Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 736-XII-сон "Гаров тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 736-XII



ГАРОВ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Гаров тушунчаси

1. Гаров мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш усулларидан бири ҳисобланади.


2. Гаров туфайли кредитор (гаровга олувчи) қарздор мажбуриятларни бажармаган тақдирда гаровга қўювчи гаровга қўйган мол-мулк қийматидан таъминланиш ҳуқуқига эгадир.


3. Қонун бўйича ҳақиқий бўлган ҳар қандай мажбуриятнинг: заём, (банк берадиган қарз), ижара, олди-сотди, юкларни ташиш ва ҳуқуқнинг ҳар қандай субъектлари (жисмоний ва юридик шахслар, давлат) ўртасидаги бошқа мажбуриятларнинг бажарилиши гаров билан таъминланиши мумкин.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг

гаров тўғрисидаги қонунлари

1. Гаров тўғрисидаги асосий қоидалар ушбу Қонун билан белгилаб қўйилади.


2. Қорақалпоғистон Республикасида гаров билан боғлиқ муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.


3. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида гаров тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда ҳалқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Гаровнинг юзага келиш сабаблари

1. Гаров шартнома ёки қонун хужжатлари туфайли юзага келади.


2. Гаровнинг юзага келишини назарда тутувчи қонун ҳужжатида қандай мажбурият туфайли ва айнан қайси мол-мулк гаровда турган деб эътироф этилиши лозимлиги қайд қилинган бўлиши лозим.



4-модда. Гаров нарсаси

1. Ашёлар, қимматли қоғозлар, пул маблағлари, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ким ошди савдоси асосида олинган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик ҳуқуқи, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, турар жой бинолари улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда, бошқа мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Шахсий хусусиятга эга бўлган талаблар, шунингдек гаровга қўйилиши қонун билан тақиқлаб қўйилган бошқа талаблар гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас.


2. Гаров ҳуқуқи келгусида гаровга қўювчининг эгалигига (тўлиқ хўжалик тасарруфига ёки бевосита бошқарувига) ўтадиган мол-мулкка нисбатан шартнома билан татбиқ этилиши мумкин.


3. Башарти, шартномада ёки қонунларда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи мол-мулкнинг ашёларини ҳам, таркибий самарасини ҳам ўз ичига олади. Мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада ёки қонунларда назарда тутилган ҳолларда, доирада ва тартибда ажратиб бўладиган самарани, бўлғуси ҳосилни, чорва моллар наслини, буюм келтирадиган даромадларни ўз ичига олиши мумкин.


4. Тарихий, маданий ёки ўзга қиммати туфайли ёхуд давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан гаров қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.



5-модда. Гаров билан таъминланадиган талаблар

1. Башарти, шартномада ёки қонунларда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, гаров ҳақиқатда қондириш пайтида бўлган ҳажмдаги талабни қондиради, фоизлар, ижрони кечиктириб юбориш оқибатида етказилган зарарларни қоплаш, неустойкани (жаримани, пеняни), жарималарни тўлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаб туришга кетадиган зарур чиқимлар, шунингдек ундирув олиш билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш шулар жумласига киради.


2. Гаров келгусида пайдо бўлувчи талабларга нисбатан ҳам, башарти, томонлар бундай талабларнинг гаров билан таъминланиш миқдори тўғрисида келишиб олсалар, белгиланиши мумкин.



6-модда. Умумий мулк бўлган мол-мулкни гаровга қўйиш

1. Ўртадаги умумий мол-мулк фақат барча мулкдорларнинг розилиги билан гаровга берилиши мумкин.


2. Мулкдорнинг умумий ҳиссабай мулкдаги ўз улушини гаровга қўйиш қолган мулк эгаларининг розилик беришини талаб қилмайди.



7-модда. Гаров нарсасининг тасодифан нобуд бўлиш хавфи

Башарти, шартномалар ёки қонунларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўйилган мол-мулкнинг эгаси (тўлиқ хўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқарув ҳуқуқи субъекти) нарса тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан ишдан чиқиши хавфини ўз зиммасига олади.



8-модда. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи

1. Юридик ёки жисмоний шахслар гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи бўлишлари мумкин.


2. Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс (мулкий кафил) ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин. Гаровга қўювчи гаровга берилаётган мол-мулкка эгалик (тўлиқ хўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқарув) ҳуқуқига эга бўлиши лозим.

Мол-мулк тўлиқ хўжалик тасарруфи ҳуқуқи билан биркитиб қўйилган корхона шу мол-мулк эгасининг ёки у ваколат берган идоранинг розилиги билан умуман корхонанинг, мулкий мажмуалар сифатида унинг тузилмалари ва бўлинмаларининг, шунингдек алоҳида бинолар ва иншоотларнинг гаровини амалга оширади.

Ўзига биркитиб қўйилган мол-мулкни бевосита идора қилиш ҳуқуқига эга бўлган муассаса (ташкилот) ўзига рухсат этилган хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобига орттирилган ашёлар ёки ҳуқуқларни гаровга беришга хақлидир.

Эгалик ҳуқуқининг кейинги субъектга ўтиши тўлиқ хўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқаруви остидаги мол-мулк гаровига даҳл қилмайди.


3. Ҳуқуқларни гаровга қўйишда шу ҳуқуқларга эга бўлган шахс гаровга қўювчи бўлиши мумкин. Бир неча шахсга биргаликда тегишли бўлган ҳуқуқ унинг барча эгаларининг розилиги билангина гаровга қўйилиши мумкин.

Ижарачи ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ижарага берувчининг розилигисиз ўзининг ижарага оид ҳуқуқларини гаровга ўтказишга ҳаклидир.


4. Бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар, қонунларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган булса, гаровга доир муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан айни бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар ҳамда айни бир хил мажбуриятларга эга бўладилар.



9-модда. Гаров нарсасини суғурта қилиш

1. Қонун ва шартнома гаровга олувчининг зиммасига унинг тасарруфига берилган гаровдаги мол-мулкни суғурта қилиш мажбуриятини юклаши мумкин, агар ушбу мол-мулк унинг эгаси томонидан суғурталанмаган бўлса.

Гаровга қўювчининг фойдаланишида қоладиган гаровдаги мол-мулкни суғурта қилиш унинг ўзига юкланади.


2. Шартнома ёки қонунлар билан гаровга қўювчи зиммасига давлат бошқарув идоралари томонидан унинг хўжалик фаолиятини тўхтатиб қўювчи ёхуд унга халақит қилувчи ёки унга салбий таъсир этувчи хатти-ҳаракатлар содир этилиши ва ҳужжатлар қабул қилиниши (мол-мулкни мусодара, реквизиция қилиш), шунингдек тугатилиши ёки хўжалик субъекти тўлов қобилиятини йўқотган деб эътироф этилиши ҳолларидан суғурта қилиш мажбурияти юкланиши мумкин.


3. Гаровдаги мол-мулк суғурта қилишда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбурият суммасигача бўлган суғурта пули суммасини олувчи деб кўрсатилади. Гаровга қўювчи суғурта пулининг қолдиқ суммасини олади.

Суғурта ҳоллари содир бўлганда гаровга олувчи ўз талаблари суғурта пули суммасидан имтиёзли қондирилиши ҳуқуқига эга бўлади.



10-модда. Гаров шартномасининг мазмуни

Гаров шартномасида томонларнинг номи, жойлашган манзили (истиқомат жойи), гаров тури, гаров билан таъминланган талабнинг моҳияти, унинг миқдори, мажбуриятни ижро этиш муддатлари, гаровдаги мол-мулкнинг рўйхати, қиймати ва турган жойи, шунингдек томонларнинг келишувига эришилган бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши зарур.



11-модда. Гаров шартномасининг шакли

1. Гаров шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим. Ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда гаров шартномаси нотариал йўл билан тасдиқланиши ва шундай рўйхатни юритувчи давлат идорасида қайд этилиши зарур.


2. Кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш шартномалари, шунингдек муомаладаги ва қайта ишловдаги молларни гаровга қўйиш нотариал йўл билан албатта тасдиқланиши ҳамда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Қонунларда гаров шартномаларини нотариал йўл билан тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг бошқа ҳоллари назарда тутилиши мумкин.


3. Башарти, шартномада назарда тутилган бўлса, нотариал идора гаров тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш билан бир пайтда гаров нарсасини тасарруфдан чиқаришни тақиқлаб қўяди.


4. Гаров шарти гаров билан таъминланган мажбурият юзага келувчи шартномага киритилиши мумкин. Бундай шартнома ушбу Қонунда белгиланган тартибда нотариал йўл билан тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши лозим.


5. Гаров тўғрисидаги шартнома шаклига, уни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартибига риоя этилмаган ҳолларда шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.



12-модда. Гаровнинг вужудга келиш пайти

Гаров гаров шартномаси имзоланган пайтдан эътиборан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган ҳолларда эса, шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Агар шартномага ёки қонунларга мувофиқ гаров нарсаси гаровга олувчида туриши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи унга гаров нарсаси берилган пайтда, агар гаров нарсаси шартнома имзолангунга қадар берилган бўлса, шартнома имзоланган пайтда вужудга келади.



13-модда. Гаров нарсаси учинчи шахсларга

ўтганида гаровнинг сақланиши

Гаров нарсасига бўлган мулкий ҳуқуқ (тўлиқ хўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқаруви) гаровга қўювчидан учинчи шахсга ўтган тақдирда гаров ўз кучини сақлайди.



14-модда. Навбатдаги гаров

1. Агар гаров шартномасида ўзга қоида назарда тутилмаган бўлса, такрорий ва кейинги гаровларга йўл қўйилади. Бу ҳолда аввалги гаровга олувчининг (аввалги гаровга олувчиларнинг) гарови ўз кучини сақлаб қолади.


2. Гаров ҳуқуқи кейинроқ вужудга келадиган гаровга олувчининг талаби аввалги гаровга олувчининг талаблари тўлиқ бажо этилгандан кейин қондирилади.


3. Гаровга қўювчи ҳар бир гаровга олувчига барча аввалги ва кейинги гаровлари ҳақида, шунингдек бу гаровлар билан таъминланган мажбуриятларнинг хусусияти ва миқдори ҳақида маълум қилиши шарт. Гаровга қўювчи гаровга олувчилардан ҳар бирида у бу мажбуриятни бажармаслиги оқибатида пайдо бўладиган зарарни қоплаши шарт.



15-модда. Кредитор талабларининг учинчи

шахс томонидан қондирилиши оқибатлари

Кредитор талабларини тўлиқ ҳажмда қондирган учинчи шахсга талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаган гаров ҳам ўтади.



16-модда. Депозитга пул ўтказиш йўли билан гаровни тўхтатиш

Гаровга олувчи гаров билан таъминланган пул мажбурияти ижросини қабул қилишдан воз кечганида тегишли пул нотариал идора ёки банкнинг депозитига ўтказилади. Депозитга ўтказилган пул қарзни тўлиқ қопласа, гаров шартномаси ўз кучини йўқотади.



17-модда. Учинчи шахс (мулкий кафил)нинг гаров куни

билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор

томонидан бажарилмаслиги оқибатлари

1. Қарздор томонидан кредитор олдидаги мажбурият бажарилмаган тақдирда, қарздорнинг мажбуриятини таъминлашга гаров берган учинчи шахс (мулкий кафил) ундирувнинг гаровга қўйилган нарсага қаратилишидан сақланиш мақсадида бу мажбуриятни бажаришга хақлидир.


2. Ундириш гаров нарсасига уни сотиш йўли билан қаратилган тақдирда, мулкий кафил қарздордан унинг қийматини ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.



18-модда. Ундирувнинг гаровга қўйилган нарсага қаратилиши

1. Агар шартномада ёки қонунларда ундирувнинг гаровга қўйилган нарсага мажбурий қаратилишига йўл қўйилмайдиган имтиёзли муддат белгиланган бўлса, гаровга олувчи асосий мажбурият бўйича талаб муддати бошланган пайтда ундирувни гаровга қўйилган нарсага қаратиш ҳуқуқига эга бўлади.


2. Агар шартномада ёки қонунларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бир қисмини бажарган тақдирда, гаровга олувчи гаровга қўйилган барча мол-мулкка бўлган ҳуқуқни сақлаб қолади.

Агар бир нечта ашё ёки ҳуқуқ гаров нарсаси бўлса, гаровга олувчи ана шу барча мол-мулк ҳисобига ёки ашёлар (ҳуқуқлар)дан бирортаси ҳисобига талабини қондириши мумкин, бунда кейинчалик гаров нарсасини ташкил этувчи бошқа ашёлар (ҳуқуқлар) ҳисобига талабини қондириш имконини сақлаб қолади.



19-модда. Ундирувни гаровга қўйилган нарсага қаратиш тартиби

1. Агар қонунда ўзгача қоидалар белгиланмаган бўлса, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор талабини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш суд, хўжалик суди ва холислар судининг қарорига биноан амалга оширилади.

Қонунларда назарда тутилган ҳолларда ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш нотариуснинг ижро этиш ёзуви асосида муқаррар тартибда амалга оширилади.

Агар қонун ҳужжатларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаров нарсасини сотиш суд ижрочиси томонидан суд берган ижро варақаси ёҳуд хўжалик судининг буйруғи ёки нотариуснинг ижро этиш ёзуви асосида қонунларда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Гаров нарсасини сотиш кимошди савдоси (очиқ савдода) ёки воситачилик дўконлари орқали амалга оширилади.


2. Ундирув гаровга қўйилган нарсага қаратилганда гаровга олувчининг талаби бошқа кредиторларга нисбатан имтиёзли тарзда қондирилади, Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


3. Агар гаров нарсасини сотишдан тушган пул гаров олувчининг талабларини қоплашга камлик қилса, шартномада ёки қонунларда ўзгача қоидалар йўқ бўлган тақдирда етишмаётган пулни гаров олувчи қарздорнинг бошқа мол-мулкидан қонунларда назарда тутилган навбат билан олиш ҳуқуқига эга бўлади.


4. Агар гаров нарсасини сотишдан тушган пул кредиторнинг гаров билан таъминланган мажбурият бўйича талаблари миқдоридан ортиқ бўлса, кредитор бир ойлик муддат ичида қарздорга фарқни тўлаши шарт.



20-модда. Гаров нарсасининг гаровга олувчи

томонидан мустақил равишда сотилиши

1. Гаровга олувчи гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда, гаровда турган мол-мулкни мустақил равишда сотишга ҳақлидир.


2. Гаровга қўювчи мол-мулкни қасддан арзон баҳода сотганлиги учун жавоб бериши тўғрисида гаровга олувчи олдига талаб қўйишга ҳақлидир. Гаров нарсасини воситачилик асосида, бозорда ёки кимошди савдосида сотиш гаровга олувчининг арзон баҳода сотганликда айби йўқлигининг шартидир.



21-модда. Амалга ошмаган кимошди

савдоси (очиқ савдо) оқибатлари

1. Агар кимошди савдоси (очиқ савдо) амалга ошмаган деб эълон қилган бўлса, гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкни ушбу Қонуннинг 19-моддасида назарда тутилган оқибатлар билан дастлабки баҳосида ўзида қолдиришга ҳақлидир.


2. Кимошди савдоси (очиқ савдо) амалга ошмаган деб эълон қилиниши оқибатида гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида қолдирган ҳолларда, у қонунларга мувофиқ ўз талабларига нисбатан устунликка эга бўлган даъволарни қондириши шарт. Бундай ҳолларда гаровга олувчининг жавобгарлиги бу мол-мулкнинг кимошди савдоси (очиқ савдо) учун белгиланган дастлабки баҳосидан ошмаслиги лозим.



22-модда. Гаров ҳуқуқини тўхтатиш

Гаров ҳуқуқи:

а) гаров билан таъминланган мажбурият ижро этилганда;

б) гаровга қўйилган мол-мулк нобуд бўлганда;

в) гаров нарсасига бўлган ҳуқуқ гаровга олувчига ўтганида;

г) гаровга қўйилган мол-мулк мажбуран сотилганда;

д) даъво муддати ўтиб кетганлиги оқибатида гаров билан таъминланган мажбурият бўйича кредиторнинг ўз талаблари қаноатлантирилиши мумкин бўлмаганда;

е) гаров нарсасини ташкил этувчи ҳуқуқнинг амал қилиш муддати тугаганда;

ж) Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.



23-модда. Юридик шахс - гаровга қўювчининг қайта

ташкил этилиши ёки тугатилиши оқибатлари

Юридик шахс - гаровга қўювчи қайта ташкил этилган ёки тугатилганда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати бошланишидан қатъи назар, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ҳуқуқига эга бўлади.



II БЎЛИМ. ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН МОЛ-МУЛКНИ

ГАРОВГА ОЛУВЧИГА БЕРИБ ҚЎЙИЛАДИГАН

ГАРОВ (ЗАКАЛАТ)

24-модда. Закалат тушунчаси

1. Закалат - кўчар мол-мулкнинг гаровидир, бунда гаров нарсасини ташкил этувчи ашё гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчи ихтиёрига берилади.


2. Кредиторнинг гаровга қўювчи билан келишувига биноан гаров нарсаси гаровга қўювчи ихтиёрида қулфланган ва гаровга олувчининг муҳри босилган ҳолда (ишончли гаров) қолдирилиши мумкин. Алоҳида белгиланган ашё гаров тўғрисида далолат берувчи белгилар қўйилган ҳолда гаровга қўювчи ихтиёрида қолдирилиши мумкин.



25-модда. Закалат қўйилганда гаровга олувчининг ҳуқуқлари

1. Гаровга олувчи гаров нарсасидан шартномада ёки қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина фойдаланиш ҳуқуқига эга. У гаров нарсасидан фойдаланишда эга бўлган мулкий фойда биринчи навбатда ашёни сақлаш билан боғлиқ чиқимларни қоплашга сарфланади ёки гаров билан таъминланган мажбурият фоизларини ёҳуд мажбуриятнинг ўзини узиш ҳисобига ўтказилади.


2. Гаровга олувчи мажбурият тўлиқ бажарилгунга қадар ашёни ушлаб туришга ҳақлидир.


3. Гаровга олувчининг айби бўлмагани ҳолда гаров нарсаси нобуд бўлиши, шикастланиш ёки қиймати пасайиши хавфи пайдо бўлган тақдирда, у бундай нарсани алмаштиришни талаб қилишга, қарздор бу талабни бажаришни рад этган тақдирда эса ундиришни гаровга қўйилган мол-мулкка муддатидан илгари қаратишга ҳақлидир. Тушган пул, агар шартномада ёки қонунларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, нотариал идора ёки банк депозитига қўйилади ва гаров нарсаси бўлиб хизмат қилади.


4. Агар гаров билан таъминланган талаб бажарилиши оқибатида гаров тўхтатилса, гаровга олувчида турган гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчига қайтариб берилиши ёки унинг кўрсатмасига биноан гаров ҳуқуқи пайдо бўлиши вақтига кўра кейинги гаровга олувчига берилиши лозим.



26-модда. Закалат қўйилганда гаровга

олувчининг мажбуриятлари

Агар шартномада ёки қонунда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчи:

а) закалат нарсасини ёки шартномада назарда тутилган нарсасини сақлаб қолиш учун зарур чораларни кўриши;

б) шартномада назарда тутилган ҳолларда гаровга қўювчининг манфаатларини кўзлаб гаровга қўйилган ашёдан даромад чиқариб олиши;

в) гаров нарсасининг нобуд бўлиши ёки шикастланиши хавфи пайдо бўлганида зудлик билан гаровга қўювчига хабар қилиши;

г) қарздор ёки учинчи шахс мажбуриятни бажарганидан кейин гаров нарсасини дарҳол қайтариб бериши;

д) ашёга - гаров нарсасига эгалик қилиш билан боғлиқ солиқлар ва йиғимларни гаровга қўювчи ҳисобидан тўлаши шарт.



27-модда. Закалат билан таъминланган мажбуриятни

муддатидан олдин бажариш имконияти

Агар гаровга олувчи закалат нарсасини лозим даражада сақламаётган ёки ундан фойдаланмаётган бўлса, гаровга қўювчи исталган пайтда гаровни тўхтатишни талаб қилишга ёхуд закалат билан таъминланган мажбуриятни муддатидан олдин бажаришга ҳақлидир.



28-модда. Гаровга олувчининг гаров нарсаси йўқолгани,

етишмаслиги ёки шикастлангани учун жавобгарлиги

1. Гаровга олувчи, агар йўқотиш, камомад ёки шикастланиш унинг айби бўлмагани ҳолда содир бўлганини исботлай олмаса, гаров нарсасининг йўқолгани, етишмаслиги ёки шикастлангани учун жавоб беради.

Агар гаровхона ёки мол-мулк закалати учун қарз бериш фаолият соҳаси ҳисобланувчи бошқа ташкилот гаровга олувчи бўлса, гаровга олувчи гаров нарсасининг йўқолиши, камомади ёки шикастланиши бартараф қилиб бўлмайдиган кучлар таъсиридан қасд қилиш ёки гаровга қўювчининг ўта эҳтиётсизлиги оқибатида содир бўлганини исботлаган тақдирдагина жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.


2. Гаровга олувчи закалат чоғида закалат нарсаси йўқолгани ва камомади учун йўқолган (етишмаган) нарсанинг қиймати миқдорида, закалат нарсаси шикастлангани учун эса қўйилган ашёнинг қиймати қанчага пасайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавобгар бўлади. Агар ашёни закалатга қабул қилиб олишда закалат нарсаси баҳоланган бўлса, гаровга олувчининг жавобгарлиги кўрсатилган баҳодан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Гаровга олувчи закалат нарсаси йўқолгани, камомади ёки шикастланиши туфайли кўрилган зарарни, агар бу қонунларда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, гаровга қўювчига тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт.



29-модда. Мол-мулкни гаровхонада ва гаровхона юмушларини

амалга оширувчи ташкилотларда закалатга қўйиш

1. Мол-мулкни гаровхонада ёки фуқароларга гаров эвазига пул қарз бериш хўжалик (тадбиркорлик) фаолияти тури ҳисобланувчи ўзга корхона (ташкилот)да гаровга қўйиш шартномаси икки томон имзолайдиган эгасининг номи ёзилган гаров гувоҳномасини бериш йўли билан расмийлаштирилади ва мажбурий рўйхатдан ўтказилмайди.


2. Гаровхона (гаровхона юмушларини амалга оширувчи ўзга корхона) гаровга олинган мол-мулкни гаровга қўювчи ҳисобидан мол-мулкни гаровга қабул қилиб олишда қўйилган баҳода суғурта қилиши шарт.


3. Гаров билан таъминланган қарз ўз муддатида узилмаган тақдирда, гаровхона (ўзга корхона) имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин бу мол-мулкни воситачилик дўкони орқали ҳақиқий қиймати бўйича, лекин белгиланганидан кам бўлмаган баҳода сотишга ҳақлидир. Тушган пулнинг қарзлар ва бошқа чиқимлар қопланганидан кейин (5-модданинг 1-банди) қолган қисми гаровга қўювчига қайтарилади.



III БЎЛИМ. МОЛ-МУЛК ГАРОВГА ҚЎЮВЧИДА

ҚОЛДИРИЛАДИГАН ГАРОВ


I БОБ. УМУМИЙ МАСАЛАЛАР

30-модда. Гаровга қўйилган мол-мулк гаровга

қўювчида қолдириладиган гаров нарсаси

1. Корхоналар, бинолар, иншоотлар, квартиралар, транспорт воситалари ва ушбу Қонуннинг 4-моддасида уқтириб ўтилган бошқа мол-мулк гаровга қўйилган мол-мулкни гаровга қўювчида қолдириладиган гаров нарсаси бўлиши мумкин.


2. Бўлакларга ажраладиган самара, агар у ажралиш чоғидан бошлаб учинчи шахс ҳуқуқлари объектига айланмаган тақдирда, ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган гаров нарсаси бўлиши мумкин.


3. Гаровга қўювчи томонидан учинчи шахсга вақтинча эгалик қилиш ёки фойдаланишга бериб қўйилган мол-мулк гарови уни гаровга қўювчида қолдириладиган гаров ҳисобланади.



31-модда. Мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган

гаровда гаровга олувчининг ҳуқуқлари

Мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган гаровда, башарти шартномада ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчи:

а) гаров нарсасининг мавжудлиги, миқдор, ҳолати ва сақланиш шароитларини ҳужжатлар бўйича ва амалий жиҳатдан текширишга;

б) гаровга қўювчидан гаров нарсаси сақланиши учун зарур чоралар кўришни талаб қилишга;

в) гаров нарсасига нисбатан унинг йўқолиши ёки шикастланиши хавфини туғдирадиган тажовузлар қилишни, ким томонидан содир этилаётганидан қатъи назар, тўхтатишни талаб этишга ҳақлидир.

Агар гаров нарсаси гаровга олувчининг айби бўлмагани ҳолда йўқолган ва гаровга қўювчи уни тикламаган ёки гаровга олувчининг розилиги билан қиймати тенг бошқа мол-мулкка алмаштирмаган бўлса, гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбурият муддатидан олдин бажарилишини талаб қилишга ҳақлидир.



32-модда. Мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган

гаровда гаровга қўювчининг ҳуқуқлари

Агар шартномада ёки қонунда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган гаровда гаровга қўювчи:

а) гаров нарсасига унинг белгиланган мақсадига мувофиқ равишда эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга;

б) гаров нарсасини гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарзни сотиб олувчига ўтказган ҳолда олиб қўйиш ёхуд ижарага бериш йўли билан тасарруф этишга ҳақлидир.



33-модда. Мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган

гаровда гаровга қўювчининг мажбуриятлари

Мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган гаровда, агар шартномада ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи:

а) гаров нарсасини ўз ҳисобидан унинг тўлиқ қийматига суғурта қилдириши;

б) гаров нарсасининг сақланиши юзасидан, хусусан асосли ва жорий таъмирлашни қўшган ҳолда, чоралар кўриши;

в) гаров нарсасини ижарага берганлик тўғрисида гаров олувчини хабардор қилиши шарт.



34-модда. Мол-мулк гаровга қўювчида қолдириладиган

гаровда гаровга қўювчи томонидан мажбуриятлар

бузилишининг оқибатлари

Гаровга қўювчи ушбу Қонун 33-моддасининг "а" ва "б" бандларида назарда тутилган мажбуриятларни бузган тақдирда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати бошлангунга қадар ундиришни гаров нарсасига қаратишга ҳақлидир.



II БОБ. ИПОТЕКА

35-модда. Ипотека

Гаров нарсаси гаровга қўювчида ёки учинчи шахсда қоладиган кўчмас мулк гарови ипотека деб эътироф қилинади.



36-модда. Ипотека нарсаси

1. Ер билан боғлиқ мол-мулк - иморат, иншоот, кўп квартирали уйлардаги квартиралар, корхоналар, бошқа мулкий мажмуалар, юридик ва жисмоний шахслар мулкида бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек турар жой бинолари улар жойлашган ер участкалари билан бирга қонунлар билан кўчмас мулк сирасига киритилган бошқа мол-мулк, шунингдек транспорт воситалари ипотека нарсаси бўлиши мумкин.

2. Агар ипотека тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса, кўчмас мулкдан хўжаликда ва ўзга тарзда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, самара ва бошқа даромадлар гаровнинг мустақил нарсаси бўлиши мумкин.



37-модда. Ипотека тўғрисидаги шартноманинг

шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш

1. Ипотека шартномаси ушбу Қонуннинг 11-моддасида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


2. Агар шартномада назарда тутилган бўлса, нотариал идора шартномани тасдиқлаш билан бир пайтда ипотека нарсасини тасарруфдан чиқаришни тақиқлаб қўяди.


3. Ипотека билан таъминланган мажбурият мазмуни ўзгартирилган, кейинги ипотекада, шунингдек ипотека нарсасига бўлган мулк ҳуқуқи (тўлиқ ҳўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқаруви) гаровга қўювчидан бошқа шахсга ўтганида қўшимча равишда рўйхатдан ўтказилади. Мазкур талабнинг бузилиши мажбуриятда амалга оширилган ўзгартишлар ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.

4. Ипотека билан таъминланган мажбурият қарздор томонидан бажарилганида, гаровга олувчи гаровга қўювчининг талабига биноан ипотекани рўйхатдан ўтказган идорага рўйхат дафтарига тегишли ўзгартишларни киритиш учун зарур бўлган хужжатларни тақдим этиши шарт. Гаровга олувчи мазкур талабни бажармаган ҳолларда гаровга қўювчи ундан ўзига етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.



38-модда. Ипотека гарови қўювчисининг ҳуқуқлари

Агар шартномада ёки қонунда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ипотека гарови қўювчиси:

а) ипотека нарсасига унинг белгиланган мақсадига мувофиқ равишда эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга;

б) гаровга олувчининг розилиги билан ипотека нарсаси сотилган тақдирда асосий мажбуриятни муддатидан олдин бажаришга ёхуд асосий қарзни гаров топшириғи билан биргаликда сотиб олувчига ўтказган ҳолда ипотека нарсасини сотишга;

в) ипотека нарсасини ижарага топширишга ҳақлидир.



39-модда. Ипотека гарови қўювчисининг мажбуриятлари

Агар шартномада ёки қонунда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ипотека гарови қўювчиси:

а) асосли ва жорий таъмирлашни амалга оширишни қўшган ҳолда ипотека нарсасининг сақланиши учун зарур чораларни кўриши;

б) ипотека нарсасини суғурта қилдириши;

в) ипотека нарсаси нобуд бўлган тақдирда, қиймати нобуд бўлган нарса қийматига тенг кўчмас мулк бериши ёки муддат келишидан қатъи назар, мажбуриятни тўлиқ ҳажмда ёхуд унинг тегишли қисмини бажариши;

г) ипотека нарсасини ижарага берганлик тўғрисида гаровга олувчини хабардор қилиши шарт.



40-модда. Ипотека гарови гаровга қўювчиси томонидан

мажбуриятлар бузилишининг оқибатлари

1. гаровга қўювчи ипотека нарсасини сақлаш учун чораларни кўришга доир мажбуриятларини бузгани тақдирда, гаровга олувчи заруратга қараб, ундиришни ипотека нарсасига қаратган ҳолда ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилишга ҳақлидир.


2. Гаровга қўювчи ипотека нарсасини суғурта қилиш бўйича мажбуриятларни бузган тақдирда гаровга олувчи асосий қарз муддатидан олдин бажарилишини талаб қилишга ёхуд ипотека нарсасини ўз ҳисобидан, лекин гаровга қўювчининг манфаатларини кўзлаб ундан суғурта қилдиришга кетган чиқимларни ундирган ҳолда, суғурта қилишга ҳақлидир.


3. Ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида уқтириб ўтилган оқибатлар, ипотека нарсаси гаровга қўювчида ёки учинчи шахсда турганидан қатъи назар, бошланади. Гаровга қўювчи бундай учинчи шахснинг хатти-ҳаракатлари учун гаровга олувчи олдида баайни ўз хатти-ҳаракатларидек жавобгар бўлади.



41-модда. Ипотека нарсасининг гаровга қўювчи

томонидан бегоналаштирилиши

Ипотека нарсаси гаровга қўювчи томонидан бегоналаштирилишига фақат гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.



42-модда. Иморатлар, бинолар ва иншоотлар

ипотекаси ҳусусиятлари

Иморатлар, бинолар ёки иншоотлар ипотекасида кўрсатилган объектлар жойлашган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам улар билан бир пайтда гаров нарсасига айланади. Бундай ҳолларда ундириш гаров нарсасига қаратилганда иморатни, бинони, иншоотни қўлга киритувчига бир йўла ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади.



43-модда. Корхоналар ипотекаси хусусиятлари

1. Жамоа (ширкат) мулкига, шунингдек фуқароларнинг мулкига асосланган корхоналарни ипотекага бериш корхонанинг ўзи томонидан амалга оширилади.


2. Тўлиқ хўжалик тасарруфи ҳуқуқига асосланган корхоналар ипотекаси корхона мулкдорининг розилиги билан ана шу корхона томонидан амалга оширилади.


3. Агар қонунда ёки шартномада ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, корхона ипотекаси унинг барча мол-мулкини, шу жумладан асосий фондлар ва дастмоя маблағларни, шунингдек корхонанинг мустақил балансида акс этган бошқа бойликларни ўз ичига олади.


4. Гаровга қўювчи корхона гаровга олувчининг талабига биноан унга йиллик балансни тақдим этиши шарт.


5. Корхона ипотекаси билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда гаровга олувчи корхонанинг молиявий аҳволини соғломлаштириш юзасидан ипотека шартномасида назарда тутилган чора-тадбирларни кўришга, шу жумладан корхона бошқаруви таркибига ишлаб чиқарилган маҳсулотни ҳамда корхонанинг бошқа мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқи чекланган вакиллар тайинлашга ҳаклидир.


6. Ушбу модданинг 5-бандида назарда тутилган чоралар кутилган натижаларни бермаган ҳолда гаровга олувчи ундиришни ипотекада турган корхонага қаратишга ҳақлидир.

Агар шартномада ёки қонунда назарда тутилган бўлса, корхона гаровга олувчига ўтади. Бу ҳолда ипотека нарсасининг узил-кесил баҳоси корхонанинг ўтиш пайтида, гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувига биноан белгиланади, низо пайдо бўлганда эса суд ёки хўжалик судининг қарорига биноан белгиланади.



III БОБ. МУОМАЛАДАГИ ВА ҚАЙТА

ИШЛАШДАГИ МОЛЛАРНИНГ ГАРОВИ

44-модда. Муомаладаги ва қайта ишлашдаги

молларнинг гаров нарсаси

1. Хом ашё, бутловчи буюмлар, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар муомаладаги ва қайта ишлашдаги молларнинг гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Муомаладаги ва қайта ишлашдаги моллар гаровида гаров нарсаси (мол заҳиралари, хом ашё, материаллар, ярим тайёр ва тайёр маҳсулот кабилар)нинг таркиби ва натурал шаклини ўзгартиришга, уларнинг умумий қиймати гаров тўғрисидаги шартномада кўрсатилганидан кам бўлиб қолмаслиги шарти билан йўл қўйилади.

Агар шартномада ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўйилган молларнинг гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда уларнинг қийматини пасайтиришга йўл қўйилади.


2. Муомаладаги ва қайта ишлашдаги моллар гаровида гаровга қўювчи томонидан реализация қилинган моллар қўлга киритувчининг мулкига, тўлиқ хўжалик тасарруфига ёки бевосита бошқарувига ўтган пайтдан бошлаб гаров нарсаси бўлишдан тўхтайди, гаровга қўювчи сотиб олган, гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган моллар уларга нисбатан гаровга қўювчининг мулкий ёки тўлиқ хўжалик тасарруфи ҳуқуқ пайдо бўлган пайтдан бошлаб гаров нарсасига айланади.



45-модда. Муомаладаги ва қайта ишлашдаги моллар гарови

тўғрисидаги шартнома томонларининг ҳуқуқ ва бурчлари

1. Гаровга қўювчи гаровга қўйилган молга дахлдор юмушларни алоҳида ҳисобга олиб бориши шарт. У гаров нарсасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини сақлаб қолади.


2. Гаровга олувчи гаровга қўйилган молнинг миқдори, ҳолати ва қийматини, шунингдек сақлаш шароитини исталган пайтда текшириш ҳуқуқига эга.


3. Гаровга қўювчи гаров тўғрисидаги шартнома талабларини бажармаган тақдирда гаровга олувчига гаровга қўйилган молни унга беришни ёки молни гаровга қўювчининг ихтиёрида қулфланган ёки гаровга олувчининг муҳри босилган ҳолда қолдиришни, ёхуд гаров билан таъминланган қарзни муддатидан олдин ундиришни талаб қилиш ҳуқуқи берилади.



IV БЎЛИМ. ҲУҚУҚЛАР, ҚИММАТБАҲО

ҚОҒОЗЛАР ВА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ГАРОВИ

46-модда. Ҳуқуқлар гаров нарсаси сифатида

1. Гаровга қўювчига тегишли эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқлари, шу жумладан ижарачининг ҳуқуқлари, мажбуриятларидан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқлар (талаблар) ва ўзга мулкий ҳуқуқлар гаров нарсаси бўлиши мумкин.


2. Гаров нарсаси бўлиши қонун билан ман қилинган ҳуқуқларни гаровга қўйишга йўл қўйилмайди.


3. Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни, шунингдек ўзга табиий ресурсларга нисбатан бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйишга қонунларда белгиланган меъёр ва шартларда рухсат этилади.


4. Муддатли ҳуқуқ унинг амал қилиш муддати тугагунга қадаргина гаров нарсаси бўлиши мумкин.


5. Гаровга қўювчи ҳуқуқлар гарови амалга оширилгани ҳақида ўз қарздорини хабардор қилиши шарт. Башарти, ҳуқуқлар гарови тўғрисидаги шартномада ўзгача қоидалар белгиланмаган бўлса, гаровга қўювчига нисбатан қарздор ҳисобланувчи шахс гаровга олувчи мажбуриятини бажариши лозим.



47-модда. Ҳуқуқлар гаровида гаровга

қўювчининг мажбуриятлари

1. Башарти, шартномада ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқлар гаровида гаровга қўювчи:

а) гаровга қўйилган ҳуқуқнинг ҳақиқийлигини таъминлаш;

б) гаровга қўйилган ҳуқуқни бериб юбормаслиги;

в) гаровга қўйилган ҳуқуқ тўхтатилишига ёки унинг қиймати камайишига сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатлар қилмаслиги;

г) гаровга қўйилган ҳуқуқни учинчи шахслар томонидан қилинадиган тажовузлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўриши;

д) гаровга олувчига гаровга қўйилган ҳуқуқда содир бўлган ўзгаришлар тўғрисидаги, унинг учинчи шахслар томонидан бузилганлиги ҳақидаги маълумотларни хабар қилиши шарт.


2. Ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган қоидаларга гаровга қўювчининг ҳуқуқий ворисларига нисбатан гаровга қўйилган ҳуқуқлар доирасида қўлланилади.



48-модда. Ҳуқуқлар гаровга қўйилганда

гаровга олувчининг ҳуқуқлари

Агар шартномада ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқлар гаровга олувчи:

а) мажбурият билан таъминланган гаров ижроси муддати бошланганидан қатъи назар, агар гаровга қўювчи ушбу Қонуннинг 47-моддаси 1-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бузган бўлса, гаровга қўйилган ҳуқуқ ўзига ўтказилишини суд орқали талаб қилишга;

б) гаровга қўйилган ҳуқуқ масаласи кўриб чиқиладиган суд ишида учинчи шахс сифатида қатнашишга;

в) гаровга қўювчи 47-модданинг 1-банди "г" бандчасида назарда тутилган мажбуриятларни бузган тақдирда, гаровга қўйилган ҳуқуқ учинчи шахслар томонидан бузилишининг олдини олиш учун мустақил равишда ҳимоя чораларини кўришга ҳақлидир.



49-модда. Қарздорнинг гаровга кўювчи олдидаги

мажбуриятларини бажаришининг оқибатлари

1. Агар гаровга қўювчининг қарздори гаров билан таъминланган мажбурият гаровга қўювчи томонидан бажарилгунга қадар ўз мажбуриятини бажарса, бунда гаровга қўювчи олган барча нарсалар гаров нарсасига айланади, гаровга қўювчи бу ҳақда гаровга олувчини дарҳол хабардор қилиши шарт;


2. Агар гаров шартномасида ўзгача қоидалар белгиланмаган бўлса, гаровга қўювчи ўз қарздоридан мажбуриятни бажариш ҳисобига пул суммалари олишда гаровга олувчининг талабига кўра гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш ҳисобига тегишли суммаларни ўтказиши шарт.



50-модда. Қимматли коғозлар ва пул маблағлари гарови

1. Қимматли қоғозлар гарови тўғрисидаги шартнома, агар қонунлар ёки томонларнинг келишувида ўзгача қоидалар назарда тутилган бўлса, ушбу Қонуннинг 11-моддасида белгиланган тартибда тузилади.


2. Томонларнинг келишувига биноан гаровга қўйилган қимматбаҳо қоғозлар сақлаш учун нотариал идора ёки банкка депозитга топшириши мумкин.


3. Гаров нарсаси ҳисобланувчи қимматбаҳо қоғозлардан келадиган даромадлар, агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчига тегишли бўлади.


4. 24-26-моддаларнинг қоидалари кўрсатувчига тўланадиган қимматбаҳо қоғозлар гаровига нисбатан ҳам амал қилади.


5. Гаров нарсаси ҳисобланувчи пул маблағлари нотариал идора ёки банкнинг депозит ҳисобида сақланади. Ушбу суммага ҳисобланадиган фоизлар гаровга қўювчига тегишли бўлади.


6. Башарти, қимматбаҳо қоғозлар ёки пул маблағларининг гаровга олувчиси банк бўлса, унда гаров шартномаси нотариал йўл билан тасдиқланмайди ва махсус рўйхатдан ўтказилмайди.



V БЎЛИМ. ГАРОВНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ

51-модда. Гаровни давлат томонидан рўйхатга олиш

Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган корхонанинг бутунлай ёки бошқа мол-мулкнинг гаровга қўйилиши бундай рўйхатни амалга оширадиган идорада рўйхатга олиниши лозим.

Агар мол-мулк гарови давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса, унда гаров тўғрисидаги шартнома рўйхатга олинган пайтдан бошлаб тузилган деб ҳисобланади.



52-модда. Гаровга қўювчи томонидан гаровларни

қайдлов дафтарини юритиш

1. Юридик ёки жисмоний шахс - тадбиркор:

а) гаровларни рўйхатга олиш дафтари юритиши;

б) гаров юзага келганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай гаров ва нарсаси, шунингдек гаров билан таъминланган мажбурият ҳажми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи ёзувларни дафтарга киритиши шарт.


2. Юридик ёки жисмоний шахс - тадбиркор жабрланувчига - гаровга олувчига ёки тегишлича учинчи шахсга гаровларни рўйхатга олиш дафтарига ёзувларни ўз вақтида киритмаганлик, ёзувларнинг тўлиқ эмаслиги ёки ноаниқлиги, шунингдек гаровларни рўйхатга олиш дафтарини тақдим этиш мажбуриятидан бўйин товлаш оқибатида етказилган зарарни қоплаши шарт.



53-модда. Рўйхатга олишни амалга оширувчи

идоранинг мажбуриятлари

1. Гаровни рўйхатга олиш гаровга қўювчининг аризасига биноан, агар шартномада ўзга муддат кўрсатилмаган бўлса, гаров тўғрисидаги шартнома имзоланган пайтдан бошлаб 20 кундан кечиктирмай амалга оширилади.


2. Рўйхатга олишни амалга оширувчи идора қайдлов ёзувлари тўғрисида дарҳол гаровга қўювчига хабар қилиши шарт.



54-модда. Гаров тўғрисидаги рўйхатга олиш ёзувининг мазмуни

Гаров тўғрисидаги рўйхатга олиш ёзуви:

а) гаровга қўювчининг (гаровга қўювчиларнинг) ва гаровга олувчининг (гаровга олувчиларнинг) номи ва манзилини;

б) гаров тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ва амалга кириши ёхуд қонундан келиб чиқувчи гаров юзага келиши санасини;

в) гаров билан таъминланган мажбурият миқдорини;

г) гаров нарсасининг қисқача тавсифи;

д) гаровга қўювчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари хусусиятини ўз ичига олиши лозим.

Агар гаров нарсаси келгусида гаровга қўювчи томонидан сотиб олиниши лозим бўлса, унда уни сотиб олиш мумкин бўлган муддат кўрсатилади.



55-модда. Гаров рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳнома

Ариза берувчининг талабига биноан гаровни рўйхатдан ўтказган идора гаров билан таъминланган мажбуриятнинг миқдорини, рўйхатга олиш ёзуви қайд этилган сана ва вақтни ҳамда унинг тартиб рақамини тасдиқловчи рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳнома беради.



56-модда. Гаровни рўйхатга олишнинг амал қилиш муддати

1. Гаровни рўйхатга олиш 5 йил мобайнида амал қилади ва гаров билан таъминланган мажбурият бажарилгунга ёхуд бундай мажбуриятнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар навбатдаги беш йиллик муддатга узайтирилиши мумкин.


2. Агар гаровни рўйхатга олишнинг амал қилиш муддати қарздор (гаровга қўювчи) корхонани тугатиш тўғрисида судда иш қўзғаш пайтига қадар тугаса, рўйхатга олиш якунланган пайтдан бошлаб олтмиш кун мобайнида ва тугатиш учун белгиланган муддат ўтгунга қадар ўз кучини сақлаб қолади.


3. Гаровни рўйхатга олишнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза рўйхатга олишнинг беш йиллик муддати тугашига камида 6 ой қолганида жўнатилиши лозим.


4. Агар гаровнинг рўйхатга олинишини узайтириш тўғрисидаги ариза ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган муддат тугагунга қадар жўнатилмаган бўлса, рўйхатни амалга оширган идора рўйхатга олишнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг рўйхатга олиш дафтаридаги гаров тўғрисидаги ёзувни бекор қилиши лозим.



57-модда. Гаровни рўйхатга олиш билан боғлиқ

хатти-ҳаракатлар устидан шикоят қилиш

Манфаатдор шахс гаровни рўйхатга олишни рад этганлик ёки ғайриқонуний равишда рўйхатга олганлик устидан рўйхатга олувчи идора жойлашган ердаги судга шикоят аризаси беришга ҳақлидир.



58-модда. Манфаатдор шахсларга гаровни рўйхатга

олганлик тўғрисидаги маълумотларни юбориш

1. Гаровни рўйхатга олишни амалга оширган идора тегишли юридик ёки жисмоний шахс - тадбиркорнинг мол-мулки гаровларини рўйхатга олишга доир маълумотларни манфаатдор шахсларнинг талаби билан уларга юбориши шарт.


2. Гаровларни рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотларни йўллаш билан боғлиқ хизматларга ариза берувчи томонидан ҳақ тўлаш миқдори ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



59-модда. Гаров билан таъминланган

мажбуриятни бажариш оқибатлари

Гаровни рўйхатга олишни амалга оширган идора гаров билан таъминланган шартнома тўлиқ ёки қисман бажарилгани тўғрисида ёхуд гаровга қўювчи эндиликда гаров нарсасининг мулкдори ҳисобланмаслиги (тўлиқ хўжалик тасарруфи, бевосита бошқаруви ҳуқуқига эга эмаслиги) тўғрисида нотариал йўл билан тасдиқланган хабарнома олса, бу идора дарҳол рўйхат дафтарига тегишли ёзувни киритиши шарт.



60-модда. Давлат божи

Гаровни рўйхатга олиш ва уни узайтириш, рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш, шунингдек рўйхат дафтаридан кўчирмалар юбориш учун давлат божи тўланади.



61-модда. Гаровни рўйхатга олишга доир мажбуриятларни

бузганлик учун гаровга қўювчининг жавобгарлиги

Гаровга олувчи гаровга қўювчидан гаровни рўйхатдан ўтказишга доир белгиланган муддатларни бузганлик учун жарима ундиришга, шунингдек муддатни ўтказиб юбориш оқибатида етказилган зарарнинг жарима билан қопланмаган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақлидир. Жарима миқдори шартнома билан белгиланади.



62-модда. Рўйхатга олишни амалга

оширувчи идоранинг жавобгарлиги

Ушбу Қонунда кўрсатилган ҳаракатлар умуман ёки лозим даражада амалга оширилмаган ҳолларда асоссиз рўйхатга олган ёки рўйхатга олишни асоссиз рад этган идора ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўфайли ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарни қоплаши шарт.



VI БЎЛИМ. ГАРОВДА ТОМОНЛАР

ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

63-модда. Гаров тўғрисидаги шартноманинг ўзгармаслиги

Шартнома имзоланганидан кейин қонунларда гаровга олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг аҳволини ўзгартирувчи меъёрлар белгиланган ҳолларда гаров тўғрисида илгари имзоланган шартноманинг талаблари унинг бутун амал қилиш муддатида ўз кучини сақлаб қолади.



64-модда. Гаровга олувчининг ва гаровга қўювчининг гаровга

қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини қонунда назарда

тутилган асосларга биноан тўхтатишда гаровга олувчининг

манфаатларини ҳимоя қилиш

1. Ўзбекистон Республикаси томонидан гаров ҳуқуқини ёхуд гаровга қўювчининг гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тўхтатувчи қонунлар қабул қилинган тақдирда, бу ҳужжатлар қабул қилиниши натижасида гаровга олувчига етказилган зарар қиймати унга Ўзбекистон Республикаси томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади. Зарар қийматини тўлашга доир низолар суд томонидан ҳал қилинади.


2. Давлат томонидан давлат мулкига айлантириш, қийматини тўлаш шарти билан давлат ихтиёрига олиш каби мол-мулк ёки ҳуқуқларни мажбуран тортиб олиш чоралари, шунингдек ўз оқибатларига кўра шунга ўхшаш чоралар кўрилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси шу чораларни амалга ошириш натижасида гаровга олувчига етказилган зарар қийматини тўлайди.


3. Давлат идорасининг гаровга қўйилган мол-мулкни ёки гаровга қўйилган ҳуқуқларни бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан гаровга қўйилган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган мулкий ҳуқуқ тўхтатилган ёки гаровга қўйилган ҳуқуқлар тўҳтатилган ҳолларда, бу қарор туфайли гаровга олувчи кўрган зарар қиймати унга тўлиқ ҳажмда тўланади. Зарар қийматини тўлашга доир низолар суд ёки хўжалик суди томонидан ҳал қилинади.



65-модда. Гаров ҳуқуқини бузувчи

ҳужжатларнинг ҳақиқий эмаслиги

1. Жойлардаги давлат ҳокимияти ёки давлат бошқаруви идорасининг қонунларга номувофиқ равишда чиқарган хужжати натижасида гаровга олувчининг гаров нарсасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга доир ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бундай ҳужжат гаровга олувчининг даъвосига биноан суд ёки хўжалик суди томонидан ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин.


2. Ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган оқибатлар гаровга қўювчи гаров нарсасини хўжаликда тўлиқ тасарруф этиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда ҳам юзага келади.


3. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ҳужжатлар чиқарилиши натижасида гаровга олувчига етказилган зарар қиймати тегишли давлат ҳокимияти ёки давлат бошқарув идораси томонидан тўлиқ хажмда тўланиши лозим.



VII БЎЛИМ. ХАЛҚАРО МУОМАЛАДАГИ ГАРОВ

66-модда. Гаров шартномасига нисбатан

қўлланиладиган қонунлар

1. Гаров шартномасидаги томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартноманинг шакли, у қаерда тузилган бўлса, шу мамлакат қонунлари билан ёки гаров тўғрисидаги шартномани тузиш чоғида томонларнинг ўзи танланган мамлакатнинг қонунлари билан ёхуд томонларнинг ўзаро келишувига биноан белгиланади.


2. Гаров тўғрисидаги шартномага нисбатан ҳуқуқ қўллаш борасида томонлар ўртасида битим бўлмаган тақдирда, гаровга қўювчи қайси мамлакатда таъсис этилган бўлса, ўз турар жойига ёки асосий фаолият жойига эга бўлса, ана шу мамлакат қонунлари қўлланилади.


3. Муайян мол-мулк ёки ҳуқуқнинг гаров шартномасининг объекти бўла олиши ёки бўла олмаслиги тегишли равишда мол-мулкка мулкдорлик ҳуқуқларини тартибга солувчи қонунлар билан ҳамда шу ҳуқуқ юзага келган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар билан белгилаб қўйилади.


4. Ўзбекистон Республикасида жойлашган иморатлар, бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас мол-мулкнинг гарови тўғрисидаги шартнома шакли, шунингдек унга бўлган ҳуқуқлар шакли Ўзбекистон Республикасида таъсис этилган, турар жойи ёки асосий фаолият жойига эга бўлган гаровга қўювчи томонидан тузилган муомаладаги мол-мулк гарови шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.



67-модда. Гаровни рўйхатга олишда Ўзбекистон

Республикаси ҳуқуқий ваколатининг чегаралари

1. Ушбу Қонунга мувофиқ гаровни рўйхатга олиш мажбурий бўлган ҳолларда, агар у:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган кўчмас мол-мулк гаров нарсаси бўлса;

б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқ гаров нарсаси бўлса;

в) муомаладаги ва қайта ишлашдаги моллар гарови тўғрисидаги шартномада гаровга қўювчи Ўзбекистон Республикасида таъсис этилган бўлса, ўз турар жойига ёки асосий фаолият жойига эга бўлса;

г) денгиздаги қурилмалар, иншоотлар гаров нарсаси бўлса, агар улар Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахсининг, ёхуд Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги ажнабий юридик шахснинг, ёхуд қароргоҳи Ўзбекистон Республикасида жойлашган давлатлараро ташкилотнинг мулк ёки ижара объекти бўлса, Ўзбекистон Республикаси идоралари томонидан амалга оширилади.


2. Ажнабий давлат идоралари томонидан амалга оширилган гаров тўғрисидаги шартномани рўйхатга олиш, агар унга гаровни мажбурий тарзда рўйхатга олишнинг ушбу модданинг 1-бандида белгиланган талаблари бузилмаган бўлса, эътироф этилади.



68-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни Ўзбекистон

Республикаси ҳудудидан ташқарида

кимошди савдосида сотиш

1. Гаров тўғрисидаги ташқи савдо шартномасида томонлар гаров тўғрисидаги шартномани имзолашда ёки кейин келишиб олиш асосида гаровга қўйилган мол-мулкни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида кимошди савдоси қилиб сотишни белгилаб қўйишга ҳақлидир.


2. Гаровга қўйилган мол-мулкни кимошди савдоси тарзида сотиш тартиботи кимошди савдоси қайси давлат ҳудудида ўтказиладиган бўлса, ана шу давлат ҳуқуқи билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасида жойлашган гаровга қўйилган мол-мулк республикадан ташқарида кимошди савдосида сотилса, бунда даставвал Ўзбекистон Республикасининг бож тўғрисидаги қонунларида кўзда тутилган талаблар бажарилмоғи керак.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 17-модда; 1994 й., 11-12-сон, 285-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 118-модда; 1995 й., 9-сон, 193-модда; 1997 й., 4-5-сон, 126-модда














Время: 0.1591
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск