Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари /

Ўзбекистон Республикасининг 15.02.1991 й. 205-XII-сон "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.02.1991 й.

N 205-XII



БАНКЛАР ВА БАНК ФАОЛИЯТИ

ТЎҒРИСИДА*


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Банк тушунчаси

Пул маблағларини жалб қилиш ҳамда уларни қайтаришлик, тўлашлик ва муддатлилик шартлари асосида ўз номидан жойлаштириш учун тузилган муассаса банкдир. Банк ҳуқуқий шахсдир.



2-модда. Банк операциялари

1. Банклар пул омонатларини қабул қиладилар ва жойлаштирадилар, кредитлар берадилар ҳамда жалб этадилар, мижозлар ва гумашта банкларнинг топшириғига кўра ҳисоб-китобларни амалга оширадилар ва уларга касса хизматини кўрсатадилар.

Банклар қонунга хилоф бўлмаган ва ўз уставларида кўзда тутилган бошқа операцияларни ҳам, жумладан қуйидаги операцияларнинг ҳаммасини ёки айримларини, чунончи:

а) мижозлар ва гумашта банкларнинг ҳисоб рақамини юритишни;

б) инвестицияга сарфланадиган маблағлар эгасининг ёки уларни тасарруф этувчиларнинг топшириғига кўра капитал маблағларни пул билан таъминлашни;

в) тўлов ҳужжатлари ва бошқа хил қимматли қоғозлар (чеклар, аккредитивлар, векселлар, акциялар, облигациялар ва шу кабилар) чиқаришни;

г) давлат тўлов ҳужжатлари ва бошқа қимматли қоғозларни харид қилиш, сотиш ва сақлаш ҳамда улар билан боғлиқ бўлган бошқа ишларни;

д) учинчи шахслар учун пул шаклида ижро этишни назарда тутувчи кафиллик, кафолат бериш ва бошқа мажбуриятлар олишни;

е) товарлар етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш юзасидан келиб чиқадиган тўловни талаб қилиш ҳуқуқини олиш, бундай талабларнинг бажарилишини ва уларнинг инкассациясини таваккал қилиб ўз зиммасига олишни (факторинг);

ж) асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар сотиб олиш ва уларни ижара шартлари асосида ўтказишни (лизинг);

з) чет эл валюталарини ташкилотлар ва фуқаролардан харид қилиб олиш ҳамда уларни сотишни;

и) чет элда қимматбаҳо металлар, табиий қимматбаҳо тошлар, шунингдек қимматбаҳо металлардан ҳамда қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни харид қилиш ва сотишни;

к) қимматбаҳо металларни ҳисоб рақамларига ва омонатларига жалб этиш ҳамда жойлаштириш ва халқаро банк амалиётига мувофиқ равишда ана шу бойликлар билан боғлиқ бўлган бошқа операцияларни бажаришни;

л) мижозларнинг топшириғига кўра маблағларни жалб этиш ва уларни жойлаштириш, қимматли қоғозларни бошқариш ҳамда бошқа ишларни бажаришни;

м) банк фаолиятига боғлиқ бўлган масалалар юзасидан маслаҳатлар беришни амалга оширишлари мумкин.


2. Банклар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг топшириғига биноан республика бюджетининг бажарилиши бўйича касса операцияларини амалга оширишлари шарт.

3. Банклар Ўзбекистон Республикаси Марказий банк ўз ваколати доирасида берадиган рухсатга кўра бошқа операцияларни бажаришлари мумкин. Мазкур моддада назарда тутилган операциялар республика ҳудудида муомалада бўлган пул бирликларида ўтказилади.

4. Ўзбекистон Республикасининг қонунларида кўзда тутилган ҳолларда банклар кредиторга бериш учун қарздордан депозитга пул ва қимматли қоғозлар қабул қиладилар.

Пул ва қимматли қоғозларни банк депозитига қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланади.

5. Банк операцияларини амалга оширишга ваколати бўлмаган шахслар ва идоралар томонидан бажарилган банк операциялари ҳақиқий деб ҳисобланмайди.


6. Банкларга маҳсулот ишлаб чиқариш ва қимматга эга бўлган материаллар билан савдо қилиш соҳасида, шунингдек суғуртанинг ҳамма кўринишлари бўйича фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.



3-модда. Фирма номи

Фирмани номлашда ёки реклама мақсадларида "банк" атамасидан ёки таркибига шу атама кирган сўз бирикмасидан, мазкур Қонунга мувофиқ, банк операцияларига ваколати бўлган муассасаларгина фойдаланадилар.



4-модда. Республика ва банкларнинг

масъулиятини чегаралаш

Ўзбекистон Республикасида банклар Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайдилар, Ўзбекистон Республикаси ҳам банкларнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар эмасдир, ушбу Қонунда, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган доллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўз зиммасига ана шундай масъулиятни олган доллар бундан мустасно.



II БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БАНК ТУЗИЛИШИ

5-модда. Банк системасининг таркибий қисмлари

1. Ўзбекистон Республикасининг банк системасига қуйидагилар киради:

а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва унга тобе бўлган муассасалар;

б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки;

в) республика акцияли-тижорат саноат қурилиш банки;

г) республика акцияли-тижорат агросаноат банки;

д) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат жамғармалари ва аҳолига кредитлар бериш давлат-тижорат банки;

е) пай, акция асосида, шунингдек чет эл капитали иштирокида тузилган тижорат банклари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналари;

ж) кооператив ва хусусий банклар.

Тижорат, кооператив ва хусусий банклар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа банклар ўзаро муносабатларини шартнома асосида қурадилар.

2. Ҳар бир банкнинг вазифалари банклар томонидан ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки рўйхатидан ўтказиладиган ўз уставлари билан белгиланади.

3. Тижорат банкларининг фаолияти республика Марказий банки томонидан улар учун иқтисодий нормативлар белгилаб берилиши ва уларнинг фаолияти устидан назорат қилиниши йўли билан бошқарилади. Ўзбекистон Республикаси банкларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсати билан бошқа давлатларда кредит муассасалари, банк шўъбалари очиш ҳуқуқи берилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл банкларининг шўъбалари ва ваколатхоналари, шунингдек чет эл капитали иштирокидаги банклар очишга рухсат бериш ҳуқуқига эгадир.

4. Банклар ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш мақсадида уюшмалар, ассоциациялар, холдинг компаниялар ва ўзга хил ташкилотлар тузишлари мумкин.


6-модда. Банклар фаолиятининг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон Республикасининг банклари ўз фаолиятларида мазкур Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига, ўз уставларига амал қиладилар.

Банклар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва ўз уставларига мувофиқ келмайдиган кўрсатмалар ҳамда талабларни бажаришга ҳақли эмаслар.



III БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МАРКАЗИЙ БАНКИ

7-модда. Банкнинг мақоми

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки республиканинг давлат эмиссион ва захира банки ҳисобланади ҳамда ушбу Қонун асосида тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки ҳуқуқий шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиқлаган ўз уставига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тузиладиган шартномалар ва банклараро битимлар асосида рубль зонасига кирувчи давлатларнинг миллий ва марказий банклари ҳамда бошқа хорижий давлатларнинг банклари билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки халқаро молия ташкилотларининг авуарлари учун депозитарий ҳисобланади.

Давлат бошқарув идоралари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз ваколати доирасида амалга оширадиган иш фаолиятига аралашишга ҳақли эмасдир.


8-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

банкининг асосий вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- пул муомаласи, кредит бериш, маблағ билан таъминлаш, ҳисоб-китоб қилиш ва ташқи иқтисодий алоқа соҳаларида республика иқтисодий ва валюта сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- ҳисобга олишнинг, ҳисоб беришнинг, ҳисоб-китоб-ссуда ва валюта операцияларини амалга оширишнинг ягона қоидалари ва нормаларини белгилаш;

- ссуда-депозит операцияларини тартибга солиш ва умумий пул муомаласини бошқаришнинг нормативларини ўрнатиш;

- барча банклар ва кредит муассасалари, пул-кредит ва валюта операцияларига доир Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қоидаларига риоя этишлари устидан назорат қилиш;

- барқарор пул муомаласини ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлган пулнинг харид қобилиятини сақлаш;

- банк ишлари билан шуғулланиш учун лицензиялар бериш.

- Республика пул ва кредит тизимига раҳбарлик қилиш;

- миллий валютани жорий қилиш ва у билан республика халқ хўжалигини таъминлаш;

-Ўзбекистон Республикасининг "рубль" зонасига кирувчи давлатлар бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, уларнинг марказий ва миллий банкларида, халқаро банкларида ва бошқа молия-кредит ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилиш

- республиканинг олтин захираси ва олмос фондини шакллантириш;

- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта фондини вужудга келтириш, давлат валютасини тартибга солиб турувчи ва назорат қилувчи бош ижроий идора вазифасини бажариш;

- банк ишлари билан шуғулланиш учун лицензиялар бериш, чакана савдо ва чет эл валютасида хизматлар кўрсатишга рухсатнома бериш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз зиммасига юклатилган вазифаларни рўёбга чиқариш учун тегишли хизматлар ва муассасалар очиш ҳуқуқига эга.


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

банкининг ҳисобдорлиги ва уни бошқариш

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ва ўз мажбуриятларининг гарови бўлиб хизмат қиладиган устав фондини ташкил этади. Устав фонди миқдорини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига раҳбарликни Раис, унинг муовинлари ва аъзоларидан иборат Бошқарув амалга оширади. Бошқарув Раисини Ўзбекистон Республикаси Президенти тайинлаб, сўнгра уни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг тегишли қўмиталари ёки унинг топшириғи билан аудитор ташкилотлари томонидан текширилиши мумкин.



10-модда. Банк фондлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ва ўз мажбуриятларининг гарови бўлиб хизмат қиладиган устав фондини ташкил этади. Устав фонди миқдорини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки устав фондини чет эл валютасида ҳам тузиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олган фойда ҳисобидан бошқа турли мақсадлар учун мўлжалланган фондлар ташкил этилади, уларни банк ўз уставига мувофиқ равишда бошқаради, улардан фойдаланади ва тасарруф этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига йиллик ҳисобот ва фойдани тақсимлашга доир ўз таклифларини тақдим этади.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

банкининг фойдасини тақсимлаш

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва унинг муассасалари резерв система вазифасини бажариш натижасида ҳосил бўладиган фойдадан олинадиган солиқлардан, йиғимлар ҳамда давлат божларидан озод қилинади.


2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фойдаси ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади.


12-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

банкининг норматив ҳужжатлари

Ягона пул-ҳисоб-китоби, кредит, валюта инвестицияси, эмиссия-касса сиёсати ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банк фаолияти масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида республика ҳудудида жойлашган барча банклар ва банк муассасалари учун мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар чиқаради.


13-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

банкининг кредит ресурслари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит ресурслари тубандагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида вужудга келтирилган устав, резерв ва бошқа фондларнинг маблағлари;

- Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банкидаги пул омонатлари;

- бошқа мамлакатлар банклари ва ҳукуматларнинг омонатлари;

- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки уставида кўзда тутилган бошқа маблағлар.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банкларига тўловли кредит ресурслари беради.


14-модда. Пул муомаласини ташкил этиш

Миллий валюта жорий этилгунга қадар Ўзбекистон Республикасининг расмий пул бирлиги "рубль"дир. Бу "рубль" 100 тийиндан иборат бўлади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида "рубль" ягона тўлов воситаси ҳисобланади. Республиканинг ўз валютаси жорий этилишида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги тўловлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган тартибда амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пулни муомалага чиқариш ва муомаладан қайтиб олиш мутлақ ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул белгиларини муомалага чиқаради, уларни инкассация қилиш, сақлаш ва ташишни ташкил этади, ўзининг муассасаларида пул белгилари резерв фондларини вужудга келтиради.

Республика инкассация бошқармаси ўзининг барча бўлимлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тасарруфида бўлади.



15-модда. Пул-кредит орқали тартибга солиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит орқали республика иқтисодиётини муомаладаги пул массасининг миқдори ва структурасини тартибга солиб турувчи идора ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгиланган тартибда тасдиқланадиган Давлат пул-кредит сиёсатининг бош йўналишлари асосида пул массаси ҳажми ва структурасини тартибга солади.

Муомаладаги пул массасини тартибга солиш тижорат банкларига бериладиган кредитларнинг миқдорини ўзгартириш, қимматли қоғозларни ва чет эл валютасини харид қилиш ва сотиш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкларида жойлаштириладиган тижорат банкларининг мажбурий резервлари нормасини ҳамда фоиз ставкаларини ўзгартириш йўллари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тижорат банклари учун охирги бўғин кредитор бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси жамлама пул обороти ҳажмларини, пул ва давлатнинг бошқа қимматбаҳо қоғозлар эмиссиясини мустақил белгилайди.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий банкининг операциялари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидаги операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга:

а) тижорат банкларига улар билан келишилган муддатга кредит бериш;

б) тўлаш қобилияти аниқ бўлган, шу бўйича мажбуриятли уч шахснинг имзоси бўлган векселларни ва чекларни харид қилиш, сотиш ва улар билан бошқа битимларни амалга ошириш, бунда тўлаш вақти билан сотиб олинган кун орасидаги муддат уч ой бўлиши керак;

в) қимматли қоғозларни сотиб олиш, сақлаш ва сотиш, шунингдек қимматбаҳо металлар бозорида операциялар амалга ошириш;

г) тўлаш муддати уч ойдан ошмаслиги шарти билан, қимматли қоғозларни ва векселларни гаровга олиб, уларнинг белгиланган нархидан 90 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда кредит бериш;

д) республиканинг олтин захирасини шакллантириш, унинг бут-бутунлигини таъминлаш ва ундан халқ хўжалиги ҳамда ташқи савдо оборотида фойдаланиш учун олтин-кумушлар бериш;

е) чакана савдони амалга ошириш ва чет эл валютасида хизмат кўрсатиш учун рухсатнома бериш;

ж) пул белгилари ва тангалар тайёрлашни, ташилиши ва сақланишини ташкил этиш;

з) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ушбу Қонунда ва банк уставида назарда тутилган вазифаларига кирувчи бошқа операцияларни ва битимларни амалга ошириш;

и) "рубль" зонасига кирувчи давлатларнинг марказий ва миллий банклари ҳамда бошқа давлатларнинг банклари билан алоқалар ўрнатиш;

к) республика номидан халқаро молия ташкилотларига аъзолик билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан белгиланган миқдорда, умумий шартлар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига кредит бериши мумкин. Ушбу миқдор доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қимматли қоғозларни келгусида жойлаштириш учун сотиб олиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки республика ҳудудидаги ўз муассасалари ва тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси бюджетининг касса ижросини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқа давлатларнинг банклари билан муносабатларда, халқаро банклар ва ҳамкорлик марказий банклар даражасида бўлиши назарда тутилган ўзга молия-кредит ташкилотларида республика манфаатларини ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати билан келишилган ҳолда давлат заёмларини жойлаштириш, уларнинг қийматини тўлаш ва улар бўйича фоизлар тўлаш билан боғлиқ операцияларни амалга оширган ҳолда (миллий ва чет эл валютасидаги) давлат қарзлари ҳисобини юритади.


17-модда. Чет эл валютаси билан операциялар

қилиш ва ташқи иқтисодий фаолият

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ келган ва халқаро амалиётда фойдаланиладиган чет эл валютасидаги ҳар қандай операцияларни республикада ва чет элларда амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, валюта ва ўзга манфаатларини таъминлашга кўмаклашган ҳолда ҳукуматлараро савдо, тўлов битимларининг (шартномаларнинг, мўлжал баёнларининг) валюта-молия шартларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

ҳукуматлараро битимларга, (шартномаларга, мўлжал баёнларига) мувофиқ равишда "рубль" зонасига кирувчи давлатлар ва бошқа давлатларнинг Марказий ҳамда миллий банклари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш;

чет эл валютасида акциялар, облигациялар ва ўзга қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиш, чет эл валютасидаги фойдадан валюта фондлари ҳосил қилиш;

ташқи иқтисодий операциялар бўйича банкларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси пул бирлигининг чет эл валютасига нисбатан бўлган курсини тартибга солиш, бу пул бирлигини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш ва уларни амалга ошириш;

лицензиялар бериш қоидаларини белгилаш ва тижорат ҳамда чет эл банкларига, (уларнинг шўъбалари ва ваколатхоналарига) шунингдек, чет эл капитали иштирокидаги банкларга валюта бойликлари билан банк операциялари ўтказишга лицензиялар бериш;

Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит сиёсатига мувофиқ равишда банклар учун чет эллардан кредитлар жалб этиш ҳажмларини ва улар бўйича фоиз ставкалари даражасини чеклашни жорий этиш;

ўз ҳуқуқларининг муайян қисмини тижорат банкларига ўтказиш ҳуқуқига эгадир.



18-модда. Лицензияга тааллуқли вазифалар

1. Тижорат банкларини, шунингдек, чет эл капитали иштирокидаги банклар очиш тартиби, уларни ташкил этиш учун топшириладиган ҳужжатларнинг мазмунига қўйиладиган талаблар ва рухсатнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистондаги банкларни рўйхатга олишнинг умумреспублика китобини юритади. Янги ташкил этилаётган тижорат банклари банкларни рўйхатга олиш умумреспублика китобида қайд этилган пайтдан бошлаб ҳуқуқий шахс мақомини оладилар.

3. Тижорат банкини очишга рухсатнома олиш учун қуйидаги ҳужжатлар топширилиши керак:

- лицензия бериш тўғрисидаги илтимоснома;

- таъсис ҳужжатлари: таъсис шартномаси, банк устави, устав қабул қилинганлиги ва банкнинг раҳбар органлари тайинланганлиги тўғрисида мажлис баёни;

- иқтисодий асослар ва зарур ҳисоб-китоб;

- муассисларнинг молиявий аҳволи тўғрисида аудиторнинг ёки аудиторлик фирмасининг хулосаси;

- муассислар таклиф қилаётган банк ва унинг филиаллари раҳбарларининг (бошқарувчи ва бош мухосиб) касб жиҳатдан мувофиқлиги тўғрисида маълумотлар;

- тижорат банки жойлашган ердаги Марказий банки муассасасининг ушбу ҳудудда тижорат банкини очиш мақсадга мувофиқ эканлигини тасдиқловчи хулосаси, халқ депутатлари маҳаллий Советининг тижорат банкини очишга розилиги ҳақидаги маълумот.

Раҳбарият таркибида ўзгаришлар содир бўлган тақдирда банк янги тайинланган мансабдор шахсларнинг профессионал маҳоратини тасдиқловчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этади.


4. Чет мамлакатларнинг юридик ва жисмоний шахслари билан биргаликда тижорат банкини тузишга рухсатнома олиш учун ушбу модданинг 3-бандида қайд этиб ўтилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

а) ажнабий ҳуқуқий шахслар:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк ташкил этишда қатнашиш ёки унинг шўъбасини очиш тўғрисида ажнабий муассис (иштирокчи)нинг тегишли органи қабул қилган қарор;

- ажнабий муассис (иштирокчи) жойлашган мамлакат назорат органининг муассис (иштирокчи) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк ёки унинг шўъбасини очишга ёзма розилиги, агар шу талаб қонунда кўрсатилган бўлса;

- чет эллик муассис - банкнинг фаолияти тўғрисида эълон қилинган ҳисобот, республиканинг чет элдаги консуллик муассасалари (республиканинг консуллик муассасаси очилгунга қадар Россиянинг консуллик муассасаси) белгиланган тартибда тасдиқланган (устав капитали кўрсатилган ҳолда) унинг устави, бошқа чет эл муассисларига нисбатан эса ана шу муассис мамлакатнинг савдо реестридан кўчирма ёки чет эл муассиснинг юридик мақомини ва обрў-эътиборини исботловчи ўзга бир ҳужжат;

б) ажнабий фуқаролар:

- ушбу шахснинг тўлов қобилиятига эга эканлиги ҳақидаги хориждаги биринчи даражали банкнинг тасдиқномаси;

- хориждаги энг камида иккита ҳуқуқий шахсдан ёки тўлов қобилиятига эгалиги маълум бўлган фуқаролардан тавсиянома.

Ҳамма банкларнинг рақобат қилиш учун тенг имкониятга эга бўлишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ажнабий банкларининг ва чет эл капитали иштироки этадиган банкларнинг муассисларига банклар устав капиталининг энг кам ва энг юқори миқдорларига нисбатан қўшимча талаблар қўйиш мумкин.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки чет эл валютасида операциялар бажаришга лицензия бериш учун керакли қўшимча маълумотлар талаб қилишга ҳақлидир.

6. Лицензия бериш тўғрисидаги илтимосномалар ушбу Қонунда кўрсатилган керакли ҳамма ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг икки ойдан ортиқ бўлмаган муддат ичида кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чиқариладиган тегишли қарор жўнатилган кундан бошлаб илтимоснома кўриб чиқилган ҳисобланади.

Таъсис шартномаси ва уставнинг Ўзбекистон Республикасида амал қилиб турган қонунларга мувофиқ келмаслиги, муассисларнинг иқтисодий аҳволи банк мижозлари ва омонатчиларнинг манфаатларига хавф туғдирадиган даражада ёмон бўлиши, шунингдек банкнинг тавсия этилган раҳбарлари профессионал номувофиқлиги лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади.

7. Бошқа давлатларнинг тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида рўйхатдан ўтказган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида ўз шўъбалари ва ваколатхоналарини очишлари, минтақалараро банклар ташкил этишлари мумкин. Уларнинг рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади. Тижорат банкларининг шўъбалари ва ваколатхоналари рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлабгина, банк операцияларини амалга оширишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тижорат банкларининг шўъбалари ва ваколатхоналари Ўзбекистон Республикасининг "Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида"ги Қонунига асосан фойдадан, хўжалик ҳисоби даромадидан республика бюджетига солиқ тўлайди, бу солиқ тижорат банки фойдасининг, хўжалик ҳисоби даромадининг республика ҳудудида оладиган улушига мос бўлади.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банк операцияларини ўтказиш учун берилган лицензияларни қуйидаги ҳолларда қайтариб олиши мумкин:

а) лицензия беришга асос бўлган маълумотларнинг ёлғонлиги аён бўлиб қолса;

б) лицензия олинган кундан бошлаб бир йилдан ортиқ вақт мобайнида фаолият бошланмаса;

в) банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банки лицензиясида кўзда тутилмаган операцияларни амалга оширса;

г) банк ушбу Қонуннинг 19-моддасида назарда тутилган ҳисоботда ёлғон маълумотларни берса;

д) ушбу Қонуннинг 19-моддасида кўрсатилган асосларда.

е) лицензиялар, амалдаги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг меъёрий ҳужжатлари шартларини бузса.

Лицензиянинг қайтариб олиниши банкнинг тугатилишини билдиради.

Лицензиянинг қайтариб олиш энг охирги чора бўлиб, ундан олдин тартиб бузишларни бартараф этишга қаратилган огоҳлантириш чоралари кўрилиши керак.

9. Чет эл банклари ва уларнинг шўъбалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рўйхат китобидан ўтганларидан сўнггина ўз фаолиятларини бошлашлари мумкин. Чет эл банкларининг ваколатхоналари ҳам ушбу китобда рўйхатдан ўтишлари шарт. Устав фонди ажнабий ҳуқуқий шахслар ва фуқароларнинг маблағи ҳисобига тузиладиган банкларни очиш ва улар фаолиятини тўхтатиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари билан тартибга солиб турилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасида чет эл банкларининг ваколатхоналарини рўйхатдан ўтказади.


10. Банк фаолияти тўхтатилганда, чет эл банкининг шўъбаси ёки ваколатхонаси ёхуд бошқа кредит муассасаси тугатилганда рўйхатга олиш китобида қайд этилган ёзувлар бекор қилинади.


11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иқтисодий жиҳатдан қай даражада мақсадга мувофиқлигига ва банкнинг бу ишга қай даражада тайёр эканлигига асосланган ҳолда, банкнинг аризасига кўра, тижорат банкларига Ўзбекистон Республикасида ва хорижий мамлакатларда чет эл валютасида операцияларни амалга оширишга рухсат этади.


12. Тижорат банклари таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилганидан кейин бир ой ичида ўзгартирилган ҳужжатларнинг нотариал идоралар томонидан тасдиқланган нусхаларни тақдим этишлари шарт.


13. Тижорат банклари ёки уларнинг муассислари лицензия бериш ёки уни қайтариб олиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарори юзасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг назорат вазифалари билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан судга ёки Олий хўжалик судига шикоят қилишлари мумкин.


19-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

томонидан тижорат банклари фаолиятининг

тартибга солиб турилиши

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўзининг иш фаолиятида тижорат банкларининг ишлаши ва банклар ўртасида ҳалол рақобат принциплари жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратилишига ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банкларининг кундалик фаолиятига аралашмайди.


2. Тижорат банкларининг молиявий жиҳатдан мустаҳкамлигини таъминлаш, уларнинг кредит олувчилари ва омонатчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари учун қуйидаги иқтисодий нормативларни белгилайди:

- устав фондининг энг кам миқдори тижорат банклари учун 100 миллион сўм, кооператив ва хусусий банклар учун -50 миллион сўмга тенг бўлиб, муассислар банк иш бошлагунига қадар уни тўлашлари керак. Бундан буён "100" ва "50" кўрсаткичлари пул қадрсизланишининг индексини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасида энг кам ойлик иш ҳақининг ўсишига мос равишда аниқлаштириб борилади.

- банкнинг ўз маблағлари миқдори билан унинг активлари суммаси ўртасидаги йўл қўйиладиган энг катта нисбат;

- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига жойлаштириладиган мажбурий резервларнинг миқдори;

- бир қарз олувчига таваккал қилиб бериладиган қарзнинг энг катта миқдори;

- баланс барқарорлигининг кўрсаткичи;

фуқаролар омонатлари суғуртасининг умумий банк фондига ва ўз резерв фондига фойдадан ажратмалар нормативлари;

валюта ва курс таваккаллари миқдорларини чеклаш.

3. Тижорат банки иқтисодий нормативларни бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ана шу ҳолга барҳам бериш муддатлари ва шартларини белгилайди.

Нормативлар мунтазам равишда бузилган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг банк операцияларини нормативларга мувофиқлаштириш муддатлари ва шартларига доир кўрсатмалари бажарилмаган, йил зарар кўриб якунлангач, банк кредиторлари манфаатларига хавф соладиган аҳвол юзага келган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банки муассислари (қатнашчилари) олдига ёки, башарти банк давлат-тижорат банки бўлса, тегишли идора олдига:

- банкни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш чора-тадбирларини кўриш;

- банкни қайта ташкил этиш;

- банкни тугатиш ҳақида масала қўйиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу моддада белгиланган нормативларни бузаётган банклар учун иқтисодий жазо сифатида:

- банкнинг қонунни бузиш орқали олган қўшимча даромади миқдорида жарима пулни ундириш;

- мажбурий резервларнинг нормаларини ошириш;

- банк операцияларини амалга ошириш учун берган лицензияни қайтариб олиши мумкин.


4-1. Тижорат банклари шўъбаларининг раҳбарлари томонидан тўловлар ўз вақтида ўтказилмаган ва уларнинг гумашталик ҳисоб рақамлари қониқарсиз аҳволда бўлган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки уларга нисбатан қуйидаги жазоларни қўлланиши мумкин:

банк шўъбасининг қонунга хилоф ҳаракати натижасида олинган қўшимча даромади миқдорида ундан жарима пули ундириш;

корхоналарнинг ҳисоб рақами орқали тўловлар ўтказилиши кечикишига мунтазам равишда йўл қўйиб келаётган шўъба тугатилишини тижорат банкидан талаб қилиш, башарти юқорида қайд этилган талабни бажаришдан асоссиз равишда бош тортилган тақдирда, банк операцияларини бажариши учун мазкур банкка берилган лицензияни қайтариб олиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари ва уларнинг шўъбалари учун улар таҳлил ва назорат вазифаларини бажаришида зарур бўлган ҳисобот ва бошқа материалларнинг характери ҳамда ҳажмини белгилайди. Тижорат банклари ва шўъбалари қайд этилган материалларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгиланган муддатларда тақдим этишлари шарт.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган тижорат банклари, уларнинг шўъбалари ва бошқа давлатлар банкларининг шўъбалари фаолияти устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Уставига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки назорат вазифаларини амалга ошириш йўлида тижорат банклари операцияларини ёппасига ёки оралатиб, танлаб текшириш тайинлашга ҳақлидир. Банклар фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тизими мутахассислари ва аудитор ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


III-1 БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ МИЛЛИЙ БАНКИ

19-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий

фаолият Миллий банкининг вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Ҳукуматнинг халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасидаги сиёсатини рўёбга чиқарувчи, ташқи иқтисодий фаолиятга хизмат кўрсатишни таъминловчи ва валюта маблағларини жамловчи ихтисослаштирилган банкдир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки республика Марказий банки ва Ҳукуматнинг топшириғига биноан:

экспорт товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ривожлантириш учун чет эл валютасида кредитлар беради, Ўзбекистон Республикасига чет эл валютасида етказиб берилаётган ва республика чет эл валютасида олаётган давлат заёмлари ва кредитларига хизмат кўрсатади, улар юзасидан ҳисоботлар қилади;

халқаро валюта-кредит бозорларида операциялар бажаради;

контракт шартларини бажаришлари вақтида чет эл банклари, концернлари, фирмалари ва бошқа шериклар айби билан олинмай қолган маблағларни ундиришга кўмаклашади;

ҳукуматлараро битимларнинг тўлов шартларини ишлаб чиқишда қатнашади;

уставда назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан рўйхатга олинадиган ўз устави асосида амал қилади.



IV БЎЛИМ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ

20-модда. Тижорат банкининг вазифалари

Тижорат (акцияли, пай асосидаги ва хусусий) банклар юридик ва хусусий шахсларга ушбу Қонунда назарда тутилган операцияларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш орқали шартнома асосларида кредит-ҳисоб-китоб ва ўзга хил банк хизмати кўрсатадилар.

Тижорат банклари устав капитали кимга қарашли эканлигига ва уни шакллантириш услубига қараб, бажарилаётган операцияларнинг тури, фаолият кўрсатиш ҳудуди ва тармоқ белгисига қараб бир-биридан фарқланади.

Республика, минтақа дастурлари ва ўзга дастурларни пул билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб ва шартларда махсус тижорат банклари ташкил этилиши мумкин.

Тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан тегишли лицензия олганларидан кейин чет эл валютасида операциялар амалга оширадилар.



21-модда. Тижорат банкларини тузиш тартиби

Тижорат банклари ва уларнинг шўъбалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан рўйхати олинади.

Рўйхатга олиш пуллидир. Уставни рўйхатга олиш хусусидаги ҳужжат банк фаолиятини бошлашга берилган рухсатдир.



22-модда. Тижорат банкларининг уставлари

1. Тижорат банклари ўз уставлари асосида иш олиб борадиган. Давлат тижорат банкининг устави банкни тузишга қарор қилган орган томонидан тасдиқланади. Шерикчилик асосида тузилган тижорат банкининг устави муассислар (қатнашувчилар) йиғилиши томонидан тасдиқланади.


2. Банкнинг уставида:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан ўзаро муносабатлари;

- банкнинг номи ва у жойлашган ер (алоқа манзилгоҳи);

- банк амалга оширадиган операцияларнинг рўйхати;

- банк ташкил этадиган фондларнинг рўйхати, устав фондининг миқдори;

- банк ҳуқуқий шахс эканлиги ва у тўла хўжалик ҳисоби ва ўзини ўзи молия билан таъминлаши негизида ишлаши тўғрисидаги низом;

- банкнинг бошқарув идоралари, уларнинг таркиби ва тузиш тартиби тўғрисидаги низом;

- банкка қарашли муассасаларнинг рўйхати, уларнинг мақоми;

- банк ва унинг шўъбаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби;

- фаолият тўғрисидаги маълумотларни матбуотда эълон қилиш мажбурияти (тартиби) акс эттирилган бўлиши лозим.


3. Шерикчилик асосида тузилган банкнинг устави шу моддада келтириб ўтилган талаблардан ташқари, "Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида кўрсатилган талабларга жавоб бериши лозим.

4. Уставга банк фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ бошқа қоидалар ҳам киритилган бўлиши мумкин. Уставга ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги ўзгаришлар муносабати билан киритилади.



23-модда. Тижорат банкларининг устав

фондларини ташкил этиш

Тижорат банкларининг устав фонди қатнашчиларнинг бадаллари, акциялар чиқариш ва сотиш ҳисобига вужудга келтирилади.



24-модда. Тижорат банкларининг муассислари,

акционерлари (қатнашчилари)

Халқ депутатлари Советларининг ҳамма босқичлари ва уларнинг ижроия органлари, сиёсий ташкилотлар ва ихтисослашган жамоат фондларидан ташқари барча ҳуқуқий ва хусусий шахслар тижорат банкларининг муассислари, акционерлари (қатнашчилари) бўлишлари мумкин.

Ҳар бир муассис, акционерлар (қатнашувчилар)нинг улушлари устав капитал миқдорининг 35 фоизидан ошмаслиги керак.



25-модда. Банкларнинг ажнабий муассислари

Чет эл банкларини ва чет эл капитали иштирокидаги банкларни ташкил этиш вақтида чет эллик муассисларнинг бири банк бўлиши керак.



26-модда. Банкларнинг мустақиллиги

Ўзбекистон Республикасидаги тижорат банклари банк операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш вақтида давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларига бўйсунмайдилар. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг ходимлари банклар бошқарув идораларида қатнашишлари (ўриндошлик асосида лавозим эгаллашлари) тақиқланади.



27-модда. Тижорат банкларига солиқ солиш

Тижорат банклари Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги амалдаги қонунларига мувофиқ солиқлар тўлайдилар.



28-модда. Тижорат банкларининг мулкий жавобгарлиги

Тижорат банклари ўзларига қарашли барча мол-мулклар билан мажбуриятлари бўйича жавобгардирлар. Улар муассислар ва иштирокчиларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар. Муассислар ва иштирокчилар банк мажбуриятлари бўйича ўз улушлари доирасида жавобгардирлар, башарти уларнинг уставларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса.



V БЎЛИМ. БАНКНИНГ МОЛИЯВИЙ ЖИҲАТДАН

МУСТАҲКАМЛИГИ ВА УНИНГ МИЖОЗЛАРИ

МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

29-модда. Тижорат банклари учун белгиланган

иқтисодий нормативларга риоя этиш

Банкнинг молиявий жиҳатдан мустаҳкамлигини таъминлаш ва унинг мижозлари манфаатларини ҳимоя қилиш учун, тижорат банклари ушбу Қонуннинг 19-моддасида санаб ўтилган нормативларга риоя этишлари шарт.



30-модда. Банкнинг ўз маблағлари

Қуйидагилар банкнинг ўз маблағлари ҳисобланади:

- устав фонди;

- резервлар ва фойда ҳисобига вужудга келадиган ҳамда банкнинг балансида турадиган бошқа фондлар;

- тақсимланмаган фойда, акциячилар ёки пайчилар ўртасида акцияларни тақсимлаш ҳисобига ёхуд пай миқдорини ошириш ҳисобига олинган маблағ.



31-модда. Банк активлари

Қуйидагилар банк активлари ҳисобланади:

- ҳуқуқий ва хусусий шахсларга бериладиган қарзлар;

- қимматли қоғозлар инвестициялар;

- кўчмас мол-мулкка инвестициялар;

- бошқа активлар.



32-модда. Йўл қўйилиши мумкин бўлган

йўқотишлар ўрнини қоплаш учун резервлар

Тижорат банклари йўл қўйилиши мумкин бўлган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун олинадиган фойдадан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгилаб қўйилган тартибда суғурта ва резерв фондлари ташкил этадилар.


33-модда. Банк сири

1. Ўзбекистон Республикасидаги банклар ўз мижозлари ва гумашталарининг операциялари, ҳисоб рақамлари ҳамда омонатлари бўйича сирни сақлаш кафолатини берадилар. Банкнинг барча хизматчилари банкнинг, банк мижозлари ва гумашталарининг операциялари, ҳисоб рақамлари ва омонатларини сир сақлашлари шарт.


2. Ҳуқуқий ва хусусий шахсларнинг операциялари ҳамда ҳисоб рақамларига доир маълумотлар ҳуқуқий ва хусусий шахсларнинг ўзларига қонунларда назарда тутилган ҳолларда тергов органларига, судларга, ёки хўжалик судларига ва аудитор ташкилотларига, солиқ солиш масалалари юзасидан молия ва солиқ идораларига берилиши мумкин.

3. Фуқароларнинг ҳисоб рақамлари ва омонатлари бўйича маълумотлар мижозларнинг ўзлари ёки уларнинг вакилларидан ташқари суд ва тергов органларига ҳам уларнинг қарамоғида бўлган ишлар бўйича мижозларнинг ҳисоб рақамларидаги ва омонатларидаги пул маблағлари ва бошқа бойликлари хатланиши, улардан ҳақ ундирилиши ёки мол-мулки мусодара қилиниши мумкин бўлган ҳолларда.


4. Ҳисоб рақамлари ва омонатларининг эгалари вафот этган тақдирда уларга қарашли ҳисоб рақамлари ва омонатлари тўғрисидаги маълумотлар ана шу ҳисоб рақамлари ва омонатларнинг эгалари банк учун қолдирган васиятномада кўрсатилган шахсларга, давлат нотариал-идораларига (уларнинг ихтиёридаги вафот этган омонатчининг омонати бўйича меросхўрлик ишига тааллуқли бўлса), шунингдек хорижий мамлакатларнинг консуллик муассасаларига берилади.



34-модда. Банклардаги пул маблағларини ва бошқа

бойликларни хатлаш ва ундириб олиш

1. Ҳуқуқий шахсларнинг чет эл ва халқаро ташкилотларнинг банкда сақланаётган пул маблағлари ва бошқа бойликларини хатлаш фақат тергов органларининг қарорлари, судлар ёки хўжалик судларининг ҳал қилув қарорлари билан, шунингдек шу бойликлардан ҳақ ундириб олиш эса - фақат судлар томонидан берилган ижро варақлари, хўжалик судлари буйруғига ҳамда бошқа ижро ҳужжатларига биноан, шунингдек давлат солиқ органларининг талабига биноан амалга оширилади.

2. Фуқароларнинг банкларда сақланаётган пул маблағлари ва бошқа бойликларини хатлаш ва ҳақ ундириб олиш фақат суд ҳукми ёки қарори билан амалга оширилиши мумкин.

Фуқароларнинг пул маблағлари ва бошқа бойликларини мусодара қилиш фақат мусодара қилиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган ҳукм ёки мол-мулкни мусодара қилиш ҳақида қонунга мувофиқ чиқарилган қарор асосида амалга оширилиши мумкин.



VI БЎЛИМ. БАНКЛАР ЎРТАСИДАГИ МУНОТСАБАТЛАР

ВА ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН

МИЖОЗЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

35-модда. Банклараро депозит, кредит ва бошқа операциялар

1. Тижорат банклари шартнома асосларида бир-бирларининг маблағларини депозит, кредит шаклида жалб этишлари, жойлаштиришлари, ўз уставларида кўрсатилган бошқа ўзаро операцияларни амалга оширишлари мумкин.


2. Мижозларга кредит бериш ва ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш учун маблағ етишмай қолган тақдирда тижорат банклари кредит олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилишлари мумкин.



36-модда. Тижорат банкларининг кредитлари

бўйича фоиз ставкалари

Тижорат банклари операциялари бўйича фоиз ставкалари уларнинг ўзлари томонидан мустақил белгиланади, аммо бу ставкалар давлат пул-кредит сиёсатининг бош йўналишларида белгилаб бериладиган фоиз ставкалари сиёсатига асосланган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган энг юқори ставкалардан ортиқ бўлмаслиги керак.



37-модда. Банк ва унинг мижози орасидаги

муносабатнинг шартномавий характери

1. Банклар билан мижозлар ўртасидаги муносабат шартномавий характерга эгадир.


2. Мижозлар ўзларига кредит ҳисоб-китоб ва касса хизматини кўрсатадиган банкни мустақил танлайдилар.



38-модда. Монополияга қарши қоидалар

1. Банкларнинг фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдорларини белгилаш масалаларида банк операциялари бозорини монополиялаштириш, банк ишида рақобатни чеклаш мақсадларида ўзларининг иттифоқларидан, уюшмаларидан ва бошқа бирлашмаларидан фойдаланиши тақиқланади.


2. Монополияга қарши қоидаларга риоя қилишни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, шунингдек монополияга қарши қонунларга мувофиқ шу мақсадда ташкил қилинган органлар назорат қилади.


39-модда. Банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар

1. Банклар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз муассасаларида тижорат банклари учун гумашталик ҳисоб рақамини очади.

2. Банклар ҳисоб-китобларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган шаклларда амалга оширадилар.


40-модда. Кредитнинг қайтарилишини таъминлаш

Банклар кредитни ўз вақтида қайтаришни таъминлаш борасида мижозларнинг гаровларини, кафолатларини, ишончномаларини ва бошқача шаклдаги мажбуриятларни қабул қиладилар.

Банклар кредитни моддий бойликлар билан таъминланмаган ҳолда (бланкадаги кредит) бериш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.



41-модда. Қарздорларни тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиш

Банкдан олган кредитларни ўз вақтида қайтариш юзасидан ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармаган қарздорларни банк тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиб, асосий кредит берганларга, юқори турувчи идорага, корхона рўйхатга олинган маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идорасига қарздор (қатнашчилар)ни таъсис этувчиларга хабар бериши мумкин.


42-модда. Тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорга

нисбатан кўриладиган чора-тадбирлар

Тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорга нисбатан, банкнинг таклифига биноан, қуйидаги чора-тадбирлар қўлланилиши мумкин:

оператив бошқарувни банк кредитор иштирокида тайинланган маъмуриятга топшириш;

қайта ташкил этиш.

Банк таклиф этган чора-тадбирлар қарздорнинг ҳуқуқий мақомига қараб унинг юқори органи, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораси, муассислар (қатнашчилар) томонидан амалга оширилади.


43-модда. Гаров

1. Банклар "Гаров тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ гаровга қўйилмаган моддий-товар бойликларни, мижоз ишлаб чиқарадиган маҳсулотни, қимматли қоғозларни, товар-тақсимот ҳужжатларини ва бошқа бойликларни гаровга қабул қилишлари мумкин. Ҳамма гаровга олинган бойликлар мижоз ҳисобидан суғурта қилинган бўлиши керак.

2. Асосий воситаларга кирувчи бинолар, иншоотлар, ускуналар ва бошқа мол-мулк, башарти, мижоз уларга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлса, гаров сифатида қабул қилиниши мумкин.

3. Гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда банк гаровга қўйилган мол-мулкни судга ёки хўжалик судига мурожаат қилмасдан мустақил равишда сотишга ҳақлидир.

4. Банкка гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағдан банк гаров билан таъминланган қарзни тўлаш учун фойдаланади, бунда банк бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг даъволарига нисбатан устунликка эга бўлади.


VII БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЖАМҒАРМА ИШЛАРИ

44-модда. Аҳолининг жамғарма омонатлари

1. Ўзбекистон Республикасида аҳолининг жамғарма омонатлари барча тижорат банклари томонидан қабул қилиниши мумкин.


2. Банклар аҳолидан омонатлар қабул қилиб олиш бўйича операцияларни бажаришда ўз шартларини мустақил белгилайдилар. Пул муомаласи мустаҳкамлигини таъминлаш ва пул қадрсизланиб нарх ошишининг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки омонатлар ва қимматбаҳо қоғозлар бўйича чеклашларни жорий этиши мумкин.

3. Омонатлар бўйича олинадиган даромадларга солиқ солинмайди.


4. Омонатлар бўйича пул қабул қилиб олиш банклар томонидан амалга оширилади ва омонатчига жамғарма ҳужжати берилади.



45-модда. Омонатчиларнинг сақланишини таъминлаш

бўйича банкларнинг мажбуриятлари

Аҳолидан омонатларни қабул қилувчи тижорат банклари жалб этилган маблағлардан шундай фойдаланиши керакки, натижада омонатчилар олдидаги мажбуриятлар ўз вақтида бажарилсин ва маблағларнинг сақланиши таъминлансин.

Шу мақсадда тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банкидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаб қўядиган тартибда ва шартлар асосида аҳолининг омонатларини суғурта қиладиган банклараро фондларни тузишлари шарт.


46-модда. Меҳнат жамғармалари ва аҳолига кредит бериш банки

1. Меҳнат жамғармалари ва аҳолига кредит бериш банки (Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банки) аҳоли маблағларини банкларга жалб қилиш ва уларни жойлаштириш операцияларини амалга оширадиган ихтисослаштирилган давлат-тижорат банкидир.

2. Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банкида аҳоли омонатлари сақланиши ва ўз вақтида қайтарилишини Ўзбекистон Республикаси кафолатлайди.


3. Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банки жалб этган пул маблағлари халқ хўжалигининг кредит ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига берилади ва Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банки томонидан Жамғарма банки муассасалари бевосита хизмат кўрсатадиган аҳоли ва юридик шахсларга кредит беришдан фойдаланилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қарз мажбуриятларига жойлаштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан рўйхатга олинадиган ўз устави асосида фаолият кўрсатади.


47-модда. Омонат қўювчилар

1. Ўзбекистон Республикасининг ва бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар омонат қўювчи бўлишлари мумкин.

2. Омонатчилар ўз жамғармаларини сақлаш учун ўзлари хоҳлаган банкни танлаб оладилар, улар бир ва бир неча банкка омонатларини қўйишлари мумкин.


3. Омонатчилар ўз жамғармаларини тасарруф этишлари, омонатлар бўйича фоиз тарзида ёки банк таклиф этадиган бошқа кўринишда фойда олишлари, нақд пулсиз ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишлари мумкин.


4. Омонат қўювчи вафот этган тақдирда омонатни истаган шахсга ёки давлатга бериш тўғрисида банкка топшириқ бериши мумкин.

Омонат қўювчи вафот этган тақдирда банклар топшириқ берилмаган омонатни Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда меросхўрларга берадилар.


48-модда. Вояга етмаганларнинг омонатларга доир ҳуқуқлари

1. Ўз номига омонат қўйган вояга етмаган шахс бу омонатни мустақил тасарруф этади.


2. Кимдир томонидан вояга етмаган шахс номига қўйилган омонатларни:

а) вояга етмаган шахс 15 ёшга тўлганига қадар - вояга етмаган шахснинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари;

б) вояга етмаган шахс 15 ёшга тўлганда - ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан вояга етмаган шахснинг ўзи тасарруф қилади.



VIII БЎЛИМ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА ҲИСОБ ВА

ҲИСОБОТ БЕРИШ ҲАМДА УЛАР ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ

49-модда. Тижорат банкларида ҳисоб ва ҳисобот бериш

Тижорат банкларида мухосибот ҳисоби ва ҳисобот бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган ягона қоидалар асосида амалга оширилади.


50-модда. Йиллик баланс, кўрилган фойда ва

зарар ҳисобларини эълон қилиш

Тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайдиган шакл ва муддатларда йиллик баланс, кўрилган фойда ва зарар ҳисобларини бу ҳисобларда берилган маълумотларнинг тўғрилигини аудитор ташкилотлар тасдиқланганидан кейин эълон қиладилар.


51-модда. Аудитор текширувлар

Қонунларга мувофиқ текширувларни ўтказиш ваколати берилган аудитор ташкилотлар тижорат банкларининг фаолиятини текшириши керак.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



-------------------------

*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон  Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 84-модда; 1992 й., 10-сон, 396-модда; 1993 й., 6-сон, 242-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 9-сон, 193-модда



































Время: 0.2007
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск