Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикасининг 03.07.1992 й. 654-XII-сон "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.07.1992 й.

N 654-XII



ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Деҳқон хўжалиги

1. Юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган хўжаликни мустақил тарзда юритувчи, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши билан, шу жумладан, ўзи эгалик қиладиган ер участкасидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи субъект деҳқон хўжалиги ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги тадбиркорлик шаклларидан биридир.


2. Хўжалик бошлиғи, унинг хотини (эри), фарзандлари, асранди болалари, онаси, бошқа қариндош-уруғлари, шунингдек меҳнат қила олиш ёшига етган, биргаликда деҳқон хўжалиги юритаётган, шу хўжаликдаги иш асосий меҳнат фаолияти жойи бўлган ўзга шахслар деҳқон хўжалигининг аъзоси ҳисобланадилар. Хўжаликда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар деҳқон хўжалиги аъзоси ҳисобланмайдилар.


3. Хўжалик бошлиғи давлат, кооператив, жамоат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва айрим шахслар билан ўзаро муносабатларда деҳқон хўжалигининг манфаатларини ҳимоя қилади.


4. Хўжаликнинг 18 ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида иш тажрибасига эга бўлган ёки қишлоқ хўжалик мутахассислиги бўлган ёхуд махсус тайёргарлик кўрган, ишга лаёқатли, соғлом аъзоларидан бири деҳқон хўжалигининг бошлиғи ҳисобланади.

Деҳқон хўжалигининг бошлиғи иш қобилиятини вақтинча йўқотган ёки хўжаликда узоқ муддат бўлолмаган тақдирда ўз вазифасини вақтинча бажариб туриш ваколатини шу жамоа аъзоларидан бирига, деҳқон хўжалигини бир киши юритаётган ҳолларда эса шартнома асосида исталган шахсга беришга ҳақлидир.


5. Деҳқон хўжалиги мулкнинг бошқа шаклидаги корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар билан тенг ҳуқуқли мустақил ишлаб чиқариш бирлиги ҳисобланади.


6. Янги барпо этилаётган деҳқон хўжаликлари дастлаб жамоа хўжаликлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари таркибида шартнома асосида ташкил этилиши мумкин.


2-модда. Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунлар

Деҳқон хўжаликлари тузиш, уларнинг фаолият кўрсатиши, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун билан, "Ер тўғрисида"ги, "Мулкчилик тўғрисида"ги, "Ижара тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан, Ўзбекистон Рсспубликасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади. Қорақалпоғистон Республикасида деҳқон хўжаликларини тузиш, уларнинг фаолият кўрсатиши, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.



3-модда. Деҳқон хўжаликларини тузиш тартиби

1. Деҳқон хўжаликлари захира ерларда, республиканинг махсус фондидаги ерларда, меҳнат ресурслари етишмайдиган хўжаликларда ва янги суғориладиган ерларда тузилади. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг фойда бермайдиган ёки кам рентабелли ерларида ҳам деҳқон хўжаликлари тузилиши мумкин.

Деҳқон хўжаликлари жамоа хўжаликларининг ва ўзга кооператив хўжаликларнинг ерларида ушбу хўжаликлар аъзолари умумий йиғилишининг қарорига биноан тузилади.


2 Илмий-тадқиқот муассасалари, ўқув юртлари ва ўзга қишлоқ хўжалик муассасаларига, қишлоқ ҳунар-техника билим юртлари ва умумтаълим мактабларига берилган, шунингдек саноат, транспорт ва ўзга корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларнинг ёрдамчи қишлоқ хўжаликлари учун берилган ерларда ва сув фондига тегишли ерларда деҳқон хўжаликлари тузилиши мумкин эмас.


3. Деҳқон хўжалиги унинг аъзоларининг ноҳия ҳокимига ёзма мурожаатига асосан ихтиёрийлик асосида ташкил этилади ва ерга мунтазам эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлиги хусусидаги давлат ҳужжати берилган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади. Деҳқон хўжалигининг устави туман ҳокими томонидан рўйхатдан ўтказилганидан кейин деҳқон хўжалиги юридик шахс мақомига эга бўлади, банк-муассасаларида ҳисоб-китоб счётлари ва ўзга счётларни очиш, ўз номида муҳрга эга бўлиш, ўзга корхоналар, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотлар, ажнабий фирмалар ва айрим шахслар билан амалий муносабатларга киришиш ҳуқуқини қўлга киритади.

4. Тегишли ноҳия ҳокими ваколат берган идора ҳар бир деҳқон хўжалигининг руйхат варақаси юритилишини ташкил этади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар бир деҳқон хўжалигини хўжалик китобида қайд этади, бу китобга деҳқон хўжалиги таркиби тўғрисидаги, хўжаликнинг бошлиғи ҳамда хўжалик бошлиғи вақтинча йўқ бўлган ҳолларда унинг вазифаларини бажариб турувчи шахс тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек хўжаликка ажратилган ер участкаси хусусидаги асосий маълумотлар киритилади.


4-модда. Деҳқон хўжаликларининг фаолиятини уйғунлаштириш

Ижроия ҳокимияти идоралари тизимида тармоқ бўлинмалари тузилиб, улар деҳқон хўжаликларининг ишлаб чиқариш хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда деҳқон хўжаликларининг фаолиятини уйғунлаштирадилар, фан-техника тараққиётини ривожлантириш, инвестиция, тараққиёт истиқболини олдиндан белгилаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширадилар.



II БЎЛИМ. ЕР АЖРАТИШ. ЕРГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ,

ЕРДАН ВА СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ

5-модда. Деҳқон хўжаликларига ер ажратиш

1. Деҳқон хўжалиги юритиш учун айрим шахсларга мерос қолдириш ҳуқуқи билан умрбод эгалик қилиш, камида 10 йил муддат билан фойдаланиш учун ёки ижарага ер участкалари ажратилади.


2. Деҳқон хўжалиги ишлаб чиқариш мақсадида қўшимча ер участкаларини ижарага олиши мумкин.


3. Деҳқон хўжалигига берилган ер участкалари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.


4. Деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратиладиган ер участкасининг саҳни ҳар бир алоҳида ҳолда маҳаллий шароитни (ернинг унумдорлиги, сув билан таъминланганлиги, сув бериш усуллари, жамоа хўжалиги ёки давлат хўжалигидаги меҳнатга лаёқатли ҳар бир шахс ер билан ўртача қай даражада таъминланганлиги, шахсий томорқа хўжаликларини юритиш учун, аҳоли пунктларини кенгайтириш ва бошқа мақсадлар учун қишлоқ хўжалиги майдонларига бўлган талабни ва бошқа ҳолатларни), шунингдек деҳқон хўжалиги қанча кишидан иборат эканлигини ҳисобга олган ҳолда ноҳия ҳокими томонидан белгиланади.


5. Ер участкалари деҳқон хўжаликларига одатда суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўлган ва дала йўллари ўтказилган яхлит майдондан ажратиб берилади.


6. Деҳқон хўжалиги юритиш истагини билдирган шахслар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ер ажратиб бериш тўғрисида ариза билан мурожаат этадилар. Аризада сўралаётган ер майдони қаерда жойлашганлиги, ернинг саҳни, деҳқон хўжалигининг таркиби кўрсатилади ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ташкил этиш дастури тақдим этилади.

7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ер ажратиш тўғрисидаги аризани 15 кунлик муддат ичида кўриб чиқади ва аризачининг илтимосини қўллаб-қувватлаган тақдирда ноҳия ҳокимидан ер ажратишни сўрайди, ҳоким ариза берилган кундан бошлаб узоғи билан икки ой муддат ичида деҳқон хўжалиги юритиш учун ер ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ҳокимнинг ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

8. Деҳқон хўжаликларига ер ажратиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун халқ депутатлари ноҳия Кенгашининг депутатларидан, Шахсий ёрдамчи хўжаликлар ва деҳқон хўжаликлар уюшмаси, касаба, уюшмаси қишлоқ ва сув хўжалиги органлари вакилларидан иборат таркибда ноҳия комиссияси тузилади.

9. Ушбу ҳудудда яшайдиган шахслар ер майдони олишда устун ҳуқуққа эга бўладилар.


10. Ерга доимий эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати деҳқон хўжалигининг бошлиғига ер тўғрисидаги қонунларда белгиланган тартибда берилади.


11. Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ҳамда қишлоқ аҳоли пунктида уй-жойи бўлган шахсларнинг уйга туташ томорқаси - чек ери сақланиб қолади.


12. Деҳқон хўжалигига ажратилган ернинг чегаралари натура ҳолида ер тузувчи хизматлар томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига белгилаб қўйилади.


13. Деҳқон хўжалигига кириш йўлларини лойиҳалаш ва қуриш ишлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, ерларнинг мелиорация ишлари эса ягона мавзе таркибида республика бюджети маблағлари ҳисобидан бажарилади. Деҳқон хўжалиги ҳудудидаги гидромелиорация иншоотларини таъмирлаш, тузатиш ишлари ва уларнинг таъминоти шу хўжалик ҳисобидан амалга оширилади.



6-модда. Деҳқон хўжалигининг ерга эгалик

қилиши ва ердан фойдаланиши

1. Деҳқон хўжалигининг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва вазифалари "Ер тўғрисида"ги Ўзбвкистон Республикаси Қонунида белгилаб қўйилади.


2. Деҳқон хўжалигига берилган ер участкаси тақсимланиши мумкин эмас. Ер участкасининг саҳни ва унинг чегаралари деҳқон хўжалиги раҳбарининг розилиги билангина ўзгартирилиши мумкин.


3. Ер участкаси тортиб олинган ёки бошқа шахсга, корхона ёхуд ташкилотга берилган тақдирда деҳқон хўжалиги қонунларга мувофиқ кўрган зарарининг ва қилган сарф-харажатларининг ўрнини қоплатиб олиш ҳуқуқига эга.

Ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқига доир низолар суд орқали ҳал этилади.


4. Деҳқон хўжалигининг бошлиғи вафот этган тақдирда ёки меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотган ҳолларда ер участкасига эгалик қилиш ёхуд ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи хўжалик аъзоларининг розилиги билан улардан бирига ёки қонунларда белгиланган тартибда ва шартларда ўзга шахсларга берилади.


5. Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятини тўхтатган ҳолларда унга ажратилган ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги масала ноҳия ҳокими томонидан ҳал этилади.



7-модда. Ер ҳақи

"Ер тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш пуллидир.

Ер ҳақи ер солиғи ёки ижара ҳақи тарзида, ер участкасининг сифатига, қаерда жойлашганлигига ва сув билан таъминланганлигига қараб, унинг кадастр баҳосини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган ҳажмда ундирилади.

Деҳқон хўжаликларига солиқ солиш тартиби, уларнинг ер ҳақи тўловининг ставкаси ва энг кам ҳамда энг кўп миқдорлари давлат, жамоа ва ўзга корхоналар ҳамда хўжаликлардан ундириладиган даражага тенг бўлади.

Деҳқон хўжалиги рўйхатга олинган пайтдан бошлаб дастлабки икки йил давомида ундан ер солиғи олинмайди.

Халқ депутатлари тегишли Кенгашлари ер ҳақини ундиришда бошқа имтиёзлар ҳам белгилашлари мумкин.



8-модда. Деҳқон хўжалигида сувдан фойдаланиш

1. Деҳқон хўжаликлари учун сув ишлатишнинг лимитлари давлат, жамоат корхоналари, бирлашмалари ва ташкилотлари ҳамда айрим шахсларга белгилангани каби ноҳия ҳокими ваколат берган идоралар томонидан белгиланади. Деҳқон хўжалигига берилаётган сувнинг сарфланишини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.


2. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан деҳқон хўжаликлари ўртасидаги муносабатларга доир низолар суд томонидан ҳал этилади.


9-модда. Жамоа хўжаликлари ва ўзга қишлоқ хўжалиги

кооперативлари, аъзолари томонидан деҳқон хўжалигини

ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари

1. Жамоа хўжаликлари ва ўзга қишлоқ хўжалиги кооперативларининг, хўжалик ёки кооператив таркибидан чиқиб, мустақил деҳқон хўжалиги юритиш истагини билдирган аъзолари кооператив уставига мувофиқ мол-мулк қийматининг ва фойданинг тегишли улушини олишга ҳақлидирлар, бу улуш кооператив аъзосининг меҳнат иштирокини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


2. Жамоа хўжаликлари ва ўзга қишлоқ хўжалиги кооперативлари жамоа хўжалиги ёки кооперативнинг деҳқон хўжалиги тузиш истагида бўлган аъзоларига мол-мулк қийматининг ва фойданинг тегишли улуши ҳисобидан ўзаро келишувга мувофиқ жамоа хўжалигидан чиқаётганларга асосий ва оборот маблағларини берадилар ёки уларни ижарага топширадилар, ёхуд деҳқон хўжалиги банклардан кредит олаётганда кафил бўладилар, ёинки ижара ҳақи ва ссудалардан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш сарф-харажатларини улуш суммаси доирасида қоплайдилар. Жамоа хўжалигидан ва бошқа кооператив ташкилотлардан чиқаётганларга мол-мулк қийматининг ёки фойданинг улушини тўлаш муддати беш йилдан ошмаслиги керак.



III БЎЛИМ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИНИНГ МОЛ-МУЛКИ

10-модда. Деҳқон хўжалигининг мулки

1. Деҳқон хўжалиги турар жойлар, хўжалик бинолари, томорқадаги дов-дарахт ва экинлар, маҳсулдор чорва, парранда, қишлоқ хўжалиги техникаси, анжомлар, ускуналар, транспорт воситалари, пул маблағлари, шунингдек бошқа нарсаларга мулк эгаси бўлишга ҳақлидир.


2. Деҳқон хўжалигининг пул жамғармаларини ҳосил қилиш манбалари:

деҳқон хўжалиги аъзоларининг пул ва моддий маблағларидан;

маҳсулот реализация қилишдан, иш бажариш, хизмат кўрсатишдан, шунингдек меҳнат фаолиятининг ўзга турларидан келган даромадлардан;

қимматли қоғозлардан келган даромадлардан;

кредитлардан;

бюджетдан қилинган капитал ажратмалар ва дотациялардан;

корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳайрия ва ўзга бадаллари, эҳсонларидан;

қонунларда тақиқланмаган ўзга манбалардан иборат бўлади.



11-модда. Деҳқон хўжалигининг мол-мулкига эгалик қилиш ҳуқуқи

1. Деҳқон хўжалигининг ўзига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи давлат ҳимоясида бўлади.


2. Деҳқон хўжалигининг мол-мулки умумий (пайчилик ёки ҳамкорликдаги) эгалик асосида унинг аъзоларига тегишли бўлади.


3. Деҳқон хўжалигининг мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш хўжалик аъзолари томонидан ўзаро келишувга мувофиқ амалга оширилади.


4. Деҳқон хўжалигининг аъзолари, башарти бошқа деҳқон хўжалигини тузиш мақсадида унинг таркибидан чиқаётган бўлсалар, у ҳолда деҳқон хўжалигидан чиқаётганларида улушларини натура ҳолида олишга ҳақлидирлар. Бундай пайтда мулкдаги улуш натура ҳолида шундай ажратиладики, фаолият кўрсатиб келаётган деҳқон хўжалиги ишлаш учун ўзига зарур бўлган асосий ишлаб чиқариш фондларидан маҳрум бўлмайди.


5. Деҳқон хўжалиги корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва айрим шахслардан мол-мулкни сотиб олиш, ижарага олиш ёки вақтинча фойдаланиб утриш учун олиш ҳуқуқига эгадир.



12-модда. Деҳқон хўжалигининг маблағи ва ҳисоб-китоби

Деҳқон хўжалиги пул операцияларини юритиш ва пул маблағларини сақлаш учун банк бўлинмаларида счётлар очиш ҳамда бу маблағларни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқига эгадир. Деҳқон хўжалигининг ҳисоб-китоб счётидан маблағлар фақат хўжаликнинг розилигига биноан ёки суд қарорига кўра чегирилиши мумкин.

Ҳисоб-китоб счётидаги маблағлар нақд пулсиз тартибда ҳам, нақд пул бериш йўли билан ҳам ишлатилади.



IV БЎЛИМ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСЛАРИ

13-модда. Деҳқон хўжалигидаги меҳнат

1. Деҳқон хўжалигининг фаолияти кўпроқ хўжалик аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади. Деҳқон хўжалигидаги ишларни бажаришга ўзга шахслар меҳнат шартномаси асосида вақтинча жалб этилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигида меҳнат қилиш тўғрисидаги шартномани тузиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан белгиланадиган тартибда тасдиқланади.

2. Деҳқон хўжалигидаги меҳнат тартибини хўжалик бошлиғи белгилайди. Деҳқон хўжалиги аъзоларининг ва меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнат фаолиятини деҳқон хўжалиги ҳисоб қилиб боради.


3. Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар меҳнатига томонларнинг келишувига мувофиқ пул билан ҳам, натура билан ҳам, аммо белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.


4. Деҳқон хўжалиги бошлиғининг розилигига биноан деҳқон хўжалигида шартнома бўйича ишлаётган шахс хўжалик мулкига пул ёки ўзга улуш киритиб, ана шу улушига мутаносиб тарзда хўжалик даромадини тақсимлашда иштирок этишга ҳақлидир.


5. Деҳқон хўжалигининг бошлиғи ўз хўжалигининг аъзолари учун ва меҳнат шартномаси тузган шахслар учун бехатар меҳнат шароитларини яратиб бериши шарт.

Деҳқон хўжалигининг аъзолари, шунингдек хўжаликда меҳнат шартномасига биноан ишлаётган шахслар қонунларга мувофиқ ижтимоий суғурталаниши ва ижтимоий жиҳатдан таъминланиши лозим.

Дехқон хўжалигининг бошлиғи тегишли касаба уюшмарида ва суғурта идораларида суғурталовчи сифатида рўйхатдан ўтади ва деҳқон хўжалигининг барча аъзолари учун ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар учун давлат ижтимоий суғурта жамғармасига белгиланган тартибда бадаллар тўлайди.


6. Деҳқон хўжалигида ишланган вақт ижтимоий суғурта юзасидан бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида умумий ва узлуксиз меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги аъзоларининг ҳамда меҳнатларидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома тузган шахсларнинг иш стажига оид ёзув меҳнат дафтарчаларига хўжалик бошлиғи томонидан киритилади ва Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг раиси томонидан тасдиқланади.

7. Ижтимоий суғурта бўйича давлат нафақалари тайинлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда тўлаш қонунларда белгиланган тартибда ва шартлар асосида амалга оширилади. Деҳқон хўжалигининг аъзоларига ва меҳнат шартномасига биноан ишлаётган фуқароларга тайинланган пенсиялар, олаётган маоши (даромади)ни ҳисобга олмаган ҳолда, тўлалигича берилади.


8. Деҳқон хўжалигининг аъзоларига ижтимоий ва маданий хизмат кўрсатиш хўжаликнинг ўз маблағлари ҳисобига ҳамда ижтимоий истеъмол жамғармалари эвазига таъминланади. Деҳқон хўжаликлари аъзоларининг умумий фойдаланишдаги ижтимоий муассасалар хизматларидан жамоа хўжалиги ва ўзга қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ишчилари, хизматчилари ва аъзолари билан тенг равишда фойдаланишлари таъминланади.


9. Деҳқон хўжалиги билан меҳнат шартномаси тузган шахслар ўртасидаги меҳнатга оид низолар суд томонидан ҳал этилади.



14-модда. Деҳқон хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти

1. Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятининг йўналишини, ишлаб чиқариш таркиби ва ҳажмларини мустақил тарзда белгилайди. Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг амалдаги қонунларда ман этилмаган ҳар қандай тури билан шуғулланишга, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва реализация қилишга ҳақлидир.

Деҳқон хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат, жамоат, кооператив ва ўзга идоралар ҳамда ташкилотларнинг аралашувига йўл қўйилмайди, бу хўжаликлар томонидан қонунлар бузилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Давлат, жамоат, кооператив ва ўзга идораларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари натижасида, шунингдек бундай идоралар, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг деҳқон хўжалиги олдида қонунларда кўзда тутилган ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойдаларнинг ўрни қопланмоғи керак.


2. Деҳқон хўжалиги бошқа мулк эгалари билан тенг шартларда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширади.



15-модда. Деҳқон хўжалиги томонидан маҳсулотларни

реализация қилиш тартиби

1. Ўзи етиштирган маҳсулотни тасарруф этишдан, шу жумладан, уни ўз ихтиёрига кўра истеъмолчиларга сотишдан иборат мутлақ ҳуқуқ деҳқон хўжалигига тегишлидир.

Деҳқон хўжалиги маҳсулот сифатига доир амалдаги нормативлар ва стандартларга, қонунларда белгиланган экологик, санитария ҳамда ўзга меъёрлар ва қоидаларга риоя этиши шарт.


2. Деҳқон хўжалиги ўзи етиштирган, маҳсулотга мустақил тарзда нарх қўяди.


3. Деҳқон хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотни реализация қилиш учун давлат, кооператив корхоналари, бирлашмалари, ташкилотлари ва муассасалари билан ихтиёрийлик асосида хўжалик шартномаларини тузишга ҳақлидир. Шартномага риоя қилинмаган ёки унинг талаблари бузилган тақдирда томонлар амалдаги қонунларда ёки шартномада белгиланган тартибда мулкий жавобгар бўладилар.

Деҳқон хўжалиги етиштирган маҳсулотларни экспортга жўнатиш, шунингдек хорижий мижозлар билан ҳисоб-китоб қилиш қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.



16-модда. Деҳқон хўжаликларининг ҳамкорликдаги фаолияти

Деҳқон хўжаликлари маҳсулот етмштирувчи, уларни харид этувчи, қайта ишловчи ва сотувчи, моддий-техника таъминоти билан, қурилиш, техника, сув хўжалиги, ветеринария, агрохимия хизмати кўрсатиш, маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатишнинг ўзга шакллари билан шуғулланувчи кооперативларга, жамиятларга, уюшмаларга, концернларга ва бошқа бирлашмаларга ихтиёрийлик асосида бирлашиши ёки улар таркибига кириши мумкин.



17-модда. Деҳқон хўжалигининг моддий-техника таъминоти

1. Деҳқон хўжалиги давлат ҳамда кооператив корхоналари ва ташкилотларидан, биржаларда, ярмаркаларда, бозорларда, аҳолидан ўзи учун зарур, мол-мулк ва ишлаб чиқариш воситалари сотиб олишга ҳақлидир.


2. Деҳқон хўжаликлари ўзлари етиштирган маҳсулотларининг шартномада айтилган қисмини давлатга (республика фондига) келишув асосидаги нархларда сотсалар ва давлат буюртмаларини бажарсалар, қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, ёш моллар ва парранда билан, зооветеринария ёрдами, ем-хашак ва бошқа ресурслар билан давлат корхоналари учун белгиланган тартибда ва нархларда таъминланадилар.


3. Деҳқон хўжаликлари ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий ва маиший йўналишдаги объектлар йўқ ҳудудда тузилган тақдирда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари унинг дастлабки қулайликларини таъминлаб берадилар: йўлларни, электр узатгич тармоқларини қуриш, сув таъминоти, газлаштириш, телефонлар ўрнатиш, радиолаштириш, ерларни текислаш, ерларни мелиорациялаш ишларини марказлаштирилган тартибда ажратиладиган давлат капитал маблағлари ва молия ресурслари ҳисобидан амалга оширадилар. Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари, шунингдек ишлаб чиқариш объектлари ва уй-жойларни тиклашда деҳқон хўжаликларига ёрдам кўрсатадилар.



18-модда. Деҳқон хўжалигидан солиқ олиш

1. Деҳқон хўжалиги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ солиқ тўлайди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз ваколатлари доирасида деҳқон хўжаликларини солиқ тўлашдан озод этиш ёки солиқ миқдорини камайтириш ҳуқуқига эгадирлар.


2. Деҳқон хўжалигининг даромадлари, хўжалик аъзоларининг ҳамда хўжаликда шартнома асосида ишлаётган шахсларнинг шахсий даромадлари даромадлар тўғрисидаги маълумотнома (декларация)ларда акс эттирилади.



19-модда. Деҳқон хўжалигининг молиявий ва кредит муносабатлари

1. Деҳқон хўжалигига қарашли ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектлар қурилишига узоқ муддатли кредитлар бериш, ишлаб чиқаришнинг асосий воситаларини сотиб олиш ва хўжаликнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти учун қисқа муддатли кредитлар бериш кредит шартномасига мувофиқ амалга оширилади. Давлат, кооператив ва жамоат корхоналари, бирлашмалари, ташкилотлари ва муассасалари, айрим шахслар деҳқон хўжаликларига тузилган шартномаларга мувофиқ кредитлар беришга ҳақлидирлар.

Деҳқон хўжаликлари уларга хизмат кўрсатиш учун банк муассасалари томонидан тузилган махсус кредит фондидан имтиёзли шартларда фойдаланади.

Ерларни мелиорациялашга, йўллар, кўприклар, газ, электр, иссиқлик тармоқлари, сув қувурлари, коммунал йўналишдаги ўзга объектлар қуриш ишларига қаратиладиган бюджет маблағлари ҳам деҳқон хўжаликларини пул билан таъминлашнинг манбаи бўлиши мумкин.


2. Деҳқон хўжалиги тузилаётган пайтда, унга ссудалар ва кредитлар берилаётганида маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари ҳамда тўлов қобилиятига эга бўлган ўзга юридик ҳамда жисмоний шахслар, шунингдек ўз мол-мулкини гаровга қўйиб деҳқон хўжаликларининг ўзи ҳам кафил бўлишлари мумкин.


3. Деҳқон хўжалиги ихтиёрийлик асосида ўзига қарашли ва ижарага олган ишлаб чиқариш воситаларини, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари (кўчатлари)ни, кўп йиллик дов-дарахтларни, тайёрланган маҳсулотни, хом ашёни, материалларни нобуд бўлишдан ёки шикастланишдан суғурталайди ва амалдаги қонунларда белгиланган тартибда ва шартларда суғурта тўловларини олади.



20-модда. Деҳқон хўжалиги фаолиятининг

натижаларини ҳисоб-китоб қилиш

Деҳқон хўжалиги ўз ишининг натижаларини ҳисоб-китоб қилиб боради ҳамда маҳаллий статистика ва молия идораларига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.



21-модда. Деҳқон хўжалигининг жавобгарлиги

Деҳқон хўжалиги ўз мажбуриятларига мол-мулки билан жавоб беради, амалдаги қонунларга биноан бу мол-мулки тортиб олиниши мумкин. Давлат деҳқон хўжалигининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, деҳқон хўжалиги эса давлатнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

Деҳқон хўжалигининг ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари талабларини бузишда айбдор бўлган аъзолари белгиланган тартибда моддий, маъмурий ёки жиноий жавобгар бўладилар.

Амалдаги қонунларга мувофиқ деҳқон хўжалиги меҳнат вазифаларини адо этиш чоғида хўжалик аъзолари ва меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар шикастланиш ёки саломатлигига етказилган зарар учун жавобгар бўлади.



22-модда. Деҳқон хўжалигининг мол-мулки

ва ерини мерос қолдириш

1. Деҳқон хўжалигининг мол-мулки Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунлари қоидаларига мувофиқ мерос қолдирилади. Хўжаликда фаолиятини давом эттираётган меросхўрлар мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун давлат пошлинаси тўлашдан озод этиладилар.


2. Ер майдони "Ер тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибга мувофиқ мерос қолдирилади.



V БЎЛИМ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ФАОЛИЯТИНИНГ

ТЎХТАТИЛИШИ

23-модда. Деҳқон хўжалиги фаолиятининг тўхтатилиш асослари

Деҳқон хўжалигининг фаолияти қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

хўжалик фаолиятини давом эттиришни истайдиган хўжаликнинг бирорта аъзоси, меросхўр ёки ўзга шахс қолмаган бўлса;

ер майдонига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечилганда;

ер майдони берилган муддат тугаган ва ерга эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тиклаш имкони бўлмаган тақдирда;

ердан ўзга мақсадларда фойдаланилганда, ер майдонидан самарасиз фойдаланилганда, кадастр баҳоси меъёридан муттасил паст даражада маҳсулот олинган тақдирда;

ерларнинг экологик ҳолати бузилган тақдирда;

ер майдони белгиланган тартибда давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда;

деҳқон хўжалиги тўлов қобилиятини йўқотган деб эълон қилинганда;

ер солиғи ёки ижара ҳақи мунтазам равишда белгиланган муддатларда тўланмаётган бўлса;

башарти, деҳқон хўжалиги рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб бир йил давомида ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятини бошламаган бўлса;

деҳқон хўжаликларининг фаолиятини тартибга солиб турувчи қонунлар бир неча бор ёки бир марта, лекин қўпол равишда бузилган тақдирда;

шартнома талабларини бузганлиги сабабли ижара шартномаси бекор қилинганда;

деҳқон хўжалиги қайтадан тузилганда.



24-модда. Деҳқон хўжалигининг фаолиятини тўхтатиш тартиби

1. Деҳқон хўжалиги фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор ноҳия ҳокими томонидан ушбу Қонуннинг 23-моддасида назарда тутилган асосларда қабул қилинади.

2. Деҳқон хўжалигининг фаолиятини тўхтатиш билан боғлиқ низолар суд орқали ҳал этилади.


3. Деҳқон хўжалигидан давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер майдонларини олиб қўйиш - хўжалик ихтиёрига кўра, унга шу ерга тенг ер участкаси ажратилиб, унинг ер майдони кимга берилаётган бўлса, шу корхона, муассаса, ташкилот томонидан олиб қўйилаётганларининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш ва ўзга иморатлар қуриб берилгач ҳамда етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда ўрни тўла ҳажмда тўлангач, амалга оширилади.


4. Деҳқон хўжалигининг фаолияти тўхтатилган тақдирда унинг мол-мулки хўжаликда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш учун, бюджет тўловлари тўлаш, банкларнинг ссудаларини қайтариш ҳамда ўзга қарз берганлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун ишлатилади.

Деҳқон хўжалигининг фаолияти тўхтатилиши биланоқ хўжалик аъзоларининг эгалигида бўлган турар жой, томорқа, шунингдек ўзга мол-мулк улар ихтиёрида сақланиб қолади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов




















Время: 0.1877
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск