ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар /

Ўзбекистон Республикасининг 30.09.2009 й. ЎРҚ-226-сон "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.06.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2009 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.09.2009 й.

N ЎРҚ-226



ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 24 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2009 йил 28 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик

Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ёнғин - одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, шунингдек атроф табиий муҳитга зарар етказадиган, назорат қилиб бўлмайдиган ёниш;


ёнғин назорати - ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини текшириш ва текширув натижалари бўйича чора-тадбирлар кўриш мақсадида белгиланган тартибда амалга ошириладиган фаолият;

ёнғинлар профилактикаси - ёнғинлар келиб чиқиши эҳтимолини истисно этишга ва уларнинг оқибатларини камайтиришга қаратилган огохлантириш чора-тадбирлари мажмуи;


ёнғиндан сақлаш хизмати - одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини, атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш, шунингдек объектларда, аҳоли пунктларида ҳамда бошқа ҳудудларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаб туриш мақсадида белгиланган тартибда ташкил этилган бошқарув органлари, кучлар ва воситалар мажмуи;


ёнғин хавфсизлиги - одамларнинг, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулкининг, шунингдек атроф табиий муҳитнинг ёнғинлардан ҳимояланганлиги ҳолати;


ёнғин хавфсизлиги талаблари - ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган ижтимоий ва (ёки) техник хусусиятга эга махсус шартлар;

ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилиши - ёнғин хавфсизлиги талабларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик;


ёнғин-техник маҳсулоти - ёнғин хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган махсус техник, илмий-техник ва интеллектуал маҳсулотлар, шу жумладан, ёнғинни ўчириш техникаси ва асбоб-ускуналари, ёнғинни ўчириш аслаҳа-анжомлари, оловни ўчириш ва оловдан ҳимоя қилиш моддалари ҳамда материаллари, махсус алоқа ва бошқариш воситалари, электрон ҳужжатлар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базалари, шунингдек ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришнинг бошқа воситалари;


ёнғинга қарши режим - ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишининг олди олинишини ва ёнғинлар ўчирилишини таъминлаш юзасидан одамларнинг хатти-ҳаракат қоидалари, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва (ёки) биноларни (ҳудудларни) сақлаш тартиби;


ёнғинга қарши алоҳида режим - ёнғин хавфи юқори бўлган даврда муайян ҳудудларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлигининг қўшимча талабларини белгилаш;

ёнғин-қутқарув бўлинмаси - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларни профилактика қилиш ҳамда бартараф этиш, шунингдек қутқарув ишларини бажариш мақсадида ташкил этилган бўлинмаси.


4-модда. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизими

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизими ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий, ижтимоий ва илмий-техник чора-тадбирлар, шунингдек кучлар ва воситалар мажмуидан иборатдир.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизими субъектлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ва фуқаролардир.



2-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА БОШҚА

ОРГАНЛАРНИНГ ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ. ФУҚАРОЛАР

ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ

ИШТИРОКИ. ТАШКИЛОТЛАР ҲАМДА

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ

СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг ёнғин хавфсизлиги

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ёнғин хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишини таъминлайди;

ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ёнғин хавфсизлиги соҳасида молиявий, моддий-техника таъминотини ва ресурслар билан таъминлашни амалга оширади;

давлат эҳтиёжлари учун ёнғин-техник маҳсулотининг номенклатурасини, уни етказиб бериш ҳажмларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6-модда. Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги махсус

ваколатли органнинг ваколатлари

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидир (бундан буён матнда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги деб юритилади).

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини таъминлайди;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ёнғинни ўчириш техникаси ва бошқа техника воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техника сиёсатини амалга оширади;

ёнғинларни ўчиришни, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқаришни амалга оширади;

барча турдаги ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларининг ёнғинларни ўчиришга шайлиги ҳолати ва ёнғинлар профилактикасига доир ишларнинг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидаларни ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

давлат ёнғин назоратини амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги талабларидан асосли равишда четга чиқилган ёки бундай талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда бинолар, иншоотларни ва бошқа объектларни қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир лойиҳа ҳужжатларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишига тааллуқли қисмини кўриб чиқади;

қурилиш учун майдонлар (трассалар) танлаш (ажратиш) комиссиясининг, шунингдек қурилиши (реконструкцияси) тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш комиссияларининг ишида иштирок этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасида ёнғинга қарши тарғиботни, ўқитишни ва ахборот билан таъминлашни амалга оширади;

ёнғин хавфсизлигининг илмий-техник жиҳатдан таъминланишини мувофиқлаштиради;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги сертификатлаштиришни белгиланган тартибда амалга оширади, ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликда назарда тутилган фаолият (ҳаракатлар) турларини бошлаганлик тўғрисидаги хабарномаларни қабул қилади ва уларнинг реестрини юритади;

ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари ҳисобини юритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ва фуқароларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш ҳамда ёнғинларнинг олдини олишга доир тадбирлар ўтказиш тўғрисида ёзма кўрсатмалар беради.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари (бундан буён матнда ваколатли органлар деб юритилади) ўз ваколатлари доирасида:

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини таъминлайди;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилишида иштирок этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишида иштирок этади;

ёнғин назоратини ташкил этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни мувофиқлаштиради;

давлат эҳтиёжлари учун ёнғин-техник маҳсулотининг номенклатурасини ишлаб чиқади ва ҳажмларини белгилайди;

ёнғинларни ва уларнинг оқибатларини ҳисобга олиш тизимини яратади;

аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда, ижтимоий-маданий, саноат объектларида ҳамда бошқа объектларда, ҳудудлар ва коммуникацияларда ёнғинлар ўчирилишини ташкил этади.

Ваколатли органлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурлари амалга оширилишида иштирок этади;

ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларининг бажарилишини ташкил этади;

маҳаллий бюджетларнинг ёнғин хавфсизлигига, шу жумладан, ёнғиндан сақлаш хизматининг таъминоти ҳаражатларига доир қисмининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва ижро этилишини таъминлайди;

ёнғин ўчирувчилар деполари қурилишини амалга оширади, ёнғиндан сақлаш хизматининг маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бўлинмаларини белгиланган тартибда сақлайди ва моддий-техника базаси билан таъминлайди;

ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан рағбатлантирилишини амалга оширади;

тегишли ҳудудда ёнғинга қарши алоҳида режим ўрнатади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг

ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматининг ташкил этилишига ва фаолиятига кўмаклашади;

ёнғин назоратининг амалга оширилишига кўмаклашади;

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан жамоат назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.


10-модда. Ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлиги

соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Ташкилотлар:

ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини белгиланган тартибда ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

тегишли органларга ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш;

белгиланган тартибда ёнғин-техник комиссияларини ташкил этиш;

ўз ҳудудида содир бўлган ёнғинларнинг келиб чиқиш ва кучайиш (тарқалиш) сабаблари ҳамда шароитларини аниқлашга доир ишларни бажариш;

ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш чора-тадбирларини белгилаш;

белгиланган тартибда ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича ахборот олиш, шу жумладан, ёнғиндан сақлаш хизматининг бошқарув органлари ва бўлинмаларидан ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Ташкилотлар:

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиши;

ёнғиндан сақлаш хизмати мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши;

ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши, шунингдек уларнинг бажарилиши устидан доимий назоратни таъминлаши;

ёнғинга қарши тарғибот ўтказиши ва ўз ходимларига ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиши;

ўзига қарашли ёнғинга қарши ҳимоя тизими ва воситаларини, ёнғинга қарши сув таъминоти манбаларини, шу жумладан, ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситаларини ишга яроқли ҳолда сақлаши, улардан белгиланганидан бошқа мақсадда фойдаланилишига йўл қўймаслиги;

ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларига ёнғинларни ўчиришда, шунингдек ёнғин назорати органларига ёнғинларнинг келиб чиқиш ва кучайиш (тарқалиш) сабаблари ҳамда шароитларини аниқлашда, ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилишида ва ёнғинлар келиб чиқишида айбдор шахсларни топишда белгиланган тартибда кўмаклашиши;

ўз ҳудудидаги ёнғинларни ўчириш чоғида зарур кучлар ва воситаларни белгиланган тартибда бериши;

ёнғиндан сақлаш хизматининг мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларини бажараётганда уларнинг ўз ҳудудига, бинолар, иншоотларга ва бошқа объектларга эркин киришини таъминлаши;

ўзига қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги, шу жумладан, ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг ёнғин хавфлилиги ҳақидаги, шунингдек ўз ҳудудида содир бўлган ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ҳужжатларни ёнғин назорати органлари мансабдор шахсларининг талабига кўра тақдим этиши;

келиб чиққан ёнғинлар, мавжуд ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари ва воситаларидаги носозликлар тўғрисида, йўллар ва тор кўчаларнинг ҳолати ўзгарганлиги ҳақида ёнғиндан сақлаш хизматига дарҳол хабар қилиши;

кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматининг фаолиятига белгиланган тартибда кўмаклашиши шарт.

Ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.


11-модда. Фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги

соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фуқаролар:

ёнғин келиб чиққан тақдирда ўз соғлиғи ва мол-мулкининг ҳимоя қилиниши;

ёнғин туфайли ўзига етказилган зарарнинг ўрни белгиланган тартибда қопланиши;

ўз соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига зарар етказган ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда шароитларини аниқлашда иштирок этиш;

ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича белгиланган тартибда ахборот олиш;

ёнғиндан сақлаш хизмати етиб келгунига қадар одамларни, мол-мулкни қутқариш ва ёнғинларни ўчириш юзасидан чоралар кўриш;

ёнғинларни ўчиришда ёнғиндан сақлаш хизматига кўмаклашиш;

ёнғин хавфсизлигини таъминлашда, шу жумладан, кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Фуқаролар:

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиши;

ёнғинни сезиб қолганда бу ҳақда ёнғиндан сақлаш хизматига дарҳол хабар қилиши;

ёнғиндан сақлаш хизмати мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши;

ўзига қарашли ишлаб чиқариш, хўжалик биноларини, турар-жойларни ва бошқа бинолар ҳамда иморатларни белгиланган тартибда ёнғин назоратини амалга ошириш мақсадида кўздан кечириши ва текшириши учун ёнғин назорати органларининг мансабдор шахсларига имконият бериши шарт.

Фуқаролар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.


3-БОБ. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

12-модда. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг таркибий қисмидир. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар мансаб йўриқномаларида ва бошқа йўриқномаларда, зарур ҳолларда эса тегишли шартномаларда акс эттирилиши керак.

Ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, агар тегишли шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари ва улар ваколат берган шахслар зиммасига юклатилади. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир вазифаларнинг ваколатли шахслар зиммасига юклатилиши раҳбарларнинг зиммасидан масъулиятни соқит қилмайди.

Хусусий ва давлат уй-жой фондларининг турар жойлари ва бошқа биноларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, агар бу мулкий ижара (аренда) шартномасида кўрсатилган бўлса, мулкдорлар ёки ижарага (арендага) олувчилар зиммасига юклатилади.

Аҳоли пунктларини ривожлантириш ва уларда иморат қуришни режалаштириш, бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, кенгайтириш, реконструкция қилиш ҳамда техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш чоғида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тегишинча шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, буюртмачилар, иморат қурувчилар, лойиҳа ва қурилиш ташкилотлари зиммасига юклатилади.



13-модда Ёнғин хавфсизлиги соҳасида

норматив жиҳатдан тартибга солиш

Ёнғин хавфсизлиги соҳасида норматив жиҳатдан тартабга солиш ижро этилиши шарт бўлган ёнғин хавфсизлиги талабларининг ваколатли органлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек норматив ҳужжатларда белгиланишидир.

Ваколатли органлар томонидан тасдиқланадиган ёнғин хавфсизлиги талабларини ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек норматив ҳужжатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишиб олиниши керак.


14-модда. Ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини

ишлаб чиқиш ва амалга ошириш

Ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари ёнғин хавфсизлигини таъминлашга, шу жумладан, ёнғин хавфсизлиги талабларини бажаришга доир ҳаракатлардир.

Ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка, ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ, шунингдек ёнғинларга қарши курашиш тажрибаси, моддалар, материаллар, технологик жараёнлар, буюмлар, конструкциялар, асбоб-ускуналар, бинолар ва иншоотларнинг ёнғин хавфлилигига баҳо бериш асосида ишлаб чиқилади.

Моддалар, материаллар, буюмлар, конструкциялар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчилар (етказиб берувчилар) мазкур моддалар, материаллар, буюмлар, конструкциялар ва асбоб-ускуналарнинг ёнғин хавфлилиги кўрсаткичларини, шунингдек улардан фойдаланишда қўлланиладиган ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини тегишли техник ҳужжатларда кўрсатиши керак.

Ташкилотлар, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар учун ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда, шу жумладан, улар лойиҳалаштирилаётганда ёнғинлар чоғида одамларнинг эвакуация қилинишини ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки сақлаб қолинишини таъминловчи ечимлар назарда тутилиши керак.

Аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудлар учун ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда амалга оширилади.



15-модда. Ёнғинларни ўчириш

Ёнғинларни ўчириш одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ҳамда соғлиғини сақлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини, атроф табиий муҳитни асраш ҳамда ёнғинларни бартараф этиш ҳаракатларидан иборатдир.

Ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари томонидан ёнғинларнинг ўчирилишини ташкил этиш тартибини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги белгилайди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарув органлари ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг ёнғиндан сақлаш хизматининг бошқа турлари, ваколатли органлар, авария-таъмирлаш хизматлари ва ўзга хизматлар билан ёнғинларнинг ўчирилишини ташкил этишни таъминлашга доир ҳамкорлиги келишувлар билан тартибга солинади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг кучлари ва воситаларини фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга жалб қилиш тартиби фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади.

Ёнғинларни ўчириш учун ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларининг кучлари ва воситаларини жалб қилишнинг минтақалараро ҳамда маҳаллий даражалардаги режалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

Ёнғинлар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш учун аҳоли пунктларининг телефон тармоқларида ягона рақам - 101 ўрнатилади.

Ёнғин келиб чиққанлиги тўғрисидаги хабарни олгач, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмалари ёнғин жойига дарҳол жўнаб кетиши шарт.

Зарур ҳолларда, ёнғинларни ўчириш чоғида ёнғин кучайишининг (тарқалишининг) ҳамда ёнғин билан боғлиқ бўлган, одамларга, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, атроф табиий муҳитга таҳдид солувчи хавфли омилларнинг олдини олиш учун:

ёнғинлар тарқалган (тарқалиш эҳтимоли бўлган) ва хавф келтириб чиқарадиган жойларга кириб боришга доир;

ёнғинларнинг кучайишига (тарқалишига) тўсқинлик қиладиган ва уларни бартараф этишни таъминлайдиган шароитларни яратишга доир;

ташкилотлар ва фуқароларда мавжуд бўлган алоқа, транспорт воситаларидан, асбоб-ускуналардан, ёнғинни ўчириш воситалари ва оловни ўчириш моддаларидан кейинчалик ўрни белгиланган тартибда қопланиши шарти билан фойдаланишга доир;

тегишли хизматларни жалб этган ҳолда жамоат тартибини таъминлаш, ёнғинлар ўчирилаётган жойларни қўриқлаш (шу жумладан, ёнғинларнинг келиб чиқиш ва кучайиш (тарқалиш) сабабларини, шароитларини текшириш чоғида), йўл ҳаракатини тартибга солиш, эвакуация қилиш ва (ёки) ёнғин келиб чиққан жойда бошқа тадбирларни амалга оширишга доир ҳаракатлар бажарилади.

Ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ёнғинларни ўчириш, ёнғинлар ва аварияларнинг келиб чиқиши ҳамда кучайишининг (тарқалишининг) олдини олиш билан боғлиқ зарур ишларни амалга оширишда ёнғинни ўчириш мақсади учун табиий ва сунъий сув манбаларидан сув билан бепул таъминланади.

Асосли таваккалчилик доирасида ҳаракат қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шахсий таркиби ва ёнғинни ўчиришда қатнашган бошқа иштирокчилар етказилган зарарнинг ўрнини қоплашдан озод қилинади.


16-модда. Ёнғинни ўчиришга раҳбарлик қилиш

Ёнғинни ўчиришга раҳбарлик қилиш ёнғин жойига етиб келган ёнғиндан сақлаш хизматининг катта тезкор мансабдор шахси (бундан буён матнда ёнғинни ўчириш раҳбари деб юритилади) томонидан амалга оширилади, у ёнғинни ўчириш ҳаракатларини бажаришда иштирок этаётган ёнғиндан сақлаш хизматининг шахсий таркибини, шунингдек ёнғинни ўчиришга жалб этилган кучлар ва воситаларни яккабошчилик принципи асосида бошқаради.

Ёнғинни ўчириш раҳбари вазифаларнинг бажарилиши, ёнғинни ўчириш ҳаракатларини бажаришда иштирок этаётган ёнғиндан сақлаш хизмати шахсий таркибининг ҳамда ёнғинни ўчиришга жалб этилган кучлар ва воситаларнинг хавфсизлиги учун жавоб беради.

Ёнғинни ўчириш раҳбари ёнғинни ўчириш ҳаракатлари амалга оширилаётган ҳудуд чегараларини, мазкур ҳаракатларни бажаришнинг тартибини ва ўзига хос жиҳатларини белгилайди, шунингдек ёнғин чоғида одамларни, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш бўйича қарорлар қабул қилади. Зарур ҳолларда, ёнғинни ўчириш раҳбари бошқа қарорлар, шу жумладан, ёнғинни ўчириш ҳаракатлари амалга оширилаётган ҳудуддаги юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган қарорлар қабул қилишга ҳақли.

Ёнғинни ўчириш раҳбарининг кўрсатмалари ёнғинни ўчириш ҳаракатлари амалга оширилаётган ҳудуддаги барча ташкилотлар ва фуқароларнинг ижро этиши учун мажбурийдир.

Ёнғин ўчирилаётганда ёнғинни ўчириш раҳбарининг ҳаракатларига аралашишга ёки унинг фармойишларини бекор қилишга ҳеч ким ҳақли эмас.


17-модда. Ёнғин хавфсизлиги соҳасида ишларни

бажариш ва хизматлар кўрсатиш

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ва хизматлар ёнғин хавфсизлиги талабларини амалга ошириш, шунингдек ёнғинлар профилактикасини таъминлаш ва ёнғинларни ўчириш мақсадида бажарилади ҳамда кўрсатилади. Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ва хизматлар жумласига қуйидагилар киради:

ёнғин хавфсизлиги соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш;

аҳолига ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш;

ёнғинга қарши тарғибот ишларини амалга ошириш;

илмий-техник маслаҳатлар бериш ва экспертизалар ўтказиш;

ташкилотларни, аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларни ёнғинлардан муҳофаза қилиш;

ёнғин-техник маҳсулотини ишлаб чиқариш, синовдан ўтказиш, харид қилиш ва етказиб бериш;

моддалар, материаллар, буюмлар, конструкциялар ва асбоб-ускуналарни ёнғин хавфсизлиги жиҳатидан синовдан ўтказиш;

лойиҳа, тадқиқот ишларини бажариш;

оловдан ҳимоя қилиш ва печ-мўрикон ишларини бажариш;

ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари ва воситаларини монтаж қилиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш;

ёнғинга қарши аслаҳа-анжомларни, ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситаларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, оловни ўчириш моддаларининг сифатини тиклаш.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ва хизматлар жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа ишлар ва хизматлар ҳам киритилиши мумкин.


18-модда. Ёнғинга қарши тарғибот ва ёнғин хавфсизлиги

чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш

Ёнғинга қарши тарғибот аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда жамиятни оммавий ахборот воситалари, махсус адабиётлар ва реклама маҳсулотларини нашр этиш ҳамда тарқатиш, муайян мавзуга бағишланган кўргазмалар, кўриклар, конференциялар ўтказиш ва аҳолини хабардор қилишнинг қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шаклларидан фойдаланиш орқали ёнғин хавфсизлиги муаммолари ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўллари ҳақида хабардор қилишдир.

Ёнғинга қарши тарғиботни ёнғиндан сақлаш хизмати, шунингдек ёнғиндан сақлаш хизмати кўмагида ваколатли органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ва фуқаролар ўтказади.

Ташкилотларнинг ходимларига ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш иш берувчилар (маъмурият, мулкдорлар) томонидан ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ, тегишли ваколатли органлар тасдиқлаган ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган махсус дастурлар бўйича олиб борилади.

Мактабгача таълим ташкилотларида болаларга ва бошқа таълим муассасаларида таълим олаётган шахсларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни мажбурий тарзда ўргатиш мазкур муассасалар томонидан тегишли ваколатли органлар тасдиқлаган ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган махсус дастурлар бўйича амалга оширилади.

Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида болаларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш, уларни касбга йўналтириш, ёнғинга қарши тарғибот тизимини такомиллаштириш ҳамда ёнғинларнинг олдини олишга ва ёнғин чоғида тўғри ҳаракат қила билишга қаратилган бошқа вазифаларни амалга ошириш мақсадида қонунчиликка мувофиқ ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари ташкил этилиши мумкин.


19-модда. Ёнғин хавфсизлиги соҳасида

ахборот билан таъминлаш

Ваколатли органлар ёнғин хавфсизлиги учун ноқулай шароитлар тўғрисида ўз ваколатлари доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигини дарҳол ва бепул асосда хабардор қилиши шарт.

Фаолияти тўлиқ ёки қисман Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситалари ёнғин хавфсизлиги масалаларига доир тезкор ахборотни бепул асосда эълон қилиши шарт.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан қабул қилган қарорлари ҳақида аҳолини хабардор қилиши шарт.



20-модда. Ёнғинларни ва уларнинг

оқибатларини ҳисобга олиш

Ёнғинларни ва уларнинг оқибатларини ҳисобга олиш, шунингдек ёнғинларга доир ахборотни тўплаш ҳамда ўзаро алмашиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


21-модда. Ёнғинга қарши алоҳида режим

Ёнғин хавфи юқори бўлганда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан тегишли ҳудудларда ёнғинга қарши алоҳида режим ўрнатилиши мумкин.

Ёнғинга қарши алоҳида режимнинг амал қилиши даврида тегишли ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ёнғин хавфсизлигига оид қўшимча талаблар белгиланади.



22-модда. Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник

жиҳатдан таъминлаш

Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник жиҳатдан таъминлашни илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик, лойиҳа ташкилотлари ва бошқа илмий-техник ташкилотлар, шунингдек тегишли таълим муассасалари амалга оширади.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги илмий-техник ишланмаларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ташкилотларнинг маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник жиҳатдан таъминлашни мувофиқлаштириш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ташкилотлар янги технологиялар ва маҳсулотлар яратилишида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур илмий-техник ишланмалар амалга оширилишини таъминлайди.



23-модда. Ёнғин-техник маҳсулотини ишлаб чиқариш

Ёнғин-техник маҳсулоти давлат буюртмаси асосида, шунингдек тадбиркорлик фаолияти тартибида ишлаб чиқарилади.

Ёнғин-техник маҳсулотини ишлаб чиқариш белгиланган тартибда амалга оширилади.



24-модда. Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятни

(ҳаракатларни) хабардор қилиш тартибида амалга ошириш

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги фаолият (ҳаракатлар) турларини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш тартиби қонунчиликда белгиланади.


25-модда. Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги маҳсулотлар

ва хизматларни сертификатлаштириш

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар ва хизматларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги маҳсулотлар ва хизматларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун улар ташкилотлар ҳамда фуқаролар ташаббусига кўра ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтказилиши мумкин.



4-БОБ. ЁНҒИНДАН САҚЛАШ ХИЗМАТИ

26-модда. Ёнғиндан сақлаш хизматининг

асосий вазифалари

Ёнғиндан сақлаш хизматининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ёнғинлар профилактикасини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

ёнғинларни ўчириш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш.

Ёнғиндан сақлаш хизмати кучлари ва воситаларининг ёнғинлар профилактикаси ҳамда ёнғинларни ўчириш билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга жалб қилинишига, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, йўл қўйилмайди.


27-модда. Ёнғиндан сақлаш хизматининг турлари

Ёнғиндан сақлаш хизмати давлат, идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматларига бўлинади.



28-модда. Давлат ёнғиндан сақлаш хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғиндан сақлаш хизматининг асосий туридир ва у Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бошқарув органлари ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда белгиланган тартибда ташкил этилади.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг шахсий таркиби тегишли штат лавозимларида турган:

сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибидан бўлган шахсларни (ходимларни);

махсус унвонга эга бўлмаган шахсларни (хизматчиларни) ўз ичига олади.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ходимларига нисбатан ички ишлар органларида хизматни ўташни тартибга солувчи низомлар амал қилади.


Қаранг: Президентнинг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон Қарори билан тасдиқланган "Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида"ги Низом


Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг хизматчиларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар амал қилади.


Шунингдек қаранг: "NORMA" АҚТ Қонунчилик классификаторининг "Меҳнат қонунчилиги асослари" папкаси


Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг шахсий таркиби белгиланган намунадаги хизмат кийимига ва фарқлаш белгиларига эга бўлади.



30-модда. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий

таркибини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркибининг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясидадир ҳамда белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий суғурта қилиниши лозим.


Қаранг: "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуннинг 42-моддаси; АВ томонидан 2003 йил 29 августа 1266-сон билан рўйхатга олинган, МВ, МдВ, ИИВ, МХХ, ДБҚ, ФВВ ва Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қарори (ҳужжат рус тилида келтирилган) билан тасдиқланган "Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларни, оддий аскарлар ҳамда бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртасини ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом (ҳужжат рус тилида келтирилган)



31-модда. Идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати

Идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати ваколатли органларда ва ташкилотларда уларга қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун ташкил этилади.

Идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати бошқарув органлари ва бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш, шунингдек шахсий таркибнинг хизматни ўташ тартиби тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


32-модда. Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати

Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ташкилотларда, аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини таъминлашда, ёнғинларни ўчиришда иштирок этишининг шаклидир.

Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари дружиналар ва (ёки) командалар тарзида ташкил этилади ҳамда тегишли маъмурий-ҳудудий бирликнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига киради.

Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


33-модда. Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати

бўлинмаларини ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказиш

Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилиши керак.

Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



5-БОБ. ЁНҒИН НАЗОРАТИ

34-модда. Давлат ёнғин назорати

Давлат ёнғин назорати ваколатли органлар, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини текшириш ва текширув натижалари бўйича чора-тадбирлар кўриш мақсадида амалга ошириладиган назоратдир.

Давлат ёнғин назорати Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг давлат ёнғин назорати органлари бўлган бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг объектларида, ўрмон хўжаликлари ҳудудларида, кон қазилмалари ва шахта иншоотларида, портловчи материаллар ишлаб чиқарилаётганда, ташилаётганда, сақланаётганда, улардан фойдаланилаётганда ва улар утилизация қилинаётганда, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллардан фойдаланган ҳолда портлатиш ишларини олиб борувчи ташкилотларда, ҳаво, сув, темир йўл, автомобиль транспортидан ҳамда электр транспортидан фойдаланилаётганда давлат ёнғин назоратини амалга ошириш тартиби Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тегишли ваколатли органлар ўртасидаги келишувлар билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан давлат ёнғин назорати Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ва бошқа чет эл ваколатхоналари эгаллаб турган объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан давлат ёнғин назорати ушбу муассасалар расмий вакилининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали қилган ёзма мурожаати асосида давлат ёнғин назорати органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат ёнғин назорати органлари ва мансабдор шахсларининг рўйхати, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги низом билан белгиланади.


35-модда. Идоравий ёнғин назорати

Идоравий ёнғин назорати идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати, шунингдек қонунчиликда ваколат берилган мансабдор шахслар томонидан идораларга қарашли ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишини текшириш ва текширув натижалари бўйича чора-тадбирлар кўриш мақсадида амалга ошириладиган назоратдир.

Идоравий ёнғин назорати ваколатли органлар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Идораларга қарашли ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари ёнғин келиб чиқишига ва одамларнинг хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бузилганлиги аниқланган тақдирда, идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати алоҳида ишлаб чиқаришнинг, ишлаб чиқариш участкасининг, агрегатнинг ишини, бинодан, иншоотдан, хонадан фойдаланишни, айрим турдаги ишларни бажаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

36-модда. Ёнғиндан сақлаш хизматининг

молиявий ва моддий-техника таъминоти

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарув органлари ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг, бундан ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар мустасно, молиявий ва моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бошқарув органлари ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари мазкур ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматининг молиявий ҳамда моддий-техника таъминоти, шунингдек шахсий таркибнинг ижтимоий кафолатлари ва компенсацияларини молиявий таъминлаш уларнинг муассислари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



37-модда. Низоларни ҳал этиш

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



38-модда. Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


39-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



40-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                        И. Каримов



"Халқ сўзи", 2009 йил 1 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 40-сон, 432-модда.





























Время: 0.1876
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск