Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ҳакамлик судлари /

Ўзбекистон Республикасининг 20.11.1991 й. 443-XII-сон "Ҳакамлик суди ва хўжалик низоларнинг ҳал этилиши тартиби тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.11.1991 й.

N 443-XII



ҲАКАМЛИК СУДИ ВА ХЎЖАЛИК

НИЗОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

ТЎҒРИСИДА


I. БЎЛИМ. ҲАКАМЛИК СУДИ ТЎҒРИСИДА

1-модда. Ҳакамлик суди

Ҳакамлик суди тадбиркорлик фаолияти жараёнида вужудга келадиган фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари (иқтисодий низолар) дан ёки бошқарув соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни ҳал этишда суд ҳокимиятини амалга оширади.

Ҳакамлик суди мазкур низоларни, башарти улар ташкилотларнинг (ушбу Қонунда "ташкилотлар" деганда юридик шахслар-корхоналар, уларнинг бирлашмалари, ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотлар, шу жумладан жамоа хўжаликлари ва хусусий корхоналар тушунилади), фуқароларнинг (ушбу Қонунда "фуқаролар" атамаси тадбиркорлик фаолиятини мустақил равишда олиб бораётган фуқароларга ва уларнинг бирлашмаларига нисбатан ишлатилади) ўзаро муносабатларидан, шунингдек ташкилотлар ва фуқароларнинг давлат идоралари ва ўзга идоралар* билан муносабатларидан келиб чиққудек бўлса, ҳал этади. Бундай низоларда ажнабий корхоналар, хорижликлар иштирокидаги корхоналар ёки ажнабий фуқаролар қатнашган ҳолларда томонлар ўртасида битим бўлган тақдирда ёхуд бу ҳол қонун ҳужжатида махсус назарда тутилган бўлса, низо ҳал қилиш учун ҳакамлик судига берилиши мумкин.



2-модда. Ҳакамлик судини тузиш, унинг фаолият

кўрсатиш тартиби ва ҳуқуқ доираси тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари

Ҳакамлик судини тузиш, унинг фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳуқуқ доираси Ўзбекистон Республикасининг ушбу Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб берилади.



3-модда. Ҳакамлик судининг вазифалари

Ҳакамлик судининг вазифалари:

одил судловни амалга ошириш йўли билан ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари ҳимоя этилишини таъминлашдан;

иқтисодий муносабатларда қонунларга риоя этилишига ҳуқуқий воситалар билан ёрдам беришдан;

хўжалик низоларини ҳал этиш чоғида қонунларнинг бир хил ва тўғри қўлланилишини таъминлашдан иборат.



4-модда. Ҳакамлик судларининг тизими

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Республикада:

Республика ҳакамлик судларининг ягона тизимини ташкил этувчи Ўзбекистон Республикасининг Олий ҳакамлик суди, Қорақалпоғистон Республикасининг ҳакамлик суди, вилоятларнинг ҳакамлик судлари фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати Олий ҳакамлик суди Раисининг тақдимига кўра шаҳар ҳакамлик судларини тузиш мумкин.



5-модда. Ҳакамлик судларига раҳбарлик

Республикадаги ҳакамлик судлари тизимига Олий ҳакамлик суди бошчилик қилади. У одил судловни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларининг барча идоралари фаолиятини ташкил этиш, бу фаолиятнинг аҳволи ва уни такомиллаштириш учун жавобгардир.

Олий ҳакамлик суди қуйи ҳакамлик судлари фаолиятини мунтазам текшириб боради ва уларнинг ҳисоботларини эшитиб туради, шунингдек республика ҳакамлик суди идораларининг ижобий иш тажрибасини ўрганади, умумлаштиради ва оммалаштириб боради.



6-модда. Ҳакамлик суди томонидан қўлланадиган қонунлар

Ҳакамлик суди ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси билан бошқа республикалар ўртасидаги кўп томонлама ва икки томонлама шартнома ҳамда битимларга ва халқаро шартномаларга амал қилади.

Олий ҳакамлик суди хўжалик низоларини ҳал этиш муносабати билан давлат бошқарув идораси ҳужжатларининг, маҳаллий ўзини ўзи бошқарув идораси, унинг ижроия ва бошқарув идораси қарорининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларига, давлат ҳокимияти олий идоралари ўз ҳуқуқ доираларида чиқарган бошқа ҳужжатларга мувофиқ эмаслигини аниқлаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимияти олий идораларининг бошқа ҳужжатлари асосида қарор қабул қилади.

Ҳакамлик суди хорижий ҳуқуқ нормаларини қонунга биноан қўллайди.

Низоли муносабатларни тартибга солувчи қонунлар бўлмаган тақдирда ҳакамлик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи қонунларни қўллайди.



7-модда. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорларининг мажбурийлиги

Ҳакамлик суди чиқарган ҳал қилув қарорлари, қарорлар, ажримлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва республикалараро битимларга мувофиқ бошқа республикаларнинг ҳудудида барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.



8-модда. Олий ҳакамлик суди Раисининг қонун

лойиҳалари таклиф этиш ташаббуси

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Олий ҳакамлик судининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида қонун лойиҳалари таклиф этиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эгадир.



9-модда. Ҳакамлик судининг таркиби

Олий ҳакамлик суди Олий ҳакамлик судининг Раиси, Раис ўринбосарлари, ҳакамлик ҳайъатларининг раислари, ҳакамларидан иборат бўлади.

Олий ҳакамлик судида:

Олий ҳакамлик судининг Пленуми;

Олий ҳакамлик судининг Раёсати;

хўжалик низоларини ҳал этиш бўйича ҳакамлик ҳайъати;

қонунийликни ва қарорларнинг асослигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъати фаолият кўрсатади.



10-модда. Ҳакамлик судлари ҳакамларини

сайлаш ва тайинлаш тартиби

Олий ҳакамлик суди Раисини Республика Президентининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 10 йил муддатга сайлайди.

Олий ҳакамлик суди Раисининг ўринбосарларини, вилоятлар ҳакамлик судларининг раисларини Олий ҳакамлик суди Раисининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти тайинлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳакамлик судининг Раисини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган холда Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди Раиси тақдимига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши сайлайди.

Ҳакамлик ҳайъатларининг раислари - Олий ҳакамлик суди ҳакамларини Олий ҳакамлик судининг Раиси тайинлайди.

Олий ҳакамлик судининг ҳакамларини, вилоятлар ҳакамлик судлари раисларининг ўринбосарлари ва ҳакамларини Олий ҳакамлик судининг Раиси тайинлайди.

Ёши 25 га тўлган, олий юридик маълумоти, ҳуқуқшунослик ихтисоси бўйича камида 5 йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакам этиб тайинланиши мумкин.



11-модда. Олий ҳакамлик судининг Раиси

Республика Олий ҳакамлик судига Раис бошчилик қилади.

Олий ҳакамлик судининг Раиси:

Олий ҳакамлик судининг фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда унинг ишини ташкил этади;

Олий ҳакамлик судининг Пленуми чақиради ва унинг мажлисларида раислик қилади; Олий ҳакамлик суди ва ҳайъати ҳакамлик судининг мажлисларида раислик қилиши мумкин; зарур ҳолларда бир ҳайъат таркибига кирувчи ҳакамларни бошқа ҳайъат таркибида ишларни кўриб чиқиш учун жалб қилади;

қарорларнинг қай даражада қонунийлиги ва асослигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъатининг хўжалик низолари юзасидан чиқарган қарорларига нисбатан Олий ҳакамлик суди Пленумига эътирозномалар киритади;

Олий ҳакамлик суди Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ходимларни лавозимга тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, ушбу Қонунга мувофиқ ўзгача тартибда сайланадиган ва вазифасидан озод қилинадиган ходимлар бундан мустасно;

ушбу Қонунда берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Олий ҳакамлик судининг Раиси ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ фаолияти устидан прокурорлик назорати амалга оширилмайдиган давлат идоралари ҳамда жамоат ташкилотларининг норматив ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига қай даражада мос эканлиги тўғрисида хулосалар бериш хусусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасига таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, унинг Раёсати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштирок этишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг, сессиялар оралиғидаги даврда эса - Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши ёки ҳибсга олиниши мумкин эмас.



12-модда. Олий ҳакамлик суди Раисининг ўринбосарлари

Олий ҳакамлик суди Раисининг ўринбосарлари хўжалик низоларини ҳал этиш бўйича ҳамда қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъатлари ҳакамлик судининг мажлисларида раислик қилишга ҳақлидирлар.

Олий ҳакамлик судининг Раиси йўқ бўлган ҳолларда унинг ваколатларини Раис ўринбосарлари амалга оширади.



13-модда. Олий ҳакамлик ҳайъатларининг раислари

Олий ҳакамлик суди ҳакамлик ҳайъатларининг раислари:

ҳайъатларнинг ишини ташкил қиладилар ва хўжалик низоларини ҳал этиш, қарорларнинг қонунийлиги ва асослигини текшириш учун суд таркибини тузадилар;

ҳайъатлар ҳакамлик судининг мажлисларида раислик қиладилар;

Олий ҳакамлик судининг Пленумига ҳайъатларининг фаолияти тўғрисида маърузалар тақдим этадилар;

Қарорларнинг қонунийлиги ва асослигини текшириш учун, шунингдек ҳакамлик амалиётини умумлаштириш учун ишларни талаб қилиб оладилар.



14-модда. Вилоят ҳакамлик судининг Раиси

Вилоят ҳакамлик судига Раис бошчилик қилади.

Вилоят ҳакамлик судининг Раиси:

вилоят ҳакамлик суди фаолиятига бошчилик қилади ва унинг ишини ташкил этади;

вилоят ҳакамлик судининг ишлаб чиқариш йиғилишларини чақиради ва уларнинг мажлисларида раислик қилади; вилоят ҳакамлик суди ҳайъатининг мажлисларида раислик қилиши мумкин; зарур ҳолларда бир ҳайъат таркибига кирувчи ҳакамларни бошқа ҳайъат таркибида ишларни кўриб чиқиш учун жалб қилади;

Раис ўринбосарлари ўртасида, шунингдек ҳакамлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ходимларни лавозимга тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, ушбу Қонунга мувофиқ ўзгача тартибда тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ходимлар бундан мустасно;

ҳайъати бўлмаган вилоят ҳакамлик судларида низолар бўйича чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текширади;

ушбу Қонунда берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.



15-модда. Вилоят ҳакамлик раисининг ўринбосари

Вилоят ҳакамлик суди раисининг ўринбосари хўжалик низоларини ҳал этиш бўйича ҳамда қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъатларининг ҳакамлик суди мажлисларида раислик қилишга ҳақлидир.

Вилоят ҳакамлик суди раиси йўқлигида унинг ваколатларини вилоят ҳакамлик суди раисининг ўринбосарларидан бири амалга оширади.

Ҳайъати бўлмаган вилоят ҳакамлик судларида раис ўринбосари низолар юзасидан чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текширади.



16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик

судининг, Қорақалпоғистон Республикаси ва

вилоятлар ҳакамлик судларининг ҳакамлари

Хўжалик низоларини ҳал этиш бўйича ҳакамлик ҳайъатининг ҳаками ташкилотлар ўртасидаги низоларни ҳал қилади.

Ҳал қилув қарорларининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъатининг ҳаками низолар юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорларининг қай даражада қонуний ва асослилигини текширади.

Ҳакам низонинг қараб чиқилишига раҳбарлик қилади, томонлар ўртасида аҳдлашувга эришилишига кўмаклашади.

Ҳакам низоларни ҳал этиш амалиётини ўрганади ва умумлаштиради, қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек иқтисодий муносабатларда қонунлар бузилишининг олдини олиш борасидаги ишларни бажаради.

Ҳакам Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судлари бўлимининг ёки бошқа бўлинмасининг раҳбари бўлиши мумкин.

Ҳакамнинг бошқа ташкилотларда ўриндошлик шартлари билан ишлашига йўл қўйилмайди, педагогик ва илмий-тадқиқот ишлари билан боғлиқ фаолият бундан мустасно.

Ҳакам ушбу Қонунда белгилаб қўйиладиган тартибда аттестациядан ўтади, аттестация натижаларига кўра унга малакаси ҳамда иш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда малака класси берилади.



17-модда. Ҳакамлик суди ҳакамининг ҳуқуқлари

Ҳакам:

қонунда зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ ўз фармойишларининг бажарилишини давлат идоралари ва бошқа идоралардан, ташкилотлардан, уларнинг мансабдор шахсларидан талаб қилиш;

ташкилотларга, давлат идоралари ва бошқа идораларга хусусий ажримларни, аниқланган қонунбузарликлар ҳақидаги ахборотларни уларни бартараф этиш хусусидаги таклифлар билан биргаликда юбориш;

давлат идоралари ва бошқа идоралардан, илмий муассасалар ва ахборот марказларидан ахборотлар сўраб олиш ҳуқуқига эгадир.

Ҳакамнинг ҳакамлик суди ваколатлари доирасида қўядиган талаблари ушбу талаблар қаратилган давлат идоралари ва бошқа идоралар, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари учун мажбурийдир.

Ҳакам Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгилаб бериладиган ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.



18-модда. Ҳакамлик суди ҳакамининг вазифалари

Ҳакам ўз фаолиятида қонунларнинг талабларини аниқ ижро этиш, ҳакамлик жараёнининг юксак маданиятини ва тарбиявий таъсирини таъминлаши, адолатли бўлиши шарт.

Ҳакам касби билан боғлиқ битимлари савиясини ошириб бориши шарт.

Ҳакам ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда одил судловнинг обрўсини, ҳакамнинг қадр-қимматини тушириш ёки унинг ҳаққонийлигига ва холислигига шубҳа туғдириш мумкин бўлган барча ҳолатлардан ўзини тийиши зарур.



19-модда. Ҳакамнинг мустақиллиги

Ҳакам мустақил бўлиб, фақатгина қонунга бўйсунади. Ҳакамнинг хўжалик низоларини ҳал этиш борасидаги фаолиятига ҳар қандай идора, ташкилот ва мансабдор шахсларнинг аралашувига йўл қўйилмайди.

Ҳакамнинг мустақиллиги уни сайлаш, тайинлаш ва озод қилиш тартиби, низоларни ҳал этишнинг юридик йўл-йўриқлари, ҳакамлик суди фаолияти учун зарур шароит яратиш, шунингдек ҳакамнинг моддий ва ижтимоий таъминоти билан таъминланади.

Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ҳакамлик муҳокамаси натижаларини олдиндан белгилаб қўйишга ҳақли эмасдирлар.



20-модда. Ҳакамга нисбатан ҳурматсизлик учун жавобгарлик

Ҳакамлик жараёни қатнашчилари ёки ҳакамлик суди мажлисида иштирок этаётган фуқаролар томонидан ҳакамга ҳурматсизлик кўрсатилиши, шунингдек бирон-бир киши томонидан ҳакамни очиқ-ойдин менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.



21-модда. Ҳакамлик судининг ҳакамини лавозимидан озод қилиш

Ҳакамлик судининг ҳаками:

қонунийликни бузганлиги ёки ўз мартабасига мос келмайдиган номаъқул хатти-ҳаракат содир этганлиги учун, шунингдек унга нисбатан чиқарилган ва қонуний кучга кирган суд ҳукми сабабли;

саломатлиги ишни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган аҳволда эканлигига биноан;

бошқа лавозимга сайланганлиги ёки ўз розилиги билан бошқа ишга ўтказилганлиги натижасида;

ўз истагига кўра ўзини лавозимга сайланган ёки тайинлаган тегишли идоралар ёки мансабдор шахслар томонидан лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Ҳакамни лавозимдан озод қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди малака ҳайъати хулосасини эътиборга олган ҳолда ҳал этилади.



22-модда. Олий ҳакамлик суди Пленумининг

таркиби ҳамда унинг фаолияти тартиби

Ҳакамлик судлари, хўжалик низоларини ҳал этувчи бошқа идоралар ишининг энг муҳим масалаларини қараб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг Пленуми фаолият кўрсатади. Пленум тўрт ойда камида бир марта чақирилади.

Пленум таркибига Олий ҳакамлик судининг Раиси, Раис ўринбосарлари, Олий ҳакамлик суди ҳакамлик ҳайъатларининг раислари, Олий ҳакамлик судининг Раиси белгилайдиган бошқа ходимлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судларининг раислари киради.

Ўзбекистон Республикаси Прокурори Пленум мажлисларида қатнашиши шарт.

Пленум мажлисларида Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазири ҳам қатнашиши мумкин.

Олий ҳакамлик суди Раисининг таклифига биноан Пленум мажлисида Олий ҳакамлик суди ходимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, илмий муассасалар ва давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашиши мумкин.

Пленум мажлиси унинг таркибининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.

Пленум масалаларни қараб чиқиш натижалари юзасидан очиқ овоз бериш йўли Билан қарор қабул қилади. Башарти, овоз беришда қатнашаётган Пленум аъзоларининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, қарор қабул қилинган ҳисобланади. Пленумнинг қарорига қўшилмаган Пленум аъзоси ўз фикрини баён этишга ҳақлидир, бу нарса қарорга илова қилиб қўйилади.

Пленум қарорини Олий ҳакамлик судининг Раиси ва Пленум котиби имзолайди.



23-модда. Олий ҳакамлик суди Пленумининг котиби

Олий ҳакамлик суди Пленумининг котиби хизмат вазифасини адо этиш билан бир қаторда Пленум мажлисларини тайёрлаш юзасидан ташкилий ишларни амалга оширади, мажлис баёни юритилишини таъминлайди ҳамда Пленум қабул қилган қарорлар ижроси учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади.



24-модда. Олий ҳакамлик суди Пленумининг ваколатлари

Олий ҳакамлик судининг Пленуми:

1) хўжалик низоларини ҳал этувчи идораларнинг ушбу идоралар ҳуқуқ доирасида биргаликда тадбирлар ўтказиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш масалаларини қараб чиқади;

2) хўжалик низоларини ҳал этиш амалиётини умумлаштиришга тааллуқли материалларни қараб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларини қўллаш масалалари юзасидан суд талқини тартибида тушунтиришлар беради, Олий ҳакамлик суди Пленумининг тушунтиришлари Ўзбекистон Республикасида тушунтиришга тааллуқли бўлган қонунларни қўллаётган ҳакамлик судлари, ташкилотлар, давлат идоралари ва бошқа идоралар, мансабдор шахслар учун мажбурийдир;

3) Олий ҳакамлик суди Раисининг тақдимномасига биноан Олий ҳакамлик суди ҳакамлари орасидан Пленум котибини тасдиқлайди;

4) Олий ҳакамлик суди ҳакамлик ҳайъатлари раисларининг тегишли ҳайъатлар фаолияти тўғрисидаги, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судлари раисларининг ўз фаолиятлари тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;

5) иқтисодий муносабатларни ҳуқуқий бошқаришни ҳамда хўжалик низоларини ҳал этувчи идоралар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ва бошқа идоралар муҳокамасига таклифлар киритиш масалаларини қараб чиқади;

6) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасининг Олий ҳакамлик суди Пленумининг тушунтиришлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига тўғри келмаслиги хусусидаги хулосаларини қараб чиқади;

7) Олий ҳакамлик суди Раисининг, Ўзбекистон Республикаси Прокурорининг Олий ҳакамлик суди қабул қилган қарорлар қонунларга зид келиб қолганлиги муносабати билан билдирган эътирозномалари бўйича ишларни назорат тартибида кўриб чиқади;

8) Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судлари ҳакамларининг малака ҳайъатини сайлайди.



25-модда. Олий ҳакамлик судининг Раёсати

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судида Олий ҳакамлик судининг Раиси, унинг ўринбосарлари ҳамда Олий ҳакамлик судининг бошқа раҳбар ходимларидан иборат Раёсат ташкил этилади.

Раёсатнинг шахсий таркиби Олий ҳакамлик суди Раисининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Олий ҳакамлик судининг Раёсати мунтазам равишда ўтказиладиган ўз мажлисларида ҳакамлик судларининг фаолиятига доир асосий масалаларни кўриб чиқади, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш масалаларини муҳокама этади, Олий ҳакамлик суди ҳакамлари ҳамда бу суд таркибий бўлинмалари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судлари раисларининг ҳисоботларини эшитиб боради.

Раёсат чиқарган қарорлар Олий ҳакамлик суди Раисининг буйруқлари билан амалга оширилади. Олий ҳакамлик судининг Раиси билан Раёсат аъзолари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан тақдирда Олий ҳакамлик судининг Раиси юзага келган келишмовчилик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсатига ахборот берган ҳолда ўз қарорини амалга оширади. Олий Ҳакамлик суди Раёсатининг аъзолари ўз навбатида ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсатига маълум қилишлари мумкин.



26-модда. Қонунларни қўллаш амалиётини умумлаштириш

Ҳакамлик суди ҳакамлик амалиётини ўрганади ва умумлаштириб боради, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди, хўжалик низоларини ҳал этувчи идоралар томонидан қонунларни қўллаш тажрибасини оммалаштириш мақсадида таҳлил этади.



27-модда. Қонунларни такомиллаштириш

юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш

Ҳакамлик суди ҳакамлик амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш асосида қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ҳамда уларни белгиланган тартибда киритади. Ҳакамлик суди бу ишга ташкилотларнинг раҳбарлари билан келишган ҳолда уларнинг мутахассисларини ва илмий ходимларини жалб этишга ҳақлидир.



28-модда. Иқтисодий муносабатларда қонунлар

бузилишининг олдини олиш

Ҳакамлик суди иқтисодий муносабатларда қонунлар бузилишининг олдини олиш ишларини олиб боради ва шу мақсадда:

1) иқтисодий муносабатларда қонунлар бузилишининг сабабларидан дарак берувчи маълумотлар ва материалларни изчил таҳлил қилиб боради, ўз ҳуқуқ доирасида уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

2) ишларни бевосита ташкилотларнинг ўзида ҳал этади;

3) ташкилотларнинг раҳбарларига, давлат идоралари ва бошқа идораларга хусусий ажримлар, аниқланган қонунбузарликлар тўғрисидаги, ана шу қонунбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўрилишини талаб қилувчи холатлар ҳақидаги ахборотларни юборади.

Хусусий ажрим, ахборот юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларига бир ойлик муддатдан кечикмай жавоб берилиши керак.

Зарур ҳолларда аниқланган қоидабузарликлар ҳақида прокуратура идораларига ахборотлар юборилади;

4) иқтисодий муносабатларда йўл қўйилаётган энг жиддий қоидабузарликлар тўғрисида:

Олий ҳакамлик суди - Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Президентига маълум қилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасини хабардор этади;

Қорақалпоғистон Республикаси ҳакамлик суди - Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашига маълум қилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини хабардор этади;

вилоят ҳакамлик суди - халқ депутатлари вилоят Совети ҳамда унинг ижроия қўмитасини хабардор этади.



29-модда. Статистика ҳисоби

Ҳакамлик суди белгиланган тартибда ҳакамлик статистикасини олиб боради, ҳакамлик судларининг фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотини таҳлил этади.



30-модда. Бошқа идоралар билан ҳамкорлик

ва халқаро алоқалар

Олий ҳакамлик суди хўжалик низоларини ҳал этувчи бошқа идоралар (судлар, ҳакамлик судлари, холислар судлари) билан қонунлар ва уларни амалиётда қўлланиш тўғрисида қўшма конференциялар, йиғилишлар ўтказиш, ахборот алмашиниш йўли билан ва бошқа шаклларда ҳамкорлик қилади.

Олий ҳакамлик суди хўжалик низоларини ҳал қилиш учун ташкил этиладиган холислар судларини таркиб топтириш ва уларнинг фаолияти масалалари юзасидан тавсияномалар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди белгиланган тартибда халқаро алоқаларни йўлга қўяди.



31-модда. Олий ҳакамлик судининг тузилиши ва штатлари

Ҳакамлик амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, иқтисодий муносабатларда қонунни бузишларнинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, Олий ҳакамлик судининг фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажариш учун бўлимлар ҳамда бошқа бўлинмалар тузилади.

Ҳакамлик ҳайъатларида ва бўлимларда бош, катта мутахассислар ва бошқа мутахассислар, шунингдек бошқа хизматчилар ва хизмат кўрсатувчи кичик ходимлар бўлади.

Олий ҳакамлик суди ва вилоятлар ҳакамлик судларининг жами ходимлари сони Олий ҳакамлик суди Раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади.

Олий ҳакамлик судининг Раиси Ушбу Қонунга мувофиқ белгиланган жами штатлар сони ҳамда иш ҳақи фонди доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг, вилоятлар ҳакамлик судларининг тузилишини ҳамда бўлимлар ва бошқа бўлинмаларнинг штатларини белгилайди. Олий ҳакамлик судининг штатлар жадвалини, бўлимлар ва бошқа бўлинмалар тўғрисидаги Низомларни Олий ҳакамлик судининг Раиси, Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судларининг штатлар жадвалини, бўлимлар ва бошқа бўлинмалар тўғрисидаги низомларни эса тегишли ҳакамлик судларининг раислари тасдиқлайдилар.

Олий ҳакамлик судининг Раиси зарурат бўлганда Олий ҳакамлик суди марказий аппаратининг ва вилоятлар ҳакамлик судларининг штат рўйхатига жами ходимлар сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритишга ҳақлидир.



32-модда. Ҳакамлик судлари ҳакамларининг малака ҳайъати

Ҳакамлик судлари ҳакамларининг малака ҳайъати Олий ҳакамлик суди ҳузурида ташкил этилади.

Ҳакамлик судлари ҳакамларининг малака ҳайъати Олий ҳакамлик суди Пленуми томонидан яширин овоз бериш йўли билан Олий ҳакамлик суди ҳакамлари орасидан раис, унинг ўринбосари ва уч аъзодан иборат таркибда беш йил муддатга сайланади.

Олий ҳакамлик судининг Раиси ва унинг ўринбосарлари малака ҳайъати таркибига кирмайди.

Ҳакамлик судлари ҳакамларининг малака ҳайъати ўз иши тўғрисида Олий ҳакамлик суди Пленуми олдида ҳисобот беради.



33-модда. Малака ҳайъатининг ваколатлари

Малака ҳайъати:

1) ҳакамлик судлари ҳакамларининг малака аттестациясини ўтказади;

2) ҳакамлик судлари ҳакамларини чақириб олиш ва озод қилиш тўғрисида хулосалар беради, ҳакамлик судлари раҳбарларининг ва ҳакамларининг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги масалаларни қараб чиқади ҳамда ўз таклифларини Олий ҳакамлик суди Раисига киритади.



34-модда. Аттестация

Ҳакамлик судларининг раҳбар ходимлари (лавозимга бошқа тартибда сайланадиган ва тайинланадиганлардан ташқари) ва мутахассислари қонунларга мувофиқ аттестациядан ўтишлари лозим. Аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг Раиси тасдиқлайди.



35-модда. Малака класслари

Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларининг ҳакамларига малака класслари Ўзбекистон Республикаси тегишли судларининг малака классларига ўхшаш йўсинда берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг Раисига, Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди Раисининг ўринбосарларига, вилоятлар ҳакамлик судларининг раисларига малака классларини Ўзбекистон Республикасининг Президенти беради.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳакамлик судининг Раисига, унинг ўринбосарларига ва ҳакамларига малака классларини Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг ҳакамларига, вилоятлар ҳакамлик судларининг Раис ўринбосарлари ва ҳакамларига малака класслари беришни Олий ҳакамлик суди ҳузуридаги ҳакамлар малака ҳайъати хулосасига биноан Олий ҳакамлик судининг Раиси амалга оширади.



36-модда. Олий ҳакамлик суди ҳузуридаги

илмий-маслаҳат кенгаши

Хўжалик низоларини ҳал этувчи идораларга ҳакамлик амалиётини шакллантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар тайёрлаш, қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш ва ахборотлар тайёрлаш учун, шунингдек бу ишларни қонунчиликни бузишнинг олдини олиш ва қонунбузарлик ҳолларини бартараф этиш билан бирга олиб бориш учун Олий ҳакамлик суди ҳузурида илмий-маслаҳат кенгаши ташкил этилади. Илмий-маслаҳат кенгаши машварат йўсиндаги идора бўлиб, жамоатчилик асосида ишлайди.



37-модда. Ҳакамлик судларининг молиявий

ва моддий-техникавий таъминоти

Ҳакамлик судларининг молиявий, моддий-техникавий ва бошқа йўсиндаги таъминотини Олий ҳакамлик суди республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширади.

Маблағлар миқдорини Олий ҳакамлик суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг раёсати тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судлари юридик шахс ҳисобланади.

Олий ҳакамлик суди ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ҳакамлик судлари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



38-модда. Матбуот органи

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди ўз матбуот органига эга.



II. БЎЛИМ. ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИНИ

ҲАКАМЛИК СУДИ ТОМОНИДАН

ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

39-модда. Хўжалик низоларини ҳакамлик суди томонидан

ҳал этиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ҳакамлик суди низоларни ушбу Қонунга мувофиқ ҳал этади. Айрим низо турларини ҳал этишнинг хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилиши мумкин.



40-модда. Ҳакамлик судига мурожаат ҳуқуқи

Ҳакамлик судига унинг учун белгиланган тобеликка мувофиқ корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шу жумладан жамоа хўжаликлари, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлардаги юридик шахс ҳисобланувчи хусусий корхоналар, қўшма корхоналар ва халқаро бирлашмалар** ўзларининг бузилган ёки даъво қилинаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя этишни сўраб мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Ҳакамлик судига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат идоралари ва ўзга идоралар, бошқа шахслар мурожаат этишга ҳақлидирлар.

Ҳакамлик судига мурожаат этиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳаққоний эмас.



41-модда. Ҳакамлик судида иш қўзғатиш

Ҳакамлик суди:

манфаатдор ташкилотларнинг;

давлат идоралари ва бошқа идораларнинг;

ташкилотлар манфаатларини кўзлаб тегишли ҳакамлик судига мурожаат этган Ўзбекистон Республикаси Прокурори ёки унинг ўринбосарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарларининг аризалари асосида иш қўзғатади.

Олий ҳакамлик суди ўз ташаббуси билан иш қўзғатишга ва бевосита кўриб чиқишга ёки кўриб чиқишни ҳакамлик судига топширишга ҳақлидир.



42-модда. Хўжалик низоларининг ҳакамлик

суди томонидан ҳал этилиши

Низоларни ҳал этиш ҳакамдан иборат ҳакамлик суди, хўжалик низоларини ҳал этиш бўйича ҳакамлик ҳайъати мавжуд бўлган тақдирда эса битта ёки учта ҳакамдан иборат ҳакамлик суди томонидан амалга оширилади. Ҳакамлик судининг сон таркибини хўжалик низоларини ҳал этиш бўйича ҳакамлик ҳайъатининг раиси белгилаб беради.



43-модда. Ҳакамлик иши

Ҳакамлик суди томонлар ўртасида келишувга эришилишига кўмаклашади ва шу келишувга мувофиқ ҳал қилув қарори қабул қилади.

Башарти, томонлар ўртасидаги келишув қонунларга, ҳақиқий аҳволга ва иш материалларига зид бўлса, ҳакамлик суди қарор қабул қилиш чоғида бундай келишувга амал қилмайди.



44-модда. Ҳакамнинг мустақиллиги ва

унинг фақат қонунга бўйсуниши

Хўжалик низоларини ҳал этиш чоғида ҳакам мустақил бўлиб, фақатгина қонунга бўйсунади.



45-модда. Томонларнинг тенглиги

Ҳакамлик судида хўжалик низоларини ҳал этиш мулк шакли, кимнинг тасарруфида ва қаерда жойлашганлигидан ҳамда бошқа ҳолатлардан қатъи назар, ташкилотларнинг қонун олдида ва ҳакамлик суди олдида тенглиги асосида амалга оширилади.



46-модда. Хўжалик низоларини ҳал этишнинг ошкоралиги

Ҳакамлик судида низолар ошкора ҳал этилади. Давлат ёки тижорат сирларини сақлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар бундан мустаснодир.



47-модда. Ҳакамлик ишлари олиб бориладиган тил

Ҳакамлик судида ҳакамлик иши "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида белгилаб қўйилган тартибда олиб борилади.

Ҳакамлик иши олиб борилаётган тилни билмайдиган томонларнинг вакилларига, ҳакамлик жараёнининг бошқа қатнашчиларига таржимон ёрдамида ишга доир барча материаллар билан танишиш ва ҳакамлик суди мажлисларида қатнашиш ҳуқуқи таъминланади.



48-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний ва асослилиги

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асосли бўлиши керак.



49-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний

ва асослилигини текшириш ҳамда ҳал қилув қарорини

қайта кўриб чиқиш

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш ҳамда ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқишга ушбу Қонунда кўзда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.



50-модда. Ҳал қилув қарорининг кучга

кириши ва унинг мажбурийлиги

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори (ҳал қилув қарори, қарори, ажрими) қабул қилиниши биланоқ дарҳол кучга киради. Ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва республикалараро аҳдлашувга мувофиқ бошқа республикаларнинг ҳудудида ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурийдир.



II БОБ. ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИНИНГ МАНСУБЛИГИ

51-модда. Хўжалик низоларининг

Олий ҳакамлик судига тегишлилиги

Олий Ҳакамлик суди:

1) 10 миллион сўмдан ортиқ суммага хўжалик шартномалари тузилганда, у ўзгартирилганда ва бекор қилинганда, шунингдек шартномаларни ижро этиш чоғида ва бошқа асослар бўйича, даъво 100 минг сўмдан ортиқни ташкил этганда турли республикалар ва Ўзбекистон Республикасининг вилоятларида жойлашган томонлар ўртасида юзага келадиган низоларни (Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилиши ўзга идоралар ихтиёрига берилган низолар бундан мустаснодир);

2) давлат бошқаруви идораларининг ва бошқа республика идораларининг қонунларига мос келмайдиган ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузувчи норматив характерга эга бўлмаган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб эътироф этиш ҳақидаги низоларни;

3) Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви идоралари ва республика идоралари томонидан норматив характерга эга бўлмаган, қонунларга мос келмайдиган ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузувчи актларини нашр этиш натижасида ёхуд уқтирилган идораларнинг ташкилотларга нисбатан ўз вазифаларини лозим тарзда амалга оширмасликлари натижасида ташкилотларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги низоларни;

4) республика бошқарув идоралари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низоларни;

5) Ўзбекистон Республикаси қонунларини қўллаш билан боғлиқ бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, республикалараро битимлар ёки халқаро шартномаларда Олий ҳакамлик суди идора қилиши учун берилган бошқа низоларни ҳал этади.

Ўзбекистон Республикасининг Олий ҳакамлик суди низолар ҳакамлик судига қарашлилиги доирасида ҳар қандай низони ўз ижросига қабул қилишга ва ҳал этишга ҳақлидир.



52-модда. Хўжалик низоларининг кўриб

чиқилиши қайси ҳудудга тегишлилиги

Хўжалик шартномалари тузиш, уларни ўзгартириш ва бекор қилиш чоғида юзага келадиган низолар маҳсулотлар етказиб бераётган ёки хизмат кўрсатаётган корхона (ташкилот) жойлашган ердаги ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Шартномаларни ижро этишга ва бошқа асосларга оид низолар жавобгар жойлашган ерда кўриб чиқилади.

Давлат идораларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топишга, давлат буюртмасини талашиш билан боғлиқ низолар ҳужжатни чиқарган давлат идораси жойлашган ердаги ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Ишда бир неча жавобгар қатнашаётган бўлса, низо даъвогарнинг хоҳишига биноан жавобгарларнинг бири жойлашган ердаги ҳакамлик судида кўриб чиқилади.



53-модда. Хўжалик низолари кўриб

чиқилишининг мансублиги

Юк ташиш ишлари юзасидан келиб чиққан низода жавобгарлардан бири транспорт идораси бўлса, бу иш транспорт идораси жойлашган ердаги ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Давлат ҳужжатини ёки республика бўйсунувидаги ўзга идора ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топишга доир низолар Олий ҳакамлик суди томонидан, маҳаллий бўйсунувдаги идора ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топишга доир низо эса - вилоят ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.



54-модда. Даъво материалларини тегишли

ҳакамликларга топшириш ва бунда келиб

чиқадиган келишмовчиликларни ҳал этиш

Келиб тушган хўжалик низоси тегишли бўлмаган ҳакамлик суди даъво материалларини беш кунлик муддат ичида тегишли ҳакамлик судига жўнатади.

Муайян низо ҳакамлик судига тегишли эмаслиги аниқланган тақдирда, ҳакамлик суди даъво аризасини қайтариш асосларини кўрсатиб ажрим чиқарган ҳолда даъво материалини аризачига қайтаради, ажримда даъво аризасининг қайтарилиши асослаб берилади.

Башарти, низони қараб чиқиш жараёнида даъво қиймати ошиб кетиши, даъво сабаби ўзгариши ёки иккинчи томон ҳам қарши даъво аризасини тақдим этиши туфайли низонинг судга тегишлилиги ўзгарса, даъво аризаси туфайли низонинг судга тегишлилиги ўзгарса, даъво аризасини қабул қилган ҳакамлик суди низони моҳияти бўйича кўриб чиқиши керак.

Вилоятларнинг ҳакамлик судлари ўртасида келиб чиққан низони қараб чиқиш кимга тегишли эканлигига доир келишмовчилик Ўзбекистон Республикасининг Олий ҳакамлик суди томонидан ҳал этилади.



55-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг ҳамда

вилоятларнинг ҳакамлик судлари ҳал этадиган

хўжалик низолари

Қорақалпоғистон Республикасининг ҳамда вилоятларнинг ҳакамлик судлари ўзига тегишли бўлган барча низоларни ва юз сўмдан ортиқ бўлган мулкий низоларни ҳал этадилар, Ўзбекистон Республикасининг Олий ҳакамлик судига қарашли низолар бундан мустаснодир.



56-модда. Хўжалик низоларини холислар

суди ҳукмига ҳавола этиш

Ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларига тегишли низони холислар суди ҳукмига ҳавола этиши мумкин.



III БОБ. ҲАКАМЛИК ЖАРАЁНИНИНГ ҚАТНАШЧИЛАРИ

57-модда. Ишда қатнашувчи шахсларнинг таркиби

Ишда қатнашувчи шахслар сифатида: томонлар, зиммасига юкланган мажбуриятлари туфайли жараёнда иштирок этаётган учинчи шахслар, прокурор, давлат идоралари ва бошқа идоралар, шунингдек ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топишга доир ишлар юзасидан аризачилар эътироф этилади.



58-модда. Ишда қатнашувчи шахсларнинг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Ишда қатнашувчи шахслар ва иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, раддия билдириш, далил-асосларни тақдим этиш, далил-асосларни тадқиқ этишда қатнашиш, ҳакамлик жараёнининг қатнашчиларига саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, ҳакамлик судига оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ҳакамлик жараёни давомида юзага келадиган барча масалалар юзасидан ўз далил-исботларини ҳамда мулоҳазаларини билдириш, ишда қатнашаётган бошқа шахсларнинг илтимосномалари, далил-исботлари ҳамда мулоҳазаларига эътироз билдириш, ҳакамлик суди қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳамда ўзларига мазкур Қонун билан берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ишда қатнашаётган шахслар ўзлари эга бўлган процессуал ҳуқуқлардан виждонан фойдаланишлари шарт.



59-модда. Ҳакамлик жараёнидаги томонлар

Ташкилотлар - мулк эгалиги шаклларидан қатъи назар, юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига асосан ўз ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини хўжалик низоларини ҳал этувчи идораларда ҳимоя қилиши мумкин бўлган бошқа шахслар ҳакамлик жараёнидаги томонлар - даъвогар ёки жавобгар бўлишлари мумкин.

Даъво қилаётган ёки манфаатларини кўзлаб даъво киритилган ташкилотлар даъвогарлар ҳисобланади. Даъво талаблари қаратилган ташкилотлар жавобгарлар ҳисобланади.

Томонлар тенг процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар.



60-модда. Ишда бир неча даъвогар ёки

жавобгарнинг иштирок этиши

Ишда бир неча даъвогарлар томонидан биргаликда тақдим этилиши ёки бир неча жавобгарга қаратилиши мумкин. Даъвогарлар ёки жавобгарларнинг ҳар бири ишни кўриш жараёнида бошқа томонга нисбатан мустақил иштирок этади. Қатнашчи-шериклар ишни юритишни қатнашчи-шериклардан бирига топширишлари мумкин.



61-модда. Бошқа даъвогарни ёки жавобгарни

ишда қатнашишга жалб этиш

Ҳакамлик суди етарлича асослар мавжуд бўлган тақдирда, хўжалик низоси бўйича қарор қабул қилингунга қадар бирон томоннинг талабига кўра ёхуд ўз ташаббуси билан тегишли ташкилотни бошқа даъвогар ёки жавобгар сифатида ишда қатнашишга жалб этишга ҳақлидир.

Жавобгарни ишга жалб этиш тўғрисидаги талаб ушбу жавобгар билан ўзаро муносабатларни ихтиёрий тартибга солиш чора-тадбирлари кўрилганлигидан қатъи назар амалга оширилади.

Даъвогарни ёки жавобгарни ишда қатнашиш учун жалб этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.



62-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик

Низоли ёки ҳакамлик судининг қарорига биноан белгиланган ҳуқуқий муносабатда қатнашаётган томонлардан бири ўзининг қайта ташкил этилиши оқибатида чиқиб кетган тақдирда ҳакамлик суди ушбу томонни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради ҳамда бу тўғрида қарорда ёки ажримда ёзиб қўяди. Ҳуқуқий ворислик ҳакамлик жараёнининг исталган босқичида амалга оширилиши мумкин.



63-модда. Даъво асосини ёки мавзусини ўзгартириш,

даъво талабларининг миқдорини ўзгартириш,

даъводан воз кечиш, даъвони эътироф этиш

Даъвогар хўжалик низоси бўйича қарор қабул қилингунга қадар даъво асоси ва мавзусини ўзгартириши, даъвонинг талаблар миқдорига доир қисмида ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирларини кўриш шарти билан даъво талабларининг миқдорини оширишга ҳақлидир.

Ҳакамлик суди даъво асоси ёки мавзусига доир ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирлари кўрилган-кўрилмаганлигидан қатъи назар, даъвогарнинг розилигини олиб, ўз ташаббуси билан даъво асосини ёки мавзусини ўзгартиришга ҳақлидир.

Даъвогар даъводан воз кечишга ёки даъво талабларининг миқдорини камайтиришга ҳақлидир. Жавобгар даъвони тўла ёки қисман эътироф этишга ҳақлидир.

Ҳакамлик суди, башарти, қонунларга зид келадиган бўлса, даъводан воз кечишни ёки даъвонинг эътироф этилишини қабул қилмайди.



64-модда. Томонларнинг вакиллари

Ташкилотларнинг раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари ҳакамлик судида томонларнинг вакиллари ҳисобланади. Мазкур шахсларнинг ваколатлари уларнинг хизмат мавқеини гувоҳлантирувчи ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Бошқа шахслар ҳам томонларнинг вакиллари бўлиши мумкин; ушбу шахсларнинг ваколатлари ташкилотларнинг тегишли тарзда расмийлаштирилган ишонч ёрлиғи билан тасдиқланади.



65-модда. Низо мавзуси юзасидан мустақил

талабларни баён этаётган учинчи шахслар

Низо мавзуси юзасидан мустақил талабларни баён этаётган учинчи шахслар суд қарор қабул қилгунига қадар ишга қўшилишлари мумкин. Улар қатнашчи томоннинг ҳуқуқларидан фойдаланадилар ҳамда унинг барча мажбуриятларини зиммага оладилар.



66-модда. Низо мавзуси юзасидан мустақил

талабларни баён этмаган учинчи шахслар

Низо мавзуси юзасидан мустақил талабларни баён этмаган учинчи шахслар, башарти хўжалик низоси бўйича қабул қилинадиган қарор томонлардан бирига нисбатан ўз ҳуқуқлари ёхуд мажбуриятларига таъсир этиши мумкин бўлса, ҳакамлик суди қарор қабул қилгунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида туриб ишга қўшилишлари мумкин. Улар томонларнинг, прокурорнинг таклифига кўра ёки ҳакамлик судининг ташаббуси билан ҳам ишда қатнашиш учун жалб этилиши мумкин. Мустақил талабларни баён этмаган учинчи шахслар даъво асосини ва мавзусини ўзгартиришга, даъво талаблари миқдорини ошириш ёки камайтиришга, шунингдек даъводан воз кечишга, даъвони эътироф этишга ёхуд муросага келишга, қарорнинг мажбурий тарзда ижро этилишини талаб қилишга бўлган ҳуқуқлардан ташқари, томоннинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар ҳамда унинг процессуал мажбуриятларини зиммага оладилар.

Ҳакамлик суди бир жараённинг ўзида жавобгарга нисбатан дастлабки даъвони ва жавобгарнинг мустақил талаблар баён этмаган учинчи шахсга нисбатан регресс даъвосини ёхуд ана шундай учинчи шахснинг томонлардан бирига нисбатан даъвосини кўриб чиқишга ҳамда регресс даъвоси юзасидан қарор қабул қилишга ҳақлидир.



67-модда. Ҳакамлик жараёнида прокурорнинг иштироки

Даъво аризаси прокурор ёки унинг ўринбосарлари томонидан ҳакамлик судларига ташкилот манфаатларини кўзлаб юборилган ёхуд ҳакамлик судининг қарорига эътироз билдирилган ҳолларда прокурор ҳакамлик жараёнида иштирок этади. Прокурор ҳакамлик жараёнининг исталган босқичида иштирок этишга ҳақлидир, башарти бу ташкилотлар ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш талаб этилса.

Прокурорнинг даъводан бош тортиши, даъво талаблари миқдорини камайтириши, даъво асоси ёки мавзусини ўзгартириши даъвогарни даъво талабларини дастлабки тарзда сақлаб туриш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.



68-модда. Ҳакамлик жараёнида бошқа шахсларнинг

ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқаётган давлат идоралари

ва ўзга идораларнинг иштироки

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат идоралари ва ўзга идоралар юридик шахсларнинг ёхуд давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш тарзида даъво тақдим этишлари мумкин.

Мазкур идораларнинг ўзлари киритган даъводан воз кечишлари даъво бериш билан манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахсни иш моҳиятидан қараб чиқилишини талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Давлат идоралари ва ўзга идоралар қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳакамлик суди томонидан жараёнда иштирок этишга жалб қилиниши ёхуд ўз зиммаларига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида иш юзасидан хулоса бериш учун ўз ташаббусларига биноан жараёнга қўшилишлари мумкин.



69-модда. Хўжалик низоларини кўриб чиқишда

жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоалари

вакилларининг иштироки

Иш юзасидан томонлар ҳисобланган жамоат бирлашмалари ва ташкилотлар меҳнат жамоаларининг вакиллари ҳакамлик судига қараб чиқилаётган низо бўйича ўзларини вакил қилиб юборган бирлашмалар ҳамда жамоаларнинг фикрини баён этишлари учун низонинг ҳакамлик судида кўриб чиқилишида иштирок қилишга киритилади.

Жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоаларининг вакиллари иш материаллари билан танишиш, далил-исботларни кўздан кечириш ҳамда тадқиқ этишда қатнашиш (давлат ёки тижорат сирини қўриқлаш манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно), далил-исботларни тақдим этиш, низоларни қараб чиқиш давомида туғилаётган барча масалалар юзасидан ўз далил-асосларини келтириш, шунингдек иқтисодий муносабатларда қонунийлик бузилишининг сабабларини аниқлашда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар, ўзларига берилган процессуал ҳуқуқлардан қонунга қатъиян мувофиқ ҳолда фойдаланишлари шарт.

Жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоалари вакилларининг ваколатлари жамоат бирлашмаси ёки меҳнат жамоасининг сайлаб қўйиладиган идораси қабул қилган қарордан кўчирма билан гувоҳлантирилади.



IV БОБ. ДАЛИЛ-ИСБОТЛАР

70-модда. Далил-исботлар тушунчаси ва турлари

Ҳакамлик судининг томонлар талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар бор-йўқлигини қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай ҳаққоний маълумотлар, шунингдек хўжалик низосининг тўғри ҳал этилиши учун аҳамият касб этадиган бошқа ҳолатлар ишга оид далил-исботлар деб ҳисоблансин.

Бу маълумотлар: ёзма ва ашёвий далиллар, томонларга вакиллик қилувчиларнинг ва ҳакамлик жараёнида қатнашаётган бошқа шахсларнинг тушунтиришлари, шунингдек экспертларнинг хулосалари каби воситалар билан аниқланади.



71-модда. Исботлаш ва далил-исботларни

тақдим этиш мажбурияти

Ҳар бир томон ўз талаблари ва эътирозларининг асоси сифатида таянаётган ҳолатларни исботлаб бериши шарт.

Далил-исботлар томонлар ва ҳакамлик жараёнининг бошқа қатнашчилари томонидан тақдим этилади.



72-модда. Далил-исботларнинг тааллуқлилиги

ва уларга йўл қўйилиши

Ҳакамлик суди иш учун аҳамият касб этадиган далил-исботларнигина қабул қилади.

Қонунга биноан исботлашнинг муайян воситалари билан тасдиқланиши лозим бўлган ишга оид ҳолатлар ана шу воситалар билан тасдиқланмоғи керак.



73-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари

Ҳакамлик суди ҳаммага маълум деб эътироф этган ҳолатлар исботланишга муҳтож эмас.

Бир хўжалик низосини ҳал этиш чоғида ҳакамлик судининг (хўжалик низосини ҳал этувчи бошқа идоранинг) қарори билан аниқланган фактлар худди шу томонлар иштирок этаётган бошқа низоларни ҳал этишда қайтадан исбот қилинмайди.

Суднинг жиноий иш юзасидан қонуний кучга кирган ҳукми муайян хатти-ҳаракатлар содир этилган-этилмаганлиги ва улар ким томонидан содир этилганлигига оид масалалар бўйича низони ҳал этаётган ҳакамлик суди учун мажбурийдир.

Суднинг фуқаролик иши юзасидан қонуний кучга кирган қарори суд томонидан аниқланган ва иш учун аҳамиятли бўлган фактларга оид масалалар бўйича низони ҳал этаётган ҳакамлик суди учун мажбурийдир.



74-модда. Ёзма далил-исботлар

Хўжалик низосини тўғри ҳал этиш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган актлар, хатлар, бошқа ҳужжатлар ва материаллар ёзма далил-исботлар ҳисобланади.

Ёзма далил-исботларнинг асл нусхаси ёки уларнинг гувоҳлантирилган нусхаси тақдим этилади. Башарти низони ҳал қилиш учун ҳужжатнинг бир қисмигина аҳамиятли бўлса, унинг гувоҳлантирилган кўчирмаси тақдим этилади.

Ишнинг ҳолатлари қонунларга биноан фақат ҳужжатларнинг асли билан гувоҳлантирилиши лозим бўлганда, шунингдек ҳакамлик судининг талабига кўра бошқа зарур ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилади.



75-модда. Ашёвий далил-исботлар

Хўжалик низосининг тўғри ҳал этилиши учун аҳамияти бўлган ҳолатларни аниқлаш воситалари бўлиб хизмат қиладиган буюмлар ашёвий далил-исботлар ҳисобланади.



76-модда. Далил-исботларни талаб қилиб олиш

Башарти, томонлар тақдим этган далил-исботлар етарли бўлмаса, ҳакамлик суди ишда қатнашаётган-қатнашмаётганлигидан қатъи назар, ташкилотлардан хўжалик низосини ҳал қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, маълумотларни ва хулосаларни тақдим этишларини талаб қилишга ҳамда билвосита улар жойлашган ерда шундай материаллар билан танишишга ҳақлидир.

Далил-исботлар сўраб олинишини илтимос қилаётган томон, прокурор ушбу далил-исботлар воситасида иш учун аҳамиятли бўлган қайси ҳолатлар аниқланиши мумкинлигини кўрсатишлари шарт.

Ҳакамлик суди томони ташкилотлардан, улар ишда қатнашаётган-қатнашмаётганликларидан қатъи назар, далил-исботлар олиш учун вакил қилиши мумкин.



77-модда. Далил-исботларни улар турган

жойда кўздан кечириш ва тақдим этиш

Ҳакамлик суди далил-исботларни тақдим этиш қийин бўлган ҳолларда уларни турган жойида кўздан кечириши ва тақдим этиши мумкин.

Далил-исботларни кўздан кечириш ва тақдим этиш натижалари юзасидан баён тузилиб, уни ҳакам ҳамда далил-исботларни кўздан кечириш ва тадқиқ этишда қатнашган томонларнинг вакиллари имзолайдилар. Баён ишга илова қилиб қўйилади.



78-модда. Ёзма ва ашёвий далил-исботларни қайтариш

Ишда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг асл нусхалари хўжалик имзоси ҳал этиб бўлинганидан сўнг ушбу ҳужжатларнинг гувоҳтирилган нусхалари тақдим этилгач, ташкилотларнинг илтимосига кўра уларга қайтарилади.

Ҳакамлик судида мавжуд бўлган ашёвий далил-исботлар низо ҳал этилганидан сўнг, улар қайси ташкилотлардан олинган бўлса, ана шу ташкилотларга қайтарилади ёки ҳакамлик суди қайси ташкилотларнинг ушбу ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини эътироф этган бўлса, ўша ташкилотларга топширилади.



79-модда. Ташкилотлар мансабдор шахсларининг

ва бошқа ходимларининг тушунтиришлари

Хўжалик низосининг моҳияти юзасидан тушунтириш бериш учун чақирилган ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари ҳакамлик жараёнида иштирок этишлари мумкин. Мазкур шахслар ҳакамлик судига унинг чақириғига биноан келишлари, иш юзасидан ўзларига аён бўлган ахборот ва ҳолатларни маълум қилишлари, ҳакамлик судининг талабларига кўра ёзма равишда тушунтиришлар тақдим этишлари, ҳакамнинг ва ҳакамлик жараёнида қатнашаётган шахсларнинг саволларига жавоб қайтаришлари шарт.



80-модда. Экспертиза тайинлаш ва уни ўтказиш

Хўжалик низосини ҳал этишда туғиладиган ва махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун ҳакамлик суди экспертиза тайинлайди.

Ҳакамлик жараёнининг қатнашчилари ҳакамлик судига эксперт томонидан тушунтириш берилиши лозим бўлган масалаларни тақдим этишга ҳақлидирлар.

Экспертнинг хулосаси талаб қилинадиган масалаларнинг узил-кесил доирасини ҳакамлик суди ажримда белгилаб беради.

Экспертизани ўтказиш ваколати ташкилотларга ёки бунинг учун зарур билими бўлган мутахассисларга бевосита топширилиши лозим. Экспертиза ўтказаётган шахслар иш материаллари билан танишиш ҳамда ҳакамлик жараёнининг қатнашчиларидан қўшимча материалларни сўраб олиш ҳуқуқига эгадирлар. Зарур бўлган ҳолларда экспертиза томонларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади.



81-модда. Экспертнинг хулосаси

Экспертнинг хулосаси ўтказилган тадқиқотларнинг батафсил баёнини, уларнинг натижалари бўйича чиқарилган хулосаларни ҳамда ҳакамлик суди қўйган масалаларга берилган асосли жавобларни ўз ичига олиши керак. Хулоса ҳакамлик судига ёзма равишда тақдим этилади ҳамда унинг нусхалари томонларга юборилади.

Агар экспертизани ўтказиш чоғида ҳакамлик суди ўртага қўймаган, лекин хўжалик низосини тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар аниқланса, эксперт хулосада ушбу ҳолатлар бўйича ҳам фикрларини баён этади.

Экспертнинг хулосаси етарлича аниқ ёки тўла-тўкис бўлмаган ҳолларда ҳакамлик суди қўшимча экспертиза тайинлаши мумкин.

Экспертнинг хулосасига қўшилмаган тақдирда ҳакамлик суди такрорий экспертиза тайинлаши мумкин ва уни ўтказиш бошқа экспертга топширади.



82-модда. Далил-исботларни баҳолаш

Ҳакамлик суди барча далил-исботларни қонунга амал қилган ҳолда ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холис тадқиқ этишга асосланган ўз ички комил ишончига кўра баҳолайди.

Ҳар қандай далил-исбот ҳам ҳакамлик суди учун олдиндан белгиланган кучга эга эмас.

Бир томон ўзининг талаблари ёки эътирозларини асослаш учун фойдаланган далилий маълумотлар ва ҳолатларни иккинчи томоннинг эътироф этиши ҳакамлик суди учун мажбурий эмас.

Экспертнинг хулосаси ҳакамлик суди томонидан мажлисда муҳокама қилинади ва иш юзасидан бошқа барча далил-исботлар билан биргаликда баҳоланади.

Экспертнинг хулосаси ҳакамлик суди томонидан рад этилиб, бунинг сабаблари қарорда кўрсатилиши мумкин.



V БОБ. ҲАКАМЛИК САРФ-ХАРАЖАТЛАРИ

83-модда. Ҳакамлик сарф-харажатларининг таркиби

Ҳакамлик сарф харажатлари давлат божидан ва ҳакамлик суди тайинланган экспертизани ўтказганлик учун тўланиши лозим бўлган маблағлардан иборат бўлади.



84-модда. Давлат божи

Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилгандан бошқа ҳолларда даъво аризалари ва ҳакамлик суди қарорининг қонунийлиги ҳамда асослилигини текшириш ҳақидаги аризалар учун давлат божи тўланади.

Пул маблағларини чет эл валютасида ундириш тўғрисидаги низолар бўйича давлат божи чет эл валютасида тўланиб, у валюта счётига киритилади.



85-модда. Давлат божини тўлаш

Давлат божи Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда ва миқдорларда республика бюджетига тўланади ёки ундириб олинади.

Даъво талабларининг ҳажми оширилган тақдирда давлат божининг етмаётган маблағи даъвонинг оширилган баҳосига мувофиқ равишда тўланади.



86-модда. Давлат божини қайтариш

Давлат божи қонунларда белгиланган ҳолларда қайтариб берилиши керак.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида, ажримда, қарорида давлат пошлинасини тўла-тўкис ёки қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилади.



87-модда. Экспертиза ўтказилганлиги учун

тўланадиган пул миқдорини белгилаш

Экспертиза ҳақ тўлаш эвазига ўтказилгани тақдирда, унга оид сарф-харажатлар тегишли тартибда белгиланган ҳақ ставкаларини ҳамда сарфланган вақтни эътиборга олиб ҳакамлик суди томонидан қарорда белгиланади.

Экспертларга ҳакамлик судида ҳозир бўлиш учун қилган йўл харажатлари ва уй-жойни ижарага олиш харажатлари тўланади ҳамда хизмат командировкаларига юборилаётган ходимлар учун қонунларда белгиланган миқдорларда суткалик пуллар берилади.



88-модда. Ҳакамлик сарф-харажатларининг тақсимланиши

Давлат божи:

1) шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш чоғида юзага келадиган низолар бўйича - таклифлар қабул қилинмаган томон зиммасига ёхуд томонлардан ҳар бирининг таклифларидан бир қисми ҳакамлик суди томонидан рад этилган тақдирда - иккала томон зиммасига;

2) шартномаларни бажариш чоғида ёки бошқа асосларга биноан юзага келадиган низолар бўйича - қондирилган даъво талабларининг миқдорига мутаносиб равишда томонлар зиммасига юкланади.

Агар иш томоннинг нотўғри хатти-ҳаракатлари оқибатида (муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш тўғрисидаги таклифларни жавобсиз қолдириш, жавобгар ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш учун талаб қилган ҳужжатларни даъвогарнинг юбормаслиги ва шу кабилар) келиб чиққан бўлса, ҳакамлик суди ишнинг якунидан қатъи назар, давлат божи юзасидан сарф-харажатларни шу томоннинг зиммасига юклашга ҳақлидир.

Даъвогар давлат божи тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган бўлса, бу давлат божи қондирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан (башарти, жавобгар божни тўлашдан озод қилинмаган бўлса) бюджет фойдасига ундириб олинади.

Қарор қайси томоннинг фойдасига чиқарилган бўлса, ҳакамлик суди шу томоннинг давлат божига оид сарф-харажатларини иккинчи томон (гарчи у бож тўлашдан озод қилинган бўлса ҳам) ҳисобидан қоплайди.

Экспертиза ўтказилганлиги учун тўланиши лозим бўлган пуллар: даъво қондирилган тақдирда - жавобгар зиммасига; даъво рад этилган тақдирда - қондирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда ҳар иккала томон зиммасига юкланади.

Агар томонлар ўртасидаги келишувда ҳакамлик сарф-харажатларининг тақсимоти назарда тутилган бўлса, ҳакамлик суди ушбу келишувга мувофиқ қарор қабул қилади.



VI БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР

89-модда. Процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблаш

Процессуал ҳаракатлар қонунда белгиланган муддатларда бажарилади. Қонунда процессуал муддатлар белгилаб қўйилмаган ҳолларда улар ҳакамлик суди томонидан тайинланади.

Процессуал ҳаракатларни бажариш муддатлари албатта рўй бериши лозим бўлган воқеа кўрсатилган ҳолда аниқ календарь куни ёки вақт даври билан белгиланади. Сўнгги ҳолда ҳаракат бутун давр мобайнида бажарилиши мумкин.

Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат унинг бошланиши белгилаб қўйилган календарь кундан ёки воқеа рўй берганидан кейинги кундан бошланади.



90-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши

Йиллар билан ҳисобланадиган муддат сўнгги йилнинг тегишли ойи кунида тугайди. Ойлар билан ҳисобланадиган муддат ана шу муддатнинг тегишли ойида ҳамда сўнгги ойининг тегишли кунида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири унда тегишли кун йўқ бўлган ойга тўғри келиб қолса, муддат ушбу ойнинг сўнгги кунида тугайди.

Муддатнинг сўнгги куни дам олиш кунига тўғри келиб қолган тақдирда, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

Бажарилиши учун муддат белгилаб қўйилган процессуал ҳаракатлар муддатнинг сўнгги куни соат 24 гача бажарилиши мумкин. Башарти даъво аризаси, даъво аризаси ҳақидаги фикр, қарорнинг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳақидаги ариза, қарорни қайта кўриб чиқишга оид ариза ҳамда бошқа ҳужжатлар почта ёки телеграфга муддатнинг сўнгги куни соат 24 гача топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган деб ҳисобланмайди.



91-модда. Процессуал муддатларнинг тўхтатилиши

Иш юритиш тўхтатилиши биланоқ барча тугамаган процессуал муддатлар тўхтатилади. Иш юзасидан ижро қайтадан бошланган кундан бошлаб процессуал муддатлар давом этади.



92-модда. Процессуал муддатларни қайта тиклаш ва узайтириш

Ҳакамлик суди томоннинг, прокурорнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан қонунда белгиланган процессуал муддат ўтказиб юборилиши сабабини узрли деб топиб, ўтказиб юборилган муддатни қайта тиклайди.

Ўтказиб юборилган муддат қайта тикланганлиги тўғрисида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида, ажримида ёки қарорида ёзиб қўйилади. Муддатни қайта тиклаш рад этилганлиги хусусида ажрим чиқарилади.

Томон ушбу ажримнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш ҳақида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Ҳакамлик суди тайинланган муддатлар томоннинг, прокурорнинг аризасига биноан ёки ҳакамлик судининг ташаббусига кўра узайтирилиши мумкин.



VII БОБ. ТОМОНЛАРНИНГ ЎЗ ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИНИ

МУРОСАГА КЕЛТИРИШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ

93-модда. Даъволарни тақдим этиш тартиби

Мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган ташкилот бу ҳуқуқлари ва манфаатларини бузган ташкилотларга даъво қилишга ҳақлидир.

Даъво ёзма равишда тақдим этилади.

Даъвода қуйидагилар кўрсатилади:

даъво қилаётган ва даъво қаратилган ташкилотларнинг номлари; даъво берилган кун ва унинг тартиб рақами;

даъвони бериш учун асос бўлган ҳолатлар; даъвода кўрсатилган ҳолатларни тасдиқловчи далил-исботлар;

аризачининг талаби;

даъвонинг суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, даъво аризаси бераётганнинг тўлов ва почта маълумотлари;

даъвога илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Даъво ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Даъво буюртма хат билан ёки қимматли хат шаклида жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Юкларни ташиш ва алоқа хизмати кўрсатиш юзасидан транспорт ва алоқа ташкилотларга қаратилган даъволарни тақдим этиш тартиби ва муддатлари тегишли қонунларда белгиланади.



94-модда. Даъволарни қараб чиқиш тартиби ва муддатлари

Даъво тақдим этилган ташкилот даъвони олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт.

Даъвога берилган жавоб ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Даъвога берилган жавоб буюртма хат билан ёки қимматли хат шаклида жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Даъвони бир ой муддат ичида қараб чиқиш тартиби бузилган ёки даъво жавобсиз қолдирилган ҳолларда ҳакамлик суди хўжалик низоларини қараб чиқаётганда бундай тартиббузарликка йўл қўйган ташкилотдан даъво суммасининг 2 фоизини, лекин камида 100 сўм ёки кўпи билан 1000 сўм пулни республика бюджети фойдасига ундиришга ҳақлидир.

Даъвони бутунлай ёки қисман тан олган тақдирда ташкилот ана шу тан олинган суммани ихтиёрий равишда аризачига ўтказади.

Даъвони тан олиш тўғрисидаги жавоб тан олинган суммани ўтказиш тўғрисида маълум қилинмаган бўлса, даъво аризасини берувчи жавоб олгандан кейин 20 кунлик муддат ўтгач, қарздор тан олган суммани сўзсиз чегириб олиш хусусидаги фармойишни банкка тақдим этишга ҳақлидир. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади.

Даъвони қондиришдан бутунлай ёки қисман бош тортилган ҳолларда ёки жавоб ўз муддатида олинмаган тақдирда аризачи ҳакамлик судига даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



95-модда. Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор

қилиш пайтида юзага келган келишмовчиликларни ҳал этиш

Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш пайтида ташкилотлар ўртасида юзага келган келишмовчиликлар шартнома лойиҳаси, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида таклиф олинган кундан бошлаб 10 кунлик муддат ичида ташкилот раҳбари ёки ташкилот раҳбарининг ўринбосарлари томонидан қараб чиқилади.

Шартнома шартлари қабул қилинса, унинг лойиҳаси имзоланади ва шартноманинг иккинчи нусхаси шартнома лойиҳасини йўллаган томонга қайтарилади. Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги таклифлар қабул қилинганлиги ҳақида иккинчи томонга хат жўнатилади.

Шартнома шартлари бўйича эътирозлар бўлган тақдирда шартнома лойиҳасини олган ташкилот эътирозлар баёнини тузади, бу ҳақда шартномада қайд этиб қўяди ва 10 кунлик муддат ичида икки нусхада тайёрланган эътирозлар баёнини имзоланган шартнома билан иккинчи томонга жўнатади.

Эътирозлар баёнини олган ташкилот 20 кунлик муддат ичида шартнома тузилаётган томон билан уни қараб чиқиши ва шу муддатда муросага келинмаган масалаларни ҳакамлик судининг муҳокамасига йўллаши шарт.

Баҳсли масалалар шу муддатларда ҳакамлик суди муҳокамасига киритилмаган ҳолларда шартнома келишмовчиликлар баёни таҳрирда тузилган деб ҳисобланади.

Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги таклифга жавоб олинмаганда ёки рад жавоби олинганда манфаатдор томон 20 кунлик муддат ичида ҳакамлик судига мурожаат қилишга ҳақлидир.



VIII БОБ. ДАЪВОНИНГ ТАҚДИМ ЭТИЛИШИ

ВА ИШ ЮРИТИШНИНГ БОШЛАНИШИ

96-модда. Ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда

тартибга солиш чора-тадбирларини кўриш

Низо томонлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирларини кўрганларидан сўнггини ҳакамлик судининг ҳукмига ҳавола этилиши мумкин.

Прокурорнинг аризасига биноан ишларни қўзғатиш томонлар уқтирилган чора-тадбирларни кўрган-кўрмаганлигидан қатъи назар амалга оширилади.

Томонлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирларини кўрган-кўрмаганлигидан қатъи назар, учинчи шахслар ишга қўшилади ёки ишда қатнашишга жалб қилинади.



97-модда. Даъво аризасининг шакли ва мазмуни

Даъво аризаси ҳакамлик судига ёзма равишда берилади ҳамда ташкилотнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) томонларнинг номи ва бўйсунуви; уларнинг манзилгоҳи;

2) башарти, даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;

3) даъво талаби асосланган ҳолатлар, аризада баён этилган ҳолатларни тасдиқловчи далил-исботлар, ундирилаётган ёки баҳсга сабабчи бўлган маблағнинг асосли ҳисоб-китоблари, даъво тақдим этиш учун асос бўлган қонунлар;

4) жавобгарлардан ҳар бири ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирларини кўрганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

5) даъво талаби; башарти даъво бир неча жавобгарга қаратилган бўлса - уларнинг ҳар бирига нисбатан қўйилган талаб;

6) аризага илова қилинаётган ҳужжатлар ва бошқа далил-исботларнинг рўйхати.

Агар улар низони тўғри ҳал этиш учун керакли бўлса, даъво аризасида бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.



98-модда. Даъвонинг баҳоси

Даъвонинг баҳоси:

пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича - ундирилаётган маблағдан ёки ижро этишга оид ҳужжатга ёхуд ундириш ҳеч сўзсиз (акцептсиз) тартибда ўтказилишига олиб келадиган бошқа ҳужжатга кўра баҳслашишга сабаб бўлган маблағга қараб;

эгалик ҳуқуқига оид ва мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича  мол-мулкнинг баҳосига қараб белгиланади.

Даъвонинг баҳосига даъво аризасида уқтирилган неустойка (жарима, пеня) маблағлари ҳам киради, агар улар уқтирилмаган бўлса, бу маблағларни ҳакам белгилайди.

Бир неча мустақил талаблардан иборат бўлган даъвонинг баҳоси барча талабларнинг жами қиймати билан белгиланади.

Даъво баҳоси нотўғри уқтирилган тақдирда у ҳакам томонидан белгиланади.



99-модда. Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар

Даъво аризасига:

1) жавобгарлардан ҳар бири ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирларини кўрганлигини;

2) жавобгарга даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганлигини;

3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини;

4) даъво талабини қўйиш учун асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Муайян ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топишга оид аризага баҳслашувга сабаб бўлаётган ҳужжатнинг нусхаси ёки ундан олинган гувоҳлантирилган кўчирма илова қилинади.

Шартнома тузишга мажбур қилганлик тўғрисидаги аризага шартноманинг лойиҳаси илова қилинади.



100-модда. Даъво аризасининг ва унга илова қилинадиган

ҳужжатларнинг нусхаларини юбориш

Аризачилар даъво тақдим этиш чоғида томонларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини, башарти, бу нусхалар томонларда йўқ бўлса, юборишлари шарт.



101-модда. Бир неча даъво аризаларини

бирлаштириш ёки ажратиш

Башарти, келиб чиқиш асосларига кўра тақдим этилган далил-исботларга биноан бир неча талаб ўзаро боғлиқ бўлса, бу талаблар даъво аризасида бирлаштирилиши мумкин.

Ҳакам айни бир хил томонлар қатнашаётган бир турдаги бир неча даъво аризаларини ёки ишларни битта ишга бирлаштиришга ҳақлидир. Бу ҳақда иш қўзғатишга доир ажримга ёки қарорга ёзиб қўйилади.

Даъво аризасини қабул қилаётган ҳакам бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечтасини, агар талабларни алоҳида кўриб чиқиш кўпроқ мақсадга мувофиқ деб топилса, алоҳида иш юритиш учун ажратиб олишга ҳақлидир.



102-модда. Даъво аризаси ҳақидаги фикр

Жавобгар иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги ажримни олган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай қуйидагиларни жўнатади:

ҳакамлик судига - даъво аризасига жавобни ва даъвога қарши эътирозларни тасдиқловчи барча ҳужжатларни;

даъвогарга, бошқа жавобгарларга, шунингдек ҳакамлик жараёнида қатнашаётган прокурорга - жавоб нусхасини.

Жавобни ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзолайди.

Бундай жавобда даъвогарнинг номи ва ишнинг тартиб номери; қонунларга, шунингдек даъво аризаси рад этилишига асос бўлган далил-исботларга таянган ҳолда даъвогарнинг талабини тўла ёхуд қисман рад этиш сабаблари; жавобгар илова қилинаётган ҳужжатлар ва бошқа далил-исботларнинг (шу жумладан даъвогарга, бошқа жавобгарларга, прокурорга жавобнинг нусхалари юборилганлиги тўғрисида) рўйхати кўрсатилади.



103-модда. Қарши даъво тақдим этиш

Жавобгар хўжалик низоси юзасидан қарор қабул қилингунга қадар дастлабки даъво билан биргаликда ҳал этмоқ учун даъвогарга қарши даъво тақдим этишга ҳақлидир. Қарши даъво дастлабки даъвога боғлиқ бўлиши керак.

Қарши даъвони бериш даъволарни беришнинг умумий қоидалари бўйича амалга оширилади.



104-модда. Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш

Ҳакам қуйидаги ҳолларда, яъни:

1) агар ариза ҳакамлик судида ҳал этишга оид бўлмаса;

2) агар томонлар ушбу низони холислар суди ҳал этсин деган битимга келган бўлсалар;

3) агар хўжалик низоларини ҳал этадиган идора ижросида худди шу томонлар ўртасидаги, худди шу мавзудаги ва худди шу асослар юзасидан низо бўйича иш мавжуд бўлса ёхуд ушбу идораларнинг қарори мавжуд бўлса, даъво аризасини қабул қилишни рад этади.

Даъво аризасини қабул қилишни рад этганлик тўғрисида ажрим чиқарилиб, у ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай томонларга ҳамда прокурорга юборилади.

Аризачига юборилаётган ажримга даъво материаллари илова қилинади.

Муайян томон ушбу ажримнинг қай даражада қонунийлиги ва асослилигини текширишга оид ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Ажрим бекор қилинган тақдирда даъво аризаси ҳакамлик судига дастлабки тарзда мурожаат қилинган куни берилган деб ҳисобланади.



105-модда. Даъво аризасини қайтариш

Ҳакам қуйидаги ҳолларда:

1) агар даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёки мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) агар даъво аризасида томонларнинг номи, уларнинг почта манзилгоҳи кўрсатилмаган бўлса;

3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигининг далил-исботлари тақдим этилмаган бўлса, шартномалар тузиш чоғида юзага келадиган хўжалик низолари бундан мустасно;

4) агар бир даъво аризасида бир ёки бир неча жавобгарга нисбатан бир қанча талаблар бирлаштириб қўйилган бўлиб, бу талаблар келиб чиқиш асосларига ёки тақдим этилган далил-исботларга кўра ўзаро боғлиқ бўлмаса;

5) агар жавобгарга даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганлигининг далил-исботлари тақдим этилмаган бўлса;

6) агар бошқа томон билан ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирлари кўрилганлигининг далил-исботлари тақдим этилмаган бўлса;

7) қонунга кўра қарз банк орқали олиниши лозим бўлганда, жавобгардан қарзни олиш учун банк муассасасига мурожаат қилинганлигининг далил-исботлари тақдим этилмаган бўлса;

8) агар иш юритиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар даъвогардан низо ҳал этилганлиги ҳақида ариза келиб тушса, даъво аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқмасдан туриб қайтаради.

Ҳакам даъво аризасини ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай қайтаради.

Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчилик бартараф этилганидан сўнг умумий тартибда ҳакамлик судига иккинчи марта даъво аризаси билан мурожаат қилинишига тўсиқ бўлмайди.



106-модда. Иш юритишни бошлаш

Ҳакам даъво аризасини қабул қилиб, иш юритишни бошлаш тўғрисида ажрим чиқаради ҳамда уни томонларга, ҳакамлик жараёнида қатнашаётган прокурорга юборади. Ушбу ажримда даъво аризаси қабул қилинганлиги, иш ҳакамлик судининг мажлисида ҳал этишга тайинланганлиги, мажлис ўтказиладиган вақт ва жой, ишни мажлисда ҳал этишга тайёрлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўладиган ҳаракатлар қайд этиб қўйилади.

Бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, маълумотлар ва хулоса сўраб олинган ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳакамлик судига чақирилган ҳолларда ажрим уларга ҳам юборилади.

Иш юритишни бошлаш тўғрисидаги ажрим ушбу Қонун 125-моддасининг талабларига риоя этилган ҳолда чиқарилади. Ажримда иш юритишни бошлашга асос бўлган маълумотлар ҳамда қоидабузарликнинг моҳияти ҳам кўрсатилади.



107-модда. Ишни мажлисда қараб чиқиш учун

материалларни тайёрлаш бўйича ҳакамнинг

ҳаракатлари

Хўжалик низосининг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш мақсадида ҳакам зарур ҳолларда ишни мажлисда кўриб чиқиш учун материалларни тайёрлаш бўйича қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

1) даъвогар кўрсатмаган ташкилотларни қатнашчи-томонлар сифатида ишда қатнашишга жалб этиш масаласини ҳал қилади;

2) ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш тўғрисида таклиф юборилмаган ташкилотларни жавобгарлар жумласидан чиқаради;

3) томонлар, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш вазифасини (ҳисоб-китобларни солиштириб чиқишни, далил-исботларни жойида кўздан кечириш ва шу кабиларни) юклайди;

4) томонлардан, бошқа ташкилотлардан низони ҳал этиш учун зарур ҳужжатларни, маълумотларни ҳамда хулосаларни сўраб олади;

5) экспертиза тайинлаш тўғрисидаги масалани ҳал этади;

6) ёзма ва ашёвий далил-исботларни жойида кўздан кечиради ҳамда тадқиқ қилади;

7) томонлар вакилларнинг ҳакамлик суди мажлисида ҳозир бўлишини мажбурий деб ёки мажбурий эмас деб топиш ҳақидаги масалани ҳал этади;

8) мансабдор шахсларни ишнинг моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериш учун чақириш ҳақидаги масалани ҳал этади;

9) ҳакамлик судининг мажлисини ташкилот жойлашган ерда ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал қилади;

10) низонинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.



IX БОБ. ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ

108-модда. Даъвони таъминлашнинг мақсади

Ҳакамлик суди қатнашчи-томоннинг, ҳакамлик жараёнида қатнашаётган прокурорнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббусига кўра даъвони таъминлаш чора-тадбирларни кўришга ҳақлидир. Башарти, бундай чора-тадбирларни кўрмаслик қарорнинг ижро этилишини қийинлаштириши ёхуд ижро этилишини йўққа чиқариши мумкин бўлса, даъвонинг таъминланишига йўл қўйилади.



109-модда. Даъвони таъминлаш чоралари

Қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:

1) жавобгарга тегишли мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш;

2) жавобгарнинг муайян хатти-ҳаракатларни содир этишини тақиқлаш;

3) бошқа шахсларнинг низо мавзуига оид хатти-ҳаракатларни содир этишини тақиқлаш;

4) даъвогар норозилик билдираётган ижро ҳужжатига ёки унга кўра жазолаш ҳеч сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳужжатга биноан ундириб олишни тўхтатиб қўйиш.

Даъво таъминланганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади. Томон ушбу ажримнинг қай даражада қонунийлиги ва асослилигини текшириш хусусида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



110-модда. Даъвони таъминлашнинг бекор қилиниши

Даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги масала ишни қараб чиқаётган ҳакамлик суди томонидан ҳал этилади, бу хусусда ҳал қилув қарорига ёки ажримга ёзиб қўйилади.



X БОБ. ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ

111-модда. Хўжалик низоларини ҳал этиш муддатлари

Низоларнинг қараб чиқилиши, ҳал қилув қарорларининг қабул қилиниши ва тарқатилиши мумкин қадар қисқа муддатларда, бироқ даъво аризаси олинган кундан бошлаб кўпи билан икки ой ичида амалга оширилиши шарт.

Бунда ҳал қилув қарори у қабул қилинган кундан бошлаб кўпи билан 5 кун ичида жўнатилади.

Иккала томоннинг илтимосномасига биноан қарор ўзгача, анча узоқроқ муддатда қабул қилиниши мумкин.



112-модда. Мажлисни олиб бориш тартиби

Хўжалик низолари ҳакамлик суди томонидан мажлисда томонлар вакилларининг иштирокида бир ёки уч ҳакамдан иборат таркибда кўриб чиқилади.

Мажлисни олиб бориш тартибини мажлисда раислик қилаётган ҳакам белгилайди. Ҳакам суднинг таркибини эълон қилади, ҳакамлик жараёнининг қатнашчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради ҳамда уларга тегишли ҳуқуқларнинг амалга оширилишига кўмаклашади.

Мажлисда даъвогар ва жавобгар вакилларининг, экспертнинг ҳамда мажлисда қатнашаётган бошқа шахсларнинг сўзи тингланади.

Ҳакам низони ҳал этиш учун ҳар қандай зарур далил-исботларни тақдим этишда ҳар бир томонга тенг ва тўла имконият бериши лозим.

Ҳакам томонлар муросага келишига кўмаклашади.



113-модда. Ҳакамнинг номзодини рад этиш

Ишда қатнашаётган шахслар хўжалик низосини ҳал этиш бошлангунга, башарти ҳакам шахсан низонинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса, унинг номзодини рад этишга ҳақлидирлар. Кечроқ рад этишга ишда қатнашаётган шахсга рад этиш асослари низони ҳал этиш бошланганидан сўнг маълум бўлиб қолган тақдирдагина йўл қўйилади. Рад этиш далил-асосли бўлиши лозим ҳамда ёзма шаклда билдирилади.

Рад этиш масаласини ҳакамлик судининг раиси ва унинг ўринбосари ёхуд тегишли ҳакамлик ҳайъатининг раиси ҳал қилади.

Ҳакамни рад этиш тўғрисидаги ариза қондирилган тақдирда низо ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосари ёхуд тегишли ҳакамлик ҳайъатининг раиси белгилайдиган бошқа ҳакам томонидан ҳал этилади ёки у қарорнинг қай даражада қонунийлиги ва асослилигини текширади.



114-модда. Экспертнинг номзодини рад этиш

Ишда қатнашаётган шахслар хўжалик ҳал этиш бошлангунча, башарти эксперт шахсан низонинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса, шунингдек унинг салоҳиятсизлиги сабабига асосланиб экспертнинг номзодини рад этишга ҳақлидирлар. Кечроқ рад этишга ишда қатнашаётган шахсга рад этиш асослари низони ҳал этиш бошланганидан сўнг маълум бўлиб қолган тақдирдагина йўл қўйилади. Рад этиш далил-асосли бўлиши лозим ҳамда ёзма шаклда билдирилади.

Экспертни рад этиш тўғрисидаги масалани мажлисда раислик қилаётган ҳакам ҳал қилади.



115-модда. Даъво аризасига билдирилган фикр ёки ҳакам

талаб қилган материаллар тақдим этилмаган тақдирда,

шунингдек томонлар вакилларининг иштирокисиз

хўжалик низосини ҳал этиш

Даъво аризасига билдирилган фикр ёки ҳакам талаб қилган материаллар тақдим этилмаган тақдирда иш ушбу масалага оид мавжуд бўлган материаллар бўйича ҳал этилиши мумкин.

Ҳакамлик судининг мажлисига томонларнинг вакиллари келмаган тақдирда, башарти ҳакамнинг фикрича бундай ҳозир бўлмаслик низонинг ҳал этилишига тўсиқ бўлмаса ҳамда томоннинг низо ўз вакилининг иштирокисиз ҳал этилишига қарши ёзма эътирозномаси йўқ бўлса, низо улар йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.



116-модда. Хўжалик низосини бевосита ташкилотда ҳал этиш

Ҳакамлик суди низони бевосита ташкилотда ҳал этишга ҳақлидир.

Ташкилотларнинг раҳбарлари бундай ҳолда ҳакамлик судининг мажлисини ўтказиш учун зарур шароитларни таъминлаб беришлари шарт.



117-модда. Ишни эшитишни кейинга

қолдириш, мажлисдаги танаффус

Ҳакамлик суди иш мазкур мажлисда ҳал этилиши мумкин бўлмаган ҳолларда ишни эшитишни кейинга қолдиришга ҳақлидир.

Ҳакамлик жараёнининг қатнашчилари навбатдаги мажлис ўтказиладиган вақт ва жой тўғрисида ҳакам томонидан ажрим ёки бошқа ёзма ҳужжат билан хабардор қилинадилар.

Ўта мураккаб хўжалик низолари ҳал этилаётганда ҳакам кейинчалик ҳал қилув қарорида буни кўрсатиб ўтиш шарти билан уч кундан ошмайдиган муддатга мажлисда танаффус эълон қилишга ҳақлидир.



118-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни қайта тиклаш

Хўжалик низосини ҳал этувчи идора муайян иш билан боғлиқ бошқа ишни ёки ваколатли идоралар тегишли масалани ҳал этгунига қадар бу муайян ишни кўриб чиқиш мумкин бўлмаган ҳолларда ҳакамлик уни юритишни тўхтатиб туради.

Ҳакамлик суди экспертиза тайинлаган, материалларни тергов идораларига юборган, ташкилот қайта тузилганлиги оқибатида бирон томон унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштирилган тақдирда ҳакамлик суди томоннинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақлидир.

Ҳакамлик суди ишнинг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг иш юритишни қайтадан давом эттиради.

Иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни қайтадан давом эттириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Қатнашчи томон ушбу ажримнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



119-модда. Иш юритишни тўхтатиш

Ҳакамлик суди қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатади:

1) агар хўжалик низоси ҳакамлик судида ҳал этилишига тегишли бўлмаса;

2) агар томонлар ушбу низони ҳал этиш учун холислар судига бериш тўғрисида битим тузган бўлсалар;

3) агар айни бир томонлар ўртасида, айни бир мавзуда ва айни бир асосларга кўра келиб чиққан низо бўйича хўжалик низосини ҳал этувчи идоранинг қарори мавжуд бўлса;

4) агар аризачи жавобгар билан ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чораларини кўрмаган ҳамда бундай тартибга солиш имконияти йўққа чиққан бўлса;

5) агар ишдаги қатнашчи-томон ҳисобланган ташкилот тугатилган бўлса.

Иш юритиш тўхтатилган тақдирда айни бир томонлар ўртасида айни шу мавзуда ва айни бир асосларга кўра келиб чиққан низо юзасидан ҳакамлик судига иккинчи бор мурожаат қилинишига йўл қўйилмайди.

Иш юритиш тўхтатилганлиги ҳақида ажрим чиқарилиб, унда ҳакамлик сарф-харажатларини томонлар ўртасида тақсимлашга, бюджетдан давлат божини қайтаришга, шунингдек мазкур Қонун 122-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жаримани ундиришга оид масалалар ҳал этилиши мумкин.

Томонлар ушбу ажримнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



120-модда. Даъвони қараб чиқмай қолдириш

Ҳакамлик суди қуйидаги ҳолларда даъвони қараб чиқмай қолдиради:

1) агар даъво аризаси имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан, ёхуд мансаб лавозими қайд этилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) агар хўжалик низосини ҳал этувчи идоранинг ижросида айни бир томонлар ўртасида, айни шу мавзуда ва айни бир асосларга кўра келиб чиққан низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

3) агар аризачи қонунларга биноан жавобгардан қарзни банк орқали олиши керак бўлиб, бу хусусда банк муассасасига мурожаат қилмаган бўлса;

4) агар даъвогар ҳакамлик суди томонидан талаб қилинган, низони ҳал этиш учун керакли бўлган материалларни узрли сабабларсиз тақдим этмаган бўлса;

5) агар аризачи жавобгар билан ўзаро муносабатларни ихтиёрий равишда тартибга солиш чора-тадбирларини кўрмаган ва бундай тартибга солиш имконияти йўққа чиққан бўлса.

Даъво қараб чиқилмай қолдирилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилиб, унда ҳакамлик сарф-харажатларини томонлар ўртасида тақсимлашга, бюджетдан давлат божини қайтаришга, шунингдек мазкур Қонун 122-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жаримани ундиришга оид масалалар ҳал этилиши мумкин.

Қатнашчи-томон ушбу ажримнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.

Даъвони қараб чиқмай қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг даъвогар ҳакамлик судига умумий тартибда қайтадан даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



121-модда. Ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши

Хўжалик низосини моҳиятан ҳал қилишда (даъвони қондириш, даъвони тўла ва қисман рад этиш) ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ҳал қилув қарори мажлисда ишнинг барча ҳолатларини томонларнинг вакиллари иштирокида муҳокама қилиш натижаларига қараб қабул қилинади.

Ҳал қилув қарори томонлар ўртасида эришилган битимни ҳисобга олиб, башарти у қонунларга, ишнинг ҳақиқий ҳолатларига ва материалларига зид бўлмаса, ишнинг ҳақиқий ҳолатларига ва материалларига зид бўлмаса, қабул қилинади.

Низо бир неча ҳакам томонидан ҳал этилаётган тақдирда ҳал қилув қарори ҳакамларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Фавқулодда ҳолларда алоҳида муҳим ишлар юзасидан ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши уч кундан ошмайдиган муддатга кечиктирилиши мумкин.

Ҳал қилув қарори ёзма шаклда баён қилинади ҳамда мажлисда раислик қилаётган ҳакам томонидан, башарти низони бир неча ҳакам ҳал этаётган бўлса, мажлисда қатнашаётган барча ҳакамлар томонидан имзоланади. Ҳал қилув қарорига рози бўлмаган ҳакам ўз фикрини ёзма баён қилади. Бу баён ишга илова этилади.



122-модда. Ҳал қилув қарорини қабул

қилишда ҳакамлик судининг ҳуқуқлари

Ҳакамлик суди қонунларга зид бўлган шартномани бутунлай ёки унинг муайян қисмини ҳақиқий эмас деб топади, шунингдек агар томонларнинг талаблари давлат идорасининг ёхуд бошқа идоранинг қонунларга мувофиқ келмайдиган ҳужжатига асосланган бўлса, ушбу талабларнинг қондирилишини рад этади.

Хўжалик низоси юзасидан қарор қабул қилишда ҳакамлик суди:

1) башарти ташкилотларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, даъво талабларидан четга чиқишга;

2) башарти даъвогар жазо чоралари тўғрисида талаблар қўймаган бўлса ёки қонунларни жавобгарнинг масъулиятини пасайтирмайдиган тарзда бузган бўлса, ундирилаётган неустойкани (жарима, пеня) республиканинг бюджет даромадига тўла ёхуд қисман ўтказишга;

3) мажбуриятни бузган томондан ундирилиши лозим бўлган неустоканинг (жариманинг, пенянинг) миқдорини фавқулодда ҳолларда камайтиришга;

4) қарорнинг ижро этилишини кечиктиришга ёки узайтиришга ҳақлидир.

Бундан ташқари ҳакамлик суди талаб қилган материалларни белгиланган муддатда жўнатмаганлик учун, даъво юзасидан фикр билдирмаганлик учун, ҳакамлик суди қатнашчи-томоннинг зиммасига юкланган ҳаракатларни содир этишдан бош тортганлик учун, шунингдек мансабдор шахс келиши шарт бўлгани ҳолда ҳакамлик судига келмаганлиги учун айбдор томондан республика бюджети фойдасига 500 сўм миқдорида жарима ундиришга ҳақлидир.



123-модда. Ҳал қилув қарорининг мазмуни

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори кириш, таърифлаш, далиллаш ва хулоса чиқариш қисмларидан иборат бўлади, бунда:

1) кириш қисмида ҳакамлик судининг номи, ишнинг тартиб рақами, қарор қабул қилинган кун, томонларнинг номи, даъвонинг баҳоси, ҳакамнинг (ҳакамларнинг) фамилияси, томонлар вакилларининг ҳамда ишни қараб чиқишда қатнашаётган бошқа шахсларнинг фамилияси ва мансаблари кўрсатилади. Хўжалик низоси ташкилотда ҳал этилган тақдирда бу ҳақда ҳам ҳал қилув қарорининг кириш қисмида айтиб ўтилади;

2) таърифлаш қисми даъвогар талабининг, даъво аризасига билдирилган фикрнинг, томонлар ва уларнинг вакиллари, низони ҳал этишда қатнашаётган бошқа шахслар берган аризалар, тушунтиришлар ҳамда илтимосномаларнинг қисқача баёни, ҳакамлик суди амалга оширган ҳаракатларнинг (бевосита улар ҳамда материаллар билан танишиш) тавсифини ўз ичига олиши лозим;

3) далиллаш қисмида: ишнинг ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатлари; низонинг келиб чиқиш сабаблари; ҳал қилув қарори қабул қилинишига асос бўлган далил-исботлар; башарти томонлар аҳдлашувга эришган бўлсалар, ушбу ёзма аҳдлашувнинг мазмуни; ҳакамлик суди томонларнинг илтимосномалари ва далил-исботларини, шартнома шартлари юзасидан уларнинг таклифларини ёки томонларнинг битимини рад этишига олиб келган далиллар; ҳал қилув қарорини қабул қилишда ҳакамлик суди амал қилган қонунлар кўрсатилади;

4) хулоса чиқариш қисми қўйилган ҳар бир талаб бўйича даъвони қондириш тўғрисидаги ёки даъвони тўла-тўкис ёхуд қисман рад қилиш ҳақидаги хулосани ўз ичига олмоғи керак. Ҳакамлик судининг хулосаси бирон-бир ҳолатларнинг рўй беришига ёки рўй бермаслигига боғлиқ (шартли қарор) бўлмаслиги лозим.

Даъво қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилади:

низо кимнинг фойдасига ҳал этилган бўлса, шу томоннинг номи ҳамда пул маблағлари ундириб олинган ёки муайян ҳаракатларни ҳам бажариши лозим бўлган томоннинг номи, ушбу ҳаракатларни бажариш муддатлари, шунингдек ҳал қилув қарорининг ижроси кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда пул маблағларини тўлаш муддатлари;

ундирилиши лозим бўлган маблағларнинг (моддий бойликлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун асосий қарзларнинг, зарарларнинг, неустойканинг, жариманинг, пенянинг, шунингдек мазкур Қонун 122-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жариманинг) миқдори;

пул маблағлари ундириб олинадиган счётнинг номи;

топширилиши лозим бўлган мол-мулкнинг номи ва унинг турган жойи (мол-мулкни топшириш тўғрисидаги низо бўйича);

ижро ҳужжатининг ёки ундиришни ҳеч сўзсиз тартибда (акцептсиз амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг (бу ҳужжат ижро этилмаслиги лозим деб топилган тақдирда) номи, тартиб рақами ва санаси, шунингдек ҳисобдан чиқарилмаслиги лозим бўлган маблағ.

Шартномани тузишда ёки ўзгартиришда юзага келган низо бўйича хулоса қисмида шартноманинг ҳар бир низоли шарти юзасидан қарор, шартнома тузишга мажбурлашга оид низо бўйича эса - томонлар шартнома тузишлари учун асос бўлган шартлар кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида шартнома қонунларга зид бўлган тақдирда, шартнома тўла-тўкис ёки унинг муайян қисми ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳақида уқтириб ўтилади.

Ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза қондирилган тақдирда хулоса қисмида ҳужжатнинг ҳамда уни чиқарган идоранинг номи, ҳужжатнинг тартиб рақами, у чиқарилган сана кўрсатилади, ҳужжат тўла-тўкис ёки қисман (айнан қайси қисми) ҳақиқий эмас деб топилади, ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризачининг талаби қондирилмаганда эса уни қондириш рад этилганлиги уқтириб ўтилади.

Агар томонлар ўртасида қараб чиқилаётган низо бўйича қонунларга, ишнинг ҳақиқий ҳолатларига ва материалларига мувофиқ келадиган аҳдлашувга эришилган бўлса, ҳакам ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида эришилган аҳдлашувнинг шартларини баён этади.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳакамлик сарф-ҳаражатларининг томонлар ўртасида тақсимланиши, бюджетдан давлат божининг қайтарилиши ҳақида кўрсатма берилади.

Ишда бир неча даъвогар ва жавобгар қатнашгани тақдирда ҳал қилув қарори низо уларнинг ҳар бирига нисбатан қандай ҳал этилганлиги кўрсатилади.

Дастлабки ва қарши даъво кўриб чиқилгани тақдирда ҳал қилув қарорида даъволардан ҳар бирининг кўриб чиқилиши натижалари кўрсатиб ўтилади.



124-модда. Ҳал қилув қарорининг эълон қилиниши

Қабул қилинган ҳал қилув қарори ҳакам томонидан иш кўриб чиқиш тугалланганидан кейин мажлисда эълон қилинади. Ҳакам фақат қарорнинг хулоса қисмини эълон қилишга ҳақлидир.Томонларга қарорнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш хусусида ариза бериш тартиби тушунтирилади.



125-модда. Ажрим чиқариш ва унинг мазмуни

Агар хўжалик низоси моҳиятан ҳал этилаётган бўлса (иш кўриш кечиктирилганда, иш юритиш тўхтатиб турилганда, тугатилганда, даъво кўриб чиқилмай қолдирилганда ва шу кабиларда), ҳакамлик суди ажрим чиқаради.

Ҳакамлик судининг ажрими қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

1) ҳакамлик судининг номини, ишнинг тартиб рақамини ва ажрим чиқарилган санани, томонларнинг номини, даъвонинг баҳосини, даъвогарнинг талабини, ҳакамнинг (ҳакамларнинг) фамилиясини, томонлар вакилларининг ҳамда ишни ҳал қилишда қатнашаётган бошқа шахсларнинг фамилиясини ва мансабларини;

2) низо моҳиятининг қисқача баёнини ёки ажрим чиқарилишига сабаб бўлган масаланинг мазмунини;

3) қонунларга таянган ҳолда ажрим чиқарилишининг сабабларини;

4) қараб чиқилган масала юзасидан хулосани;

5) томонлар, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳакамлик суди белгилаган муддатларда содир этиши лозим бўлган ҳаракатларга оид кўрсатмани.



126-модда. Хусусий ажрим

Хўжалик низосини ҳал этиш чоғида ташкилотнинг, давлат идораси ва бошқа идоранинг фаолиятида қонунлар бузилаётганлиги аниқланган тақдирда ҳакамлик суди хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Хусусий ажрим тегишли ташкилотларга, давлат идоралари ва бошқа идораларга, мансабдор шахсларга юборилади.



127-модда. Ҳал қилув қарорлари ва ажримларнинг юборилиши

Ҳал қилув қарорлари ва ажримлар томонларга жўнатилади ёки уларнинг вакилларига топширилади.



128-модда. Қўшимча қарор

Ҳакамлик суди томоннинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қўшимча қарор қабул қилишга ҳақлидир:

1) башарти, даъво аризасида баён этилган бирон-бир талаб бўйича қарор қабул қилинмаган бўлса;

2) башарти, ҳакамлик сарф-харажатлари тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.



129-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш ва тузатиш

Ҳакам қатнашчи-томоннинг аризасига биноан, ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда уни тушунтириб беришга, қарорда йўл қўйилган хатоларни ёки арифметик янглишишларни томоннинг аризасига ёхуд ўз ташаббусига кўра тўғрилашга ҳақлидир, бунда у қарорнинг моҳиятига дахл қилмайди.

Ҳал қилув қарори тушунтириб берилганлиги, шунингдек хатолар ёки арифметик янглишишлар тўғриланганлиги ҳақида ажрим чиқарилади.



XI БОБ. ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚАЙ

ДАРАЖАДА ҚОНУНИЙ ВА АСОСЛИЛИГИНИ

ТЕКШИРИШ

130-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний

ва асослилигини текшириш тўғрисидаги ариза билан

ҳакамлик судига мурожаат қилиш ҳамда раддия

киритиш ҳуқуқи

Қатнашчи-томон ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги ариза билан ҳакамлик судига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасининг прокурори, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари тегишли тарзда Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг, Қорақалпоғистон Республикаси ҳакамлик судининг ва вилоятлар ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорига нисбатан раддия киритишга ҳақлидирлар.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳакамлик судлари қабул қилган ҳал қилув қарорлари 500 сўмгача бўлган суммага оид бўлса, бу қарорларнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судига ариза бериб бўлмайди.



131-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қай

даражада қонуний ва асослилигини ўз ташаббусига

кўра текшириш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасининг Олий ҳакамлик суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ҳакамлик суди ўз ташаббуси билан ваколати доирасида исталган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқишга ҳақлидир.



132-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларининг

ҳал қилув қарорлари қай даражада қонуний ва асослилигини

текшириш борасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судлари чиқарилган ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини қуйидагича тартибда текширади:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди - Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг ҳакамлик ҳайъатида ва қуйи ҳакамлик судларида хўжалик низолари бўйича ҳал этилган ҳамда бу ҳал қилув қарори қай даражада қонуний ёки асослигини ушбу Қонунда белгиланган тартибда текширилгандан сўнг;

2) Қорақалпоғистон Республикаси ҳакамлик суди, вилоят ҳакамлик суди шу судлар ҳал этган низолар бўйича ҳал қилув қарорларининг қай даражада қонуний ва асослилигини текширади.

Ҳал қилув қарори қай даражада қонуний ва асослилиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди чиқарган қарор қатъий бўлади ва қайта кўриб чиқилмайди.



133-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний

ва асослилигини текшираётган суднинг таркиби

Ҳал қилув қарорларининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъатининг уч ҳакамидан иборат таркибдаги ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қонуний ва асослилигини текширади. Текшириш натижалари юзасидан қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Ҳал қилув қарорларини текширувчи ҳайъат бўлмайдиган ҳакамлик судларида қарорларни текшириш ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Ҳакамлик суди раисининг ўринбосарлари қабул қилган ҳал қилув қарори раис томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.



134-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва

асослилигини текшириш тўғрисидаги аризанинг ҳамда

ҳал қилув қарорига раддиянинг шакли ва мазмуни

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги ариза ҳамда ҳал қилув қарорига раддия ёзма равишда берилади. Улар ҳал қилув қарорини қабул қилган идоранинг номини, ишнинг тартиб рақамини, қарор қабул қилинган санани, томонларнинг номини, даъвонинг баҳосини, аризачининг ва прокурорнинг талабларини, шунингдек қонунларга ва иш материалларига таянган ҳолда ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ҳамда асослилигини текшириш тўғрисидаги масала қўйилишининг асосларини ўз ичига олиши шарт.

Аризани ташкилот раҳбари ёки раҳбарининг ўринбосари имзолайди.

Раддия прокурор ёки прокурорнинг ўринбосари томонидан имзоланади.



135-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний

ва асослилигини текшириш тўғрисидаги аризани

ҳамда прокурор раддиясини бериш тартиби

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги ариза ҳамда ҳал қилув қарорига раддия ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судларига юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳакамлик судларида ҳал этилган низо бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш учун ушбу низони ҳал қилган идорадан иш талаб қилиб олинади. Иш талабнома қабул қилиб олинганидан сўнг беш кунлик муддатда Олий ҳакамлик судига юборилиши керак.

Тегишли равишда аризанинг ва раддиянинг нусхалари томонларга, даъво аризасини юборган прокурорга жўнатилади.

Аризага унинг нусхаси жўнатилганлигини ҳамда давлат божи тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Раддияга унинг нусхаси юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида ариза берилиши ҳамда прокурорнинг раддия киритиши қарорнинг ижро этилишини тўхтатиб қўймайди.

Ҳакамлик суди томоннинг, ишда қатнашаётган прокурорнинг илтимосномасига биноан ёки ўз ташаббуси билан ҳал қилув қарорнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш ниҳоясига етгунга қадар қарорнинг ижросини тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.



136-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даража қонуний

ва асослилигини текшириш тўғрисидаги аризани бериш

ҳамда ҳал қилув қарорига раддияни киритиш муддатлари

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги аризани ҳамда ҳал қилув қарорига раддияни киритиш қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.



137-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва

асослилигини текшириш тўғрисидаги аризанинг ҳамда

ҳал қилув қарорига раддияга билдирилган фикр

Қатнашчи томон ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида ҳакамлик судига берилган аризанинг ёки ҳал қилув қарорига раддиянинг нусхасини олиши биланоқ шу судга, бошқа томонларга ва ишда қатнашаётган прокурорга ўз фикрини ариза ёхуд раддия кўриб чиқиладиган кунгача олиш таъминланадиган муддатда юборади.

Бундай фикрни ташкилотнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари имзолайди.



138-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва

асослилигини текшириш тўғрисидаги аризанинг ҳамда

ҳал қилув қарорига раддиянинг қайтарилиши

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги ариза ҳамда ҳал қилув қарорига раддия:

1) башарти, ариза ёки раддия уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) башарти, аризага унинг нусхаси томонларга ва даъво аризасини юборган прокурорга жўнатилганлигининг далиллари, раддияга эса унинг нусхаси томонларга жўнатилганлигининг далиллари илова қилинмаган бўлса;

3) башарти, аризага белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

4) башарти, ариза ёки раддия уни бериш учун белгиланган муддат тугаганидан сўнг ушбу муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимосномасиз берилган бўлса; агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинганидан сўнг бир йил ўтгач баён этилган бўлса, қараб чиқиш учун қабул қилинмайди ва қайтарилмайди.

Ариза ёки раддия, башарти уни қайтариб олиш тўғрисидаги ҳужжат ҳакамлик судига қарор қабул қилинишидан аввал келган бўлса ҳам қайтарилади.



139-модда. Мажлисда ҳал қилув қарорининг қай даражада

қонуний ва асослилигини текшириш, мажлис ўтказиладиган

вақт ҳамда жой тўғрисида хабардор қилиш

Мажлисда ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилиги ҳакамлардан бирининг раислиги остида текширилади.

Мажлис ўтказиладиган вақт ва жой тўғрисида томонларга, ишда қатнашаётган прокурорга, зарур ҳолларда ҳакамлик жараённинг бошқа иштирокчиларига хабар юборилади.



140-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний

ва асослилигини текшириш тўғрисидаги аризани ҳамда

ҳал қилув қарорига раддияни кўриб чиқиш муддатлари

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги ариза ҳамда ҳал қилув қарорига раддия:

Олий ҳакамлик судида қабул қилинган ҳал қилув қарорлари бўйича ариза ёки раддия келиб тушган кундан бошлаб;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳакамлик судларида қабул қилинган ҳал қилув қарорлар бўйича - иш келиб тушган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.



141-модда. Ҳал қилув қарорининг қай даражада

қонуний ва асослилигини текшириш бўйича

ҳакамлик судининг ваколатлари

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш натижалари бўйича:

ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;

ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;

ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва янги қарор қабул қилишга;

ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгитдан кўриб чиқиш учун топширишга;

ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва иш юргизишни тўхтатиш;

ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони кўриб чиқмай қолдиришга ҳақлидир.

Ҳал қилув қарори аризада ёки раддияда баён этилган далиллардан қатъи назар тўла ҳажмда текширилади.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш чоғида хўжалик низосини ҳал этишда ҳакамлик судига бериладиган ҳуқуқлардан фойдаланади.



142-модда. Ҳал қилув қарорини ўзгартириш

ёки бекор қилиш асослари

Қуйидагилар ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ҳисобланади:

1) иш учун аҳамият касб этадиган ҳолатларнинг тўла-тўкис аниқланмаганлиги;

2) иш учун аҳамият касб этадиган ва ҳакамлик суди аниқланган деб ҳисоблаётган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига номувофиқлиги;

4) моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, башарти бундай бузилиш нотўғри қарор қабул қилинишига олиб келган ёхуд олиб келиши мумкин бўлган тақдирда, қарорнинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши учун асос бўлади.



143-модда. Қарорнинг қабул қилиниши

Ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш натижалари юзасидан далил-исботли қарор қабул қилинади ҳамда бу қарор қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш бўйича ҳакамлик ҳайъатининг ҳакамлари томонидан, ҳайъат бўлмаган жойларда эса - ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

1) ҳакамлик судининг номи, ишнинг тартиб рақами ва қарор қабул қилинган сана, ариза берган томоннинг (томонларнинг) номи, раддия киритган прокурор, ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг таркиби ҳамда ҳакамлик судида тушунтириш берган шахслар ва уларнинг мансаблари;

2) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг, хўжалик низосини ҳал этувчи бошқа идоранинг номи, ишнинг тартиб рақами, қарор қабул қилинган сана, ҳал қилув қарорини қабул қилган шахсларнинг фамилиялари;

3) қабул қилган ҳал қилув қарори моҳиятининг қисқача баёни;

4) ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисидаги масала ўртага қўйилишининг асослари, ариза ёки раддияга билдирилган фикрда баён этилган далиллар;

5) қарор қабул қилинишига олиб келган сабаблар - бунда қонунларга ва иш материалларига таянилиши лозим;

6) ариза ёки раддияни қараб чиқиш натижалари юзасидан хулосалар;

7) томонлар ва ҳакамлик суди, низони қараб чиқаётган бошқа идора ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун бериш чоғида бажариш лозим бўлган ҳаракатлар.



144-модда. Қарордаги кўрсатмаларнинг мажбурийлиги

Қарордаги кўрсатмалар иш янгитдан кўриб чиқилаётган пайтда ҳакамлик суди, хўжалик низосини ҳал этувчи бошқа идора учун мажбурийдир. Қарор бирон-бир далил-исботнинг ишончлилиги ёхуд ишончли эмаслиги тўғрисидаги, бир далил-асосининг бошқасидан устунлиги ҳақидаги кўрсатмаларни, шунингдек хўжалик низоси янгитдан ҳал этилаётганда қандай қарор қабул қилиниши лозимлигини ўз ичига олиши мумкин эмас.



145-модда. Қарорларни тарқатиш

Қарорлар томонларга, ишда қатнашган прокурорга қабул қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда тарқатилади.



146-модда. Ажримларнинг қай даражада

қонуний ва асослилигини текшириш

Ажримларнинг қай даражада қонуний ва асослилиги ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда текширилади.



XII БОБ. ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИНГ НАЗОРАТ

ТАРТИБИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ПЛЕНУМИ ТОМОНИДАН

КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ

147-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг

Пленумига ҳал қилув қарорини назорат тартибида

кўриб чиқиш хусусида мурожаат қилиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик судининг Раиси, Прокурори хўжалик низолари юзасидан Олий ҳакамлик судида қабул қилинган ҳал қилув қарорига нисбатан раддия киритишга ҳақлидирлар.

Раддия ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунларига зид бўлган ёки республикаларнинг манфаатлари бузилганлиги тақдирда унинг қонуний ва асослилиги мазкур Қонунда белгиланган тартибда текширилгандан сўнг киритилади.



148-модда. Раддияни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик

суди Пленуми томонидан кўриб чиқиш тартиби

Олий ҳакамлик судининг Пленуми раддияни кўриб чиқиш чоғида Олий ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қай даражада қонуний ва асослилигини текширувчи ҳайъати раиси ёки аъзоси (ҳакам) нинг текшириш натижалари, иш ҳолатлари ҳамда раддия асослари тўғрисидаги маърузасини тинглайди.

Зарур ҳолларда тушунтириш бериш учун Пленум мажлисига томонларнинг вакиллари таклиф этилади. Бундай ҳолларда Пленум мажлиси тўғрисидаги хабар раддиянинг нусхаси томонларга юборилади.



149-модда. Олий ҳакамлик суди Пленумининг

қарор қабул қилиш тартиби

Раддия муҳокама қилинганидан сўнг ушбу Қонунда белгиланган тартибда қарор қабул қилинади.

Хўжалик низосини ҳал этишда (ҳал қилув қарорининг қай даражада қонуний ва асослилигини текширишда) қатнашган ҳакам овоз беришда қатнашишга ҳақли эмас.

Пленумнинг қарори қабул қилиниши биланоқ кучга киради ҳамда мазкур Қонуннинг XIV бобида белгиланган тартибда ижро этилади.



XIII БОБ. ЯНГИТДАН ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАРГА

КЎРА ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ

ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ

150-модда. Қайта кўриб чиқиш асослари

Ҳакамлик суди ўзи қабул қилган ҳал қилув қарорини иш учун муҳим аҳамият касб этадиган ҳамда аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўла олмайдиган янгитдан очилган ҳолатларга биноан қайта кўриб чиқиши мумкин.



151-модда. Ариза бериш тартиби ва муддати

Янгитдан очилган ҳолатларга кўра қарорни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза қарорнинг қайта кўриб чиқилиши учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай берилиши мумкин.

Аризачи бошқа томонга аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхасини юбориши шарт.

Аризага бошқа томонга аризанинг нусхаси юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Ариза белгиланган муддат тугаганидан сўнг берилган тақдирда ёки аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаси бошқа томонга юборилганлигининг далил-исботлари тақдим этилмаган тақдирда у кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди ҳамда аризачига қайтарилади.



152-модда. Ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш

Кўриб чиқилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган тегишли ҳакамлик ҳайъатининг ҳаками (ҳакамлари), ҳайъат бўлмаган жойда ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакам ҳал қилув қарорини қайтадан кўриб чиқади.

Янгитдан очилган ҳолатларга кўра ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш мазкур Қонуннинг тегишли равишда X, XI ва XII бобларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Янгитдан очилган ҳолатларга кўра ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш хусусидаги ариза келиб тушган тақдирда ҳакамлик суди, башарти биринчи галдаги ҳал қилув қарори ижро этилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қайта кўриб чиқилиши ниҳоясига етгунча ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туришга ҳақлидир.

Янгитдан очилган ҳолатларга кўра қабул қилинган ҳал қилув қарори мазкур Қонуннинг XI ва XII бобларида белгиланган тартибда текширилиши мумкин.



XIV БОБ. ҚАРОРЛАРНИНГ ИЖРО ЭТИЛИШИ

153-модда. Ҳакамлик судининг буйруғи ва

унинг ижро этиш учун юборилиши

Ҳакамлик судининг қарори ҳакамлик суди берадиган буйруққа асосан Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ ижро этилади. Буйруқ ижро ҳужжати ҳисобланади ва қарор билан биргаликда юборилади.

Пул маблағларини ундиришга оид буйруқ уни ундирувчи шахсга топширилади ёки буюртма хат ёхуд қийматли хат билан унга юборилади. Маблағлар бюджет фойдасига ундирилаётганида буйруқ солиқ идорасига юборилади ҳамда белгиланган тартибда банк муассасаси орқали ижро этилади. Қолган буйруқлар суд ижрочилари томонидан бажарилади.

Биринчи галдаги ва қарши даъволар тўла ёки қисман қондирилган тақдирда ундириш хусусидаги буйруқлар ҳар бир даъво бўйича алоҳида берилади.



154-модда. Буйруқнинг мазмуни

Ҳакамлик судининг буйруғида:

1) буйруқ берилишига асос бўлган ишнинг тартиб рақами қарор қабул қилинган кун, буйруқ берилган кун ва унинг амал қиладиган муддати;

2) ҳал қилув қарорининг хулоса қисми кўрсатилиши лозим.

Агар ҳал қилув қарорини қабул қилишда ижрони кечиктириш ёки бу муддатни чўзиш белгиланса, буйруқда у амал қиладиган муддатнинг бориши қайси пайтдан бошланиши кўрсатилади.

Суд ижрочиси томонидан ижро этилиши лозим бўлган ёки солиқ идорасига юбориладиган буйруқда қарздорнинг манзилгоҳи ҳам кўрсатилади.

Буйруқ ҳакам томонидан имзоланади ва буйруқ чиқарган ҳакамлик судининг муҳри билан тасдиқланади.



155-модда. Ижро этилиши учун буйруқни тақдим қилиш муддати

Буйруқ ундирувчи шахсга ижро этиш ҳал қилув қарори қабул қилинган ёхуд қарорнинг ижросини кечиктирилган ёки чўзилган тақдирда белгиланган муддат тугаган кундан бошлаб ёинки буйруқни ижро этиш учун тақдим қилишнинг ўтказиб юборилган муддатини қайта тиклаш ҳақида ажрим чиқарилган кундан бошлаб уч ойдан кечиктирмай тақдим этилиши мумкин. Ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб қўйилган давр ушбу муддатга кирмайди.

Банк муассасаси ёки ижрочиси томонидан буйруқни ижро этиш имкони бўлмаган ва буйруқ шу муносабат билан ижро этилмай қайтарилган тақдирда ижро этилиши учун буйруқни тақдим этишнинг янги уч ойлик муддати у қайтарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Ҳал қилув қарорини ижро этиш муддати ижро этилиши учун буйруқ тақдим қилиниши билан тўхтатилади.



156-модда. Қарорни ижро этмаганлик учун жавобгарлик

Ижро учун буйруқ тақдим этилган идора пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ҳакамлик судининг қарорини ижро этмаганлиги учун ҳакамлик суди қатнашчи-томоннинг аризасига ёки ўз ташаббусига кўра унга ундириладиган маблағнинг 5 фоизи миқдорида жарима солади. Жарима республика бюджети фойдасига ундирилади.

Жарима солинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади. Жарима солинган идора ажримнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш хусусида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ҳал қилув қарорини ижро этиши шарт бўлган мансабдор шахс ҳакамлик судининг қарорини ижро этмаганлиги учун қонунда умумий суд қарорини ижро қилмаганлик учун белгиланган тарзда жавобгар бўлади.



157-модда. Буйруқнинг дубликатини бериш

Буйруқ йўқотиб қўйилган тақдирда ҳакамлик суди, башарти ундириб олувчи шахс ижро этилиши учун буйруқни тақдим қилишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар бу ҳақда ариза билан мурожаат қилган бўлса, унинг дубликатини бериши мумкин. Буйруқнинг дубликати берилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади.

Буйруқнинг дубликатини бериш хусусидаги аризага:

буйруқ йўқотиб қўйилганлиги тўғрисида банк муассасаси, суд ижрочиси, алоқа идораси берган маълумотнома ёхуд ташкилотнинг буйруқ йўқотилганлиги ва ижро этилиши учун тақдим қилинмаганлиги ҳақидаги маълумотномаси илова қилиниши лозим.

Ташкилотларнинг маълумотномасини ташкилот раҳбари ёки раҳбарининг ўринбосари ва бош (катта) бухгалтери имзолайди.



158-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини

кечиктириш ёки чўзиш, қарорни ижро

этиш ҳамда тартибини ўзгартириш

Ҳакамлик суди томоннинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан ижро этилиши учун буйруқни тақдим қилишнинг белгиланган муддати тугагунига қадар ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки чўзишга, уни ижро қилиш усулини ва тартибини ўзгартиришга ҳақлидир.

Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктирилган ёки чўзилган тақдирда ҳакамлик суди қарор мазкур Қонуннинг IX бобида назарда тутилган тартибда ижро этилишини таъминлаш чораларини кўриши мумкин.

Ҳал қилув қарори ижросининг кечиктирилганлиги ёки чўзилганлиги, уни ижро этиш усули ва тартиби ўзгартирилганлиги ёхуд аризани қондириш рад қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади. Қатнашчи-томон ушбу ажримнинг қай даражада қонуний ва асослилигини текшириш хусусида ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Зарур ҳолларда ажрим қарздор турган жойдаги банк муассасасига жўнатилади.



159-модда. Ҳал қилув қарори ижросидаги бурилиш,

ҳал қилув қарори асосида ундиришнинг тўхтатилиши

Агар ижро этилган ҳал қилув қарори ўзгартирилиб ёки бекор қилиниб, даъвони тўла ёки қисман рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган ёхуд иш юзасидан ижро тўхтатилган ёинки даъво қараб чиқилмай қолдирилган бўлса, қатнашчи-томонга ҳал қилув қарорининг ўзгартирилган ёки бекор қилинган тегишли қисмига биноан бошқа томон фойдасига ундан ундирилган барча буюмлар қайтарилади.

Ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш хусусида ҳакамлик суди ташкилотнинг аризасига биноан буйруқ беради. Аризага илгари қабул қилинган қарорнинг ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Агар ижро этилмаган ҳал қилув қарори ўзгартирилиб ёки бекор қилиниб, даъвони тўла ёхуд қисман рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган ёхуд иш юзасидан ижро тўхтатилган ёинки даъво қараб чиқилмай қолдирилган бўлса, ҳакамлик суди тегишли қисми ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳал қилув қарори бўйича ундиришни тўла ёхуд қисман тўхтатиш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов


-------------------------

* бундан буён "ташкилотлар" деб юритилади

** Матнда бундан буён ташкилот деб юритилади.



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 2-сон, 86-модда

















































Время: 0.1919
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск