Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология /

Ўзбекистон Республикасининг 07.12.2001 й. 317-II-сон "Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.12.2001 й.

N 317-II



ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРДАН ЯСАЛГАН

БУЮМЛАРНИНГ АСИЛЛИК ДАРАЖАСИ

ВА ТАМҒАЛАНИШИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади реализация қилишга мўлжалланган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини (пробасини) аниқлаш ва тамғалаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган

буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши

тўғрисидаги қонунчилик

Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган,

тамғаланиши лозим бўлган буюмлар


Заргарлик буюмлари, олтин зарварақ, кумуш зарварақ ва тиш ясашга мўлжалланган олтин қуймалар қимматбаҳо металлардан ясалган, тамғаланиши лозим бўлган буюмлардир.


4-модда. Қимматбаҳо металлардан

ясалган заргарлик буюмлари

Олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи металлардан (палладий, иридий, родий, рутений ва осмийдан) ясалган, асиллик даражасига эга бўлган ва қонунчиликда белгиланган тартибда тамғаланиши лозим бўлган буюмлар қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмлари деб ҳисобланади.


5-модда. Олтин зарварақ ва кумуш зарварақ


Олтин зарварақ қалинлиги 0,12 микрон бўлган олтин варақлардан иборат бўлади.

Кумуш зарварақ қалинлиги 0,32 микрон бўлган кумуш варақлардан иборат бўлади.

Олтин зарварақ ва кумуш зарварақ асиллик даражасига эга бўлади ва қонунчиликда белгиланган тартибда тамғаланади.

Олтин зарварақ ва кумуш зарварақ турли предметларни безаш-пардозлаш ва бошқа мақсадлар учун ишлатилади.



6-модда. Тиш ясашга мўлжалланган олтин қуймалар

Асиллик даражасига эга бўлган ва қонунчиликда белгиланган тартибда тамғаланиши лозим бўлган тегишли шаклдаги пластиналар тиш ясашга мўлжалланган олтин қуймалар деб ҳисобланади.


7-модда. Ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси (бундан буён матнда Асиллик даражасини белгилаш палатаси деб юритилади) қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Асиллик даражасини белгилаш палатаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланади.



8-модда. Асиллик даражасини

белгилаш палатасининг ваколатлари


Асиллик даражасини белгилаш палатаси:

Ўзбекистон Республикасида тайёрланадиган ҳамда сотиш учун чет эллардан олиб кирилаётган, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш, текшириш ва уларга давлат асиллик даражаси тамғаларини босишни таъминлайди;

давлат асиллик даражаси тамғаларининг, тайёрловчиларга тегишли шахсий тамғаларнинг изларини техник экспертизадан ўтказади ва улар юзасидан хулосалар беради;

қимматбаҳо металлар билан ишлаш учун рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаларини беради;

қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг ушбу Қонунда белгиланган асиллик даражасига мувофиқлиги юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражалари мазкур Қонунда белгиланган асиллик даражасига мос келса, уларга давлат асиллик даражаси тамғалари изларини туширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


9-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган

буюмларнинг асиллик даражаси


Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлардаги асиллик даражаси қотишманинг минг оғирлик бирлигида қанча бирликдаги қимматбаҳо металл миқдори мавжудлигини белгилайди ва бу араб рақамлари билан ифодаланади.

Ўзбекистон Республикасида асиллик даражасининг метрик тизими қўлланилади:

1) заргарлик буюмлари учун:

олтин  375 (уч юз етмиш бешинчи), 500 (беш юзинчи), 583 (беш юз саксон учинчи), 585 (беш юз саксон бешинчи), 750 (етти юз эллигинчи), 916 (тўққиз юз ўн олтинчи), 958 (тўққиз юз эллик саккизинчи), 999 (тўққиз юз тўқсон тўққизинчи);

кумуш  800 (саккиз юзинчи), 875 (саккиз юз етмиш бешинчи), 916 (тўққиз юз ўн олтинчи), 925 (тўққиз юз йигирма бешинчи), 960 (тўққиз юз олтмишинчи), 999 (тўққиз юз тўқсон тўққизинчи);

платина  950 (тўққиз юз эллигинчи), 999 (тўққиз юз тўқсон тўққизинчи);

палладий  500 (беш юзинчи), 850 (саккиз юз эллигинчи), 999 (тўққиз юз тўқсон тўққизинчи);

2) олтин зарварақ ва кумуш зарварақ учун  910 (тўққиз юз ўнинчи), 920 (тўққиз юз йигирманчи), 930 (тўққиз юз ўттизинчи), 940 (тўққиз юз қирқинчи), 950 (тўққиз юз эллигинчи), 960 (тўққиз юз олтмишинчи), 970 (тўққиз юз етмишинчи), 980 (тўққиз юз саксонинчи), 990 (тўққиз юз тўқсонинчи), 1000 (мингинчи);

3) тиш ясашга мўлжалланган маҳсулотлар учун:

олтин қуймалар  900 (тўққиз юзинчи) ва 916 (тўққиз юз ўн олтинчи).

Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар қуйидаги асиллик даражасидан паст бўлиши мумкин эмас:

олтин  375 (уч юз етмиш бешинчи);

кумуш  800 (саккиз юзинчи);

платина  950 (тўққиз юз эллигинчи);

палладий  500 (беш юзинчи).

Ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган асиллик даражасидан паст даражага эга бўлган буюмлар қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар деб ҳисобланмайди ва қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар сифатида реализация қилиниши мумкин эмас.



10-модда. Қимматбаҳо металлардан

ясалган буюмларни тамғалаш


Ўзбекистон Республикасида тайёрланган, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат асиллик даражаси тамғаси билан тамғаланиши лозим.

Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар уларнинг билдирилган асиллик даражасини тасдиқлаб бериш мақсадидагина, назорат текширувидан ўтказилгандан кейин тамғаланади.

Тамғалаш, бошқа ишларни амалга ошириш тартиби, шунингдек асиллик даражаларини ва текширувларни танлаш усуллари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларни тамғалаш қоидаларига мувофиқ белгиланади.



11-модда. Давлат асиллик даражаси тамғалари


Давлат асиллик даражаси тамғалари қимматбаҳо металлнинг ҳар бир тури учун белгиланган шаклдаги тамғалар бўлиб, Асиллик даражасини белгилаш палатасининг тасдиқ белгиси ҳамда буюм тайёрланган қимматбаҳо металлнинг асиллик даражасини кўрсатувчи рақамлардан иборат бўлади.

Давлат асиллик даражаси тамғаларининг шакллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



12-модда. Давлат асиллик даражаси тамғаларини

сақлаш ва улардан фойдаланиш


Асиллик даражасини белгилаш палатаси давлат асиллик даражаси тамғаларининг сақловчиси ва фойдаланувчиси ҳисобланади.



13-модда. Тайёрловчининг шахсий тамғаси


Асиллик даражасини белгилаш палатасига тамғалаш учун тақдим этилган, Ўзбекистон Республикасида тайёрланган, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларда тайёрловчининг шахсий тамғаси қўйилган бўлиши керак.

Тайёрловчининг шахсий тамғаси ҳарф ёки ҳарфлар бирикмасидан ёхуд уни ўзга тайёрловчиларнинг тамғасидан фарқловчи бошқа белгидан иборат бўлади. Тайёрловчининг шахсий тамғасида буюм тайёрланган йил кўрсатилади.

Тайёрловчининг шахсий тамғаси қонунчиликда белгиланган тартибда Асиллик даражасини белгилаш палатасида рўйхатдан ўтказилиши лозим.


14-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган,

тамғаланмайдиган буюмлар


Қуйидагилар давлат асиллик даражаси тамғаси билан тамғаланмайди:

ушбу Қонун 9-моддасининг учинчи қисмида белгиланганидан паст асиллик даражасига эга бўлган олтин, кумуш, платина ва палладийдан ясалган буюмлар;

тарихий ёки археологик аҳамиятга эга ёхуд Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг белгиланган тартибда тузилган эксперт хулосаси мавжуд бўлган юксак бадиий қимматга молик, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар;

қуроллар, вазалар, идишлар ва бошқа ашёлар сиртидаги қимматбаҳо металли майда ўйма нақшлар (қадама нақшлар);

илмий, техник ва бошқа мақсадларга мўлжалланган, қимматбаҳо металлардан ясалган асбоб-анжомлар, лаборатория идишлари ва бошқа буюмлар;

қимматбаҳо металлардан ясалган хомаки маҳсулотлар ва қуймалар;

Ўзбекистон Республикасининг ва бошқа давлатларнинг тангалари;

ясама тишлар;

белгилар, фарқлаш белгилари ва медаллар, спорт мукофотлари;

зарқоғозлар.

Қонунчиликда тамғаланмайдиган, қимматбаҳо металлардан ясалган бошқа буюмлар ҳам назарда тутилиши мумкин.


15-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган,

қайта тикланган буюмлар


Қимматбаҳо металлардан ясалган, қайта тикланган, реализация қилишга мўлжалланган буюмлар асиллик даражаси тамғасининг излари мавжудлигидан ва сифатидан қатъи назар Асиллик даражасини белгилаш палатасида уларнинг билдирилган асиллик даражасига мослигини аниқлаш учун назорат текширувидан ўтиши лозим.

Агар қимматбаҳо металлдан ясалган, қайта тикланган буюмнинг асиллик даражаси мавжуд тамғадаги асиллик даражасига мос келса, давлат асиллик даражасининг тамғаси босилади.

Агар қимматбаҳо металлдан ясалган, қайта тикланган буюмнинг асиллик даражаси мавжуд тамғадаги асиллик даражасига мос келмаса, босилган тамға йўқ қилинади ва буюмга белгиланган тартибда қайта тамға босилиши лозим.

Агар қимматбаҳо металлдан ясалган, қайта тикланган буюмга тамға босилмаган бўлса, унинг асиллик даражаси белгиланганидан сўнг давлат асиллик даражасининг тегишли тамғаси босилади.



16-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг

билдирилган асиллик даражасига мувофиқлиги


Қимматбаҳо металлардан ясалган буюм, агар унинг таркибидаги соф олтин, кумуш, платина ёки палладийнинг миқдори билдирилганидан кам бўлмаса, билдирилган асиллик даражасига мувофиқ деб ҳисобланади.

Асиллик даражаси ушбу Қонун 9-моддасининг учинчи қисмида белгиланганидан паст бўлган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар тайёрланишига йўл қўйилмайди.



17-модда. Олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган қимматбаҳо

металлардан ясалган буюмларни тамғалаш тартиби


Реализация қилиш учун олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларга давлат асиллик даражаси тамғаси босилиши керак.

Қимматбаҳо металлардан ясалган, олиб кирилаётган, билдирилганидан бошқача асиллик даражасига эга бўлган буюмлардаги тамға эгасининг розилигига кўра йўқ қилинади. Ушбу буюмларга қонунчиликка мувофиқ белгиланган асиллик даражасига энг яқин асиллик даражаси тамғаси қайта босилиши лозим. Эгаси рози бўлмаган тақдирда ушбу буюмларни у Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетишга мажбурдир.

Олиб кирилаётган буюмларни тамғалаш билан боғлиқ харажатлар уларнинг эгалари томонидан қопланади.

Транзит тарзида олиб ўтилаётган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар тамғаланмайди.



18-модда. Асиллик даражаси тўлови


Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш билан боғлиқ юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга оширганлик учун Асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан асиллик даражаси тўлови ундирилади.

Асиллик даражаси тўловининг миқдори ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


19-модда. Низоларни ҳал этиш

Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


20-модда. Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг

асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонунлар тўплами" 2002 йил, 1-сон


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, 1-сон, 17-модда





























Время: 0.1614
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск