Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Оммавий ахборот воситалари /

Ўзбекистон Республикасининг 14.06.1991 й. 283-XII-сон "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.06.1991 й.

N 283-XII



ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА*


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Оммавий ахборот воситалари

Оммавий ахборот воситалари деганда газеталар, журналлар, телекўрсатув ва радиоэшиттириш программалари, ҳужжатли кино, оммавий ахборот тарқатишнинг бошқа даврий нашрлари тушунилади.

Матбуот, телевидение ва радио, бошқа оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари муайян оммавий ахборот воситасининг вакили ҳисобланадилар. Таҳририят ўз Устави асосида иш олиб борадиган юридик шахсдир. Таҳририят иқтисодий мустақиллик асосида хўжалик фаолиятини юритиши мумкин.



2-модда. Сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаси

Ўзбекистон Республикасида барча оммавий ахборот воситалари эркиндир.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида ҳар бир фуқаронинг сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига кафолат беради.

Оммавий ахборот воситалари ахборотни излаш, танлаш, қабул қилиш ва оммалаштиришда қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.

Оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди.



3-модда. Оммавий ахборот воситаларининг тили

Оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида олиб борадилар. Жумҳурият фуқароларининг ўз она тилларида ахборот олиш ва ахборот бериш ҳуқуқларига кафолат берилади.



4-модда. Сўз эркинлигини суиистеъмол

қилишга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситаларидан давлат сирини ёки қонун билан махсус сақланадиган ўзга сирни очиш, мавжуд давлат тузуми ва ижтимоий тузумни зўрлик билан ағдариб ташлашга ёки ўзгартиришга даъват қилиш, урушни, зўравонлик, шафқатсизликни, ирқий, миллий, диний устунликни тарғиб этиш, шармсиз суратлар тарқатиш учун, жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни қилиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг шахсий ҳаётига ўзларининг рухсатисиз аралашиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда қонунга мувофиқ жазоланади.

Прокурор ёки терговчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон этиш, номини кўрсатмаслик шарти билан маълумот берган шахсни айтиш (суд ошкор этишни талаб қиладиган ҳоллар бундан мустаснодир), балоғатга етмаган қонунбузарнинг шахсини унинг розилигисиз ёки унинг қонуний вакили розилигисиз ошкор қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб шу ишни судда кўриб чиқиш натижаларини олдиндан айтиш ёки ўзгача йўл билан судга унинг қарори ё ҳукми қонуний кучга кирмай туриб таъсир кўрсатиш ман этилади.



II БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

5-модда. Оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқи

Халқ депутатлари Советлари ва бошқа давлат идоралари, рўйхатга олинган сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, оммавий ҳаракатлар, ижодий уюшмалар фуқароларнинг қонунга мувофиқ тузилган кооператив, диний, ўзга бирлашмалари, меҳнат жамоалари оммавий ахборот воситалари таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оммавий ахборот воситаларининг бирор турига якка ҳокимлик қилишга йўл қўйилмайди.



6-модда. Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш

Оммавий ахборот воситаларининг таҳририяти ўз фаолиятини тегишли оммавий ахборот воситаси рўйхатга олинганидан сўнг амалга оширади.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза муассис (таъсис этувчи) томонидан Ўзбекистон Республикаси Матбуот давлат комитетига топширилади. Рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза у олинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Чет эл аҳолига мўлжалланган оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхатга олинади.

Оммавий ахборотни чиқаришга киришиш ҳуқуқи гувоҳнома олинган кундан бошлаб бир йил давомида сақланиб туради. Бу муддат ўтказиб юборилган тақдирда рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.



7-модда. Оммавий ахборот воситасини

рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) муассис;

2) оммавий ахборот воситасининг номи, тили (тиллари), қаерда жойлашганлиги;

3) мақсадлари ва вазифалари;

4) аҳолининг қандай доирасига мўлжалланганлиги;

5) оммавий ахборот воситасини қанчалик тез-тез чиқариб туриш кўзда тутилаётганлиги, ҳажми, моддий-техникавий ҳамда пул билан таъминлаш манбалари.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш чоғида қонунга зид бўлмаган ўзга маълумотлар ҳам талаб қилиб олиниши мумкин.

Рўйхатга олиш ҳақи Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунларида белгиланган тартиб ва ҳажмларда ундирилади.



8-модда. Ахборотни рўйхатдан ўтказмай туриб тарқатиш

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, бошқа давлат идоралари расмий норматив ҳужжатлар ёки ўзга ҳужжатлар, суд амалиётини ёритувчи бюллетенлар чиқариш учун ахборотни рўйхатдан ўтказмай туриб ошкора тарқатиш ҳуқуқига эга. Корхоналар, ташкилотлар, ўқув ва илмий муассасалар ўз фаолиятларида зарур бўлган ахборот материалларини ва ҳужжатларни рўйхатдан ўтказмай нашр этиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оммавий тарқатишга мўлжалланмаган ёки қўлёзма тарзида кўпайтириладиган босма, аудио ва аудиовизуал маҳсулотни техникавий воситалар ёрдамида тайёрлаш ишларини рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди.



9-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни рад этиш

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш фақат қуйидаги асосларга мувофиқ рад этилади:

1) агар оммавий ахборот воситасининг номи, мақсадлари ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, мустақиллик тўғрисидаги Декларацияси ҳамда ушбу Қонунга зид бўлса;

2) агар рўйхатга олувчи идора илгари худди шу номдаги оммавий ахборот воситасига гувоҳнома берган бўлса;

3) агар ариза оммавий ахборот воситасининг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қонуний кучга кирганига бир йил тўлмай туриб берилган бўлса.

Рўйхатга олишни рад этиш ҳақидаги хабар ушбу Қонунда кўзда тутилган асослар кўрсатилиб, ёзма равишда аризачига юборилади.



10-модда. Оммавий ахборот воситасини

чиқаришни ёки нашр этишни тўхтатиш

Оммавий ахборот воситасини чиқариш ёки нашр этиш муассиснинг ёки оммавий ахборот воситасини рўйхатга олган идоранинг, ёхуд суднинг қарори билан тўхтатилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олган идора ёки суд ушбу Қонунда кўзда тутилган талаблар бир йил давомида такрор бузилган тақдирда оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши ёки нашр этилишини тўхтатади.

Агар оммавий ахборот воситаси бир йилдан буён чиқарилмаётган ёки нашр этилмаётган бўлса, уни қайтадан чиқариш ёки нашр этиш рўйхатга олингани тўғрисида янги гувоҳнома талаб қилинади.

Муассис оммавий ахборот воситасини чиқаришни ёки нашр этишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда таҳририятнинг меҳнат жамоаси ёки муҳаррир (бош муҳаррир) 5-модда ва 6-модда талаблари бажарилганда ўша ном билан оммавий ахборот воситасини таъсис этиш масаласини қўйиш мумкин.



11-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни

рад этганлик, шунингдек унинг фаолиятини тўхтатиш

тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш тартиби

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни рад этиш ёки рўйхатга олиш учун белгилаб қўйилган бир ойлик муддатнинг давлат идораси томонидан бажарилмаслиги, шунингдек оммавий ахборот воситаси фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор хусусида муассис ёки таҳририят судга шикоят қилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни рад этиш ёки унинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги қарор ғайриқонуний деб топилса, устидан шикоят берилган қарор бекор қилинади.

Суд мулкий низоларни амалдаги қонунлар асосида кўриб чиқади.



12-модда. Оммавий ахборот воситасининг таҳририят Устави

Оммавий ахборот воситасининг таҳририят Устави таҳририят журналистлари жамоасининг умумий йиғилишида, жамоа аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва муассис томонидан тасдиқланади.

Таҳририят Устави муассис, муҳаррир (бош муҳаррир) ва таҳририят муносабатларини, журналистлар жамоасининг ваколатларини тартибга солиб туради. Уставга оммавий ахборот воситасининг фаолиятидан тушадиган даромадни тақсимлаш ва ундан фойдаланиш тартиби ҳамда бошқа қоидалар киритилади.

Таҳририят Устави Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаслиги лозим.



13-модда. Оммавий ахборот воситасининг муассис,

муҳаррир, таҳрир ҳайъати ва ношири

Муассис оммавий ахборот воситаси фаолиятининг дастурини (асосий қоидаларини) тасдиқлайди. Оммавий ахборот воситасини чиқарувчи таҳририят ёки ўзга муассаса дастурнинг амалга оширилишини касбий мустақиллик асосида таъминлайди.

Муҳаррир (бош муҳаррир) ни тайинлаш ва бўшатиш тартиби таҳририят устави ва муассис томонидан белгиланади.

Муҳаррир (бош муҳаррир) оммавий ахборот воситаси таҳрир ҳайъати ва таҳририяти ишга раҳбарлик қилади, муассис, ношир, муаллифлар, давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг бошқа бирлашмалари ва фуқаролар билан муносабатларда, шунингдек судда оммавий ахборот воситаси номидан иш олиб боради.

Муҳаррир (бош муҳаррир) оммавий ахборот воситасининг фаолияти ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ бўлиши учун масъулдир.

Таҳрир ҳайъати таҳририят уставида кўзда тутилган тартибда тузилади.

Муассис, шунингдек нашриёт ёки оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини моддий-техникавий жиҳатдан таъминловчи ўзга юридик шахс оммавий ахборот воситасининг ношири бўлиши мумкин.



14-модда. Оммавий ахборот воситаси муассиси,

таҳририяти ва ноширининг ишлаб чиқариш,

мулкий ва молиявий муносабатлари

Оммавий ахборот воситасининг муассиси, таҳририят ва ношири ўртасидаги ишлаб чиқариш, мулкий ҳамда молиявий муносабатлар амалдаги қонунлар ва шартнома асосида олиб борилади.

Шартномада қуйидагилар белгилаб қўйилади:

таҳририятни сақлаб туриш учун маблағ;

оммавий ахборот воситасининг ноширлик фаолиятидан тушадиган фойда (даромад)нинг таҳририят, муассис ва ношир тасарруфига ўтадиган қисмлари;

таҳририят ходимлари учун зарур даражада ишлаб чиқариш шароити, турмуши ва меҳнат қилиши учун ижтимоий-маиший шароитлар яратиш бўйича муассис ҳамда ноширнинг мажбуриятлари.



15-модда. Нашрга доир маълумотлар

Даврий босма нашрнинг ҳар бир сонида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

1) нашрнинг номи;

2) муассис;

3) муҳаррир (бош муҳаррир) фамилияси, исми-шарифи ёки расмий тахаллуси;

4) даврий нашрлар учун чиқарилиш тартиб рақами ҳамда босилиб чиққан санаси, рўзномалар учун эса, шунингдек, босиш учун қўл қўйилган вақт;

5) алоқа корхоналари орқали тарқатиладиган даврий нашрлар учун индекс;

6) тиражи;

7) нархи;

8) таҳририят, ношир, босмахона манзилгоҳи.

Телекўрсатув, радиоэшиттириш таҳририяти ҳар сафар эфирга чиққанда, узлуксиз эшиттириш чоғида эса - бир кеча-кундузда камида тўрт марта телекўрсатув, радиоэшиттириш таҳририяти номини эълон қилиши шарт.



16-модда. Назорат нусхалар ва тақдим

этилиши шарт бўлган нусхалар

Вақтли босма нашрлар босилиб чиқиши биланоқ уларнинг бепул назорат нусхалари таҳририятга, муассисга, Алишер Навоий номидаги жумҳурият Давлат кутубхонасига, Китоб палатасига, Ушбу босма нашр рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома берган идорага юборилади.

Матбаа нашрларининг назорат нусхалари ҳамда тақдим этилиши шарт бўлган нусхалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши белгилайдиган тартибда бошқа муассаса ҳамда ташкилотларга ҳам жўнатилади.



17-модда. Телекўрсатув ва радиоэшиттириш

материалларининг сақланиши

Телекўрсатув, радиоэшиттириш таҳририятлари эшиттириш ва кўрсатув материаллари эфирга чиққандан сўнг бир ой давомида сақлаб туришлари, олдиндан ёзиб олмай, эфирга бериладиган эшиттиришларни ва кўрсатувларни рўйхатга олиш дафтарини юритишлари ҳамда бу дафтарда эшиттиришнинг мавзусини, вақтини, эшиттириш ёки кўрсатув бошланган ва тугаган вақтни, эшиттиришни ёки кўрсатувни олиб борган кишининг фамилияси ва исмини қайд этиб қўйишлари шарт. Бундай эшиттиришларни ёки кўрсатувларни рўйхатга олиш дафтари унга сўнгги ёзув киритилган кундан бошлаб бир йил давомида сақланади. Ҳозирги замон нуқтаи назаридан ва тарихий жиҳатдан муҳим деб топилган материаллар эса тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ доимий равишда сақланиши керак.



III БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТНИ ТАРҚАТИШ

18-модда. Оммавий ахборот воситалари

маҳсулотларини тарқатиш тартиби

Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотларини ношир бевосита ўзи ёки шартнома асосида ёхуд бошқа қонуний асосларда алоқа корхоналари, бошқа ташкилотлар, шунингдек фуқаролар тарқатадилар.

Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотини нашрга доир маълумотлари кўрсатилмаган ҳолда тарқатиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг (нашр маълумотлари кўрсатилган) ҳар бир айрим сонини тарқатишга муҳаррир (бош муҳаррир) уни чиқаришга (эфирга беришга) рухсат этганидан кейингина йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситаси маҳсулотини қонуний асосда тарқатишга жумладан унинг тиражини ёки тиражининг бир қисмини тортиб олиш билан тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди. Қонуний кучга кирган суд қарори асосида тўсқинлик қилиш бундан мустасно.



19-модда. Расмий хабарлар

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари ана шу идораларнинг расмий хабарларини эълон қилишлари шарт.

Таҳририят суд идорасининг мазкур оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлган, қонуний кучга кирган қарорини бепул ва белгиланган муддатда эълон қилиши шарт.



IV БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

ФУҚАРОЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРИ

20-модда. Оммавий ахборот воситалари

орқали ахборот олиш ҳуқуқи

Фуқаролар давлат идоралари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар фаолияти ҳақидаги ишончли маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали оператив тарзда олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оммавий ахборот воситалари тегишли давлат идоралари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан керакли маълумотларни олиш ҳуқуқига эга. Давлат идоралари, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар оммавий ахборот воситаларига мавжуд маълумотларни ва ҳужжатлар билан танишиш имкониятини берадилар.

Сўралган маълумотларни тақдим этишдан бош тортганлик учун оммавий ахборот воситаси вакили юқори турувчи идорага ёки мансабдор шахсга, сўнгра эса Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.



21-модда. Муаллифнинг материаллари

ва хатларидан фойдаланиш

Оммавий ахборот воситаларнинг журналистика, адабиёт, санъат ва фан асарларидан фойдаланишига муаллифлик ҳуқуқига риоя этилган тақдирда йўл қўйилади.

Қонунда ўзга ҳол кўзда тутилган бўлмаса, таҳририят рад этган материални оммавий ахборот воситасида мажбуран эълон қилдиришга ҳеч ким ҳақли эмас.

Муштарийларнинг хатларини эълон қилиш чоғида хат мазмуни бузмай қисқартириш ва таҳрир этишга қўйилади.



22-модда. Раддия ва жавоб ҳуқуқи

Фуқаро ёки ташкилот оммавий ахборот воситаси таҳририятидан эълон қилинган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва уларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотларни рад этишни талаб қилишга ҳақлидир.

Оммавий ахборот воситасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари поймол қилинган фуқаро ёки ташкилот ўша оммавий ахборот воситасида жавоб эълон қилишга ҳақли.

Раддия ёки жавоб махсус рукнда ёки ана шу жавобга сабаб бўлган мақола босилган айни саҳифада айни ҳарфлар билан - рўзномаларга раддия ёки жавоб келган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилинади.

Раддия ёки жавоб радио ёки телевидение диктори томонидан айни программа ва туркумда жавоб келган кундан бошлаб бир ой муддат ичида ўқиб эшиттиришлари. Жавоб Билан чиқиш ҳуқуқи фуқаронинг ўзига ёки ташкилотнинг вакилига берилиши мумкин.

Жавоб матнини таҳрир қилишга йўл қўйилмайди.



23-модда. Раддия ёки жавоб эълон қилиш

тўғрисидаги аризаларни судда кўриб чиқиш

Оммавий ахборот воситаси раддия ёки жавоб эълон қилишдан бош тортган ёки уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган бир ойлик муддатни бузган тақдирда манфаатдор фуқаро ёки ташкилот маълумот эълон қилинган кундан бошлаб бир йил давомида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Суд раддия ёки жавоб эълон қилиш тўғрисидаги аризани қонунларда кўзда тутилган тартибда кўриб чиқади.



V БОБ. ЖУРНАЛИСТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ

24-модда. Журналист

Журналист деганда оммавий ахборот воситаси учун материаллар тўплаш, таҳлил қилиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи, у билан меҳнат ёки ўзга шартнома муносабатлари билан боғланган ёки унинг берган ваколатига биноан бундай фаолият билан шуғулланувчи шахс тушунилади.



25-модда. Журналистнинг ҳуқуқлари

Журналист қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) ахборот излаш, олиш ва уни оммалаштириш;

2) журналистик касби вазифаларини амалга ошириш муносабати билан мансабдор шахслар томонидан қабул қилиниш;

3) қонунда кўзда тутилган ҳоллардан ташқари ҳар қандай ёзувни, кино ва фотосуратга олишни амалга ошириш;

4) гувоҳномасини кўрсатиб, митинглар ва намойишларда, агар журналистнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлмаса, табиий офатлар юз берган жойларда ҳозир бўлиш;

5) олинган материалларда кўрсатилган далилларни ва тафсилотларни текшириш чоғида мутахассисларга мурожаат қилиш;

6) ўз эътиқодига зид келадиган материалларни ўз имзоси билан тайёрлашдан бош тортиш;

7) таҳрир чоғида мазмуни бузилган материалдан ўз имзосини олиб ташлаш;

8) муаллифлик сир сақланишини шарт қилиб қўйиш.

Журналист ушбу Қонунга мувофиқ ўзига берилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.



26-модда. Журналистнинг бурч ва масъулиятлари

Журналист:

1) ўзи меҳнат муносабатлари ўрнатган оммавий ахборот воситаси ҳаракат дастурини амалга оширишга, таҳририят уставига амал қилишга;

2) ўзи бераётган ахборотнинг тўғрилигини текширишга;

3) ахборотни берган шахсларнинг хабар муаллифини кўрсатиш тўғрисидаги илтимосини қондиришга;

4) муҳаррир (бош муҳаррир) ёки таҳририят берган топшириқ қонунга зид бўлса, уни бажаришдан бош тортишга;

5) фуқароларнинг ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, миллий қадр-қимматини, шунингдек ташкилот ва корхоналар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳурмат қилишга мажбур.

Журналист сўз эркинлигини суиистеъмол қилганлиги, фуқароларни, ташкилотларни бадном қиладиган, ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларни тарқатилганлиги учун шахсан жавобгар бўлади.

Юқорида кўрсатилган қоидабузарлик учун журналист қонунда белгиланган тартибда маъмурий, моддий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Журналист ушбу Қонун доирасида ўзга бурчларни ҳам бажаради.



27-модда. Журналистларни вакил қилиб тайинлаш

Оммавий ахборот воситалари давлат идоралари ҳамда жамоат бирлашмаларининг идоралари билан келишиб, уларнинг ҳузурига ўз журналистларини вакил қилиб тайинлашлари мумкин.

ССР Иттифоқи, иттифоқдош жумҳуриятлар ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг вакиллари жумҳуриятда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган бошқа давлат ташкилоти рухсати билан аккредитация қилиниши зарур.



VI БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ

ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЛАРНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

28-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги

қонунларни бузганлик учун жавобгарликнинг асослари

Сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, фуқаронинг ёки ташкилотнинг шаънига ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик учун асос бўлади. Журналистлар томонидан судга, тергов органларига таъсир ўтказиш амалдаги қонунларга мувофиқ жиноий, маъмурий ёки ўзга жавобгарликка олиб борадиган асослардир.

Белгиланган қоидага кўра рўйхатга олинган оммавий ахборот воситаларининг эълон этилган мақсад ва вазифаларини адо этишини таъминлаш мақсадида уларни рўйхатга олувчи органлар ҳуқуқий экспертиза ўтказиб туриши, касбкорлик ёрдамини кўрсатиши, ахборот билан таъминлаши лозим.

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун айбдор деб топилган давлат ва жамоат идораларининг мансабдор шахслари, шунингдек оммавий ахборот воситасининг хабар ва мақолаларнинг муаллифлари жавобгар бўладилар.



29-модда. Оммавий ахборот воситаларининг

фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги

Давлат ва жамоат идораларининг мансабдор шахслари томонидан журналистларнинг касби билан боғлиқ қонуний фаолиятни амалга оширишларига тўсқинлик қилиниши, журналистларни ахборот тарқатишга ёки тарқатишдан бош тортишга мажбур этиш амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка олиб келади.



30-модда. Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотларини

қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик ва тарқатганлик

учун жавобгарлик

Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан ёки уларни чиқаришни ёхуд нашр этишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик ва тарқатганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


31-модда. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни

тарқатганлик учун жавобгарликдан озод қилиш ҳоллари

Муҳаррир (бош муҳаррир), шунингдек журналист оммавий ахборот воситасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган материаллар тарқатилганлиги учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайдилар:

1) агар бу маълумотлар расмий хабарлардан олинган бўлса;

2) агар улар ахборот агентликлари ёки давлат ва рўйхатга олинган жамоат идораларининг матбуот хизмати орқали олинган бўлса;

3) агар улар халқ депутатлари Советларининг сессияларида, жамоат ташкилотлари съездлари, конференциялари, пленумларида сўзлаган, шунингдек бошқа ҳолатлардаги расмий нутқларнинг такрорланишидан иборат бўлса;

4) агар улар олдиндан ёзилмай эфирга берилган муаллиф нутқларида ёки ушбу Қонунга мувофиқ таҳрир қилинмайдиган нашрда бўлса.



32-модда. Етказилган маънавий зарарни қоплаш

Оммавий ахборот воситаси ҳақиқатга тўғри келмайдиган, фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ёки унга мулк билан боғлиқ бўлмаган бошқача зарар етказадиган маълумотни тарқатиши натижасида фуқарога етказилган маънавий (мулк билан боғлиқ бўлмаган) зарар суд қарорига мувофиқ оммавий ахборот воситаси, шунингдек айбдор мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан қопланади. Маънавий (мулк билан боғлиқ бўлмаган) зарарни пул билан қоплаш миқдорини суд белгилайди. Маънавий зарарни пул билан қоплаш миқдори 10 минг сўмдан ошмаслиги керак. Оммавий ахборот воситалари орқали кечирим сўраш, хатони ошкора тан олиш орқали ҳам бундай маънавий зарарнинг ўрни қопланиши мумкин.



VII БОБ. ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР

33-модда. Ўзбекистон Республикасида чет эл оммавий

ахборот воситалари, хорижий давлатлар дипломатия

ва бошқа ваколатхоналари вакилларининг фаолияти

Оммавий ахборот воситалари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси тузган халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида вакил қилиб тайинланган чет эл мухбирларининг ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари бошқа вакилларининг ҳуқуқий ҳолати ва касбига оид фаолияти, шунингдек хорижий давлатлар дипломатия, консуллик ва бошқа расмий ваколатхоналарининг Ўзбекистон Республикасида ахборотга оид фаолияти ССР Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан, ССР Иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари билан тартибга солинади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов



-------------------------

*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон  Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 8-сон, 180-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 118-модда














































Время: 0.1344
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск