ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура /

Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 27.03.2009 й. 1929-сон билан рўйхатга олинган Адлия вазирининг 27.03.2009 й. 80-мх-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 27 мартда 1929-сон

билан рўйхатга олинган

Адлия вазирининг

2009 йил 27 мартдаги

80-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА


Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Адвокатура тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, 2-сон, 48-модда) мувофиқ адвокат ёрдамчисининг (кейинги ўринларда ёрдамчи деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Адвокат адвокатлик фаолиятини амалга оширишда ёрдамчига эга бўлиши мумкин.


2. Олий ёки ўрта юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ёрдамчи бўлиши мумкин.


3. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс ёрдамчи бўлиши мумкин эмас.



II. ЁРДАМЧИ СИФАТИДА

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


4. Адвокатлик бюросига, адвокатлик фирмасига, адвокатлар ҳайъатига ёрдамчи сифатида ишга қабул қилиш тегишли адвокатлик тузилмаси, юридик маслаҳатхонага эса Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


5. Ёрдамчи сифатида ишга қабул қилиш адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси) раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади, мутасадди-адвокат ҳам шу буйруқ билан тайинланади.


6. Ёрдамчининг меҳнат шароитлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси (контракт) билан белгиланади.


7. Меҳнат шартномаси (контракт) билан адвокатлик тузилмасининг (ҳудудий бошқармасининг), мутасадди-адвокатнинг ҳамда ёрдамчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ёрдамчининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби, иш режими, меҳнат шартномасининг (контрактнинг) амал қилиш муддати, уни тугатиш шартлари белгиланади, адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси), мутасадди-адвокат ва ёрдамчи ўзаро муносабатларининг бошқа масалалари тартибга солинади.


8. Айни бир шахс бир вақтнинг ўзида битта адвокатлик тузилмасида адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган бир неча мутасадди-адвокатларнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин, бу ҳол ёрдамчини ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда ва меҳнат шартномасининг (контрактнинг) шартларида акс эттирилиши керак.



III. ЁРДАМЧИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Ёрдамчининг иши адвокатлик тузилмаси томонидан ташкил этилади.


10. Адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқарма) томонидан ёрдамчига белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. Меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинганда гувоҳнома адвокатлик тузилмасига (ҳудудий бошқармага) қайтарилиши керак.


11. Ёрдамчи адвокат ҳуқуқларига эга бўлмайди ва унинг терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларда, суриштирув, дастлабки тергов органларида, судларда ҳамда бошқа давлат органларида ишларни юритишига йўл қўйилмайди.

12. Ёрдамчи бевосита мутасадди-адвокатга бўйсунади.


13. Ёрдамчи мутасадди-адвокат кўрсатмасига биноан мутасадди-адвокатнинг иш юритувидаги ишлар бўйича мутасадди-адвокатнинг процессуал ваколатларига тааллуқлиларидан ташқари топшириқларни бажаради.


14. Ёрдамчи мутасадди-адвокатнинг топшириғига биноан:

ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

сўровлар, илтимосномалар, аризалар ва мутасадди-адвокатнинг адвокатлик фаолияти учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг тайёрланишида иштирок этади;

суриштирув, дастлабки тергов органларига, судларга ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотларига бериб юбориш учун материаллар тайёрлайди;

юритувда бўлган ва тугалланган ижро ишларининг ҳисобга олинишини амалга оширади;

талаб қилинган ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг ўз вақтида тақдим этилишини назорат қилади;

мутасадди-адвокат томонидан адвокатлик фаолиятининг амалга оширилиши билан боғлиқ бошқа топшириқларни бажаради.


15. Ёрдамчи сифатидаги иш стажи адвокат мақомига эга бўлиш учун зарур бўлган юридик мутахассислик бўйича иш стажига қўшилади.


16. Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари ва адвокатлик сирини сақлашга доир талаблар ёрдамчига нисбатан татбиқ этилади.


17. Ёрдамчига нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.


18. Ёрдамчи меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий суғуртаси адвокатлик тузилмасига келиб тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.



IV. ЁРДАМЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Ёрдамчи иш даврида:

адвокатлик тузилмаси томонидан ташкил этиладиган амалий машғулотларда қатнашишга;

адвокатлик тузилмасининг ишида иштирок этишга;

адвокатлик тузилмасида мавжуд бўлган ҳуқуқий маълумотлар базаларидан, махсус адабиётлардан фойдаланишга;

норматив материалларни туркумлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириш, мутасадди-адвокатга топшириқларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва бошқа материалларни тўплаш билан шуғулланишга;

мутасадди-адвокат билан биргаликда суд мажлисларида, тергов ҳаракатларида қатнашишга, ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳақли.


20. Ёрдамчи иш даврида:

мутасадди-адвокатнинг топшириқларини виждонан, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;

ўз касбий билимлари ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориши;

мутасадди-адвокат томонидан белгилаган тартибда бажарган ишлари тўғрисида мутасадди-адвокатга ҳисобот тақдим этиши;

адвокатлик сирини сақлаши;

адвокатлик тузилмасидаги меҳнат интизомига риоя этиши шарт.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёрдамчи бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Меҳнат шартномаси (контракт) ёрдамчи билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ёрдамчининг ёрдамчилар қаторидан чиқариш тўғрисидаги аризасига биноан;

ёрдамчини муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;

ёрдамчи томонидан адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилган ҳолда;

ёрдамчи ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолда;

ёрдамчи судланганлик олиб ташланмаган ёки судланганлик ҳолати тугалланмаганликни келиб чиқишига олиб келадиган жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлиги тўғрисидаги суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда;

ёрдамчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

мутасадди-адвокатга нисбатан адвокат мақоми тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши муносабати билан.

Меҳнат шартномаси (контракт) қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.


22. Мазкур Низомни бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


23. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 13-сон, 153-модда.

















































Время: 0.1797
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск