ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Гидромеханизация ишларида меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 29.07.2009 й. 1987-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 24.06.2009 й. 33/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 29 июлда 1987-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 24 июндаги

33/Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Гидромеханизация ишларида

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) Қонунига мувофиқ гидромеханизация ишларини бажаришда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги гидромеханизация ишларини бажарувчи корхона, муассаса ва ташкилотларга тааллуқлидир (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади).


2. Мазкур Қоидалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария қоидалари ва меъёрлари, миллий стандартларнинг тегишли нормалари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.

3. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган органлар томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


4. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


5. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


6. Корхоналарда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирларини ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган корхоналарда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган корхоналарда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини текшириш ишларини ташкил этиш


10. Корхоналарнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда қайта аттестациядан ўтишлари лозим.


11. Бевосита ишлаб чиқаришда ишларни ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ишчилар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


12. Корхона маъмурияти барча ишга кираётганлар, шунингдек бошқа ишга ўтказилаётганлар учун ишларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ташкил этишлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва бахтсиз ҳодисаларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича йўл-йўриқлар беришлари шарт.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ишловчилар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш корхона раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


14. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


15. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


16. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлари натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни маъмурият ишга қўймасликка ҳақлидир.


17. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаганда эса, даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


18. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


19. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик корхонанинг маъмурияти зиммасига юкланади.


20. Ходимларнинг соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлаш тақиқланади.



4-§. Гидромеханизация ишларида хавфли ва зарарли

ишлаб чиқариш омилларининг рўйхати


21. Гидромеханизация ишларида қуйидаги хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари мавжуд:

иш зонасидаги ёзги пайтдаги юқори ва қишки даврда паст ҳарорат;

иш зонасидаги ҳавонинг юқори тезлиги;

ҳаракатланувчи машина ва механизмлар;

ишлаб чиқариш жиҳозларининг ҳаракатланувчи ҳимояланмаган элементлари;

юқори босимли сув оқимлари;

пульпа оқимлари;

чуқур сув ҳавзалари;

электр занжиридаги кучланишнинг хавфли даражаси, тўсатдан ҳосил бўладиган қисқа туташув;

иш ўрнидаги юқори шовқин ва тебраниш даражаси;

иш ўрнининг яхши ёритилмаганлиги;

меҳнатнинг оғирлиги ва зўриқишнинг ҳосил бўлиши;

меҳнатнинг бир маромда бориши.


22. Иш ўринларидаги ҳарорат, ҳаво ҳаракатининг тезлиги иш тури ва йилнинг фаслига мос бўлган микроиқлим меъёрларига тўғри келиши керак.



5-§. Қўшимча меҳнат муҳофазаси талаблари қўйиладиган

юқори хавфга эга касблар ва ишлар


23. Гидромеханизация ишлари ва ускуналарга хизмат кўрсатишдаги ишларга қўйиладиган қўшимча талаблар иш ўринларидаги меҳнат шароитлари бўйича ўтказилган аттестация натижаси асосида аниқланади.


24. Корхоналарда юқори хавфли шароитларда бажарилувчи ишлар, яъни, юк кўтариш механизмлари ва электр қурилмаларда ишлаш рўйхати тузилган бўлиши керак.


25. Барча ишчилар хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин техника хавфсизлиги бўйича йўл-йўриқдан ўтишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


26. Ўрнатилган тартиб асосида жавобгар шахс томонидан тасдиқланган расмий рухсат этилган махсус наряд-рухсатнома мавжуд бўлгандагина хавфли ишларни бажариш амалга оширилади.


27. Хавфли ишларни режалаштириш, ташкил этиш ва уларнинг хавфсиз ўтказилишида иш берувчи тўлиқ жавобгардир.



6-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини  қўллаш


28. Ишловчиларни зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш тегишли стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


29. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик ток ва ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


30. Жамоавий ҳимоя воситалари зарарли ва хавфли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз кишиларнинг иштироки ва ишларнинг амалга оширилиши тақиқланади.


31. Меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича:

сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари);

даволаш-профилактика озиқ-овқати;

махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши лозим.


32. Ишловчилар шахсий ҳимоя воситаларининг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


33. Корхона маъмурияти ёки иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши шарт:

амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;

қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).



7-§. Касбий танлов


34. Корхона ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатда аниқ технологик жараён, ишлаб чиқариш ускунаси, ишлатиладиган хом ашё ва ишларни амалга ошириш хусусиятлари билан боғлиқ хавфлар ҳисобга олиниши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


35. Ўта хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


36. Ўта хавфли ишларга хизмат кўрсатиш ишлари билан шуғулланиш фақат белгиланган тартибда тасдиқланган, махсус ўқитилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларга эга бўлган шахсларга рухсат этилиши лозим.


37. Корхона мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос даражада ишларни ташкил этиш қобилиятига эга бўлиши лозим.


38. Корхона ходимлари ишларни хавфсиз юритишга ўқитилиб, олган билимлари Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ синовдан ўтказилиши ва белгиланган тартибда расмийлаштирилиши лозим.


39. Касбий танловдан сўнг ишга қабул қилинган ходимларнинг касбий маҳорати юқори эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида назорат ўрнатиш, зарур бўлганда қайта йўл-йўриқдан ўтказиш лозим.


40. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ 18 ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитидаги ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


41. Корхона маъмурияти ёки иш берувчи хавфлилик даражаси юқори бўлган ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва уларга нисбатан белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда амалга ошириш учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади.



8-§. Ишчи-ходимларнинг ишлаб чиқариш жараёнига  қатнашиши


42. Ишга қабул қилинган ишчи-ходимлар иш жойида ишни бошлашдан олдин меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўйича йўл-йўриқдан ўтиши лозим.


43. Алоҳида хавфи бор бўлган иш жойларига ишчи-ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитилиб, билимлари синовдан ўтказилганлиги тўғрисида ҳужжати бўлмаса ишга қўйилмаслиги керак.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Гидромеханизация қурилмаларига хизмат кўрсатиш,

лангарларни (якорларни) ўрнатиш ва кўчириш жараёнлари


44. Гидромониторни кўчириш бўйича ишлар, уни таъмирлаш, каллакларини алмаштириш, қувурлар бирлашмасидаги бирикмаларни маҳкамлаш, шунингдек гидромонитор иш фронти ҳудудидаги барча ишлар фақатгина насос станцияси иш жараёни тўхтатилгандан сўнг амалга оширилиши керак.


45. Агар сув ости грунт конларига (карьерларга) ишлов бериш жараёнларида грунт юмшатгич қурилмаси каллаги грунтга кўмилиб қолса, махсус грунтни тозаловчи авария ҳолатида ишловчи қурилмалардан ёки баъзи шароитларда иш жараёни хавфсизлигини таъминловчи техник воситалардан фойдаланиш керак.


46. Лангарларни ўрнатиш ва кўчириш бўйича ишларни бажаришдан олдин лангаркўтаргич қурилмалари созлиги (чиғир, темир арқон, (тросс) йўналтирувчи роликлар, кран балкалар), ишчи асбоблар шайлиги (болталар, болғалар, лом ва бошқалар) текширилиши шарт.


47. Юк кўтариш мосламаларида, уларнинг юк кўтариш қобилияти ва навбатдаги кўрикдан ўтиш муддати аниқ кўрсатилиши лозим.


48. Лангарнинг тупроқдан ажратилиши ва унинг таралиш жараёнлари чиғир барабанининг секин айланиш тезлигида амалга оширилади.


49. Лангарни кўтариш ва кўчириш атрофдан бошқа транспорт кемалари ўтаётганда тақиқланади.


50. Сув тўлқини баландлиги 0,5 м ва ундан юқори бўлганда, лангарларни кўтариш ва кўчириш бўйича ишлар бажарилишига йўл қўйилмайди.


51. Маҳкамланган лангар бириктирилган темир арқон (трос)да титраш жараёни юзага келса, унга яқин ҳудудда ишчилар туриши тақиқланади.



2-§. Кранлар ва юк кўтариш механизмлари билан

ишлаш жараёнларидаги хавфсизлик талаблари


52. Механик узатмали юк кўтариш машиналарини бошқариш ва уларга хизмат кўрсатиш учун маъмурият томонидан кранчи-машинистлар тайинланади, электр узатмали юк кўтариш машиналаридан фойдаланишда эса, машинистдан ташқари электромонтёр, электрчилангарлар ҳам тайинланиши лозим.

Юқорида қайд қилинган шахслар, ушбу касбларга мос дастурлар бўйича ўқитилиши, малакали мутахассислар ҳайъати томонидан аттестациядан ўтказилиши ва уларга гувоҳномалар берилиши керак.


53. Иш жараёни бошланишидан олдин юк кўтариш машиналари ва юк ушлагич мосламаларининг ҳисобга олиш журналида қуйидагилар қайд қилиниши керак:

қўл кучи ёрдамида, пневматик ёки қўл механизмларида кўтариладиган барча турдаги кранлар;

бир балкали кўприксимон, пульт ёрдамида бошқариладиган ҳаракатланувчи ёки бураладиган консолли кранлар;

юк кўтариш қобилияти 10 тоннагача бўлган хартумли (стрела) кранлар;

махсус мўлжалланган кранлар ва юк кўтаргичлар (қувурётқизгичлар ва бошқалар).


54. Кранларнинг юк кўтариш ва кўчириш бўйича бажарадиган иш жараёнининг хавфсизлигига жавобгар ва юк кўтариш машина-мосламалари созлиги бўйича жавобгар шахслар маъмурият томонидан муҳандис техник ходимлар таркибидан буйруқ асосида тайинланади.


55. Юкни кўтариш, кўчириш ва тушириш жараёнларида амалдаги стандартга мос равишда умумий хавфсизлик талабларига риоя қилиниши керак. Юкни одамлар устидан кўчириш, юк остидан юриш ёки унинг остида туриш қатъиян ман этилади.



IV. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


56. Таъмирлаш ишларини ўтказишга тайёргарлик меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминловчи барча талабларни ўз ичига олган таъмирлаш ишлари режасини тузишдан бошланиши керак.


57. Таъмирлаш ишлари режасида ўтказиладиган ишларнинг аниқ муддатлари, уларнинг бажарилиш хавфсизлиги бўйича жавобгар шахслар белгиланиши керак.


58. Таъмирлаш ишлари режаси корхона, участка раҳбарлари билан келишилган бўлиши лозим. Бунда асосан, бажариладиган ишлар тартиби ва таркиби, ишларни хавфсиз амалга ошириш тадбирлари, муддатлари ва уларга жавобгар шахслар кўзда тутилади.


59. Таъмирлаш бригадаси ишчилари талаб даражасидаги миқдорда иш жараёнига яроқли бўлган мосламалар ва ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари шарт.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


60. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 30-31-сон, 352-модда.


























Время: 0.2058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск