Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш /

Хусусийлаштиришдан тушумларни ҳисобга олиш, тақсимлаш ва маблағлардан фойдаланилишини назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.01.2009 й. 27-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 29 январдаги

27-сон қарорига

4-ИЛОВА



Хусусийлаштиришдан тушумларни ҳисобга олиш,

тақсимлаш ва маблағлардан фойдаланилишини

назорат қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН ТУШГАН

МАБЛАҒЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МАНБАЛАРИ ВА УЛАРНИ

ТАҚСИМЛАШ ТАРТИБИ


1. Хусусийлаштиришдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг бир қисми ҳисобланади ва қуйидагилар:

корхоналарни, хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги акциялар (улушлар)ни, ер участкаларини (шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш (деҳқон хўжалигини юритиш) учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини) ва давлат мулки ҳисобланадиган бошқа мулкларни (кейинги ўринларда давлат активлари деб аталади) сотиш;

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат рақобат қўмитаси деб аталади) томонидан илгари берилган кредитлар ҳамда олинган кредитлар (қарзлар)нинг асосий суммасини қайтариш тарзидаги қарзлар ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар бўйича қарздорлардан тушумлар;

тузилган ва бекор қилинган давлат активлари олди-сотди шартномалари, берилган кредитлар ва қарзлар бўйича тушган пенялар ва жарималар;

устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатишдан тушумлар;

ишончли бошқарувчилар томонидан талаб қилиб олинмаган Давлат рақобат қўмитасининг субҳисоб рақамларидан қайтарилган маблағлар;

суд қарорлари бўйича давлат мулки қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига ва унинг ҳудудий органлари иккиламчи махсус ҳисоб рақамларига тушумлар ҳисобига;

протоколни ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортган ёки уни рад этган ким ошди савдолари ёки танловлар (тендерлар) ғолибларидан ушлаб қолинган закалат суммаси ҳосил бўлади.

Давлат рақобат қўмитаси ва ваколатли бошқа органлар томонидан баҳолаш ташкилотлари давлат активларини баҳолашда йўл қўйган қонун бузилишлари аниқланган тақдирда илгари сотилган давлат активлари қийматига қўшимча тўлов суммалари, шунингдек давлат активларини сотишда ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун неустойка суммалари.

2. Хусусийлаштиришдан тушган маблағларни (ушбу Низомнинг 4, 5 ва 5-1-бандларига мувофиқ тақсимланадиган маблағлардан ташқари) тақсимлаш Давлат рақобат қўмитаси томонидан ҳар ойда миллий валютада, қуйидаги нисбатларда амалга оширилади:

68,5 фоизи - республика бюджетига;

25 фоизи - ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, бозор инфратузилмаси институтларини шакллантириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига;

4 фоизи - уларни фақат бозор инфратузилмасини ривожлантиришга ва тадбиркорларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга мақсадли йўналтирган ҳолда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига;

2,5 фоизи - тасарруф этиш ва бошқариш функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шу жумладан Хусусийлаштириш давлат дастурини амалга ошириш, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ахборотлар билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш учун Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари ҳисоб рақамларига;

Ушбу бандга мувофиқ маблағларни тақсимлашда:

давлат активларини сотишдан тушган (шу жумладан пенялар ва жарималар, шунингдек протоколни ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортган ёки уни рад этган аукционлар ёки танловлар (тендерлар) ғолибларидан ушлаб қолинган закалат суммалари), ушбу бандга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар уларга давлат активи жойлашган жой бўйича йўналтирилади. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган давлат активи сотилган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар республика бюджетига йўналтирилади;

Давлат рақобат қўмитаси томонидан илгари берилган кредитлар ва қарзлар бўйича олинган кредитлар (қарзлар)нинг асосий суммаларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни (шу жумладан пенялар ва жарималарни) қайтариш тарзида қарз олувчилардан тушган, ушбу бандга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар уларга қарз олувчи рўйхатдан ўтказилган жой бўйича йўналтирилади. Қарз олувчилар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатдан ўтказилган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар республика бюджетига йўналтирилади;

устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатишдан тушган, ушбу бандга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар уларга тугатилаётган хўжалик жамияти жойлашган жой бўйича йўналтирилади. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган хўжалик жамиятлари тугатилган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар республика бюджетига йўналтирилади;

Давлат рақобат қўмитасининг суб ҳисоб рақамидан қайтарилган, ишончли бошқарувчилар томонидан талаб қилинмаган, шу жумладан хусусийлаштириш умумий маблағларидан илгари ўтказилган маблағлар қайтарилган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар республика бюджетига йўналтирилади;

суд қарорларига кўра тушган, ушбу банднинг еттинчи - ўнинчи хатбошида назарда тутилган ҳоллар даъво предмети бўлмаган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бўлган маблағлар республика бюджетига йўналтирилади.

3. Хусусийлаштиришдан хорижий валютада тушадиган маблағлар Давлат рақобат қўмитасининг Марказий банкдаги махсус валюта ҳисоб рақамига ўтказилади, кейинчалик улар белгиланган тартибда, тўлиқ ҳажмда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий тартибда сотилади. Миллий валютадаги тушумларни тақсимлаш ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Бунда хусусийлаштиришдан тушган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган мақсадларга ўтказилиши лозим бўлган валюта маблағлари сотиб олиш тўловлари (шу жумладан ҳисобланган тақдирда - пенялар) тўлиқ тўлангандан кейин мажбурий тарзда сотилади ҳамда кўрсатиб ўтилган мақсадларга миллий валютада йўналтирилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса.

4. Ер участкаларини резидентларга хусусийлаштиришдан тушган маблағлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамида ҳамда Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамларида жамланади ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

80 фоизи - республика бюджетига ажратилади. Бунда ер участкаларини хусусийлаштиришдан республика бюджетига тушган маблағларнинг камида 3 фоизи муҳандислик инфраструктурасининг бош режалари ва схемаларини хатловдан ўтказиш, ишлаб чиқиш ва уларга тузатишлар киритиш, ер кадастрларини шакллантириш ва ерларни иқтисодий зоналарга бўлиш харажатларини қоплашга ажратилади;

20 фоизи - маҳаллий бюджетларга мувофиқ ҳудудларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ва ободонлаштириш учун мақсадли фойдаланган ҳолда тегишли маҳаллий бюджетларга ажратилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ёки уларнинг бир қисми бошқа мақсадларга йўналтирилган тақдирда ушбу Низом уларнинг қолган қисмига татбиқ этилади.

Бунда аниқ давлат активларини сотишдан тушган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган мақсадларга ўтказилиши лозим бўлган маблағлар сотиб олиш тўловлари (шу жумладан ҳисобланган тақдирда - пенялар) тўлиқ тўлангандан кейин кўрсатиб ўтилган мақсадларга йўналтирилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса.

5-1. Давлат активлари олди-сотдиси бўйича тузилган ва бекор қилинган шартномалар, берилган кредитлар ва қарзлар бўйича тушган пеня ва жарималар суммалари қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи тасарруф этиш ва бошқариш функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шу жумладан Хусусийлаштириш давлат дастурини амалга ошириш, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ахборотлар билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш учун Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари ҳисоб рақамларига йўналтирилади;

қолган қисми ушбу Низомнинг 2-бандига мувофиқ тақсимланади.

Давлат активларининг олди-сотди шартномаси бекор қилинганда:

ушбу шартнома бўйича тўланган маблағларни қайтариш тўланган маблағлардан пенялар ва жарималар суммасини ушлаб қолган ҳолда шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади, суднинг қарорида ёки шартнома томонларининг алоҳида битимида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса;

пенялар ва жарималар суммасини тақсимлаш мазкур шартнома бўйича илгари тўланган маблағлар Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамида ёки унинг ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамида мавжуд бўлганда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган мақсадлар учун ўтказилган маблағлар Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига ёки унинг ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамига қайтарилганда (ундирилганда) ушбу бандга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳисобланган пеня ва жарималар суммасининг етишмаётган қисми қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олинади ҳамда ушбу бандга мувофиқ тақсимланади.

Хорижий валютада тузилган ва улар бўйича тўлов Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича амалга ошириладиган белгиланган тартибда бекор қилинган давлат активларининг олди-сотди шартномалари бўйича пеня ва жарима Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шартномани бекор қилиш юзасидан суднинг қарори кучга кирган кундаги, бошқа ҳолларда эса шартнома белгиланган тартибда бекор қилинган кундаги курси бўйича ҳисобланади.

6. Маблағларни ушбу Низомнинг 2, 3 ва 4-бандларига мувофиқ тақсимлашда қуйидагилар ҳисобга олинмайди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича хусусийлаштиришдан тушган умумий маблағлардан бир йўла тўловлар;

белгиланган тартибда бекор қилинган шартномалар бўйича Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан харидорларга қайтариладиган маблағлар;

улар бўйича битишувлар тузилмаган ва уларнинг эгаларига қайтарилиши керак бўлган битишувлар тузиш учун талабгорлар томонидан депозитга қўйилган маблағлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тусга эга бўлган давлат активларини сотиш бўйича тендерлар ўтказиш харажатлари;

банк томонидан тўловчиларга нотўғри ўтказилган суммалар, шунингдек Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига унинг ҳудудий органларининг иккиламчи ҳисоб рақамларига тушган суммалар аниқлаштирилгунгача;

хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг акцияларини чиқариш, сақлаш ва сотиш, шунингдек бошқа давлат активларини сотиш билан боғлиқ харажатлар;

амалий тадқиқотларни бажариш бўйича баҳолаш, илмий-тадқиқот, аудитор, молия, консалтинг ва бошқа хорижий ва мамлакатимиз компанияларининг хизматлари, норматив-методик ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш, ишлаб чиқиш, давлат активларини сотишдан олдинги тайёрлаш бўйича харажатлар;

юридик шахсларнинг акциялари (улушлари, пайлари)ни, шунингдек бошқа активларни давлат манфаатлари учун сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар;

давлат активларини бошқариш бўйича хизматлар ҳақини тўлаш бўйича харажатлар.

Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамидан ҳамда унинг ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамидан суд қарорлари асосида амалга оширилган харажатлар.

Белгиланган тартибда бекор қилинган, тўлов хорижий валютада ва/ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада амалга оширилган давлат активларининг олди-сотди шартномалари бўйича маблағларни қайтариш харидорнинг розилигига кўра, хусусийлаштириш умумий маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайтариш кунидаги курси бўйича миллий валютада белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

6-1. Давлат рақобат қўмитаси (унинг ҳудудий органлари) томонидан харажатларни амалга оширишда етказиб берувчилар билан шартномалар қуйидаги ҳолларда танлов (танлаб олиш)ни ўтказмасдан тузилиши мумкин:

давлат активлари тўғрисидаги рекламаларни ва ахборот тусидаги эълонларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш, шунингдек реклама ва эълонларни ташқи реклама манбаларида (билбордлар, баннерлар ва бошқаларда) жойлаштириш;

давлат активларини сотишда, шунингдек юридик шахслар акциялари (улушлари, пайлари)ни ва бошқа активларни давлат манфаатларини кўзлаб сотиб олишда биржа ва биржадан ташқари савдоларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан хизматлар кўрсатиш;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш ва корпоратив бошқарув муаммолари тадқиқотлари маркази томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий-тадқиқот ва бошқа ишлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Республика бизнес-мактаби томонидан корпоратив бошқарувни ривожлантириш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси марказий аппарати ва таркибий бўлинмалари, шунингдек давлат ишончли вакиллари малакасини ошириш;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги "Хусусийлаштириш ахборот тизимлари" ахборот технологиялари маркази" давлат унитар корхонаси томонидан замонавий ахборот-технология компьютер дастурларини, маҳаллий компьютер ва интернет тармоғини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат тендер комиссияси қарорлари асосида давлат активларини сотишда мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

баҳолаш ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатиш.

Баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензияси бўлган баҳоловчи ташкилотлар хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.

7. Аниқ давлат активини сотишдан тушган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган мақсадларга аниқ суммасини кўрсатмасдан ўтказилиши керак бўлган маблағлар мазкур давлат активларининг тузилган ва бекор қилинган олди-сотди шартномалари бўйича пеня ва жарималар суммасини, шунингдек ушбу давлат активини сотиш билан боғлиқ харажатларни (баҳолаш компаниялари, савдолар ташкилотчилари, воситачилар, депозитарийлар ва ҳисоб-китоб-клиринг харажатларини) чегирган ҳолда кўрсатиб ўтилган мақсадларга йўналтирилади.

Бунда давлат мулкининг олди-сотди шартномаси бекор қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган мақсадлар учун илгари ўтказилган маблағлар Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига ёки унинг ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамига қайтарилиши (Давлат бюджетига, давлат бошқаруви органларига ва/ёки бюджет ташкилотларига йўналтирилган маблағлардан ташқари) ва ушбу Низомга мувофиқ тақсимланиши керак.

8. Ушбу Низомнинг 1-бандида кўрсатилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тошкент шаҳри бўйича Бош бошқармасининг ҳисоб-китоб-касса марказидаги Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳудудий бош бошқармаларида очилган Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамларида жамланади.

Хусусийлаштиришдан тушган, Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамларида жамланадиган ҳамда ушбу Низомнинг 2 ва 4-бандларига мувофиқ тақсимланадиган маблағлар ҳар ҳафтада ҳисоб-китоб-касса марказидаги Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда ўтказилади.

9. Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг иккиламчи махсус ҳисоб рақамларидан тушган ва сарфланадиган маблағлар Давлат рақобат қўмитасига ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳудудий бош бошқармасига ҳар ҳафтада тақдим этиладиган, Давлат рақобат қўмитаси тасдиқлайдиган шакл бўйича ҳисоботда акс эттирилади.

10. Давлат рақобат қўмитасининг ва унинг ҳудудий органларининг ҳисоб рақамларига манбаларнинг барча турлари бўйича тушган маблағлардан солиқ олинмайди.


II. ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН ТУШГАН

МАБЛАҒЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


11. Давлат рақобат қўмитасининг ва унинг ҳудудий органларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳудудий бош бошқармаларидаги махсус ҳисоб рақамларига маблағларни ўтказиш тегишли тижорат банклари томонидан, харидорнинг (юридик ёки жисмоний шахснинг) топшириқномаси бўйича амалга оширилади.

Банкда ҳисоб рақамига эга бўлмаган жисмоний шахслар банк орқали нақд маблағларини топшириши мумкин.

Сотиб олинаётган давлат активлари учун тўланган маблағлар биринчи навбатда асосий қарз ҳисобига ўтказилади, тўлов муддатларини ўтказиб юборганлик учун ҳисобланган пеняларни тўлаш сотиб олиш тўловлари бўйича асосий қарз тўлиқ қоплангандан кейин ўтказилади.

12. Давлат активлари харидорлари тўлов ҳужжатларида қуйидагиларни кўрсатишлари шарт:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳудудий бош бошқармасида очилган Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органининг махсус ҳисоб рақами реквизитлари;

давлат активи олди-сотди шартномасига мувофиқ тўловнинг номи;

маблағларни ўтказишнинг асоси (олди-сотди шартномасининг ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатнинг рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами);

давлат активининг номи.

Харидор томонидан тўлов топшириқномасини тўлдириш учун зарур бўлган ҳисоб рақамининг тартиб рақами ва бошқа банк реквизитлари давлат активи олди-сотди шартномасида ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатда кўрсатилади.


13. Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари тармоқлар ва тушум манбалари бўйича ҳар бир хусусийлаштириш объекти бўйича маблағларнинг тушиши, ҳаракати ва тақсимланиши ҳисобини юритадилар, улар бўйича Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган тартибда ва шаклларда ҳисоботлар тузадилар.

Хусусийлаштиришдан маблағларнинг тушиши ва тақсимланиши тўғрисидаги йиғма жадваллар ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг биринчи кунидаги ҳолатига кўра ойнинг бешинчи кунигача Давлат рақобат қўмитасига тақдим этилади.

14. Биржа савдоларида сотилган давлат активлари учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида қилинганлиги юзасидан назоратни ҳисоб-китоб-клиринг хизматлари кўрсатиш юзасидан тузилган шартномага мувофиқ ҳисоб-китоб-клиринг ташкилоти, биржадан ташқари савдоларда сотилган давлат активлари бўйича эса қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи амалга оширади.

15. Давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган, белгиланган муддатларда киритилмаган маблағлар суммаси харидорлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олинади.



III. ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН ТУШГАН

МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ, УЛАРНИ

ДАВЛАТ РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ВА УНИНГ

ҲУДУДИЙ ОРГАНЛАРИ МАХСУС ҲИСОБ

РАҚАМЛАРИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

16. Ушбу Низомнинг 2 ва 4-бандларида кўрсатилган олувчилар томонидан маблағлардан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


17. Маблағларни республика бюджетига ўтказиш ҳар ойда Давлат рақобат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамларидан амалга оширилади.

18. Маблағлар Давлат рақобат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжлари учун (25 фоиз) ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунигача, уларнинг ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади.

19. Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ғазначилик ҳисобларидан маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида қуйидаги йўналишлар бўйича сарфланади:

а) маблағларнинг 50 фоизи 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уй-жойларнинг умумий фойдаланиладиган жойларини ва муҳандислик коммуникацияларини мукаммал таъмирлашни, шунингдек умумтаълим мактаблари ва мактабгача тарбия муассасаларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашни молиялаштиришга йўналтирилади;

б) маблағларнинг камида 25 фоизи аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган тоифалари учун уй-жой қурилишини молиялаштиришга йўналтирилади;

в) маблағларнинг қолгани:

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган муҳандислик ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари, сув қувурлари, канализация тизимлари ва иншоотлар, газ ва электр таъминоти тармоқлари, йўллар қурилишини, шунингдек ижтимоий инфратузилмани - таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари қурилишини молиялаштиришга;

лойиҳалаш ҳужжатларини, шу жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштиришга йўналтирилади.


20. Маблағларнинг йўналишлар бўйича ўз вақтида ўтишини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли бўлинмалари ва банк муассасалари таъминлайдилар.


21. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ушбу Низомга иловадаги шакл бўйича маблағлардан фойдаланишнинг йўналишлари тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.


22. Тасарруф этиш ва бошқариш функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шу жумладан Хусусийлаштириш давлат дастурини амалга ошириш, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ахборотлар билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш учун Давлат рақобат қўмитаси ихтиёрида қолдириладиган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ фойдаланилади.


IV. ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН ТУШГАН МАБЛАҒЛАРДАН

МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


23. Ушбу Низомга мувофиқ тақсимланиши керак бўлган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


24. Давлат рақобат қўмитаси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига хусусийлаштиришдан маблағларнинг тушиши ва сарфланиши тўғрисида ахборот тақдим этади.

25. Хусусийлаштиришдан маблағларнинг тушиши ва сарфланиши бўйича бошланғич ҳужжатларни текширишлар ҳар йили камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА



Хусусийлаштиришдан маблағларни ҳудудларнинг

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига

ишлатилиши тартиби тўғрисида

ҲИСОБОТ ШАКЛИ


(Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги,

вилоятлар ва Тошкент шаҳри молия бошқармалари томонидан

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади)

       

ҲИСОБОТ

________________________________  молия бошқармасининг

                                                                  (номи)

Хусусийлаштиришдан маблағларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий

ривожлантириш эҳтиёжларига ишлатилиш йўналишлари тўғрисида

_______________________ вилояти

(номи)

200_ йил 1 _______________ ҳолатига

(ой)

       


Кўрсаткичлар номи


Жами йил

бошидан

буён


Ҳисобот

ойи даврида


1

Давр бошига хокимият ҳисоб рақамидаги маблағлар қолдиғи, Жами




2

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси махсус ҳисоб рақамидан тушди, Жами




3

ХАРАЖАТЛАР

Жами

жумладан йўналишлар бўйича:

а) 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уй-жойларнинг умумий фойдаланиладиган жойларини ва муҳандислик коммуникацияларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек умумтаълим мактаблари ва мактабгача тарбия муассасаларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш

б) аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган тоифалари учун уй-жой қурилиши

в) қурилиш:

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган муҳандислик ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари, сув қувурлари, канализация тизимлари ва иншоотлар, газ ва электр таъминоти тармоқлари, йўллар қурилишини, шунингдек ижтимоий инфратузилмани - таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари;

г) лойиҳалаш ҳужжатларини, шу жумладан шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

д) бошқа харажатлар (расшифровка қилинади)





"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 6-сон, 51-модда.




















































Время: 0.2027
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск