ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Баландликда ишлаганда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 24.01.2009 й. 1890-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 17.12.2008 й. 75-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 24 январда 1890-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2008 йил 17 декабрдаги

75-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Баландликда ишлаганда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар авиация техникасига техник хизмат кўрсатишда, таъмирлашда, шунингдек фуқаро авиацияси тизимига кирувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртларида (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) баландликдаги қурилиш-монтаж ва бошқа ишларни бажаришда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар ер, том тўсини ёки ишчи тўшама юзасидан 1,5 метр ва ундан баландликда нарвонлар, нарвончалар, супалар, майдончалар, машиналар ва бошқа ёрдамчи ускуналарнинг устида туриб бажариладиган ишларга, шунингдек ҳаво кемалари конструкциялари элементи ҳамда бино ва иншоотларнинг устида уларнинг баландлиги чегарасидан 2 метрдан ортиқ бўлмаган масофадаги ишларни бажаришга татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидалар корхоналарда баландликдаги техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, шунингдек қурилиш-монтаж ва бошқа ишларни бажарувчи шахслар томонидан қўлланиши шарт.


3. Мазкур Қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш корхонанинг раҳбари ва меҳнатни муҳофаза қилишга масъул ходимлар зиммасига юклатилади.


4. Мазкур Қоидалар Қурилиш меъёрлари ва қоидалари, Санитария қоидалари ва меъёрлари, тармоқлараро стандартлар ва маълум турдаги ишларни бажариш бўйича мавжуд бўлган бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


5. "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ корхоналарда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

хизматини ташкил этиш


6. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра корхонанинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки тегишли масъул ходимларига бўйсунади ҳамда корхонанинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Корхоналарда баландликда ишларни бажурувчи меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг ходимлари (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


9. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш тўғрисидаги низом"га (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


10. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937 - Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўриқнома бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


11. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Баландликда ишларни бажаришдаги

хавфли ва зарарли омиллар


13. Ҳар бир корхонада ишлаб чиқаришнинг аниқ шарт-шароитлари ҳисобга олинган ҳолда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг рўйхати тузилади.


14. Баландликда ишларни бажаришда қуйидаги хавфли ва зарарли омиллар таъсир қилиши мумкин:

конструкцияси носоз бўлган нарвон, нарвонча, ҳавоза, супа ҳамда бошқа ёрдамчи ускуна ва мосламалар;

баландликдан тушиб кетувчи буюмлар (асбоблар, материаллар ва бошқалар);

юқори даражадаги сирпанишнинг мавжудлиги (ер, пол, трап, ҳавоза, сўри ва бошқа қўшимча ускуналарнинг юзасини музлаши, намланиши ва мойланиши натижасида);

ҳаракатланувчи махсус автотранспорт воситалари, ўзи юрар механизмлар, буюмлар ва бошқа материаллар;

очиқ ҳавода ишлаганда шамол тезлигининг ошиши;

атмосферада электрик разрядларининг ҳосил бўлиши (яшинлар);

иш зонасининг етарли даражада ёритилмаслиги;

ортиқча жисмоний зўриқиш ва руҳий чарчаш.


15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар камайишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда рўйхатга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш юзасидан талаблар


16. Корхона ходимлари ишларни бажаришнинг касбий усулларига, ишларни хавфсиз юритишга ўқитилиб, олинган билимлари "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ ҳужжатли расмийлаштирилган ҳолда синовдан ўтказилгандан сўнг ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этишга рухсат этилиши мумкин.

Ўта хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


5-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


19. Баландликдаги барча ишларни бажаришга белгиланган тартибда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтган ҳамда тиббий жиҳатдан соғлом бўлган шахслар қўйилади.


20. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган баландликдаги ишларни бажарувчи ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


21. "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруққа (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937) мувофиқ ходимлар, шу жумладан, муҳандис техник ходимлар ишга киришда дастлабки ва кейинчалик йилда бир марта даврий тиббий кўрикларидан ўтиши шарт. Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


22. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.

Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


23. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик корхона маъмурияти зиммасига юкланади.


24. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.


25. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда маъмурият ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



6-§. Ходимларнинг ҳимоя воситалари


26. Ходимларнинг зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш ишловчиларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли стандартлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


27. Ишчи ва хизматчилар белгиланган тартиб бўйича корхона томонидан шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланади.


28. Ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишловчилар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


29. Ходимлар баландликда тўсиқ ўрнатиш имконияти бўлмаган қисқа муддатли ишларни бажараётганларида сақлаш камарларидан фойдаланишлари шарт. Бундай ишлар бажарилаётган жойда бошқа ишлар билан банд бўлмаган ва ишлаётган ходимга шошилинч ёрдам кўрсатишга тайёр ҳамда ўзида сақлаш камари ва тирноқлари бор (ёғоч мачтада иш бажарилаётган ҳолатда) ишчи туриши лозим.


30. Камарлар тасмали (елка ва сон тасмалари) ёки тасмасиз бўлиши мумкин.


31. Камарлар узунлиги бўйича ўзгарувчан бўлиши ҳамда тана бел қисмининг 640 мм. дан 1500 мм.гача бўлган қисмини ўраб туришга мўлжалланган бўлиши лозим. Шунингдек, камар тасмасининг кенглиги 50 мм.дан, тасмасиз камарларнинг тана елка қисмидан ўтадиган жойининг эни 50 мм.дан, тана бел қисмидаги эни эса 80 мм. дан кам бўлмаслиги лозим.


32. Камар ва унинг амортизатори учун ишлатиладиган материалларнинг статик узилиш оғирлиги 7000 Н дан (700 кг.) кам бўлмаган юкланишга чидамли бўлиши лозим.


33. Камар массаси 100 кг. юкнинг камар тасмасининг икки максимал узунлигига тенг бўлган, баландликдан қулашида юзага келадиган ва динамик оғирликка бардош бериши лозим.


34. Камарнинг пружинали илгаги қалин қўлқоп кийганда бир қўл билан тез ва мустаҳкам қотириш ва ечишни таъминлаши керак. Бунда пружинали илгакнинг қотириш ва ечиш ишларининг давом этиш вақти 3 сониядан ошмаслиги керак.


35. Пружинали илгак кутилмаган очилиш ҳолатларини истисно қилувчи сақлаш қурилмаси билан таъминланган бўлиши лозим. Пружинали илгакни очиш учун зарур бўлган ҳаракат, 30 Н дан (3 кг.) кам ва 80 Н дан (8 кг.) ортиқ бўлмаслиги шарт. Пружинали илгак автомат тарзда ёпилиши керак.


36. Ҳар бир камар ўзининг маркировкасига эга бўлиши керак. Ишловчи камардан фойдаланиш жараёнида ҳар 6 ойдан кейин, навбатдаги фойдаланишдан олдин ҳар бир камарни 2250 Н га (225 кг.) тенг бўлган статик юкда синаб кўриши керак ва бу ҳақда навбатдаги синовнинг санасини кўрсатиб, маркировка қўйиладиган жойга белгилаб қўйиши керак.


37. Сақлаш камарларининг боғлаб қўядиган тасмалари бўлмаса, муҳофаза арқонларини қўллаш зарур бўлади.


38. Баландликда ишларни бажаришда ишловчилар сирпанишга қарши ишланган махсус пойабзал ҳамда ҳимоя каскаси билан таъминланган бўлишлари керак.



III. БАЛАНДЛИКДА БАЖАРИЛАДИГАН

ИШЛАРГА (ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАР)

БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


39. Баландликда бажариладиган ишларнинг (технологик жараёнлар) тахминий рўйхати 1-иловада келтирилган.


40. Баландликда бажариладиган технологик жараёнлар технологик ҳужжатлар, қўлланилаётган машина ва механизм ҳамда ишчиларни иш жараёнида мавжуд бўлган хавфли ва зарарли омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилишни таъминловчи талабларга риоя қилган ҳолда ташкил этилиши ва олиб борилиши керак.


41. Баландликда бажариладиган ишлар ҳар қандай турдаги ишлар учун қуйидаги махсус тўсиқларга эга бўлган ускуна ва мосламалар ёрдамида бажарилиши керак:

док, супа ва ҳавозалар;

кўчма вишка, платформа ва осма кажавалар;

доимий мустаҳкамланган нарвон;

нарвон ва нарвончалар.

Тўсиқ ўрнатиш имкони бўлмаганда баландликдаги ишларда қўлланиладиган сақлаш камарларидан фойдаланилади.


42. Баландликда ишларни бажаришда туриш учун мўлжалланган тўшамаларни бочкалар, яшикларнинг устига ва бошқа жойларга ўрнатиб кетавериш мумкин эмас. Шунингдек, ҳавоза, платформа ва супалардан тал ва блокларни мустаҳкамлаш учун таянч конструкцияси сифатида фойдаланиб бўлмайди.


43. Мустаҳкамланмаган нарвон билан ишларни бажараётганда нарвон ишчи томонидан турғун ҳолатда ушлаб турилиши лозим. Нарвоннинг юқори қисмини қўшимча боғичсиз горизонталига 75 °С дан ортиқ бурчак остида ўрнатиш ман этилади.


44. Қуйидаги ишларни бажаришда юқори майдончасида тўсиқ бўлмаган нарвон ва нарвончаларда ишлаш ман этилади:

айланадиган механизмлар, ишлаб турган машиналар, транспортёр, гальваник ванналар ва бошқаларнинг олдида ва тепасида;

электрик ва пневматик асбоблар, қурилиш-монтаж тўппончаларидан фойдаланишда;

газ-электр чилангарлик ишларини бажаришда;

ишловчига йиқитиб юбориш ҳолатларини юзага келтирувчи куч таъсирида (симларни таранг тортишда ва бошқа ҳолатларда).


45. Массаси 20 кг.дан ортиқ юкларни юқорига кўтариш (тушириш) ишлари механизация воситалари ёрдамида амалга оширилади. Массаси 20 кг. ва ундан камроқ юкларни юқорига кўтариш (тушириш) ишлари узунлиги кўтариш (тушириш) баландлигининг уч бараваридан кам бўлмаган арқон ёрдамида амалга оширилади. Арқондан фойдаланишда юк унинг ўртасига боғланади.


46. Буюмларни нарвонларда қўл билан кўтариш ва тушириш ман этилади. Массаси 10 кг.дан кам бўлган буюмларни нарвон орқали олиб чиқиш ва туширишда елкага тақиладиган халталардан фойдаланишга рухсат берилади.


47. Зарурат бўлганда айни бир вақтда деталларни ушлаб туриб ишларни бажаришда устки майдончаси бор, уч томонлама тўсиқли (панжарали) нарвон ва нарвончаларни қўллаш лозим. Нарвон ёки нарвончанинг юқори поғонасида туриб ишлашга йўл қўйилмайди.


48. Осма кажаваларга кириш ва чиқиш фақат ерда амалга оширилади. Дераза ўрни, балкон, томлардан шу мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.


49. Момақалдироқ, яхмалак, туман ва иш фронти доирасида кўриш қийинлашганда, шунингдек шамолнинг тезлиги соатига 15 м. ва ундан ортиқ бўлганда, об-ҳаво омилларининг пасайиши туфайли қўшимча чеклашлар мавжуд бўлмаса, баландликдаги ишларни очиқ майдончаларда бажариш ман этилади.

Шамолнинг тезлиги соатига 10 м. ва ундан ортиқ бўлганда тик тушган панелларни кўчириш ва ўрнатиш бўйича ишлар тўхтатилади.

Шамолнинг тезлиги соатига 7 м.дан ортиқ бўлганда самолёт фюзеляжини (корпуси) ва баландликда жойлашган қисмларини ғилофлаш ва ғилофини ечиш ман этилади.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИГА

БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


50. Баландликдаги ишларни бажаришда қўлланиладиган ёрдамчи ускуналар стандарт ва техник шароитларга мувофиқ бўлиши лозим бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

ҳавоза ва рўйхатга олинган супалар;

нарвон ва нарвончалар;

ҳаракатланувчи кузатув минораси, майдонча, осма кажава ва бошқалар.


51. Докларнинг платформалари (майдонлари) дағал, йиқилиб кетиш ҳолатлари таъсирига нисбатан мустаҳкам бўлиши, унинг устида ишлаган вақтда жойини ўзгартиришни истисно қилувчи аутригерлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


52. Докларнинг ҳар бир қаватида ишлаш майдончалари 1 м. баландликдаги тўсиқлар билан ўралган бўлиши лозим бўлиб, бунда 1 м. баландликдаги тўсиқларни ўрнатиш мумкин бўлмаган жойлар истисно қилинади.


53. Платформаларнинг ишлаш майдончаларидаги тўшама ва нарвон зиналари ёқилғи-мой материаллари таъсирига чидамли, осон ювиладиган, оловга чидамли ҳамда сирғаниб кетмайдиган бўлиши керак.

Платформаларни кўтариш учун мўлжалланган трос-блоклари тизими ўзини ўзи тўхтатиб қолувчи механизмларга эга бўлишлари керак. Платформаларда муҳофаза камарларини мустаҳкам илиб қўйиладиган жой кўзда тутилган бўлиши керак.


54. Ҳавоза ва супаларнинг тўшамалари қалинлиги 40 мм.дан кам бўлмаган тахталардан қилиниши ҳамда тахталарнинг ўртаси 5 мм.дан ошмайдиган оралиқли текис юзага эга бўлиши лозим. Бир-бирига бирлашувчи тахталарнинг учи таянч жойда жойлашган бўлиши ва уни ҳар томонидан камида 200 мм.дан ёпиб туриш керак.


55. Ер сатҳи ёки том тўсинидан 1,5 м. ҳамда ундан баландда жойлашган тўшама, ҳавоза, майдонча ва супаларнинг баландлиги 1,5 м.дан кам бўлмаган тутқич, оралиқ элементи ва ёнбош тўсиқлари бўлган, баландлиги 1 м.дан кам бўлмаган панжаралар билан тўсилади. Тўшаманинг эни 1 м.дан кам бўлмаслиги, тутқич устунларининг оралиғи эса 2 м.дан кам бўлмаслиги керак.


56. Ҳавозаларнинг тўсиқ ва тутқичлари 700 Н (70 кг.) статик юкланишга бардош бериши керак.


57. Доклар ва ҳавозалар одамларни ва материалларни кўтариш ҳамда тушириш учун мустаҳкам нарвонга эга бўлиши керак. Доклар, платформа ва ҳавозаларнинг конструкцияларига массаси 20 кг.дан ортиқ юкларни кўтариш ускунасини ўрнатиш ман этилади. Тўшамадаги нарвондан чиқиш ўрни 3 тарафдан тўсилган бўлиши керак.


58. Доклар, ҳавоза ва супаларнинг нарвонлари ва тўшамалари иш тамом бўлгандан кейин вақти-вақти билан ахлат, мой ҳамда материал қолдиқларидан тозалаб турилиши керак.

Қиш пайтларида тўшама ва нарвонлар қордан, музламалардан тозаланиши ҳамда зарурат бўлганда уларга қум сепилиши керак. Уларда учи қайирилган михлар, бош қисми чиқиб қолган болтлар ва бошқа чиқиб турган буюмлар ҳамда мустаҳкамланмаган тахталар бўлмаслиги керак.


59. Доклар ва металл ҳавозалар пачоқланмаган, ёрилмаган ва бошқа нуқсонларга эга бўлмаган тўғри металл трубалардан тайёрланган бўлиши лозим.


60. Доклар ва қисмларга ажраладиган металл ҳавозалар ортиб борадиган тирагичларнинг ишончли бирикмаларига эга бўлиши керак. Доклар ва ҳавозаларни мустаҳкамлаш учун фақат металлардан ясалган мустаҳкамлаш элементларини ишлатиш керак (болтлар, торлар ва скобалар).


61. Доклар ва металл ҳавозалар ерга уланган бўлиши керак.


62. Доклар ва металл ҳавозаларни очиқ ҳавода ўрнатишда яшин қабул қилувчи, ток ўтказгич ва ерга улагичдан иборат бўлган яшиндан ҳимоя қилувчи қурилма мавжуд бўлиши керак. Ерга улаш қаршилиги 15 ОМдан ошмаслиги керак.


63. Осма кажавалардан фойдаланишга уларни фақат ҳисоблангандан 50% ошиқ статик юкланишда ҳамда ҳисоблангандан 10% ошиқ динамик юкланишда синалгандан кейин рухсат берилади ва бу ҳақда далолатнома тузилади. Агар ишлаб чиқарувчининг техник шартлари ёки йўриқномаси билан бошқа муддатлар кўзда тутилмаган бўлса, синовлар камида олти ойда бир марта ўтказилади.


64. Одамларни чиқариш ва тушириш учун қурилмалар тўсиқларга эга бўлиши ва хавфли зоналардан ташқарида жойлашган бўлиши керак. Осма кажавани кўтариш учун ишлатиладиган пўлат симлар ҳисоб билан текширилган бўлиши ва тўққиз баравардан кам бўлмаган мустаҳкамлик даражасига эга бўлиши керак. Осма кажаваларни кўтариш учун хизмат қиладиган юк кўтариш кранлари кранларининг тузилиши ва улардан хавфсиз фойдаланишнинг белгиланган талабларига жавоб бериши лозим.


65. Осма кажаваларнинг баландлиги 1,2 м. бўлган тўрт тарафлама тўсиққа эга бўлиши керак. Улар осилиб турадиган консоллар, деворга таглик орқали таяниб туриши керак. Карнизлардан таянч сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.


66. Металл мачталар ишловчини кўтариш учун нарвонлар билан таъминланган бўлиши керак. Нарвонлар тасма-тасма ёки думалоқ пўлатдан бўлган, баландлиги 700 - 800 мм.дан ёй кўринишидаги сақлаш тўсиқларига эга бўлиши керак. Ёйлар бир-биридан 800 мм. масофа узоқликда ўрнатилади ва ўзаро учта пўлат тасма ёки сим парчаси билан бирлаштирилади.


67. Вертикал нарвонларнинг поғоналари диаметри 18 мм. думалоқ пўлатдан, узунлиги камида 400 мм.дан кам бўлмаган, сирпанишга қарши нов шаклига эга бўлиши керак. Поғоналар ўртасидаги масофа 400 мм.дан ортиқ бўлмаслиги керак.

Мачтага кўтарилишда ишловчининг дам олиши учун бир-биридан 20 м.дан ортиқ бўлмаган масофада жойлашган металл майдончалар кўзда тутилган бўлиши керак. Майдончаларнинг баландлиги 1 м.дан кам бўлмаган панжаралар билан ўралган бўлиши керак.


68. Нарвон ва нарвончаларнинг конструкциялари хавфсиз иш шароитларини таъминлаши ва қуйидагиларни кўзда тутиши керак:

ўз ўзидан йиғилиш ва сурилиб кетишнинг олдини олувчи мосламанинг мавжудлиги;

чўкиш ва ағдарилиб кетишнинг олдини олувчи мосламанинг мавжудлиги;

1,5 м. ва ундан баландда ишлаётганда панжара ва сақлаш камарларининг мустаҳкамланганлигини таъминловчи мосламаларнинг мавжудлиги;

металл поғоналарнинг тарам-тарам юзага эга бўлиши.


69. Металл нарвон ва нарвончалар улар ҳақида аниқ маълумотлар баён қилинган ҳужжатларга эга бўлган материаллардан тайёрланган бўлиши керак.

Пайвандланган чоклар узунлиги бўйича текис ҳамда чокнинг мустаҳкамлигини пасайтирувчи, дарз кетиш, куйиш каби нуқсонларга эга бўлмаслиги зарур. Нарвон ва нарвончаларнинг юзасида оддий кўз билан кўринадиган пачоқланган, қирилган, шунингдек ўткир қирра ва ғадир-будур жойлар бўлмаслиги керак. Пўлат қисмлари сифатли зангламайдиган қопламага эга бўлиши керак. Поғоналар бўшашиб ва айланиб кетмаслиги лозим.


70. Кўчма тахтадан ясалган нарвон ва нарвончалар кўзсиз 1-2 навли нинабарг жинсли чидамли қуруқ ёғочдан тайёрланган бўлиши керак.


71. Нарвоннинг тахта деталларига кейинчалик уларни рангсиз лак билан қопланиш учун иссиқ шароитда асл алифмойга сингдирилган бўлиши керак. Нарвонларни бўёқлар билан бўяш ман этилади.


72. Тахтали нарвонларнинг узунлиги 5 м.дан ошмаслиги, бунда нарвоннинг умумий узунлиги унинг юқори учидан 1 м.дан кам бўлмаган масофадаги поғонасидан туриб ишлашга имкон бериши керак. Нарвоннинг баландлик жойлашган қисмининг кенглиги 300 мм.дан, пастда жойлашган қисмининг кенглиги 400 мм.дан кам бўлмаслиги керак.


73. Нарвоннинг ён томон ёғочлари юқори ва пастки поғоналар остидан диаметри 3 мм.дан кам бўлмаган тортилувчи болтлар билан маҳкамланади. Нарвонларнинг узунлиги 2 м.дан ортиқ бўлганда қўшимча тортиб турувчи болтлар шундай ўрнатилиши зарурки, улар орасидаги масофа 2 м.дан ошмаслиги лозим.


74. Нарвон ва нарвончаларнинг поғоналари ён томон ёғочларига ёриб киргизилади. Поғоналари мих билан қоқилган нарвонларни қўллаш мумкин эмас. Нарвонларнинг поғоналари орасидаги масофа 250 мм.дан ортиқ ва 150 мм.дан кам бўлмаслиги лозим.


75. Ғадир-будур бетон полларда ишлаганда пастки учлари резинали нарвонлар қўлланади. Тахтали ва тупроқли полларда ишлаганда пастки учларида ўткир пўлат учи бор нарвонларни қўллаш керак.


76. Икки ёққа очиладиган нарвонларда, нарвоннинг ўз-ўзидан очилиб кетишига имкон бермайдиган, мустаҳкам бирлашмалар кўзда тутилган бўлиши керак.


77. Ҳаво кемасининг конструкциясига, қувур ёки тросларга қўйиладиган нарвонларнинг юқори учлари, махсус боғловчи камарлар ёки илиб олувчи пружинали илгак билан таъминланган бўлиши зарур.


78. Нарвон ён ёғочлари кесимининг нарвон узунлигига тавсия қилинаётган нисбати 2-иловада келтирилган.


79. Фойдаланишда бўлган ҳар бир тахтали ёки металлдан ясалган нарвонлар, нарвончалар ва арқонларнинг биркаларида уларнинг инвентарь рақами, кейинги синов муддати, қайси бўлинмага (цех, хизмат, участка ва ҳоказо) тегишли эканлиги кўрсатилган бўлиши керак. Барча нарвонлар ва нарвончалар 3-иловага мувофиқ "Нарвон ва нарвончаларнинг ҳисобга олиш ва синов журналининг шакли"да рўйхатга олинган бўлиши керак.


80. Барча кўчма нарвон ва нарвончалар тайёрлангандан кейин ва таъмирдан чиққандан сўнг 1200 Н (120 кг.) статик юкланишда синаб кўрилиши керак. Синаб кўрилаётганда фойдаланиш ҳолатида бўлган нарвоннинг ўртасидаги поғоналаридан бирига статик юк қўйилади. Фойдаланиш жараёнида тахтали нарвон ҳар ярим йилда, металл нарвон эса йилда бир марта синовдан ўтказилиши лозим.

Нарвончалар синовдан олдин текис горизонтал майдончага ўрнатилади. Нарвончанинг ўрта қисмидаги кучайтирилмаган поғонасига юк илинади. Агар поғоналар нарвончанинг иккала ёндош томонларида ҳам бўлса, унда биринчи томон синалгандан сўнг айнан шу тарзда иккинчиси синалади. Агар унинг иккинчи томони ишчи ҳисобланмаса ва фақат таянч учун хизмат қилса, унда ўша томон ён қисмларининг ҳар бирининг ўртасига бевосита 1000 Н (100 кг.) юк осиб қўйиб синалади.


81. Носоз ҳолатда бўлган, шунингдек навбатдаги синов муддати ўтиб кетган ҳавоза, супа, майдончалар, нарвон, нарвончалар ва бошқа ёрдамчи ускуналардан фойдаланиш ман этилади.


82. Нарвон ва нарвончаларнинг ҳолати учун назоратни бўлинма (цех, участка) бўйича буйруқ билан тайинланган муҳандис-техник ходимлар орасидан тайинланган шахслар амалга оширади.


83. Барча нарвон ва нарвончалар қўлланишдан олдин иш бошқарувчи томонидан кўриб чиқилади.


84. Тахтали нарвонни кўриб чиқиш жараёнида уларнинг техник талабларга мувофиқлилиги, тахтанинг ҳолатига, шунингдек шимдирилган қопламанинг сифатига эътибор қаратилиши лозим.

Нарвон поғоналари ва ён томон ёғочларида узунлиги 100 мм.дан, чуқурлиги 5 мм.дан ортиқ бўлмаган ёриқлар бўлишига рухсат берилади, бунда ёриқлар нарвоннинг ён томонларини ва поғоналарини кучсизлантирмаслиги керак. Ёриқли жойларни шпатлёвка, елимлаш ёки бошқа усуллар билан қандайдир ёпиб текислаш тақиқланади. Ён томон ёғочларининг тугайдиган қисмидаги учликлар мустаҳкам бириктирилган бўлиши ва люфт ҳосил қилмасликлари керак. Металл бўлмаган учликларни артишда улар ерга уланган бўлиши керак, ўтмаслашиб қолган металл учлар чархланиши керак.


85. Металл нарвон ва нарвончаларни текширишда унинг қисмларида деформация йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак, металлда ёриқлар, ғадир-будур, ўткир қирралар, поғоналарни ён томон қисмларига маҳкамлашда камчиликлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.


86. Сақлаш камарларини текширганда навбатдаги синов муддати тўғрисидаги белги бўлган бирка борлигига ишонч ҳосил қилиш лозим. Синовдан ўтганлиги тўғрисида белги бўлмаганда, муҳофаза камарларидан фойдаланиш ман этилади.



V. ИШЛАРНИ БАЖАРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


87. Баландликда иш жойи ва ишларни бажаришни ташкил қилиш ишловчиларга хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини истисно этишга қаратилган бўлиши керак.


88. Иш жойини ташкил қилиш ишловчининг мустаҳкам туриши, эркин ҳаракат қилиши ва фаолиятини визуал назорат қилишни ҳамда меҳнат операцияларини хавфсиз бажарилишини таъминлаши лозим.


89. Ҳаво кемаси планерининг юқорида жойлашган қисмларида ишларни бажараётган, ходимларнинг муҳофаза мосламаларини маҳкамлаш жойлари кўзда тутилиши керак.


90. Баландликдаги иш жойларини ва иш майдончаларини ташкил қилишда одамларга хавфли ишлаб чиқариш омиллари доим таъсир қиладиган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган хавфли зоналар аниқланиши керак. Хавфли жойлар хавфсизлик белгилари ва ёзувлар билан аниқланиб кўрсатилиши керак.


91. Электр қурилмаларининг ток ўтказувчи ёки кучланиш остида бўлган қисмлари яқинида ва уларга бехосдан тегиб кетиши хавфи бўлганда, электр линиялари ва электр тақсимлагичлари кучланишдан ўчириб қўйилади. Бунда ўчирувчи ускунага: "Ёқилмасин! Иш кетяпти!" деб ёзилган тахтача осиб қўйилиши керак. Иш пайтида кучланишни ўчириб қўйиш имконияти бўлмаган ҳолларда металл нарвон ва нарвончалардан фойдаланиш ман этилади.


92. Ҳавоза, супа трап ва бошқа ускуналарда уларнинг ҳисобланган юк кўтариш даражасидан ошиқ миқдорларда одамларнинг тўпланиши ва материалларнинг тахланиши ман этилади.


93. Баландликда ишларни бажаришда технологик оралиқлар, лифт шахталари ва тўсиқларда мавжуд бўлган оралиқлар ва туйнуклар тўсиқлар ёрдамида тўсилиши ёки ёпилиши зарур.


94. Шахсий асбоб-ускуналар сумкаларда ёки махсус сортировкаларда жойлашган бўлиши керак. Баландликда ишларни бажараётганда ишчи асбоб, қисм ёки материалларни пастда турган одамлар устига тушиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Иш бажарилаётган жойнинг остида одамлар бўлган ва иш жойларининг остида яхлит тўшама йўқ бўлган ҳолатда муҳофаза қилувчи тўсиқларни ўрнатиш лозим.


95. Док, ҳавоза, супаларни ўрнатиш ёки ажратиш ишлари бажарилаётган жойдаги ҳудудга бегона одамларнинг кириш йўли ёпиб қўйилиши ва огоҳлантириш белгилари осиб қўйилиши лозим.


96. Нарвондан мачталарга кўтарилаётганда ишловчи ўзида муҳофаза камарларига эга бўлиши ҳамда иш вақтида мачтанинг конструкциясига занжир билан маҳкамланиши керак.


97. Баландлиги 15 м.дан ортиқ бўлмаган ёғоч мачталарга монтёрларнинг тирноқлар ёрдамида кўтарилишига рухсат берилади. Ишловчи кўтарилаётган пайтида муҳофаза камарининг занжири билан мачтага боғланган бўлиши керак. Чўзиш орқали ўтиш даврида хавфсизликни таъминлаш учун иккита занжирли муҳофаза камарини қўллаш зарур.


98. Ишловчини осма кажавада мачтага кўтарилаётганда, у муҳофаза камари билан осма кажавага боғланиши керак.


99. Ишловчини 10 дақиқадан ошмаган тезликда фақат унинг кўрсатмаси билан кўтариш ва тушириш лозим. Юқори баландликда ишлаётган ишловчи мегафон билан таъминланган бўлиши зарур.


100. Ишчи 1,5 м. ва ундан баландда кўчма нарвонларда ишлашда бирор конструкцияга ёки тиргакка муҳофаза камарининг пружинали илгаги билан маҳкамланиши зарур.

Маҳкамланмаган нарвонга муҳофаза камарининг пружинали илгаги билан боғланиш ман этилади.


101. Икки ёки ундан ортиқ ишчига битта кўчма нарвонда ёки нарвоннинг бир тарафида ишлаш, шунингдек бирданига нарвондан кўтарилиш ва тушиш ман этилади.


102. Транспорт воситалари ва одамлар ҳаракатланадиган участкада кўчма нарвонлар ишлатилганда нарвон ўрнатилган жой иш бажарилаётган вақтда тўсиб қўйилиши ёки қўриқланиши лозим.


103. Баландликда пайвандлаш ишларини бажаришда ҳавоза ва майдончалар ёнмайдиган (қийин ёнадиган) материаллардан ўрнатилиши керак. Ҳавоза (майдончалар) бўлмаганда электрпайвандчилар оловга чидамли муҳофаза камарлари, арқонлари ва карабинли муҳофаза канатларидан, шунингдек асбоб ва электродларнинг қолдиқлари учун мўлжалланган махсус сумкалардан фойдаланишлари керак.


104. Бир вертикал бўйича турли баландликларда бир вақтда ишлар олиб борилаётганда пастки қаватда ишловчи ходимнинг металл парчалари ва учқунларидан ва бошқа нарсаларнинг бехосдан тушиб кетишидан ҳимоя қилиниши кўзда тутилган бўлиши керак.



VI. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


105. Баландликдаги ишларни бажаришда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидаларга риоя қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи корхоналар зиммасига юклатилади.


106. Жавобгарликка инструктаж бўйича тегишли ўқитиш ва уни рўйхатга олиш амалга оширилганидан сўнг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузган ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир бошқа талабларни бажармаган ишчилар ҳам тортилишлари мумкин.


107. Баландликда ишларни бажаришда жабрланган ходимларга етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда "Ўзмонтажмахсусқурилиш" уюшмаси билан келишилган.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Баландликда бажариладиган ишларнинг

(технологик жараёнлар) тахминий

РЎЙХАТИ


1. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари:

1.1. Ҳаво кемасининг планер, двигатель, ёқилғи ва бошқа юқорида жойлашган тизимларига, уларнинг авиацион ва радиоэлектрон ускуналарига техник хизмат кўрсатиш;

1.2. Ҳаво кемаларига кема устида туриб ёқилғи мой-маҳсулотларини қуйиш;

1.3. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмларини (қўл ёрдамида) ювиб чиқиш;

1.4. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмларини (қўл ёрдамида) лак-бўёқ билан бўяш (қоплаш);

1.5. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмларидан лак-бўёқ қопламларини қириб ва тозалаб ювиш;

1.6. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмларида чилангарлик-йиғув ишларини олиб бориш;

1.7. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмларида пайвандлаш (узеллар ва деталлардаги ёриқларни пайвандлаш) ишларини олиб бориш;

1.8. Ҳаво кемасининг багаж бўлимлари, кабиналари жипслигини (герметиклигини) текшириш бўйича бажариладиган ишлар;

1.9. Ҳаво кемасининг баландликда жойлашган қисмларидан муз қопламларини (қўл ёрдамида) олиб ташлаш.


2. Юклаш-тушириш ишлари (почта, багаж, балласт, контейнерлардаги авиадвигателлар, борт таомлари, борт жиҳозлари ва бошқа юкларни ортиш ва тушириш).


3. Таъмирлаш-қурилиш ва қурилиш-монтаж ишлари:

3.1. Бетон ишлари;

3.2. Вентиляция ишлари (вентиляция тизимларини монтаж қилиш, созлаш ва таъмирлаш ишларида);

3.3. Юқорида бажариладиган ишлар (таъмирлаш-қурилиш ва қурилиш-монтаж ишлари учун ҳавозаларни қуриш, демонтаж ва йиғиш ишлари);

3.4. Ердаги ишлар (хандақ, котлован, ўраларнинг тупроғини шиббалаш);

3.5. Изоляция ишлари;

3.6. Тош ишлари;

3.7. Том ёпиш ишлари;

3.8. Монтаж ишлари (темир-бетон конструкцияларининг монтаж ва демонтаж, металлконструкцияларининг монтаж ва демонтаж, ёруғлик-сигнал (мачта) ускуналарини монтаж ва демонтаж, электр ускуналарининг монтаж ва демонтаж);

3.9. Бўёқчилик ишлари (бино ва иншоотларни бўяшда);

3.10. Қоплаш ишлари;

3.11. Юклаш-тушириш ишлари (қурилиш материаллари, қувур, тахта материалларни илиб туширишда);

3.12. Дурадгорлик ишлари;

3.13. Ишга тушириш-созлаш ишлари;

3.14. Чуқурлиги 1,5 м.дан ортиқ бўлган ўралар, хандақ ва котлованларнинг четида ҳамда 1,5 м. дан ортиқ тепаликларда олиб бориладиган ишлар;

3.15. Баландлиги 1,5 м. дан ортиқ бўлган тикка жойлашган сиғимларда олиб бориладиган ишлар;

3.16. Машина ва механизмларни қўллаш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишлари;

3.17.Санитар-техник ишлар (ташқи санитар-техник тармоқларнинг монтажи бўйича);

3.18. Пайвандлаш ишлари (бино ва иншоотларни плита, тўсиқ, колонна, тўсин, ригелларини монтаж қилишда);

3.19. Дераза ўрни, витраж, фонарларга ойна қўйиш бўйича ишларни олиб бориш;

3.20. Радиотелевизион марказларнинг ёнғин-муҳофаза қурилмалари сигнализацияси бўйича ва қабул қилувчи ҳамда узатувчи антенна-мачта иншоотларини ўрнатиш бўйича махсус ишлар;

3.21. Радиоэлектрон ускуналар, электр қурилмалар, электр тармоқларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ишлар;

3.22. Сувоқчилик ишлари;

3.23. Электр монтаж ишлари;

3.24. Витраж, фонар деразаларни ювиш бўйича ишлар.


4. Вертикал жойлашган 1,5 м.дан ортиқ баландликдаги нефть маҳсулотлари, шунингдек портловчи ва заҳарли моддаларнинг сиғимлари ичида таъмирлаш, тозалаш ва текшириш бўйича ишлар.


5. Қуйидаги юк кўтариш машиналари, юк илиб олиш мосламалари ва ускуналарининг юқори жойлашган қисми ва конструкцияларига техник хизмат кўрсатиш:

5.1. Кран-блок;

5.2. Тельфер;

5.3. Автокран;

5.4. Оёқли кранлар;

5.5. Кўприкли кран;

5.6. Минорали кран.


6. Ёруғлик-сигнал тизимлари, радио махсус ускуналари, ёритиш мачталари ва электр ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш.





Қоидаларга

2-ИЛОВА



Нарвон ён ёғочлари кесимининг

нарвон узунлигига тавсия қилинаётган

НИСБАТИ

Нарвоннинг узунлиги, метрда

5,0 м.

4,0 м.

3,0 м.

2,0 м.

Нарвон ён ёғочининг кесими, мм. да

80 х 30 мм.

70 х 30 мм.

60 х 30 мм.

50 х 30 мм.

Изоҳ: бунда нарвоннинг узунлиги 5,0 м. бўлганда нарвон ён ёғочининг кесими 80 х 30 мм.га, 4,0 м. бўлганда 70 х 30 мм.га, 3,0 м. бўлганда 60 х 30 мм.га ҳамда 2,0 м. бўлганда 50 х 30 мм.га тенг бўлади.





Қоидаларга

3-ИЛОВА



Нарвон ва нарвончаларнинг ҳисобга

олиш ва синов журналининг

ШАКЛИ

Т/р

Уску-

нанинг номи

Инвен-

тарь рақами

Бўлин-

мага

қараш-

лилиги

Охирги

синов

санаси

Синов-

нинг сабаби

Таъмирни

ўтказиш

тўғрисида

асосий

маълу-

мотлар

Техник кўрикнинг

натижалари


Кейинги

синов

ўтказиш

санаси

Изоҳ

Кўрик

Статистик

синов

Синов

ўтказган

шахс

фами-

лияси


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 5-сон, 46-модда.











































Время: 0.2002
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск