор монелик қилган тақдирда, ижро ҳаракатлари холислар иштирокида, зарур ҳолларда эса - ички ишлар органлари ходимларининг кўмагида амалга оширилади. Ундирувчининг яшашига монелик қилиш кейинчалик ҳам давом этса, мазкур ҳаракатлар яна амалга оширилади ва қонунда назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш суд ижрочиси томонидан кўчириб киритиш тўғрисида далолатнома тузиш орқали расмийлаштирилади.

Агар ундирувчининг тегишли хонадан ҳар куни монеликсиз фойдаланиш имконияти таъминланган бўлса, ижро ҳужжати ижро этилган ҳисобланади.

Агар ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисида далолатнома тузилганидан кейин қарздор ундирувчининг яшашига яна монелик қилса, ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритиш янгидан тикланиши мумкин.

Ижро ҳужжати бўйича қарздор бўлмаган шахс ундирувчининг яшашига монелик қилса, ижро иши юритиш қайта тикланмайди. Бундай ҳолда кўчириб киритиш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал қилинади.



9-БОБ. ИЖРО ИШИ ЮРИТИШДАГИ ХАРАЖАТЛАР


75-модда. Ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари


Суд ижрочиларининг депозит ҳисобварағида бўлиб, ижро ҳаракатларини ташкил этиш ва амалга оширишга сарфланган маблағлар, шунингдек ижро ишини юритишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахсларнинг маблағлари ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари ҳисобланади. Ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига қуйидагилар киради:

қарздорнинг мол-мулкини ташиш, сақлаш ва реализация қилишга сарфланган маблағлар;

ижро ҳаракатларини амалга оширишга белгиланган тартибда жалб этилган таржимонлар, мутахассислар ва бошқа шахсларга ҳақ тўлашга сарфланган маблағлар;

ундирилган суммаларни ундирувчига почта орқали ўтказишга (жўнатишга) сарфланган маблағлар;

қарздорни, унинг мол-мулкини ёки қарздордан суднинг қарори бўйича олиб қўйилган болани қидиришга сарфланган маблағлар;

ижро ҳужжатини ижро этиш жараёнида амалга ошириладиган бошқа зарур ижро ҳаракатларига сарфланган маблағлар.

Ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозим.



76-модда. Харажатларнинг ундирувчи томонидан

бўнак билан таъминланиши


Ижро ҳаракатлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ундирувчи суд ижрочиларининг депозит ҳисобварағига тегишли харажатларни ёхуд уларнинг бир қисмини амалга ошириш учун етарли миқдорда бўнак бадалини ўтказишга ҳақли.

Ушбу Қонун 42-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ундирувчи қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича тегишли харажатларни тўлиқ бўнак билан таъминлашга ҳақли.

Ижро ҳаракатлари тамомланганда бўнак бадали (ушбу Қонуннинг 77-моддасига мувофиқ харажатларнинг қарздор ҳисобидан амалга оширилган қисми) ундирувчига тўлиқ қайтарилади, ушбу Қонун 40-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


77-модда. Ижро ҳаракатларини амалга ошириш

харажатларини қоплаш тартиби


Ижро ҳаракатларини амалга оширишга кетган харажатлар қарздордан ундирилиб, суд ижрочиларининг депозит ҳисобварағига ўтказилади.

Ушбу Қонун 40-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ижро ҳужжатини ижро этиш учун қилинган харажатлар ундирувчидан ундирилади. Кўрсатилган ҳолларда харажатларни ундириш суд ижрочисининг қарори асосида амалга оширилади.

Суд ижрочиси қарорининг нусхаси тарафларга уч кунлик муддатда юборилади.

Суд ижрочисининг қарори юзасидан судга шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Ушбу Қонун 42-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидиришга кетган харажатларни қоплашни қарздор рад этган ёки ундан бўйин товлаган тақдирда, уларни қоплаш тўғрисидаги масала ундирувчининг аризасига биноан ёки суд ижрочисининг ташаббуси билан суд тартибида ҳал қилинади. Бунда ундирувчи ёки суд ижрочиси давлат божи тўлашдан озод этилади.



77-1-модда. Ижро йиғими

Суд ижрочиси томонидан ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун қарздордан ижро йиғими ундирилади.

Суд ижрочисининг ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қайси ижро иши юритиш юзасидан чиқарилган бўлса, ўша ижро ишига қўшиб қўйилади ва алоҳида ижро иши юритишни қўзғатмасдан ижро этилади.

Ижро йиғимининг миқдори ва ундирилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


10-БОБ. УНДИРИЛГАН ПУЛ СУММАЛАРИНИ

ТАҚСИМЛАШ ВА УНДИРУВЧИ ТАЛАБЛАРИНИ

ҚАНОАТЛАНТИРИШНИНГ НАВБАТИ


78-модда. Ундирилган пул суммасини тақсимлаш


Суд ижрочиси қарздордан ундирган, шу жумладан унинг мол-мулкини реализация қилиш йўли билан олган пул суммасидан ижро ҳужжатини ижро этиш жараёнида қарздорга солинган жарималар тўланади, ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари қопланади. Қолган пул суммасидан ундирувчининг талабларини қаноатлантириш ва қарздордан ундирилган пул суммасига мутаносиб равишда ижро йиғимини қоплаш учун фойдаланилади.

Ундирувчининг барча талаблари қаноатлантирилгандан кейин қолган пул суммаси қарздорга қайтарилади.



79-модда. Ундирувчиларнинг талабларини

қаноатлантириш навбати


Қарздордан ундирилган пул суммаси ижро ҳужжатлари бўйича барча талабларни қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, бу сумма ундирувчилар ўртасида ушбу Қонуннинг 80-моддасида белгиланган навбат бўйича тақсимланади.

Ҳар бир кейинги навбатдаги талаблар ўзидан олдинги навбатдаги талаблар тўлиқ қондирилгандан кейин қаноатлантирилади.

Ундирилган сумма бир навбатдаги барча талабларни тўла қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, улар ҳар бир ундирувчига тегишли суммага мутаносиб равишда қаноатлантирилади.


80-модда. Ундирувлар навбати


Биринчи навбатда: бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича талаблар; меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар; алиментлар ундириш бўйича талаблар; муаллифлик шартномалари бўйича ҳақларни тўлаш бўйича талаблар; ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар; адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам ҳақини тўлаш бўйича талаблар қаноатлантирилади.

Иккинчи навбатда: ижтимоий суғурта бўйича талаблар; жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар қаноатлантирилади.

Учинчи навбатда мажбурий суғурта органларининг талаблари қаноатлантирилади.

Тўртинчи навбатда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талаблари қаноатлантирилади.

Бешинчи навбатда кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талаблари қаноатлантирилади.

Олтинчи навбатда қолган барча талаблар қаноатлантирилади.

Қарздорга бир неча талаблар (ижро ҳужжатлари) бўйича солинган ижро йиғимлари ушбу модданинг биринчи-олтинчи қисмларида белгиланган тегишли талабни қаноатлантириш учун мўлжалланган кетма-кетликка мувофиқ ундирилади. Бунда қарздорга номулкий хусусиятдаги ижро ҳужжатлари бўйича солинган ижро йиғимлари, шунингдек қонунда белгиланган муддатда реализация қилинмаган мол-мулк мулкий хусусиятдаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчига ўтказилган ҳолларда биринчи навбатдаги талабларга тенглаштирилади.


11-БОБ. ИЖРО ҲУЖЖАТИНИ ИЖРО ЭТМАГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


81-модда. Ижро ҳужжатини банк ёки бошқа кредит

ташкилоти томонидан ижро этмаганлик

учун жавобгарлик


Ижро ҳужжати топширилган банк ёки бошқа кредит ташкилоти пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун уларга иқтисодий суд томонидан ундирилиши лозим бўлган сумманинг эллик фоизигача миқдорда жарима солинади.


82-модда. Ижро ҳужжатини ижро этмаганлик ва

унинг ижросига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик


Ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек унинг ижросига тўсқинлик қилганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


12-БОБ. СУД ИЖРОЧИСИНИНГ МАҚОМИ


83-модда. Суд ижрочиси

Ўрта махсус (юридик) ёки олий (юридик) маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси суд ижрочиси бўлиши мумкин. Қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси катта суд ижрочиси бўлиши мумкин.

Суд ижрочиси лавозимига тайинлаш учун кадрларни танлаб олиш танлов асосида амалга оширилади. Катта суд ижрочилари ва суд ижрочиларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Суд департаменти директори билан келишилган ҳолда Суд департаментининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Суд ижрочиси ҳокимият вакили ҳисобланади ва хизмат вазифаларини бажараётганда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунадаги формали кийим-бош кияди.

Суд ижрочиларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда адлия органлари ходимларининг мансаб даражалари берилади.

Суд департаментининг директори лавозимига кўра Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси, ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош суд ижрочисидир. Суд департаментининг суд қарорларини ижро этиш бошқармаси бошлиғи ва ҳудудий бошқармаларнинг суд қарорларини ижро этиш бўлимлари бошлиқлари лавозимига кўра тегишинча бош суд ижрочиларининг ўринбосарларидир.

Суд департаментининг суд қарорларини ижро этиш бошқармаси ва ҳудудий бошқармаларнинг суд қарорларини ижро этиш бўлимлари ходимлари суд ижрочилари мақомига эга бўлади.



83-1-модда. Бош суд ижрочиларининг ва

улар ўринбосарларининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош суд ижрочилари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари:

қуйи турувчи суд ижрочиларидан ижро иши юритиш материалларини, ҳужжатлар ва ижро ҳужжатининг ижро этилиши жараёни тўғрисидаги бошқа маълумотларни текшириш учун талаб қилиб олади;

ижро иши юритиш, шу жумладан, у ёки бу ижро ҳаракатларини амалга ошириш бўйича ёзма кўрсатмалар беради;

суд ижрочиларининг ноқонуний ва асоссиз қарорларини бекор қилади;

суд ижрочиси ижро иши юритиш жараёнида қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган тақдирда, уни ижро ҳаракатларини бундан буён амалга оширишдан четлаштиради;

суд ижрочиларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорларига доир шикоятларни кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ суриштирув органи бошлиғининг вазифаларини бажаради.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош суд ижрочилари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



84-модда. Суд ижрочиларининг ҳуқуқлари

Суд ижрочиси ижро ҳаракатларини амалга оширишда:

давлат органларидан ва бошқа органлардан, ташкилотлардан ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотлар олиш; .

давлат органларига ва бошқа органларга, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

ишлаётган қарздорларга нисбатан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишини ҳамда молиявий ҳужжатларнинг юритилишини ижро иши юритишга мувофиқ текширувдан ўтказиш;

ижро иши юритишда иштирок этаётган шахсларга муайян ижро ҳаракатларини амалга ошириш масалалари юзасидан топшириқлар бериш;

қарздорлар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган, қарздорга қарашли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлганда эса бошқа шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга ва шу жумладан, турар жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда жойлар ҳамда омборларни мажбуран очиш ва холислар иштирокида кўздан кечириш, ўзга шахсларда қарздорга тегишли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлмаганда эса бундай ҳаракатларни бошқа шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойлар ва омборларда суд ажрими асосида амалга ошириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни хатлаш, хатланган мол-мулкни олиб қўйиш, сақлашга топшириш ва реализация қилиш;

қарздорнинг банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида, омонатларида турган ёки сақлаш учун қўйилган пул маблағлари ҳамда ўзга қимматликларини хатлаш;

қарздор ва унинг дебиторларининг ҳисобварақларига ижро ҳужжатлари бўйича қарз суммаларини ундириш ҳақида инкассо топшириқномаларини қўйиш;

олиб қўйилган мол-мулкни вақтинча сақлаш учун давлат мулкидаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан, мулкдорнинг розилиги билан эса, хусусий мулкдаги жойлардан фойдаланиш, бундай мол-мулкни сақлаш мажбуриятини тегишли шахслар зиммасига юклаш, ундирувчининг ёки қарздорнинг транспорт воситасидан мол-мулкни ташиш учун харажатларни қарздорнинг ҳисобига киритган ҳолда фойдаланиш;

ижро ҳаракатлари амалга оширилаётганда асос бўлган ижро ҳужжатидаги талабларда ноаниқлик бўлган тақдирда, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга уни ижро этиш тартибини тушунтириб беришни сўраб мурожаат этиш;

ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсларни чақириш;

ижро йиғимларини, суд ижрочиси томонидан солинган жарималарни ва ижро харажатларини ундириш;

қарздор жисмоний шахсга, унинг мол-мулкига ёки олиб қўйилиши лозим бўлган болага нисбатан қидирув эълон қилиш;

ижро ҳаракатларини амалга оширишда юзага келган масалалар бўйича, шу жумладан, ижро усули ва тартибини ўзгартириш масаласида судга ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилиш;

ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида, зарур ҳолларда, ички ишлар органларининг ходимларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш;

ижро ҳужжатлари талабларини узрсиз сабабларга кўра ихтиёрий равишда бажармаган, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш, шунингдек суд ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаган ёки суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

ушбу Қонунда белгиланган тартибда мол-мулкни баҳолаш;

мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб этиш;

қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишига вақтинча чеклаш белгилаш ҳуқуқига эга.

Суд ижрочиси ижро ҳаракатларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



85-модда. Суд ижрочиларининг мажбуриятлари


Суд ижрочиси ўзига берилган ҳуқуқлардан қонунга мувофиқ фойдаланиши ҳамда ўз фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига йўл қўймаслиги шарт.

Суд ижрочиси:

ижро иши юритишда иштирок этаётган шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

ижро ҳужжатларининг ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри ижро этилиши чораларини кўриши;

ижро иши юритиш тарафларига ёки уларнинг вакилларига ижро иши юритиш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар, нусхалар олиш имкониятини бериши;

тарафларнинг ижро иши юритиш борасидаги аризаларини ва илтимосномаларини кўриб чиқиши, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирган ҳолда тегишли қарорлар чиқариши;

агар ўзи ижро иши юритиш жараёнидан манфаатдор бўлса ёки унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, ўзини ўзи рад этиши шарт.

Суд ижрочисининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



86-модда. Суд ижрочисининг қарори


Агар суд ижрочисининг ижро ҳаракатларини амалга оширишда қабул қиладиган қарорлари (ижро иши юритишни кўзғатиш, ижро йиғимини ундириш, жарима солиш ва бошқалар) ижро ишини юритишдаги тарафлар ва бошқа шахслар манфаатларига дахлдор бўлса, суд ижрочиси тегишли қарор чиқаради, у ижро ишига қўшиб қўйилади.

Суд ижрочисининг қарорида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

қарор чиқарилган сана ва жой;

қарорни чиқарган шахснинг лавозими, фамилияси, исми ва отасининг исми;

қарор қайси ижро иши юритиш юзасидан чиқарилганлиги;

қарор орқали ҳал қилинадиган масала;

қабул қилинаётган қарорнинг суд ижрочиси амал қилган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини кўрсатган ҳолдаги асослари;

кўрилаётган масала бўйича хулоса;

қарор устидан шикоят бериш ёки протест билдириш тартиби ва муддати.

Суд ижрочисининг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузилмаган ҳолда чиқарилади ва алоҳида ижро иши юритиш қўзғатилмасдан ижро этилади.

Суд ижрочисининг қарори устидан шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.


86-1-модда. Суд ижрочисининг қарорлари

устидан шикоят бериш ва протест келтириш

Иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича суд ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган иқтисодий судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга, қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда суд ижрочисининг қарори устидан қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд ижрочиси жойлашган ердаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят берилади.

Суд ижрочисининг қарорига қонунда белгиланган тартибда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.


87-модда. Суд ижрочисининг талабларини

бажаришнинг мажбурийлиги


Суд ижрочисининг ўз ваколатлари доирасидаги талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча органлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Суд ижрочилари ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва ҳужжат нусхалари уларнинг талабига кўра бепул ва суд ижрочиси томонидан белгиланган муддатда тақдим этилади.

Суд ижрочисининг талабларини бажармаслик, унинг зиммасига юкланган вазифаларни бажаришига монелик қилувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


88-модда. Суд ижрочиларининг жавобгарлиги


Суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Суд ижрочилари содир этган ҳуқуқбузарликлари учун қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Суд ижрочиси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қопланиши лозим.


89-модда. Суд ижрочиларининг ижтимоий ҳимояси


Суд ижрочилари республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат мажбурий суғуртасидан ўтказилиши керак.

Суд ижрочилари ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган ёки уларнинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилган ёхуд улар ҳалок бўлган тақдирда суд ижрочисига ёки ҳалок бўлган шахснинг оиласига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда бирйўла бериладиган нафақа тўланади.

Суд ижрочилари ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда уларнинг мол-мулкига етказилган зарар республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиб, бу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.



89-1-модда. Суд департаментининг фаолиятини ташкил этиш

Суд департаменти органларининг фаолиятини ташкил этиш, вазифалари ва функциялари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Суд департаменти органларида хизматни ўташ, Суд департаменти органлари ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Суд департаменти органлари ижро иши юритиш ҳужжатларини ҳисобга олиш ва сақлашни қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ таъминлайди. Ижро иши юритишлардаги ижро ҳужжатларининг ва бошқа ҳужжатларнинг олиб қўйилишига фақат суд қарори асосида ёки Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Ижро иши юритишларни олиб бориш, шу жумладан, уларни шакллантириш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Суд департаменти Суд департаменти органлари томонидан қўзғатилган ижро иши юритишлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини юритади.



89-2-модда. Ички хавфсизлик инспекцияси

Суд департаменти тизимида Ички хавфсизлик инспекцияси ташкил этилади, у Суд департаменти органлари ходимлари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш бўйича иш олиб боради, хизмат текширувларини ўтказади, Суд департаменти органларини ҳалол ва касбий тайёргарликка эга бўлган кадрлар билан тўлдириш учун номзодларни ўрганади, Суд департаменти органлари ходимларини уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлардан, ходимларнинг ва улар оила аъзоларининг шахсий ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини тажовузлардан ҳимоя қилиш чораларини кўради.

Ички хавфсизлик инспекцияси ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


90-модда. Суд ижрочилари фаолиятининг

молиялаштирилиши ва моддий-техника

таъминоти


Суд ижрочилари фаолиятининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти Суд департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Суд департаменти органлари махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан, Суд департаментига мансублигини англатувчи махсус чироқли сигналларга, бўёқларнинг рангли график схемаларига эга бўлган автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Суд ижрочиларининг фаолиятини қўшимча молиялаштириш ва моддий-техника таъминотини яхшилаш мақсадида жамғарма тузилиши мумкин. Ушбу жамғармани ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов