ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Соғлиқни сақлаш муассасалари ва корхоналарининг ошхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 16.04.2009 й. 1940-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий vуҳофаза қилиш вазирининг 16.03.2009 й. 13/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 16 апрелда 1940-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 16 мартдаги

13/Б-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Соғлиқни сақлаш муассасалари ва

корхоналарининг ошхоналари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ соғлиқни сақлаш муассасалари ва корхоналарининг ошхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш муассасалари ва корхоналарининг ошхоналари (бундан кейинги ўринларда ошхоналар деб юритилади) учун қўлланилади.


2. Ушбу Қоидалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, миллий стандартлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.

3. Ошхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчи томонидан амалга оширилиши лозим.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

ишларини ташкил этиш


4. Ошхоналарда ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилади.


5. Ошхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Хавфли ишларга, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш электр қурилмалари, махсус технологик ускуналар ва механизмларга хизмат кўрсатиш ишларига тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш тақиқланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш

ва уларнинг билимларини текшириш

ишларини ташкил этиш


8. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


9. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисида"ги низомга (2000 йил 7 январь, рўйхат рақами 870) мувофиқ ишлаб чиқилади, ишловчиларни шу йўриқномалар билан таъминлаш корхона раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Касбий танлов


11. Ошхонада ишга қабул қилишда касбий танлов талаб қилинадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


12. Иш берувчи касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танловни ташкиллаштириши ҳамда амалга ошириши зарур.


13. Иш берувчи касбий танловдан ўтган ва ишга қабул қилинган шахсларни танлов тўғри бўлганини амалий тасдиқлаш ва зарур ҳолларда тузатишлар киритиш мақсадида назорат қилишлари лозим.



4-§. Ходимларнинг саломатлигини

назорат қилиш


14. Ошхонада ишлашга белгиланган тартибда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтган ҳамда тиббий жиҳатдан соғлом бўлган шахслар қўйилади.


15. Корхона раҳбарияти (ёки иш берувчи) ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


16. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


17. Корхона раҳбарияти тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши ҳамда далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


18. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937 - Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.



5-§. Шахсий ҳимоя воситалари


19. Ишчи ва хизматчилар белгиланган тартиб бўйича корхона томонидан шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланади.


20. Ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишловчилар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишни билишлари лозим.


21. Жамоавий ҳимоя воситалари зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омиллари хонадаги барча ишловчиларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ошхонани қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари зарарли ва хавфли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз кишиларнинг иштироки ва ишларнинг амалга оширилиши тақиқланади.


23. Корхона раҳбарияти қуйидагиларни таъминлаши шарт:

а) амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

б) ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

в) қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текшириш;

г) шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилиш (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).



6-§. Ошхона хоналарига бўлган талаблар


24. Овқат тайёрлаш, овқатланиш хоналари, омборхона, маъмурий-маиший ва бошқа хоналар (кейинги ўринларда ошхоналар деб юритилади) амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига жавоб бериши керак.


25. Ошхона бинолари водопровод, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти ҳамда ҳавони киритиш ва тортиш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.


26. Ошхона ва унга тегишли совутиладиган омборхоналар, машина бўлимларини беморлар хоналари тагига ўрнатилишига йўл қўйилмайди.


27. Ошхоналарни беморлар хоналари ойналари олдида жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


28. Шифохона ва туғруқхоналарда марказлаштирилган ҳолда ошхоналарнинг умумий юзаси, ёрдамчи хоналар ва омборхоналар билан бирга беморларнинг ўринлари сонига қараб белгиланади.



7-§. Маиший хизмат хоналари


29. Корхонада кийиниш хоналари бўлиши шарт. Бунда кийимларни сақлаш учун икки табақали шкафлар бўлиши назарда тутилиши керак.


30. Ходимлар учун маиший хизмат хоналари қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши керак:

ходимлар хонаси (дам олиш ва овқатланиш учун), бет-қўл ювгичлар, столлар, стуллар, диванлар;

ювиниш жойларида кўзгу билан совун қўйиш учун мослама, сочиқ ва кийим учун илгичлар.


31. Ҳожатхоналарга кираверишдаги эшиклар яхши ёпилиши учун уларга пружиналар ўрнатиш лозим. Ҳожатхоналарга кираверишда бет-қўл ювгичлар (ҳар бир ҳожатхонага биттадан бет-қўл ювгич) ва махсус кийимлар учун илгичлар бўлиши лозим.


32. Поллар тозалаш учун осон, силлиқ ва сирғанмайдиган материаллардан қилиниши ҳамда мазкур хонадан фойдаланиш гигиенаси талабларига жавоб бериши лозим.


33. Маъмурий ва ишлаб чиқариш хоналарининг иш жойларида поллар иссиқ (линолеум билан қопланган тахтадан ва бошқалар) бўлиши керак.


34. Ярим тайёр маҳсулот тайёрлаш цехлари ва идиш-товоқ ювиш хоналарида ифлос сувларни оқизиш мақсадида поллар ариқчалар томонига қияликка эга бўлиши керак.


35. Полларга ўрнатилган ифлос сувларни оқизувчи ариқчалар, қувур ўтказгичлари пол билан бир хил баландликда панжаралар билан ёпилган ва тозалаш учун қулай бўлиши лозим.



8-§. Иситиш ва вентиляция


36. Марказий иситиш тизими иссиқлик режими, иссиқлик ажратиши ва ҳавонинг намлигига қараб хоналарга иссиқлик берилишини бошқариш имконига эга бўлиши керак.


37. Иситиш асбоблари уларнинг юзаси доимо тозалаб турилишини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилиши ва жойлаштирилиши керак.


38. Маҳаллий иситиш тизими мавжуд бўлган хоналарда печкалар панжара билан жиҳозланган бўлиши керак.


39. Ошхоналар, идиш-товоқ ювиш хоналари вентиляция қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.


40. Ошхона ходимларининг исиб кетишининг олдини олиш мақсадида бевосита иш жойларига тоза ҳаво берадиган ҳаво душлари қурилмасини ўрнатиш назарда тутилиши тавсия этилади.


41. Ҳавони бевосита ифлослантирувчи манбаларни (газ, чанг ва бошқа) маҳаллий тортиш вентиляцияси (зонтлар, қалпоқлар, тортувчи шкафлар) билан жиҳозлаш керак.


42. Ошхоналар осон очиладиган форточка ва фрамугалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.



9-§. Канализация тизими


43. Ошхоналар канализация тизимига уланган бўлиши керак.


44. Таркибида ёғ моддалари бўлган оқова сувлар канализация тизимига туширилгунга қадар ёғ тутиб қолувчи мосламаларда тозаланиши зарур.


45. Ёғ тутиб қолувчи мосламалар бинодан ташқарида канализация чиқишларида ўрнатилади, уларга ошхоналардаги идиш-товоқлар, балиқ ва гўшт ювувчи хоналар уланади.


46. Оқизувчи қувур ёғ тутиб қолувчи мосламага қадар иложи борича қисқароқ ва етарли даражада тафтиш қилиш ва тозалаш учун қулай бўлиши керак.


47. Таркибида кўп миқдорда қум ва бошқа қаттиқ моддаларга эга сабзавот ювувчи ва картошка тозаловчи машиналардан оқизилган сувлар канализация тизимига туширилишидан олдин қум тутиб қолувчи қурилмаларда тозаланади.



10-§. Ёритиш тизими


48. Ошхоналар табиий ёруғлик билан таъминланиши лозим.


49. Кийимхоналар, ҳожатхоналар, бет-қўл ювгичлар, душхоналар, омборхоналар, нон кесувчи хоналар, буфетлар, йўлаклар, ювувчи ва музлатгич мосламаларининг машина бўлинмаларини сунъий ёритишда люминесцент лампалардан фойдаланиш ман этилади.


50. Совутиш камераларида табиий ёритишга рухсат этилмайди.


51. Деразаларни шкафлар, жавонлар билан тўсиш ман этилади.


52. Сунъий ёритишда иш жойига етарли даражада ёруғлик берилиши ва ёруғлик бир текисда тарқалиши лозим, шу билан бирга иш жойи ва атроф ёритилишида кескин фарқлар ва кескин соялар бўлмаслиги ва ёруғлик манбаи кўзни қамаштирмаслиги керак.


53. Ошхоналарда, йўлаклар ва зинапояларда одамларни фавқулодда ҳодисалардан эвакуация қилиш учун қўшимча ёритиш назарда тутилиши лозим.



III. ОШХОНАЛАРДА ИШЛАТИЛАДИГАН

АСБОБ-УСКУНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Технологик электр ва механик

ускуналарга қўйиладиган

умумий талаблар


54. Технологик, электр ва механик ускуналар (бундан кейинги ўринларда ускуналар деб юритилади) билан ишлаш учун улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича масъул ходим бириктирилиши лозим.

Ҳар битта ускуналарни хавфсиз ишлатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари бўлиши керак.


55. Ускуналар яқинида ёки бунинг учун махсус ажратилган жойларда хавфсизлик техникаси бўйича плакатлар ёки огоҳлантирувчи ёзувлар осиб қўйилади.


56. Ускуналарнинг хавфсиз ишлатилиши устидан тегишли тайёргарликка эга бўлган ходим томонидан назорат ўрнатилади. Унинг мажбуриятлари ускуналарни текширувдан ўтказишда қатнашиш, ускуналардан хавфсиз фойдаланиш ва уларни белгиланган муддатларда профилактик таъмирлашни амалга оширишни назорат қилишдан иборат.

Ускуналарни техник кўрикдан ўтказиш ҳар 15 кунда амалга оширилиши керак.


57. Кўрикдан ўтказиш натижалари ва ўтказилган таъмирлаш ҳақидаги маълумотлар махсус журналда қайд этилади.

Ҳар бир янги ўрнатилган ёки таъмирланган ускуналар техник кўрикдан ўтказилиши ва салт юришда ҳамда юк остида синаб кўрилиши керак. Синов ҳақида далолатнома тузилади ва журналга ёзиб қўйилади, шундан сўнг ускуналар фойдаланишга топширилиши мумкин.


58. Ускуналарни ўрнатишда, таъмирлашда, жойини ўзгартиришда унинг ағдарилиб тушиши ёки ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилиши керак.


59. Электр двигателлар ҳамда машина ва механизмларнинг барча ҳаракатланувчи қисмлари (валлари, роликлари ва бошқалар) тўсилган бўлиши керак.


60. Ускуналарни ишлатишдан олдин унда ҳеч қандай ишлар олиб борилмаётганлигига ишонч ҳосил қилиш ва яқин орадаги ходимларни бу ҳақда огоҳлантириш зарур.


61. Электр двигателини ёққанда узатма вали ускунадаги стрелка билан кўрсатилган йўналиш бўйича айланиши лозим.


62. Электр двигатели ускунани (картошка тозаловчи, гўшт майдаловчи) маҳсулот билан юклашдан олдин ёқилиши керак.


63. Иш камерасини меъёридан ортиқ юк билан тўлдириш ман этилади.


64. Ускунада ишлаганда электр двигателининг редуктор қутиси ва подшипниклар корпусининг қизиб кетмаслигини назорат қилиш лозим (қизиши 60°С дан ошмаслигига рухсат этилади).


65. Ускуна ишлаётган вақтда тезликни ўзгартириш фақатгина поғонасиз тезлик ростлагичлари бўлганда йўл қўйилади, қолган ҳамма ҳолларда тезликни ўзгартириш узатма узиб қўйилганида амалга оширилади.


66. Ишлаётган машиналарни қаровсиз қолдириш ман этилади.


67. Ускуналар ишламаётган вақтда бегона шахслар томонидан ишлатиб юборилишининг олдини олиш мақсадида уларни ёқиш қурилмаларини ўчириб қўйиш керак.


68. Авария юз берганида ёки ускуна ўз-ўзидан тўхтаб қолганида зудлик билан ускуна узатмасини тўхтатиш зарур.


69. Ускуналарни фойдаланиш йўриқномаларида назарда тутилмаган операцияларни бажариш учун қўллаш ман этилади.


70. Ускуналар фақатгина малакали мутахассислар томонидан таъмирланиши лозим.


71. Ускуналарни тозалаш, созлаш ва таъмирлаш фақатгина двигатель ўчирилганидан ва ҳаракатланувчи қисмлари тўлиқ тўхтаганидан сўнг амалга оширилади.


72. Ускуналарни бўлакларга ажратиш ва йиғишда белгиланган мақсадга номувофиқ бўлган ва ўлчами тўғри келмайдиган асбоблардан фойдаланиш ман этилади.



2-§. Электротехник қурилмалар


73. Барча қўлланиладиган электр жиҳозлари (машиналар, аппаратлар, ўлчов асбоблари, симлар, кабеллар ва бошқалар) хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бериши шарт.


74. Электр жиҳозларининг барча турлари, типи, қуввати, ток кучи, кучланиши белгиланган завод маркаси ва паспортига эга бўлиши керак.


75. Электр қуввати билан ҳаракатга келтириладиган электр жиҳозларининг барча турлари, шунингдек электр қурилмалари ўрнатилган металл конструкциялар ерга уланган бўлиши шарт. Электр жиҳозларидан ерга уланмасдан фойдаланиш қатъиян ман этилади.


76. Ерга уланганликни текшириш бир йилда бир марта ўтказилиши шарт.


77. Кучли (асосий) қурилмаларни ҳаракатга келтирувчи рубильникларни ток ўчиргичлар ва ёруғлик рубильниклари ёнига ўрнатишга йўл қўйилмайди.


78. Бошқа хонадан бошқарилувчи ҳаво киритиш ва сўриш вентиляцияси электр двигателлари камерасига тўсиқлар билан ҳимояланган қўшимча уч полюсли рубильниклар ўрнатиш лозим.


79. Электр жиҳозлари ва ёритгичларни тозалаш, чангини артиш ва таъмирлаш фақат электр қуввати ўчирилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


80. Электр жиҳозларини тузатиш ва таъмирлаш ишлари "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари" (2004 йил 9 июль, рўйхат рақами 1383) ва "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари" (2004 йил 20 август, рўйхат рақами 1400) бўйича билими текширилган ва гувоҳномага эга бўлган электр-техник ходимлар томонидан бажарилиши керак.



3-§. Музлатгич қурилмалари


81. Музлатгич қурилмаларини ишлатишда меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари бўлиши шарт.


82. Компрессор яқинида кўринарли жойда фреон музлатгич қурилмалари ёки аммиакли музлатгич қурилмаларини ишлатиш бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари осиб қўйилган бўлиши, шунингдек биринчи тиббий ёрдам ҳақида, ўт ўчириш командаси ва тез ёрдамнинг телефон рақамлари, автоматик қурилмалар ўрнатилган бўлса, мазкур қурилмани назорат қилувчи ташкилотнинг манзили, телефон рақами бўлиши зарур.



4-§. Иситиш ускуналари


83. Иситиш ускуналарига хизмат кўрсатиш, уларни ишлатиш ва назоратини олиб бориш бўйича белгиланган тартибдаги гувоҳномага эга бўлган шахсларга рухсат этилади.


84. Босим остида ишловчи ускуналарда яроқсиз манометрлар, сақловчи ва ҳаво клапанларидан фойдаланишга рухсат этилмайди. Манометр циферблатида мазкур аппарат ишлаши мумкин бўлган босимни белгиловчи қизил чизиқ ўтказилган бўлиши керак.


85. Манометрлар корхона томонидан ҳар 6 ойда бир марта техник кўрикдан ўтказилиши, сақловчи клапан ва продувка крани ишловчилар томонидан ҳар куни текширилиши лозим.


86. Ҳар бир аппарат олдида ундан хавфсиз фойдаланиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаси осиб қўйилган бўлиши керак.


87. Ускуна ишлаётганида уни қаровсиз қолдиришга йўл қўйилмайди.


88. Корхона раҳбари ёки механигининг рухсатисиз иссиқлик ускуналари, коммуникацияларни таъмирлаш, шунингдек арматурани таъмирлаш, созлаш ва монтаж қилиш ман этилади.


89. Босим остида ишлайдиган ускуна капитал таъмирланганидан сўнг техник далолатнома расмийлаштирилиб, икки ҳиссали босим остида гидравлик синовдан ўтказилади.



5-§. Қаттиқ ёқилғида қизитилувчи

овқат пишириш плиталари


90. Янги лойиҳаланаётган ва қайта қурилаётган ошхоналарда қаттиқ ёқилғида қизитилувчи плиталар учун ошхонадан пардевор билан ажратилган алоҳида эшикли ўтхона қуриш тавсия этилади. Кўмирда ишловчи плиталар учун бундай хонанинг қурилиши шарт.


91. Плитани ёқишда керосин, бензин ва бошқа тез алангаланувчи суюқликлардан фойдаланиш қатъиян ман этилади.


92. Ёқилғи (кўмир ва бошқалар) учун махсус таралар бўлиши керак.


93. Қаттиқ ёқилғида қизитилувчи плиталар олдида улардан хавфсиз фойдаланиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаси осиб қўйилган бўлиши керак.



6-§. Газда овқат пишириш аппарати


94. Газ аппаратурасига хизмат кўрсатиш газда овқат пишириш аппаратидан фойдаланиш бўйича белгиланган тартибдаги гувоҳномага эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади. Уларнинг билимлари ҳар йили такрорий текширишдан ўтказилади.


95. Ҳар бир аппарат олдида келаётган газ линиясида кран бўлиши керак.


96. Горелкани ёқишдан аввал хонани ва ёниш камерасини шамоллатиш лозим.


97. Хонани шамоллатиш учун сўрувчи вентиляция ёқилади, агар у йўқ бўлса, форточкалар ва эшиклар очилади.


98. Ишлаётган аппаратларни қаровсиз қолдириш ман этилади.


99. Газ коммуникацияси, аппаратлари ёки автоматикаси бузилганида, шунингдек газ ҳиди сезилганида газ бўйича чилангарни чақириш лозим.


100. Хонада газ ҳиди сезилса, электр чироқлари, вентиляторлар ва бошқа электр асбобларини ёқиш ва ўчириш, шунингдек олов ёқиш ман этилади.


101. Аппаратлар иши тугатилганидан сўнг горелка кранлари, умумий газ крани ва аппарат шиберини ёпиш лозим. Бундан ташқари ошхонада иш тугаганида ҳисоблагич олдидаги умумий газ кранини ёпиш керак.



7-§. Буғда овқат пишириш аппарати


102. Аппарат ишлаётган вақтда доимо манометрга қараб, буғ босимини кузатиб туриш лозим.


103. Буғ ўтказувчи ва конденсат қувур ўтказгичлари изоляцияланган бўлиши керак.


104. Буғда пиширувчи аппаратура қайтиш линиялари конденсацион тувакларга эга бўлиши керак.

Гидравлик зарбларнинг олдини олиш учун конденсацион тувакнинг ишлашини доимо кузатиб туриш зарур.

Конденсацион тувак даврий тарзда конденсатни тушириб туриши ва буғ чиқармаслиги керак. Тувак нотўғри ишлаганида механикни чақириш керак.



8-§. Электр иситгич аппаратлари


105. Электр иситгич аппаратларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш паспорт ва йўриқнома кўрсатмаларига ҳамда "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари" ва "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда хавфсизлик техникаси қоидалари"га биноан амалга оширилиши шарт.


106. Ҳар бир электр иситувчи аппарат уни ишлаб чиқарган корхонанинг номи, аппаратнинг рақами, ток кучланиши, истеъмол қуввати кўрсатилган паспортга, шунингдек фойдаланиш ва кўрикдан ўтказиш бўйича йўриқномага эга бўлиши керак.


107. Ёқувчи мосламалар аппаратни тезликда ва хавфсиз ёқиб ўчирилишини таъминлаган ҳолда бевосита иш жойи яқинида ўрнатилади.


108. Электр иситгич аппаратларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни жорий таъмирлаш фақат электр механиклар томонидан амалга оширилиши керак.



9-§. Плиталар


109. Плита тўшамаси текис ва силлиқ бўлиши керак. Тўшамаси деформацияланган плитани ишлатишга йўл қўйилмайди.

Плита борт юзалари ва тутқичларга эга бўлиши керак.


110. Духовка эшикчаларининг тутқичлари яхши изоляция қилинган бўлиши керак.


111. Қиздирилган плиталарнинг тўшамаси ёки конфоркаларини сув билан сунъий совутишга йўл қўйилмайди.



10-§. Сув қайнатгичлар


112. Қайнатгични ишлатиш учун ёқишдан аввал унга сувнинг кираётганлиги ҳамда сув билан тўлдирилганлигига, сузувчи клапаннинг нормал ишлашига, шунингдек иссиқ сувнинг чиқишидаги жўмракнинг очилганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.


113. Қайнатгичга совуқ сув келиши тўхтаб қолганида ишни зудлик билан тўхтатиш лозим.


114. Қайнатгичнинг сигнал трубкасини ёпиш ман этилади.


115. Қайнатгич ишлаётганида кузатув остида бўлиши керак.


116. Зарблар, буғланиш ва кучли шовқин пайдо бўлганида, зудлик билан қайнатгич ишлашини тўхтатиш ва механикни чақириш керак.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН

ХОДИМЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


117. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузган ходимлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


Мазкур Соғлиқни сақлаш муассасалари ва корхоналарининг ошхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 16-сон, 205-модда.




















































Время: 0.2098
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск