ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисида умумий қоидалар / Мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик (неустойка, зиёнларни ундириш) /

Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1998 й. 670-I-сон "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1998 й.

N 670-I



ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР

ФАОЛИЯТИНИНГ ШАРТНОМАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ

БАЗАСИ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Қонуннинг мақсади ва вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг ҳуқуқий асосларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқи ва мажбуриятларини, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва давлат бошқарув органларининг шартнома муносабатлари соҳасидаги ваколатларини белгилайди.



2-модда. Хўжалик шартномалари тўғрисидаги қонунчилик

Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишда юзага келадиган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.


3-модда. Хўжалик шартномаси тушунчаси

Тарафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади.


4-модда. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий

муносабатларнинг асосий принциплари

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий муносабатларнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

хўжалик шартномаларини тузишнинг эркинлиги;

тарафларнинг ўзаро манфаатдорлиги;

шартнома интизомига риоя этиш;

тарафларнинг ўзаро мулкий жавобгарлиги.


5-модда. Хўжалик шартномаларининг субъектлари

Юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар хўжалик шартномаларининг субъектлари (тарафлари) бўлади.


6-модда. Хўжалик шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари

Хўжалик шартномаси тарафлари белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш муносабати билан зарур бўлган маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан экспертларнинг ёзма хулосаларини сўраш ва олиш, мутахассислар билан маслаҳатлашиш;

давлат органлари ва бошқа органларга, мансабдор шахсларга илтимосномалар билан мурожаат этиш ҳамда шикоятлар бериш ва улардан асослантирилган ёзма жавоблар олиш;

бошқа тарафнинг иқтисодий аҳволи, нуфузи ва ишчанлик жиҳатлари хусусидаги маълумотларни тўплаш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ва усулларини қўллаш.

Хўжалик шартномасининг тарафлари қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


7-модда. Хўжалик шартномаси тарафларининг мажбуриятлари

Хўжалик шартномаси тарафлари:

хўжалик шартномалари тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларига риоя этишлари;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хўжалик шартномаларининг ўз вақтида тузилишини таъминлаш;

тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шарт.

Хўжалик шартномаси тарафлари қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.


8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

шартнома муносабатлари соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шартномаларини, шунингдек контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш ишларини мувофиқлаштириб боради;

хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартнома муносабатларини ривожлантириш учун шароит яратиш чора-тадбирларини кўради.


9-модда. Давлат бошқарув органларининг шартнома

муносабатлари соҳасидаги ваколатлари

Давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида:

хўжалик шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатади;

хўжалик шартномалари ҳамда уларни бажаришнинг аҳволи тўғрисидаги статистика маълумотларини умумлаштиради;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хўжалик шартномаларининг бажарилиш жараёнини назорат қилиб туради;

хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматларининг ишини ташкил этишга, юридик маслаҳатчиларнинг малакасини оширишга кўмаклашади;

хўжалик шартномасини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнида қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилганлиги факти аниқланган тақдирда, айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўяди.


II. ХЎЖАЛИК ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ, БАЖАРИШ,

ЎЗГАРТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ

10-модда. Хўжалик шартномасига нисбатан

қўйиладиган талаблар

Хўжалик шартномаси шартнома предметини етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, сифати, ассортименти ва баҳосини, шартноманинг бажарилиш муддатларини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, тарафларнинг мажбуриятларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини ҳамда тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонунчиликда белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра ўзаро келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак. иқтисодий судлари

Хўжалик шартномасида ҳисоб-китоб қилиш тартиби белгиланаётганда товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини қонунчиликда белгиланганидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўлаб қўйиш албатта назарда тутилган бўлиши керак.

Хўжалик шартномасини тузишда тарафлар тегишли турдаги шартномалар учун ишлаб чиқилган ҳамда ҳуқуқий экспертизадан белгиланган тартибда ўтказилганидан сўнг эълон қилинган ўзларининг намунавий ёки типовой шартларига (шаклларига) амал қилишлари мумкин.

Контрактация шартномаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи жойлашган ерда тузилади. Контрактация шартномасида бошқа талаблар билан бир қаторда етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун қонунчиликда назарда тутилганидан кам бўлмаган миқдорда аванс тўловлари назарда тутилган бўлиши лозим.


11-модда. Хўжалик шартномасининг шакли

Хўжалик шартномаси битимлар тузиш учун назарда тутилган ёзма шаклда тузилади. Агар шартнома тузиш таклифи ушбу Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя этилган деб ҳисобланади.

Ёзма шартнома тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.

12-модда. Хўжалик шартномасини тузиш

Хўжалик шартномаси, қоида тариқасида тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади.

Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган бўлса, хўжалик шартномаси тузилган деб ҳисобланади.


13-модда. Хўжалик шартномасининг амал қилиши

Хўжалик шартномаси тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.

Тарафлар ўзлари тузган хўжалик шартномасининг шартларини уларнинг шартнома тузилишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

Хўжалик шартномасининг амал қилиш муддати тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод этмайди.


14-модда. Хўжалик шартномасини бажариш

Хўжалик шартномаси шартнома шартларига ҳамда қонунчиликнинг талабларига мувофиқ равишда, бундай шартлар ва талаблар бўлмаган ҳолларда эса иш муомаласи одатларига мувофиқ бажарилиши лозим.

Хўжалик шартномасининг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.


15-модда. Хўжалик шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш

Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаси тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Хўжалик шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, тарафларнинг уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишуви ҳам шундай шаклда амалга оширилади.

Хўжалик шартномасини бажаришдан бир тарафлама бош тортишга ёки хўжалик шартномасининг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тарафлардан бирининг талаби билан хўжалик шартномаси иқтисодий суднинг қарорига биноан фақат иккинчи тараф хўжалик шартномасини жиддий равишда бузган ёхуд қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг хўжалик шартномасини бузиши иккинчи тарафга у хўжалик шартномаси тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши хўжалик шартномасини жиддий бузиш ҳисобланади.

Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, хўжалик шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.


16-модда. Ички хўжалик шартномасини тузиш

Ички хўжалик шартномаси, қоида тариқасида, хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмалари ўртасида ёки хўжалик юритувчи субъект ва унинг ходими (бир гуруҳ ходимлари) ўртасида тузилади.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, хўжалик юритувчи субъектлар маҳсулот етказиб бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш юзасидан ички хўжалик шартномаларининг ўзлари бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан тузган хўжалик шартномаларидагидан кам бўлмаган ҳажмда тузилишини таъминлашлари шарт.

Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ички хўжалик шартномаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 353-385-моддаларининг нормалари қўлланилади.


III. ХЎЖАЛИК ШАРТНОМАСИ БЎЙИЧА

ТАЛАБНОМАЛАР ВА ДАЪВОЛАР БИЛДИРИШ

17-модда. Талабнома билдириш тартиби

Ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект мазкур ҳуқуқ ва манфаатларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдиришга ҳақлидир.

Талабнома ёзма шаклда билдирилади.

Талабномада қуйидагилар кўрсатилади:

талабнома билдирган хўжалик юритувчи субъектнинг ва талабнома билдирилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг номи;

талабнома билдирилган сана ва унинг рақами;

талабнома билдириш учун асос бўлган ҳолатлар;

талабномада баён этилган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

арз қилувчининг талаблари;

талабнома суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, арз қилувчининг тўлов ва почта реквизитлари;

талабномага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Талабнома хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Талабнома буюртма ёки қимматли хат тарзида, телеграф, телетайп орқали, шунингдек талабнома жўнатилганлигини қайд этадиган, қабул қилиб олувчини огоҳлантирадиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Юкларни ташиш ва алоқа хизматлари кўрсатишга доир операциялардан келиб чиқадиган талабномаларни транспорт ва алоқа хўжалик юритувчи субъектларига билдириш тартиби ва муддатлари қонунчиликда белгилаб қўйилади.


18-модда. Талабномани кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари

Ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект талабномани олган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт.

Талабномага жавоб хўжалик юритувчи субъект раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари томонидан имзоланади ва муҳр (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади.

Талабномага жавоб буюртма ёки қимматли хат тарзида, телеграф, телетайп орқали, шунингдек талабнома жўнатилганлигини қайд этадиган, қабул қилиб олувчини огоҳлантирадиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Талабнома тўлиқ ёки қисман тан олинган тақдирда хўжалик юритувчи субъект арз қилувчига ўзи тан олган суммани ихтиёрий равишда ўтказади.

Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, талабнома билдирган тараф жавоб олингандан сўнг йигирма кун муддат ўтгач, банк муассасасига қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда ўтказиш тўғрисидаги фармойишни тақдим этишга ҳақли. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади.



19-модда. Даъво аризасини бериш ҳамда суд буйруғини

олиш учун ариза тақдим этиш

Тараф рад (қисман рад) жавобини олган тақдирда ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, шунингдек хўжалик шартномалари юзасидан талабнома билдирмай ҳам иқтисодий судга даъво аризаси бериши ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этиши мумкин. Мазкур аризаларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига кўра белгиланади.


IV. ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ

ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАНИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ.

ХЎЖАЛИК ШАРТНОМАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИККА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

20-модда. Хўжалик шартномаси субъектларига

юридик хизмат кўрсатиш

Хўжалик шартномаси субъектларига юридик хизмат кўрсатиш уларнинг юридик хизматлари ёки ана шу мақсадда шартнома асосида жалб этилган адвокатлар томонидан амалга оширилади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати:

хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, шунингдек талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради;

хўжалик шартномалари бажарилиши устидан ўзаро текширувлар ўтказилишини назорат қилади;

хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим этилаётган хўжалик шартномалари лойиҳаларининг ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текширади;

тайёрланган хўжалик шартномаси ва у билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжат лойиҳаси қонунчилик талабларига мос эмаслиги аниқланган тақдирда, ўз эътирозини асослаган ҳолда уни қўшимча равишда ишлаб чиқиш учун қайтаради;

шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади.

21-модда. Хўжалик шартномаларини

ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш

Хўжалик шартномалари уларни имзолашга тайёрлаш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши керак. Шартномаларни уларнинг имзоларисиз тузишга йўл қўйилмайди.

Тарафлар хўжалик шартномаларини тузиш учун хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг ёки жалб этилган адвокатларнинг ёзма хулосасини олишга ҳақли .

Хулосада, қоида тариқасида қуйидагилар кўрсатилади:

хўжалик шартномасида кўрсатилган муносабатлар қайси қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиниши;

хўжалик шартномаси шартларининг қонунчилик талабларига мос келиш-келмаслиги;

тарафларнинг жавобгарлиги меъёри ва низоларни ҳал этиш тартиби қонунчилик талабларига мос келиш-келмаслиги.


22-модда. Хўжалик шартномалари

бажарилишини ўзаро текшириш

Хўжалик шартномаларининг тарафлари хўжалик шартномалари ўз вақтида ва лозим даражада бажарилишини ўзаро текшириб турадилар. Шартнома мажбуриятлари бузилган ҳолларда хўжалик юритувчи субъект раҳбари хўжалик шартномалари бажарилиши учун чора-тадбирлар кўриши, хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши, шунингдек зарур ҳолларда айбдор шахсни жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шарт.


23-модда. Хўжалик шартномалари тўғрисидаги

қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш

Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бўлган қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни қонун ҳужжатларига мувофиқ прокуратура органлари амалга оширади. Бу органлар айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш, хўжалик юритувчи субъектга етказилган зарарни қоплаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўради.



V. ШАРТНОМА МАЖБУРИЯТЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

24-модда. Хўжалик шартномаларини бажармаганлик ёки лозим

даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги

Тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, бу тараф:

бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди;

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида, ушбу Қонунда, ўзга қонунчилик хужжатларида ва шартномада назарда тутилган тартибда бошқача тарзда жавобгар бўлади.

Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун ушбу Қонуннинг 25-32-моддаларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.


25-модда. Товарларни етказиб бериш муддатларини

кечиктириб юборганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик,

ишларни бажармаганлик ёки хизмат кўрсатмаганлик

учун жавобгарлик

Товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. Пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик, ишларни бажармаслик ёки хизматларни кўрсатмаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмайди.


26-модда. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада

бўлмаган товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб

берганлик учун жавобгарлик

Агар етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар, техник шартлар, намуналарга (эталонларга) қонунчиликда ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи (буюртмачи) товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан (пудратчидан) сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар (ишлар ва хизматлар) қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар (ишлар ва хизматлар) ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан (пудратчидан) акцептсиз тартибда ундириб олинади.

Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилгандан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда тақдим этилган ҳолларда, жаримани ундириш белгиланган тартибда амалга оширилади.


27-модда. Бут бўлмаган товарларни етказиб

берганлик учун жавобгарлик

Бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи (буюртмачи):

товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли. Етказиб берувчи сотиб олувчининг (буюртмачининг) талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт;

бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли;

етишмаётган қисмлар қийматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли.

Товарларни етказиб берувчи белгиланган муддатда товарларни бутлаб бермаса, сотиб олувчи (буюртмачи) бут бўлмаган товарларни қайтариб беришга ҳамда бут бўлмаган товарларни бут товарларга алмаштиришни талаб қилишга ҳақлидир.


28-модда. Товарларни марка белгисисиз, шунингдек

товарни идишсиз ёки ўралмаган ҳолда

етказиб берганлик учун жавобгарлик

Марка белгиси қўйилмаган ёки лозим даражада маркировка қилинмаган товарларни, шунингдек идишсиз ёки ўралмаган товарларни ёхуд тегишли идишга жойланмаган ёки лозим даражада ўралмаган товарларни етказиб берганлик учун етказиб берувчи сотиб олувчига (буюртмачига) бундай товарлар қийматининг 5 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Товарлар қабул қилингандан кейин яна жўнатилиши ёки сақланиши керак бўлган ҳолларда сотиб олувчи (буюртмачи) жарима ундиришдан ташқари, ўз кучи билан, лекин етказиб берувчи ҳисобидан товарларни ўрашга ва идишларга жойлашга, ёхуд бир шаҳардаги етказиб берувчидан товарларни ўраб бериш ёки идишларга жойлаб беришни талаб қилишга ҳақлидир.


29-модда. Аккредитивдан фойдаланмаганлик

учун жавобгарлик

Товар етказиб берувчи (пудратчи) талабига биноан қўйилган аккредитив у амал қиладиган муддат ичида фойдаланилмаса, етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) аккредитивнинг фойдаланилмаган суммасининг 5 фоизи миқдорида жарима тўлайди.


30-модда. Тўлов, товар-транспорт ҳужжатларини

юборишни кечиктирганлик учун жавобгарлик

Жўнатилган товарларга оид тўлов ёки товар-транспорт ҳужжатларининг нусхасини белгиланган муддатда юбормаганлик ёки товарлар жўнатилганлиги тўғрисидаги бошқа ахборотни тақдим этмаганлик учун етказиб берувчи сотиб олувчига ахборот тақдим этилмаган ҳар бир ҳолат учун етказиб берилаётган товар қийматининг 1 фоизи миқдорида жарима тўлайди.



31-модда. Товарларни танлаб олмаслик ёки

уни рад этганлик учун жавобгарлик

Товарларни танлаб олмаслик, шунингдек етказиб берувчи шартномада белгиланган муддатда (даврда) уларни етказиб берганда товарларни олишни асоссиз равишда рад этганлик учун сотиб олувчи етказиб берувчига танлаб олинмаган (ўз муддатида олинмаган) товарлар қийматининг 5 фоизи миқдорида, тез бузиладиган товарлар бўйича эса - 10 фоиз миқдорида жарима тўлайди.

Товарлар танлаб олинмаган (олиш асоссиз рад этилган) ҳолларда, етказиб берувчи жарима ундиришдан ташқари, ушбу товарлар мавжудлигининг кафолатларини тақдим этган ҳолда, танлаб олинмаган (ўз муддатида олинмаган) товарлар қиймати тўланишини талаб қилишга ҳақлидир.


32-модда. Товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўламаганлик

ёки ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик

Тўлов талабномаси акцептини асоссиз равишда бутунлай ёки қисман рад этганлик, шунингдек ҳисоб-китобнинг бошқа шаклларида товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлашдан бош тортганлик (банк муассасасига тўлов топшириқномасини тақдим этмаганлик, чек бермаганлик, аккредитивни тақдим этмаганлик ва ҳоказо) учун сотиб олувчи (буюртмачи) маҳсулот етказиб берувчига ўзи тўлашни рад этган ёки бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлайди.

Етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлайди.


33-модда. Маблағларни акцептсиз ўчириб

ташлаганлик учун жавобгарлик

Ҳисобварақдан маблағларни асоссиз равишда акцептсиз ҳисобдан чиқарганлик учун айбдор тараф иккинчи тарафга асоссиз равишда акцептсиз ҳисобидан чиқарилган сумманинг 10 фоизи миқдорида жарима тўлайди.



34-модда. Зарарни тўлаш

Неустойка (жарима, пеня) тўлаганлигидан қатъи назар, шартнома мажбуриятларини бузган тараф иккинчи тарафга ана шу зарар оқибатида ўзи етказган зарар қисмини ҳам қоплайди.

Етказилган зарарларга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши муносабати билан тараф қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлар, шунингдек, агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганида тараф олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлар киради.

Муддатини ўтказиб юбориш ёки шартнома мажбуриятларини ўзгача тарзда лозим даражада бажармаслик ҳоллари учун белгиланган неустойкани (жаримани, пеняни) тўлаш ҳамда шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, тарафларни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди, қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


35-модда. Шартнома мажбуриятларини бузганлик

учун мансабдор шахснинг жавобгарлиги

Шартнома мажбуриятлари хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсининг айби билан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган, унинг томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулки мақсадга номувофиқ фойдаланилганлиги аниқланган, тўлов интизоми бузилган, хўжалик юритувчи субъект тўловга қобилиятсизликка дучор қилинган ёки шартнома муносабатлари соҳасида бошқа қоидабузарликлар содир этилган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 45 ва 48-моддаларига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175, 176-2, 212 ва 214-моддаларига мувофиқ маъмурий жавобгарликка, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 175, 181, 186, 205, 207 ва 209-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.


36-модда. Низоларни ҳал этиш тартиби

Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар, шунингдек етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда иқтисодий суд томонидан, шартномада назарда тутилган ҳолларда ёки тарафларнинг келишувига биноан - ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1998 йил, 9-сон, 170-модда
















































Время: 0.2120
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск