ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикасининг 26.12.2008 й. ЎРҚ-195-сон "Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.09.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 04.12.2008 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.2008 й.

N ЎРҚ-195



ҚУТҚАРУВ ХИЗМАТИ ВА ҚУТҚАРУВЧИ

МАҚОМИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 23 сентябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 4 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Қутқарув хизмати ва қутқарувчи

мақоми тўғрисидаги

қонунчилик

Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


фавқулодда вазият - одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида, муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарнинг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар комплекси;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш - олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса, одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга қаратилган тадбирлар комплекси;

қутқарувчи - муайян дастур бўйича қутқарув ишларига тайёрланган ва белгиланган тартибда аттестациядан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

қутқарув воситалари - қутқарув ишларини олиб бориш учун мўлжалланган техник, илмий-техник ва интеллектуал маҳсулот, шу жумладан, махсус алоқа ва бошқарув воситалари, техника, асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар, мол-мулк, қутқарув ишларини бажариш технологиясига доир услубий материаллар, видеоматериаллар, фотоматериаллар, электрон ҳужжатлар, шунингдек электрон-ҳисоблаш машиналари учун дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базалари, бошқа воситалар;


қутқарув ишлари - фавқулодда вазиятлар зонасида одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкини, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва уларга хос бўлган хавфли омиллар таъсирини йўқотиш ёки имкон қадар камайтиришга қаратилган ҳаракатлар;

қутқарув тузилмаси - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ишларини олиб бориш учун мўлжалланган, асосини махсус техника, асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар ва бошқа қутқарув воситалари билан таъминланган қутқарувчилар бўлинмалари ташкил этган мустақил тузилма ёки қутқарув хизмати таркибига кирувчи тузилма;


қутқарув хизмати - фаолияти бўйича ягона тизимга бирлаштирилган, асосини профессионал қутқарув тузилмалари ташкил этган, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир вазифаларни ҳал қилиш учун мўлжалланган бошқарув органлари, кучлар ва воситалар мажмуи.



4-модда. Қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари

ва қутқарувчилар фаолиятининг асосий принциплари

Қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва қутқарувчилар фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик ва меҳр-мурувват;

фавқулодда вазиятлар рўй берганда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш вазифаларининг устуворлиги;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришда асосли таваккалчилик ва хавфсизликнинг таъминланиши;

қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва қутқарувчиларга яккабошчилик асосида раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилишга ҳамда уларни бартараф этиш ишларини олиб боришга қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва қутқарувчиларнинг доимий шайлиги.



5-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларининг асосий вазифалари

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўз бошқарув органлари, кучлари ва қутқарув воситаларини фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилишга ҳамда уларни бартараф этиш ишларини олиб боришга доимий шай ҳолатда сақлаб туриш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш;

фавқулодда вазиятлар шароитида юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ишларини олиб бориш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб қилиш, аҳолини ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ходимларини фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёрлашда иштирок этиш.



6-модда. Қутқарув ишларининг турлари

Қутқарув ишларига авария-қутқарув, қидирув-қутқарув, тоғ-кон қутқарув, сув-қутқарув, газ-қутқарув ишлари, шунингдек ёнғинларни ўчириш ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ ишлар киради.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қутқарув ишларининг турлари қонунчиликка мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.


2-БОБ. ҚУТҚАРУВ ХИЗМАТЛАРИ

ВА ҚУТҚАРУВ ТУЗИЛМАЛАРИ

7-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларини ташкил этиш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қуйидаги асосларда ташкил этилиши мумкин:

доимий штат асосида - қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмалари;

штатсиз асосда - штатдан ташқари қутқарув тузилмалари.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмалари:

республика миқёсида - Ўзбекистон Республикасининг Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан;

ҳудудлар миқёсида - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан;

объектлар миқёсида - қонунчиликда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун ўз қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари бўлиши шартлиги назарда тутилган ташкилотларнинг қарорига биноан ташкил этилади.

Штатдан ташқари қутқарув тузилмалари ташкилотлар томонидан ўз ходимлари орасидан белгиланган тартибда ташкил этилади.

Жамоат қутқарув тузилмалари уставда белгиланган вазифаси фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришда иштирок этишдан иборат бўлган жамоат бирлашмалари томонидан жамоатчилик асосида ташкил этилади.


8-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларининг таркиби, тузилиши

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг таркиби, тузилиши тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқарув органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда ташкилотлар, шу жумладан, жамоат бирлашмалари томонидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ўз зиммаларига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.



9-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмалари сафини тўлдириш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг сафини тўлдириш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, шу жумладан, жамоат бирлашмалари қутқарувчи лавозимига қабул қилиш шартларини белгилайди.

Қутқарув хизматларига, профессионал қутқарув тузилмаларига қутқарувчи лавозимига, шунингдек қутқарувчиларни тайёрловчи таълим муассасаларида ўқишга умумий ўрта маълумотли, тиббий текширувда қутқарувчилик ишига яроқли деб топилган ҳамда касбий, жисмоний тайёргарлиги даражасига ва маънавий-руҳий фазилатларига кўра белгиланган талабларга мос келадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Ўн саккиз ёшга тўлган, қутқарувчиларни тайёрлаш дастури бўйича таълим олган ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ишларини олиб бориш учун белгиланган тартибда аттестациядан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларида қутқарувчи вазифаларини бажаришга рухсат берилади.


10-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларини аттестациядан ўтказиш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда аттестациядан ўтказилиши керак.

Аттестациядан ўтмаган ёки текширувлар давомида фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилишга ҳамда уларни бартараф этиш ишларини ўтказишга шайлигини тасдиқлай олмаган қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг объектлар ва ҳудудларга шартнома асосида хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди ҳамда улар қутқарув ишларини олиб боришга жалб этилмайди.



11-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларини ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказиш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилиши керак.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларининг фаолияти

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари ўз фаолиятида ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

Қутқарув хизматларининг, профессионал қутқарув тузилмаларининг раҳбарлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлар шу хизматлар ва тузилмаларнинг барча ходимлари, шунингдек фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришга жалб этилган штатдан ташқари қутқарув тузилмалари ва жамоат қутқарув тузилмаларининг ходимлари бажариши учун мажбурийдир.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмалари объектлар ҳамда худудларга хизмат кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини шартнома асосида амалга ошириши мумкин.

Фавқулодда вазиятлар таҳдиди бўлганда ва улар рўй берганда ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш чоғида қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларида жамоага доир меҳнат низоларини ҳал этиш воситаси сифатида қутқарув ишларини тугатишга йўл қўйилмайди.

Штатдан ташқари қутқарув тузилмалари ташкил этилган ташкилотларнинг раҳбарлари қутқарувчиларни қутқарув ишлари олиб боришнинг махсус кўникмаларига ўргатиш бўйича мунтазам машғулотлар уюштиради ҳамда уларни махсус аслаҳа-анжомлар билан таъминлайди.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатлар қилишга ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришга шайлиги учун давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларнинг, шу жумладан, жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари масъулдир.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг тезкор транспорти махсус товуш ва ёритиш сигнал асбоблари билан таъминланган, шунингдек белгиланган намунадаги рангларга бўялган бўлиши шарт.



13-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқарув органи томонидан қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун зарур бўлган кучлар ва воситаларни тезкор жалб этиш;

қутқарув воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини моддий-техника жиҳатидан таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш ишларини олиб боришда иштирок этувчи қутқарувчиларни, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг мансабдор шахсларини тайёрлаш масалаларини ҳал этиш;

тегишли ҳудудларда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришда қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва бошқа кучлар ўртасида ҳамкорликни таъминлаш;

қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини бир хиллаштириш.


14-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини

бошқа жойга кўчириш, қайта ихтисослаштириш,

қайта ташкил этиш ёки тугатиш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини бошқа жойга кўчириш, қайта ихтисослаштириш, қайта ташкил этиш ёки тугатиш учун улар хизмат кўрсатаётган ташкилотлар фаолиятининг тугатилганлиги ёхуд мазкур хизматлар ва тузилмалар томонидан олди олиниши ҳамда бартараф этилиши мўлжалланган фавқулодда вазиятларнинг рўй бериши хавфи йўқотилганлиги асос бўлади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларини, шунингдек ташкил этилиши шартлиги қонунчиликда назарда тутилган штатдан ташқари қутқарув тузилмаларини бошқа жойга кўчириш, қайта ихтисослаштириш, қайта ташкил этиш ёки тугатиш уларни ташкил этган мансабдор шахслар, органлар ёхуд ташкилотларнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари бошқа жойга кўчирилган, қайта ихтисослаштирилган, қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқарув органига ёзма билдириш юборилиши керак.



15-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув

тузилмалари фаолиятини молиялаштириш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар маблағлари;

қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларига эга бўлган ташкилотларнинг молиявий маблағлари;

аҳоли ва ташкилотларга кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда ташкил этилган молиявий маблағлар захиралари;

қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар.


3-БОБ. ҚУТҚАРУВ ХИЗМАТЛАРИ ВА ҚУТҚАРУВ

ТУЗИЛМАЛАРИНИНГ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИ

БАРТАРАФ ЭТИШДАГИ ИШТИРОКИ

16-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилиш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилиш:

хизмат кўрсатилаётган объектлар ва ҳудудларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишга доир ҳаракатлар режасига мувофиқ;

фавқулодда вазиятлар рўй берган ва уларнинг кўлами кенгая бошлаган тақдирда белгиланган тартибда;

мазкур қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари фаолиятига раҳбарлик қилаётган ёки бунинг учун қонунчиликда белгиланган ваколатларга эга бўлган давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, шу жумладан, жамоат бирлашмалари мансабдор шахсларининг қарорига биноан амалга оширилади.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, шу жумладан, жамоат бирлашмаларининг шунга ваколатли мансабдор шахслари қарорига биноан жалб қилиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган объектлар ва ҳудудларнинг фавқулодда вазиятлардан ҳимояланганлик даражасини таъминлайдиган чора-тадбирлар кўрилиши шарт.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади.


17-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этиш ишларига раҳбарлик қилиш

Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилинган барча кучлар ва воситаларга раҳбарлик қилиш ҳамда уларнинг ҳамкорликда ҳаракат қилишини ташкил этиш фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларининг раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари раҳбарининг ваколатлари:

трансчегаравий ва республика миқёсидаги фавқулодда вазиятларда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан;

локал фавқулодда вазиятларда - давлат бошқарув органлари, ташкилотлар томонидан белгиланади.

Фавқулодда вазиятлар зонасига биринчи бўлиб етиб келган қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг раҳбарлари фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари раҳбарларининг ваколатларини ўз зиммаларига олади ҳамда бу ваколатларни фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларида белгиланган ёки фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқарув органи, бошқа давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар томонидан тайинланган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари раҳбарлари етиб келгунига қадар бажаради.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари раҳбарларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этишга қаратилган қарорлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фавқулодда вазиятлар зоналаридаги барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари раҳбарларининг фаолиятига уларни вазифаларини бажаришдан белгиланган тартибда четлаштирмасдан ва раҳбарликни ўз зиммасига олмасдан ёки бошқа мансабдор шахсни тайинламасдан туриб аралашишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид бўлганда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларининг раҳбарлари мустақил равишда қуйидаги қарорларни қабул қилишга ҳақлидир:

эвакуация тадбирларини ўтказиш тўғрисида;

фавқулодда вазиятлар зоналаридаги объектларда ва ҳудудларда қутқарув ишларини олиб бориш тўғрисида;

фавқулодда вазиятлар зоналарига киришни чеклаш тўғрисида;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун фавқулодда вазиятлар зоналаридаги ташкилотларнинг моддий ресурсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш тўғрисида;

штатдан ташқари қутқарув тузилмалари ва жамоат қутқарув тузилмаларини, шунингдек қутқарув ишлари олиб боришга бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган тақдирда, мазкур тузилмалар таркибига кирмаган қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришга жалб қилиш тўғрисида;

қутқарувчи бўлмаган айрим фуқароларни кечиктириб бўлмайдиган қутқарув ишларини олиб боришга ихтиёрийлик асосида жалб қилиш тўғрисида;

фавқулодда вазиятлар кўламининг кенгайиб бориши ва уларни бартараф этиш ишларининг бориши тақозо этган бошқа зарур чораларни кўриш тўғрисида.

Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид бўлган тақдирда, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларининг раҳбарлари ўзлари қабул қилган қарорлар ҳақида тегишли давлат бошқарув органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, ташкилотларни дарҳол хабардор қилиш юзасидан барча чораларни кўриши шарт.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларининг раҳбарлари, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари раҳбарлари фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини ташкил қилиш учун фавқулодда вазиятлар тўғрисида зарур бўлган тўлиқ ва ишончли ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Қутқарув ишларини тўлиқ ҳажмда олиб боришнинг технологик жиҳатдан имкони бўлмаган тақдирда, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларининг раҳбарлари, биринчи навбатда, фавқулодда вазиятлар зоналаридаги одамларни қутқариш бўйича имкони бўлган барча чораларни кўргач, қутқарув ишларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


18-модда. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларига

ўз фаолиятини амалга оширишида кўмаклашиш

Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ташкилотлар қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларига фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини бажаришда ёрдам кўрсатиши, шу жумладан, кейинчалик ўрни белгиланган тартибда қопланиши шарти билан уларга зарур транспорт ва моддий воситаларни тақдим этиши шарт.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини ўтказиш жойига бораётганда қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг тезкор транспорти монеликсиз ўтиш ҳамда аэродромлар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва дарё портларида ёнилғи-мойлаш материаллари билан биринчи навбатда таъминланиш, шунингдек техник хизмат кўрсатиш станциялари ва устахоналарида техника ҳамда аслаҳа-анжомлар, алоқа воситаларининг биринчи навбатда таъмирланиши ҳуқуқидан фойдаланади.



4-БОБ. ҚУТҚАРУВЧИЛАР ВА УЛАРНИНГ МАҚОМИ

19-модда. Қутқарувчилар

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий текширувдан ўтганидан, жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажарганидан, қутқарувчиларни тайёрлаш дастури бўйича ўқувдан кейин аттестация натижалари асосида ваколатли аттестация органининг қарорига биноан қутқарувчи мақомига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қутқарувчи мақоми берилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ваколатли аттестация органи уларга белгиланган намунадаги гувоҳнома, рухсатнома, қутқарувчи дафтарчаси, қутқарувчининг рўйхатдан ўтказилганлик рақами ёзилган нишон беради.


20-модда. Қутқарувчилар аттестацияси

Қутқарувчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтади.


21-модда. Қутқарувчилар фаолиятининг кафолатлари

Қутқарувчилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганда ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади ҳамда мазкур ишлар қайси қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари таркибида олиб борилаётган бўлса, ўша қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг раҳбарларига бўйсунади.

Қутқарувчиларни фавқулодда вазиятлардан ташқари, уларнинг вазифаларига тааллуқли бўлмаган ишларни бажаришга жалб этишга ўзларининг розилигисиз йўл қўйилмайди.



22-модда. Қутқарувчиларнинг ҳуқуқлари

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларига жалб қилинган қутқарувчилар мазкур ишлар олиб бориладиган жойга бораётганда барча турдаги транспортга навбатсиз чипта олиш ҳуқуқига эга.

Қутқарувчилар фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган зарур чоралар кўриш;

ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш учун ташкилотларнинг ҳудудига, бинолари, хоналарига ва ҳар қандай бошқа иморатларига, тураржойларга монеликсиз кириш;

чегара олди зонасига - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари қўмондонлигининг рухсати билан кириш;

режимли объектлар ҳудудига - ушбу объектлар раҳбарларининг рухсати билан кириш;

фавқулодда вазиятлар зоналаридаги барча шахслардан белгиланган хавфсизлик чораларига риоя этишни талаб қилиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш технологиясига мувофиқ махсус аслаҳа-анжомлар билан таъминланиш;

одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш учун ҳамда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид бўлган тақдирда, фавқулодда вазиятлар зонасидаги ташкилотларнинг алоқа воситалари, транспорти, моддий ресурслари ва бошқа мол-мулкидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш чоғида юридик ёки жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилган тақдирда зарарнинг ўрнини қоплаш фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади, қутқарувчиларнинг айбли ҳаракатлари натижасида зарар етказилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Қутқарувчилар фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш даврида харажатларининг ҳақи қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини таъминлашга ажратилган маблағлар ҳисобидан ёки хизмат кўрсатилаётган ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўланган ҳолда, белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда жойлаштирилиш ҳуқуқига эга.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишловчилар жумласидан бўлган қутқарувчилари навбатчиликни ўташ чоғида иш берувчиларнинг ҳисобидан харажатлари ҳақи тўланган ҳолда озиқ-овқат билан таъминланиш ёки озиқ-овқатга қилган харажатларининг ўрни белгиланган нормалардан кам бўлмаган тарзда қопланиши ҳуқуқига эга.

Қутқарувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23-модда. Қутқарувчиларнинг мажбуриятлари

Қутқарувчилар:

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб боришда иштирок этишга шай туриши;

ўз жисмоний, махсус, тиббий, руҳий тайёргарлигини ҳамда қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари таркибида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар қилиш кўникмаларини такомиллаштириб бориши;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича қутқарув ишларини олиб бориш технологиясига қатъий риоя этиши;

фавқулодда вазиятлар шароитида жабрланганларни қидириши, уларни қутқариш чораларини кўриши, уларга биринчи тиббий ёрдам ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиши;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш чоғида, қутқарувчилар мазкур ишларни олиб боришда қайси қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг таркибида иштирок этаётган бўлса, ўша қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг раҳбарлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни сўзсиз бажариши;

фавқулодда вазиятларга йўл қўймаслик мақсадида фуқароларга бехатар юриш-туриш қоидаларини ва фавқулодда вазиятлар рўй берган тақдирда бажариладиган ҳаракатлар тартибини тушунтириши шарт.

Қонунчиликка мувофиқ қутқарувчилар зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


24-модда. Қутқарувчиларнинг иш вақти

(хизматни ўташ) режими

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишловчилар жумласидан бўлган қутқарувчиларининг иш вақти режими кундалик фаолиятда ички меҳнат тартиби қоидалари, навбатчилик жадваллари, махсус тайёргарлик бўйича машғулотлар ёки бошқа тадбирлар жадваллари билан белгиланади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг ҳарбий хизматчилар жумласидан бўлган қутқарувчиларининг хизматни ўташ режими белгиланган тартибда ўрнатилади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг тоифаланган объектларга хизмат кўрсатувчи кутқарувчиларининг иш вақти (хизматни ўташ) режими белгиланган тартибда ўрнатилади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларига чиқишни кутиш ва унга шай бўлиб туриш режимида уйда навбатчилик қиладиган вақти навбатчиликнинг ҳар бир соати учун чорак соат ҳисобида инобатга олинади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини олиб бориш чоғидаги иш вақти (хизматни ўташ) режими ва иш сменасининг давомийлиги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари раҳбарлари томонидан фавқулодда вазиятларнинг хусусияти, уларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг ўзига хос хусусиятлари ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг қутқарувчиларига ҳар йили ўттиз иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади.

Ноқулай ва ўзига хос бўлган меҳнат шароитларида ишлаганлик учун қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг қутқарувчиларига қонунчиликка мувофиқ ҳар йили ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.


25-модда. Қутқарувчиларнинг меҳнатига хақ тўлаш

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишловчилар жумласидан бўлган қутқарувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномаси (контракт) шартларига мувофиқ белгиланади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг ҳарбий хизматчилар жумласидан бўлган қутқарувчиларининг пул таъминоти белгиланган тартибда аниқланади.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг таркибига кирмайдиган қутқарувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича амалга оширилади.

Қутқарувчиларнинг якка муҳофазаланиш воситаларида ишлаганлиги ҳисобга олинади ва белгиланган тартибда ҳақ тўланади.


26-модда. Қутқарувчиларни уй-жой билан таъминлаш

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг қутқарувчиларига, шунингдек улар билан бирга яшовчи оила аъзоларига қонунчиликка мувофиқ идоравий уй-жой фонди ҳисобидан тураржойлар берилади.


27-модда. Қутқарувчиларни ижтимоий

муҳофаза қилиш чоралари

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғи мажбурий суғурта қилиниши керак. Қутқарувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси (контракт) билан зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида жабрланган қутқарувчилари иш берувчиларнинг маблағлари ҳисобидан бепул тиббий хизмат кўрсатилиш ва санаторий-курортда даволаниш ҳуқуқига эга.

Қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳамда қутқарувчи бўлмаган фуқароларнинг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини бажариши муносабати билан соғлиғига зарар етказилган ёки улар вафот этган тақдирда, тегишинча шу шахсларга ёки вафот этган шахснинг оиласига зарарнинг ўрни қопланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда бир йўла бериладиган нафақа тўланади.

Қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишловчилар жумласидан бўлган қутқарувчилари умумий белгиланган ёш ўн йилга камайтирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Касб касалликларининг олдини олиш мақсадида қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг қутқарувчиларига тегишли рацион ва нормалар бўйича даволаш-профилактика озиқ-овқати берилади.

Қутқарувчиларнинг меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларининг боқувчисини йўқотганлик учун пенсия таъминоти қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ташкилотлар, шу жумладан, жамоат бирлашмалари қарорларига биноан қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларининг қутқарувчиларини, шунингдек бу хизматлар ва тузилмаларнинг таркибига кирмайдиган қутқарувчиларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг ушбу Қонунга зид бўлмаган қўшимча кафолатлари белгиланиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

28-модда. Низоларни ҳал этиш

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


29-модда. Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми

тўғрисидаги

қонунчиликни
бузганлик

учун жавобгарлик

Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


30-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқарув органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Халқ сўзи", 2008 йил 27 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 52-сон, 511-модда.
















































Время: 0.1396
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск