ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Чой ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 14.05.2009 й. 1957-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 17.04.2009 й. 13-4/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 14 майда 1957-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 17 апрелдаги

13-4/Б-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Чой ишлаб чиқариш ходимлари учун

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ чой ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги чой ишлаб чиқариш корхоналарига (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Ушбу Қоидалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, миллий стандартлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.

3. Мазкур Қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш корхонанинг хавфсизлик техникаси бўйича хизмати (муҳандиси) зиммасига юклатилади.


4. Чой ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

хизматини ташкил этиш


5. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилади.


6. "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисида"ги Намунавий низомга мувофиқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ишловчилар сони 50 ва ундан ортиқни ташкил қилувчи корхоналарда махсус тайёргарликдан ўтган шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинади. Ишловчилар сони 50 дан кам бўлган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини бажариш корхона раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларига корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш ва ушбу ишлар ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш киради.


8. Корхоналарда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирларини ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра корхонанинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда корхонанинг фаолияти тугатилган тақдирда тугатилади.


10. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


11. Корхоналарнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари.


12. Бевосита ишлаб чиқаришда ишларни ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ишчилар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Жамоавий ва якка тартибдаги

ҳимоя воситаларини қўллаш


13. Корхоналарда зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини камайтириш ёки уларни бартараф этиш учун жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


14. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, электр токи уриши, статик электр, ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


15. Чой ишлаб чиқариш корхоналарининг ходимлари белгиланган меъёрларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


16. Якка тартибдаги ҳимоя воситалари қуйидаги турларга бўлинади:

махсус кийим-кечак;

махсус пойабзал;

махсус бош кийим;

нафас аъзоларининг ҳимоя воситалари;

қўлни ҳимоялаш воситалари;

бош учун ҳимоя воситалари;

юзни ҳимоялаш воситалари;

эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари;

кўзни ҳимоя қилиш воситалари.


17. Корхона маъмурияти ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши, улардан фойдаланиш муддатларига ҳамда сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлаш бўйича зарурий шартларига риоя қилинишини таъминлаган ҳолда якка тартибдаги ҳимоя воситаларини бериш ҳисобини юритиши шарт.



4-§. Касбий танлов


18. Корхоналарда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


19. Корхона мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


20. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган бошқа ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


21. Хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


5-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


24. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


25. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937) асосида амалга оширилиши лозим.

Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


26. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.

Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


27. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик корхонанинг маъмурияти зиммасига юкланади.


28. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, корхона маъмурияти ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



6-§. Санитария ва гигиена талаблари


29. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

иш зонасида ҳаводаги зарарли моддаларнинг миқдори ГОСТ 12.1.005-2000 ССБТ "Иш зонасидаги ҳаво. Умумий санитария-гигиена талаблари"га биноан рухсат этилган энг кўп тўйинганлик даражасидан ошмаслиги;

ишлаб чиқариш хоналарида рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш хоналарида шовқин ва тебранма даражаси ГОСТ 12.1.003-89 ССБТ "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари", ГОСТ 12.1.012-90 ССБТ "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари" талабларида белгиланган миқдордан ошмаслиги;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарнинг, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га жавоб бериши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга ва синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши;

электр токининг одамга таъсир этишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик талаблари ГОСТ 12.1.019-86 ССБТ "Электр хавфсизлик. Умумий талаблар"га жавоб бериши;

статик электрдан ҳимоя қилиш тадбирлари ГОСТ 12.1.18-93 ССБТ "Статик электр. Учқун хавфсизлиги. Умумий талаблар"га мувофиқ амалга оширилиши керак.



7-§. Маиший хоналарга қўйиладиган талаблар


30. Корхоналарда "Корхоналарнинг маъмурий ва маиший хоналари" ҚМҚ 2.09.12-98 талаблари ва мазкур Қоидаларга мувофиқ санитария-маиший ва қўшимча хоналар қурилиши лозим.

Маиший ва қўшимча биноларни лойиҳалаш ҳамда қуриш уларни ишлаб чиқариш объектлари билан бир пайтда ишга тушириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.


31. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони, сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


32. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


33. Ювиниш хоналарида электр қуритгичлар, кўзгу, кийим илгичлар, совун учун идишлар, шунингдек энг кўп ходимлар ишловчи сменада 40 кишига битта қурилма ҳисобидан келиб чиққан ҳолда қўлни хлорли эритмада ювиш мосламаси кўзда тутилиши лозим.


34. Гардероблар кўча ва иш кийимларини сақлаш учун мўлжалланган бўлиши лозим.



8-§. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш

бинолари ва хоналарига қўйиладиган талаблар


35. Чой ишлаб чиқариш корхонаси чой сифатига салбий таъсир этувчи ишлаб чиқаришлардан узоқ бўлган масофада жойлашган бўлиши лозим.


36. Чой ишлаб чиқариш корхоналарининг биноларини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари ҚМҚ 3.01.02-00 "Қурилишда хавфсизлик техникаси" қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


37. Ишлаб чиқариш биноларининг чангиш, ифлосланиш даражаси имкон қадар камайтирилган ҳамда уларга ҳашорат ва ҳайвонлар тушишини истисно этган ҳолда лойиҳалаштириш ва қуриш лозим.


38. Корхонанинг барча ҳудуди тоза сақланиши лозим. Атмосфера ёғинларини чиқариб юбориш учун мўлжалланган оқова сув тарновлари тасдиқланган жадвалга мувофиқ мунтазам равишда тозаланиши ва таъмирланиши лозим. Йўллар, ўтиш йўллари ва бинолар, қурилмалар ҳамда иншоотлар орасидаги ҳудудлардан материалларни сақлаш учун фойдаланиш, уларга ускуналар ёки ишлаб чиқариш чиқиндиларини тахлаб қўйиш ман этилади.


39. "Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги" ШМҚ 2.01.02-04 қоидаларига мувофиқ корхона ҳудудида чекишга фақат махсус ажратилган жойларда рухсат этилади.


40. Ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналар белгиланган қоида ва меъёрларга асосан автоматик ёнғин ўчириш ва хабар бериш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


41. Ишлаб чиқариш хоналарида ҳаво оқимини бошқарувчи ускуналар ва ҳарорат, намлик, тозаланиш самарадорлиги ва фильтрларда босим ўзгаришини ўлчаш мосламалари билан жиҳозланган ҳаво тортиш вентиляция тизими мавжуд бўлиши лозим.


42. Кириш, чиқиш, йўлаклар, тамбурлар, зинапоялар ҳар хил жисм ва ускуналар билан банд қилинмаслиги, чиқиш эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши лозим.


43. Ишлаб чиқариш хоналарида вентиляция қурилмалари ўрнатилган бўлишидан қатъи назар, шамоллатиш мосламалари кўзда тутилиши зарур.


44. Ишлаб чиқариш хоналаридаги поллар тешикларсиз, текис бўлиши ва қурилиш меъёрларида кўрсатилган материаллардан тайёрланиши лозим.


45. Ишлаб чиқариш хоналари санитария-гигиеник талабларига мос ҳолда силлиқ, осон ва тез тозаланадиган керамик плиталар билан 1,8 метр баландликкача қопланиши лозим.


46. Ишлаб чиқариш хоналари ва ускуналарини бўяш саноат корхоналари ишлаб чиқариш биноларининг интерьерларига рангли безак беришни лойиҳалашга доир кўрсатмаларга, "Технологик ускуналар ва технологик қувурлар" ҚМҚ 3.05.05-98 ва "Сигнал ранглари ва хавфсизлик белгилари" ГОСТ 12.4.026-76 талабларига мувофиқ бажарилиши лозим.



9-§. Омборхоналар, ярим фабрикатлар, тайёр

маҳсулотлар ва хом ашёни сақлашга доир талаблар


47. Янги корхоналарни лойиҳалаш ва қуришда ҳамда эскиларини реконструкция қилишда омборхоналар ҚМҚ 2.09.12-98 "Омбор бинолари" қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига жавоб бериши лозим.


48. Омборлар, айвонлар, эстакадалар ва очиқ омбор майдончалари ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига жавоб бериши лозим.

Спирт, мазут, бензин ва бошқа портловчи ёнилғи моддалар сақлаш учун хоналар ва майдончалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига жавоб бериши шарт.


49. Газ билан тўлдирилган баллонларни сақлаш омборида "Босим остида ишлайдиган идишларнинг жиҳозланиши ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари"нинг талаблари эътиборга олинган бўлиши лозим.


50. Омборларда кишилар ўтиши учун мўлжалланган эшикларнинг эни ва бўйи 2 метрдан кам бўлмаслиги лозим.

Омборларда цех транспорти (штабел тахлагичлар, электр юк ортгичлар, электр машиналар ва бошқалар) ҳаракатланадиган йўлакларнинг эни юк ортилган транспорт воситаларининг ўлчами ҳисобга олинган ҳолда қўшимча бир томонлама ҳаракатланишда 0,8 метр, икки томонлама ҳаракатланишда девордан колоннагача ҳар икки томондан 1 метр масофа бўлиши лозим.


51. Қоплардаги ва қоғоз пакетлардаги (қутилар) хом ашё ва тайёр маҳсулотлар тахланиш баландлиги белгиланган баландликдан ортиқ бўлмаслиги лозим.


52. Омборхона бинолари ва иншоотларини жойлаштиришда участкаларда уларга автомобиль транспортининг келиши кўзда тутилиши лозим.



10-§. Атроф табиий муҳитни

муҳофаза қилиш бўйича талаблар


53. Оқова сувларини ҳосил қилиш ва сув ҳавзаларига тушириш шартлари ҚМҚ 2.04-01-98 "Оқова. Лойиҳалаштириш меъёрлари" ва ҚМҚ 2.04-03-97 "Оқова. Ташқи тизимлар ва иншоотлар" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


54. Ўзига хос ифлосланишлардан тозалаб бўлмайдиган оқова сувлари йўқ қилинади ёки махсус ажратилган жойларга туширилиши лозим.


55. Корхона ишлаб чиқариш ва маиший оқова сувларининг тозаланиш самарадорлиги юзасидан мунтазам лаборатория назоратини амалга ошириши шарт.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Саралаш ва бункер-купаж бўлими


56. Саралаш транспортёрлари ва столларида ёруғлик миқдори 300 люксдан кам бўлмаслиги керак.


57. Саралаш транспортёрлари, чойни қутилардан (қоплардан) бўшатиш жараёнлари ва сепараторлар (чойни темир парчалари, қоғоз ва ёғоч бўлакларидан тозаловчи элаклар ва магнитлар) маҳаллий сўрувчи мослама билан жиҳозланган бўлиши керак.


58. Хом ашё қутиларини ташиб келтириш, уларни очиш, ағдариш жараёнлари механизациялашган бўлиши керак.


59. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун поллар қаттиқ, текис ва мустаҳкам қопламаларга эга бўлиши керак.


60. Купаж барабанлари ва бункерларни зич ёпиладиган ёпқичлар ва иш жойларида ҳаво тозалигини таъминловчи чой чангини сўрувчи вентиляция тизими билан жиҳозлаш лозим.


61. Фақат алоҳида сигнал берилгандан кейин қадоқлаш машиналарини чой билан тўлдирувчи транспортёрлар ҳаракатга келтирилиши керак.



2-§. Механик қадоқлаш бўлими


62. Қадоқлаш-ўраш тизими носоз бўлганда уни ишга тушириш таъқиқланади.


63. Барча таъмирлаш ва созлаш ишлари тўхтатилган автоматларда ва бош ўчиргичдан ўчирилган тарзда олиб борилиши керак. Бош ўчиргичда "Ёқманг! Одамлар ишлаяпти!" ёзуви бор огоҳлантирувчи белги осилиши керак.


64. Чангланган жойларда "Лепесток" респираторларида ишлаш керак.


65. Қадоқлаш ва ўраш бўлими вентиляция тизимига эга бўлиши керак.


66. Чой қадоқлаш автоматлари блокировка ускуналари билан таъминланган бўлиши керак.


67. Чой қадоқлаш автоматлари ва автоматик тарозилар ўзаро товуш сигнализацияси билан боғланган бўлиши лозим.


68. Чой қадоқлаш автоматларида ишлашга фақат ўқитилган ва ушбу ускунада хавфсиз ишлаш усуллари билан таниш бўлган шахсларга рухсат этилади.


69. Чой қадоқлаш автоматларидан сочилган чойни йиғиш учун махсус қутилар ёки тагликлар мавжуд бўлиши керак.



3-§. Юкларни ортиш-тушириш ишлари


70. Оғир юкларни ортиш-тушириш ишлари маъмурий-техник ходимлар назорати остида амалга оширилиши керак.


71. Чой қутиларини ортиш-тушириш ишлари механизацияланган усулда (телферлар, юклагичлар ва ҳоказо) амалга оширилиши лозим.

Ишларни бажаришда ишчилар кўтарилаётган ёки туширилаётган юк остида бўлмасликлари керак.


72. Корхоналар қуйидаги талабларга жавоб берадиган ортиш-тушириш майдончалари билан жиҳозланиши керак:

а) ортиш-тушириш майдонлари қаттиқ, текис қопламага эга бўлиши (асфальт, бетон ва бошқалар) ва тоза сақланиши керак. Қиш пайтида қор, муздан тозаланиши ва қум сепилиши лозим;

б) майдончада зарурий инвентар ва ёритгичлар бўлиши керак.


73. Цех ички транспорти сифатида электрюклагичлар ва электркаралар қўлланиши мумкин.


74. Одамларни электрюклагичлар ва электркараларда ташиш таъқиқланади.


75. Корхонанинг ёки станциянинг темир йўл тармоғида юкларни ортиш-тушириш ишларини олиб боришда ишларга раҳбарлик қилиш мазкур Қоидаларни ва ишларни хавфсиз амалга ошириш талабларини биладиган шахсга юклатилиши лозим.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Асбоб-ускуналарга қўйиладиган талаблар


76. Асбоб-ускуналар ишчиларга жароҳат етказиши мумкин бўлган учли қисмлар ва нотекис юзаларга эга бўлмаслиги лозим.


77. Барча ҳаракатланувчи узеллар, асбоб-ускуналарнинг узатма механизмлари (шкивлар, занжирлар, айланувчи валлар ва бошқалар) ускуна корпусининг ичида жойлашиши керак.

Конструкция ичига жойлаштиришнинг имкони бўлмаганда, яхлит ёки тўрли ҳимоя тўсиқлари билан муҳофазаланган бўлиши керак.


78. Ҳимоя тўсиғи шовқин, вибрация, хавфли вазиятларни келтириб чиқармаслиги, ускуналарга хизмат кўрсатишда ноқулайликлар келтириб чиқармаслиги керак.


79. Асбоб-ускуналарнинг тез-тез хизмат кўрсатиладиган қисмларига етиш учун тўсиқда ҳаракатчан қопқоқ (эшикча)га мавжуд бўлганда зичлаб болт, шпилька ва шу каби) маҳкамлашга йўл қўйилади.


80. Машиналар, аппаратлар, қувурларнинг барча иссиқлик чиқарувчи юзалари термоизоляция қилиниши лозим.


81. Транспортёрларда ташилаётган юкларнинг баландлиги 0,8 метрдан юқори бўлганда юк баландлигининг камида ярмигача келадиган баландликдаги бортлар билан таъминланиши лозим.



2-§. Ускуналарни жойлаштиришга

қўйиладиган талаблар


82. Ишлаб чиқариш ускуналарининг жойлаштирилиши хавфсизликни, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш қулайлигини таъминлаши ҳамда технологик жараён кетма-кетлиги талабларига мос равишда амалга оширилиши лозим.


83. Цех йўлаклари хом ашё ва тайёр маҳсулотлар билан банд бўлмаслиги, цех ички транспорти ҳаракатланиш ҳудудидан ҳоли жойда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни устидан назоратнинг қулайлигини таъминлаши лозим.


84. Ишлаб чиқариш ускуналари ҳамда қувурўтказгичларни кўрикдан ўтказиш ва текшириш корхона раҳбари томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


85. Монтаж ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш кетма-кетлиги, ускуналарнинг ечиладиган қисмлари назарда тутилган ишларни бажариш режасига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


86. Ишлар корхона бўйича буйруқ билан тайинланган муҳандис-техник ходимлар таркибидан масъул шахс раҳбарлигида амалга оширилиши керак.


87. Ускуналарни жойлаштиришда қуйидагилар назарда тутилиши шарт:

а) чой қадоқлаш автоматлари орасидаги масофа камида - 1,2 метр;

б) девор ва автомат орасидаги масофа - камида 1,5 метр;

в) ускуна ва жиҳозларни кўрикдан ўтказиш, текшириш ва созлаш учун йўлакча камида - 1 метр.



3-§. Ускуналарни монтаж қилиш ва таъмирлаш


88. Ускунани қабул қилиб олиш ва ишлатиш, монтаж қилиш ва таъмирлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


89. Ускунани текшириб кўриш ва синашдан олдин қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

текширувда қатнашадиган шахсни иш олиб бориш тартиби ва хавфсизлик чоралари билан таништириш;

ускуна электр қисмларининг изоляцияланган ва ерга уланганлигини ҳамда ишга тушириш, тўхтатиш ва ёпиб қўйиш қурилмаларининг мавжудлигини ва уларнинг яроқлилигини, ҳимоя ва назорат-ўлчаш мосламаларини текшириш;

иш жойининг ёритилиши, ёнғинга қарши чораларга амал қилиш ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқноманинг мавжудлигини текшириш.


90. Таъмирлаш устахоналари кўтариш, тушириш ускуна ва мосламалари билан жиҳозланган бўлиши керак.



4-§. Тасмали конвейерлар


91. Конвейерларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш уларни монтаж қилиш, созлаш, ишлатиш ва таъмирлашнинг барча босқичларида амалга оширилиши керак.

Конвейерларни монтаж қилиш уларни тайёрлаган завод қўлланмаси асосида амалга оширилиши лозим.


92. 60 С дан катта нишабликда ўрнатилган тасмали конвейерлар двигател ўчирилганда ишлайдиган ишончли автоматик ҳаракатланувчи тормоз қурилмаси ҳамда тўхтатгичлар (силжимайдиган қурилма) билан таъминланган бўлиши керак.


93. Икки ёки ундан ортиқ конвейерлардан иборат конвейерлар тизимида автоматик ёки масофадан бошқарув таъминланган бўлиши керак.


94. Конвейернинг барча металл қисмлари ерга уланган бўлиши лозим.


95. Статик электр зарядлари юзага келадиган ҳолларда огоҳлантириш чора-тадбирлари "Ишлаб чиқаришда статик электр токидан ҳимояланиш қоидалари"га мос равишда амалга оширилиши керак.



V. НАЗОРАТ-ЎЛЧАШ АСБОБЛАРИ,

АВТОМАТЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИ

ВА ҲИМОЯ ҚУРИЛМАЛАРИ


96. Барча назорат-ўлчаш асбоблари ишга яроқли ҳолатда бўлиши, корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган махсус йўриқнома ва жадвал асосида текшириб турилиши керак.


97. Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳажми технологик лойиҳалаштириш меъёрларига мос келиши ва тасдиқланган технологик регламент асосида хавфсиз иш жараёнини олиб боришни таъминлаши керак.


98. Автоматик тизимнинг портлаш хавфи мавжуд иншоотларда жойлашган шчит ва пультлари унга узатиладиган ўзгарувчи ёки ўзгармас ток кучланиши катталигидан қатъи назар, ерга уланган бўлиши керак.

Юқори хавфли ва хавфли бинолардаги, шунингдек ташқарида ўрнатилган қурилмаларнинг 42 V кучланишдан юқори ўзгарувчан ёки 110 V кучланишдан юқори ўзгармас ток уланган шчит ва пультлари ерга уланган бўлиши керак.


99. Портлаш хавфи мавжуд иншоотларга ўрнатиладиган автоматлаштириш асбоб ва воситалари "Электрускуналарини ўрнатиш қоидалари"га мос бўлиши керак.


100. Фойдаланишдаги назорат-ўлчаш асбоблари ва автоматлаштириш воситалари ГОСТ 8.002-86 "Ўлчаш воситалари устидан давлат ва тармоқ назорати"га мос равишда мажбурий давлат текширувидан ўтказилиб турилиши керак.



VI. ШОВҚИН, ВИБРАЦИЯ

ХАВФСИЗЛИГИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


101. Корхонани қуриш ёки реконструкция қилишда лойиҳага амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари талаблари киритилиши лозим.


102. Технологик-ишчи лойиҳаларни ишлаб чиқишда уларга ишчиларга таъсир қилувчи умумий ва маҳаллий вибрация даражасини камайтиришга доир техник қоидалар киритилиши керак.


103. Иш жойларидаги товуш даражаси ҚМҚ 2.01.08-96 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва санитария меъёрлари ва қоидаларига мос бўлиши лозим.


104. Иш жойлари жумладан, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ўринларидаги умумий ва маҳаллий вибрация тезлиги даражаси амалдаги вибрацион хавфсизлик, умумий талаблар стандарти бўйича рухсат этилган даражадан ошмаслиги лозим.


105. Транспорт воситаларининг иш жойларидаги умумий ва маҳаллий вибрация даражалари (вибротезлик, вибротезланиш) уларнинг техник паспортларида кўрсатилади.


106. Иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестация қилишда шовқин даражаси ҳамда умумий ва маҳаллий вибрация даражаларини ўлчаш шарт.


107. Ишловчиларни ишлаб чиқаришнинг зарарли шовқинидан ҳимоя қилиш учун жамоавий ва индивидуал ҳимоя воситалари қўлланиши лозим.


108. Вентиляция, иситиш қурилмалари, ҳаво компрессор станциялари ва қувурларнинг шовқинини камайтириш учун қуйидагилар қўлланилиши шарт:

шовқин пасайтиргичлар ва ҳаво чиқиш жойларида товуш изоляциясини ўрнатиш;

вентиляторлар ва электр двигателларни вибрация ва шовқин ютувчи конструкцияларда ўрнатиш;

вентиляторларнинг кириш ва чиқиш тешикларини эгилувчан мосламалар ёрдамида бирлаштириш.


109. Қўл машиналари ва механизмларнинг вибрацион хусусиятларини ўрганиш бир йилда камида бир марта амалга оширилиши лозим.


110. Шовқин ва вибрациянинг таъсири билан боғлиқ касбий хасталиклар аниқланганда уларнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тезкор чоралар қабул қилиниши лозим.



VII. ЭЛЕКТР ХАВФСИЗЛИГИГА

ДОИР ТАЛАБЛАР


111. Электр ускуналарини эксплуатация қилиш "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари" (2004 йил 9 июль, рўйхат рақами 1383 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ва "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари"га (2004 йил 20 август, рўйхат рақами 1400 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.


112. Корхонада ва ҳар битта цех ёки мустақил иш участкасида қуйидагилар бўлиши лозим:

а) асосий электр ускуналари ва ҳимоя воситалари тавсифи берилган, хусусиятлари ва инвентар рақамлари кўрсатилган карта паспортлари ёки журнал;

б) электр ускуналари, қурилмалар ва иншоотлар чизмалари, эҳтиёт қисмлар чизмалари тўпламлари, ҳаво ва кабел тармоқларининг ижро схемалари ва кабел журналлари;

в) корхона, цехлар ва бўлимларнинг умумий электр таъминоти схемаси;

г) цех ва участка электр ускуналарига хизмат кўрсатиш бўйича эксплуатацион йўриқномалар тўплами, ҳар бир иш жойи бўйича лавозим йўриқномалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар тўплами.


113. Хизмат кўрсатувчи ходимлар (навбатчи электр монтёрлари ва ҳоказо) учун корхона томонидан эксплуатацион йўриқномалар ишлаб чиқилиши лозим.


114. Корхонанинг портлаш хавфи бўлган цехларида ва бўлинмаларида жумладан, электр зарядлаш хонаси, аммиакли совутиш қурилмалари ўрнатилган хоналарда, портлаш хавфи бўлган моддалар сақланадиган омборларда электр техник ускуналар портлашдан ҳимояланган тарзда тайёрланган бўлиши лозим.


115. Электр мосламаларида одамлар хавфсизлигини таъминлаш, электр ускуналарини чақмоқ ва бошқа ортиқча кучланишлардан сақлаш учун ерга улаш мосламаси ўрнатилиши, электр ускунасининг корпуси ерга уланиши лозим.


116. Электр ускуналари, бинолар ва иншоотларни яшин уришидан ҳимоя қилиш учун хавфли электр потенциали мавжуд хоналарга стерженли ва тросли яшин қайтаргичлар ўрнатилиши лозим.


117. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кўчма қўл электр чироқларидан фойдаланишга 42 V дан юқори бўлмаган кучланишда йўл қўйилади.

Ўта хавфли хоналарда, сиғимлар ва аппаратларнинг ичида, хоналардан ташқарида 12 V дан юқори бўлмаган кучланишда кўчма қўл электр чироқларидан фойдаланиш мумкин.


118. Портлаш ва ёнғин хавфи юқори бўлган шароитда ишлаш учун кучланиши 12 V дан юқори бўлмаган портлашдан ҳимояланган кўчма электр чироқлар ва аккумуляторли фонарлар бўлиши зарур.


119. Электр ускуналаридан фойдаланишда қўлланиладиган ҳимоя воситалари белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.



VIII. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ


120. Барча ишлаб чиқариш, сақлаш ва бошқа ёрдамчи иншоотлар амалдаги "Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги" қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мос равишда ёнғин ўчириш бирламчи воситалари билан таъминланган бўлиши керак.


121. Ёнғинга қарши ускуналар яроқли ҳолда ва ҳамма учун қулай жойда бўлиши лозим.


122. Корхона раҳбарлари қуйидагиларни амалга ошириши керак:

барча ишчи ва инженер-техник ходимларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича таълим олиши ва қоидаларга риоя этишини ташкил этиш;

ёнғин ва портлаш хавфини пасайтиришга йўналтирилган қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни таъминлаш;

барча бўлинмаларда ёнғинга қарши қатъий режимни ўрнатиш ва унинг ижросини мунтазам назорат қилиб бориш;

ишлаб чиқаришда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун масъул шахсни тайинлаш;

ёнғин-техник минимуми бўйича ёнғинга қарши йўл-йўриқлар бериш ва ёнғинга қарши машғулотлар ўтказишни ташкил этиш.


123. Чой ишлаб чиқарувчи корхоналар ходимлари:

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши, ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда заҳарли моддаларни билиши;

ёнғин ўчириш воситалари жойлашган жойни ҳамда улардан фойдаланишни билиши;

ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган амалларни бажармасликлари шарт.


124. Ҳар қандай ёнғин ҳолатида зудлик билан ишлаб чиқариш раҳбариятига хабар қилиниши лозим.



IХ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


125. Корхоналарни (цехларни) эксплуатация қилишда меҳнатнинг хавфсиз шароитларини таъминлаш ва мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик корхона раҳбарига (директорига, бош муҳандисига) юклатилади.



ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати" уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 19-20-сон, 247-модда.


























































Время: 0.2140
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск