ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш /

Ўзбекистон Республикасининг 13.10.2009 й. ЎРҚ-229-сон "Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 16.06.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.08.2009 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.10.2009 й.

N ЎРҚ-229



АРХЕОЛОГИЯ МЕРОСИ ОБЪЕКТЛАРИНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 16 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2009 йил 29 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш

ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги

қонунчилик

Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


археолог - тегишли олий маълумотга эга бўлган тадқиқотчи;


Археология ашёлари давлат каталоги - ҳар бир археология ашёси тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати;


археология ашёси - археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда ёки хўжалик ва ўзгача фаолият жараёнида аниқланган, шунингдек тасодифан топилган (хазина) ва идентификациялашдан ўтказилган моддий қолдиқ;

археология ёдгорлиги - Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган археология объекти;


археология мероси объектлари - археология объектлари ва археология ашёлари мажмуи;


археология назорати - археология тадқиқотининг археология объектини сақлаш мақсадида амалга ошириладиган ва археология объекти ҳудудининг чегараларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик, йўлсозлик ишларини ва бошқа ишларни бажаришда маданий мерос объектларини сақлаш талабларига риоя қилиниши устидан назорат ўрнатиладиган тури;


археология объекти - инсон фаолиятининг барча кўринишларига тааллуқли ҳамда сақланиш ҳолатидан қатъи назар археологик, антропологик, этнографик қимматга ёки ўзга тарихий, илмий, бадиий, маданий қимматга эга бўлган жой, иншоот (асар), иморат, мажмуа (ансамбль), уларнинг бўлаклари, улар билан боғлиқ ҳудудлар;


археология тадқиқоти - археология объектлари, археология ёдгорликлари ва археология ашёларини ўрганиш орқали янги билимларни эгаллаш мақсадида амалга ошириладиган фаолият;


археология қазишмалари - археология тадқиқотининг археология объектида қазишма ишларини қўллаган ҳолда маданий қатламлар, меъморий ва бошқа моддий қолдиқларни ўрганиш мақсадида амалга ошириладиган тури;


археология қидирувлари - археология тадқиқотининг археология объекти маданий қатламининг емирилиши билан боғлиқ бўлмаган (маданий қатлам қалинлигини аниқлаш учун чекланган қазишмадан ташқари) ва археология объектини аниқлаш, хариталаштириш, унинг чегараларини белгилаш, изоҳлаш, текшириш, шунингдек илгари аниқланган археология объекти тўғрисида замонавий маълумотларни олиш мақсадида амалга ошириладиган тури;


илмий ҳисобот - очиқ варақ ва рухсатномага мувофиқ амалга оширилган археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратининг натижалари тўғрисида тўлиқ маълумот берувчи ҳужжат;


очиқ варақ - археологнинг профессионал даражасини тасдиқловчи ва унга археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;


рухсатнома - очиқ варақ олган археологга археология объектида археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.



4-модда. Археология мероси объектларига

бўлган мулк ҳуқуқи

Археология мероси объектларига бўлган мулк ҳуқуқи давлатга тегишлидир.

Археология ашёлари оператив бошқариш ҳуқуқи асосида фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилиши мумкин.

Археология мероси объектлари моддий маданий мерос объектлари сирасига киради.


2-БОБ. АРХЕОЛОГИЯ МЕРОСИ ОБЪЕКТЛАРИНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва

улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ва археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди;

Археология ашёлари давлат каталоги тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди;

археология ашёларини давлатга топшириш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш тартибини белгилайди;

фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли муассасани (бундан буён матнда махсус ваколатли муассаса деб юритилади) белгилайди;

халқаро археология тадқиқотларини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлигининг археология мероси

объектларини муҳофаза қилиш ва улардан

фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширади;

археология ашёларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини белгилайди;

Археология ашёлари давлат каталогини юритади;

археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказади;

Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларини тасарруфдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

рухсатнома бериш тартиби ва шартларини белгилайди;

рухсатнома беради;

берилган ҳар бир рухсатнома бўйича илмий ҳисобот қабул қилади;

илмий ҳисоботларни йиғади ва уларнинг идоравий архивда сақланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Археология мероси объектларини муҳофаза

қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги махсус

ваколатли муассаса

Махсус ваколатли муассаса:

фан, маданият ва таълим муассасаларида амалга ошириладиган археология тадқиқотларини мувофиқлаштиради;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш тартибини тасдиқлайди;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш учун махсус рухсатнома беради;

ўзига бириктириб қўйилган археология ашёлари ҳисобга олиниши ва сақланишини таъминлайди;

илмий ҳисоботни тузиш, экспертизадан ўтказиш ва ундан фойдаланиш тартибини тасдиқлайди;

очиқ варақ бериш тартиби ва шартларини, унинг шакллари намуналарини тасдиқлайди;

очиқ варақ беради;

берилган ҳар бир очиқ варақ бўйича илмий ҳисобот қабул қилади;

илмий ҳисоботларни йиғади ва уларнинг идоравий архивда сақланишини таъминлайди;

археология мероси объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ўтказишда қатнашади.

Махсус ваколатли муассаса қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш

ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ҳудудлари доирасида:

археология мероси объектлари лозим даражада муҳофаза қилиниши ва сақланиши учун шарт-шароитларни таъминлайди;

археология мероси объектларининг бут сақланиши ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

очиқ варақ ва рухсатнома олган археологга археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этишда ёрдам беради;

ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик, йўлсозлик ишлари ва бошқа ишлар учун ер участкалари ажратилишини лойиҳалаштиришда археология объектларини сақлаш талабларига риоя қилинишини қонунчиликка мувофиқ таъминлайди;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқароларни археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ҳамда тарғиб қилишга доир тадбирлар ўтказишга ихтиёрий асосда жалб этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3-БОБ. АРХЕОЛОГИЯ МЕРОСИ ОБЪЕКТЛАРИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

9-модда. Археология объектларининг давлат томонидан

муҳофаза қилинишини таъминлаш ва улардан фойдаланиш

Археология объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилинишини таъминлаш ва улардан фойдаланиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


10-модда. Археология объектини Моддий маданий

мерос объектларининг давлат кадастрига киритиш

Археология объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


11-модда. Археология ёдгорлигини Моддий маданий

мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш

Археология ёдгорлигини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш унинг узил-кесил археология тадқиқотидан кейингина маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


12-модда. Археология ашёларини

давлат ҳисобига олиш ва сақлаш

Археология ашёларини давлат ҳисобига олишга уларни аниқлаш, батафсил тавсифи билан уларнинг рўйхатини тузиш, илмий ва маданий қимматини аниқлаш, илмий ҳисобот тақдим этиш, археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш, фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларини ҳисобга олиш киради.

Археология ашёларини сақлаш уларнинг бут сақланишини таъминлаш учун моддий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилишини назарда тутади.

Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларини ҳисобга олиш ва сақлаш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширилади.


13-модда. Археология ашёлари давлат каталогини юритиш

Археология ашёлари давлат каталогини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги юритади.

Юридик шахсларнинг археология ашёларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари мазкур ҳаракатлар Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.



14-модда. Археология ашёларини Археология

ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш

Археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.


15-модда. Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан

ўтказилган археология ашёларини тасарруфдан чиқариш

Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларини тасарруфдан чиқариш мумкин эмас, уларнинг йўқолиши, емирилиши ёки бошқа археология ашёларига айирбошланиши ҳоллари бундан мустасно.

Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан қабул қилинади.


16-модда. Археология ашёларини давлатга топшириш ҳамда

фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш

Археология ашёлари уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда кейинчалик фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш учун давлатга топширилиши керак.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог археология ашёлари давлатга топширилишига қадар уларнинг бут сақланишини таъминлаши лозим.

Археология ашёлари давлатга топширилганидан кейин очиқ варақ ва рухсатнома олган археологга топширилганлик фактини тасдиқловчи ҳужжат берилади.

Археология ашёларини фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинаётганда, мазкур муассасаларда моддий-техника базасининг, шу жумладан, хона ёки хоналар, сақлаш учун зарур асбоб-ускуналар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситаларнинг мавжуд бўлиши мажбурий шарт ҳисобланади.

Археология ашёлари улар аниқланган жойда қолдирилган тақдирда, очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли орган билан биргаликда мазкур ашёларни консервациялаш чора-тадбирларини кўришлари лозим. Бунда мазкур археология ашёлари тавсифланиши, суратга олиниши ва илмий ҳисоботда кўрсатиб ўтилиши керак.



17-модда. Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб

қўйилган археология ашёларидан фойдаланиш

Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

илмий, маданий, таълим ва маърифий фаолият;

археология ашёларини эълон қилиш.

Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



18-модда. Археология ашёларини асраш чора-тадбирлари

Археология ашёларини асраш чора-тадбирлари консервациялаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини ўз ичига олади.

Археология ашёсини консервациялаш - археология ашёсини мавжуд кўринишида асраш ва унинг ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Археология ашёсини таъмирлаш - археология ашёсининг тарихий ва эстетик қимматини аниқлаш ҳамда сақлаб қолиш ва унинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Археология ашёсини реконструкция қилиш - бутунлай ёки қисман шикастланган археология ашёсини тиклаш бўйича унинг сақланиб қолган асл бўлакларини имкон борича аниқлаштириш мақсадида, бироқ киритилган тўлдиришлар яққол билиниб турадиган тарзда амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи.

Археология ашёсини консервациялаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари мазкур археология ашёси бириктириб қўйилган фан, маданият ва таълим муассасаси маъмуриятининг қарори асосида амалга оширилади.



19-модда. Археология ашёларини Ўзбекистон

Республикасидан олиб чиқиш

Археология ашёлари Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Археология ашёларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


4-БОБ. АРХЕОЛОГИЯ МЕРОСИ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

АРХЕОЛОГИЯ ТАДҚИҚОТИ

20-модда. Археология қидирувлари, археология қазишмалари

ва археология назоратини амалга ошириш шартлари

Археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назорати ўз таъсис ҳужжатларида археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш назарда тутилган давлат муассасалари ҳамда ташкилотлари томонидангина махсус ваколатли муассаса белгилаган тартибда амалга оширилади. Улар ишларнинг сифатли бажарилиши, илмий ҳисоботнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва сифати учун жавобгар бўлади.

Археологда очиқ варақ ва рухсатнома мавжуд бўлгандагина археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишга йўл қўйилади. У археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратига бевосита раҳбарлик қилиши шарт.

Археология объектида қазишмаларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш тақиқланади. Бундай ҳаракат давомида қўлга киритилган археология ашёлари давлат мулкига топширилиши керак.



21-модда. Археология қазишмаларини

режалаштиришдаги устуворлик

Археология қазишмаларини режалаштиришда устуворликка риоя қилиниши лозим бўлиб, бундай устуворликка мувофиқ археология қазишмалари, аввало, табиий емирилиш ва қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай бошқа ҳаракатлар ҳамда ҳолатлар хавф туғдираётган археология объектларида ёки археология ёдгорликларида амалга оширилади.


22-модда. Очиқ варақ ва рухсатнома бериш

тартиби ҳамда шартлари

Очиқ варақ бериш тартиби ва шартлари, унинг шакллари намуналари махсус ваколатли муассаса томонидан тасдиқланади.

Рухсатнома бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.


23-модда. Очиқ варақнинг шакллари ва амал қилиш муддати

Археология тадқиқотларининг хусусиятига қараб очиқ варақ қуйидаги шаклларга эга бўлади:

археология қазишмаларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 1-шакл;

унча катта бўлмаган майдонларни (бир археология объектида 20 кв. метргача) қазиб очган ҳолда археология қидирувларини амалга ошириш ва археология мероси объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ўтказиш ҳамда археология назоратини амалга ошириш доирасида ер участкаларини тадқиқ этиш ҳуқуқини берувчи 2-шакл;

археология объектида бирон-бир ер қазиш ишларини бажармаган ҳолда, археология қидирувларини амалга ошириш (бундан очилиб қолган жойларда чекланган тозалаш ишлари мустасно) ҳуқуқини берувчи 3-шакл;

ер қазиш, қурилиш ишлари чоғида емирилаётган ёки авария ҳолатида бўлган археология объектида унинг емирилиши хавфини бартараф этиш мақсадидаги муҳофаза-қутқарув қазишмаларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 4-шакл.

1 ва 4-шакллар бўйича очиқ варақлар муайян археология объектларида археология қазишмаларини амалга ошириш учун берилади.

2 ва 3-шакллар бўйича очиқ варақлар Ўзбекистон Республикасининг тегишли маъмурий-ҳудудий бирлиги ва зарур бўлган ҳолларда, муайян археология объекти кўрсатилган ҳолда, археология қидирувларини амалга ошириш учун берилади.

Берилган санасидан қатъи назар, очиқ варақнинг амал қилиш муддати календарь йилнинг сўнгги кунида тугайди.



24-модда. Очиқ варақ ва рухсатнома

олган археологнинг ҳуқуқлари

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог:

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини очиқ варақда белгиланган доирада амалга ошириш;

археология объектининг емирилишига олиб келаётган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатиш талаби билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш;

ўзи аниқлаган археология ашёларининг археология тадқиқоти ва илмий экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


25-модда. Очиқ варақ ва рухсатнома олган

археологнинг мажбуриятлари

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог:

рухсатномани маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органда рўйхатдан ўтказиши;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини очиқ варақда белгиланган доирада амалга ошириш тартибига риоя қилиши;

археология қидирувлари ва археология назоратини амалга оширишда археология объектида аниқланган емирилишлар тўғрисида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органга бир ҳафталик муддатда ёзма шаклда хабар бериши;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда аниқланган илгари номаълум бўлган археология объектлари ва археология ашёлари тўғрисида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органга ёзма шаклда хабар бериши;

батафсил тавсифи (материали, ўлчамлари, санаси ва бошқалар) билан ҳар бир археология ашёсининг рўйхатини тузиши;

археология объектининг бирламчи консервацияси ва бут сақланишини таъминлаши;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда аниқланган археология ашёларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлатга топшириши;

очиқ варақнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, бироқ келгуси календарь йилнинг биринчи чораги тугашидан кечиктирмасдан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳамда махсус ваколатли муассасага илмий ҳисобот тақдим этиши шарт.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археолог зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


26-модда. Археология объектларида махсус

асбоб-ускуналардан фойдаланиш

Археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланишга махсус ваколатли муассаса томонидан берилган махсус рухсатнома мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

Археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартлари махсус ваколатли муассаса томонидан тасдиқланади.



27-модда. Фан, маданият ва таълим муассасаларига

бириктириб қўйилган археология ашёларининг

археология тадқиқоти

Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларининг археология тадқиқоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



28-модда. Илмий ҳисобот тузишга доир талаблар

Илмий ҳисоботда археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда аниқланган ва (ёки) тадқиқ этилган археология мероси объектлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар матн ва чизма кўринишида тақдим қилиниши керак.

Илмий ҳисоботга археология ашёси давлатга топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозим.

Илмий ҳисобот муддатсиз сақланиши лозим.

Илмий ҳисоботнинг расмийлаштирилиши, мазмуни ва иловасига, уни тақдим этиш муддатига доир талаблар, шунингдек илмий ҳисоботни экспертизадан ўтказиш тартиби махсус ваколатли муассаса томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги археология тадқиқотлари тўғрисида тегишли ҳужжатларга эга бўлган юридик шахслар махсус ваколатли муассасанинг ёзма сўровига кўра мазкур ҳужжатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт.

Очиқ варақ ва рухсатнома олган археологнинг илмий ҳисоботга бўлган муаллифлик ҳуқуқи қонунчиликка мувофиқ таъминланади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

29-модда. Археология мероси объектларини давлат

томонидан муҳофаза қилиш ва улардан

фойдаланишни молиялаштириш

Археология мероси объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни, шунингдек археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


30-модда. Археология мероси объектларини муҳофаза

қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги

халқаро ҳамкорлик

Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


31-модда. Низоларни ҳал этиш

Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


32-модда. Археология мероси объектларини муҳофаза

қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


33-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2009 йил 14 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 42-сон, 448-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2009 й. 10-сон, 382-модда





















































Время: 0.1659
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск