ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.02.2009 й. 41-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 12 февралдаги

41-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини

назорат қилиш комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) республика аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида ташкил этилган.


2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссиялари (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) фаолият кўрсатади, уларнинг таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.



II. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлинмалари, бошқа алоқадор органлар томонидан шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш бўлимлари томонидан аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларининг асосий қоидалари амалга оширилишини назорат қилиш;

аҳоли пунктларини замонавий талаблар ва миллий анъаналарга мувофиқ шаҳарсозлик жиҳатидан комплекс ривожлантиришни, уларнинг меъморий-бадиий қиёфасини ва бой меъморий-тарихий меросни сақлаб қолишни таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш ва улар бўйича таклифлар киритиш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология хавфсизлиги талабларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига риоя этилиши аҳволини ҳар томонлама ўрганиш;

ноқонуний қурилишларнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларидан ноўрин фойдаланилишининг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;

шаҳарсозлик фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли пунктлари бош режаларининг асосий қоидаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари юзасидан таклифлар тайёрлаш;

аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларининг қўпол бузилишига йўл қўйилганлиги учун тегишли мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш.


6. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз қарорларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилишини назорат қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Комиссияга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари тегишли раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Комиссия қарорларининг бажарилишини таъминламаган тегишли мансабдор шахсларга интизомий ва бошқа жазо чоралари қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

ваколатли давлат органларига тегишли ҳудудда шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки белгиланган тартибда тақиқлаш тўғрисида тақдимномалар киритиш.



III. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Комиссияга раис бошчилик қилади, унинг ваколатларига қуйидагилар киради:

Комиссия мажлисларини чақириш ва унинг кун тартибини белгилаш;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

Комиссияга юкланган вазифаларни бажариш юзасидан Комиссия аъзолари ишларини мувофиқлаштириш;

Комиссия томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

Комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан бошқа хатти-ҳаракатларни бажариш.


8. Комиссия ўз ишларини Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиллик режа ва ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларини кўриб чиқиш жадвали асосида ташкил қилади.


9. Комиссия мажлислари тасдиқланган иш режаси ва жадвалга мувофиқ ҳар ойда камида бир марта ўтказилади. Комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.


10. Комиссия мажлисини унинг раиси бошқаради. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда мажлисни унинг ўринбосари бошқаради. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


11. Комиссия раиси билан келишган ҳолда унинг объектив сабабларга кўра мажлисда қатнашмаётган аъзолари ўрнига уларнинг ваколатли вакиллари овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашишлари мумкин.


12. Комиссия мажлисига тегишли ишчи гуруҳлар аъзолари, ҳудудий комиссияларнинг раҳбарлари, ҳокимликларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари, шунингдек кўриб чиқилаётган масалалар характерига кўра, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари таклиф этилади.


13. Комиссия мажлисларида ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган ўрганишларнинг натижалари кўриб чиқилади, шунингдек ҳудудий комиссияларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари тегишли раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.


14. Комиссия ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига бажарилган ишлар тўғрисида ахборот тақдим этади.



IV. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ

ГУРУҲЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


15. Комиссия юкланган вазифаларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар ташкил қилади, уларга ишлаш учун тегишли мутахассисларни жалб этади.


16. Ишчи гуруҳлар фаолияти Комиссиянинг унинг раиси томонидан тасдиқланадиган иш режасига ва жойларда аҳоли пунктларини комплекс қуриш масалаларини ўрганиш жадвалига мувофиқ ташкил этилади.


17. Ишчи гуруҳ жойларга борган ҳолда аҳоли пунктларини комплекс қуришнинг аҳволини ўрганади ва таҳлил қилади. Бунда ўрганиш ва таҳлил қилиш Комиссия раиси тасдиқлайдиган ўрганиш режасига ва саволларига мувофиқ амалга оширилади.


18. Ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини ҳудудий комиссиялар билан яқин ҳамкорликда амалга оширади. Жойлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш ҳудудий комиссиялар раислари зиммасига юкланади.


19. Ишчи гуруҳ жойларга боргунгача, тайёрланган ўрганиш режаси ва саволлари тегишли ҳудудий комиссияга юборилади, ҳудудий комиссия улар асосида зарур материаллар тайёрланишини таъминлайди.


20. Ишчи гуруҳ жойларга келгач ҳудудий комиссия томонидан тайёрланган материалларни, ҳудудий комиссия фаолиятини, Комиссия қарорларининг бажарилишини ўрганади ва таҳлил қилади.

Аҳоли пунктларини комплекс қуришнинг аҳволини ўрганиш ишчи гуруҳ томонидан, тегишли аҳоли пунктларига, ишлаётган, қурилаётган ва реконструкция қилинаётган объектларга, келгусида қуриш мўлжалланаётган ҳудудларга бевосита борган ҳолда амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ ўз вазифаларини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аҳоли пунктларини комплекс қуришнинг аҳволини ўрганиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларининг мутахассисларини жалб қилиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бўлинмаларидан зарур маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари тегишли раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

тегишли ҳудудий комиссияларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бўлинмаларига аҳоли пунктларини комплекс қуриш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шаҳарсозликка доир қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қатъий ва изчил риоя қилинишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш тўғрисида таклифлар киритиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бўлинмаларига Комиссия қарорлари бажарилишини таъминламаган тегишли мансабдор шахсларга нисбатан интизомий ва бошқа жазо чоралари қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш.


21. Ишчи гуруҳ ўрганиш натижалари бўйича ҳудудий комиссия билан биргаликда, комиссия мажлисларида кўриб чиқиш учун хулоса ва тегишли материаллар тайёрлайди. Хулоса ишчи гуруҳ ва ҳудудий комиссия раҳбари томонидан имзоланади ҳамда бошқа материаллар билан бирга Комиссияга киритилади.

Ишчи гуруҳлар ва ҳудудий комиссияларнинг раҳбарлари ва аъзолари тайёрланган материалларнинг сифати ва холисоналиги учун шахсан жавоб берадилар.


22. Ишчи гуруҳларнинг иш регламенти, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ишларнинг аҳволини ўрганиш ва Комиссия мажлисида кўриб чиқишга киритиш учун тегишли таклифлар тайёрлаш тартиби Комиссия томонидан белгиланади.



V. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ

ОРГАНИ ВА КОТИБИ


23. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

24. Комиссиянинг ишчи органи:

навбатдаги давр учун Комиссиянинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

Комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ва вазирликлар, идоралар, юридик шахслар бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, корхоналар ҳамда Комиссия аъзоларидан зарур материаллар ва эксперт хулосаларни олиш ҳуқуқига эга бўлади;

кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашни ва Комиссия мажлисларини ўтказишни ташкил қилади;

Комиссияга кўриб чиқиш учун ахборот ва таҳлилий материалларни тақдим этади;

Комиссияга кўриб чиқиш учун унинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.


25. Комиссия котиби:

Комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Комиссия мажлисига материалларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар ва ишчи орган ишларини ташкил қилади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлисларини ўтказишни ташкил қилади;

Комиссия раиси билан мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини келишиб олади;

Комиссия аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказилиш санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Комиссия қарорларининг бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Комиссия протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Комиссия аъзоларига, манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади.



VI. КОМИССИЯ МАЖЛИСИГА

МАТЕРИАЛЛАР ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


26. Ишчи гуруҳлар ва ҳудудий комиссиялар томонидан тақдим этилган материалларни ишчи орган кўриб чиқади, у Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун уларни расмийлаштиради, Комиссия мажлисининг кун тартибини тайёрлайди ва ҳужжатлар пакетини Комиссия котибига тақдим этади.


27. Комиссия мажлиси кун тартибидаги ҳар бир масала учун ҳужжатлар пакетида қарор қабул қилиш учун зарур материаллар (ишчи гуруҳларнинг хулосалари, таҳлилий маълумотномалар, жадваллар ва шу кабилар) ҳамда Комиссия қарорининг лойиҳаси мавжуд бўлиши керак.


28. Комиссия котиби тақдим этилган материаллар тўғрисида Комиссия раисига ахборот беради, Комиссия раиси кун тартиби ва тақдим этилган материаллар маъқулланган тақдирда Комиссия мажлиси ўтказиладиган вақтни ва санани, шунингдек Комиссия мажлисига таклиф этиладиган шахсларни белгилайди.


29. Комиссия котиби ишчи орган билан биргаликда мажлис материалларини протокол лойиҳаси билан бирга Комиссия аъзоларига, зарурият бўлганда, шунингдек мажлисга таклиф этилган бошқа шахсларга юборишни таъминлайди.



VII. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


30. Комиссия қарори Комиссиянинг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.Овозлар тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.


31. Комиссия раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Комиссиянинг алоҳида масалалар бўйича Комиссия аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


32. Комиссия қарорлари Комиссия мажлиси протоколи билан расмийлаштирилади. Комиссия мажлиси протоколига унинг барча аъзолари томонидан розилик белгиси қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Комиссия раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Комиссия аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.


33. Комиссия протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментида сақланади.

34. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.


35. Комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилиш Комиссиянинг ишчи органи ва ишчи гуруҳлари томонидан амалга оширилади.


36. Ишчи орган ва ишчи гуруҳлар Комиссия қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганишади ва кўриб чиқишади, зарурият бўлганда Комиссия раисига тегишли таклифлар киритишади.

Қабул қилинган қарорлар бажарилмаган тақдирда Комиссия раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритишга ҳақлидир.


37. Комиссия қарорларининг ҳудудларда бажарилишини ташкил этиш ҳудудий комиссияларга юкланади. Ҳудудий комиссиялар Комиссия қарорлари бажарилишини ташкил этиш бўйича зарур тадбирларни ишлаб чиқадилар ва уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлайдилар.


38. Ишчи орган, ишчи гуруҳлар ва ҳудудий комиссиялар Комиссия қарорларининг бажарилиши натижалари тўғрисида ҳар ойда Комиссияга зарур материалларни илова қилган ҳолда тегишли таҳлилий маълумотнома тақдим этадилар.


39. Комиссия қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши аҳволини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 8-сон, 77-модда.























































Время: 0.2231
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск