Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги Муваққат низом (АВ томонидан 17.07.2009 й. 1984-сон билан рўйхатга олинган 16.07.2009 й. ОЎМТВ 246-сон ва ВМ ҳузуридаги ДТМ 01-255-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 17 июлда 1984-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

ва Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат тест марказининг

2009 йил 16 июлдаги 246

ва 01-255-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари

талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан

четлаштириш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги

МУВАҚҚАТ НИЗОМ


Мазкур Муваққат низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидаларини белгилайди.

Мазкур Муваққат низом қоидалари идоравий тасарруфидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча олий таълим муассасаларига тааллуқлидир.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.


2. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссиясининг (кейинги ўринларда Идоралараро комиссияси деб юритилади) ишчи гуруҳлари ёки олий таълим муассасалари томонидан ҳужжатларни қабул қилиш орқали амалга оширилади.


3. Идоралараро комиссиясининг ишчи гуруҳлари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар умумлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга мазкур Муваққат низом талаблари асосида ваколат доирасида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилиш учун тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган ҳолатларда ҳужжатларни Идоралараро комиссияга тақдим этади.


4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмаган нодавлат олий таълим муассасалари ва бошқа мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари (марказлар, бўлимлар, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқалар)дан давлат олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тақиқланади.


5. Биринчи курсга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ман этилади (истисно тариқасида, талабага касаллик туфайли академик таътил берилиши мумкин).


6. Талабалар ўқишини бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланадиган турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича кўчириш ва қайта тиклаш олий таълим муассасаси ректорининг қарори билан амалга оширилади.


7. Талабалар ўқишини олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик ва турли вазирликлар доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчириш ва ўқишга қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) билан келишган ҳолда мазкур олий таълим муассасаси ректорининг қарори билан амалга оширилади.


8. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоравий тасарруфликдан қатъи назар, Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;

бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича.


9. Олий таълимнинг турдош йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


10. Ўқишнинг барча шакллари бўйича мос ва турдош таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчириш ва қайта тиклашга, фақатгина давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар аризасига кўра муайян таълим йўналиши (мутахассислиги)да олий таълим муассасаларига тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


11. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризалари мазкур Муваққат низомга мувофиқ кўриб чиқилади.


12. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризага талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари илова этилади.


13. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш бўйича аризаларни кўриб чиқиш натижалари олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг мажлис баённомасига киритилади ва ариза муаллифлари эътиборига етказилади.


14. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашни расмийлаштиришда олий таълим муассасаси ректори ўрнатилган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни (умумкасбий ва ихтисослик фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим) топшириш тартиби ва муддатларини (ўқув йили бошлангандан кейин икки ойдан ортиқ эмас) белгилайди ҳамда ўқитиш курси ва ўқишга қабул қилишнинг бошқа шартларини аниқлайди.


15. Шартли равишда талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш тақиқланади.


16. Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.


17. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва тушган маблағларни тақсимлаш тартиби ҳақидаги низомга (рўйхат рақами 795, 1999 йил 6 август) мувофиқ аниқланади.



II. ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ


18. Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини ўз таълим йўналишидан бошқа турдош бўлмаган таълим йўналишига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


19. Бошқа олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш истагидаги талаба ушбу олий таълим муассасаси ректорига, тегишли вазирлик (идора)га, мазкур Муваққат низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолларда эса Идоралараро комиссиянинг ишчи гуруҳларига ариза билан мурожаат этади.

Ариза олий таълим муассасасига, тегишли вазирлик (идора)га ёки Идоралараро комиссиясига ишчи гуруҳларидан келиб тушгандан сўнг бир ойлик муддат ичида кўриб чиқилиши лозим. Масала ижобий ҳал этилган тақдирда, тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.

Тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссиянинг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғмажилдини жўнатиш ҳақида сўровнома юборилади. Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғмажилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади. Олий таълим муассасасида эса талабанинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек жўнатилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.

Олий таълим муассасаси ректорининг талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғмажилди олиниб, академик фарқлар бартараф этилгандан сўнг 10 кун муддатда чиқарилади. Шахсий йиғмажилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш), талабани ўқишга қабул қилиш, олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома олингандан сўнг амалга оширилади.


20. Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш фақат буюртмачининг розилиги билан амалга оширилади.



III. ЎҚИШНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ


21. Олий таълим муассасаси ўқишга қайта тиклаш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан бошлаб икки ҳафталик муддатда уни кўриб чиқади ва мурожаат қилган шахсни талабаликка қайта тиклаш курси (семестри) ҳамда қайта тиклашнинг бошқа шартларини кўриб чиқади.


22. Олий таълим муассасасида таълим олувчилар сони доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаганлиги ва шахснинг академик қарздорлиги ҳамда шахснинг тегишли мутахассислик бўйича зарур билимларни ўзлаштиришига тўсқинлик қилиш даражасидаги ўқув режалари ва дастурларида фарқ мавжуд бўлган тақдирда талабаликка қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган шахсга рад жавоби берилиши мумкин.


23. Илгари олий таълим муассасаларидан маъмуриятнинг ташаббуси билан четлаштирилган шахсларни, барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур Муваққат низомнинг 6-7-бандлари талабларига риоя қилинган ҳолда, ректорнинг буйруғи билан амалга оширилади.


24. Ўқишдан четлаштирилган ўқув йилида талабани ўқишга қайта тиклашга йўл қўйилмайди. Талабани ўқишга қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.


25. Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган шахслар (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.


26. Ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилдан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парваришлаш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёки Идоралараро комиссиянинг рухсати билан амалга оширилади.


27. Хорижий давлатларнинг тегишли олий таълим муассасаларидан илгари четлаштирилган шахсларни республика олий таълим муассасалари талабалари сафига қайта тиклаш фақат Идоралараро комиссиянинг рухсати билан амалга оширилади.



IV. ТАЛАБАЛАР САФИДАН ЧЕТЛАШТИРИШ


28. Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўз хоҳишига биноан;

б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссияси маълумотномаси асосида);

г) академик ўзлаштиролмаганлиги (қарздорлиги) учун;

д) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

е) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ж) шартнома бандларини бажармаганлиги туфайли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

з) талаба томонидан жиноят содир этилганлиги, шунингдек суд томонидан ўқишини давом эттириш имкониятидан (озодликдан) маҳрум этилганлиги муносабати билан;

и) вафот этганлиги сабабли.

Ҳарбий хизматни ўтаётган, саломатлигини тиклаётган, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парваришлаш таътиллари даврида талабага академик таътил берилиши мумкин.


29. Олий таълим муассасаси маъмурияти ташаббуси билан талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмасининг ёзма розилигини инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Муваққат низомнинг 28-банди "д" кичик бандига кўра четлаштирилаётган ҳолда, таълим муассасасининг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти билан ҳам келишилиши лозим.


30. Талаба олий таълим муассасасидан четлаштирилганда, унга шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғмажилдига тикиб қўйилади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


31. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш жараёнида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳужжатлар аниқланган ҳолларда олий таълим муассасаси ректори мазкур ҳужжатларни текшириш ва буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.


32. Олий таълим муассасасига ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган талабаларнинг шахсий йиғмажилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома тикиб қўйилади.


33. Олий таълим муассасалари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарур миқдордаги академик маълумотнома бланкларига буюртмалар берадилар.

Академик маълумотнома бланклари қатъий ҳисобда юритилади. Академик маълумотномалар бланкларининг олий таълим муассасаларида сақланиши, рўйхатга олиниши ва берилиши ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


34. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлган ҳолда ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки судга мурожаат қилиниши мумкин.


35. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва уларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик ишчи гуруҳлар ва олий таълим муассасалари зиммасига юкланади.

Зарурат бўлганда ректор ҳужжатларни юборган олий таълим муассасаларидан расмий хат билан маълумотлар тўғрилигини тасдиқлашни сўраши мумкин. Сохта ҳужжатларнинг тўғрилигини тасдиқлаб берган олий таълим муассасаси қонун ҳужжатларига асосан жавобгар бўлади.


36. Олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклашига асос бўлган барча ҳужжатлар ваколат доираси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, шунингдек олий таълим муассасаларида 3 йил давомида сақланиши лозим.


37. Мазкур Муваққат низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортилади.


38. Мазкур Муваққат низом Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан маъқулланган.


39. Мазкур Муваққат низом 2010 йил 1 январгача амал қилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 30-31-сон, 348-модда.






















Время: 0.2066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск