Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Ўзбекистон Республикасининг 20.06.1990 й. 93-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида конституцион назорат тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.06.1990 й.

N 93-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

КОНСТИТУЦИОН НАЗОРАТ

ТЎҒРИСИДА*


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасида

конституцион назоратнинг мақсадлари


Ўзбекистон Республикасида конституцион назорат давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасида эса - Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мос бўлишини таъминлаш, шахснинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларини, Ўзбекистон Республикаси халқларининг ҳуқуқларини, совет жамиятининг демократик негизларини муҳофаза қилиш мақсадида таъсис этилган.



2-модда. Конституцион назорат органлари


Ўзбекистон Республикасида конституцион назоратни Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституцион назорат комитети амалга оширади.



3-модда. Конституцион назорат органлари

фаолиятининг асосий принциплари


Ўзбекистон Республикасида конституцион назорат органлари социалистик қонунчилик, коллегиаллик ва ошкоралик асосида иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикасида конституцион назорат органлари мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасида эса - Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳам бўйсунадилар.

Конституцион назорат органлари фаолиятига ҳеч қандай аралашувга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.



4-модда. Ўзбекистон Республикасида конституцион

назорат тўғрисидаги қонунлар


Ўзбекистон Республикасида конституцион назоратнинг вазифалари, уни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун билан, Қорақалпоғистон Республикасида эса - шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва Қорақалпоғистон Республикасида конституцион назорат тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни билан белгиланадн.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИОН

НАЗОРАТ КОМИТЕТИНИНГ ҲАЙЪАТИ ВА

УНИ САЙЛАШ ТАРТИБИ


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг ҳайъати


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассисларидан комитет раиси, раис ўринбосари ва Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшиб ҳисоблаганда комитетнинг 9 аъзосидан иборат қилиб сайланади.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетини сайлаш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг аъзолари, раиси, раис ўринбосарини Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ўн йил муддатга сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг шахсий ҳайъати тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Олий Советига Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети фаолиятида узлуксизликни таъминлаш мақсадида ҳар беш йилда унинг ҳайъатининг ярми янгиланади.

Комитетнинг янги сайланган аъзолари сайланган вақтларидан бошлаб ўз лавозимларини эгаллайдилар.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетига сайланган шахсларнинг қасамёди


Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахсларни қасамёд қилдиради.

Қасамёд матни: "Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети аъзосининг зиммамга юкланган вазифаларни виждонан бажаришга, бунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг барча қоидаларига бўйсунишга ва улардан бошқа ҳеч нарсага бўйсунмасликка тантанали қасамёд қиламан".



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетига сайланган шахснинг ваколатларини

муддатидан олдин тўхтатиш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахснинг ваколатлари: унинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги илтимосига биноан; саломатлиги ўз вазифаларини бажаришига тўсқинлик қиладиган даражада ёмонлашганлиги муносабати билан; қасамёдни бузган тақдирда; республикадан ташқарига чиқиб кетган тақдирда; суднинг унга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кириши муносабати билан муддатидан илгари тўхтатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ҳайъатига кирувчи шахснинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раиси тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети сессиялари оралиғидаги даврда Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахснинг ваколатлари у қасамёдни бузган ёки суднинг унга нисбатан чиқарган айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда тўхтатиб турилади. Ваколатни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раиси томонидан қабул қилинади.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетига қўшимча равишда сайлов ўтказиш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ҳайъатига кирган шахс муддатидан олдин чиқиб кетган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ваколатнинг қолган муддатига комитет ҳайъатига бошқа шахсни қўшимча равишда сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ҳайъатига кирган шахс унинг ваколат муддати тугашига бир йилдан камроқ вақт қолганда чиқиб кетган тақдирда унинг ўрнига комитетга янги аъзо сайланмайди.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИОН

НАЗОРАТ КОМИТЕТИ ВАКОЛАТЛАРИ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТ ТАРТИБИ


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитети назорат қиладиган ҳужжатлар


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети:

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети муҳокамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини қараб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг қарорлари ва фармойишлари;

Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг қарорлари ва фармойишлари;

Ўзбекистон Республикасининг ратификация қилиш ёки тасдиқлаш учун тақдим этилган халқаро шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг раҳбарий тушунтиришлари;

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳакамининг норматив тусдаги ҳужжатлари, шунингдек бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ прокурор томонидан назорат қилинмайдиган норматив ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини назорат қилиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг назорат қилиш вазифалари судларнинг ҳукми ва бошқа қарорларига, тергов, прокуратура, давлат ҳакамлиги органларининг гражданлик, жиноий, маъмурий ишларига доир қарорларига тааллуқли эмас.



11-модда. Келишмовчиликларни кўриб чиқиш


Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари қабул қилган ҳужжатлар Конституцияга мувофиқлиги хусусида улар орасида келишмовчилик чиққан ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети исталган баҳслашувчи томоннинг ташаббуси билан ана шу келишмовчиликларни ушбу Қонунда белгилаб қўйилган қоидаларга ва Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Иш тартибига мувофиқ равишда кўриб чиқади.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитети кўриб чиқиши учун масалаларни киритиш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети:


1) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Советида кўриб чиқиш учун киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва ўзга ҳужжатлари лойиҳалари хусусидаги;


2) Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари камида бешдан бир қисмининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қабул қилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва ўзга ҳужжатлар хусусидаги;


3) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари хусусидаги;


4) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг таклифларига биноан - Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари хусусидаги;


5) Ўзбекистон Республикаси Олий Совети топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларининг камида бешдан бир қисмининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советинииг таклифларига биноан - Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома мажбуриятлари ва бошқа мажбуриятлари хусусидаги;


6) Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг топшириғига, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг Ўзбекистон Республикаси Олий Совети доимий комиссиялари, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советининг, Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитети, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Прокурори, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳаками, жамоат ташкилотлари республика органлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг таклифларига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ прокурорлик назорати амалга оширилмайдиган бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг норматив ҳуқуқий ҳужжатлари хусусидаги масалаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан тузиладиган ёки сайлаб қўйиладиган бошқа органларнинг ҳужжатлари, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисидаги масалани ўз ташаббуси билан кўриб чиқишга ҳам ҳақлидир.

Башарти, давлат бошқарув органлари, суд, прокурорлик ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва қонунни қўлловчи органлар, жамоат ташкилотлари ва гражданлар қонун ёки ўзга норматив ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўртасида тафовут борлигинн аниқласалар, бу ҳақда масалани Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетида кўриб чиқиш учун топширишга ваколатли бўлган органга хабар қиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ўз ваколатига мос келмагани учун айрим топшириқлар, таклифлар ва мурожаатларни рад этишга ҳақлидир.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетининг ўз ташаббуси билан масалаларни кўриб

чиқишга қабул қилиши


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети Раиси, раисининг ўринбосари ва Комитет аъзолари Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ўз ташаббуси билан кўриб чиқиши учун масала киритиш ҳуқуқига эгадирлар.

Масалани кўриб чиқиш тўғрисидаги қарор мажлисда қатнашаётган комитет аъзолари кўпчилигининг овози билан қабул қилинади.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг Раиси ва Раис ўринбосари


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Раиси Комитет ишига умумий раҳбарлик қилади, ўз ташаббуси билан ёки Комитетнинг камида уч аъзосининг таклифига кўра комитетнинг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади, шунингдек ушбу Конун билан унинг зиммасига юклатилган бошқа аазифаларни бажаради.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети Раисининг ўринбосари комитет Раиси берган ваколатга мувофиқ, унинг баъзи вазифаларини бажаради ва Раис бўлмаган ҳолларда ёки у ўз вазифаларини бажариш имкониятига эга бўлмаганда унинг ўрнини эгаллаб туради.

Комитет Раиси ва унинг ўринбосари ўз вазифаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда Раис ёки унинг ўринбосари ўз вазифаларини бажариш учун қайтиб келгунга қадар ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Совети янги Раис ва раис ўринбосарини сайлагунга қадар комитет ўз ичидан раис сифатида иш олиб борадиган муваққат Раисни сайлайди.



15-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг аъзолари


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг аъзоси комитет кўриб чиқаётган барча масалаларда ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эгадир.

Комитет аъзоси Комитет ўзи кўриб чиқаётган ҳужжатлар ва ҳужжат лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисидаги масала юзасидан хулоса қабул қилгунга қадар, комитет аъзоси бу ҳақдаги ўз фикрини кўпчилик олдида айтиш ҳуқуқига эга эмас.



16-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетида масалани кўриб чиқишга тайёрлаш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Раиси масалани комитет мажлисида кўриб чиқишга тайёрлашни комитетнинг бир ёки бир неча аъзосига топширади ва топшириқни бажариш муддатини белгилаб қўяди, бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак.

Масалани тайёрлаш давомида комитет аъзолари:

давлат органлари ва жамоат ташкилотларидан ушбу масалага тааллуқли ҳар қандай ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олишга;

тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари мансабдор шахсларининг изоҳларини тинглашга;

маслаҳатчи сифатида олимларни ва амалиётчи ходимларни жалб қилишга ҳақлидирлар.

Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари мансабдор шахсларининг талаб қилинаётган ҳужжатлар ва ўзга маълумотларни комитетга тақдим этишдан бош тортиши, шунингдек била туриб сохта маълумот бериши қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишларига сабаб бўлади.



17-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетининг масалани кўриб чиқиши


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Раиси масалани кўриб чиқишга тайёрлаш тугаллангандан кейин бир ой ичида комитет мажлисига масалани қўяди. Комитет хулосасининг лойиҳаси ҳамда унга тааллуқли бўлган материаллар мажлис қатнашчиларига мажлис бўладиган кундан камида ўн беш кун олдин юборилади.

Комитетга сайланган кишиларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, мажлис қонуний кучга эга бўлади.

Комитет мажлислари очиқ ўтказилади. Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган ҳоллардагина ёпиқ мажлис ўтказилишига йўл қўйилади.

Комитет мажлисида ушбу масала кўриб чиқилишида ташаббускор бўлган органнинг вакили, ҳужжатни чиқарган ёки ҳужжат лойиҳасини тақдим этган органнинг вакили қатнашишга ҳақлидир.

Комитет мажлисида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети доимий комиссияларининг раислари;

Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг Раиси;

Ўзбекистон Республикаси Халқ назорати комитетининг раиси;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Прокурори, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ҳаками, Ўзбекистон Республикаси Адлия министри иштирок этиши мумкин.

Раислик қилувчи ёки унинг топшириғи билан комитет аъзоларидан бири кўриб чиқилаётган масаланинг моҳиятини баён қилиб беради.

Ушбу масаланинг кўриб чиқилишида ташаббускор бўлган органнинг ва ҳужжатни қабул қилган ёки ҳужжат лойиҳасини тақдим этган органнинг вакили кўриб чиқилаётган масала юзасидан ўз фикрини баён этишга ҳақлидир. Комитетнинг қарорига биноан мажлисда бошқа шахсларнинг фикри ҳам тингланиши мумкин.

Комитет хулоса қабул қилиш учун кенгаш ўтказади, унда фақат комитет ҳайъатига кирган аъзоларгина қатнашадилар.

Комитетнинг хулосаси очиқ мажлисда эълон қилинади ва босиб чиқарилиши шарт.



18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг хулосаси


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг хулосасида кўриб чиқилаётган ҳужжатнинг, ҳужжат лойиҳаси ёки унинг айрим қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларига, тегишли ҳолларда эса Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мослиги ёки мос эмаслиги кўрсатилган бўлади. Хулоса далил-исботли бўлиши керак. Комитет хулосаси комитет ҳайъатига кирган шахсларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бу шахслар овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмаслар. Овозлар баравар бўлган тақдирда комитет Раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Алоҳида фикрга эга бўлган комитет аъзоси ўз фикрини ёзма равишда баён қилиши мумкин. Бундай ҳолда комитет аъзосининг алоҳида фикри комитет хулосасига мустақил қисм тарзида киритилади.



19-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетининг хулосаларини Ўзбекистон Республикаси

Олий Советига юбориш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Ўзбекистон Республикаси Олий Совети муҳокамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қабул қилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар хусусидаги, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунларига доир хулосалари Ўзбекистон Республикаси Олий Советига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг ушбу моддада кўрсатилган хулосаларини қабул қилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қабул қилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва ўзга ҳужжатларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ёки унинг айрим қоидаларининг амал қилишини тўхтатиб қўймайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қабул қилган ҳужжат, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ёки унинг айрим қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мос эмаслиги тўғрисидаги хулосаси Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сони учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг қарори билан рад этилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг хулосаси Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг яқин вақт ичида бўладиган мажлисида муҳокамага ва овозга қўйилади.



20-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетининг хулосасининг ҳужжатни чиқарган

идорага юборилиши


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг хулосаси барча ҳолларда бу хулоса қайси ҳужжат хусусида чиқарилган бўлса, шу ҳужжатни қабул қилган органга; масалани кўриб чиқишда ташаббускор бўлган органга ва айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раисига юборилади.



21-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки

Ўзбекистон Республикаси қонунига мос келмайдиган

ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш

ёки унинг ўз кучини йўқотиши


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг ҳужжат ёки унинг айрим қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунига мос эмаслиги тўғрисида қабул қилган хулосаси, ушбу Қонуннинг 19-моддасида кўзда тутилган хулосалардан ташқари, ҳужжатнинг бутунлай ёки унинг айрим қисмининг амал қилиниши мазкур номувофиқлик тугатилгунга қадар тўхтатиб қўяди.

Ҳужжат ёки унинг айрим қоидаларини қўллаш мумкин эмаслиги ҳақидаги хабар амал қилиши тўхтатиб қўйилган ҳужжат қандай тартибда эълон қилинган ва тарқатилган бўлса, худди шу тартибда эълон қилинади ва тарқатилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг муайян норматив ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг айрим қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳам иштирок этаётган халқаро ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиши қайд этилган хулосаси комитет хулоса қабул қилган пайтдан бошлаб бундай ҳужжат ёки унинг айрим қоидалари ўз кучини йўқотишига сабаб бўлади.



22-модда. Ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси

Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси

Қонунига номувофиқлигини бартараф этиш


Ҳужжатни қабул қилган орган Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг хулосасида кўрсатилган ҳужжат ёки унинг айрим қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ёки Ўзбекистон Республикаси қонунига номувофиқлигини икки ой ичида бартараф этади. Зарур ҳолларда номувофиқликни бартараф этиш муддатини Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Раиси узайтириши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган муддат тугаганидан кейин, башарти номувофиқлик бартараф этилмаса, комитет тегишли бўлишига караб Ўзбекистон Республикаси Олий Советига ёки Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советига уларга бўйсунувчи орган ёки мансабдор шахснинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси қонунига мос келмайдиган ҳужжатини ёхуд ҳужжатнинг айрим қоидаларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг комитет хулосасини рад этиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сони учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади. Агар комитет хулосасини рад этиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий Советида овозларнинг зарур сонини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёки Ўзбекистон Республикаси Қонунига мос келмайдиган ҳужжат ёки унинг айрим қоидалари ўз кучини йўқотади.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетининг қонун лойиҳаларини таклиф қилиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети қонун лойиҳаларини таклиф қилиш ҳуқуқига эгадир.

Агар комитет Ўзбекистон Республикаси Констнтуцияси қоидаларига риоя этилишига тегишли қонун ҳужжатларининг йўқлиги тўсқинлик қилаётганлигини аниқласа, шунингдек бошқа ҳолларда у Ўзбекистон Республикаси Олий Советига ана шундай ҳужжатни тайёрлаш ва қабул қилиш зарурлиги тўғрисида тақдимнома киритади.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИОН

НАЗОРАТ КОМИТЕТИГА САЙЛАНГАН

ШАХСЛАРНИНГ МАҚОМИ


24-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетига сайланган шахсларнинг мустақиллиги


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахслар ўз вазифаларини бажариш чоғида мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўйсунадилар. Улар ҳеч қандай давлат идоралари ва жамоат ташкилотларидан, мансабдор шахслардан кўрсатма сўрамасликлари ва олмасликлари лозим.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетига сайланган шахснинг мақоми бошқа органлар

ҳайъатига киришга мувофиқ келмаслиги


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахс айни бир вақтда халқ депутати бўла олмайди, ҳужжатлари комитет томонидан назорат қилинадиган органлар ҳайъатига кира олмайди.



26-модда. Давлат органларининг мажлисларида

ҳозир бўлиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Раиси, раис ўринбосари ва комитет аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг мажлисларида иштирок этишга ҳақлидирлар.



27-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат

комитетига сайланган шахсларнинг дахлсизлиги


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахс комитетнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки уларга нисбатан суд йўли билан маъмурий жазо чоралари кўрилиши мумкин эмас. Розилик бериш тўғрисидаги қарор яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети ҳайъати учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетига сайланган шахс комитетда ишни кўриб чиқиш чоғида билдирган фикри ёки овоз берганлиги учун бирор жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.



V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИОН

НАЗОРАТ КОМИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА КОМИТЕТ ФАОЛИЯТИНИНГ

ЎЗГА МАСАЛАЛАРИ


28-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг иш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети комитетнинг Иш тартибини қабул қилади.



29-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцнон

назорат комитетининг хулосалари ва ўзга

материалларини эълон қилиш


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг хулосалари ва ўзга материаллари "Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ахборотномаси"да эълон қилинади.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг Секретариати


Ахборот ва маълумот билан таъминлаш ва бошқа ёрдамчи ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Секретариати бажаради. Комитет Секретариати тўғрисидаги Низомни, унинг структураси ва штатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитети тасдиқлайди.



31-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцион

назорат комитетининг муҳри


Ўзбекистон Республикаси Конституцион назорат комитетининг Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат герби тасвирланган ҳамда ўзбек ва рус тилларида ўз номи кўрсатилган муҳри бўлади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.

"Қорақалпоғистон Республикаси" номи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқ келтирилган.



















































Время: 0.1872
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск