ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 06.10.2009 й. 2011-сон билан рўйхатга олинган 04.09.2009 й. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази 39/ҚҚ-сон, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 27/ҚҚ-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 6 октябрда 2011-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази

ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат тест марказининг

2009 йил 4 сентябрдаги 39/ҚҚ ва

27/ҚҚ-сон қарорига

ИЛОВА



Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида

якуний давлат аттестациясини ўтказиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчи ўқувчиларининг (кейинги ўринларда ўқувчилар деб юритилади) якуний давлат аттестациясини (кейинги ўринларда якуний аттестация деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб юритилади) якуний аттестация:

ўқувчиларнинг билим, малака ва кўникма даражасининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;

ўқувчиларга кичик мутахассис малака даражасини бериш масаласини ҳал этиш;

ўқувчиларга таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисида давлат намунасидаги диплом бериш масаласини ҳал этиш мақсадларида ўтказилади.


2. Якуний аттестация таълим муассасаларида турдош таълим йўналишлари бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссиялари (кейинги ўринларда ДАК деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


3. Якуний аттестацияни ўтказиш учун бир таълим муассасасида таълим йўналишларидаги ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, бир нечта ДАК ташкил этилиши мумкин.


4. ДАКнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчиларнинг билим, малака ва кўникма даражасининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;

ДАК баённомаларини расмийлаштириш, якуний ҳисобот ва таҳлилий хулосаларини тайёрлаш;

давлат имтиҳонлари ва малакавий битирув диплом иши (лойиҳа)ни (кейинги ўринларда малакавий иш деб юритилади) ҳимоясини ўтказиш куни ва синов ишларининг шаклини аниқлаш;

топшириқлар тўпламини ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш;

ўқувчиларнинг касбий тайёргарлик даражаси (таъриф разряди)ни тасдиқлаш;

таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисида ўқувчига давлат намунасидаги диплом бериш масаласини ҳал этиш.


5. ДАК ўз фаолиятини мазкур Низом ва ўқувчиларнинг тайёргарлик даражаси ҳамда таълим мазмунига қўйилган Давлат таълим стандартлари талабларини бажаришга йўналтирилган бошқа қонунчилик ҳужжатларига таянган ҳолда олиб боради.


6. Таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ўқувчилар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар якуний аттестациядан ўтишлари мажбурий.



II. ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯ СИНОВЛАРИ


7. Якуний аттестация қуйидаги кўринишдаги аттестация синовларидан иборат:

давлат имтиҳонларини топшириш;

малакавий ишни ҳимоя қилиш.


8. Академик лицейларда давлат имтиҳонлари ўқув режасидаги Ўзбекистон тарихи фани ва чуқурлаштирилган фанлар бўйича ўтказиладиган имтиҳонлардан иборат.


9. Касб-ҳунар коллежларида давлат имтиҳонлари ўқув режадаги Ўзбекистон тарихи фани, касблар бўйича амалий имтиҳонлар, малакавий иш ҳимояси ёки унинг ўрнига касбий фанлар мажмуалари бўйича имтиҳонлардан иборат.

Бунда малакавий иш ҳимояси ўрнига касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат имтиҳонларини топширишга тавсия этиладиган касблар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) томонидан тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари малакавий иш ҳимояси ўрнига касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат имтиҳонларини топширишни танлаш ҳуқуқига эга.

10. Академик лицейларда муайян мутахассислик (таълим йўналиши) бўйича якуний аттестация синовларининг таркибий қисмлари ва уларни ўтказиш муддати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий ўқув режасига мувофиқ белгиланади.

Касб-ҳунар коллежларида муайян мутахассислик (таълим йўналиши) бўйича якуний аттестация синовларининг таркибий қисмлари ва уларни ўтказиш муддати Касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланган намунавий ўқув режасига мувофиқ белгиланади.

11. Давлат имтиҳонларини ўтказиш ва малакавий ишни ҳимоя қилиш жадвали таълим муассасаси директори томонидан якуний аттестация бошланишидан камида ўттиз кун олдин тасдиқланади.


12. Давлат имтиҳонларининг намунавий савол ва топшириқлари мазмуни, ҳажми ва мураккаблик даражаси тегишли фаннинг давлат таълим стандарти (тармоқ таълим стандарти)га мувофиқ ўқув дастурида назарда тутилган материалларнинг ўқувчи томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши шарт.



III. ДАК ТАРКИБИ


13. ДАК аъзолари таркиби 7 ёки 9 кишидан иборат бўлиб, унинг учдан икки қисми қатнашганда якуний аттестация ваколатли ҳисобланади.


14. Академик лицейларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, турдош ва мазкур таълим муассасасининг тажрибали, малакали ўқитувчилари таркибидан ДАК шакллантирилади.

Академик лицейларда ДАК аъзолари таркибининг камида ўттиз фоизини олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда турдош таълим муассасасининг вакиллари ташкил этиши лозим.


15. Касб-ҳунар коллежларида иш берувчи ташкилотларнинг мутахассислари, турдош олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, вазирлик ва идораларнинг соҳа мутахассислари ҳамда турдош касб-ҳунар коллежлари ва мазкур таълим муассасасининг тажрибали, малакали махсус фан ўқитувчилари таркибидан ДАК шакллантирилади.

Касб-ҳунар коллежларининг махсус фан ўқитувчилари ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосарининг тавсияси асосида ДАК аъзолари таркибига киритилади.

Касб-ҳунар коллежларида ДАК аъзолари таркибининг камида қирқ фоизини иш берувчи ташкилотларнинг вакиллари ташкил этиши лозим.

Маданият, санъат, мусиқа коллежларида ДАК аъзолари таркибининг камида йигирма фоизини иш берувчи ташкилотлар, шунингдек турдош олий таълим муассасаси вакиллари ташкил этиши лозим.


16. Якуний аттестация жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази вакиллари иштирок этишлари мумкин.


17. Якуний аттестацияда васийлик кенгаши, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ота-оналар вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.


18. ДАК аъзолари таркиби таълим муассасаси директорининг вазирлик ва идоралар, тегишли олий таълим муассасалари, иш берувчи ташкилотлар ва турдош таълим муассасалари раҳбарларига йўллаган ёзма мурожаатларига уларнинг юборган розилик хати асосида якуний аттестация бошланишидан камида қирқ беш кун олдин шакллантирилади.


19. ДАК раиси якуний аттестация бошланишидан камида икки ҳафта олдин бир йил (календарь йил) муддатга ҳудудий касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг (вазирлик, идора ёки олий таълим муассасалари тасарруфидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари учун шу вазирлик, идора ёки олий таълим муассасаси раҳбарининг), ДАК аъзолари эса, таълим муассасаси директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

20. ДАК раиси академик лицейларда таянч олий таълим муассасаси ректори билан келишилган ҳолда мазкур олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари таркибидан ва касб-ҳунар коллежларида иш берувчи ташкилотлар, шунингдек, турдош олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари вакиллари таркибидан танланади.


21. Бир киши кетма-кет бир таълим муассасасида тегишли йўналиш (мутахассислик) бўйича икки мартадан ортиқ ДАК раиси бўлиши мумкин эмас.


22. Таълим муассасасининг директори ёки унинг ўринбосарлари (хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосаридан ташқари) ДАК раиси ўринбосари ҳисобланади.


23. ДАК раиси комиссия фаолиятини ташкиллаштиради, назорат қилади, унинг хулоса ва қарорларини имзолайди ҳамда ўқувчиларга қўйилган талабларнинг бир хиллигини таъминлайди.

ДАК раиси ўринбосари якуний аттестацияни ўз вақтида сифатли ўтказишга ҳамда ДАКнинг ишлаши учун зарур шароитларни яратишга масъул ҳисобланади.


24. ДАК ҳар йили якуний аттестацияни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давридан бошлаб кейинги ўқув йили бошлангунга қадар фаолият кўрсатади.



IV. ЯКУНИЙ АТТЕСТАЦИЯНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Якуний аттестацияни ташкил этиш

ва ўтказишнинг умумий қоидалари


25. Ўқув режа ва дастурларининг барча талабларини тўлиқ бажарган ўқувчи таълим муассасаси директорининг буйруғига асосан якуний аттестацияга қўйилади.


26. Якуний аттестацияда ижобий баҳо олган ўқувчига белгиланган тартибда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тамомлаганлиги тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.


27. Ўқув режасида назарда тутилган фанлардан якуний баҳоларининг камида 86 фоизи "аъло" ва қолган фанлардан "яхши" бўлган, якуний аттестация синовларидан "аъло" баҳолар олган, намунали хулққа эга бўлган ҳамда жамоат ишларида фаол иштирок этган ўқувчиларга имтиёзли диплом берилади.

28. Якуний аттестация синовларининг бирортасидан "қониқарсиз" баҳо олган ёки унга узрли сабаб билан келмаган ўқувчи бошқа синовлар (давлат имтиҳонлари)ни топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.

29. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасининг белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқишнинг таълим дастурини бажарган, бироқ якуний аттестациясида иштирок этмаган ёки ундан ўтмаган 3-босқич ўқувчилари Педагогик кенгаш қарори асосида ДАК фаолият кўрсатаётган даврда 3 йил мобайнида якуний аттестацияни қайта топшириш ҳуқуқига эга.

30. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 367-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 1-сон, 6-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ 3 йил мобайнида якуний аттестацияни топширмаган ўқувчилар 3-босқичда қайта ўқиш учун ариза беришлари мумкин.

3-босқичда қайта ўқиш учун ариза бермаган ўқувчига ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасининг тўлиқ курсини тамомлаганлиги тўғрисида академик маълумотнома берилади. Мазкур маълумотномада семестр кесимида ўқув режасида белгиланган фанларга мос ўқув юкламаси миқдори (соатда), ўқувчининг фанлар ва амалиётлардан тўплаган рейтинг баллари, якуний аттестация синовлари натижалари, ўқувчилар сафидан четлаштириш сабаби (буйруқ рақами ва санаси), шунингдек маълумотноманинг қайд этилган рақами ва берилган санаси кўрсатилиши ҳамда у таълим муассасаси директори томонидан тасдиқланиши лозим.


2-§. Академик лицейларда давлат имтиҳонларини

ташкил этиш ва ўтказиш


31. Академик лицей ўқувчилари учун Ўзбекистон тарихи фанидан давлат имтиҳонлари тест синовлари шаклида мазкур бобнинг 3-параграфи қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

32. Чуқурлаштирилган фанлар бўйича давлат имтиҳонлари ўқув режаларининг изоҳ қисмида келтирилган (олий таълим муассасаларига киришда тест синовлари топшириладиган) фанлардан ўтказилади.


33. Имтиҳонлар она тили ва адабиёт фанидан иншо, математика фанидан ёзма, қолган фанлардан оғзаки синовлар кўринишида ўтказилади.


34. Давлат имтиҳонлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тайёрланган ва тасдиқланган материаллар ҳамда мезонлар асосида ўтказилади.

35. Ёзма равишда ўтказиладиган давлат имтиҳонлари учун ажратиладиган вақт сарфи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 16 октябрдаги 400-сон "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ таянч ўқув режасида давлат аттестацияси учун кўзда тутилган соатлар доирасида амалга оширилади.



3-§. Касб-ҳунар коллежларида Ўзбекистон тарихи

фани ва касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат

имтиҳонларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш

36. Касб-ҳунар коллежларида Ўзбекистон тарихи фани ва касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат имтиҳони тест синовлари усулида ўтказилади.

Тест синовларини ташкил этиш ҳамда тартибли, холисона ва адолатли ўтказиш масъулияти ДАК аъзолари, аудитория раҳбари ва кузатувчиси зиммасига юклатилади.


37. Аудитория раҳбари ва кузатувчилар ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг педагог (тест ўтказиладиган фан ўқитувчиларидан ташқари), муҳандис-педагог, ишлаб чиқариш таълими устаси ҳамда таклиф этилган (умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчиси, жамоат ташкилотлари вакили ва шу каби)лар орасидан ДАК томонидан танлаб олинади.


38. Тест синовлари топшириқлари тўплами ўқув дастурлари мазмунини тўлиқ қамраб олган ҳолда таълим муассасаси ўқитувчилари томонидан шакллантирилади, тегишли бўлим (кафедра)ларда муҳокама қилинади.


39. ДАК тест синовлари топшириқлари тўплами асосида тест синовлари вариантларини тузади ва уларнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.


40. Тест синовлари топшириқлари сони ўқув гуруҳлари сонидан кам бўлмаслиги керак.

Ўзбекистон тарихи фани ва касбий фанлар мажмуалари бўйича тест синовлари топшириқлари фан дастурлари доирасида тузилади. Тест синовлари топшириқлари намуналари камида бир ой олдин ўқувчиларнинг эътиборига етказилиши лозим.

41. Тест синовлари бошлангандан кейин ҳеч ким синов ўтказилаётган аудиторияга киритилмайди, ўқувчилар тест материалларини ўрнатилган тартибда топширмагунча аудиториядан чиқарилмайди ва тест топшириқлари бўйича ўқувчилар билан савол-жавоблар қилинмайди.


42. Тест синовлари топшириқларида кўзда тутилган вазифаларни бажариш таълим муассасасининг илмий-педагогик кенгаши қарорига мувофиқ жавоблар варағи орқали ёки ахборот коммуникация воситалари етарли бўлган таълим муассасаларида компьютерлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин.


43. Тест синовлари топшириқлари жами 72 та саволдан иборат бўлади. Топшириқларни бажариш учун 2 астрономик соат, белгиланган жавобларни жавоблар варақасига кўчириш учун қўшимча 10 дақиқа вақт берилади.

44. Тест синовлари жараёнида ўқувчилар томонидан дарслик, ўқув қўлланма, матн, шпаргалка, уяли телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Тест топшириш қоидаларига риоя қилмаган ўқувчилар тест синовидан четлаштирилади ва бу ҳақда ўша заҳоти далолатнома тузилади.


45. Тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг аудитория раҳбари тест синови тугаганлигини расман эълон қилади, ўқувчилардан тест материалларини қабул қилиб олади ва уларни елимланган пакетда ДАКга топширади.


46. ДАК томонидан тест синовлари топшириқларини якуний баҳолашда топшириқларнинг 86 - 100 фоизи тўғри бажарилган ҳолда 5 баҳо, 71 - 85 фоизи тўғри бажарилган ҳолда 4 баҳо, 56 - 70 фоизи тўғри бажарилган ҳолда 3 баҳо ва 56 фоизгача тўғри бажарилган ҳолда 2 баҳо қўйилади.


47. ДАКнинг хулосаси баённома билан расмийлаштирилади. Баённомада тест синовлари бўйича берилган топшириқлар, ўқувчининг баҳоси қайд этилади. Баённома ДАК раиси, аъзолари ва котиби томонидан имзоланади.



4-§. Касблар бўйича амалий имтиҳонларни

ташкил этиш ва ўтказиш


48. Касблар бўйича амалий имтиҳон касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг эгаллаган касб-ҳунари бўйича малака ва кўникмаларининг шаклланганлиги ҳамда касбий тайёргарлик даражаси (таъриф разряди)ни аниқлайди.


49. Касблар бўйича амалий имтиҳонлар ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқариш амалиётлари тугагандан ҳамда Ўзбекистон тарихи фани бўйича давлат имтиҳони топширилганидан сўнг малакавий иш ҳимоясидан ёки касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат имтиҳонларидан олдин ўтказилади.

Ўқув режасига мувофиқ якуний аттестацияни ўтказишга ажратилган икки ҳафтанинг биринчи ҳафтасида Ўзбекистон тарихи фани ва касблар бўйича амалий имтиҳон, иккинчи ҳафтасида малакавий иш ҳимояси ёки касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат имтиҳонлари режалаштирилади.

Касблар бўйича амалий имтиҳон билан малакавий иш ҳимояси ёки касбий фанлар мажмуалари бўйича давлат имтиҳонлари оралиғида ўқувчининг тайёргарлик кўриши учун камида уч кун вақт ажратилиши лозим.

50. Касблар бўйича амалий имтиҳонларни ўтказиш шакли, бериладиган топшириқлар мазмуни эгалланаётган касбнинг хусусияти ва касбий фаолиятнинг мазмунига оид кўрсаткичлардан келиб чиқиб белгиланади.


51. Касблар бўйича амалий имтиҳонлар таълим муассасасининг ўқув устахонаси, лабораторияси ёки ишлаб чиқариш корхоналари (технологик жараёнлар билан боғлиқ йўналишлар бўйича) базасида ташкил этилади.


52. Касблар бўйича амалий имтиҳон топшириқларининг вариантлари иш берувчи ташкилотлар мутахассислари, касб-ҳунар коллежининг ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари, бош уста, махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан комплекс ишлар кўринишида танланади ҳамда касблар бўйича амалий имтиҳон топшириқларини бажаришга керак бўладиган хом ашё материаллари, чизмалар, технологик харита, ўлчаш ва кесиш асбоб-ускуналари рўйхати аниқланади.

Касблар бўйича амалий имтиҳон топшириқлари йўналишнинг тармоқ таълим стандарти талабларидан келиб чиққан ҳолда тузилади.


53. Амалий имтиҳон топшириқларини бажариш учун кетадиган вақт меъёри ҳар бир касбнинг мураккаблиги ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


54. Касблар бўйича амалий имтиҳонларни муваффақиятли ўтказиш учун таълим муассасаси иш ўринларини керакли жиҳозлар, ўлчов асбоб-ускуналари, техник ҳужжатлар ҳамда хом ашё материаллари билан таъминлайди.


55. Касблар бўйича амалий имтиҳонлар бошланишидан олдин ДАК аъзоларидан бири ўқувчиларни топшириқлар мазмуни, техник шартлар, баҳолаш мезони, вақт меъёри ва хавфсизлик техникаси қоидалари билан таништиради.

Топшириқларни бажариш жараёнида операцияларнинг бажарилиш кетма-кетлигини ҳар бир ўқувчи ўзи мустақил аниқлайди.


56. ДАКнинг касблар бўйича амалий имтиҳон хулосаси баённома билан расмийлаштирилади. Баённомада касблар бўйича амалий имтиҳоннинг натижалари умумлаштирилади, касбий амалий имтиҳон натижалари бўйича касбий тайёргарлик даражаси (таъриф разряди)ни бериш тўғрисидаги қарор ва имтиҳонни ўтказиш бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар қайд этилади.

Баённома ДАК раиси, аъзолари ва котиби томонидан имзоланади.


57. Касблар бўйича амалий имтиҳонларни ўтказиш учун талаб этиладиган харажатлар таълим муассасасининг тасдиқланган харажатлар сметасида ушбу мақсадларга ажратилган маблағлари доирасида амалга оширилади.


58. Касблар бўйича амалий имтиҳонларнинг харажатлари иш берувчи ташкилотлар, васий ва ҳомийлар ёки таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.


59. Таълим муассасасининг ҳисобхона бўлими касблар бўйича амалий имтиҳонларни ўтказиш учун хом ашёга талаб этиладиган сарф-харажатларни ўқув ишлари ва ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосарлари билан биргаликда ўрнатилган тартибда амалга оширади.



V. МАЛАКАВИЙ ИШ ҲИМОЯСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


60. Малакавий иш ҳимояси касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан топшириладиган якуний аттестация синови ҳисобланади.


61. Малакавий иш мавзулари ўқувчиларга III курс бошланганидан сўнг уч ой давомида тақсимот қилинади.


62. Малакавий иш ўқувчилар томонидан тайёрланган турли буюм, қурилма (жиҳоз, макет ва шу кабилар), жараён ва ҳодисаларнинг физик, механик, кимёвий хусусият ёки хоссаларини ўрганишга имкон берувчи асбоб-ускуналар ва электрон асбоблар мажмуаси кўринишида ҳам бўлиши мумкин.


63. Малакавий ишни ташкил этиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш касб-ҳунар коллежининг ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари зиммасига юклатилади.


64. Малакавий иш мониторинги бўлим (кафедра) мудирлари ҳамда малакавий иш раҳбарлари томонидан амалга оширилади.


65. Малакавий иш мавзулари касб-ҳунар коллежининг махсус фан ўқитувчилари ҳамда иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда тузилиб, бўлим (кафедра) йиғилишларида кўриб чиқилади.

Малакавий иш мавзулари рўйхати ва уларнинг ўқувчилар орасидаги тақсимоти касб-ҳунар коллежининг илмий-педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади.

Малакавий иш мавзулари ҳар ўқув йилида қайта кўриб чиқилади.


66. Малакавий ишнинг тузилмаси қуйидагилардан таркиб топади:

титул варағи;

малакавий ишнинг тавсифи;

мундарижа;

кириш (мавзунинг моҳияти, долзарблиги, мақсаднинг қўйилиши);

назарий қисм (асосий тушунча, далил, тамойил, категория ва улар орасидаги боғланишлар, ишлаб чиқариш технологиясининг назарий асослари ва шу кабилар);

технологик қисм (тармоқнинг замонавий технологик тамойиллари, белгиланган вазифани ҳал этиш усуллари);

жиҳозлаш қисми (тармоқ технологияси бўйича жиҳозлар ва ускуналар ҳақида маълумот, техникавий ва фойдаланиш тавсифномалари);

иқтисодий қисм (техник-иқтисодий самарадорлик таҳлили, техник самарадорликни асослаш, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил этиш ва бошқариш мақсадлари);

меҳнат муҳофазаси қисми (хавфсизлик техникаси, электр хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, саноат санитарияси, меҳнат гигиенаси);

хулоса (малакавий иш натижаларини умумлаштириш, қиёсий баҳолаш, муаммони ҳал этиш бўйича таклиф ва тавсиялар);

фойдаланилган адабиётлар рўйхати (раҳбарий ва илмий адабиётлар, мавзуга оид дарсликлар, ўқув қўлланмалари рўйхати ҳамда интернет маълумотлари);

илова (фотосуратлар, ишчи ва бошқа ҳужжатлар, ёрдамчи маълумотлар, жадваллар, чизмалар, графиклар ва слайдлар).

Мутахассисликлар хусусиятидан келиб чиқиб, малакавий иш тузилмасининг қисмларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


67. Малакавий иш қуйидаги кўринишларда бажарилади:

а) тажрибавий-амалий малакавий иш - мавжуд технологик жараённи чуқурроқ таҳлилий ўрганишга бағишланган бўлиб, муайян муаммони ечишга қаратилган бўлади;

б) синов-тадқиқот малакавий иши - мавжуд технологик жараённи такомиллаштириш мақсадида кичик тадқиқот ўтказишни ўз ичига олади. Унда синов ўтказиш режаси, синов ишлари усулларининг тавсифномалари, синовнинг асосий босқичлари, тажрибавий синов иши натижаларининг таҳлили ва олинган натижаларни амалий қўллаш имкониятлари ҳақида тавсиялардан иборат бўлади;

в) лойиҳа малакавий иши - мазмунан янги технологик жараён ишланмаси ёки янги маҳсулотни яратишдан иборат ижодий фаолият маҳсули.


68. Малакавий иш лойиҳа кўринишида бажарилганда, у кўпи билан тўрт нафар ўқувчидан иборат гуруҳ томонидан амалга оширилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда ҳар бир ўқувчига индивидуал топшириқлар берилади.


69. Лойиҳа малакавий иши гуруҳ томонидан бажарилганда, ҳар бир ўқувчининг малакавий ишни бажаришга қўшган ҳиссаси аниқ кўрсатилиши шарт.


70. Малакавий иш мавзуининг мазмуни таълим йўналиши ва мутахассислигига мос келиши ҳамда тармоқдаги янги технологик жараёнларни ташкил этишга қаратилган бўлиши керак.


71. Малакавий ишни бажарувчи ўқувчининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

мавзуга мос адабиётларни танлаш ва уларни таҳлил қилиш;

малакавий ишнинг бажарилиш жадвалига риоя қилиш;

малакавий ишни сифатли бажариш;

малакавий иш бўйича тақдимот тайёрлаш;

малакавий ишни белгиланган муддатда ҳимоя қилиш.


72. Малакавий иш раҳбарининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

малакавий иш мавзуи бўйича индивидуал топшириқларни ишлаб чиқиш;

малакавий ишнинг мазмуни ва бажариш кетма-кетлиги бўйича маслаҳатлар бериш;

мавзуга мос адабиётлар танлаш ва уларни таҳлил қилиш жараёнида ўқувчиларга амалий ёрдамлар кўрсатиш;

малакавий ишнинг бажарилиш тақвим режасини ишлаб чиқиш ва ўқувчи томонидан унинг мустақил бажарилишини назорат қилиш;

малакавий ишга ёзма хулоса тайёрлаш;

иш берувчи ташкилотлардан тақриз олинишини мувофиқлаштириш;

малакавий иш ҳимоясида иштирок этиш.


73. Малакавий иш раҳбари ўқувчи бажарган малакавий ишнинг мазмуни, сифати ҳамда олинган натижалар ва мавжуд маълумотларнинг тўғрилиги учун масъул ҳисобланади.


74. Малакавий иш раҳбарининг таклифига биноан ишнинг айрим бўлимлари бўйича касб-ҳунар коллежининг ўқитувчилари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, иш берувчи ташкилотларнинг мутахассислари маслаҳатчилар сифатида жалб этилиши мумкин.


75. Малакавий ишни расмийлаштиришга қуйидаги талаблар қўйилади:

малакавий ишнинг матни 210 х 297 мм ўлчамдаги А-4 форматдаги ёзув қоғозининг бир томонига ёзилган, қўлёзма шаклида 60 бетдан (маданият ва спорт ҳамда санъат йўналишларида 25 бетдан) ва компьютер ёрдамида 30 бетдан (маданият ва спорт ҳамда санъат йўналишларида 10 бетдан) кам бўлмаган ҳажмда тайёрланади. Компьютерда Times New Roman номли 12 ўлчамли шрифтда, 1,5 ёки 2 интервалда ёзилиши лозим. Ҳар бир бет ҳошияси юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан 3 см, ўнгдан 2 см бўлиши, хатбоши беш-олти белгига тенг ва бир хилда бўлиши лозим;

малакавий ишнинг титул варағидан ташқари барча варақлари рақамланади;

малакавий ишнинг график, чизмалар қисми қўлда ёки махсус дастурлар ёрдамида компьютерда А1 ёки А3 форматда бажарилади;

малакавий иш учун зарур бўлган формула ёки расмлар қайси манбадан олинганлиги кўрсатилади;

тушунтирув ёзуви бўлим ёки кичик бўлимларга бўлинади. Ҳар бир бўлим алоҳида саҳифадан бошланади ва алоҳида тартиб рақамга эга бўлади. Масалан: 1, 2, 3, .... ; ҳар бир кичик бўлим эса қуйидагича белгиланади: 2.1, 3.2, 4.2, ... ; сарлавҳалар симметрик равишда ёзилади. Сарлавҳа ва матн орасидаги масофа 3-4 интервал бўлиши лозим;

фойдаланилган адабиётлар тўғрисида муаллифнинг исм-фамилияси, адабиётнинг номи, қаерда ва қачон чоп этилганлиги, даврий нашрлардан фойдаланилган тақдирда, фойдаланилган газета (журнал) номи ва санаси ёзилади;

малакавий ишда келтирилган расм, жадвал ҳамда чизма (схема)ларнинг барчаси кетма-кет рақамланади.


76. Малакавий иш тўлиқ бажарилгач, 1 нусхада муқоваланади.


77. Таълим муассасасининг ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари малакавий ишга малакавий иш раҳбари тақризидан ташқари холис томон тақризининг ҳам олинишини таъминлайди. Холис тақриз малакавий иш мавзуига алоқадор ташкилотларнинг мутахассисларидан ёки мазкур таълим муассасасининг умумкасбий ёки махсус фан ўқитувчиси томонидан олинади.


78. Тақриз асосан қуйидагиларни ўз ичига олади:

малакавий иш мазмунининг берилган мавзуга мослиги тўғрисида хулоса;

малакавий ишдаги ҳар бир бўлимнинг бажарилиш мазмуни ва сифатига берилган баҳо;

қўйилган масалаларнинг ечилиш даражасини, ишнинг назарий ва амалий қийматини баҳолаш;

тақдим этилган малакавий ишнинг талаб даражасида расмийлаштириш даражасини баҳолаш.


79. Тақризнинг мазмуни билан ўқувчи малакавий иш ҳимоясидан камида 3 кун аввал таништирилиши керак.


80. Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан малакавий иш ҳимоясидан олдин ДАКга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

тармоқ таълим стандарти;

якуний аттестацияни ўтказишга оид қонунчилик ҳужжатлари;

ўқувчиларнинг якуний аттестацияга рухсат этилганлиги тўғрисидаги таълим муассасаси директорининг буйруғи;

касблар бўйича амалий имтиҳон натижалари;

ташкилотларнинг биридан ишлаб чиқариш амалиёти натижалари бўйича ўқувчига берилган касбий тайёргарлик даражаси (таъриф разряди);

ўқув режасига киритилган барча фанларни ўқувчининг ўзлаштирганлиги тўғрисидаги маълумотнома;

ўқувчининг рейтинг дафтарчаси;

ДАКнинг мажлислар баёни китоби.


81. Малакавий иш ҳимояси ўқув режасида белгиланган якуний аттестация учун ажратилган икки ҳафта давомида касблар бўйича амалий имтиҳондан сўнг ўтказилади.


82. Малакавий иш ҳимоясида ҳар бир ўқувчига ўзининг ишини тақдимот қилиши учун 15 - 20 дақиқа вақт ажратилади, тақдимот тугагандан сўнг малакавий ишга берилган хулоса ва тақризлар ўқиб эшиттирилади.


83. Малакавий иш ҳимоясини баҳолаш ДАК томонидан тасдиқланган мезонлар асосида амалга оширилади.

Якуний баҳони белгилашда баҳолаш варақасида қуйидагилар ҳисобга олинади:

мавзунинг долзарблиги;

малакавий ишнинг сифати ва расмийлаштирилиши;

ўқувчининг лойиҳа бўйича тақдимоти;

ўқувчининг берилган саволларга жавоби;

ўқувчининг назарий ва амалий жиҳатдан тайёргарлиги;

малакавий иш раҳбарининг хулосаси;

тақризчининг баҳоси.


84. Малакавий иш ҳимоясининг баҳоси ДАКнинг мажлисида очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан ҳал этилади. Бунда, ўқувчининг касблар бўйича амалий имтиҳон ва малакавий иш ҳимоясидан олган натижалари ҳисобга олинади (овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, натижа ўқувчининг фойдасига ҳал этилади).


85. ДАКнинг якуний кенгаш қарорида ўқувчига берилган касбий тайёргарлик даражаси (таъриф разряди)ни тасдиқлаш, тегишли касбларни эгаллагани ҳамда касб-ҳунар коллежини тамомлагани тўғрисида давлат намунасидаги дипломни бериш бўйича хулосалар акс эттирилади.

ДАКнинг қарори ўқувчининг таълим муассасасини тугатганлиги ёки уни ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруғига асос бўлади.


86. Якуний аттестация синовлари бўйича тузилган ҳисоботлар ва малакавий ишлар, таълим муассасаси архивида 4 йил давомида сақланади.

Белгиланган муддат тугагандан сўнг таълим муассасаси директорининг буйруғи бўйича ташкил этилган комиссия мажлиси қарорига кўра малакавий ишлар ўрнатилган тартибда ҳисобдан чиқарилади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


87. Якуний аттестация синовларида олган баҳосига эътироз билдирган ўқувчиларнинг аризасини кўриб чиқиш учун таълим муассасаси директори буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади. Мазкур буйруқ билан апелляция комиссиясининг таркиби, ишлаш тартиби ва ваколатлари расмийлаштирилади ҳамда якуний аттестация бошланишидан камида икки ҳафта олдин ўқувчилар эътиборига етказилади.


88. Якуний аттестация синовлари жараёнида қўйилган баҳодан норози бўлган ўқувчи фақат якуний аттестация баҳолари эълон қилинган пайтда апелляция комиссиясига ёзма мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Апелляция комиссияси шу куннинг ўзида бевосита жойида аризачининг мурожаатини ҳал этади ва тегишли қарор қабул қилади. Бошқа кунлари ўқувчи томонидан билдирилган эътироз ва шикоятлар кўриб чиқилмайди.


89. Таълим муассасаси илмий-педагогик кенгашига ДАК раиси таҳлилий ҳисобот тақдим этади.


90. Ушбу Низом идоравий бўйсунишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасидаги барча ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига татбиқ этилади.


91. Мазкур Низомда кўзда тутилган барча тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган харажатлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тасдиқланган харажатлар сметасида ушбу мақсадларга ажратилган маблағлари доирасида ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


92. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.


93. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Давлат солиқ қўмитаси, "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 41-сон, 443-модда.














Время: 0.1532
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск