ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Хорижий инвестициялар /

Ўзбекистон Республикасининг 07.12.2001 й. 312-II-сон "Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.12.2001 й.

N 312-II



МАҲСУЛОТ ТАҚСИМОТИГА

ОИД БИТИМЛАР ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида конларни аниқлаш, қидириш ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишга инвестициялар киритилганда маҳсулот тақсимотига оид битимларни тузиш, ижро этиш ва бекор қилиш жараёнида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.



2-модда. Маҳсулот тақсимотига оид битимлар

тўғрисидаги қонунчилик

Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Маҳсулот тақсимотига оид битим


Маҳсулот тақсимотига оид битим (бундан буён матнда битим деб юритилади) шартнома ҳисобланиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳақ олиш асосида ва муайян муддатга чет эллик инвесторга (бундан буён матнда инвестор деб юритилади) битимда кўрсатилган ер қаъри участкасида конларни аниқлаш, қидириш ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳамда шулар билан боғлиқ бўлган ишларни олиб бориш учун мутлақ ҳуқуқлар беради, инвестор эса мазкур ишларни ўз маблағлари ҳисобига ва таваккал қилиб амалга ошириш мажбуриятини олади.

Битимда қуйидагилар назарда тутилган бўлиши керак:

инвестиция лойиҳасининг тавсифи ва битим амал қиладиган муддат;

инвесторга ер қаъри участкаларини фойдаланиш учун бериш тартиби;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

битимнинг ижро этилишини биргаликда бошқариш органлари;

ишларни бажариш, иш дастурлари ва бюджетларни ишлаб чиқиш шартлари;

ҳисоб-китоб юритиш ва ҳисобот бериш тартиби;

солиқ солиш ва бошқа тўловлар тўлаш шартлари;

харажатларни қоплаш тартиби ва маҳсулот тақсимоти шартлари;

инвесторнинг улушини олиб чиқиб кетиш тартиби;

фойдага қолган маҳсулотнинг ўзига тегишли улушига баҳо белгилаш масаласида инвесторнинг мустақил эканлиги;

битимнинг ижро этилишини назорат қилиш тартиби;

низоларни ҳал этиш тартиби;

битимнинг амал қилишини бекор қилиш тартиби.

Битимда унинг хусусиятидан келиб чиқувчи бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

Битимда экологик хавфсизликка таҳдид ва бошқа форс-мажор ҳолатлар юзага келган тақдирда бериб қўйилган ер қаъри участкаларидан инвесторнинг фойдаланиш ҳуқуқи чекланиши, тўхтатиб турилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги қоида назарда тутилган бўлиши шарт.



4-модда. Битимнинг тарафлари


Қуйидагилар битимнинг тарафлари (бундан буён матнда тарафлар деб юритилади) ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси (бундан буён матнда давлат деб юритилади). Унинг номидан битимда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган иштирок этади;

конларни аниқлаш, қидиришга ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишга ўз маблағларини, қарзга олган ёки жалб этган маблағларини (мол-мулкини ва (ёки) мулкий ҳуқуқларини) киритаётган инвестор.



5-модда. Маҳсулот тақсимоти шартлари асосида

фойдаланишга бериладиган ер қаъри участкалари


Маҳсулот тақсимоти шартлари асосида фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган ер қаъри участкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Маҳсулот тақсимоти шартлари асосида фойдаланишга ҳали исботланган фойдали қазилма захиралари йўқ, геология-қидирув ишлари ўтказиш учун катта молиявий ресурслар, илғор технологиялар ва техника жалб этилишини талаб қиладиган ер қаърининг истиқболли участкалари берилади.

Қидириб топилган фойдали қазилма конларининг ер қаъри участкалари қуйидаги ҳолларда битимларга киритилади, яъни:

қидириб топилган йирик фойдали қазилма конларининг ўзлаштирилиши учун, шунингдек фойдали қазилмаларни ташиш объектларининг қурилиши учун молиявий ва техник имкониятлар бўлмаган, конларнинг ўзлаштирилиши ҳисобига эса фойдали қазилмаларни кавлаб олишни мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги учун зарур бўлган даражада сақлаб турилиши таъминланадиган ҳолларда;

олиниши қийин, аммо ҳажми жиҳатидан анча кўп бўлган, мураккаб кон-геология шароитларида жойлашган ва қазиш ишлари кетаётган конлар учун қолдиқ ҳисобланадиган фойдали қазилмаларнинг захираларини қазиб олишнинг махсус илғор технологияларини жалб этиш зарур бўлганда;

фойдали қазилмаларнинг технологик йўқотилиш даражасини камайтириш, шунингдек юзага келиши мумкин бўлган салбий ижтимоий-экологик оқибатларни бартараф этиш зарур бўлганда.



6-модда. Ер қаъри участкаларини битим бўйича

фойдаланишга бериш шартлари


Ер қаъри участкалари маҳсулот тақсимоти шартлари бўйича фойдаланишга очиқ ким ошди савдолари асосида берилади, ушбу моддада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Очиқ ким ошди савдоларининг бошланғич шартлари очиқ ким ошди савдоларини ўтказиш учун масъул бўлган давлат органларининг қарорига биноан тайёрланган дастлабки техникавий-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилади.

Очиқ ким ошди савдоларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан битимлар очиқ ким ошди савдоларини ўтказмай туриб, тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан тузилиши мумкин, агар:

эълон қилинган очиқ ким ошди савдоларида фақат битта инвестор қатнашганлиги муносабати билан савдолар бўлмади деб топилса. Бу ҳолда битим шу инвестор билан тузилиши мумкин;

инвестор ушбу Қонун кучга киргунга қадар қонунчиликка мувофиқ конларни излаш, қидириш ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер ости бойликларидан фойдаланувчи бўлса. Бунда мазкур ер қаъри участкасига доир битим ушбу ер ости бойликларидан фойдаланувчи билан ёки шу фойдаланувчи иштирокида ташкил этилган бошқа юридик шахс билан тузилади;

битимларнинг лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан инвестор билан музокаралар ушбу Қонун кучга киргунга қадар бошланган бўлса.

Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан битимлар очиқ ким ошди савдоларини ўтказмай туриб, стратегик салоҳиятли инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тузилиши мумкин.

Очиқ ким ошди савдоларида ёки ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этиш учун салоҳиятли инвесторлар тегишли равишда очиқ ким ошди савдолари шартларида ва ҳукумат номидан музокаралар олиб боришга ваколатли бўлган органнинг талабларида белгиланган ҳужжатларни тақдим этадилар. Бунда қуйидаги ҳужжатлар мажбурий тартибда тақдим этилади:

сўнгги уч йил ичида конларни аниқлаш, қидириш ва улардан фойдаланиш бўйича инвестор иштирок этган ишлар рўйхати;

сўнгги уч йил ичидаги молиявий натижалар тўғрисидаги йиллик баланслар ва ҳисоботлар.



7-модда. Ваколатли давлат органи

ва вакил қилинган компания


Давлат бошқарув органи ваколатли давлат органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклангандир:

инвестиция лойиҳасининг дастлабки техникавий-иқтисодий асослари тайёрланишини ташкил этиш;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун очиқ ким ошди савдоларига тайёргарлик кўрилиши ва ўтказилишини ташкил этиш;

битим тузиш учун инвестор билан музокаралар ўтказиш;

битим лойиҳасини тайёрлаш;

бошқарув қўмитасида давлат вакиллигини ташкил этиш.

Ваколатли давлат органи зиммасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ваколатли давлат органи вазифаларининг бир қисми вакил қилинган компания зиммасига юклатилиши мумкин.

Вакил қилинган компания  маҳсулот тақсимоти шартлари асосида инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётган соҳада фаолият олиб борувчи ҳамда ҳукумат қарори билан битимни ижро этиш чоғида давлат номидан иш юритишга вакил қилинган юридик шахс-Ўзбекистон Республикасининг резиденти.

Фақат хусусийлаштирилиши мумкин бўлмаган давлат корхонаси ёки давлат улуши эллик бир фоиздан камайиши мумкин бўлмаган корхона вакил қилинган компания бўлиши мумкин.



8-модда. Бошқарув қўмитаси


Битимни амалга ошириш жараёнида тарафларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида инвестор ва ваколатли давлат органи ёки вакил қилинган компания биргаликда тарафларнинг ҳар биридан тенг вакиллик асосида бошқарув қўмитасини тузадилар.

Бошқарув қўмитасининг раиси инвестор томонидан тайинланади.

Бошқарув қўмитаси:

бажариладиган ишларнинг йиллик иш дастурларини ва лойиҳаларини тасдиқлайди;

фойдали қазилмаларни кавлаб олишнинг йиллик истиқбол кўрсаткичларини тасдиқлайди;

конларни аниқлаш, қидириш ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш йиллик бюджетларини тасдиқлайди;

қарзларни жалб қилиш шартларини тасдиқлайди;

аудиторлик ташкилотини тасдиқлайди;

ишлар амалга оширилиши муносабати билан контрактлар тақдим этиш учун тендер ким ошди савдоларини ўтказишни ташкил қилишда инвесторга кўмаклашади;

фойдали қазилмаларни тижорат асосида қазиб олиш бошланган кунни тасдиқлайди;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш дастурларини тасдиқлайди;

ҳақиқатда қанча фойдали қазилмалар кавлаб олинганлиги ҳамда маҳсулотнинг инвесторга тегишли қисми тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;

тугатиш жамғармасининг миқдорини тасдиқлайди.

Бошқарув қўмитаси битимга ва ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.



9-модда. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш

ҳуқуқини берувчи рухсатнома

Битимда кўрсатилган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома инвесторга битим имзоланган кундан эътиборан беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан белгиланган тартибда берилади. Мазкур рухсатнома битим амал қиладиган муддатга берилади ва у битим шартларига мувофиқ қайта расмийлаштирилади ёхуд унинг амал қилиши тугатилади.

Агар юридик шахс мақомига эга бўлмаган юридик шахслар бирлашмаси инвестор сифатида иш юритаётган бўлса, рухсатнома бундай бирлашма иштирокчиларидан бирига берилиб, унда мазкур иштирокчи шу бирлашма номидан иш юритаётганлиги, шунингдек бирлашманинг бошқа барча иштирокчилари кўрсатилади.


10-модда. Битимни тузиш тартиби


Битим тарафлар белгилаган муддатларда, бироқ очиқ ким ошди савдолари натижалари эълон қилинганидан ёки инвестор билан ўтказилган тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилганидан кейин бир йилдан кечиктирмай тузилади.

Ер қаъридан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш ва ҳар бир ер қаъри участкаси бўйича инвестор билан тузиладиган битимнинг лойиҳасини кўриб чиқиш махсус давлат комиссияси томонидан амалга оширилади. Махсус давлат комиссиясининг таркиби ва ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Битим лойиҳасини тайёрлаш чоғида ваколатли давлат органи ёки вакил қилинган компания томонидан инвестиция лойиҳасининг техникавий-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади. Инвесторлар инвестиция лойиҳасининг техникавий-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ёки ўз вариантини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Очиқ ким ошди савдолари шартларини ишлаб чиқиш, инвестиция лойиҳасининг техникавий-иқтисодий асосларини тузиш ва битимни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар битимни амалга оширишдан олинган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан компенсация асосида молиялаштирилади.

Битимни имзолаш тўғрисидаги қарор давлат номидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Зарурат бўлган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан битимни тузиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак.



11-модда. Битимнинг амал қилиш муддати


Битимнинг амал қилиш муддатини тарафлар белгилайди.

Битимнинг амал қилиши инвестор ташаббуси билан, у ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажарган тақдирда, фойдали қазилмалар иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ тарзда қазиб олинишини тугаллаш ҳамда ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни таъминлаш учун етарли бўлган муддатга узайтирилади. Бунда ана шундай узайтириш шартлари ва тартиби битим билан белгиланади.



12-модда. Битим бўйича ишларни

бажаришнинг асосий шартлари


Битим бўйича ишларни бажаришнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

мўлжалланган барча ишлар учун, шу жумладан фойдали қазилмаларни кавлаб олишнинг тахмин этилаётган ҳажми учун иш дастурлари, лойиҳалар ва бюджетни молия йили бошлангунга қадар ёки шу ишларни амалга ошириш бошлангунга қадар ишлаб чиқиш ҳамда кейинчалик бошқарув қўмитасида тасдиқлаш;

битим бўйича ишлар олиб борилаётган ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш мўлжалланаётган объектлар бўйича лойиҳалар, геологик материаллар ва техникавий-иқтисодий кўрсаткичларни давлат экспертизасига тақдим этиш;

мўлжалланган ишларнинг тасдиқланган иш дастури, бюджети ижросини, шунингдек мўлжалланган ишлар ижрочисининг молия-хўжалик фаолиятини молия йили тугагандан кейин инвестор ҳисобидан мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш;

қонунчиликнинг талабларига, шу жумладан ишларни бехатар олиб бориш, ер ости бойликларини, атроф муҳитни ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш стандартлари (нормалари, қоидалари) масалаларига оид талабларга риоя этиш;

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсларига бошқа шартлар тенг бўлгани ҳолда бу ишларда пудратчи, етказиб берувчи, ташувчи ёки бошқа мақомда инвесторлар билан шартномалар асосида иштирок этиш учун имтиёзли ҳуқуқ бериш;

бу ишларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини барча жалб этилган ходимлар таркибининг ўртача йиллик ҳисобида камида саксон фоизи миқдорида жалб этиш. Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тегишли ихтисосдаги ва малакали ходимлар бўлмаган тақдирдагина чет эллик ходимлар белгиланган квоталардан ортиқча жалб этилади;

битим бўйича ишларни олиб бориш учун техника, асбоб-ускуналар ва технологияларни фақат танлов асосида олиш (техника ва асбоб-ускуналарни тезкор олишни талаб қилувчи техноген фалокатлар ҳамда форс-мажор ҳолатлар бундан мустасно);

бажарилаётган ишларнинг атроф муҳитга зарарли таъсирининг олдини олишга, бундай таъсирнинг оқибатларини тугатишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатишга олиб келган фалокатлар юз берган тақдирда етказиладиган зарар учун жавобгарликни суғурта қилиш;

битим бўйича ишлар тугалланганидан, шунингдек битимга доир ишлар бажарилган ҳудудни ифлосланишдан тозалаш ишлари якунланганидан кейин барча иншоотлар, қурилмалар ва бошқа мол-мулкни тугатиш ёки консервациялаш;

фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қидиришнинг белгиланган босқичлари тугаллангач, инвесторга фойдаланиш учун бериб қўйилган ҳудудни битим шартларига мувофиқ қайтариш.



13-модда. Битим бўйича ишлар бажарилишининг оператори


Битим бўйича ишлар бажарилишини ташкил этиш, шу жумладан ушбу Қонун 21-моддасининг қоидаларига мувофиқ ҳисоб-китоб юритиш ва ҳисобот беришни инвесторнинг топшириғига биноан оператор амалга оширади. Фаолият соҳаси кўрсатиб ўтилган ишларни ташкил этиш билан чекланадиган бундай оператор сифатида инвестор томонидан ана шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган филиаллар ёки юридик шахслар ёхуд ана шу мақсадлар учун инвестор томонидан жалб этиладиган юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган чет эллик юридик шахслар иштирок этишлари мумкин. Бунда инвестор операторнинг ҳаракатлари учун худди ўз ҳаракатлари сингари давлат олдида мулкий жавобгар бўлади.



14-модда. Харажатларни қоплаш


Инвестор битим бўйича ишларни бажариш давомида йўл қўйиладиган даражада қилган ўз харажатларининг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга.

Йўл қўйиладиган даражадаги харажатлар деганда инвестор ёки операторнинг ушбу Қонунда белгиланган тартибда тасдиқланган навбатдаги йилдаги ишларни бажариш учун бюджетда назарда тутилган харажатлари тушунилади. Йўл қўйиладиган даражадаги харажатларнинг энг юқори миқдори битим билан белгиланади.

Инвесторларга фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларида фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қидиришга сарфланган йўл қўйиладиган даражадаги харажатларни қоплаш инвестор томонидан унга фойдаланиш учун ажратилган ер қаъри участкасида қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотнинг бир қисми (бундан буён матнда компенсация маҳсулоти деб юритилади) ҳисобидан, келишилган жадвал бўйича, тижорат мақсадида қазиб олиш бошланган кун тўғри келадиган календарь йилидан бошлаб, тижорат мақсадидаги қазиб олиш бошлангунга қадар қилинган харажатлар тўла қопланганидан кейин эса  бу харажатлар қилинган календарь йилида амалга оширилади. Бу ҳолда битимда фойдали қазилмаларни тижорат мақсадида қазиб олиш бошлангандан кейинги давр учун ўрни қопланадиган, йўл қўйиладиган харажатларнинг энг юқори миқдори белгилаб қўйилади.

Ушбу Қонун 5-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ инвесторларга фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларида йўл қўйиладиган даражадаги харажатларнинг ўрнини қоплаш тижорат мақсадида кавлаб олиш бошланган кун тўғри келадиган календарь йилдан бошлаб компенсация маҳсулоти ҳисобидан амалга оширилади. Инвесторнинг жорий календарь йилда ўрни қопланмаган йўл қўйиладиган даражадаги харажатлари битим амал қилишининг бутун муддати давомида кейинги календарь йилларда қопланади. Бундай ҳолларда битимда ўрни қопланадиган йўл қўйиладиган даражадаги харажатларнинг энг юқори миқдори белгилаб қўйилади.

Инвестор ёки оператор томонидан тўланадиган:

қонунчиликда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

тижорат таваккалчиликлари ва бошқа таваккалчиликларни ихтиёрий суғурталашга қаратилган маблағлар;

қонунчиликка мувофиқ тўланадиган, Ўзбекистон Республикасининг мақсадли жамғармаларига ўтказилган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ходимларнинг ижтимоий эҳтиёжлари учун қилинган ажратмалар;

битим тузишга қадар ахборот олишга сарфланган маблағлар;

қонунчилик бузилганлиги муносабати билан жарималар ва неустойкалар;

битим бўйича ишларни бажариш пайтида технологияларни бузганлик натижасида қилинган харажатлар;

инвесторга тегишли маҳсулот реализация қилиниши муносабати билан қилинган харажатлар;

ихтиёрий хайриялар ва бадаллар;

битимда белгиланган чеклашлардан ортиқча моддалар бўйича қилинган харажатлар йўл қўйиладиган даражадаги харажатлар жумласига кирмайди.

Инвестор ёки операторнинг битимни ижро этиш пайтидаги йўл қўйиладиган даражадаги харажатларининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Навбатдаги календарь йили учун қонунчиликка мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган йўл қўйиладиган даражадаги харажатлар миқдори бошқарув қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак. Календарь йил якунларига кўра йўл қўйиладиган даражадаги харажатлар тасдиқланган миқдордан ортиб кетиши, белгиланган тартибда кейинчалик қопланиши учун, бошқарув қўмитаси томонидан асослантирилиши ва тасдиқланиши лозим.

Йўл қўйиладиган даражадаги харажатларни қоплаш тартиби битим шартларида назарда тутилади.



15-модда. Маҳсулот тақсимоти


Қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулот давлат билан инвестор ўртасидаги битимга мувофиқ тақсимланмоғи лозим бўлиб, битимда:

қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотнинг умумий ҳажмини ва унинг қийматини аниқлаш;

қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотнинг компенсация маҳсулоти сифатида инвесторга мулк қилиб бериладиган қисмини (шу жумладан унинг энг юқори ёки энг паст миқдорини) аниқлаш;

қидириш ишларининг ва ер қаъри участкасини бошқача тарзда тадқиқ этишнинг натижаларини инвесторга фойдаланишга беришга қилган харажатларини қоплаш учун қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотнинг давлатга бериладиган қисмини аниқлаш;

фойдага қолган маҳсулотни (бундай деганда қазиб олинган ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ушбу Қонуннинг қоидаларига мувофиқ ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун тўловларни тўлашга ишлатиладиган бир қисми, компенсация маҳсулоти, шунингдек давлат томонидан қилинган харажатларини қоплаш учун давлатга бериладиган бир қисми чегирилганидан кейинги ҳолати тушунилади) тақсимлаш;

қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотнинг давлатга тегишли қисмини ёки шу баҳодаги эквивалентини унга бериш;

қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотнинг инвесторга тегишли қисмини ёки шу баҳодаги эквивалентини унга бериш шартлари ва тартиби назарда тутилиши керак.



16-модда. Маҳсулотга бўлган мулк ҳуқуқи


Давлат компенсация маҳсулотини, шунингдек фойдага қолган маҳсулотнинг битим шартларига мувофиқ инвестор улуши ҳисобланувчи қисмини инвесторга мулк қилиб беради.

Битим шартларига мувофиқ инвесторнинг мулкига ўтадиган маҳсулот ҳеч қандай чеклашларсиз Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилиши ёки инвестор томонидан ички бозорда битимда белгиланган шартлар ва тартибда реализация қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида фавқулодда ҳолатлар юзага келган тақдирда, давлат камида ўттиз кун олдин инвесторни хабардор қилиб, инвесторнинг маҳсулотини зарур ҳажмда олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда маҳсулотни олиш ва инвесторнинг эҳтимол тутилган зарарларини қоплаш шартлари битимда белгилаб қўйилади.



17-модда. Мол-мулк ва ахборотга бўлган мулк ҳуқуқи


Инвестор томонидан янги яратилган ёки олинган, битим бўйича ишларни бажариш учун фойдаланиладиган мол-мулк, агар битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, инвесторнинг мулки ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи мазкур мол-мулкнинг қиймати тўла қопланган кундан эътиборан ёки битим бекор қилинган кундан ёхуд тарафлар томонидан келишилган бошқа кундан эътиборан битимда назарда тутилган шартлар ва тартибда инвестордан давлат ихтиёрига ўтади. Шу билан бирга битимнинг амал қилиш муддати давомида битим бўйича ишларни бажариш учун инвесторга бундай мол-мулкдан текинга фойдаланиш мутлақ ҳуқуқи берилади ҳамда инвестор фойдаланишида турган мол-мулкни сақлашга доир чиқимлар ва унинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш эҳтимоли хавфи инвесторнинг зиммасида бўлади.

Битимни амалга ошириш мақсадида бошқарув қўмитаси билан келишган ҳолда инвесторларга вақтинча фойдаланиш учун (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) давлатнинг ёки вакил қилинган компаниянинг мулки бўлган асосий фондлар (бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар) текинга бериб турилиши мумкин.

Барча бошланғич геологик, геофизик, геокимёвий, экологик ва бошқа ахборот, уни талқин этиш натижалари ва ҳосила маълумотлар, шунингдек битим бўйича ишларни бажариш жараёнида инвестор томонидан олинган тоғ жинслари ва рудаларнинг намуналари, шу жумладан керн, қатлам суюқликлари давлат мулки ҳисобланади.

Инвестор битимда назарда тутилган махфийлик шартларига риоя этган ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ахборот, маълумотлар ва намуналардан битим бўйича ишларни бажариш мақсадида текин фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ахборот, маълумотлар ва намуналардан фойдаланиш тартиби, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тартиби қонунчиликка мувофиқ битимда белгилаб қўйилади.


18-модда. Битимни ижро этиш чоғида фойдали

қазилмаларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш


Инвестор шартнома асосида, жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда қувур транспорти ва транспортнинг бошқа турлари объектларидан, фойдали қазилмаларни сақлаш ва қайта ишлаш объектларидан фойдаланишга бирон бир камситувчи шартларсиз эркин киришиш ҳуқуқига эга.

Битим бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган фойдали қазилмаларни сақлаш, қайта ишлаш ва ташиш объектлари Ўзбекистон Республикасида бўлмаган тақдирда, инвестор шундай объектларни қуриш ҳуқуқига эга.



19-модда. Тугатиш жамғармаси


Битим бўйича ишлар тугалланганидан кейин барча иншоотлар, қурилмалар ва бошқа мол-мулкни тугатиш ёки консервациялаш бўйича, шунингдек битим бўйича ишлар бажарилган ҳудудни чиқиндилардан тозалаш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида инвестор тугатиш жамғармасини тузади.

Тугатиш жамғармаси банкдаги ҳисобварақдан иборат бўлади. Инвесторга фойдаланишга бериб қўйилган ҳар бир ер қаъри участкаси бўйича тугатиш жамғармасининг маблағлари мол-мулкни тугатиш, консервациялаш ва қолдириш воситаларининг ҳисоблаб чиқарилган қийматини эътиборга олган ҳолда, битимга мувофиқ бошқарув қўмитаси томонидан тасдиқланган миқдорда ва тартибда, шунингдек тугатиш жамғармаси маблағларини бошқаришдан инвестор оладиган даромадлар ҳисобига шакллантирилади.



20-модда. Битимни ижро этиш

чоғидаги солиқлар ва тўловлар


Инвесторлар, шунингдек уларнинг пудратчилари ва иккиламчи пудратчилари Ўзбекистон Республикасида белгиланган барча турдаги солиқлар ва битимларда белгиланган ер қаъри участкаларида излаш ва қидириш ишларини бажариш билан боғлиқ бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинадилар.

Инвестор битимнинг амал қилиш муддати ичида, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ишлар турларини истисно этганда, қонунчиликка мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди.


21-модда. Ҳисобга олиш ва ҳисобот


Битим бўйича ишларни бажариш чоғида инвесторнинг молия-хўжалик фаолиятини ҳисобга олиш ҳар бир алоҳида битим бўйича, шунингдек у томондан битим билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият бажарилган тақдирда  ҳисобга олиш алоҳида олиб борилади.

Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш битимда белгиланган тартибда қонунчиликка мувофиқ инвестор томонидан ёки унинг топшириғига биноан оператор томонидан амалга оширилади.

Битим бўйича ишларни бажариш чоғидаги операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ёки чет эл валютасида юритилади. Агар битимда бухгалтерия ҳисобини чет эл валютасида юритиш белгиланган бўлса, чет эл валютасида ифодаланган ҳисобот маълумотларини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасига қайта ҳисоблаш молия ҳисоботи тузилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича амалга оширилади.

Инвестор ёки оператор дастлабки ҳисобга олиш ҳужжатларини, бухгалтерия ҳисоби регистрларини, молиявий ҳисоботни ҳамда битимнинг ижроси бўйича молиявий ҳисоботни тузишда фойдаланилган маълумотнома тарзидаги дастлабки материалларни қонунчиликка мувофиқ сақлаши шарт. Молиявий ҳисоботни тузишга тааллуқли барча ахборот ва ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланади.

Инвестор ёки оператор молиявий ҳисоботни аудиторлик ташкилотининг хулосасини илова қилган ҳолда бошқарув қўмитасига ва ваколатли давлат органига тақдим этади. Айни вақтнинг ўзида молиявий ҳисобот билан бирга битимни ижро этиш билан боғлиқ ҳолда қилинган, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги чет эл банкларида очилган ҳисобварақлар орқали ўтган, харажатларнинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи барча дастлабки ҳужжатларнинг нусхалари тақдим этилади.



22-модда. Банк ҳисобварақлари ва валютани тартибга солиш


Битим бўйича ишларни бажариш учун инвестор Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги банкларда ва (ёки) чет эл давлатларининг ҳудудларидаги банкларда сўмларда ва (ёки) чет эл валютасида, фақат шу ишларни бажариш учун фойдаланиладиган махсус банк ҳисобварақларига эга бўлиши керак.

Инвестор битим шартларига мувофиқ ўзига тегишли бўлган маҳсулот улушини реализация қилишдан тушган чет эл валютасидаги маблағларни олиш ва банк ҳисобварақларида сақлаш, битим бўйича ҳар қандай харажатлар ҳақини тўлаш, шунингдек ана шу ҳисобварақлардаги маблағлар қолдиғини эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга.


23-модда. Битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг

бошқа шахсга ўтказилиши


Агар бошқа шахс битим бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган молиявий ва техникавий ресурсларга ҳамда бошқарув фаолиятида тажрибага эга бўлса, инвестор битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини фақат давлатнинг розилиги билан тўлиқ ёки қисман шу шахсга ўтказиш ҳуқуқига эга.

Битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш битимнинг ажралмас қисми бўлган далолатнома тузиш орқали, битимда белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади, бунда ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани қайта расмийлаштириш мазкур далолатнома имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида амалга оширилади.

Давлатнинг розилиги билан инвестор ўзига тегишли мол-мулкдан ва (ёки) мулкий ҳуқуқлардан битимни ижро этиш муносабати билан тузиладиган шартномалар бўйича ўз мажбуриятларини таъминлаш учун қонунчиликнинг талабларига риоя этган ҳолда гаров сифатида фойдаланиши мумкин.

Агар битимда инвестор сифатида юридик шахс мақомига эга бўлмаган юридик шахслар бирлашмаси иштирок этаётган бўлса, бундай бирлашма иштирокчилари битим бўйича солидар ҳуқуқларга эга бўладилар ва уларнинг зиммасида солидар мажбуриятлар бўлади.


24-модда. Битим шартларининг барқарорлиги


Битимнинг шартлари у амал қиладиган бутун муддат мобайнида ўз кучини сақлаб туради. Фақат тарафларнинг розилиги билан битимга ўзгартишлар киритишга йўл қўйилади.

Тарафларнинг келишувига биноан битим шартларига киритилган ўзгартишлар битимда назарда тутилган тартибда ва шартларда амалга киритилади. Агар битимнинг амал қилиш муддати мобайнида қонунчилик билан инвесторнинг битим доирасидаги фаолиятининг тижорат натижаларини ёмонлаштирувчи нормалар белгиланадиган бўлса, битимда қайд этилган шартлар амал қилади. Агар қонунчилик билан ишларни бехатар олиб бориш, ер ости бойликларини, атроф муҳитни ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш стандартларига (нормаларига, қоидаларига) ўзгартишлар киритиладиган бўлса, мазкур қоида қўлланилмайди.


25-модда. Инвестор ҳуқуқларининг давлат кафолатлари


Инвесторга у битимга мувофиқ қўлга киритган ва амалга ошираётган мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатланади.

Агар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатлари инвесторнинг битимга мувофиқ қўлга киритган ва амалга ошираётган ҳуқуқларига чеклашлар белгилайдиган бўлса, мазкур ҳужжатлар инвесторга нисбатан татбиқ этилмайди, тегишли текширув ва назорат органларининг ишларни бехатар олиб бориш, ер ости бойликларини, атроф муҳитни ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ бериладиган кўрсатмалари бундан мустасно.

Ушбу Қонун кучга киргунга қадар тузилган маҳсулот тақсимотига оид битимлар уларда белгиланган шартларга мувофиқ ижро этилиши лозим. Бунда ушбу Қонуннинг қоидалари мазкур битимларга нисбатан, унинг қўлланилиши бундай битимларнинг шартларига зид келмайдиган даражада ҳамда инвесторларнинг ана шу битимларга мувофиқ қўлга киритган ва амалга ошираётган ҳуқуқларини чеклаб қўймайдиган даражада қўлланилади.



26-модда. Битимнинг ижро этилиши устидан давлат назорати

Битимнинг ижро этилиши устидан, шу жумладан ишлар инвестор томонидан бажарилаётган муддатлар устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган органлар қонунчиликка мувофиқ амалга оширади.



27-модда. Битимнинг амал қилишини бекор қилиш

Битимнинг амал қилиши у қанча муддатга тузилган бўлса, шунча муддат ўтганидан кейин ёки тарафларнинг келишувига биноан муддатидан илгари, шунингдек бошқа асосларга кўра ва битимда назарда тутилган тартибда, битим имзоланган куни амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ бекор қилинади.



28-модда. Низоларни ҳал қилиш


Давлат билан инвестор ўртасидаги битим билан боғлиқ низолар битим шартларига мувофиқ судда, шу жумладан халқаро арбитраж судида ҳал қилинади.


29-модда. Тарафларнинг битим бўйича жавобгарлиги

Тарафлар битим бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун битимга ва қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                         И. Каримов



"Халқ сўзи", 4(2826)-сон, 2002 йил 5 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2002 йил, 1-сон, 1-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2002 йил, 1-сон, 12-модда


























Время: 0.1779
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск