Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банк операциялари /

Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 27.04.2009 й. 1948-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг 16.03.2009 й. 7/2-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 27 апрелда 1948-сон

билан рўйхатга олинган

Марказий банки Бошқарувининг

2009 йил 16 мартдаги

7/2-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси банкларида

очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги, "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги ва "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ, банклар томонидан миллий ва чет эл валютасида банк ҳисобварақларини очиш, уларни қайта расмийлаштириш ҳамда ёпиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Йўриқномада қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


банк ҳисобварағи - банк ҳисобварағи шартномасини тузиш орқали банк мижоз (ҳисобварақ эгаси) ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварағидаги тегишли маблағларни ўтказиш ва бериш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириқларни бажариш вазифасини ўз зиммасига олиши натижасида банк ва мижоз ўртасида вужудга келадиган муносабатларни амалга ошириш воситаси.


жамғарма депозит ҳисобварағи - бу мижозларнинг даврий бадаллари асосида шаклланиб, муайян мақсадни амалга ошириш учун жамғариладиган ва шу мақсад учун йўналтириладиган ёхуд шартнома бекор қилиниши натижасида қайтариладиган маблағлар ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ;


муддатли депозит ҳисобварағи - шартномада қатъий келишилган муддатга қўйилган мижозларнинг маблағлари ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ;


ссуда ҳисобварағи - белгиланган тартибда мижозларга берилган кредитларнинг ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ;


талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи - мижозларнинг биринчи талаби биланоқ бериладиган ёки ўтказиб бериладиган маблағларнинг ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ.

2. Мижозлар банкларда қуйидаги турдаги ҳисобварақларни очишлари мумкин:

а) талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари;

б) жамғарма депозит ҳисобварақлари;

в) муддатли депозит ҳисобварақлари;

д) бошқа депозит ҳисобварақлари.

Хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг биринчи марта миллий валютада очган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи унинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи (бундан кейинги ўринларда асосий ҳисобварақ деб юритилади) ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъект асосий ҳисобварағини очгандан кейин миллий ва чет эл валютасида очадиган барча талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари унинг иккиламчи ҳисобварақлари ҳисобланади.

3. Юридик ва жисмоний шахслар ўзларига ҳисоб-китоб ва касса хизматларини кўрсатиш учун банкларни мустақил равишда танлайдилар ҳамда бир ёки бир неча банкларда миллий ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, шунингдек, жамғарма, муддатли ва бошқа депозит ҳисобварақларини очиш ҳуқуқига эгалар.

4. Бюджетдан маблағ олувчи муассасаларга Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағларни кирим қилиш ва бу маблағлардан фойдаланиш учун бюджет ҳисобварақлари, шунингдек ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини олиб бориш учун талаб қилиб олингунча, жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақлари очилади.

Марказлашган маблағлар ҳисобидан капитал қурилишни молиялаштириш учун ягона буюртмачига ҳар бир қурилиш объекти бўйича алоҳида иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлар очилади.

6. Ўзбекистон Республикаси "Банк сири тўғрисида"ги Қонунининг 11-моддасига мувофиқ, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади.


7. Мижозлар томонидан банк ҳисобварақлари очилаётганда, банк ҳисобварағи шартномаси (жисмоний шахсларнинг омонати бўйича банк омонати шартномаси) тузилади.

Банк ҳисобварағи шартномаси (жисмоний шахсларнинг омонати бўйича банк омонати шартномаси) банк ва унинг мижозлари ўртасида тузилган шартномага асосан ёзма шаклда ёки масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали оферта шартномасини тасдиқлаш орқали амалга оширилади.

Банк ҳисобварағи шартномаси (жисмоний шахсларнинг омонати бўйича банк омонати шартномаси) бўйича юзага келадиган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Банк ҳисобварағи шартномасида банк мижознинг ҳисобварағига келиб тушаётган маблағларни ҳисобвараққа кирим қилиш ва уни киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварақдаги маблағларни тасарруф этиш борасидаги топшириқларини ижро этиш шартлари, бу борадаги мижоз ҳамда банк ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, банк хизматлари учун тўланиши лозим бўлган комиссиялар ҳамда бошқа шартлар белгилаб олинади.

Банк ҳисобварағи шартномасида мижозларнинг банк ҳисобварағига келиб тушган маблағларни киритиб қўйганлик учун (кредит айланмаси учун) воситачилик ҳақи ундириш борасида шарт белгиланиши тақиқланади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқлар ва йиғимларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундирилмайди.

Банклар томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлашни талаб этиш тақиқланади.

8. Мижозлар томонидан ҳисобварақлар очиш учун банкка мазкур Йўриқномада кўзда тутилган ҳужжатлар тақдим қилинган кундан сўнг, банклар кейинги иш кунидан кечиктирмай, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, уларга ҳисобварақлар очишлари шарт.

Ҳисобварақлар очиш учун ҳужжатлар мижознинг имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчасида кўрсатилган ёки мижознинг ишончномаси асосида вакил қилинган шахслар томонидан шахсан тақдим қилинади, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида масофадан туриб ҳисобварақ очиш ҳолатлари бундан мустасно.

Банклар томонидан ушбу Йўриқномада кўзда тутилган ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Мижозлар ҳисобварақ очиш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгар бўладилар.

8-1. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мижозни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар кўриш имконияти бўлмаган тақдирда, банк мижозга ҳисобварақ очишни рад этади.

8-2. Банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида миллий ва чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларини масофадан туриб очиши мумкин.

Банк ҳисобварағини очиш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида жойлаштирилган банк ҳисобварағи шартнома офертасини акцептлаш йўли билан амалга оширилади.

Мазкур юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўловлар ушбу Йўриқноманинг 3-иловасига мувофиқ шаклда имзолар намуналари қўйилган икки дона варақча ҳамда улар номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат) тақдим этилгандан сўнг, амалга оширилиши мумкин. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан нусха олиниб, асли қайтариб берилади.

9. Мижозларга ҳисобварақлар очиш ва ёпиш, шунингдек ҳисобварақлардан маблағларни ҳисобдан чиқариш амалларини вақтинча тўхтатиб туриш ҳамда уларни қайта ҳаракатга келтириш шу куннинг ўзидаёқ амалга оширилиб, Банк депозиторларининг Миллий ахборотлар базаси орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига узатилади.

10. Банк мижозлари бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда деҳқон хўжаликлари банк ҳисобварақларини очиш учун асос бўлган мазкур Йўриқномада белгиланган барча ҳужжатлар ҳамда ушбу ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар нусхалари ҳар бир мижоз учун очилган юридик йиғмажилдларда сақланади.

Юридик йиғмажилдлардаги маълумотлар электрон шаклда банкнинг махсус дастурий таъминотлари орқали ҳар бир мижоз бўйича шакллантирилиши мумкин.

11. Банкларда мазкур Йўриқноманинг 1-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ, мижозларнинг ҳисобварақларини рўйхатга олиш китоби юритилади. Ушбу китоб электрон шаклда юритилади.


II. МИЛЛИЙ ВАЛЮТАДА ТАЛАБ ҚИЛИБ

ОЛИНГУНЧА, ЖАМҒАРМА, МУДДАТЛИ ВА

БОШҚА ДЕПОЗИТ ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ

ОЧИШ ТАРТИБИ


12. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлган резидент юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда деҳқон хўжаликлари томонидан миллий валютада талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

а) ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза;

б) мазкур Йўриқноманинг 3-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари қўйилган икки дона варақча;

в) мижоз номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат). Шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан нусха олиниб, асли қайтариб берилади.

13. Тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар ҳамда Бюджетдан маблағ олувчилар томонидан миллий валютада талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

а) ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза;

в) мазкур Йўриқноманинг 3а-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган икки дона варақча;

г) тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар томонидан таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси, устав) ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек юридик шахс номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат). Ушбу ҳужжатлардан нусха олиниб, асли қайтариб берилади;

д) давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома).

14. Резидент юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиалларига талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун ваколатхона ва филиаллар томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

а) ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза;

б) юридик шахснинг илтимосномаси (илтимосномада юридик шахснинг "Солиқ тўловчининг идентификация рақами" ва "Хос рақами" кўрсатилган бўлиши шарт);

в) тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун мазкур Йўриқноманинг 3-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари қўйилган икки дона варақча;

в-1) тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар учун мазкур Йўриқноманинг 3а-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган икки дона варақча;

г) ваколатхона ёки филиалга берилган ваколатларни белгиловчи ҳужжат ҳамда ваколатхона ёки филиал номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи (паспорт ёки уни ўрнини босадиган) ҳужжати. Ушбу ҳужжатлардан нусха олиниб, асли қайтариб берилади.

15. Ўз фаолиятини юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга оширмоқчи бўлган хўжалик юритувчи субъектларга устав капиталини шакллантириш учун давлат рўйхатидан ўтгунларига қадар таъсисчиларнинг (иштирокчиларнинг) дастлабки бадалларини киритиш учун миллий ва/ёки чет эл валютасида вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) 29801-"Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи очилиши мумкин.

Вақтинчалик ҳисобварақ очиш учун белгиланган тартибда банкка таъсисчилар (иштирокчилар) номидан ихтиёрий шаклда ҳисобварақ очиш тўғрисида уларнинг ишончли вакили томонидан ариза тақдим қилинади.

Давлат рўйхатидан ўтгандан кейин ушбу хўжалик юритувчи субъектга мазкур Йўриқномага мувофиқ асосий ҳисобварақ очилади ҳамда вақтинчалик ҳисобварақдаги маблағлар ушбу ҳисобвараққа ўтказилади ва вақтинчалик ҳисобварақ ёпилади.


16. Фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонунчилик билан белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари миллий валютада талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

а) ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза;

б) агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) мазкур Йўриқноманинг 4-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган икки дона варақча;

г) норезидент юридик шахс номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат). Шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли кўрсатилгандан сўнг, банк томонидан ундан нусха олинади;

д) фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси, устав) ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг консуллик ёки нотариус томонидан тасдиқланган нусхаси;

е) товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахс ва биржа брокери ўртасида брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома нусхаси;

ж) ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар норезидент юридик шахслар ва инвестицион воситачи ўртасида брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома нусхаси.

17. Резидент ва норезидент жисмоний шахслар томонидан миллий валютада депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат) тақдим қилинади (нусхаси олиниб, асли қайтарилади). Ҳисобварақ очиш учун ариза жисмоний шахслар томонидан шахсан тақдим этилиши лозим, қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Жисмоний шахслар ўзлари танлаган банк (филиал)да ушбу Йўриқномада белгиланган тартибда депозит ҳисобварақ очганларидан сўнг, шу банк (филиал)да банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланган ҳолда бошқа депозит ҳисобварақларни очишлари мумкин.

Резидент жисмоний шахслар банкнинг масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали банк ҳисобварағи очишлари мумкин, бунда банк резидент жисмоний шахсларни идентификациялаш ва лозим даражада текшириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чораларни амалга ошириши лозим.

Банк бошқа банкда очилган банк ҳисобварақларига эга бўлган резидент жисмоний шахсларга масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали депозит ҳисобварақларини очиш учун ушбу резидент жисмоний шахсларни идентификациялаш ва лозим даражада текшириш имкониятига эга бўлиши зарур.

Резидент жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат) электрон нусхада сақланиши мумкин.

18. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан асосий ҳисобвараққа хизмат кўрсатувчи банкда иккиламчи, жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақларини очиш учун ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза тақдим қилинади. Мазкур ариза электрон шаклда ҳам тақдим этилиши мумкин.

19. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бошқа банкларда иккиламчи талаб қилиб олингунча, муддатли, жамғарма депозит ҳисобварақларини очишда ҳам асосий ҳисобварақ очиш учун тақдим этиладиган барча ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

20. Бошқа депозит ҳисобварақларини очиш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.



III. ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДАГИ ТАЛАБ ҚИЛИБ

ОЛИНГУНЧА, ЖАМҒАРМА, МУДДАТЛИ ВА

БОШҚА ДЕПОЗИТ ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ

ОЧИШ ТАРТИБИ


21. Мижозлар томонидан чет эл валюталарида ҳисобварақлар очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

а) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан ушбу Йўриқноманинг 12-бандида келтирилган ҳужжатлар;

б) тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар, жумладан бюджетдан маблағ олувчилар томонидан ушбу Йўриқноманинг 13-бандида келтирилган ҳужжатлар;

в) фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари (жисмоний шахслар бундан мустасно) томонидан ушбу Йўриқноманинг 16-бандида келтирилган ҳужжатлар;

г) резидент ва норезидент жисмоний шахслар томонидан ушбу Йўриқноманинг 17-бандида келтирилган ҳужжатлар.


IV. КРЕДИТ ШАРТНОМАСИ АСОСИДА

ҲИСОБВАРАҚЛАРНИ ОЧИШ ТАРТИБИ


24. Кредит шартномаси кучга киргандан сўнг кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан банк раҳбари ёки раҳбар томонидан ваколат берилган шахс томонидан бериладиган кредитнинг муддати, миқдори ва фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолда, мижоз учун ссуда ҳисобварағи очиш тўғрисида бухгалтерияга берилган фармойишга асосан шу иш кунидан кечиктирмасдан мижозга ссуда ҳисобварағи очилади, кредит масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали расмийлаштириш ҳоллари бундан мустасно.


V. ВАКИЛЛИК ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ

ОЧИШ ТАРТИБИ


25. Банклар учун қуйидаги вакиллик ҳисобварақлари очилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги миллий ва чет эл валютасидаги вакиллик ҳисобварақлари;

б) резидент банклардаги вакиллик ҳисобварақлари.

26. Резидент тижорат банклар миллий ва чет эл валютасида вакиллик ҳисобварақларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоб марказида очадилар.


27. Янги ташкил этилаётган банк таъсисчилари банк рўйхатга олингунга қадар таъсис бадалларини йиғиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ёки бошқа тижорат банкида вақтинчалик 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағини очади.

Вақтинчалик ҳисобварақни очиш учун ваколатли шахс таъсисчилар номидан ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза тақдим қилади.

Банкларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида рўйхатга олиниб, банк операцияларини амалга ошириш учун лицензия берилгандан кейин мазкур Йўриқноманинг 26 ва 28-бандларига мувофиқ вакиллик ҳисобварағи очилади.

Вакиллик ҳисобварағи очилаётганда, вакиллик муносабатлари тўғрисида шартнома тузилади.


28. Тижорат банки миллий валютада вакиллик ҳисобварағи очиш учун қуйидагиларни тақдим қилади:

а) ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза;

б) солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

в) банк операцияларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилган лицензиянинг нусхаси;

д) имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча.


29. Резидент банкларга чет эл валютасида вакиллик ҳисобварақлари банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа резидент тижорат банкларида очилади.

31. Норезидент банклар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ва Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида вакиллик ҳисобварақларини очиш учун қуйидагилар тақдим қилинади:

а) норезидент банкнинг тўлиқ номи ва уни рўйхатдан ўтказган давлатдаги юридик манзили кўрсатилган ҳолда ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза;

б) имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча ҳамда мазкур давлатнинг Марказий (Миллий) банки томонидан берилган лицензиянинг легаллаштирилган нусхаси;

в) норезидент банк томонидан ва у рўйхатга олинган давлатда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар қўлланилиши тўғрисидаги ахборот.


VI. ИМЗОЛАР НАМУНАЛАРИ ВА

МУҲР ИЗИ ҚЎЙИЛГАН ВАРАҚЧА


32. Имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча икки нусхада тақдим қилинади. Варақчанинг бир нусхаси бухгалтерда, иккинчиси эса, пул чекларини расмийлаштирувчи назоратчида туради. Банкларда мижозларнинг бир нечта ҳисобварақларига хизмат кўрсатиладиган бўлса, улардан имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчалар қўшимча равишда талаб қилиниши мумкин. Имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчаларда ҳисобварақларнинг рақамлари кўрсатилади.

33. Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга бухгалтерия ҳисоби субъектида раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. Агар бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган бўлса, у ҳолда ҳар иккала рўйхатда ҳам ўзини кўрсатади.

Тўловга тақдим этиладиган чекларнинг рақамларини текшириш мақсадида банк мижозларга берган пул чеклари рақамларини банкка топширилган имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчада қайд этади.

34. Мижозлар имзоларни бевосита ўз қўллари билан қўйишлари шарт (факсимиле имзо муҳри қўйилишига йўл қўйилмайди).

Биринчи имзо ҳуқуқи иккинчи имзо ҳуқуқига эга бўлган бош бухгалтер ёки бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас, бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган ҳоллар бундан мустасно.

35. Раҳбар шахсларга вақтинча биринчи ёки иккинчи имзо ҳуқуқи берилганда, шунингдек, раҳбар томонидан ваколат берилган шахслардан бирортаси вақтинча ўзгарганда, вақтинча ваколат берилган шахснинг имзо намунаси қўйилиб, амал қилиш муддати кўрсатилган қўшимча варақча тақдим қилинади. Ушбу вақтинчалик варақча раҳбар томонидан имзоланади ва муҳрланади (тадбиркорлик фаолияти субъектларидан муҳр қўйиш талаб этилмайди).

36. Имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчага юридик шахсларга берилган асосий муҳр ёки юридик шахс филиалининг ёхуд ваколатхонасининг муҳр изининг намунаси қўйилиши шарт. Махсус мақсадлар учун, масалан, "Пакетлар учун", "Рухсатномалар учун", "Девонхона", "Маълумотлар учун", "Гувоҳномалар учун" ва шу кабиларга мўлжалланган муҳрлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Янги тузилган ташкилотда, шунингдек, ташкилот қайта ташкил этилганлиги, номи ёки бўйсуниши ўзгарганлиги сабабли муҳр вақтинча йўқ бўлганда, эскирганда ёки йўқолиб қолганда банк раҳбари ҳисобварақ эгасига муҳр тайёрлатиш учун зарур бўлган муҳлатни беради. Бир вақтнинг ўзида у муҳр бўлмаган вақтда ҳисоб-китоб-пул ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди, вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳужжатлар муҳр изисиз топширилишига рухсат беради. Бундай ҳолларда банк раҳбари ёки бош бухгалтери имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчага тегишли қайдларни киритади.

Мазкур банд талаблари тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

37. Юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатадиган деҳқон хўжаликлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг юридик манзили - уларнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган манзил ҳисобланади.

Жисмоний шахснинг манзили - унинг шахсини тасдиқловчи ёки унга тенглаштирилган ҳужжатда қайд этилган рўйхатга олинган манзили ҳисобланади.

Ҳисобварақ эгаси ўз манзилининг ўзгарганлиги тўғрисида ўзининг ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка беш иш куни давомида ёзма хабар бериши шарт.


38. Юридик шахснинг муҳри ўзгарганда, варақчада кўрсатилган имзолардан бирортаси алмаштирилганда ёки қўшилганда ҳисобварақ эгаси янги имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчани тақдим қилади. Бекор қилинган имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчалар юридик шахснинг юридик йиғмажилдига тикилади.


VII. МИЖОЗНИНГ ЮРИДИК

ЙИҒМАЖИЛДИДА ЎЗГАРИШЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


39. Қайта ташкил этилиши натижасида янги ташкил этилган юридик шахсларга ҳисобварақлар ушбу Йўриқномада кўрсатилган тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниши асосида очилади.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар ҳамда Бюджетдан маблағ олувчилар, резидент юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари таъсис ҳужжатларида (таъсис шартномасида, уставда) кўрсатилган маълумотлар (муассислар, аъзолар ёки бошқа маълумотлар) ўзгарган тақдирда, улар таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нусхасини банкка тақдим қилади.

40. Юридик шахсга нисбатан санация эълон қилинганда, унинг ҳисобварақлари бўйича юзага келадиган муносабатлар "Санация қилинаётган корхона махсус санация ҳисобварағининг ишлаш тартиби тўғрисида"ги низом (2006 йил 3 ноябрь, рўйхат рақами 1636) асосида тартибга солинади.


41. Юридик шахс тугатилаётганда, унинг барча банк ҳисобварақлари тугатиш комиссиясининг тасарруфига ўтади. Бундай ҳолда, асосий ҳисобвараққа хизмат кўрсатувчи банкка тугатиш комиссиясининг амал қилиш муддати кўрсатилган юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарори ҳамда тугатиш комиссияси раҳбари ва бош бухгалтерининг имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча тақдим қилинади (юридик шахс бўлган нодавлат нотижорат ташкилот тугатилаётганда бош бухгалтернинг имзоси талаб қилинмайди). Шундан сўнг, юридик шахснинг асосий ҳисобварағига уни тугатишга доир ягона ҳисобварақ мақоми берилади.


VIII. МИЖОЗНИНГ АСОСИЙ

ҲИСОБВАРАҒИНИ БОШҚА

БАНККА ЎТКАЗИШ

43. Асосий ҳисобварақни бошқа банкка ўтказиш учун мижоз томонидан хизмат кўрсатувчи банкка ариза тақдим этилади ва чек дафтарчалари қайтарилади. Шундан сўнг банк мижознинг ҳисобварағидаги қолдиқни ёзма равишда тасдиқлайди.

Мижоз асосий ҳисобварағи ёпилаётган банкдан олинган тасдиқномани ариза билан бирга асосий ҳисобварақ очилаётган банкка тақдим этади. Ушбу аризага асосан, асосий ҳисобварақ очилаётган банк мижозга вақтинчалик 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағини очади ва бу тўғрисида мижоз ҳамда ҳисобварақ ёпилаётган банкка ёзма равишда хабар беради.


44. Мижоз вақтинчалик ҳисобварақ очилганлиги тўғрисидаги хабарни олгандан сўнг асосий ҳисобварақ ёпилаётган банкка асосий ҳисобварақдаги мавжуд маблағлар қолдиғини асосий ҳисобварақ очилаётган банкдаги вақтинчалик очилган ҳисобвараққа ўтказиш тўғрисида тўлов топшириқномаси тақдим этади. Асосий ҳисобварақни ёпаётган банк мижоз юридик йиғмажилдидаги ҳужжатлар ва 2-сонли картотекадаги (агар, мавжуд бўлса) тўлов ҳужжатлари рўйхатини киритиб, ушбу ҳужжатлар асосий ҳисобварақ очаётган банкка топширилганлиги ҳақида икки нусхада далолатнома тузади. Далолатномага банк ваколатли ходимларининг имзолари ва банк муҳри қўйилади.

Далолатноманинг ҳар икки нусхасига мижознинг юридик йиғмажилдидаги ҳужжатлар ва 2-сонли картотекадаги тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари илова қилиниб, почта, фельдъегер алоқаси ёки курьер орқали асосий ҳисобварақ очилаётган банкка етказиб берилади.

Асосий ҳисобварақни очаётган банк ушбу далолатномага илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб олгандан кейин мазкур далолатномага илова қилинган юридик йиғмажилддаги ҳужжатлар ва 2-сонли картотекадаги тўлов ҳужжатларининг асл нусхаларини олганлигини тасдиқлаш учун банк ваколатли ходимларининг имзолари ва банк муҳри қўйилади. Далолатноманинг бир нусхаси почта, фельдъегер алоқаси ёки курьер орқали асосий ҳисобварақ ёпилаётган банкка етказиб берилади.

Ушбу ҳужжатларни ҳисобварақ эгаси ёки учинчи шахслар орқали бериб юбориш қатъиян тақиқланади.


45. Далолатноманинг асосий ҳисобварақ очаётган банкнинг ваколатли ходимлари томонидан имзоланган ва муҳр қўйилган нусхаси олингандан кейин мижоз томонидан ёпилаётган асосий ҳисобварақдаги маблағларни ушбу ҳисобварақ очилаётган банкда очилган вақтинчалик ҳисобвараққа ўтказиш тўғрисидаги тўлов топшириқномаси ижро қилинади.

Асосий ҳисобварақни ёпаётган банк бериб юборилган барча ҳужжатлардан нусха кўчириб, белгиланган тартибда ўз архивида сақлайди.

Асосий ҳисобварақни очаётган банк ушбу ҳисобварақни ёпаётган банкдан ҳужжатлар ва маблағларни олгандан кейин мижозга янги асосий ҳисобварақни очади, унга вақтинчалик ҳисобварағидаги қолдиқни ўтказади ва мазкур вақтинчалик ҳисобварақни ёпади.

Асосий ҳисобварақ ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ахборотлар базасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатда сақланади. Ушбу муддат тугагандан сўнг ўтказилган асосий ҳисобварақ тўғрисидаги маълумот архивланади ва белгиланган тартибда сақланади.

Ўтказилган асосий ҳисобварақ бўйича келиб тушган тўлов ҳисоб-китоб ҳужжатлари рўйхатдан ўтказилгач, қуйидаги мазмундаги хабар билан жўнатувчига қайтарилади: "Ҳисобварақ ёпилди. __________ банкнинг __________ филиалига мурожаат қилинг".



IX. АСОСИЙ ҲИСОБВАРАҚ БЎЙИЧА

ОПЕРАЦИЯЛАРНИ ТЎХТАТИШ

ВА ҲИСОБВАРАҚНИ ЁПИШ


46. Асосий ҳисобварақ бўйича операциялар фақат ҳисобварақ эгасининг фармойишига кўра ёки ҳисобварақдаги пул маблағлари терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи қарори бўйича ёхуд суд ажримига кўра хатланганда, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолда, пул маблағлари фақат қарор ёки ажримда кўрсатилган суммага хатланади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, қонунда кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар фақат чиқим қисмида тўхтатилади.

Юқоридаги тартибда хатланган ёки тўхтатилган ҳисобварақларни (ҳам асосий, ҳам иккиламчи) бошқа банкларга ўтказиш ҳамда ушбу ҳисобварақлар эгаларининг бошқа ҳисобварақларни очишига йўл қўйилмайди.


47. Банк ҳисобварағи шартномаси ҳисобварақ эгасининг аризасига ёки банкнинг талабига кўра бекор қилинади.

Банкнинг талабига кўра банк ҳисобварағи шартномаси суд орқали қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

1) мижознинг ҳисобварағида сақланаётган пул маблағлари суммаси банк қоидаларида ёки шартномада кўзда тутилган энг кам миқдордан оз бўлса, агар бундай сумма банк томонидан бу ҳақда мижозни огоҳлантирган кундан бошлаб бир ойда тикланмаса;

2) банк ҳисобварағи шартномасида бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу ҳисобварақ бўйича бир йил давомида операциялар амалга оширилмаган бўлса.

Ҳисобварақдаги пул маблағларининг қолдиғи мижознинг тегишли ёзма аризаси олингандан кейин кечи билан етти кун ичида мижозга берилади ёки унинг кўрсатмасига мувофиқ бошқа ҳисобвараққа ўтказилади.

Банк ҳисобварағи шартномасининг бекор қилиниши мижознинг ҳисобварағини ёпиш учун асос бўлади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар давлат реестридан чиқарилган кундан эътиборан банк ҳисобварағи шартномаси бекор қилинади.

48. Ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларини ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

50. Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағи ёпилаётганда, олдиндан у билан боғлиқ бўлган барча ҳисобварақлар ёпилади. Бир вақтнинг ўзида ҳисобварақни ёпиш мўлжалланаётгани тўғрисида солиқ ва божхона (чет эл валютасида ҳисобварақ очилган бўлса) органларига хабар берилади, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг бюджет олдидаги қарзлари тўғрисида маълумот сўралади. Солиқ ва божхона органлари томонидан банкка хўжалик юритувчи субъектнинг бюджет олдида мажбуриятлари йўқлиги тўғрисидаги хулоса тақдим қилингандан кейин банк (банк филиали) томонидан берилган ҳамда тўлиқ ёки қисман фойдаланилмаган чек дафтарчалари банкка (банк филиалига) қайтарилади. Шундан кейин, мижознинг фойдаланилмаган чеклар рақамлари кўрсатилган аризасига асосан ҳисобварақни ёпиш кунида қолдиқ тасдиқланган ҳолда ҳисобварақ ёпилади.

51. Ёпилаётган, шунингдек, бошқа банкларга ўтказилаётган ҳисобварақлар бўйича фойдаланилмаган чекларни мижозлардан фақат бош бухгалтер ёки унинг ўринбосари қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бош бухгалтер ва унинг ўринбосари топширилган ҳар бир чекнинг имзо қўйиладиган қисмини қирқиб олиш йўли билан уларни дарҳол сўндириши зарур. Шундан кейингина чеклар унга хизмат кўрсатувчи масъул ижрочига берилади. ижрочи ҳисобварақни ёпиш учун тақдим қилинган тўлов топшириқномасини дастурий йўл билан киритиши ҳамда уни текшириш ва имзолаш учун бош бухгалтерга ёки унинг ўринбосарига тақдим этиши шарт.


52. Ҳисобварақлар ёпилаётганда банк бош бухгалтери ёки унинг ўринбосари ёпилаётган ҳисобварақдан мижозга охирги марта кўчирма берилган кундан бошлаб ушбу ҳисобвараққа киритилган барча ёзувларни ҳужжатлар бўйича синчиклаб текшириши, ссуда ва банк хизматлари учун ҳисобланган ҳамда тўланган фоизларни инобатга олган ҳолда чиқарилган охирги қолдиқнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши ва ёпилаётган ҳисобвараққа тегишли ёзувларни киритиб, имзо чекиши шарт.

Ҳисобварақ ёпилгандан сўнг банк мижозга (мижоз тугатилганда - таъсисчиларга) барча тақдим қилинган талаблардан озод бўлган пул маблағларнинг қолдиғи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этади.


53. Бошқа депозит ҳисобварақларнинг барчаси мижознинг аризасига асосан исталган вақтда ёпилади. Бунда, ушбу мижозга очилган махсус ҳисобварақлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ёпилади.

Ссуда ҳисобварақлари банк раҳбари ёки раҳбар томонидан ваколат берилган шахснинг фармойишига асосан берилган кредитлар ва унга ҳисобланган фоизлар тўлови тўлиқ амалга оширилгандан кейин ёки ссуда ҳисобварағининг кредит қолдиғи кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағига ўтказилгандан кейин ёпилади.


54. Мижоз мажбурий тугатилганда, мижознинг асосий ҳисобварағи тугатиш комиссияси номига расмийлаштирилади ва унинг тасарруфига ўтказилади. Асосий ҳисобвараққа хизмат кўрсатувчи банкка мижозни тугатиш тўғрисида қарорни, шунингдек, тугатиш муддати кўрсатилган ва тугатиш комиссиясини тузган ташкилот ёки шахс томонидан тасдиқланган раҳбар ҳамда бош бухгалтернинг имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча тақдим этилади. Мижознинг ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи бошқа банкларга тугатиш муддати кўрсатилган тугатиш тўғрисидаги қарор нусхаси тақдим этилади. Шундан сўнг барча иккиламчи ҳисобварақлар ёпилади ва ушбу ҳисобварақлардаги маблағлар мажбурий равишда тугатиш комиссиясига расмийлаштирилган асосий ҳисобвараққа ўтказилади.

55. Тугатиш комиссияси ўз ишини якунланганидан кейин ўз ҳисобварағини ёпиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) хўжалик юритувчи субъектлар бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини бажарганликлари тўғрисида давлат солиқ хизмати органларининг хулосаси;

б) тугатиш ишлари тугалланганлиги тўғрисида махсус комиссия томонидан расмийлаштирилган баённома;

в) фойдаланилмаган чеклар ва фойдаланилган чекларнинг милклари билан чек дафтарчаси.


56. Тугатиш комиссиясининг ҳисобварағида тақдим қилинган талаблардан озод бўлган пул маблағларининг кредит қолдиғи мавжуд бўлса, ушбу қолдиқ мижозларнинг таъсисчиларига ёки тугатиш комиссиясининг ва тугатилган мижознинг таъсисчилари мажлисининг қарорига асосан бошқа ҳисобвараққа ўтказилади.


57. Ҳисобварақ ёпилганлиги учун ҳақ олинмайди.


58. Тижорат банкларининг вакиллик ҳисобварақлари банкларни тугатиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ёпилади.






Йўриқномага

1-ИЛОВА



Мижозларга очилган ҳисобварақларни рўйхатга олиш

КИТОБИ


Т/р

Мижознинг

номи

Солиқ тўловчининг

идентификация

рақами


Ҳисобварақ

очилган сана


Ҳисобварақ

рақами


Ҳисобварақ

ёпилган сана


Ҳисобварақни

ёпиш учун асос






Йўриқномага

3-ИЛОВА



Олд томони

        

Имзолар намуналари қўйилган

ВАРАҚЧА

(тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун)

БАНК БЕЛГИСИ

Ҳисобварақ эгаси







Имзолар намуналарини қабул қилишга







(тўлиқ номи)

рухсат берилди





































Банкнинг ваколатли ходими

























(имзо)

Манзили:

































Сана: 20__ йил "___" __________.





































БОШҚА БЕЛГИЛАР









































































Орқа томони

      



Ҳисобварақ рақами



(хўжалик юритувчи субъектнинг номи)



                     

Лавозими


Фамилияси, исми,

отасининг исми


Имзо

намуналари


Биринчи ёки иккинчи имзо

ҳуқуқидан вақтинча фойдаланувчи мансабдор шахсларнинг ваколат муддати

Биринчи имзо






Иккинчи имзо






           

        


Ваколат ва имзоларни тасдиқлайман




(Юридик шахс раҳбари)

(Ф.И.О. ва имзо)



Берилган чек дафтарчалари





Сана


N дан


N гача









   





Йўриқномага

3а-ИЛОВА



Олд томони

        

Имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган

ВАРАҚЧА

БАНК БЕЛГИСИ

Ҳисобварақ эгаси







Имзолар намуналарини қабул қилишга







(тўлиқ номи)

рухсат берилди





































Банкнинг ваколатли ходими

























(имзо)

Манзили:

































Сана: 20__ йил "___" __________.





































БОШҚА БЕЛГИЛАР









































































Орқа томони

      



Ҳисобварақ рақами



(хўжалик юритувчи субъектнинг номи)



                     

Лавозими


Фамилияси, исми,

отасининг исми


Имзо

намуналари


Биринчи ёки иккинчи имзо

ҳуқуқидан вақтинча фойдаланувчи мансабдор шахсларнинг ваколат муддати

Биринчи имзо






Иккинчи имзо






           

        


Ваколат ва имзоларни тасдиқлаган

хўжалик юритувчи субъект муҳрининг ўрни

Тасдиқлайман




(Юридик шахс раҳбари)

(Ф.И.О. ва имзо)



Берилган чек дафтарчалари





Сана


N дан


N гача









     





Йўриқномага

4-ИЛОВА


Имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган

ВАРАҚЧА

(норезидентлар учун)


_________________________________________________________________

(ҳисобварақ эгасининг номи)


Манзил _________________________________________________________


_______________________банкнинг_______________________ филиалига


________________________________________________________-рақамли

ҳисобварақ бўйича операцияларни амалга оширишда шарт бўлиши ҳисобланадиган бизнинг номимиздан ҳужжатларни имзолашга (шахсан/биргаликда) ваколат берилган шахсларнинг имзолар намуналарини, шунингдек, муҳр намунасини маълум қиламиз.

Фамилияси, исми,

отасининг исми


Лавозими


Имзо

намунаси

Муҳр

намунаси


Алоҳида

белгилар

20__ й. "____" _______________


Ваколатли ҳисобварақ эгасининг имзоси ___________________

_______________________________________________________________


БАНКНИНГ БЕЛГИЛАРИ


Ҳисобварақ рақами _____________________________________________

Валюта _____________________________________________________

Ҳисобварақ очилган сана 20__ й. "___" ____________


Имзолар намуналарини қабул қилишга рухсат бераман:


Банкнинг ваколатли ходими      _____________

                                                                                      (имзо)

Бошқа белгилар_________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________

________________________________________________________________


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 18-сон, 229-модда.




















































Время: 0.1463
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск