ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Конституциялар /

Ўзбекистон Республикасининг 24.03.1990 й. 4-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини таъсис этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.03.1990 й.

N 4-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ЛАВОЗИМИНИ ТАЪСИС ЭТИШ

ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КОНСТИТУЦИЯСИ (АСОСИЙ ҚОНУНИ)ГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ

ТЎҒРИСИДА*


Демократия жараёнларини янада ривожлантириш, сиёсий ўзгаришларни чуқурлаштириш, конституцион тузумни, гражданларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ҚАРОР ҚИЛАДИ:


I. Ўзбекистон Республикасининг Президенти лавозими таъсис этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимининг таъсис этилиши Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мавқеини ўзгартирмайди, Қорақалпоғистон Республикасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциялари билан мустаҳкамлаб қўйилган ваколатлари чекланишига олиб бормайди.


II. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонуни)га қуйидаги ўзгартиш ва кўшимчалар киритилсин:


1. 6, 7 ва 49-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6-модда. Ўзбекистон Коммунистик партияси, бошқа сиёсий партиялар, шунингдек касаба союз, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ҳаракатлар халқ депутатлари Советларига сайланган ўз вакиллари орқали ҳамда бошқа шаклларда Совет давлати сиёсатини амалга оширишда, давлат ва жамоат ишларини бошқаришда қатнашадилар.


7-модда. Ўзбекистон Коммунистик партияси, бошқа сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ҳаракатлар ўз программалари ва уставларида кўзда тутилган вазифаларини бажарган вақтларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва совет қонунлари доирасида иш олиб борадилар.

Совет Конституцион тузумини ва социалистик давлатнинг яхлитлигини зўрлик йўли билан ўзгартиришни, унинг хавфсизлигига путур етказишни, социал, миллий ва диний нифоқни авж олдиришни мақсад қилиб қўйган партиялар, ташкилотлар ва ҳаракатларнинг тузилишига ва фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.


49-модда. Ўзбекистон Республикаси гражданлари сиёсий партияларга, жамоат ташкилотларига уюшиш, сиёсий фаолликни ва ташаббускорликни ривожлантиришга, уларнинг хилма-хил манфаатларини қондиришга ёрдам берадиган оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Жамоат ташкилотларига ўз уставларидаги вазифаларни муваффақиятли бажаришлари учун шароитлар кафолати берилади".


2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қуйидаги мазмунда бўлган янги 12-1-боб билан тўлдирилсин:


"12-1-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти


118-1-модда. Ўзбекистон Республикасининг бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президентидир.


118-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган ва 65 ёшдан катта бўлмаган Ўзбекистон Республикаси граждани сайланиши мумкин. Бир кишининг ўзи икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси гражданлари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар сони чекланмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларнинг камида эллик фоизи қатнашган тақдирда сайлов ҳақиқий деб ҳисобланади. Умуман Ўзбекистон Республикаси бўйича овоз беришда қатнашган сайловчилар овозларининг ярмидан кўпини олган номзод сайланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси халқ депутати ва Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари маҳаллий Советининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлган шахс фақат шу лавозимда иш ҳақи олади.


118-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини ижро этишга киришиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг мажлисида қасамёд қилади.


118-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти:


1) совет гражданларининг республика территориясидаги ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили бўлади;


2) Ўзбекистон Республикаси суверенитетини, хавфсизлиги ва территориал бутунлигини муҳофаза этиш, Ўзбекистон Республикаси ихтиёрига берилган миллий-давлат тузилиши масалалари бўйича қарорларни рўёбга чиқариш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўради;


3) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилади;


4) Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг баҳамжиҳат ҳаракат қилишини таъминлайди;


5) Ўзбекистон Республикаси Олий Советига республикадаги ишларнинг аҳволи тўғрисида ҳар йили маълумотнома тақдим этади; ички ва халқаро ҳаётга доир энг муҳим масалалардан Ўзбекистон Республикаси Олий Советини хабардор қилиб туради;


6) Ўзбекистон Республикаси Олий Советига Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитетининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳаками лавозимларига номзодларни тақдим этади; мазкур мансабдор шахсларни вазифасидан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Советига тақдимномалар топширади, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси бундан мустаснодир.

Айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти кўпчилик Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Олий Советига Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раиси лавозимига муқобил номзодлар тақдим этиши мумкин. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раисини яширин овоз бериш натижалари бўйича тайинлайди;


7) Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советини истеъфога чиқариш тўғрисида ёки унинг истеъфосини қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Совети олдига масалалар қўяди; Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раиси билан келишиб Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоларини лавозимидан озод қилади ва тайинлайди, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг тасдиғига тақдим этади.


8) Ўзбекистон Республикаси қонунларини имзолайди; қонунни ўз эътирозлари билан камида икки ҳафта муддат ичида такрорий муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Советига қайтариб юборишга ҳақлидир. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Совети овозларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги билан илгари қабул этилган қарорни тасдиқласа, Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни имзолайди;


9) Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг қарорлари ва фармойишларининг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга;


10) Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини беради, Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиғи билан мукофотлайди;


11) Ўзбекистон Республикаси гражданлигига қабул қилади, бошпана бериш масалаларини ҳал этади; Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган гражданларни афв этади;


12) қонун ҳужжатлари билан ўз ихтиёрига бериб қўйилган бошқа масалаларни ҳал қилади.


118-5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгаши ишлайди, унинг вазифаси Совет давлати ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш, гражданларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгашининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раиси лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгаши ҳайъатига киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентлик Кенгашининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг Раиси қатнашиш ҳуқуқига эга.


118-6-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш юзасидан фармонлар чиқаради, бу фармонлар республиканинг бутун территориясида мажбурий кучга эга бўлади.


118-7-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти дахлсизлик ҳуқуқига эга ва у Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидангина лавозимидан туширилиши мумкин. Бундай қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ташаббусига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг хулосасини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми овози билан қабул қилинади.


118-8-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти 118-4-модданинг 10-бандида кўзда тутилган ўз вазифаларини ижро этишни Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раисига ва Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раисига, 118-4-модданинг 11-бандида кўзда тутилган вазифаларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раисига топшириши мумкин.


118-9-модда. Агар Ўзбекистон Республикаси Президенти муайян сабабларга кўра ўз вазифаларини бажаришни давом эттира олмаса, Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти сайлангунга қадар унинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раисига, бунинг иложи бўлмаган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раисига ўтади. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти сайлови уч ой муддатда ўтказилиши керак".


3. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти" деган 12-1-боб билан тўлдирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қуйидаги моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 72-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси ССР Иттифоқи ихтиёридаги масалаларни СССР халқ депутатлари съездида, СССР Олий Советида, СССР Олий Совети Президиумида, Федерация Кенгашида, СССР Ҳукуматида ва ССР Иттифоқининг бошқа органларида ҳал этишда қатнашади".


2) 101-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг олий органи - доимий ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси Олий Совети бўлиб, у ўз фаолиятида қонун чиқариш ва назорат қилиш вазифаларини амалга оширади".


3) 102-моддада:

7-банддаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг Биринчи ўринбосари" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг ўринбосари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

8, 10, 13 ва 21-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"8) Ўзбекистон Республикаси Президентииинг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раисини тайинлайди; Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети Раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг ҳайъатини ва унга киритиладиган ўзгартишларни тасдиқлайди; Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси министрликларини ва Ўзбекистон Республикаси давлат комитетларини тузади ҳамда тугатади";


"10) Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетини сайлайди";


"13) гражданларнинг конституцион ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари амалга оширилишини, мулкчилик муносабатларини, халқ хўжалиги ва социал-маданий қурилишни бошқаришни ташкил этишни, бюджет-молия системасини, меҳнатга ҳақ тўлаш ва нарх белгилашни, солиқ солишни, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни ва табиий ресурслардан фойдаланишни, шунингдек бошқа муносабатларни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи доирасида қонун йўли билан тартибга солиб туради";


"21) Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг қарорлари ва Фармойишларини бекор қилиш ҳуқуқига эга".


4) 105-модданинг 1, 2, ва 3-қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси томонидан навбатдаги сессияларга бир йилда камида уч марта чақирилади.

Навбатдан ташқари сессиялар Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раиси томонидан ўз ташаббуси билан ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимияти олий органининг ёки Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг сайловдан кейинги биринчи мажлисини Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси сайлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади, мажлисларни олиб боришнинг шундан кейинги тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан белгиланади".


5) 107 ва 109-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"107-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Советида қонун лойиҳаларини таклиф этиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг доимий ва бошқа комиссиялари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети, Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети, Қорақалпоғистон Республикаси номидан унинг давлат ҳокимиятининг олий органи, Ўзбекистон Республикаси халқ назорат комитети, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Прокурори, Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ҳаками эга.

Жамоат ташкилотлари номидан уларнинг республика органлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳам қонун лойиҳаларини таклиф этиш ҳуқуқига эга".


"109-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Президиуми тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми ҳайъатига Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг ўринбосари - Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети доимий комиссияларининг раислари киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президуми Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг сессияларини тайёрлайди, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети доимий комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб туради, Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари ва давлат турмушининг бошқа энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига қўйилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети, Ўзбекистон Республикаси Президенти қабул қилган бошқа ҳужжатлар, ўзбек, рус ва бошқа тилларда, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса - қорақалпоқ тилида ҳам эълон қилинишини таъминлайди".


6) 110-модда чиқариб ташлансин.


7) 111-модда 110-модда деб ҳисоблансин ва у қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"110-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари орасидан беш йил муддатга ва кўпи билан сурункасига икки муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади. У исталган вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан яширин овоз бериш йўли билан чақириб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Советига ҳисоб бериб туради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг сессияларини чақириш ҳақида қарорлар, бошқа масалалар юзасидан эса - фармойишлар чиқаради".


8) 112-модда чиқариб ташлансин.


9) 113 ва 114-моддалар тегишли суратда 111 ва 112-моддалар деб ҳисоблансин.


10) 115-модда 113-модда деб ҳисоблансин ва у икки модда тарзида қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"113-модда. Ўзбекистон Республикаси халқ депутати Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг сессияларида Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раисига, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига, Ўзбекистон Республикаси министрларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети тузадиган ёки сайлайдиган бошқа органларнинг раҳбарларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси территориясида жойлашган умумиттифоқ қарамоғидаги ишлаб чиқариш бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси ихтиёридаги масалалар юзасидан сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Сўров билан қайси орган ёки мансабдор шахсга мурожаат қилинган бўлса, ўша орган ёки мансабдор шахс уч кунлик муддатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ушбу сессиясида оғзаки ёки ёзма жавоб қайтаришга мажбур.


114-модда. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Советида, унинг комиссияларида, шунингдек аҳоли орасида депутатлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган муддатга хизмат ёки ишлаб чиқариш вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси халқ депутати Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг розилигисиз, унинг сессиялари орасидаги даврда эса - Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки суд йўли билан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас".


11) 116-модда 115-модда деб ҳисоблансин ва у икки модда тарзида қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"115-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан комитетнинг Раиси, Раис ўринбосари ва Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшиб ҳисоблаганда 9 аъзодан иборат қилиб сиёсат ва ҳуқуқ соҳасининг мутахассисларидан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахсларнинг ваколат муддати - ўн йил.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахслар бир пайтнинг ўзида ҳужжатлари Комитет томонидан назорат қилинадиган органлар таркибига кира олмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахслар ўз вазифаларини бажариш чоғида мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўйсунадилар.


116-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети:


1) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети муҳокамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва бошқа ҳужжатлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида унга хулосалар тақдим этади;


2) Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари камида бешдан бир қисмининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг таклифларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатларининиг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Совётига хулосалар тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беради;


3) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг таклифларига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг - Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси Қонунларининг эса - Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳам мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Советига хулосалар тақдим этади;


4) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари камида бешдан бир қисмининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг таклифларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети муҳокамасига киритилган бошқа ҳужжат лойиҳаларининг, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Советига ёки Ўзбекистон Республикаси Президентига хулосалар тақдим этади;


5) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистоп ССР Олий Совети Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети доимий комиссиялари, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Совети, Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитети, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Прокурори, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳаками, жамоат ташкилотларининг республика органлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ прокурорлик назорати амалга оширилмайдиган бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотлари норматив ҳуқуқий ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети, шунингдек ўз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан тузиладиган ёки сайланадиган бошқа органлар ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни қараб чиқишга ҳақли.

Ҳужжат ёки унинг айрим қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ эмаслигини аниқласа Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ҳужжатни чиқарган органга йўл қўйилган номувофиқликни бартараф этиш учун ўз хулосасини йўллайди. Комитетнинг ана шундай хулосани қабул қилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қабул қилган Ўзбекистон Республикаси қонунларидан, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ёки Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ келмайдиган ҳужжат ёки унинг айрим қоидаларининг амал қилишини тўхтатади. Комитет ҳужжат ёки унинг айрим қоидалари гражданларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузади деган хулосага келган пайтдан бошлаб, бу ҳужжат ёки қоида ўз кучини йўқотади.

Ҳужжатни чиқарган органлар уни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларига мослаштиради. Агарда номувофиқлик бартараф этилмаса, Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети, тегишли бўлишига қараб Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ёки Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига бўйсунувчи органлар ёки мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ келмайдиган ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ёки Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига тақдимнома киритади.

Комитетнинг хулосаси Ўзбекистоп ССР халқ депутатлари умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериб қабул қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг қарори билангина рад этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетини ташкил этиш ва унинг фаолият тартиби Ўзбекистон Республикасида конституцион назорат тўғрисидаги Қонун билан белгиланади".


12) 117-модданинг биринчи ва иккичи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ўзига ҳисоб берадиган барча давлат органларини назорат қилиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитети фаолиятини йўналтириб туради".


13) 120-модданинг биринчи қисмидаги ва 123-моддадаги "биринчи ўринбосари" деган сўзлар "биринчи ўринбосарлари" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


14) 121-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмунда бўлган учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети ўз иши тўғрисида йилига камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Олий Советига ҳисоб бериб туради ва ўз фаолиятидан Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам хабардор қилиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ўз ташаббусига ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига ишончсизлик билдириши мумкин, бу эса Ҳукуматнинг истеъфо беришига олиб келади. Ушбу масала хусусидаги қарор Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овоз билан қабул қилинади".


15) 122-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети давлат бошқарувининг Ўзбекистон Республикаси ихтиёрига берилган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатига кирмайдиган барча масалаларни ҳал қилишга ҳаклидир";

иккинчи қисмидаги 3 ва 4-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3) гражданларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк ва жамоат тартибини қўриқлашга оид тадбирларни амалга оширади;

4) СССР Конституцияси белгилаб қўйган доирада мамлакат мудофаасини ва давлат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради";

5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5) Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан муносабатлари чет мамлакатлар билан ташқи савдо, иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлиги соҳасидаги тадбирларни амалга оширади; Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини бажаришни таъминлаш чораларини кўради".

6-бандидан қуйидаги сўзлар чиқариб ташлансин:

"хўжалик, социал-маданий қурилиш ишлари юзасидан".


16) 124-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"124-модда. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети СССР Қонунлари ҳамда СССР халқ депутатлари Съездининг ва СССР Олий Советининг бошқа қарорлари, СССР Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси конунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг бошқа қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, СССР Министрлар Советининг қарорлари ва фармойишлари асосида ва уларни ижро этиш учун қарорлар ва фармойишлар чиқаради, уларнинг ижросини текширади. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг қарорлари ва фармойишлари Ўзбекистон Республикасининг бутун территориясида ижро этилиши мажбурийдир".


17) 126-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси министрликлари ва давлат комитетлари ўзларига топширилган бошқарув соҳаларининг ҳолати ҳамда ривожланиши учун жавобгардирлар; улар ўз ваколатлари доирасида СССР қонунлари ҳамда СССР халқ депутатлари Съезди ва СССР Олий Советининг бошқа қарорлари, СССР Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг бошқа қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, СССР Министрлар Советининг ва Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг қарорлари ва фармойишлари, СССР тегишли министрликлари ва давлат комитетларининг ҳужжатлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун ҳужжатлар чиқаради, улар ижросини йўлга қўяди ва текширади".


III 1. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан беш йил муддатга сайланиши белгилаб қўйилсин.

Ана шу сайловда жамоат ташкилотлари ўзларининг республика органлари орқали, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларининг камида 50 кишидан иборат гуруҳлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ўз давлат ҳокимиятининг олий органи орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар кўрсатишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпроғи овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Агар овоз бериш чоғида номзодлардан бирортаси ҳам овозларнинг ярмидан кўпроғини олмаган бўлса, энг кўп овоз тўплаган икки номзод қайта овозга қўйилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган шахс қасамёд қилган пайтидан бошлаб ўз лавозимини бажаришга киришади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёдининг қуйидаги матни тасдиқлансин:

"Ўзбекистон Республикасининг Президенти ловозимини бажаришга киришар эканман, республикамиз халқларига садоқат билан хизмат қилишга, гражданларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий риоя этишга, зиммамга юкланган юксак вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан".


IV. Ушбу Қонун қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киритилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Советининг Раиси                                                              М. Иброҳимов



*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.

"Қорақалпоғистон Республикаси" номи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқ келтирилган.















































Время: 0.1838
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск