ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Дорихоналар ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 01.07.2009 й. 1978-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 02.06.2009 й. 26/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 1 июлда 1978-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 2 июндаги

26/Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Дорихоналар ходимлари учун

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ дорихоналар ходимлари меҳнатини муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча дорихоналар ходимлари (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) томонидан қўлланилиши шарт.


2. Мазкур Қоидалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативлари, давлат стандартларининг тегишли қоидалари, шунингдек бошқа тармоқ норматив ҳужжатлари талабларининг бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


3. Дорихоналарда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назорати, бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса, меҳнат жамоалари ва касаба уюшмалари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш


4. Дорихоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади ҳамда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши.


5. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ дорихоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш унинг раҳбарларидан бирининг зиммасига юкланади.


6. Дорихоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқлар бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


7. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


8. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини ташкил қилиш ва билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Касбий танлов


9. Дорихоналарда ишга қабул қилишда касбий танлов талаб қилинадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


10. Дорихона иш берувчиси касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танловни ташкиллаштириши ҳамда амалга ошириши зарур.


11. Дорихоналарга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.



4-§. Дорихоналардаги хавфли

ва зарарли омиллар


12. Дорихоналарда шарт-шароитлар ҳисобга олинган ҳолда хавфли ва зарарли омилларнинг ҳамда ушбу омиллар таъсирини камайтириш ёки уларни тўлиқ бартараф этиш тадбирларининг рўйхати тузилади.


13. Дорихоналарда ходимларга хавфли ва зарарли омилларнинг қуйидаги гуруҳлари таъсир этиши мумкин:

а) жисмоний хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари гуруҳи:

кучли босим билан ишлайдиган жиҳоз (автоклав);

жиҳозлар ва материалларнинг ҳарорати юқори бўлган юзаси;

иш зонасининг ҳарорати юқори бўлган ҳавоси;

намлик даражаси юқори бўлган ҳаво;

табиий ёруғлик мавжуд эмаслиги.

б) кимёвий хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари гуруҳи:

нафас олиш йўллари ва тери қопламаси орқали таъсир этувчи зарарли суюқ, қаттиқ, буғсимон моддалар ва аэрозоллар;

нафас олиш йўллари, тери қопламаси ва кўзга таъсир этувчи суюқ, қаттиқ ва буғсимон моддалар.

в) психофизиологик зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари гуруҳи:

сезги органларининг ҳаддан ташқари зўриқиши;

меҳнатнинг ҳамиша бир хиллиги.


14. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда рўйхатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



5-§. Ходимлар соғлиғини назорат қилиш


15. Дорихоналар ходимларининг соғлиғини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сон "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


16. Дорихона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


17. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик дорихона раҳбари зиммасига юкланади.


18. Ходимларни соғлиғи туфайли уларни рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



6-§. Дорихоналарда санитария ва гигиена талаблари


19. Дорихоналар қуйидаги санитария режими қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим:

хоналарда рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

хоналарнинг электр ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик. Лойиҳалаштириш меъёрлари" талабларига жавоб бериши;

электр токининг одамга таъсир этишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик талаблари ГОСТ 12.1.019-86 ССБТ "Электр хавфсизлик. Умумий талаблар"га жавоб бериши.



7-§. Дорихоналарда ёнғин хавфсизлиги талаблари


20. Музлаб қолган иситиш, водопровод ва канализация қувурларини очиқ олов билан иситиш тақиқланади. Бунинг учун иссиқ сув, буғ ёки иссиқ қумдан фойдаланиш лозим.


21. Дорихона хоналарини очиқ алангали газ жиҳозлари ёки очиқ спиралли электр иситиш жиҳозлари билан иситишга йўл қўйилмайди.


22. Узоқ туман ва ҳудудларнинг марказлаштирилган иситиш тизими бўлмаган жойлардаги дорихоналарнинг биноларида печка ёқиб иситишга йўл қўйилади. Бунда хоналарни дарчалар орқали шамоллатиш лозим.


23. Ёнғин ёки фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда инсонларни ва моддий бойликларни қутқариш бўйича режа ишлаб чиқилиб, кўринарли жойларга ўрнатиб қўйиш лозим.


24. Бирламчи ёнғин ўчириш воситаларига олиб борадиган йўллар, йўлаклар, зиналар ва бошқа қутқариш йўлларини ҳар хил буюмлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


25. Дорихоналар қўриқлаш ва ёнғинни зудликда сезувчи ҳамда хабар берувчи мосламалар билан таъминланиши керак.


26. Бинолар, иншоотлар ва сув манбаларига олиб борувчи йўллар, ўтиш йўллари ва кириш йўлларини ҳамиша соз ҳолатда тутиш ва уларнинг олдини тўсиб қўймаслик керак.


27. Ёнувчан материалларни бинолар орасидаги ёнғинга қарши оралиқларда сақлаш, ёндош бинолар қуриш, шунингдек дорихоналар ҳудудида ёнғин хавфсизлигига тегишли оралиқлар қолдирмасдан иморатлар қуриш тақиқланади.


28. Дорихоналарнинг бинолари ёнғин ўчириш учун сув билан таъминланган бўлиши керак.


29. Қутқариш йўлларининг ҳамма эшиклари бинодан чиқиш йўналишида бемалол очилиши лозим.


30. Эшикларни тез очишни таъминлаш мақсадида дорихоналарда албатта чиқиш йўлларининг сонига мувофиқ рақамли биркалар осилган иккита махсус калитлар тўплами (фақат эвакуация чиқиш эшикларининг) бўлиши керак. Калитларнинг бир тўплами навбатчида, иккинчиси эса дорихоналарнинг барча хизматчи ходимларига маълум бўлган жойда сақланиши керак.


31. Қутқариш йўлларининг эшикларини михлаб ташлаш қатъиян ман этилади.


32. Дорихоналарда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича жавобгарлик унинг раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.


33. Дорихона маъмуриятининг мажбуриятлари:

ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бажарилишини таъминлаш;

ёнғин юз берганда бажариладиган, шу жумладан, одамларни қутқариш бўйича ходимларнинг мажбуриятларини ишлаб чиқиш.


34. Янги ишга кираётган шахслар ёнғин хавфсизлиги тадбирларига амал қилишнинг йўл-йўриғидан ўтишлари ва ёнғинни бартараф этиш учун объектда мавжуд бўлган бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланишни билишлари лозим.


35. Дорихона ҳудудида бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва сақлаш хоналарида ёнғинни ўчириш воситалари ва ускуналари бўлиши керак.


36. Бирламчи ёнғин ўчириш асбобларидан ёнғин ўчириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман этилади.


37. Дорихоналарда ёнғин содир бўлганда, раҳбар ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларини кучли таъсир кўрсатадиган, ёнғин чиқарадиган ва портлайдиган дори воситаларининг мавжудлиги ва сақлаш жойлари тўғрисида хабардор қилиб қўйиши лозим.


38. Дорихонанинг ҳар бир ходими ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билиши ва уларга қатъиян амал қилиши, ёнғин содир бўлганда эса ёнғин ўчириш ва одамларни қутқариш учун унга боғлиқ бўлган барча чора-тадбирларни кўриши шарт.


39. Дорихоналарнинг ишлаб чиқариш хоналарида чекиш ман этилади.


40. Қайнатгич, сув иситгич ва титанларни фақат ошхона ёки бунинг учун махсус мослаштирилган хоналарга қўйиш ва ўрнатиш керак.



8-§. Маиший ва қўшимча хоналарга

қўйиладиган талаблар


41. Дорихоналарда ҚМҚ 2.09.12-98 "Корхоналарнинг маъмурий ва маиший хоналари" ва СанҚваМ 0152-04 "Дорихона ва дори воситалари сақланадиган омборхоналарнинг тузилиши, жиҳозланиши ва ишлатилиши" талабларига мувофиқ қуйидаги маиший ва қўшимча хоналар бўлиши керак:

ходимларнинг иш ва шахсий кийимлари учун алоҳида шкафлар билан жиҳозланган кийиниш хонаси;

ҳожатхона (қўл ювиш жиҳози билан);

ювиниш хонаси (душхона);

ходимларнинг овқатланиш ва дам олиш хонаси.


42. Тайёр дори воситаларини сотиш билан фаолият кўрсатувчи дорихоналарда СанҚваМ 0243-07 "Тайёр дори воситалари ва тиббий буюмлар билан савдо қиладиган дорихоналар"га мувофиқ қуйидаги маиший ва қўшимча хоналари бўлиши керак:

ҳожатхона (қўл ювиш жиҳози билан);

ходимларнинг овқатланиш ва кийиниш хонаси.


43. Маиший ва қўшимча биноларни лойиҳалаш ҳамда қуриш уларни ишлаб чиқариш объектлари билан бир пайтда ишга тушириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.


44. Кийиниш хоналари ва душхоналарнинг ўлчамлари, бет-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу кабилар қурилмаларнинг сони ишловчиларнинг сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


45. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва зарарсизлантирувчи моддалар (хлорамин, хлорли оҳак ва бошқалар) билан тозаланиб турилиши керак.



9-§. Дорихона хоналарида

хавфсизлик талаблари


46. Дорихоналарнинг бинолари, ишлаб чиқариш, сақлаш ва савдо хоналарининг сони, майдон ўлчамлари, жойлашиши ҳамда жиҳозланиши СанҚваМ 0152-04 "Дорихона ва дори воситалари сақланадиган омборхоналарнинг тузилиши, жиҳозланиши ва ишлатилиши", ҚМҚ 2.08.02-96 "Умумий бинолар ва иншоотлар", ҚМҚ 2.04.01-98 "Бинолар ички водопроводи ва канализацияси" ва ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


47. Дорихоналар хоналарининг деразалари офтоб таъсирига қарши қурилмалар (жалюзи ва бошқалар) билан таъминланиши лозим.


48. Жиҳозлар ахлат ва чанглардан тозалаш учун қулай ҳамда ходимлар бемалол ўтадиган қилиб жойлаштирилиши керак.


49. Ходимларни савдо бўлимидаги иш жойлари инфекциялардан сақлайдиган ойнали мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.


50. Ходимлар ўткир юқумли касалликлар кўпайган вақтларда докадан ниқоб тақиб юришлари шарт.


51. Дорихоналар хоналари ҳар куни зарарсизлантирувчи моддалар билан тозаланиши лозим.


52. Қўл ювиш жиҳози ва ҳожатхоналарда ҳар куни тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилиши керак.


53. Ҳар бир сменанинг иши тугагач, иш столлари совунли иссиқ сув билан ювилиши, эрталабки смена иш бошлашидан олдин эса тоза нам латта билан артилиши керак.


54. Поллар зарурат бўйича, лекин ҳар куни камида бир марта ювилиб тозаланиши керак.


55. Ҳаво ҳароратини текшириб туриш учун дорихонанинг дори воситаларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш хоналарида термометрлар бўлиши лозим.


56. Бир хонанинг ўзида ҳам люминесцент, ҳам чўғланма чироқларни биргаликда ишлатиш тавсия этилмайди.



10-§. Дори воситаларини тайёрлаш

хоналарида хавфсизлик талаблари


57. Дори воситаларини тайёрлаш хоналарида овқатланиш тақиқланади.


58. Дорихоналарнинг ишлаб чиқариш хоналари дорихонанинг бошқа хоналаридан ажратилган бўлиши керак.


59. Девор ва шипларнинг юзаси намли тозалаш ишларини ўтказиш ва хоналарни зарарсизлантиришга имкон берадиган даражада силлиқ бўлиши лозим.


60. Дори воситаларини тайёрлаш хоналарининг деворлари ва асбоб-ускуналари очиқ рангга бўялган бўлиши керак.


61. Дори воситаларини тайёрлаш хоналарига кириш жойларининг полида зарарсизлантирувчи моддалар эритмасига солиб олинган резина гиламча бўлиши керак.


62. Ассистент хоналарида совуқ ва иссиқ сув уланган қўл ювиш жиҳози бўлиши лозим.


63. Асептика блокида ҳавонинг тозаланиши учун хонадаги 1 кв.куб ҳавога 3 вт ҳисобидан келиб чиқиб, бактерицид чироқлар ўрнатилган бўлиши керак. Экранлаштирилмаган бактерицид чироқлар иш бошланмасдан 1-2 соат олдин, одамлар бўлмаган вақтда ёқиб қўйилади. Одамлар ишлаётган вақтда хоналардаги 1 кв.куб ҳавога 1 вт ҳисобидан келиб чиқиб, 1,8 - 2,0 метр баландликда ўрнатилган экранлаштирилган бактерицид чироқлардан фойдаланиш мумкин.

Экранлаштирилмаган бактерицид чироқлардан фойдаланилганда, уларнинг электр улагичлари хонага кириш жойида ўрнатилган "кирилмасин" ёзуви бўлган ёруғлик сигнали билан бирга ёқиладиган қилиб уланади. Тайёр дори воситаларини сотиш билан шуғулланадиган дорихоналарда кварц чироқларидан фойдаланиш мумкин.



III. ДОРИХОНАЛАРДА ИШЛАТИЛАДИГАН

ЖИҲОЗЛАР ВА АСБОБ-УСКУНАЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


64. Жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни ишлатишда, унинг техник паспортида келтирилган талабларга амал қилиш зарур.


65. Барча электр жиҳозлари ва электр ускуналарнинг металл қутилари ерда ўрнатилган бўлиши шарт.


66. Электр жиҳозлари ва электр ускуналарининг ишлаши мунтазам равишда текшириб турилиши керак. Носоз электр жиҳозлари ва электр ускуналарда ишлаш тақиқланади.


67. Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун электр плиткалар ва бошқа иситиш жиҳозлари асбест ёки бошқа иссиқликни тутиб турадиган материалга ўрнатилиши керак.


68. Жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни тозалаш, созлаш ва таъмирлаш ишлари уларнинг электр тармоғидан ўчириб қўйиш орқали амалга оширилиши керак.


69. Электр тармоқлари ва электр жиҳозларидан фойдаланилган пайтда электр узатгичларни михларга илиб қўйиш, уларнинг устидан гулқоғоз ёпиштириш, ҳимоя қобиғи бузилган электр ўтказгичларни ишлатиш, қўлда ясалган ҳимоя воситаларини ишлатиш, шунингдек электр чироқларни қоғоз ёки мато билан ўраш тақиқланади.


70. Рефрактометрдан фойдаланаётганда кўз толиқиши ва кўриш қобилияти бузилишининг олдини олиш мақсадида ушбу жиҳоз учун назарда тутилган кўриш майдонининг тўғри ёритилишини таъминлаш зарур. Бунда, ишламаётган кўзни юммаслик, навбатма-навбат бир у, бир бу кўз билан ишлаш ва кўз толиққанда танаффус қилиш зарур.


71. Аналитик тарозилар олдида ҳамиша маҳаллий ёритгич бўлиши лозим.


72. Шиша идиш билан ишлаш вақтида эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Иссиққа бардош бермайдиган совуқ шиша ёки чинни идишга иссиқ суюқликни қуйиш мумкин эмаслигини ёдда тутиш лозим.


73. Синган ўлчов ва бошқа шиша идишларидан фойдаланиш мумкин эмас. Синган шишани дарҳол йиғиштириб олиш ва бошқа ахлатлардан алоҳида сақлаш керак.



2-§. Қуритиш шкафини ишлатишда

хавфсизлик талаблари


74. Қуритиш шкафи билан ишлаганда қуйидагилар тақиқланади:

термометрсиз ишлаш;

шкафни ишлатаётганда мунтазам равишда назоратсиз қолдириш;

шкафга тез алангаланадиган моддаларни қўйиш.



3-§. Дистилляторни ишлатишда

хавфсизлик талаблари


75. Дорихоналарда сув ҳайдаш махсус ажратилган, деворлари мой бўёқ билан бўялган ёки сирланган плита (кафель)лар билан қопланган хоналарда ўтказилиш керак.


76. Дистилляторни ишлатишга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқдан ўтган ходимлар қўйилади.


77. Дистиллятор алоҳида хонага ўрнатилиши керак.


78. Дистиллятор электр тармоғига автомат ўчиргич орқали уланади, уни тўғридан-тўғри штепсель розеткасига улаш ман қилинади.


79. Дистиллятор электр тармоғига эгилувчан резина кабель орқали уланиши керак.


80. Дистилляторнинг металл корпуси ерга уланган бўлиши шарт. Ерга улаш махсус ўрнатилган "ерга улаш контури"га мустаҳкам симлар билан механик улаб бажарилади.


81. Дистилляторни ҳамма тарафдан бошқарадиган қилиб ўрнатиш керак.


82. Дистилляторни ёқишдан олдин қуйидаги ишлар бажарилади:

қурилманинг герметиклигини текшириш;

дистилланган сувни йиғадиган шиша идишларнинг бутунлигини текшириш;

шиша идишни ниппелдан паст қилиб ўрнатиш;

ниппелга резина трубка кийдириб, трубкани эгмасдан шиша идишга тушириш;

канализацияга чиқариб юбориладиган сув оқадиган трубкага резина шланг улаш;

қурилмага сув очаётганда ортиқча сув тошиб кетмайдиган қилиб жўмракни тўғрилаб қўйиш;

қурилмага сув тўсиқларсиз келаётганига, қурилма сувга кераклигича тўлганига ва канализацияга кетадиган сув жўмраги очиқлигига ишонч ҳосил қилиш.


83. Дистиллятор ишлаб турганида қурилмага доимо совуқ сув келиб туришини кузатиб туриш керак.


84. Дистилляторга совуқ сув келиши тўхтаса, дарҳол ишни тўхтатиш керак.


85. Дистиллятор жўмраклари бузилмаганлигини кузатиб туриш керак.


86. Дистиллятор ишлаётганда назорат остида бўлиши керак.


87. Қаттиқ товуш ёки буғ пайдо бўлганда дистиллятор ўчирилиши лозим.


88. Дистилляторни ишлатадиган ходимларга қуйидагилар ман қилинади:

дистиллятор ва унинг элементларини дистиллятор ишлаётганида тузатиш;

манометр ўрнатилган хонада йўл тўсадиган ва хонани ифлос қиладиган кераксиз буюмларни сақлаш;

ифлосланган сувни қуйиш;

чиқариб юбориш жўмраклари билан ишлаш;

иш вақтида бошқа ишларга чалғиш ва ишлаётган дистилляторни қаровсиз қолдириш;

шиша идишларни махсус корзиналарга солмасдан ташиш;

дистилляторни ишлатишга алоқаси йўқ кишиларни хонага қўйиш.



4-§. Автоклавларни ишлатишда

хавфсизлик талаблари


89. Дорихоналарда автоклавларни ўрнатиш, техник кўрикдан ўтказиш, фойдаланиш ва тузатиш ишлари Автоклавларда ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 1913, 2009 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 10-11-сон, 116-модда) мувофиқ амалга оширилади.


90. Дорихоналарда автоклавлардан дори воситалари ва тиббий буюмларни кучли босим остидаги тўйинган сув буғи билан стериллаш мақсадида фойдаланилади.

Дорихоналарда автоклавни ишлатишда қуйидаги омиллар хавфли ҳисобланади:

юқори босим;

электр токи;

юқори ҳарорат;

шовқин;

муҳитнинг намлиги.


91. Дорихоналарда автоклавни ишлатиш қоидалари ва хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик қуйидагиларга олиб келади:

электр токи уриши;

стерилланадиган материаллар ва автоклавнинг қизиб турган қисмларига тегиб кетиш натижасида куйиш;

стериллаш камерасидан буғнинг чиқиб кетиши натижасида куйиш;

эритма солинган шиша идишлар ёрилганда куйиш ва механик шикастланиш.


92. Дорихоналарда автоклавдан фойдаланувчи ходим (автоклавер)лар қуйидаги шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим:

сув ўтказмайдиган этак (фартук);

эритма солинган шиша идишлар ёрилганда автоклавер юзининг куйиши ва механик шикастланишдан ҳимоя қиладиган плексигласдан ясалган қалқонча (щиток);

брезент қўлқоп;

пахтадан тўқилган, қўш астарли қўлқоп;

тиббий ёрдам қутичаси.



5-§. Автоклавларда эритмаларни

стериллашда хавфсизлик талаблари


93. Стериллаш камерасида шиша идишлар бир хилда қизиши учун махсус идишларга ётиқ юзаларининг ораси 1 мм, тик юзаларининг ораси 5 мм қилиб жойлаштириш керак.


94. Камерадаги босимни кўрсатувчи манометрнинг мили нолга тушганда, қопқоқ ёки эшик маҳкамлагичлари секин бўшатилади ва ортиқча босим йўқлигига ишонч ҳосил қилинади, шундан сўнг қолган буғларнинг чиқиб кетиши учун қопқоқ 10 - 15 дақиқага очиб қўйилади.

Агар автоклав стериллаш материаллари вакуум қуритиш тармоғи билан таъминланган бўлса, унда камерага ҳаво бериш жўмраги очилади. Ушбу талаблар бажарилмаса камерада "сўриб олиш" вазияти юз бериши мумкин, бу қолган буғнинг сувга айланиши ва камерадаги босимнинг атмосфераникидан пасайиб кетиши билан боғлиқдир. Шу сабаблар бўлиб камерага жўмраклар орқали сув сўрилиб кириши мумкин. Сув қизиб турган шиша идишлар билан қўшилганда, шиша идишлар кичик портлашлар ҳосил қилиб ёрилади.


95. Ташқаридаги ҳаво ҳарорати 18 °С дан паст бўлганда камеранинг қопқоғи ёки эшигини очишдан олдин дераза дарчасини ёпиб қўйиш керак. Совуқ ҳавонинг 120 °С даражада қиздирилган, ичидаги эритма катта босим остида бўлган шиша идишлар билан қўшилиши шиша идишларнинг ёрилишига олиб келади.


96. Эритма солинган шиша идишлар тахланган идиш камеранинг қопқоғи ёки эшиги очилган вақтдан 20 - 30 дақиқа ўтгандан кейин камерадан олинади. Бу вақт ичида шиша идишдаги эритманинг ҳарорати ва ортиқча босими камаяди. Натрий гидрокарбонат эритмаси солинган шиша идиш ичидаги ортиқча босимнинг камайишига 40 - 50 дақиқадан кам бўлмаган муддат керак.


97. Ҳар бир стериллаш цикли тугагандан кейин автоклавер стериллаш камерасида керакли ҳарорат бўлганлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Буни назорат қилиш стериллаш камерасининг турли жойларига ўрнатилган 3 дона индикаторнинг ранги ва ҳолатига қараб бажарилади.


98. Қизиб турган шиша идишларни камерадан ёки идишлардан олиб иш жойига ўрнатишда сочиқ ёки қўлқопдан фойдаланиш керак. Бу ишни жуда эҳтиёткорлик билан, чайқалиш, кескин силташ ва шиша идишнинг урилиб кетишига йўл қўймасдан бажариш керак. Шиша идишлар тахланган усти очиқ идишлар камерадан олинганда шиша идишлар ёрилиб ходимларга шикаст етказмаслиги учун идишнинг устига сочиқ ёпиб қўйиш керак.


99. Камерадан шиша идишларни олгандан кейин, унинг ичини шиша идишнинг синган бўлакчаларидан тозалаш керак. Бундан ташқари буғ чиқиб кетадиган труба тешикларига шиша бўлакчалари, ёрлиқ ва бошқа нарсалар кириб қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.


100. Эритма солинган шиша идишларни стериллашда вакуум қуритиш тармоғини ишлатиш қатъиян ман қилинади.


101. Шиша идишларга солинган эритма 100 мл дан кўп бўлса, стериллаш жараёни тугагандан кейин уларнинг ҳарорати 80 °С даражага тушишига кетадиган муддатда камерада ушлаб турилиши керак.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


102. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


103. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


104. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва "Дори-Дармон" акциядорлик компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 27-сон, 320-модда.



















































Время: 0.2227
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск