Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аҳоли бандлиги /

Ўзбекистон Республикасининг 13.01.1992 й. 510-XII-сон "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.01.1992 й.

N 510-XII



АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун бозор иқтисодиёти ва мулкчиликнинг турли шакллари тенг ҳуқуқлилиги шароитида инсоннинг ишли бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ташкилий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий кафолатларини белгилаб беради. Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларини ва халқаро қоидаларни ҳисобга олган ҳолда аҳолини иш билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилгандир.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасида аҳолини

иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунлар

Аҳолини иш билан таъминлашга оид муносабатлар мазкур Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида эса Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари билан ҳам тартибга солиб борилади.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси аҳолисини

иш билан таъминлаш

1. Иш билан таъминлаш одамларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.

Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият, шу жумладан ҳақ тўланадиган ишни бажариш билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мутлақ ҳуқуқларидир.

Меҳнат қилишга маъмурий йўл билан бирон-бир шаклда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Одамларнинг ихтиёрий равишда иш билан банд бўлмаслиги уларни жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди.


2. Ўзбекистон Республикасининг:

ёлланиб ишлайдиган, шу жумладан ҳақ эвазига тўла ёки тўла бўлмаган иш кунида (ҳафтасида) иш бажарадиган, шунингдек шартнома (контракт, битим) билан тасдиқланган ҳақ тўланадиган ишга эга бўлган, лекин бетоблиги, отпуска, ишлаб чиқаришнинг вақтинча тўхтатиб қўйилганлиги муносабати билан вақтинча ишда бўлмаган фуқаролари;

ўзини иш билан мустақил таъминлайдиган фуқаролари, шу жумладан тадбиркорлар, ишлаб чиқариш кооперативларининг аъзолари, фермерлар ва уларнинг ишлаб чиқаришда қатнашаётган оила аъзолари;

ҳақ тўланадиган лавозимга сайланган, тайинланган ёки тасдиқланган фуқаролари;

Қуролли Кучларда, ички қўшинлар ва темир йўл қўшинларида, миллий хавфсизлик ва ички ишлар органларида хизматини ўтаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек ноҳарбий (муқобил) хизматни ўтаётганлар;

халқаро ҳамда чет эл ташкилотларида ишловчи фуқаролари;

шахсий томорқа хўжалигида ва деҳқон (фермер) хўжалигида ишлаб, маҳсулотини жамоа хўжаликлари, шўро хўжаликлари ва матлубот кооперацияси ташкилотларига топширувчи ҳамда бозорда сотувчи фуқаролари;

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда умумий таълим мактабларида, ҳунар-техника билим юртларида, ўрта махсус, ҳарбий ва олий ўқув юртларида, аспирантура, ординатура ва докторантурада таълим олаётган фуқаролари; ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ амалга ошираётган жамоат ташкилотлари ва диний муассасаларда ишлаётган фуқаролари иш билан таъминланган аҳоли жумласига киради.

Бошқа давлатларнинг республика ҳудудида вақтинча туриб, дипломатик ваколатхоналар фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажарувчи фуқаролари ҳам иш билан таъминланган аҳоли жумласига киради.



3-модда. Ишсизлар

16 ёшдан бошлаб то пенсияга чиқиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги ишга ва иш ҳақи (меҳнат даромади)га эга бўлмаган, ҳақиқатда иш қидираётган, меҳнат қилишга, касб-кор тайёргарлиги ва қайта тайёргарликдан ўтишга тайёр шахс сифатида иш билан таъминлаш давлат хизматларида рўйхатга олинган ва шу хизматлар мақбул келадиган ишни таклиф қилмаган, лекин меҳнатга лаёқатли шахслар ишсизлар деб ҳисобланадилар.

Иш билан таъминлаш давлат хизматида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида таклиф этилган ўзига мақбул ишни икки марта рад этган шахслар иш қидираётган деб эътироф этилмайди ва таклиф этилган ишни рад қилган вақтдан бошлаб 30 календарь кун ўтгандан кейингина ишсиз сифатида такроран рўйхатга олиниш ҳуқуқига эга бўлади.

Ишсизлар сифатида рўйхатга олиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг норматив ҳужжатлари билан белгиланади.



4-модда. Мақбул келадиган иш

1. Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун меҳнат биржаси томонидан таклиф қилинган, уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, сиҳат-саломатлигини, меҳнат стажини ва олдинги касби бўйича тажрибасини, янги иш жойига транспортда қатнашига қулайлигини ҳисобга олувчи иш мақбул келадиган иш ҳисобланади.

2. 29-модданинг 2-бандида кўзда тутилган ишсизликнинг дастлабки даври тугаганидан сўнг касбига (ихтисосига) мос иш топиб бериш мумкин бўлмаган тақдирда, одамнинг қобилиятини, кучини, олдинги тажрибасини ва унга қулай бўлган таълим воситаларини ҳисобга олиб, касбини (ихтисосини) ўзгартиришни талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш ҳисобланиши мумкин.


3. Биринчи марта иш қидираётган, касби (ихтисоси) бўлмаган шахслар учун олдиндан касб тайёргарлигини талаб қилувчи иш, бундай ишни таклиф этиш имконияти бўлмаган тақдирда эса, фуқароларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга оладиган ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг талабларига мос келадиган ҳақ тўланадиган бошқа иш (шу жумладан вақтинчалик иш) мақбул келадиган иш ҳисобланиши мумкин.


4. Агар иш:

уй-жой ва ўзга яшаш шароитлари ходим иш билан таъминлаш давлат хизматига мурожаат қилишидан олдинги шароитга нисбатан унча қулай бўлмаган жойдан берилса;

доимий истиқомат жойидан анча узоқ бўлса;

иш ҳақи ва бошқа меҳнат шароитлари шу мутахассислик (касб) учун бу жойдаги ўртача даражадан паст бўлса;

иш узрли сабаблар билан, жумладан меҳнаткашнинг шахсий ёки оилавий аҳволига асосланган ҳолда рад этилган бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас.



5-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий қоидалари

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги қоидаларга асосланади:

аҳолини иш билан таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги;

меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча одамларга жинси, динга муносабати, ёши, сиёсий эътиқоди, миллати, тил билиши, ижтимоий ва оилавий аҳволидан қатъи назар тенг имкониятларини таъминлаш;

фуқароларнинг меҳнат ташаббусини қўллаб-қувватлаш, меҳнаткашларга иш билан банд бўлиш, меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган серунум ва ижодий меҳнат қилиш қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда уни рағбатлантириш;

меҳнатнинг ихтиёрийлиги;

иш билан таъминлаш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан муҳофаза қилишни таъминлаш;

барқарор иш қидириб алоҳида қийинчиликка дуч келаётган одамларни иш билан таъминлашда ёрдам берувчи махсус чора-тадбирларни амалга ошириш;

иш билан таъминлаш соҳасидаги тадбирларни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан, шу жумладан ижтимоий таъминот, даромадларни ошириш ва тақсимлаш, пул қадрсизланишининг олдини олиш билан мувофиқлаштириш;

аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмаларининг, тадбиркорлик уюшмаларининг (иттифоқларининг) давлат бошқаруви идоралари билан ҳамкорлиги;

аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда республика ичида ва давлатлараро ҳамкорлик.



6-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқига давлат кафолатлари

1. Давлат аҳолининг иш билан тўла ва самарали таъминланишига кўмаклашишга, меҳнат қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиб беришга масъул бўлиб:

машғулот ва иш турини эркин танлашни;

ишга қабул қилишдан асоссиз бош тортиш ва ишдан асоссиз бўшатишдан муҳофаза қилишни;

касб ўрганиш ҳамда ишли бўлишда, машғулот ва меҳнат шароитларида, иш ҳақи ва даромадлар олишда, хизматда юқорига кўтарилишда барча меҳнаткашлар учун тенг имкониятлар таъминлашни;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар буюртмаларига биноан тайёрланган - давлат ўқув юртларини битирган ёш мутахассисларга камида3 йилга эгаллаган касбига (мутахассислигига) яраша иш берилишини;

қонунлар билан белгиланган тартибда бепул умумий таълим ва касб тайёргарлигини ҳамда қайта тайёрлашни;

таълим системаси ва иш билан таъминлаш давлат хизматларининг ихтисослаштирилган марказларида ёки бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаган ҳолда янги касб-корга бепул ўргатишни, малака оширишни;

бошқа жойга ишга юбориш муносабати билан моддий харажатларни қоплашни;

одамларнинг ёши ва ўзга хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш учун муддатли меҳнат шартномаларини тузиш имкониятини кафолатлайди.


2. Давлат идоралари ишчи кучига талаб ва таклиф, ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, касбга йўналтириш ва ижтимоий меҳнат қобилиятини тиклаш имкониятлари тўғрисида статистика маълумотлари ва ахборотлар эълон қилинишини таъминлайди.



7-модда. Аҳолининг айрим тоифалари учун иш

билан таъминлашнинг қўшимча кафолатлари

1. Давлат ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлиб, иш топишда қийналадиган, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан 14 ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналарга; умумий таълим мактабларини, бошқа ўқув юртларини битирган ёшларга; Қуролли Кучлардан, ИИВ қўшинларидан, чегара қўшинларидан, миллий хавфсизлик қўшинларидан бўшатилганларга; ногиронларга, пенсия ёшига яқинлашиб қолган кишиларга; қамоқдан озод қилинган ёки суд қарори билан мажбурий даволанишга юборилганларга (қуйида ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар деб юритилади) қўшимча иш жойлари ва ихтисослаштирилган корхоналар, шу жумладан ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналар барпо этиш, иш ўргатишнинг махсус дастурларини ташкил этиш йўли билан ва бошқа чоралар билан қўшимча кафолатларни таъминлайди.


2. Халқ депутатлари Советлари корхоналарга, муассасаларга ва ташкилотларга ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун мўлжалланган махсус иш жойларининг, шу жумладан иш билан банд қилишнинг мослашувчан шаклларининг энг кам миқдорини белгилаб берадилар.


3. Бундай шахсларни белгиланган квоталардан ортиқ равишда ишга қабул қилган корхоналарга Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг қарорлари билан даромад солиғи тўлашда, республика ва маҳаллий бюджетларга бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар берилади. Бундай имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


8-модда. Давлат ҳокимияти маҳаллий идораларининг иш билан

таъминлаш сиёсатини амалга оширишдаги ваколатлари

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Советлари минтақаларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қиладилар. Уларнинг қарорларида, шунингдек жамоа шартномаларида (битимларида) ишсизлик бўйича нафақалар тўлашнинг, мақбул келадиган ишни аниқлашнинг ушбу Қонунга зид бўлмаган, меҳнаткашларнинг ижтимоий муҳофазаланганлигини кучайтирувчи шартлари ва тартиби, шу жумладан халқ депутатлари тегишли Советларининг ўз маблағлари ҳисобидан нафақалар тўлаш муддатларини узайтириш ва нафақаларни, шунингдек таълим олиш даврида стипендияларни ошириш, пул тўланадиган жамоат ишларидаги меҳнатга ҳақ тўлаш белгиланиши мумкин.



II БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АҲОЛИСИНИНГ

ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНИШ ҲУҚУҚЛАРИ

9-модда. Ишга жойлашиш ҳуқуқи

Меҳнаткашлар корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, якка деҳқончилик (фермер) хўжаликларига, бошқа иш берувчиларга бевосита мурожаат қилиш ёки иш билан таъминлаш давлат хизматларининг бепул воситачилиги орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ишга қабул этиш тўғрисидаги қарор корхона, муассаса, ташкилот (бошқа иш берувчи) билан иш қидираётган одам ўртасидаги ўзаро келишув асосида қабул қилинади.

Ишга жойлашиш чоғида шартномаларни (контрактлар, битимларни) тузиш тартиби ва шартлари амалдаги қонунлар билан тартибга солинади.



10-модда. Ўз касб-корига доир маслаҳатлар олиш, тайёргарлик

ва қайта тайёргарлик кўриш ҳамда ахборотлар олиш ҳуқуқи

Иш қидираётган ва иш билан таъминлаш давлат хизматига мурожаат қилган шахслар ишни, иш жойини ва меҳнат тартибини эркин танлаш мақсадида ўз касб-корига доир бепул маслаҳатлар олишга, тайёргарлик ва қайта тайёргарлик кўришга ҳамда тегишли ахборотлар олишга ҳақлидир.



11-модда. Ишга жойлашишнинг контракт

тузиш шаклидан фойдаланиш ҳуқуқи

1. Ишга жойлашаётган шахслар барча турдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан меҳнат шартномалари тузишдан ташқари контрактлар тузишга ҳам ҳақлидирлар. Контрактда меҳнат қилишнинг ҳар қандай шартлари назарда тутилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг қонунларига зид келувчи шартлар бундан мустасно.


2. Контракт амал қиладиган бутун муддат давомида бошқа жойга бориб ишлаган тақдирда контракт билан ишлаётган шахснинг доимий истиқомат жойидаги уй-жой майдони бронлаштириб қўйилади. У янги иш жойида контрактга биноан уй-жой майдони олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмайди.



12-модда. Чет элларда ўз касби бўйича

фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинча чет элда бўлган даврда ўз касблари бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир. Бундай фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.



13-модда. Меҳнат соҳасида ижтимоий мадад олиш ҳуқуқи

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.



14-модда. Иш билан таъминлаш давлат хизмати ходимларининг

хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи

Иш билан таъминлаш давлат хизмати ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан юқори идорага, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.



III БЎЛИМ. АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ВА ТАШКИЛ ЭТИШ

15-модда. Иш билан таъминлашни тартибга солиш

Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви идоралари:

иқтисодиёт структурасини таҳлилий тадқиқ этадилар, меҳнат бозори аҳволини ва аҳоли бандлиги соҳасидаги вазиятни олдиндан тахмин қиладилар, бу соҳада давлат статистика ҳисоб-китобини ва ҳисобини амалга оширадилар;

иш билан таъминлашнинг республика ва минтақа дастурларини ишлаб чиқадилар ҳамда тегишли халқ депутатлари Советлари муҳокамасига киритадилар, бундай дастурларни амалга оширишни ўз ваколатлари доирасида таъминлайдилар;

ижтимоий ишлаб чиқаришда қўшимча ишчи ўринлар вужудга келтирилишига, меҳнат шароитлари яхшиланишига кўмаклашадилар;

тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантирадилар, фуқароларга кооперативлар, кичик корхоналар, ижара корхоналари ва акционерлик жамиятларининг корхоналарини ташкил этишда кўмаклашадилар;

меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи аҳолини ижтимоий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўрадилар.



16-модда. Иш билан таъминлашнинг

республика ва минтақа дастурлари

Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, ишсизликнинг олдини олиш ва ишсизлик оқибатларидан ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида республика миқёсида ва маҳаллий даражада иш билан таъминлаш дастурлари ишлаб чиқилади.

Аҳолини иш билан таъминлаш дастурининг мазмуни, уни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


17-модда. Ривожлантиришда устунлик бериладиган ҳудудлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вилоят ҳокимликларининг тавсиясига биноан ҳар йили ишчи ўринлари кенгайтирилиши республика Ҳукумати томонидан рағбатлантириладиган ҳудудларни белгилайди.

Устувор ривожлантириладиган ҳудудларда ишлаб чиқаришлар, уларнинг шуъбалари, қўшимча ва ностандарт ишчи ўринлари вужудга келтираётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланадиган тартиб ва шартлар асосида солиқлар бўйича енгилликлар ва бошқа имтиёзлар берилади.



18-модда. Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи

мувофиқлаштириш қўмиталари

Иш билан таъминлаш сиёсатини белгилаш ва амалга ошириш бўйича келишилган қарорларни ишлаб чиқиш мақсадида республика миқёсида ва маҳаллий даражаларда касаба уюшмаларининг, иш берувчилар уюшмалари ва давлат бошқаруви идораларининг вакилларидан иш билан таъминлашга кўмаклашувчи мувофиқлаштириш қўмиталари тузилади. Касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг вакиллари қўмиталарнинг таркибига тенг миқдорда киритилади.

Мувофиқлаштириш қўмиталарини ташкил этиш ва уларнинг иш тартибини қўмиталарда вакиллик қилувчи томонлар белгилайди.

Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи мувофиқлаштириш қўмитасининг фаолиятини республика даражасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий даражада эса халқ депутатлари тегишли Советлари уюштиради.



19-модда. Иш билан таъминлаш давлат хизматлари

1. Аҳолини иш билан таъминлаш сиёсатини амалга ошириш ва фуқароларга тегишли кафолатлар таъминлаб бериш учун аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизмати ташкил этилади. Аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизматини ташкил этиш ва унинг иш тартиби республика қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Иш билан таъминлаш давлат хизматларига пул ажратиш аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


2. Аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизматлари корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва бошқа иш берувчиларга кўрсатадиган хизматлар, шунингдек меҳнат бозорининг аҳволи тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаш бепул амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг таркибида меҳнат қилиш ва иш билан таъминлашга доир қонунлар мулкчилик шакли ва хўжалик юритишнинг шаклларидан қатъи назар давлат ва жамоат идоралари, иш берувчилар томонидан қандай бажарилаётганини назорат қилувчи инспекция тузилади.

4. Чет элларда фуқароларни, шунингдек чет элларда ишлаш юзасидан хусусий меҳнат битимларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, Ўзбекистонга ишга келган чет эл фуқароларини ишга ёллаш ва ишга жойлаштириш билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолият кўрсатишига, кадрларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда ишга жойлаштириш бўйича пулли хизмат кўрсатувчи юридик шахсларнинг фаолият кўрсатишига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги берадиган лицензияга биноан рухсат этилади.


20-модда. Иш билан таъминлаш давлат

хизматининг вазифалари ва ҳуқуқлари

1. Иш билан таъминлаш давлат хизмати:

меҳнат бозоридаги ҳолатни таҳлил ҳамда тахмин қилади ва тегишли ахборот тарқатилишини таъминлайди;

бўш иш жойларини (вакант лавозимларни) ва ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилган фуқароларнинг ҳисобини юритади;

иш билан таъминлаш хизматига мурожаат қилган фуқароларга ва иш берувчиларга иш топиш ҳамда ишчи кучи билан таъминлаш имкониятлари тўғрисида, касбларга ва ходимларга нисбатан қўйилаётган талаблар ҳамда иш билан таъминлашга доир бошқа масалалар тўғрисида маслаҳатлар беради;

фуқароларга мақбул келадиган ишни танлашда, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларга эса зарур ходимларни танлашда ёрдам кўрсатади;

ишламаётган фуқароларни касбга ўргатиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида ўқув юртлари, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар билан шартномалар тузади;

бўшатилаётган ходимларга ва иш билан таъминланмаган аҳолига ишга жойлаштириш ҳамда касб танлаш юзасидан хизматлар кўрсатади;

ишсизларни рўйхатга олишни таъминлайди ва уларга ёрдам кўрсатади, шу жумладан нафақалар белгиланишига ва бу нафақаларни олиш учун чек берилишига кўмаклашади;

республика, вилоят, шаҳар ва ноҳия иш билан таъминлаш дастурлари аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини кўзда тутган ҳолда ишлаб чиқилишини ташкил этади.


2. Иш билан таъминлаш давлат хизмати:

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан мулкчилик ҳамда хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, мўлжалланаётган структуравий ўзгаришлар ва амалга оширилиши натижасида меҳнаткашлар ишдан бўшатилиши мумкин бўлган бошқа тадбирлар тўғрисида, шунингдек бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бор-йўқлиги, шу жумладан улардаги меҳнатнинг характери ва шароити ҳақида ахборотлар олиш;

иш билан таъминлаш давлат хизматига мурожаат қилган фуқароларни малакаси ва касб тайёргарлиги даражасига мувофиқ ишга жойлаштириш учун тегишли бўш ишчи ўринлар (вакант лавозимлар) бўлган тақдирда ҳамма турдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга юбориш;

барча турдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун ижтимоий муҳофазага муҳтож кишиларни ишга қабул қилишга мўлжалланган иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаб қўйиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни халқ депутатлари маҳаллий Советларининг муҳокамасига тақдим этиш, шунингдек мазкур фуқароларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга юбориш;

мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишончномасига мувофиқ улар номидан фуқароларни ишга жойлаштириш тўғрисида шартномалар тузиш, зарур ҳолларда уларни олдин касб тайёргарлигидан ўтказиш, йўлкира, ҳар бир кеча-кундуз учун ҳақ тўлаш, шунингдек янги истиқомат ва иш жойига кўчиб бориш чоғида тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳисобидан ёрдам пули бериш;

иш билан таъминланмаган фуқароларни уларнинг хоҳиш-истагига қараб ҳақ тўланадиган жамоат ишларига белгиланган тартибда жўнатиш;

иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасининг маблағларини тасарруф этиш;

иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан иш қидираётганлар сифатида рўйхатга олинган кишиларга касб ўргатиш ва уларни қайта ўқитиш харажатларини тўлаш, шунингдек ушбу Қонунда назарда тутилган миқдорларда уларга бутун таълим даври учун стипендиялар белгилаш;

белгиланган тартибда фуқароларга ишсизлик нафақалари тайинлаш, қонунда кўзда тутилган ҳолларда ана шундай нафақалар тўлашни тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш;

фаолияти аҳолини иш билан таъминлаш билан боғлиқ воситачи ташкилотларни рўйхатга олиш ва улар фаолияти учун лицензиялар бериш ҳуқуқларига эгадирлар.



21-модда. Корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг

иш билан таъминлашга доир давлат сиёсатини

рўёбга чиқаришда иштирок этиши

1. Ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар мулкчилик ва хўжалик юритишнинг шаклларидан қатъи назар, иш билан таъминлашга доир давлат сиёсатини:

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунларига мувофиқ меҳнат муносабатларини тартибга солувчи шартномалар (битимлар) шартларини бажариш;

ишчиларга касб тайёргарлиги, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун шарт-шароитлар яратиш;

аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига молиявий ажратмалар ўтказиш;

халқ депутатлари маҳаллий Советлари белгилаган миқдордаги шахсларни ишга жойлаштириш;

бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) борлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойда ишдан бўшатиш мумкинлиги ҳақидаги ахборотни ишдан бўшатиш асосларини, ишдан бўшатиш дахл қилиши мумкин бўлган фуқаролар сони ва тоифасини ва ишдан бўшатиш қайси муддатда амалга оширилишини кўрсатиб олдиндан (камида 3 ой олдин) тақдим этиш йўли билан амалга оширишга кўмаклашадилар.

Бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) ҳақидаги ахборотни ўз вақтида тақдим этмаган ва бундай жойлар (лавозимлар)нинг мавжудлигини яширишда айбдор бўлган ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига пул ажратишдан бўйин товлаётган мансабдор шахсларга иш билан таъминлаш давлат хизмати томонидан маъмурий тартибда уч ойлик мансаб маошигача бўлган миқдорда жарима солинади.

Маҳаллий ҳокимият идоралари ходимларни оммавий бўшатиш тўғрисидаги қарорни олти ой муддатга тўхтатиб қўйишлари мумкин, бунда улар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ана шу кечиктириш туфайли кўрган зарарларни қисман ёки батамом қоплайдилар.


2. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун ихтисослаштирилган иш жойлари барпо этишлари шарт. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда ҳар бир барпо этилмаган иш жойи учун ишга жойлаштириш давлат хизмати томонидан корхона, муассаса ва ташкилотлардан улардаги ходимнинг йиллик ўртача иш ҳақи миқдорида жарима ундирилади. Ўзлари аввал буюртма берган олий, ўрта махсус ўқув юртлари ва ҳунар-техника билим юртларини битирганларни, шунингдек қайта тайёргарлик қўриш учун юборилганларни ишга қабул қилишдан бош тортганликлари учун ҳам корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан худди шунча миқдорда жарима ундирилади. Ундирилган маблағлар иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасини тўлдиришга ўтказилади.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш жойларининг миқдорини халқ депутатлари маҳаллий Советлари ишловчилар умумий сонининг камида етти фоизи (шу жумладан ногиронлар учун камида уч фоизи) миқдорида белгилайдилар.

Иш берувчиларнинг аҳолининг рақобатга қобилиятсиз тоифалари учун белгиланган энг кам миқдордан ортиқча иш жойларини ташкил этишга, шунингдек ана шундай шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қилган сарф-харажатлари халқ депутатлари маҳаллий Советларининг маблағлари, шунингдек иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобидан қопланиши мумкин.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар учун ташкил этилган иш жойлари халқ депутатлари маҳаллий Советлари, касаба уюшмалари ва иш билан таъминлаш давлат хизматининг идоралари билан келишган ҳолдагина қисқартирилади ёки тугатилади.


22-модда. Аҳолини иш билан таъминлашда

касаба уюшмаларининг иштироки

Касаба уюшмалари иш билан таъминлаш давлат сиёсатига доир масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларини ва халқ депутатлари маҳаллий Советларининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этадилар.



23-модда. Иш билан таъминлашга кўмаклашиш

республика жамғармаси

1. Иш билан таъминлашга кўмаклашиш республика жамғармаси республика миқёсида ва маҳаллий даражада вужудга келтирилиб, иш билан таъминлаш сиёсатини рўёбга чиқариш борасидаги чора-тадбирларни пул билан таъминлашга ва иш билан таъминлаш идораларининг самарали фаолият кўрсатишига мўлжалланади.


2. Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган тартибда:

мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, кооперативлар ва бошқа иш берувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати табақалаштирган ҳолда белгилайдиган, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг уч фоизидан кўп бўлмаган миқдордаги мажбурий ажратмалари (бу харажатлар маҳсулот таннархига қўшилади);

республика ва маҳаллий бюджетлар маблағларидан тегишли бюджетларни шакллантириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва халқ депутатлари Советлари белгилайдиган миқдордаги дотациялар;

ихтиёрий ионалар, ушбу Қонуннинг 21 ва 40-моддаларига мувофиқ ундириладиган жарималар ва бошқа тушумлар ҳисобига ташкил топади.

Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан, иш билан таъминлашга кўмаклашиш хизмати ва уларнинг туман бўлимлари қошида иш ўринлари ташкил этиш мақсадида очилган корхоналар тижорат фаолиятидан олинадиган фойдадан ундириладиган солиқлардан, шунингдек давлат ва божхона божлари тўловларидан озод қилинади.

Бунда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва кооперативларнинг ажратмалари ҳисобига ҳосил бўладиган иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағларининг 70 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иш билан таъминлаш хизматларининг тасарруфида қолади (сўнгра улар ноҳиялар ва шаҳарлар учун тақсимланади), 30 фоизи эса республика даражасида марказлаштирилади.

Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасининг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилиши мумкин эмас ва улар келгуси молия йилига ўтади.

Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси тижорат фаолиятидан олинадиган фойдадан ундириладиган солиқларнинг ҳамма турини тўлашдан, шунингдек давлат ва божхона пошлиналаридан озод қилинади.


3. Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини нималарга сарфлаш аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги тегишли республика ва минтақа дастурларида белгилаб берилади.



24-модда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш

Халқ депутатлари маҳаллий Советлари иш билан таъминлаш давлат хизматларининг таклифларига мувофиқ ва уларнинг иштирокида ўз мулки бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ҳамда шартномалар асосида бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга оширилишини ташкил этадилар.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажаришга доир шартномалар давлат иш билан таъминлаш хизматларида рўйхатдан ўтган ва ишсизлик мақомини олган фуқаролар билан 2 ойгача (бу муддатни узайтириш ҳуқуқи билан) муддатга тузилади.

Жамоат ишларини бажариш чоғида фуқароларга бажарилаётган ишга қараб, бироқ 15 фоиз оширилган ишсизлик нафақаси миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш, ана шу ишлар муддатини умумий ва узлуксиз меҳнат стажига қўшиш, пенсия таъминоти ва вақтинча ишга лаёқатсизлик юзасидан нафақалар олиш ҳуқуқи кафолати берилади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган шахсларга тўланадиган иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаган қисми корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, қолган қисми эса маҳаллий бюджет маблағларидан ва аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Аҳолининг турли гуруҳлари учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тартиби ва уларни ўтказиш шартлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



25-модда. Ишсизларга касб ўргатиш, уларнинг

малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш

1. Давлат иш билан таъминлаш хизматида рўйхатдан ўтган ва ишсизлик мақомини олган шахсларни касбга ўргатиш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, башарти:

ишсиз зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга муносиб иш танлаш мумкин бўлмаса;

ишсизнинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг малакасини ўзгартириш зарур бўлса;

аввалги касби бўйича иш бажариш қобилияти йўқотилган бўлса амалга оширилиши мумкин.


2. Фуқароларга касб ўргатиш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш иш билан таъминлаш давлат хизматларининг йўлланмалари бўйича ўқув юртларида иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасида ана шу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.



IV БЎЛИМ. ИШДАН МАҲРУМ БЎЛГАН

ЧОҒДАГИ ИЖТИМОИЙ КАФОЛАТЛАР

26-модда. Моддий мадад кафолатлари

Ўзбекистон Республикаси ишдан маҳрум бўлган, биринчи бор иш қидираётган, шунингдек узоқ танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашни истаган фуқароларга:

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан бўшатилган ходимларга имтиёзлар берилишидан;

касб-кор ўрганиш, малака ошириш ёки қайта тайёрлаш даврида стипендия тўланишидан ҳамда шу давр умумий ва узлуксиз меҳнат стажига қўшилишидан;

ишсизлик нафақалари тўланишидан;

ишсизга қарамоғидагиларни ҳисобга олган ҳолда ёрдам берилишидан;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имкониятидан;

аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизматининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий тарзда ўзга ерга кўчиши билан боғлиқ харажатларнинг қопланишидан иборат ижтимоий кафолатларни таъминлайди.



27-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари

сони (штати) қисқариши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши

муносабати билан бўшатилаётган ходимларга моддий мадад

бериш кафолатлари

1. Ходимлар сони (штатлар) қисқариши, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши муносабати билан ишдан бўшатилган ходимларнинг иш қидириш даврида олдинги иш жойидаги икки ойлик ўртача иш ҳақи (ишдан бўшатиш нафақаси қўшиб ҳисобланганда) сақланиб қолади. Ходимлар ишдан бўшатилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида давлат иш билан таъминлаш хизматларида рўйхатдан ўтсалар учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақини давлат иш билан таъминлаш хизматларининг маълумотномасига биноан олишга ҳақлидирлар. Юқоридаги сабабларга кўра ишдан бўшатилган ходимлар ҳар қандай ҳолатда ҳам ишдан бўшаган вақтдан бошлаб уч ой муддат ичида меҳнат стажини сақлаб қоладилар.

Башарти ишдан бўшатилган ходимга уч ой ичида мақбул келадиган иш топиб берилмаса, у ишсизлик мақомига эга бўлади; аммо шу давр ичида у таклиф этилган мақбул келадиган ишнинг иккитасини рад этса, ишсизлик мақомига эга бўлмайди ва у ўттиз календарь кунидан сўнг умумий асосда иш қидирувчи шахс сифатида янгидан рўйхатга олинади.

Тугатилаётган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ишдан бўшатилаётган ходимларга тўланиши лозим бўлган иш ҳақлари (товонлар)ни тўлаш учун етарли маблағлари бўлмаган тақдирда, тўловлар уларнинг ҳуқуқий ворислари маблағидан тўланади. Тугатилаётган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ворислари бўлмаган тақдирда, ишдан бўшатилаётганларга тўловлар аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағи ҳисобидан тўланиб, сўнгра у қонунларда белгиланган тартибда қопланади.

2. Корхона, муассаса ва ташкилотлар тугатилиши, қайта тузилиши, ходимлар сони (штатлар) қисқартирилиши муносабати билан ишдан бўшатилган, давлат иш билан таъминлаш хизматидан 10 иш куни ичида рўйхатдан ўтган ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбини қайта ўрганаётган ёки малакасини ошираётган меҳнаткашларнинг стипендияси ишдан бўшаган кундан бошлаб дастлабки 3 ой давомида олдинги иш жойидаги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

3. Иш билан таъминлаш давлат хизмати корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ишдан бўшатиладиган шахсларни ишга қабул қилишда ўқишини ташкил этиш харажатларини тўла ёки қисман қоплаши мумкин.


4. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан бўшатилган ҳамда давлат иш билан таъминлаш хизматида рўйхатга олинган ходимлар халқ депутатлари маҳаллий Советларининг уй-жойларини олиш ҳуқуқини, башарти, бўшатиш корхона, муассаса ва ташкилотнинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши туфайли содир бўлган бўлса, сақлаб қоладилар.

Ишловчилар сони (штатлар)ни қисқартириш тадбирлари амалга оширилиши муносабати билан ходимлар бўшатилган тақдирда улар эски иш жойидан уй-жой олиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.


5. Ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли ёки касб касаллигига йўлиқиши натижасида ишдан маҳрум бўлган ҳамда ишга жойлашишга ва касб ўрганишга, малакасини оширишга ва қайта тайёргарликдан ўтишга муҳтож бўлган шахслар ишдан бўшатилган ходимларга тенглаштирилади.



28-модда. Фуқароларга касб ўрганиш, малака ошириш ва

қайта тайёргарликдан ўтиш даврида тўланадиган

стипендияларнинг миқдори

1. Ушбу Қонуннинг 27-моддасида санаб ўтилган шахслардан ташқари ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган, иш билан таъминлаш давлат хизмати томонидан рўйхатга олинган, қарамоғида вояга етмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган шахсларга касб ўрганиш, малакасини ошириш ёки қайта тайёргарликдан ўтиш даврида эски иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан (қарамоғида болалари ва бошқа кишилар бўлмаганларга эса - 50 фоизидан) кам бўлмаган, бироқ Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган ва республикада таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.


2. Меҳнат интизомини бузганлиги учун ишдан бўшатилган, шунингдек узоқ вақт ишламаётган, биринчи марта иш қидираётган ва касб ўрганишга, малака оширишга ва қайта тайёргарликдан ўтишга муҳтож бўлган шахсларга аҳолининг шу тоифаси учун назарда тутилган ишсизлик нафақасидан кам бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тайинланади.



29-модда. Ишсизлик нафақаларини тўлаш шартлари ва муддатлари

1. Ишсизлик нафақаси белгиланган тартибда ишсиз деб топилган шахсларга улар аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизматида рўйхатдан ўтган кунларидан бошлаб тайинланади.

Ишсизлик нафақалари олиш ҳуқуқи иш билан таъминлаш давлат хизматида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан кейин кучга киради ва ишга жойлаштириш масаласи ҳал этилгунга қадар амал қилиб туради.

2. Ишсизлик нафақаларини тўлаш муҳлати ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини тиклашга ҳаракат қилаётган шахслар учун ўн икки ойлик давр мобайнида 26 календарь ҳафтасидан, илгари ишламаган, биринчи бор иш қидираётган шахслар учун эса 13 календарь ҳафтасидан ошмаслиги керак.

3. Ишсиз нафақа олиш даврида фаол иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта иш билан таъминлаш давлат хизматларида йўқламадан ўтиши керак.


4. Ходимлар сони (штатлар) қисқартирилиши, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши муносабати билан ишдан бўшаган, ишсиз деб эътироф этилган, шунингдек пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунларга мувофиқ умумий меҳнат стажи пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар муддатидан олдин (қонунларда белгиланган муддатдан 2 йил олдин) пенсияга чиқишга ҳақлидирлар.


30-модда. Ишсизлик нафақаси миқдорларини аниқлаш тартиби

1. Ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси аввалги иш жойидаги охирги бир йилги иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади. Бошқа ҳамма ҳолларда ишсизлик нафақаси энг кам миқдордаги иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади.


2. 16 ёшга тўлмаган болалари ва қарамоғида бошқа кишилар бўлган ишсизларга нафақа миқдори 10 фоиз оширилади.


3. Иш ҳақига коэффициентлар белгиланган жойларда яшовчи шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорлари уларнинг шу жойларда яшаган даври учун мазкур жойда ноишлаб чиқариш тармоқларининг ходимларига белгиланган коэффициентни қўллаган ҳолда тайинланади.


4. Ишсизлик нафақасининг миқдори белгиланган тартибда индексланиши лозим.



31-модда. Ишидан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган

шахслар учун ишсизлик нафақасининг миқдори

1. Ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган тақдирда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга аввалги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, аммо Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган энг оз иш ҳақидан кам бўлмаган ва республикада таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўлашга кафолат берилади.


2. Фуқаро ишсизлик нафақаси олиб турган даврда унинг меҳнат стажида узилиш бўлмайди.



32-модда. Ҳарбий хизматдан, ички ишлар ва миллий хавфсизлик

идораларидан бўшатилган шахслар учун ишсизлик

нафақасининг миқдори

Ҳарбий хизматдан, ички ишлар ва миллий хавфсизлик идораларидан бўшатилиши натижасида иш ҳақини йўқотган шахслар ушбу Қонуннинг 31-моддасида кўзда тутилган шартлар асосида нафақа олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ҳарбий хизматдан, ички ишлар ва миллий хавфсизлик идораларидан бўшатилган ҳамда иш билан таъминлаш давлат хизматига мурожаат қилишдан олдин ишламаган шахсларга нафақа миқдори республика бўйича белгиланган энг оз иш ҳақи даражасида белгиланади.



33-модда. Биринчи марта иш қидираётган шахслар

учун ишсизлик нафақасининг миқдори

Илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган ва ишсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга иш билан таъминлаш давлат хизматлари касб ўрганиш ёки ишга жойлашиш учун имконият бермаган тақдирда уларга белгиланган энг оз иш ҳақининг камида 75 фоизи миқдорида нафақа олиш учун кафолат берилади.



34-модда. Узоқ муддатли танаффусдан кейин иш қидираётган

шахслар учун ишсизлик нафақасининг миқдори

Узоқ муддатли танаффусдан кейин яна меҳнат фаолиятини бошлашга харакат қилаётган ишсизларга:

ихтисоси бўлган шахслар ишга жойлашиш учун касб ўрганиши малакасини ошириши ёки қайта таълим олиши талаб қилинмаса, 12 ой мобайнида ҳақ тўланадиган иш билан бандлиги 12 календарь ҳафтадан кам бўлмаса, белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;

бошқа ҳолларда, шу жумладан ихтисоси бўлмаган кишиларга иш билан таъминлаш давлат хизмати касб ўрганиш имкониятини бермаган тақдирда белгиланган энг кам иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида нафақа тўланишига кафолат берилади.



35-модда. Касб ўрганиш ва қайта тайёргарлик кўришдан

ўтган шахслар учун ишсизлик нафақасининг миқдори

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касб ўрганган ва қайта тайёргарликдан ўтгандан кейин Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.



36-модда. Ишсизлик нафақаси тўлашни тўхтатиб

туриш ва бутунлай тўхтатиб қўйиш

Қуйидаги ҳолларда:

ишсиз шахс ишга жойлашганда;

ишсиз таклиф қилинган мақбул ишни икки марта рад этса;

ишсизлик нафақасини олувчи шахс пенсия ёшига етган тақдирда;

ишсиз мақомига эга бўлган шахс озодликдан маҳрум этиш тарзида жазога ҳукм этилган бўлса;

ишсиз шахс даволаш-меҳнат профилакторийсида даволаш курсини ўтаётган бўлса;

ишсиз шахс қайта тайёрлаш ва касб малакасини оширишга юборилган бўлса;

ишсиз шахс ишсизлик нафақасини олиб турган даврида иш билан таъминлаш давлат хизматини хабардор қилмай вақтинча ишга жойлашган бўлса;

ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олишга уринса ишсизлик нафақасини тўлаш бекор қилинади.

Қуйидаги ҳолларда:

узрсиз сабабларга кўра кўрсатилган муддатда иш билан таъминлаш давлат хизматига келмаса;

меҳнат интизомини бузганлик учун ишдан бўшатилган бўлса, ишсизлик нафақасини тўлаш 3 ойгача муддатга тўхтатиб турилади ёки унинг миқдори камайтирилади.



36-1-модда. Ҳомиладор аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш

Ишсиз ҳомиладор аёллар (башарти ҳомиладорлик даври 28 ҳафтадан ошмаган бўлса) иш билан таъминлаш давлат хизмати томонидан умумий асосда иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинадилар. Иш билан таъминлаш давлат хизмати 10 кун ичида уларни иш билан таъминлай олмаса, у ҳолда ўн биринчи кундан бошлаб уларга ишсизлик мақоми берилади. Ишсизлик мақоми борлигидан қатъи назар, ҳомиладор аёлларга Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида 12 ой мобайнида 26 календар ҳафтадан ошмаган муддатга ишсизлик нафақаси тўланади.



37-модда. Моддий ёрдам

Ишсизга ва унинг қарамоғидаги оила аъзоларига моддий ва ўзга ёрдам кўрсатилиши мумкин, улар иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасидан ва тегишли маҳаллий бюджетдан ажратилади.

Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасидан ва маҳаллий бюджетлардан моддий ва ўзга ёрдам кўрсатиш тартиби, ҳажми ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорлари билан белгиланади.



V БЎЛИМ. АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШГА

ДОИР ҚОНУНЛАР БАЖАРИЛИШИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ВА УЛАРНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК

38-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги

қонунларнинг бажарилишини назорат қилувчи идоралар

Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунларнинг бажарилиши устидан назоратни давлат ҳокимияти ва бошқарув маҳаллий органлари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, прокуратура органлари ва касаба уюшмалари амалга оширади.



39-модда. Иш билан таъминлаш ҳақидаги

қонунларни бузганлик учун жавобгарлик

ҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бузганлик учун интизомий ва маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилади.



40-модда. Меҳнатга маъмурий тарзда

мажбурлаганлик учун жавобгарлик

Ушбу Қонун 2-моддаси 1-бандининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларнинг содир этилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортиладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 4-сон, 175-модда







































Время: 0.2138
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск