ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура /

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси тўғрисида Низом (АВ томонидан 14.03.2009 й. 1920-сон билан рўйхатга олинган Адлия вазирининг 14.03.2009 й. 68-мх-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 14 мартда 1920-сон

билан рўйхатга олинган

Адлия вазирининг

2009 йил 14 мартдаги

68-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси

ҳузуридаги Олий малака комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Адвокатура тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, 2-сон, 48-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси (бундан кейинги ўринларда Олий малака комиссияси деб юритилади) ваколатларини ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Олий малака комиссияси:

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни (бундан кейинги ўринларда шикоятлар деб юритилади) кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг (бундан кейинги ўринларда малака комиссиялари деб юритилади) иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун тузилади.


2. Олий малака комиссияси Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси (бундан кейинги ўринларда Адвокатлар палатаси деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (бундан кейинги ўринларда Адлия вазирлиги деб юритилади) қўшма қарорлари билан ҳамкасблари орасида ҳурматга сазовор адвокатлар, шунингдек ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали мутахассислар орасидан тоқ миқдорда тузилади.

3. Олий малака комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1921, 2009 йил 14 март) Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси қарорларига ва мазкур Низомга амал қилади.

4. Олий малака комиссияси масалаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилишда Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлиги, бошқа ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар ҳамда фуқаролардан мустақилдир.


5. Олий малака комиссиясининг моддий-техника ва молиявий таъминоти Адвокатлар палатаси томонидан амалга оширилади.



II. ОЛИЙ МАЛАКА КОМИССИЯСИНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ


6. Олий малака комиссияси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун:

талабгорлар, адвокатлар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқади ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилади;

зарур бўлганда, манфаатдор шахслар ва тегишли ташкилотлардан қўшимча ҳужжатларни сўраб олади;

шикоятларни кўриб чиқиш вақтида тегишли малака комиссияларидан зарур ҳужжатларни талаб қилиб олади;

мазкур Низомда назарда тутилган ҳолларда, талабгорлардан малака имтиҳонлари қабул қилади ва уларни топшириш натижалари бўйича қарорлар қабул қилади;

қарор қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган янги очилган ҳолатларни ўрганади;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида малака комиссияларининг мурожаатлари бўйича хулосалар беради;

адвокатларга малака даражалари бериш тўғрисида малака комиссиялари қарорлари бўйича хулосалар беради;

Адвокатлар палатасига малака комиссиялари иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил этиш билан уларнинг фаолиятини ўрганиш тўғрисида мурожаат қилади ҳамда умумлаштириш ва таҳлил натижалари бўйича қарорлар қабул қилади.

Олий малака комиссиясининг мазкур Низомга мувофиқ қабул қилган қарорлари малака комиссиялари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.


7. Олий малака комиссияси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда:

Олий малака комиссиясига кўриб чиқиши учун киритилган масалаларни ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга;

қонунчилик ҳужжатларига, адвокатлик фаолиятининг асосий принципларига қатъий риоя этишга;

адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва ҳимоясини, адвокатнинг дахлсизлигини, адвокатнинг фаолиятига аралашмасликни таъминлашга мажбурдир.



III. ОЛИЙ МАЛАКА КОМИССИЯСИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Олий малака комиссиясининг таркиби Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлигининг қўшма қарорлари билан адвокатлар ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали мутахассислар орасидан 9 кишидан иборат таркибда икки йил муддатга тасдиқланади. Бунда комиссия аъзоларининг камида 5 нафари адвокат бўлиши лозим. Олий малака комиссияси таркибига келишув асосида суд, адлия органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали ходимлари жалб этилади.

Олий малака комиссияси раиси ва ўринбосари комиссиянинг биринчи йиғилишида тўлиқ таркибда иштирок этган аъзолар умумий сонининг оддий кўпчилик очиқ овоз бериши орқали малака комиссияси аъзолари орасидан сайланади. Олий малака комиссияси раислиги ва ўринбосарлигига номзодлар овоз беришда қатнашмайдилар.

Олий малака комиссияси раисининг ўринбосари Олий малака комиссиясининг мажлисида раис ҳозир бўлмаган ҳолларда раислик қилади.

Олий малака комиссияси аъзолигига адвокатларнинг номзодлари адвокатлик фаолияти бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган адвокатлар орасидан тақдим этилади.

Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, уларнинг яқин қариндошлари Олий малака комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

8-1. Қуйидаги ҳолатларда Олий малака комиссияси аъзоси комиссия таркибидан чиқарилади:

ўз аризасига биноан;

адвокат мақоми тўхтатилган ёки тугатилганда;

комиссия аъзоси бўлган суд, адлия органлари ва бошқа ташкилотлар ходимининг иш жойи ўзгарганда ёки ходим ишдан бўшатилганда;

комиссия аъзоси томонидан мазкур Низом талаблари қўпол равишда бузилганда;

комиссия аъзоси соғлиғининг ҳолатига кўра вазифаларини бажариш имкони бўлмаганда;

комиссия аъзоси комиссия йиғилишларида сурункали 3 марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда.

Ушбу банднинг бешинчи - еттинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича Олий малака комиссияси аъзосини комиссия таркибидан чиқариш масаласи комиссия раиси томонидан киритилади.

Комиссия аъзосини комиссия таркибидан чиқариш тўғрисидаги қарор комиссия аъзоларининг учдан икки қисми овозлари билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор ҳақида комиссия таркибидан чиқарилган комиссия аъзосига ёзма равишда маълум қилинади.

Комиссия аъзосини комиссия таркибидан чиқариш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят келтирилиши мумкин.

Малака комиссияси аъзосини ушбу бандда назарда тутилмаган асослар бўйича комиссия таркибидан чиқарилишига йўл қўйилмайди.

Комиссия таркибидан чиқарилган аъзо ўрнига мазкур Низомда назарда тутилган тартибда комиссия тасдиқланган муддат доирасида янги комиссия аъзоси киритилади.

9. Олий малака комиссиясининг аъзоси бўлган адвокатга нисбатан интизомий иш юритиш кўриб чиқилиши ёки Олий малака комиссияси аъзосининг малака имтиҳонини топшириши натижалари бўйича шикоят кўриб чиқилган ҳолларда, улар Олий малака комиссияси мажлисида қатнашишга ҳақли эмас.

Комиссия аъзоси, агар у:

комиссия мажлиси кўрилаётган масалалар бўйича талабгор, адвокат ва бошқа манфаатдор шахс малака комиссияси аъзосининг яқин қариндоши бўлса;

комиссия мажлисининг натижасидан ва унда қабул қилинадиган қарордан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, комиссия мажлисида иштирок этиши мумкин эмас ва у рад этилиши керак.

Мазкур бандда кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, комиссия аъзоси ўзини ўзи рад этиши шарт. Агар у бундай қилмаса, айни шу асослар бўйича комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан, шунингдек масаласи кўрилаётган талабгорлар, адвокатлар ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан рад этилиши мумкин.

Рад этиш ҳақидаги баёнот асослантирилган бўлиши керак.

Рад этиш билдирилган комиссия аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.

Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида комиссиянинг қолган аъзолари томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал этилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, комиссия аъзоси рад этилган ҳисобланади.

Олий малака комиссиясининг мажлиси, агар унда Олий малака комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, комиссия ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.

Кворум бўлмаган ҳолда, Олий малака комиссиясининг мажлисига ҳозир бўлган аъзолари томонидан мажлисни кейинга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади, мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.

10. Олий малака комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, лекин икки ойда камида бир марта ўтказилади. Олий малака комиссияси раиси Олий малака комиссияси мажлиси ўтказилишидан камида ўн кун олдин мажлиснинг кун тартиби, санаси, вақти ва жойини белгилайди.

11. Олий малака комиссияси қарорлари унинг мажлисида қатнашаётган Олий малака комиссияси аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Олий малака комиссиясининг қарорлари улар қайси мажлисда қабул қилинган бўлса, ўша мажлисда раислик қилувчи томонидан эълон қилинади.


12. Олий малака комиссиясининг ишини юритиш Адвокатлар палатаси раиси томонидан тайинланадиган Олий малака комиссиясининг масъул котиби (бундан кейинги ўринларда масъул котиб деб юритилади) зиммасига юклатилади. Масъул котиб Олий малака комиссиясининг ва малака комиссияларининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Масъул котиб:

шикоятларни қабул қилади;

Олий малака комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиш учун материалларни тайёрлашни амалга оширади ва уларнинг сақланишини таъминлайди;

Олий малака комиссияси аъзоларини, шунингдек шикоят берган шахсларни ва бошқа манфаатдор шахсларни Олий малака комиссиясининг мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;

Олий малака комиссияси аъзолари ва манфаатдор шахсларнинг мажлисда ҳозир бўлганлигини текширади, ҳозир бўлмаганлик сабабларини аниқлайди ва бу ҳақда Олий малака комиссиясига ахборот беради;

Олий малака комиссияси мажлисларининг баённомаларини юритади;

раислик қилувчининг Олий малака комиссияси мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа топшириқларини бажаради, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.


13. Адвокатлар палатасига шикоятни бевосита юбориш йўли билан Олий малака комиссиясига берилган шикоят келиб тушган кундан бошлаб уч кун мобайнида, Адвокатлар палатаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасидан шикоят билан боғлиқ барча ҳужжатлар ва материалларни талаб қилади.


14. Олий малака комиссиясининг мажлисларида баённома юритилади, у мажлисда қатнашган Олий малака комиссиясининг раислик этувчи ва масъул котиб томонидан имзоланади. Олий малака комиссиясининг қароридан рози бўлмаган Олий малака комиссиясининг аъзоси комиссия мажлисининг баённомасига киритиладиган ўзининг нуқтаи назарини ёзма шаклда баён этишга ҳақли.

15. Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларга қараб, баённомада:

Олий малака комиссияси мажлиси ўтказиладиган сана ва жой;

Олий малака комиссиясининг мажлисида қатнашган Олий малака комиссияси аъзоларининг рўйхати;

Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартиби;

малака комиссиясининг қарори устидан келтирилган шикоят;

талабгорлар тўғрисидаги ахборот;

мазкур Низомда назарда тутилган ҳолатларда, Олий малака комиссияси томонидан талабгордан қабул қилинган малака имтиҳони тўғрисидаги зарур маълумотлар;

шикоятда баён этилган важлар, Олий малака комиссияси аъзоларининг, манфаатдор шахсларнинг сўзга чиқишлари ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосий мазмуни;

Олий малака комиссияси аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар;

шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича овоз бериш якунлари;

Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган ҳар бир масала бўйича қарорлар;

Олий малака комиссияси қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби;

қарор қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар акс эттирилади.


16. Олий малака комиссияси мажлиси баённомасининг нусхалари бир ҳафталик муддатда Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаларига юборилади.


17. Олий малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирма қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай масъул котиб имзоси билан манфаатдор шахсларга юборилади ёки тилхат олинган ҳолда топширилади. Олий малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирмалар Адвокатлар палатасининг муҳри билан тасдиқланади.

Олий малака комиссияси мажлиси баённомасидан кўчирмаларда Олий малака комиссиясининг мажлиси ўтказилган сана ва жой тўғрисидаги маълумотлар, Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган қисмидаги, тегишли манфаатдор шахсларга тааллуқли бўлган масала бўйича қарор ва ушбу қарор устидан шикоят қилиш тартиби баён этилади.



IV. ШИКОЯТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


18. Малака комиссиялари қарорларининг устидан келтирилган шикоятлар манфаатдор шахслар томонидан комиссия мажлисининг баённомасидан кўчирма олинган кундан эътиборан Олий малака комиссиясига бир ой ичида берилиши мумкин.

Кўрсатилган муддатнинг ўтказиб юборилганлиги шикоятни қабул қилиш ва кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўлмайди. Олий малака комиссияси муддат ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топиб, ана шу муддатни тиклаши ва шикоятни мазмунан кўриб чиқиши мумкин.

Шикоятларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

19. Шикоят ўз ичига шикоят берган манфаатдор шахснинг важлари, унинг фикрича, малака комиссияси қарорининг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ва унинг илтимоси мазмунини олиши керак.


20. Шикоят Олий малака комиссияси томонидан у Адвокатлар палатасига келиб тушган кундан эътиборан кўпи билан бир ой ичида кўриб чиқилиши керак.


21. Олий малака комиссиясининг аъзолари, шунингдек шикоят келтирган шахслар ва бошқа манфаатдор шахслар комиссия мажлиси ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида хабардор қилинади.


22. Агар Олий малака комиссияси интизомий иш юритиш бўйича шикоятни кўриб чиқиш вақтида интизомий иш юритиш билан боғлиқ алоҳида масалаларни ўрганиш талаб этилади, деган хулосага келса, бундай ўрганишни ўтказиш вазифаси Олий малака комиссиясининг қарори билан ўз аъзоларидан бирининг ёки тегишли ҳудудий бошқарманинг зиммасига юклатилиши мумкин.

23. Олий малака комиссияси фақат истисно ҳолатларда, шу жумладан, тегишли малака комиссиясининг холислиги ва беғаразлигига асосли шубҳалар мавжуд бўлган ҳолларда малака имтиҳони қабул қилади.

Малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ, Олий малака комиссияси томонидан қабул қилинади.


24. Олий малака комиссияси шикоятни кўриб чиқиб, ўз қарори билан:

малака комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад қилиш;

малака комиссиясининг қарорини ўзгартириш ва янги қарор қабул қилиш;

талабгор малака имтиҳони топшириши натижалари бўйича малака комиссиясининг қарорини бекор қилиш;

малака комиссияси қарорини бекор қилиш ва адвокатга нисбатан интизомий иш юритишни тугатиш;

шикоятни кўрмасдан қолдиришга ҳақли.


25. Олий малака комиссиясининг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида малака комиссиясининг мурожаати бўйича хулосаси у тузилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма шаклда Адлия вазирлигига етказилади.

Адлия вазирлиги мазкур хулоса келиб тушган кундан етти кун ичида лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида тегишли маъмурий судга мурожаат қилади.

26. Олий малака комиссияси томонидан малака комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисидаги қарор:

шикоят мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлмаган;

шикоятда баён этилган важлар тасдиқланмаган ҳолларда қабул қилинади.


27. Олий малака комиссияси томонидан малака комиссиясининг қарорини ўзгартириш тўғрисидаги қарор ва янги қарор:

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низом талаблари бузилган ҳолда, агар бундай қоидабузарлик малака комиссиясининг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлса;

малака комиссияси томонидан асослантирилмаган қарор қабул қилинган ҳолларда қабул қилинади.


28. Олий малака комиссияси томонидан талабгор малака имтиҳони топшириши натижалари бўйича малака комиссиясининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги қарор:

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низом талаблари бузилган ҳолда, агар бундай қоидабузарлик малака комиссиясининг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлса;

талабгор томонидан малака имтиҳонида берилган жавобларни баҳолашда малака комиссияси томонидан холислик ва беғаразлик таъминланмаган ҳолларда қабул қилинади.

Олий малака комиссияси малака комиссиясининг талабгор томонидан малака имтиҳонини топшириши натижалари бўйича қарорини бекор қилиш билан бир вақтда ўз қарори билан талабгорни малака имтиҳонини такрорий топшириш учун тегишли малака комиссиясига юборади ёки мазкур Низомда назарда тутилган ҳолларда талабгордан малака имтиҳонини қабул қилади ва унинг малака имтиҳонини такрорий топшириши натижалари бўйича тегишли қарор чиқаради.


29. Олий малака комиссияси томонидан малака комиссиясининг қарорини бекор қилиш ва адвокатга нисбатан интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисидаги қарор:

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низом талаблари бузилган ҳолда, агар бундай қоидабузарлик малака комиссиясининг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлса;

малака комиссияси томонидан асослантирилмаган қарор қабул қилинган ҳолларда қабул қилинади.


30. Олий малака комиссияси томонидан шикоятни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги қарор:

Олий малака комиссиясига шикоят берган шахснинг шикоятни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги аризаси келиб тушса;

судда худди шу масала бўйича фуқаролик иши қўзғатилган ёки иш бўйича суднинг тегишли қарори қабул қилинган бўлса;

адвокат интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашувга эришган ҳолларда қабул қилинади.



V. МАЛАКА КОМИССИЯЛАРИНИНГ ИШ

АМАЛИЁТИНИ УМУМЛАШТИРИШ

ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ


31. Адвокатлар палатаси малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш мақсадида уларнинг фаолиятини ўрганади. Бундай ўрганишга Олий малака комиссиясининг аъзолари ҳам жалб қилиниши мумкин.


32. Малака комиссияларининг фаолиятини ўрганиш якунлари бўйича малака комиссияларининг иш амалиёти умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижалари, шунингдек хулосалар ва тавсияларни ўз ичига олган тафсилотнома тузилади.


33. Малака комиссияларининг фаолиятига доир тафсилотнома Олий малака комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.


34. Олий малака комиссиясининг қарорига биноан тафсилотнома раҳбарлик ва ижро қилиш учун малака комиссияларига юборилади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Олий малака комиссиясининг қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


36. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


37. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 12-сон, 133-модда.
















































Время: 0.1927
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск