Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / 1991 йилдан 1997 йилгача солиқ қонунчилигига оид ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Умумреспублика миқёсидаги солиқлар /

Ўзбекистон Республикасининг 15.02.1991 й. 227-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаро бўлмаган шахсларнинг даромад солиғи тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.02.1991 й.

N 227-ХII



ЎЗБЕКИСТОН ССР ФУҚАРОЛАРИДАН,

АЖНАБИЙ ФУҚАРОЛАРДАН ВА ФУҚАРОЛИГИ

БЎЛМАГАН ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН

ДАРОМАД СОЛИҒИ ТЎҒРИСИДА*


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Солиқ тўловчилар

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлган ва эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва бошқа иттифоқдош республикаларнинг фуқаролари, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (қуйида "фуқаролар" деб аталади) Ўзбекистон Республикасида даромад солиғи тўловчилардир. Солиқ солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлган деб қараладиган фуқаролар жумласига календарь йил давомида 183 кундан кўпроқ вақт Ўзбекистон Республикасида турган фуқаролар кирадилар.



2-модда. Солиқ солиниши лозим бўлган даромадлар

1. Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташқарисида ҳам пул ёки натура тарзида олган даромадлари солиқ солиш объекти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлмаган фуқароларнинг даромадлари Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган бўлса, бу даромадларга солиқ солиниши лозим.


2. Чет эл валютасида олинган даромадлардан солиқ тўловчининг истагига мувофиқ сўм тарзида ёки СССР Давлат банки сотиб оладиган чет эл валютасида солиқ тўланади. Бунда чет эл валютасида олинадиган даромадлар СССР Давлат банкининг солиқ ҳисоблаб чиқариладиган кундаги пулнинг кадри тўғрисидаги расмий маълумоти асосида сўмга айлантирилиб ҳисобланади.



3-модда. Солиқ солинмайдиган даромадлар

1. Солиқ солинадиган даромадга қуйидагилар киритилмайди:

а) давлат ижтимоий суғуртаси ва давлат ижтимоий таъминот нафақалари, вақтинча ишга лаёқатсизлик юзасидан тўланадиган нафақалар (шу жумладан, бемор болани парваришлаш нафақалари)дан ташқари, шунингдек хайрия жамғармалари ва экология жамғармалари маблағларидан фуқароларга бериладиган нафақалар ва пул ҳамда натура шаклидаги ёрдамнинг бошқа турлари;

б) алиментлар;

в) олий ўқув юртлари ҳамда ўрта махсус ва ҳунар-техника билим юртлари, шу жумладан олий ва ўрта диний ўқув юртлари томонидан ўз студентлари ва ўқувчиларига тайинланадиган стипендиялар, шунингдек ушбу модданинг "а" кичик бандида кўрсатилган жамғармаларнинг маблағларидан таъсис этиладиган стипендиялар;

г) ҳунар техника билим юртлари ўкувчилари бажарган иш учун мазкур билим юртлари ўқувчиларга берадиган тўловлар;

д) пенсиялар, шунингдек пенсияга қўшимчалар;

е) фуқаролар қон топширганлик учун, донорликнинг бошқа турлари учун, она сути топширганлик учун оладиган пул, шунингдек медицина муассасаларининг ходимлари кон йиғиб топширганликлари учун оладиган пул;

ж) майиб бўлиш ёки бошқа тарзда саломатликка зиён етиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганлик учун товон тарзида олинадиган пул;

з) фуқароларни чет элга ишга юбориш муносабати билан уларга совет давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари тўлайдиган иш ҳақи ва чет эл валютасидаги бошқа пуллар;

и) фуқароларнинг мулкчилик ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан оладиган пуллари, мазкур мол-мулкни тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида сотишдан олинадиган даромадлар бундан мустаснодир;

к) фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликда чорва моллари, қуёнлар, нутрия, балиқ, парранда ва бошқа жониворларни боқиб, уларни хоҳ тирик вазнда, хоҳ сўйилган ҳолда сотишдан ва қайта ишлаш асосида олинган маҳсулотларини сотишдан, асаларичилик маҳсулотлари, шунингдек мазкур хўжаликда етиштирилган деҳқончилик маҳсулотларини натурал ҳолида ва қайта ишлаб сотишдан оладиган даромадлари. Фуқаронинг шахсий ёрдамчи хўжалиги борлиги маҳаллий ҳокимият органининг маълумотномаси билан тасдиқланади;

л) мерос қилиб қолдириш ва совға қилиш натижасида олинган пул; фан, адабиёт ва санъат асарлари муаллифларининг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари) оладиган муаллифлик ҳақи тарзидаги пул бундан мустаснодир;

м) СССР, Ўзбекистон Республикаси давлат заёмларининг облигациялари ва лотереялар бўйича ютуқлар;

н) фуқароларнинг суғурта юзасидан оладиган пуллари, суғурта бўйича суғурта бадаллари корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳисобидан бериладиган ҳоллар бундан мустаснодир;

о) банк муассасаларидаги омонатлар бўйича ва СССР давлат хазина мажбуриятлари бўйича фоизлар ва ютуқлар;

п) рационализаторлик таклифлари учун мукофот пули;

р) корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан йилига 200 сўмгача (200 сўм ҳам шу ҳисобга киради) миқдорида олинган совғалар (буюм тарзидаги мукофотлар) қиймати, шунингдек халқаро, Бутуниттифоқ ва жумҳурият конкурслари ҳамда мусобақаларида буюм тарзида олинган совринлар қиймати;

с) табиий офатлар, бошқа фавқулодда вазиятлар муносабати билан, шунингдек СССР Вазирлар Кабинети ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинети ва Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши қарорлари асосида ёрдам берилган тақдирда, тўланадиган пулнинг миқдоридан катъи назар, моддий ёрдам пули, ушбу модданинг "а" кичик бандида кўрсатилгандан бошқа ҳолларда берилган моддий ёрдам - йилига 500 сўмгача бўлган тақдирда (500 сўм ҳам шу жумлага киради);

т) корхонанинг акциялари юзасидан олинган ва шу корхонанинг ўз акцияларини сотиб олишга ишлатилган даромадлар;

у) қидирувчилар артеллари аъзоларининг олтин қазиб олиш соҳасидаги қидирувчилик фаолияти билан боғлиқ ишлар учун оладиган даромадлари.

ф) чакана нархларнинг оширилиши муносабати билан барча тоифадаги фуқароларга ССР Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланадиган миқдорда пул ва натура шаклида бериладиган компенсация тўловлари, шунингдек СССР ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида назарда тутилган нормалар доирасида бериладиган бошқа компенсация тўловлари, ишдан бўшаш чоғида фойдаланилмаган отпуска учун бериладиган компенсация тўловлари бундан мустасно;

х) жисмоний шахс - патент эгасининг (лицензиарнинг) саноат мулки объектларидан ўз ишлаб чиқаришида фойдаланишдан ёки улар учун лицензиялар сотишдан, шунингдек лицензиатнинг саноат мулки объектларидан фойдаланишдан олган даромад суммаси, шу жумладан валюта тушуми, фойдалана бошланган санадан эътиборан:

патент бўйича ихтиродан фойдаланилса - 5 йил давомида;

дастлабки патент бўйича ихтиродан фойдаланилса - 3 йил давомида;

патент бўйича саноат намунасидан фойдаланилса - 3 йил давомида;

дастлабки патент бўйича саноат намунасидан фойдаланилса - 2 йил давомида;

гувоҳнома бўйича фойдали моделдан фойдаланилса - 2 йил давомида.

ц) болалар ва бошқа соғломлаштириш лагерларининг болалар ва ўсмирларга мўлжалланган йўлланмалари қийматини, ота-оналарнинг болалар билан дам олишига махсус мўлжалланган санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалари қийматини, шунингдек ўз ходимларининг амбулаторий еки стационар тиббий хизматдан фойдаланиш қийматини тўлиқ еки қисман компенсация тартибида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз ходимларига еки улар учун тўлаган суммалар.

Кўрсатиб ўтилган тўловлар сирасига, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ногиронларнинг соғломлаштириш ва санаторий-курорт муассасаларига олган йўлланмалари қийматини, даволаниш ва тиббий хизматдан фойдаланиш, ногиронликнинг олдини олиш мақсадида техника воситалари сотиб олиш учун ҳамда ўз саломатликларини тиклаш учун қилган харажатларини тўлиқ еки қисман тўлаш тартибида тўлаган суммалар ҳам киради.

2. Солиқ солиниши керак бўлган даромад:

а) фуқароларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан ўзларига тўланиши керак бўлган даромадлардан хайрия жамғармалари ва экология жамғармаларига ўтказадиган суммалар, шунингдек давлат бюджетидан қисман ёки тўлиқ таъминланадиган маданият, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ўтказиладиган суммалари;

б) фуқароларнинг солиқ идоралари томонидан солиқ солиниши лозим бўлган даромадлардан ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган мақсадларга берган бадаллари суммаси тегишли календарь йил учун солиқ солиш пайтида ҳисобга олинадиган даромаддан ошмайдиган миқдорда камайтирилади.



4-модда. Солиқ юзасидан имтиёзлар

1. Қуйидагилар солиқ тўлашдан бутунлай озод қилинади:

а) асосий иш (хизмат, ўқиш) жойида солиқ солинадиган ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган йиллик солиқ солинмайдиган минимумдан ошиб кетмайдиган иш ҳақи ва бошқа турдаги пул мукофоти оладиган ишчилар, хизматчилар ва бошқа фуқаролар;

б) фан, адабиёт ва санъат асарлари, ихтиролар, кашфиётлар ва уларнинг илк саноат нусхаларини яратганлик, нашр қилганлик, ижро этганлик ёки улардан бошқача тарзда фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи йилига 1920 сўмдан ошмайдиган фуқаролар, агар уларнинг асосий иш жойи бўлмаса;

в) тадбиркорлик ва якка тартибдаги меҳнат фаолиятининг, деҳқон (фермер) хўжалигининг барча турларидан, шунингдек тадбиркорлик субъектларидан оладиган даромадлари йилига Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган солиқ солинмайдиган минимумдан фуқаролар, агар уларнинг асосий иш жойи бўлмаса;

г) деҳқон хўжалигининг аъзолари, деҳқон хўжалиги ташкил этилган (рўйхатдан ўтган) йилдан бошлаб икки йил давомида - мазкур хўжаликдан оладиган даромадлари юзасидан;

е) муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар ва ўқув ёки текширув машқларига чақирилган ҳарбий хизмат ёшидаги кишилар - хизмат жойидан ёки ўқув ёхуд текширув машқларида бўлган вақт учун оладиган маош, суткалик пул ва бошқа маблағлар юзасидан.

2. Қуйидагилар солиқ солинмайдиган минимумнинг тўрт баравари миқдорида оладиган барча даромадлари бўйича солиқ тўлашдан озод қилинадилар:

а) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Шуҳрат орденининг учала даражаси билан мукофотланган кишилар, Улуғ Ватан урушининг ногиронлари ёки СССРни ҳимоя қилиш чоғида ёхуд ҳарбий хизматнинг бошқа хил вазифаларини бажариш чоғида ярадор бўлиш, контузия бўлиш ёки шикастланиш натижасида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касалликлар натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, собиқ партизанлар жумласидан бўлган ногиронлар, шунингдек пенсия таъминоти жиҳатидан ҳарбий хизматчиларнинг мазкур тоифаларига тенглаштирилган бошқа ногиронлар - оладиган барча даромадлари юзасидан;

б) Гражданлар уруши ва Улуғ Ватан уруши, СССРни ҳимоя қилиш бўйича бошқа жанговор операцияларнинг қатнашчилари бўлган ва ҳаракатдаги армия таркибига кирган ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар ҳамда собиқ партизанлар, Улуғ Ватан уруши давридаги меҳнат фронтининг ветеранлари оладиган барча даромадлари юзасидан;

в) ички ишлар органларининг бошлиқлари ва оддий хизматчилари сафидан бўлган, хизмат вазифасини бажариш чоғида ярадор бўлганлик, контузия олганлик ёки жароҳатланганлик туфайли ногирон бўлиб қолган кишилар - оладиган барча даромадлари юзасидан;

г) болаликдан ногиронлар, шунингдек кўриш қобилиятига кўра I ва II гуруҳ ногиронлари оладиган барча даромадлари юзасидан;

д) қаҳрамон оналар оладиган барча даромадлари юзасидан;

е) Улуғ Ватан уруши йилларида Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда шаҳарда 1941 йилнинг 8 сентябридан 1944 йилнинг 27 январигача ишлаган фуқаролар оладиган барча даромадлари юзасидан;

ж) СССРни ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг бошқа мажбуриятларини ижро этиш чоғида ярадор бўлганлик, контузия олганлик ёки жароҳатланганлик натижасида, ёхуд фронтда бўлганлик билан боғлиқ касалликлар натижасида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва рафиқалари оладиган барча даромадлари юзасидан;

з) Афғонистон Республикасида вақтинча бўлган совет қўшинларининг чекланган қисми таркибида хизматни ўтаган ҳарбий хизмат ёшидаги ҳарбий хизматчилар оладиган барча даромадлари юзасидан;

и) студентлар қурилиш отрядлари штабларининг ишонч қоғозига асосан тузилган шартномалар бўйича бажарилган ишлардан олинган даромадлар юзасидаи студентлар меҳнат отрядларининг аъзолари;

к) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртлари томонидан қишлоқ хўжалиги ишларини бажаришга юборилган фуқаролар шу ишларини бажарганлик учун олинадиган даромадлар юзасидан;

л) Чернобиль фалокати оқибатида жафо чеккан фуқаролар - оладиган барча даромадлари юзасидан, шу жумладан:

Чернобиль атом электр станциясидаги фалокат оқибатида нурланиш касаллиги билан оғриган ва бундай касалликни бошидан кечирган фуқаролар, шунингдек ногиронликнинг келиб чиқиш сабаби Чернобиль фалокати билан боғлиқ эканлиги аниқланган ногиронлар, чунончи:

Чернобиль атом электр станциясида ажратиб қўйилган тегра доирасида фалокат оқибатларини бартараф қилишда иштирок этган шахслар (йўлланма ёки хизмат сафари билан вақтинча юборилганлар ҳам шулар сирасига киради) ёки станцияни ишлатишда ёхуд бошқа ишларда банд бўлган шахслар;

ички ишлар идораларининг хизматни ажратиб қўйилган теграда ўтаган (ўтаётган) раҳбар ва оддий ходимлари жумласидан бўлган шахслар;

ҳарбий хизматчилар - офицерлар, прапоршчиклар, мичманлар, СССР Қуролли Кучларида, СССР Давлат хавфсизлиги қўмитасининг қўшинлари ва идораларида, ички қўшинлар ва темир йўл қўшинларида ҳамда бошқа ҳарбий тузилмаларда муддатдан ташқари хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, аёл ҳарбий хизматчилар, ҳақиқий муддатли хизматни ўтаётган сержантлар ва оддий аскарлар, шунингдек махсус йиғинларга чақирилган ва ажратиб қўйилган теграда мазкур фалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб этилган ҳарбий хизматни ўташга мажбур шахслар;

1986 йилда ажратиб қўйилган теградан кўчирилган (ихтиёрий равишда кўчиб кетган), шунингдек 1986 йил 26 апрелдан эътиборан кўчириб юборилган теграда ҳамда кўчириб юбориш ҳуқуқи сақлаб қолинган теграда яшаб турган (яшаган) шахслар;

1986-1987 йилларда ажратиб қўйилган теграда Чернобиль атом электр станциясидаги фалокат оқибатларини тугатиш ишларида қатнашган ёки шу даврда Чернобиль атом электр станциясини ишлатишда ёхуд бошқа ишларда банд бўлган шахслар (шу жумладан йўлланма ёки хизмат сафари билан вақтинча юборилган шахслар);

қаерда жойлашганлиги ва қанақа иш бажарганлигидан қатъи назар, ушбу кичик банднинг бешинчи хатбошисида санаб ўтилган ҳарбий хизматчилар ҳамда махсус йиғинларга чақирилиб, 1986-1987 йилларда мазкур фалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб этилган ҳарбий хизматни ўташга мажбур шахслар;

ички ишлар идораларининг 1986-1987 йилларда ажратиб қўйилган теграларда хизматни ўтаган бошлиқлари ва оддий аскарлари жумласидан бўлган шахслар;

м) қишлоқ жойларда яшайдиган, хўжалиги қишлоқ хўжалик солиғи ёки ер солиғи тўлашдан озод этилган, 60 ёшга тўлган эркаклар ёки 55 ёшга тўлган аёллар - хоҳ якка тартибда, хоҳ тадбиркорлар жамоаси таркибида амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан келадиган даромадлар юзасидан;

3. Солиқ миқдори қуйидагиларга камайтирилади:

а) ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ногиронлардан ташқари I ва II гуруҳ ногиронлари, улар оладиган барча даромадлари бўйича солиқнинг 50 фоизига;

б) муддатидан ортиқ хизматдаги офицерлар, прапоршчиклар, мичманлар ва ҳарбий хизматчиларга, шунингдек ички ишлар органларининг оддий хизматчи ва бошлиқлари сафидан бўлган кишилар, СССР Вазирлар Кабинети белгилайдиган тартиб ва миқдорда бериладиган маошига;

в) 16 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болали ёлғиз оналар - улар оладиган барча даромадлар бўйича солиқнинг 30 фоизига;

г) 16 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болали ҳамда боқувчисидан маҳрум бўлганлиги учун пенсия олмаётган аёл ва эркак бевалар, улар оладиган даромадлар бўйича солиқнинг 30 фоизига;

д) болаликдан ногирон бўлиб қолган ва доимий парваришни талаб қиладиган фарзандини тарбияловчи ота-онадан бири, у оладиган барча даромадлар бўйича солиқнинг 30 фоизига.


4. Фуқаро бир неча асосга кўра солиқ бўйича имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлса, унга ана шу имтиёзларнинг миқдор жиҳатдан кўпроқ енгиллик берадиганидан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.


5. Халқ депутатлари маҳаллий Советларининг ижроия қўмиталари айрим солиқ тўловчиларнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, уларни даромад солиғидан озод қилиш, шунингдек айрим солиқ тўловчилар учун солиқ миқдорини камайтириш ҳуқуқига эгадирлар.


6. Қонуннинг ушбу моддасида санаб ўтилган фуқароларнинг имтиёзларга бўлган ҳуқуқи ҳужжатлар билан белгиланган тартибда тасдиқланади, бу ҳужжатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Фуқароларнинг имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тегишли ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан бошлаб юзага келади.


7. Қуйидагилар ҳам даромад солиғи тўлашдан батамом озод қилинадилар:

а) хорижий давлат дипломатия ваколатхоналарининг дипломатлик ва консуллик даражаларига эга бўлган бошлиқлари ва аъзолари, уларнинг ўзлари билан бирга яшаётган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмасалар, Ўзбекистон Республикасида дипломатия ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган манбалардан чиқариб олинаётган даромадлардан ташқари барча даромадлар бўйича;

б) хорижий давлатлар дипломатия ваколатхоналарининг маъмурий-техникавий ходимлари ва уларнинг ўзлари билан бирга яшаётган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмасалар ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамасалар - Ўзбекистон Республикасида бўлган ҳамда дипломатия ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган манбалардан чиқариб олинаётган даромадлардан ташқари барча даромадлар бўйича;

в) мазкур ваколатхоналар хизматчи ходимлари таркибига кирадиган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахслар - ўз хизматлари юзасидан олган барча даромадлари бўйича:

г) хорижий давлатлар дипломатия ваколатхоналари ходимларининг у xизматчилари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмасалар ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамасалар - ўз хизматлари юзасидан олган даромадларнинг барча турлари бўйича;

д) халқаро ноҳукумат ташкилотларининг мансабдор шахслари ушбу ташкилотларда олган даромадлари бўйича.


5-модда. Икки ёқлама солиқ солишни бекор қилиш

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойи бўлган кишилар чет элда оладиган даромадлар Ўзбекистон Республикасида солиқ солинадиган даромадлар жумласига киритилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойи бўлган, Ўзбекистон Республикасида даромад солиғини тўловчи кишилар чет давлатлар қонунларига мувофиқ хорижда тўлаган даромад солиқлари Ўзбекистон Республикасида даромад солиғини тўлаш пайтида ҳисобга олинади. Бунда чет элда тўланадиган солиқларнинг миқдори Ўзбекистон Республикасида тўланадиган солиқ миқдоридан ошмаслиги лозим.



6-модда. Халқаро шартномалар

СССРнинг халқаро шартномаси ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида солиқ солишга оид қоидаларда Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнима қоидаси қўлланади.



II БОБ. ФУҚАРОЛАР ОЛАДИГАН ИШ ҲАҚИ, ТЎЛОВЛАР,

МУКОФОТЛАР ВА БОШҚА ДАРОМАДЛАРГА

СОЛИҚ СОЛИШ

7-модда. Солиқ тўловчилар тоифалари

ва солиқ солинадиган объектлар

Қонуннинг мазкур боби қоидаларига мувофиқ қуйидагилар солиқ тўлашга жалб этилади:

а) ишчилар, хизматчилар ва бошқа фуқаролар - мулкчилик шакллари ва мулк кимнинг тасарруфида эканлигидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан оладиган иш ҳақлари, мукофотлари ва бошқа ҳар қандай даромадлари суммасидан;

б) фуқаролар - тадбиркорлик фаолиятидан оладиган даромадларидан, шунингдек тадбиркорлик субъектлари билан ўз меҳнатидан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузган шахслар;

в) фуқаролар - фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик, нашр қилдирганлик, ижро этганлик ёки улардан бошқача тарзда фойдаланганлик, шунингдек интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи суммаларидан;

г) фуқаролар - Қонуннинг ушбу моддаси "а” - “в" бандларида санаб ўтилмаган бошқа барча даромадларидан.


8-модда. Солиқ ставкалари

1. Фуқароларнинг иш ҳақи, мукофотлари ва бошқа даромадлари суммасидан қуйидаги миқдорда солиқ ундирилади:

  

Солиқ солинадиган йиллик даромаднинг миқдори (солиқ солинмайдиган минимум чегирилган ҳолда)

  

Солиқ суммаси

энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 24 баробаригача

даромад суммасининг 15 фоизи

энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 24 баробаридан ( + 1 сўм) 60 баробаригача

энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 24 баробаридан олинадиган солиқ + 24 баробаридан ортиқ сумманинг 25 фоизи


энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 60 баробаридан ( + 1 сўм) 120 баробаригача

энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 60 баробаридан олинадиган солиқ +60 баробаридан ортиқ сумманинг 35 фоизи


энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 120 баробари ( + 1 сўм) ва ундан ортиқ

энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 120 баробаридан олинадиган солиқ + 120 баробаридан ортиқ сумманинг 40 фоизи 

  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг ўта зарарли ишлаб чиқаришда ишлайдиган алоҳида тоифадаги фуқаролари учун фавқулодда ҳолларда 12 фоиздан кам бўлмаган миқдорда солиқ солишнинг имтиёзли ставкаларини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

  

2. Асосий иш жойларида ишчи ва хизматчилардан, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган фуқаролар ҳамда фан, адабиёт ва санъат ходимларидан оладиган даромад солиқларини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган даромаддан солиқларини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган даромаддан ушбу Қонуннинг 4-моддаси 1-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида кўзда тутилган тартибда солиқ солинмайдиган иш ҳақининг минимуми ва бошқа даромадлар чиқариб ташланади.

9-модда. Солиқ солинадиган даромад

таркибига қўшилмайдиган пуллар

Қуйидагилар солиқ солинадиган даромад таркибига қўшилмайди:

а) амалдаги қонунларга мувофиқ ишдан бўшаш вақтида тўланадиган нафақалар;

б) СССР ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида кўзда тутилган нормалар доирасидаги компенсация тўловлари, ишдан бўшаш вақтида фойдаланилмаган отпуска учун бериладиган компенсация бундан мустаснодир;

в) бепул бериб қўйиладиган уй-жой бинолари ва коммунал хизматлар ўрнига амалдаги қонунларга мувофиқ тўланадиган пул;

г) СССР Вазирлар Кабинетининг ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинетининг тегишли қарорларида кўзда тутилган натура ҳолида бериладиган озиқ-овқат қиймати, шунингдек шу озиқ-овқат ўрнига тўланадиган пул;

д) ижодий фаолият, тадбиркорлик ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланишдан даромад олиш билан боғлиқ харажатлар.

Ана шу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатлар туркумига моддий харажатлар, асосий ишлаб чиқариш фондларини тўла қайта тиклашга амортизация ажратмалари, ижара ҳақи, фуқароларнинг меҳнатидан фойдаланиш тўғрисида тузилган шартномага мувофиқ уларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ харажатлари, давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар, мажбурий мулк суғуртаси бўйича тўловлар, банкларнинг қисқа муддатли кредитлари учун фоиз тўлови (тўлов муддати узайтирилган ва кечиктирилгаи фоизлардан ташқари), шунингдек асосий ишлаб чиқариш фондларининг ҳамма турдаги ремонти учун қилинадиган харажатлар қўшилади.


10-модда. Иқлим шароитлари оғир бўлган жойлардаги

иш учун тўловларга солиқ солиш миқдори

Иқлим шароити оғир бўлган жойлардаги иш учун СССР ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган коэффициентлар (район коэффициентлари, баланд тоғ, чўл ва сувсиз районлардаги иш учун коэффициентлар) иш ҳақига қўшиб ёзиладиган ва тўланадиган пулдан ҳамда мазкур жойлардаги иш стажи учун қўшимча ҳақдан 12 фоиз ставка бўйича солиқ ундириб олинади.


11-модда. Корхона ва ташкилотлар тугатилган пайтда

солиқ солинадиган даромадни белгилаш тартиби

Фуқароларнинг тугатиладиган корхона ва ташкилотлардан оладиган жами даромадларига, шу жумладан, шу корхона ва ташкилотларнинг мол-мулки сотилиши муносабати билан фуқароларга тўланадиган даромадлар миқдорига - шу даромадлар тўланадиган йилдаги бошқа даромадлар (иш ҳақи) бирга қўшилиб, йилларга тақсимламай солиқ солинади.



12-модда. Фуқароларнинг асосий иш жойидаги иш ҳақи

ва бошқа даромадлари суммасидан солиқни

ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби

Солиқ календарь йил бошидан эътиборан ҳар ой тугаганидан кейин илгари ушлаб қолинган солиқ суммасини ҳам ҳисобга олган ҳолда солиқ солинадиган даромадлар йиғиндиси суммаларидан ҳисоблаб чиқилади.

Йил тугаганидан кейин фуқароларнинг календарь йилдаги бутун даромадини (тўлиқ сўмларда) ташкил қиладиган суммаларга асосланган ҳолда солиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Йил давомида иш (хизмат, ўқиш) жойи ўзгарган тақдирда солиқ янги иш (хизмат, ўқиш) жойида аввалги ва янги иш жойида олинган йиллик даромад йиғиндисига асосланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Аввалги иш жойида олинган даромадлар маълумотнома билан тасдиқланади.



13-модда. Асосий иш жойидан бошқа ерда олинган

иш ҳақидан ва бошқа тўловлардан солиқни

ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби

1. Фуқароларнинг ҳар қандай даромадларига, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятидан оладиган даромадларига асосий иш (хизмат, ўқиш) жойларидан олаётган даромадлари билан бир вақтда Қонуннинг ушбу моддасида назарда тутилган тартибда солиқ солиниши лозим.


2. Ушбу модданинг 1-бандида айтиб ўтилган даромадлардан солиқ мазкур Қонуннинг 12 ва 16-моддаларида белгиланган тартибда, тадбиркорлик фаолиятидан орттириладиган даромадлардан эса солиқ мазкур Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади.

Бунда фуқароларнинг даромадларидан Қонунда белгиланган солиқ солинмайдиган минимумнинг ойлик миқдори суммаси истисно қилинмайди.

Фуқаролар йил давомида солиқ солинадиган йиллик жами даромадга асосан солиқни мустақил равишда ҳисоблаб чиқаришлари ва солиқ солинадиган умумий даромаддан ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан даромад тўловчи манба томонидан ушлаб қолинган солиқ суммаси ўртасидаги фарқни йилнинг ҳар чорагида камида бир марта бюджетга тўлашлари мумкин. Календарь йили тугаганидан кейин бу даромадлар тўғрисидаги маълумотлар фуқароларнинг доимий яшаш жойидаги солиқ органига белгиланган тартибда тақдим этиладиган декларацияга киритилиши лозим.

Даромадларни тўлаган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда тадбиркор сифатида рўйхатга олинган фуқаролар ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечикмай ўзлари турган жойдаги солиқ органларига ўтган йили ўздари даромад тўлаган шахсларнинг доимий яшаш жойини кўрсатган ҳолда уларга тўланган даромад суммаси ва улардан ундирилган солиқлар суммаси тўғрисида маълумот тақдим этадилар. Айтиб ўтилган маълумотлар даромадлар олган шахсларнинг доимий яшаш жойидаги солиқ органларига юборилади. Солиқ органлари фуқаролар бир йилда олган даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этганларида ана шу маълумотларни эътиборга оладилар.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан фуқарога муаллифлик ҳақи тўлаш ҳамда фан, адабиёт ва санъат асарларини нашр қилганлик, ижро этганлик ёки улардан ўзга тарзда фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, интеллектуал мулк объектларининг муаллифларини тақдирлаш, шунингдек йиллик жами даромад бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш вақтида ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар ҳисобга олинади. Агар бу харажатларни ҳужжатлар билан тасдиқлашнинг иложи бўлмаса, у ҳолда бундай харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилаган тартибда ҳисобга олинади.


3. Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр этиш, ижро этиш ёки улардан ўзга тарзда фойдаланиш учун шартнома мавжуд бўлган тақдирда шу шартнома ҳисобидан аванс сифатида тўланадиган ҳақ узил-кесил ҳисоб-китоб вақтида қўшиб ҳисобланади ҳамда солиқ солиш мақсадида шартнома амал қилган йил миқдорига тақсимланади.

Бундай шартнома бўлмаган тақдирда, агар асарни яратганлик ёки биринчи марта нашр этганлик учун тўланадиган ҳақ минимал ойлик иш ҳақи миқдорининг 12 баробаридан ошса, бу сумма тўловчининг аризаси бўйича 3 йилга тақсимланади.



14-модда. Фуқаролар томонидан йиллик жами

даромадни декларацияда ифода этиш ва йиллик жами

даромад бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби

1. Амалда олинган даромадлар ва қилинган сарф-харажатлар тўғрисидаги декларация фуқаролар томонидан ўзларининг доимий яшаш жойларидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечикмай тақдим этилади.

Ушбу Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ солиқ тўлаган фуқаро декларация тақдим этишдан озод қилинади.

Башарти йил давомида ушбу Қонуннинг 15-моддасида айтиб ўтилган даромад манбалари пайдо бўлиб қолгудек бўлса, фуқаролар бундай манбалар пайдо бўлган кундан бир ой ўтганидан кейин беш кунлик муддат ичида декларация топширадилар. Декларацияда биринчи ойдаги фаолият натижасида олган даромадларининг миқдори ва жорий йилнинг охиригача олиниши кутилаётган даромад миқдори кўрсатилади.

Даромад манбаи жорий йилнинг охирига қадар тўхтаган тақдирда у тўхтаган кундан бошлаб беш кунлик муддат ичида декларация тақдим этилади.

Декларацияда фуқаролар бир йил давомида олган барча даромадларини, бу даромадларнинг манбалари ҳамда ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган солиқ суммаларини кўрсатадилар.

Ушбу Қонуннинг 12, 13 ва 15-моддаларида назарда тутилган солиқ солинадиган даромадлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар декларацияда алоҳида ифода этилади.

2. Солиқ солинадиган йиллик жами даромад бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган ставкалар бўйича амалга оширилади.

Ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ва йил давомида ўтказилган солиқ суммалари ўртасидаги фарқ ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июнидан кечикмай, йил давомида қайта ҳисоблаб чиқилган тақдирда эса солиқ органига декларация топширилган кундан эътиборан икки ойлик муддат ичида фуқаролар томонидан тўланиши ёки солиқ органлари томонидан фуқароларга қайтарилиши лозим.



15-модда. Бошқа даромадлардан солиқни

ҳисоблаб чиқиш ва уни тўлаш тартиби

1. Қонуннинг ушбу моддасида кўрсатилган тартибда тадбиркорлик, якка тартибдаги ва бошқа фаолиятнинг барча турлари билан шуғулланадиган фуқароларга; банк муассасаларидаги омонат бўйича фоиз ва ютуқ шаклида даромад оладиган фуқароларга; чет элда ёки чет элдан даромад оладиган Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи фуқароларга (муаллифлик мукофотлари ҳамда уларнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган тўловлар суммаси бундан мустасно); фуқароларнинг ушбу Қонуннинг 12, 13 ва 14-моддаларида кўрсатилмаган барча бошқа даромадларига солиқ солинади.

2. Ялпи даромад (пул ва натура шаклидаги) ҳамда даромад қилиш билан боғлиқ бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар ўргасидаги тафовут солиқ ундириладиган даромад ҳисобланади.


3. Солиқ тадбиркорлик ва якка тартибдаги меҳнат фаолиятининг ҳамма турларидан олинадиган умумий даромаддан ҳисоблаб чиқарилади.

Солиқни солиқ тўловчининг доимий истиқомат жойидаги солиқ идоралари солади, агар фаолият бошқа жойда амалга оширилса, фаолият амалга ошириладиган жойдаги солиқ идоралари томонидан солиқ солинади, лекин даромад ва солиқ миқдори тўғрисида солиқ тўловчининг доимий истиқомат жойидаги солиқ идорасига хабар қилиниши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўядиган рўйхат бўйича якка тартибдаги фаолиятнинг алоҳида турлари билан шуғулланувчи шахсларнинг даромадларидан даромад солиғи маҳаллий ҳокимият идоралари белгилаб қўядиган қатьий миқдорларда ундирилади.

4. Қонуннинг ушбу моддасида кўрсатилган ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тўлайдиган даромад солиғи ушбу Қонуннинг 8-моддаси 1-бандидаги ставкалар бўйича ҳисоблаб чиқилади. Ҳар гал навбатдаги тўлов чоғида солиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади, бунда жорий йилда ушбу тўлов макони бўйича тўланган умумий суммага асосланилади.

5. Солиқ қуйидаги тартибда тўланади:

а) солиқ тўловчи ҳар бир кварталда олдинги йил даромадларига қараб ҳисоблаб чиқилган йиллик солиқ миқдорининг 25 фоизини тўлайди, солиқ тўлашга биринчи бор жалб этилган тўловчилар эса солиқ идоралари уларнинг жорий йилдаги тахминий даромадларидан ҳисоблаб чиқарган миқдорнинг 25 фоизини тўлайдилар.

Йил давомида солиқ тўловчининг даромадлари анча кўпайган ёки камайган тақдирда солиқ тўлаш муддати келмаган давр учун солиқ миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилиши мумкин;

б) йил тугаганидан сўнг солиқнинг йиллик миқдори ҳакиқатда олинган даромаддан ҳисоблаб чиқарилади ва ана шу миқдори билан йил давомида тўланган сумма ўртасидаги фарқ солиқ тўловчидан келгуси йилнинг 15 мартидан кечиктирмай ундириб олинади ёки қайтариб берилади, даромад манбаи барҳам топган тақдирда эса - 15 кун муддат ичида ҳисоб-китоб қилинади.


6. Қонуннинг мазкур моддасида кўрсатилган солиқ тўловчиларга қуйидаги асосларда:

а) солиқ тўловчиларнинг йил давомида олган ҳақиқий даромадлари тўғрисидаги келгуси йилнинг 15 январигача тақдим этиладиган декларация асосида солиқ солинади.

Йил давомида даромад манбалари пайдо бўлган тақдирда фуқаролар даромад манбаи пайдо бўлган кундан бошлаб бир ой ўтгач 5 кун муддат ичида декларация топширадилар, унда фаолиятнинг биринчи ойидаги ҳақиқий даромад миқдори ва йил охиригача фараз этилган даромад миқдори кўрсатилади. Даромад манбаи барҳам топган тақдирда даромад манбаи барҳам топган кундан бошлаб 5 кун муддат ичида декларация топширилади.

б) солиқ идораларининг фуқаролар фаолиятини ҳамда солиқ тўловчиларнинг даромадлари тўғрисидаги бошқа мавжуд маълумотларни текширишига оид материаллар асосида солиқ солинади.


7. Солиқлар 15 мартгача, 15 майгача, 15 августгача ва 15 ноябргача бўлган муддатларда тўланади.


8. Оила аъзоларидан ҳар бирининг ҳамда меҳнат хўжалигини биргаликда олиб борувчи ва умумий улушбай мулк асосида ўз мол-мулкига эга бўлган бошқа шахсларнинг даромадлари уларнинг ўзаро келишувига мувофиқ аниқланади, бу ҳақда даромад тўғрисида солиқ идорасига тақдим этиладиган декларацияда кўрсатилади.


9. Тадбиркорлик ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларга ҳақ тўлайдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўзлари жойлашган ердаги солиқ идораларига фуқароларга тўлаган суммалари ҳақида ҳар ойда ёзма маълумот беришлари шарт. Бу маълумотларни даромадларни тўлаган корхона, муассаса ва ташкилот жойлашган ердаги солиқ идоралари солиқни тўғри ва тўла солиш мақсадида ҳисобга олиш учун даромад олувчиларнинг доимий истиқомат жойидаги солиқ идораларига юборадилар.


10. Ўз меҳнатидан фойдаланиш ҳақида тадбиркорлик субъектлари билан шартнома тузган фуқаролардан даромад солиғи ана шу фуқароларга иш ҳақи тўланаётган пайтда ушлаб қолинади. Солиқ мазкур Қонуннинг 8-моддаси 1-бандидаги ставкалар бўйича ушлаб қолинади.

Солиқ пули ушбу модданинг 7-бандида кўрсатилган навбатдаги тўлов муддати бошланиши биланоқ ўтказилади.



15-1-модда. Даромад солиғини ҳисоблаб чиқиш

ва тўлаш тартибига тузатиш киритиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси даромад солиғини ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартибига тузатиш киритиш ҳуқуқига эгадир.



16-модда. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар

томонидан ҳисобланган солиқ миқдорини

бюджетга ўтказиш тартиби

1. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар банк муассасаларидан фуқароларга тегишли ҳақ тўлаш учун маблағ олиш билан бир вақтда ҳисоблаб ёзилган солиқ миқдорини бюджетга ўтказадилар.

Маҳсулот сотишдан ва хизмат кўрсатишдан тушган пулдан иш ҳақи тўлайдиган ташкилотлар солиқнинг ҳисоблаб ёзилган миқдорини иш ҳақи тўланган куннинг эртасига банк муассасасига топширадилар.


2. Фуқароларнинг маошларидан олинадиган солиқни корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маблағи ҳисобидан тўлаш тақиқланади.



III БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИНИ

ЮРИТИШДАН ОЛГАН ДАРОМАДЛАРИДАН

СОЛИҚ УНДИРИШ

17-модда. Солиқ. тўловчиларнинг тоифалари

ва солиқ солиш объекти

Деҳқон хўжалигини юритаётган фуқаро ёки биргаликда деҳқон хўжалигини юритаётган фуқаролар, яъни қишлоқ жойларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан банд бўлган хўжалик Қонуннинг ушбу бобида кўрсатилган тартибда ва миқдорда солиқ тўлайди.

Ялпи даромад (пул ва натура шаклидаги) ҳамда даромад олиш билан боғлиқ бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар ўртасидаги фарқ солиқ солинадиган даромад ҳисобланади.

Моддий харажатлар, асосий ишлаб чиқариш фондларини тўла тиклаш учун кетадиган амортизация ажратмалари, ижара ҳақи, интеллектуал мулк объектларига бериладиган ҳуқуқларга эга бўлганлик учун патент божи, ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказганлик йиғимлари ва ҳуқуқлар учун лицензия тўловлари, ўз меҳнатларидан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузган фуқароларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун кетган сарф-харажатлар, давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар, мол-мулкни мажбурий суғурта қилишга тўловлар, банкдан олинган қисқа муддатли кредитлар учун фоизлар тўлови (тўлов муддати ўтиб кетган ва кечиктирилган қарзлар фоизидан ташқари), шунингдек асосий ишлаб чиқариш фондлари ремонтининг барча турларига доир харажатлар даромад олиш билан боғлиқ ҳаражатлар таркибига киради.


18-модда. Солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби

1. Ушбу Қонуннинг 17-моддасида кўрсатилган фуқаролар мустақил равишда йил давомида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишдан ёки хизмат кўрсатишдан тушум олинган ойдан кейин келадиган ойнинг 10-кунига қадар бюджетга ойлик даромаднинг 10 фоизи миқдорида солиқ тўлаб борадилар. Солиқ деҳқон хўжалиги аъзоларининг топшириғига мувофиқ улардан бири томонидан тушумнинг жами миқдори ҳисобидан тўланади.

Бир йиллик солиқнинг узил-кесил миқдорини келгуси йилнинг 1 мартига қадар тақдим этиладиган йил давомида олинган ҳақиқий даромад ҳақидаги декларация асосида солиқ идораси белгилайди. Бунда деҳқон хўжалиги ҳар бир аъзосининг солиқ солинадиган йиллик даромади миқдори улар ўртасидаги келишувга мувофиқ аниқланиб, бу ҳақда декларацияда уқтириб ўтилади.

Солиқнинг камини тўлаш, бинобарин тегишли ҳолларда йил давомида ортиқча тўланган солиқни қайтариб бериш келгуси йилнинг 1 апрелидан кечиктирилмайди.


2. Деҳқон хўжалигида ўз меҳнатидан фойдаланиш ҳақида шартнома тузган фуқаролардан даромад солиғи шартнома тузган деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан ана шу фуқароларга иш ҳақини тўлаш чоғида ушлаб қолинади. Солиқ мазкур Қонуннинг 8-моддаси 1-бандидаги ставкалар бўйича ушлаб қолинади. Солиқларни бюджетга ўтказиш ойлик тушумдан аванс солиқ тўлашнинг навбатдаги муддати бошланган пайтда амалга оширилади.


IV БОБ. АЖНАБИЙ ФУҚАРОЛАР ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРГА СОЛИҚ СОЛИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

19-модда. Солиқ солинадиган даромадни аниқлаш

1. Ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (қуйида "ажнабий жисмоний шахслар" деб юритилади) солиқ солинадиган даромади Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг солиқ солинадиган даромадига бўлгани каби тартибда аниқланади. Ажнабий жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларини аниқлаш чоғида унга:

а) СССРда яшаши муносабати билан тўланадиган қўшимча ҳақ миқдори;

б) болаларни мактабда ўқитиш, овқатлантириш, солиқ тўловчилар оиласи аъзоларининг отпуска вақтидаги кира ҳақлари ва шу каби мақсадлардаги сарф-харажатларини қоплаш учун тўланадиган пул миқдори ҳам киради.


2. Солиқ солинадиган даромад таркибига:

а) ажнабий жисмоний шахсни ёлловчининг Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги ҳузуридаги Пенсия фондига ўтказиладиган пул миқдори;

б) хизмат мақсадлари учун уй-жой биносини ижарага олиш ва автомобиль сақлаб туриш учун харажатларни қоплашга тўланадиган пул миқдори;

в) хизмат сафари харажатлари миқдори киритилмайди.



20-модда. Солиқ солиш миқдори

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга ажнабий жисмоний шахслар деб қараладиганларнинг даромадларига Ўзбекистон Республикаси қонунларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг худди шундай даромадларига нисбатан кўзда тутилган миқдорларда даромад солиғи солинади.

Шахсий компаниялар эгаларининг даромадларига ушбу Қонун 8-моддасининг 1-бандида кўзда тутилган миқдорларда солиқ солинади.



21-модда. Солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби

1. Солиқ солиш мақсадларида Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга ва Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан даромад олувчи деб қараладиган ажнабий жисмоний шахслар ушбу моддада белгилаб қўйилган тартибда даромадлар тўғрисида декларация тақдим этадилар.

Солиқ солиш мақсадларида Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга ва ушбу Қонуннинг II - III-боблари билан тартибга солинадиган даромад олувчи деб қараладиган ажнабий жисмоний шахслар тегишли бобларда белгилаб қўйилган тартибда даромадлар тўғрисида декларация тақдим этадилар.


2. Амалда олинган даромад тўғрисидаги декларация ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартига қадар ажнабий жисмоний шахс фаолиятини амалга оширадиган ёки истиқомат қиладиган жойдаги солиқ идорасига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга деб қараладиган ажнабий жисмоний шахс жорий йилдаги кўзда тутилаётган даромадлари ҳақидаги декларацияни Ўзбекистон Республикасига келган кундан бошлаб бир ой давомида тақдим этади.

Ажнабий жисмоний шахснинг фаолияти календарь йил давомида тўхтаган ва у Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетган тақдирда амалда олинган даромад тўғрисидаги декларация у жўнаб кетишидан камида бир ой олдин топширилиши керак.


3. Ажнабий жисмоний шахсларнинг даромадларига уларнинг даромадлар тўғрисидаги декларацияси асосида солинадиган даромад солиғи Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчининг фаолияти амалга ошириладиган ёки яшайдиган жойдаги солиқ идораси томонидан ҳисоблаб чиқилади. Солиқ идораси тўловчига юборадиган тўлов хабарномаси солиқ тўлаш учун ҳужжат ҳисобланади.

Кўзда тутилаётган даромадлар тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўловчи учун у тўлаши лозим бўлган солиқнинг аванс миқдори унинг солиқ мажбуриятларининг 75 фоизи миқдорида ҳисоблаб чиқилади; солиқ миқдорини қайтадан ҳисоблаб чиқиш ҳақиқий даромадлар тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Жорий йил солиғи баравар миқдорда уч бўлиб - 15 майгача, 15 августгача ва 15 ноябргача тўланади. Ҳисобот йили учун қайта ҳисоблаб чиқилган солиққа қўшимча тўлов хабарномаси ёзилган кундан бошлаб бир ой давомида тўланади. Солиқнинг ортиқча тўланган миқдори солиқ тўловчининг хоҳишига кўра унга қайтариб берилади ёки келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади.


4. Ўзаро келишув асосида ажнабий жисмоний шахслардан даромад солиғи ундириш тўхтатилиши ёки чеклаб қўйилиши мумкин, қачонки тегишли хорижий давлатда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан шундай тадбир амалга оширилаётган бўлиб, бу ҳол ана шу хорижий давлатнинг солиқ идоралари томонидан тасдиқланган бўлса.

Ушбу бандни қўллаш тўғрисидаги кўрсатмалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан берилади.



V БОБ. ЎЗБЕКИСТОН ССРДА ДОИМИЙ ИСТИҚОМАТ ЖОЙИГА

ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

ССРДАГИ МАНБАЛАРДАН ОЛАДИГАН

ДАРОМАДЛАРИГА СОЛИҚ СОЛИШ

22-модда. Солиқ солиш миқдорлари

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан оладиган даромадларидан (ушбу Қонун 7-моддасининг "а" бандида кўрсатилган даромадлардан ташқари) олинадиган солиқ даромадни тўлаш манбаида 20 фоиз ставка бўйича ушлаб қолинади. Солиқнинг мазкур ставкаси ушбу Қонуннинг 6-моддаси ва 21-моддасининг 4-банди қоидаларида бошқа ҳол кўзда тутилмаган бўлса қўлланади.

Ушбу Қонун 7-моддасининг “а” бандида кўрсатилган даромадлардан уларда келтирилган ставкалар бўйича солиқ ушлаб қолинади.


VI БОБ. УШБУ ҚОНУНГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ

23-модда. Фуқаролар, корхоналар, муассасалар

ва ташкилотларнинг вазифалари

1. Ушбу Қонунга мувофиқ солиқ солинадиган фуқаролар:

а) солиқ идораларига ушбу Қонунда кўзда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилаб берадиган шаклларда даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги декларация, декларацияда кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини тасдиқловчи бошқа зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этиши, шунингдек солиқ солинадиган даромадларни ва ана шу даромадларни олиш билан боғлиқ сарф-харажатларни ҳисобга олиб бориши;

б) солиқ имтиёзлари ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши, тегишли ҳолларда эса бундай ҳужжатларни тақдим этиши;

в) солиқ идоралари тақдим этган солиқ миқдорини бюджетга ўз вақтида ва тўла миқдорда тўлаши;

г) даромад олиш учун фойдаланилаётган биноларга солиқ идораларининг мансабдор шахсларини киритиши шарт.


2. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар:

а) ишчилар ва хизматчилар иш ҳақидан олинадиган солиқлар миқдорини ҳамда тўлов манбаида солиқ солинадиган бошқа даромадларни ўз вақтида ва тўғри ҳисоблаб бериш, ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказишлари;

б) солиқ идоралари томонидан солиқ солиниши лозим бўлиб, ўзлари фуқароларга тўлаган даромадлар ҳақидаги маълумотларни солиқ идораларига ўз вақтида тақдим этишлари шарт.


3. Ташқи иқтисодий битимлар тузиш чоғида даромадни тўлайдиган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ажнабий жисмоний шахслар ўрнига солиқ тўлаш харажатларини қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олиши ҳақидаги солиқ шартлари киритилишига йўл қўйилмайди.



24-модда. Солиқларни ушлаб қолиш ва нотўғри

ушлаб қолинган солиқларни қайтариш тартиби

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақидан ҳамда фуқароларнинг бошқа даромадларидан ўз вақтида ушлаб қолинмаган солиқ миқдори кўпи билан бир йил учун ушланиши мумкин, ортиқча пул ушлаб қолинган тақдирда эса нотўғри ушланганлиги аниқлангунча ўтган даврнинг кўпи билан икки йили учун қайтариб берилишига йўл қўйилади.

Даромадларига декларацияларга мувофиқ солиқ солинадиган, солиқ тўлашга ўз вақтида жалб этилмаган ёки нотўғри солиқ солинган фуқаролардан солиқни ундириб олиш ёхуд уларга қайтариб бериш солиқни нотўғри ушлаш аниқлангунга қадар ўтган даврнинг кўпи билан икки йили учун амалга оширилади.

Солиқ тўловчининг солиқни тўлашдан бўйин товлаши натижасида ундирилмай қолган солиқ миқдори бутун бўйин товлаш даври учун ундириб олинади.



25-модда. Фуқаролар, корхоналар, муассасалар

ва ташкилотларнинг жавобгарлиги

1. Солиқ солинадиган даромадлари тўғрисидаги декларацияни ўз вақтида тақдим этмаган солиқ тўловчиларга солиқ идоралари олдинги ҳисобот йилида тўланган солиқнинг 150 фоизи миқдорида ёки солиқ идораси эга бўлган даромадлар тўғрисидаги маълумот асосида шартли равишда ҳисоблаб чиқилган миқдорда солиқ тўлаш тўғрисида тўлов хабарномаси юборилади. Мазкур ҳужжатлар тақдим этилгач ва улар текшириб кўрилгандан кейин солиқ миқдори ҳақиқатан олинган даромадга қараб тўланадиган солиқнинг 10 фоизи ушлаб қолиниб, қайтадан ҳисоб-китоб килинади.

Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиш тартибини бузишда айбдор бўлган ёки махсус равишда тақиқлаб қўйилган якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар, шунингдек даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмасликда ёхуд декларацияга нотўғри маълумотларни киритишда, солиқ солиш мақсадлари учун зарур бўлган даромадлар ва харажатларнинг тегишли ҳисоб-китоби бўлмаганлигида айбдор бўлган фуқаролар солиқ идораларининг раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган миқдорларда жарима солиш тарзидаги маъмурий жавобгарликка тортиладилар.


2. Солиқ солиниши лозим бўлган амалда олинган даромадларни яширганлик (камайтириб кўрсатганлик) учун даромаднинг яширилган (камайтирилган) қисми тўла тортиб олинади ва даромаднинг яширилган (камайтирилган) қисми миқдорида жарима солинади, қонунни такрорий бузган тақдирда эса икки ҳисса миқдорида жарима солинади.

Эркин алмаштириладиган валютада олинган даромадларни яшириш даромад миқдорини СССР Давлат банкининг махсус курси билан икки ҳисса миқдорида қайта ҳисоблаб чиқишга сабаб бўлади.

Ана шу пул солиқ идораларининг мансабдор шахслари протокол тузган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида бюджетга ўтказилади. Ана шу пулни тўлашдан бош тортилган тақдирда у муддатида тўланмаган солиқларни ва солиқдан ташқари тўловларни ундириб олиш тўғрисидаги Низомда белгилаб қўйилган тартибда ундириб олинади.


3. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг даромад солиғи миқдорини тўла ҳажмда ўз вақтида ушлаб қолмаганлик ва бюджетга ўтказмаганликда, фуқароларнинг даромадларини яширишда (камайтириб кўрсатишда), бухгалтерия ҳисоботини олиб бормаганлик ёки бундай ҳисоботни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб борганлик, солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаганлик, умуман тақдим этмаганлик ёки белгиланган шаклда тақдим этмаганликда айбдор бўлган мансабдор шахслари солиқ идораларининг раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган миқдорларда жарима солиш тарзидаги маъмурий жавобгарликка тортиладилар.


4. Ҳақ тўлаш манбаида ундирилиши лозим бўлган, ўз вақтида ушлаб қолинмаган, тўла ушлаб қилинмаган ёки бюджетга ўтказилмаган солиқ миқдори фуқароларга даромад тўлайдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан солиқ идоралари томонидан шак-шубҳасиз ундириб олинади.


5. Солиқ тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун муддати ўтган ҳар бир кун учун тўланмаган миқдорнинг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилади.



26-модда. Солиқ идораларининг ҳаракатлари

устидан шикоят қилиш

Мансабдор шахсларнинг солиқни ундириб олиш чоғида йўл қўйган ҳаракатлари ва фармойишлари устидан шикоятлар ана шу шахслар бевосита бўйсунадиган идорага ёки қайси идоранинг фармойиши билан солиқ ундирилаётган бўлса, ўша идорага топширилади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар устидан тушган шикоятлар шикоят тушган пайтдан бошлаб 15 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади ва улар бўйича қарор қабул қилинади, фуқаролар устидан тушган шикоятлар эса фуқароларнинг хатлари, аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш учун белгилаб қўйилган муддатда кўриб чиқилади ва улар бўйича қарор қабул қилинади.

Шикоятларга доир қарорлар устидан бир ой муддат ичида юқори турувчи солиқ идорасига ёки халқ судига шикоят қилиш мумкин.

Шикоят топшириш солиқ ундиришни тўхтата олмайди. Шикоятни кўриб чиқаётган идора шикоят ҳал қилингунга қадар тегишли солиқ миқдорини ундиришни тўхтатиб туришга ҳақлидир.

Солиқ идоралари мансабдор шахсларининг маъмурий жазо белгилашлари билан боғлиқ ҳаракатлари устидан шикоят қилиш Ўзбекистон Республикасининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонунларига мувофиқ амалга оширилади.



27-модда. Ушбу Қонунни қўллашга доир кўрсатмалар

Ушбу Қонунни қўллашга доир кўрсатмалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда чиқарилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов

-------------------------

*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон  Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1991 йил, 4-сон, 88-модда























































Время: 0.1892
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск