Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар /

Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси биржа савдоларида омихта емни сотиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 16.01.2009 й. 1884-сон билан рўйхатга олинган 22.12.2008 й. Иқтисодиёт вазирлигининг 60-сон, Молия вазирлигининг 118-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 16 январда 1884-сон

билан рўйхатга олинган

Иқтисодиёт вазирлиги,

Молия вазирлигининг

2008 йил 22 декабрдаги

60, 118-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё

биржаси биржа савдоларида омихта

емни сотиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 17-сон, 130-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси (бундан кейинги ўринларда Биржа деб юритилади) биржа савдоларида омихта емни сотиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


биржа савдолари электрон тизими - Биржа аъзоларига республиканинг ҳар бир географик нуқтасидан аниқ вақт режимида узоқ масофадан туриб биржа савдоларида иштирок этиш имконини берадиган дастурий аппарат воситалари мажмуидан иборат глобал тақсимланган ахборот тизими;


битишув баённомаси - харидор ва сотувчига биржа савдоларини ўтказиш якунлари бўйича бериладиган, сотувчи, харидор ва биржа брокери томонидан имзоланган, тарафларни белгиланган муддатда талаб ва таклиф нархи бўйича биржа савдолари натижаларига кўра харид қилинган ҳажмда маҳсулотнинг олди-сотди шартномасини тузиш мажбуриятини юклайдиган ҳужжат;


закалат - Биржада амалга ошириладиган битишувларнинг бажарилиши кафолатини таъминлаш учун харидорлар ва сотувчилар томонидан Биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг иккиламчи депозит ҳисобварағига киритиладиган битишувларни кафолатли таъминлаш маблағи;


ихтисослашган шохобчалар - маҳсулотни фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари эгаларига сотувчи туман ва вилоят бирлашмалари таркибидаги савдо корхоналари;


маҳсулот - биржа савдоларида сотиладиган омихта ем;


сотувчи - маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ва биржа савдоларида сотиш учун уни биржа савдоларига чиқарувчи корхоналар;


тўланган битишувлар реестри - тузилган олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ қопланишини таъминлайдиган миқдордаги маблағларнинг харидорнинг ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги шахсий ҳисобварағига келиб тушганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


харидор - улгуржи ва/ёки чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган, маҳсулотни очиқ биржа савдоларида харид қилиб олувчи, уни фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари эгаларига сотиш учун ихтисослаштирилган пунктларга етказиб берувчи ем-хашак, шу жумладан омихта ем, шрот ва шелуха сотиш бўйича туман ва вилоят бирлашмалари (бундан кейинги ўринларда туман ва вилоят бирлашмалари деб юритилади);


ўртача белгиланган нарх - бир ҳафталик биржа савдолари натижалари бўйича аниқланган ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган маҳсулотнинг ўртача нархи;


ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан кейинги ўринларда ҲККП деб юритилади) - биржа битишувлари бўйича клиринг, ҳисоб-китоблар ва ўзаро ҳисоб-китоблар ўтказилишини таъминловчи Биржанинг тузилмавий бўлинмаси.


2. Ушбу Низом омихта ем ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган корхона ва ташкилотларга татбиқ этилади.


3. Ушбу Низомга мувофиқ сотиб олинган омихта ем фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжлари учун фойдаланиши мумкин.


4. Омихта емни сотиш электрон биржа савдолари тизимидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимидаги биржа савдоларида амалга оширилади.


5. Омихта ем Биржа орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сонли "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилган омихта ем, кунжара ва шелухани сотувчи туман ва вилоят бирлашмаларига сотилади.



II. ОМИХТА ЕМ ҲАЖМЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРНИ

СОТИШ ТАРТИБИ


6. Сотувчилар ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотини биржа савдоларига қўядилар. Бунда, кейинги ой бошланишидан 5 кун олдин Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган биржа савдоларида маҳсулотни сотиш учун маҳсулотни кундалик қўйишнинг ҳар ойлик жадвалини Биржага тақдим этадилар.


7. Савдода сотилмай қолган маҳсулот ҳажмлари кейинги савдоларга кўчирилади. Бунда, сотувчилар маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича фақат биржа савдоларига қўйилган вақтдан бошлаб бир ой мобайнида сотилмаган ҳажмларда олдинги ҳафтадаги биржа савдоларида вужудга келган ўртача нархлар бўйича сотиш ҳуқуқига эга.


8. Сотувчилар йилига бир марта Биржа билан биргаликдаги фаолият тўғрисида сотувчиларнинг биржа савдоларида иштирок этиш шартлари, шартнома тузган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари белгиланган шартномалар тузадилар.


9. Биржа савдолари Ўзбекистон Республикасининг "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 2001 й., 9-10 сон, 171-модда) ва биржа савдолари қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Савдолар мунтазам равишда иш кунларида ўтказиб борилади.


10. Биржа савдоларининг ўтказилиши, биржа сессияларининг давомийлиги, сотувга қўйиладиган маҳсулот ҳажмлари, шунингдек маҳсулот турган жой, ишлаб чиқарувчи корхона, бошланғич нарх тўғрисидаги ахборот Биржа томонидан харидорларга мажбурий тартибда оммавий ахборот воситалари, брокерлар ҳамда бошқа ахборот каналлари, шу жумладан, Интернет тармоғи орқали етказилади.


11. Биржа барча савдо иштирокчиларига, уларнинг республика ҳудудида жойлашганлигидан қатъи назар, электрон савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконини таъминлаб бериши шарт.


12. Савдоларни ўтказиш, киритилган закалат суммасига мувофиқ ҳар бир савдо бўйича иштирокчиларни киритиш ва четлатиш, электрон биржа савдолари ғолибларини аниқлаш ва битишувларни рўйхатдан ўтказиш электрон биржа савдолари тизими орқали амалга оширилади.


13. Олди-сотди шартномаси битишув баённомасида назарда тутилган шартларда у олинган кунда расмийлаштирилади.

Битишув баённомаси шартларининг бажарилиши томонлар учун мажбурий ҳисобланади.


14. Биржа томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақи сотувчи ва харидорлар учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган Биржа хизматлари тарифларига мувофиқ ўрнатилади.


15. Маҳсулотни тузилган олди-сотди шартномалар бўйича сотиш олдиндан тўлиқ тўлаш ёки товарларнинг етказиб бериладиган ҳар бир туркуми учун чақириб олинмайдиган аккредитив қўйиш шартлари асосида амалга оширилади.



III. ОМИХТА ЕМ НАРХИНИ АНИҚЛАШ ВА

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАР МЕХАНИЗМИ


16. Биржа савдоларига чиқариладиган маҳсулотнинг бошланғич нархи сотувчи томонидан декларацияланадиган нарх (монополист корхоналар учун) ва улгуржи сотиш нархи (бошқа корхоналар учун) даражасида белгиланади.

Савдолар жараёнида нархлар ошишининг йўл қўйиладиган чегараси бошланғич нархга нисбатан 15 фоиз миқдорида белгиланади. Нарх 15 фоиздан ошиб кетган тақдирда савдолар тўхтатилади ва сотилмай қолган маҳсулот ҳажми кейинги савдоларга ўтказилади.


17. Биржа савдоларида тузилган битишувларнинг молиявий кафолатини таъминлаш учун биржа савдоларида тузилган битишувлар бўйича ҳисоб-китоблар Биржа ҲККП орқали амалга оширилади.


18. Ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида, ҲККП Биржага хизмат кўрсатувчи банкда харидорлар ва сотувчиларнинг маблағларини сақлаш ҳамда биржа битишувлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хизмат қиладиган иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағини очади. Иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи Биржага хизмат кўрсатувчи банкда Биржанинг иккиламчи депозит ҳисобварағини очиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ очилади.


19. Сотувчи ва харидорларнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидаги маблағлари ҳаракатларини назорат қилиш учун ҲККП ҳар бир сотувчи ва харидорга фойдаланувчининг шахсий рақамига (бундан кейинги ўринларда ФШР деб юритилади) мос келувчи алоҳида шахсий ҳисобварақ очади.

Сотувчилар ва харидорларнинг маблағлари ушбу шахсий ҳисобварақларда ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча ҳисобварағи доирасида ҳисобга олинади.


20. ҲККП мижознинг сўровига мувофиқ, хизмат кўрсатиш шартлари, ушбу мижознинг шахсий ҳисобварағидаги маблағларнинг қолдиғи тўғрисида уни хабардор қилиши шарт.

ҲККП томонидан мижознинг шахсий ҳисобварағи ҳолати, шахсий ҳисобварақлардаги маблағларнинг қолдиғи тўғрисидаги маълумотлар учинчи шахсларга ошкор этилиши ман этилади.


21. Биржа мижозларнинг сўровларига кўра биржа клиринги натижалари, уларнинг маблағлари ҳолати ва савдоларнинг жорий кунидаги пул маблағларининг белгиланган лимитлари тўғрисида уларни хабардор қилиб туриши шарт.


22. Сотувчилар ва харидорлар Биржага хизмат қилувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига биржа савдоларига қўйилган маҳсулот умумий қийматининг ва мўлжалланаётган битишув ҳажмининг 2 фоизгача миқдоридаги закалатни қўяди.


23. Харидорлар Биржада депонентга қўйилган закалатларни ҳисобга олган ҳолда тўлаш мўлжалланаётган маблағлар ҳажмида битишувлар тузишга ҳақлидир.


24. Биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидаги сотувчилар ва харидорларнинг маблағларидан:

харажатлар қисмида биржа битишувлари бўйича мажбуриятлар бажарилиши ва улар ўртасида тузилган шартномалар билан боғлиқ бўлган ўзаро ҳисоб-китобларини амалга ошириш учун;

агар битишув келишилган муддатда тузилмаган ёки белгиланган тартибда бекор қилинган тақдирда, мижознинг банкдаги асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қайтариш учун;

депонентга қўйилган маблағлар ҳисобидан Биржа хизматларига ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун фойдаланилади.


25. Биржа битишуви рўйхатга олинганидан кейин беш банк иш куни мобайнида харидор тузилган олди-сотди шартномаси бўйича молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун Биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қўшимча маблағларни ўтказиши шарт. Бунда, маблағларни ўтказиш учун тўлов топшириқномасининг "тўлов мақсадлари" устунида харидорнинг ФШР мажбурий тартибда кўрсатилиши шарт.


26. ҲККП харидордан маблағлар келиб тушган вақтдан бошлаб бир банк иш куни мобайнида сотувчига харидор томонидан ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажарганлигини тасдиқловчи тўланган битишувлар реестрини тақдим этиши шарт.


27. Агар харидор ушбу Низомнинг 25-бандида белгиланган муддатларда тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ маблағларнинг тўлиқ ҳажмда ўтказилишини таъминламаса, ҲККП кўрсатилган муддат ўтгач, бир иш куни мобайнида сотувчи ва Биржага битишув бекор қилинганлиги тўғрисида хабар беради ва шу куннинг ўзида жарима чораси сифатида сотувчининг ҳисобварағига, Биржанинг воситачилик ҳақини чегирган тарзда, лекин закалат миқдоридан кам бўлмаган миқдордаги маблағни шартнома шартлари бажарилмаганлиги учун ўтказиб қўяди.

Битишув бўйича бекор қилинган маҳсулот ҳажми сотувчи томонидан қайта савдога қўйилади.


28. Сотувчи томонидан маҳсулотни харидорга олди-сотди шартномасида белгиланган муддатларда юклаб жўнатиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаса, ҲККП шартномада белгиланган муддат ўтганидан кейин Биржанинг воситачилик ҳақини чегириб қолган ҳолда маҳсулотни етказиб бериш учун белгиланган қийматдан 2 фоизгача миқдордаги маблағни жарима чораси сифатида харидор ҳисобига ўтказади ва харидор, сотувчи ва Биржани битишув бекор қилинганлиги тўғрисида хабардор қилади.

Битишув бўйича бекор қилинган маҳсулот ҳажми сотувчи томонидан қайта савдога қўйилади.


29. ҲККП томонидан сотувчига харидорнинг шахсий ҳисобварағига маблағларнинг келиб тушганлиги тўғрисида тўланган битишувлар реестрининг тақдим этилиши сотувчининг маҳсулотни харидорга юклаб жўнатиши учун асос бўлади.

Сотувчи маҳсулотни харидор ўзининг мажбуриятларини бажарганлиги фактини ҲККПнинг тасдиғисиз жўнатган тақдирда, Биржа рўйхатдан ўтказилган олди-сотди шартномаси бўйича харидор томонидан мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмайди.


30. Тегишли сифатга эга бўлган маҳсулот жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини харидор ва сотувчи имзолари билан тасдиқланган юк хатлари нусхаси тасдиқлайди.


31. Юк хати нусхасининг тақдим этилиши ҲККП учун бир банк иш куни мобайнида, ушбу Низомнинг 18-бандига мувофиқ очилган иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан сотувчининг унга хизмат кўрсатувчи банкдаги асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига, сотувчининг шахсий ҳисобварағи кўрсатилган ҳолда ўтказиш, шунингдек битишувни ёпиш учун асос ва мажбурият бўлиб хизмат қилади.


32. Маҳсулотни харидорларга юклаб жўнатиш олди-сотди шартномаларида назарда тутилган муддатларда ва шартларда сотувчининг нарядлари бўйича амалга оширилади.


33. Биржа савдоларида шаклланган маҳсулот нархи унинг бошланғич нархидан ошиши натижасида сотувчи томонидан олинган қўшимча даромад унинг ихтиёрида қолади.



IV. ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

ВА НИЗОЛАРНИНГ ҲАЛ ЭТИЛИШИ


34. Харидор билан сотувчи ўртасида тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


35. Биржа аъзолари, биржа савдолари иштирокчилари ва уларнинг мижозлари ўртасидаги Биржа савдолари қоидаларида назарда тутилган масалалар бўйича юзага келадиган низолар Биржанинг арбитраж комиссияси ёки суд томонидан ҳал қилинади. Арбитраж комиссияси томонидан низоларни кўриб чиқиш учун йиғимлар ундирилиши ман этилади.



V. АХБОРОТ ТАЪМИНОТИ ВА

МАЗКУР НИЗОМ БАЖАРИЛИШИ

ЮЗАСИДАН МОНИТОРИНГ


36. Биржа котировка ҳайъати ўтказилган биржа савдолари натижалари бўйича биржада сотилган маҳсулот баҳоларининг биржа котировкаларини аниқлайди ва уларни ҳар ҳафта оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи саҳифаларида эълон қилиб боради.


37. Сотувчилар ва Биржа ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига биржа савдосига қўйилган, сотилган маҳсулот ҳажми ҳамда ушбу Низомга мувофиқ сотилган маҳсулотнинг ҳақиқатда етказиб берилган ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар.


38. Биржа ҳар куни Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига савдога қўйилган ҳамда сотилган маҳсулот ҳажмлари, шунингдек савдоларда шаклланган ўртача олинган нархлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


39. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Марказий банк Бошқаруви, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, "Ўздонмаҳсулот" АК ва "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" ОАЖ билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 3-сон, 19-модда.




















































Время: 0.1968
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск