Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Баҳолаш фаолияти /

9-сон МБМС "Бизнес қийматини баҳолаш"ни қўллаш бўйича услубий кўрсатмалар (АВ томонидан 28.10.2009 й. 2026-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулки қўмитасининг 06.10.2009 й. 01/19-18/19-сон қарори билан тасдиқланган Мулкни баҳолаш 9-сон Миллий стандарти (МБМС)га илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 28 октябрда 2026-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулки қўмитасининг

2009 йил 6 октябрдаги

01/19-18/19-сон қарори билан тасдиқланган

Мулкни баҳолаш 9-сон Миллий стандарти

(МБМС)га

ИЛОВА


9-сон МБМС "Бизнес қийматини

баҳолаш"ни қўллаш бўйича

УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАР


9-сон МБМСни қўллаш бўйича услубий кўрсатмалар (кейинги ўринларда услубий кўрсатмалар деб юритилади) 9-сон МБМСни амалда қўллаш мақсадида ишлаб чиқилган.



I БОБ. АТАМАЛАР ВА ТУШУНЧАЛАР


1. Услубий кўрсатмаларда қуйидаги атамалар ва тушунчалардан фойдаланилади:


таваккалсиз ставка - инвестор фойдалана оладиган, қўйилмаларнинг суммалари ва муддатлари бўйича баҳоланаётган объект билан қиёсий бўлган, таваккалчиликнинг миллий иқтисодиёт учун энг паст даражаси билан тавсифланадиган даромад ставкаси;


гудвилл - корхонадан алоҳида идентификация қилиниши ва баҳоланиши мумкин бўлмаган омиллар (корхона номи ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг машҳурлиги, муайян обрў ва ишга доир алоқалар мавжудлиги, жойлашган ер ва бошқа шунга ўхшаш омиллар) таъсирида вужудга келадиган номоддий актив;


ишлаб турган корхона - номуайян вақт мобайнида фаолият кўрсатиши тахмин қилинаётган корхона;


номунтазам таваккалчилик - корхона фаолиятининг инвестициялаш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган ички омиллари билан боғлиқ бўлган, диверсификация йўли билан пасайтирса бўладиган таваккалчилик;


таваккалчилик учун мукофот - таваккалчиликни акс эттириш учун таваккалсиз ставкага қўшиладиган даромад ставкаси;


мунтазам таваккалчилик - макроиқтисодий омиллар таъсирида бутун бозор конъюнктурасининг ўзгаришлари билан боғлиқ бўлган, диверсификация йўли билан бартараф этиб бўлмайдиган таваккалчилик.



II БОБ. БАҲОЛАШГА ОИД ВАЗИФАНИ АНИҚЛАШ


2. Баҳолашга оид вазифани белгилашда баҳоловчи баҳолаш санаси баҳолаш мақсадларидан келиб чиқиб белгиланишини ҳисобга олиши лозим. Баҳоловчи фақат баҳолаш санасида мавжуд бўлган ҳолатларни ва баҳолаш санасига қадар юз берган воқеаларни эътиборга олиши керак. Бизнесни баҳолашда баҳолаш санаси, қоида тариқасида, баҳолаш ўтказилишини белгилаган воқеа юз бергунга қадар тузилган сўнгги молиявий ҳисобот санаси билан мос келади. Баҳолаш санаси (молиявий ҳисобот тузилган сана билан мос келмайдиган) оралиқ санага белгиланиши ҳам мумкин.


3. Баҳолаш объектига нисбатан учинчи шахсларнинг ҳужжат билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқлари, мазкур объектдан фойдаланишда чеклашлар ва унга доир мажбуриятлар бўлмаган ҳолда, унинг қийматини баҳоловчи, агар баҳолашга оид вазифада ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, кўрсатилган ҳуқуқлар, чеклашлар ва мажбуриятлар йўқлиги ҳақидаги фараздан келиб чиқиб аниқлайди.


4. Баҳолаш объектининг бозор қийматини аниқлашга қаратилган бизнесни ёки ундаги улушни баҳолашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

ишлаб турган корхона ёки корхонадаги мулк улуши билан олди-сотди қилиш;

бошқарув қарорлари қабул қилиш;

қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш);

корхона ўз акцияларини қайтариб сотиб олиши;

бошқа ташкилотнинг устав фондига акциялар пакетини киритиш.

Норматив ҳужжатлар ёки баҳолашга оид вазифада бозор қийматини аниқлашга қаратилган баҳолашнинг бошқа мақсадлари белгиланиши ҳам мумкин.


5. Бизнес ёки ундаги улуш қийматини баҳолашда аниқланиши мумкин бўлган қийматнинг бозор қийматидан бошқа турларига қуйидагилар киради:

инвестиция қиймати - белгиланган ёки берилган инвестициялаш мақсадларида баҳолаш объектининг конкрет инвестор ёки инвесторлар гуруҳи учун қиймати. Инвестиция қиймати баҳолаш вақтида инвестор томонидан баҳолаш объекти билан боғлиқ инвестицияга оид қарорлар қабул қилиш мақсадида аниқланади;

тугатиш қиймати - мажбурловчи ҳолатлар мавжудлиги туфайли баҳолаш объекти қисқа вақт ичида реализация қилиниши лозим бўлган ҳолда баҳолаш объектининг қиймати. Тугатиш қиймати баҳолаш вақтида корхонани тугатиш мақсадида аниқланади.



III БОБ. АХБОРОТ ЙИҒИШ ВА УНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ


6. Баҳолаш ёндашувлари ва усулларининг танланиши ва қўлланишини асослаш учун баҳоловчи баҳолаш объектини таҳлил қилишни амалга оширади. Баҳолаш объектини таҳлил қилиш учун зарур ахборот тури ва ҳажми баҳоловчи томонидан баҳолаш мақсади, аниқланаётган қиймат тури, баҳолаш объектининг хусусиятлари, фаразлар ва чекловчи шартларга қараб аниқланади.


7. Баҳоловчи йиғилган баҳоланаётган корхона ҳақидаги ахборот асосида:

корхонанинг ривожланиш тенденцияларини аниқлайди;

даромадларни прогноз қилади;

баҳоланаётган бизнесга хос бўлган номунтазам таваккалчилик омилларини аниқлайди.


8. Баҳоловчи макроиқтисодий ахборотни таҳлил қилиш чоғида ўрганиши ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтириши лозим бўлган асосий кўрсаткичларга қуйидагилар киради:

иқтисодий ўсиш (ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш) суръатлари;

саноат ишлаб чиқариши ҳажми;

инфляция даражаси;

миллий валютанинг айирбошлаш курси;

фоиз ставкалари даражаси;

фонд бозори кўрсаткичлари;

солиқ солиш структураси.

Баҳолаш объектининг хусусияти ва баҳолаш мақсадларига қараб баҳоловчи макроиқтисодий кўрсаткичларнинг мазкур рўйхатини кенгайтириши мумкин.


9. Баҳоловчи баҳолаш объекти мансуб бўлган бозорни аниқлаши ва уни таҳлил қилиши лозим. Таҳлил қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтириш талаб этиладиган бозорга оид асосий кўрсаткичларга қуйидагилар киради:

баҳолаш объекти мансуб бўлган тармоқнинг ўсиш суръатлари;

тармоқдаги даромаддорликнинг ўртача кўрсаткичлари;

эҳтимол тутилган инвесторлар учун тармоқнинг жалб қилувчанлиги;

тармоқнинг ривожланиш имкониятлари;

тармоқни сегментларга ажратиш ва баҳоланаётган корхона мансуб бўлган сегментни аниқлаш;

тармоқнинг норматив-ҳуқуқий тартибга солиниши ва тармоқда корхоналар фаолияти учун ўзига хос чеклашлар.

Бозорга оид ахборот таҳлили натижаларига кўра баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда бозорнинг мазкур сегментини тавсифловчи қуйидаги параметрлар бўйича хулосалар акс эттирилиши лозим:

нархлар динамикаси;

асосий рақиблар;

корхонанинг тармоқдаги ўрни;

компаниянинг имкониятлари.


10. Қуйидагилар молиявий ҳисобот маълумотларини таҳлил қилишнинг асосий турлари ҳисобланади:

ягона базага мувофиқ таҳлил (вертикал таҳлил). Ушбу мақсадда бухгалтерия баланси моддалари активлар суммасига нисбатан фоиз ҳисобида, молиявий натижалар ҳақидаги ҳисобот моддалари эса - даромадларнинг умумий суммасига нисбатан фоиз ҳисобида ифодаланади;

горизонтал таҳлил. У давр мобайнида молиявий ҳисобот кўрсаткичлари ўзгаришининг таҳлилини назарда тутади. Таҳлил қилиш талаб этиладиган асосий кўрсаткичларга реализациядан келган тушумнинг ўсиш суръатлари, даромаднинг ўсиш суръатлари ва активларнинг ўсиш суръатлари киради;

молиявий коэффициентлар таҳлили. У ҳисобланган коэффициентларни норматив кўрсаткичлар, бошқа корхоналарнинг коэффициентлари билан ёки тармоққа оид ўртача кўрсаткичлар билан таққослашни амалга ошириш имкониятини беради.

Корхонани баҳолашда молиявий коэффициентларнинг қуйидаги асосий гуруҳлари ҳисобланади:

корхонанинг иш фаоллигини тавсифлайдиган айланувчанлик коэффициентлари;

корхона ишининг даромаддорлигини, харажатларнинг иқтисодий самара бериш даражасини ва маблағлардан фойдаланиш даражасини тавсифлайдиган, шунингдек корхона соф ёки операцион даромадининг корхона фаолиятининг у ёки бу параметрига нисбатини акс эттирадиган даромаддорлик ва рентабеллик коэффициентлари;

корхонани молиялаштириш манбаларида хусусий ва жалб қилинган маблағлар нисбатини акс эттирадиган ва корхонанинг кредиторлардан молиявий мустақиллиги даражасини ва унинг узлуксиз ишлаб чиқариш жараёнини таъминлаш учун тўловлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш қобилиятини тавсифлайдиган молиявий барқарорлик коэффициентлари;

корхонанинг қисқа муддатли даврдаги тўлов қобилиятини ва унинг бозор конъюнктурасидаги тезоқар ўзгаришларга дош бериш қобилиятини тавсифлайдиган ликвидлик коэффициентлари.

Баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб баҳоловчи кўрсатилган гуруҳларда фойдаланиладиган коэффициентлар сони ва турини мустақил аниқлайди, шунингдек бошқа мос келувчи коэффициентларни ҳисоблаши мумкин.


11. Зарур ҳолда баҳоловчи молиявий ҳисоботни меъёрга солишни, яъни корхона молиявий ҳисоботини баҳолаш жараёнида фойдаланилиши мумкин бўлган баҳолаш балансларига ва молиявий натижалар ҳақидаги ҳисоботларга қайта баҳолашни амалга оширади.

Қуйидагилар асосий меъёрга соладиган тузатишлар ҳисобланади:

бухгалтерия баланси маълумотларига корхона активлари ва мажбуриятларининг бозор қийматини олиш учун зарур бўлган тузатишлар;

молиявий натижалар ҳақидаги ҳисобот маълумотларига баҳоланаётган корхонага хос бўлмаган даромадлар ва харажатларга тегишли бўлган тузатишлар.

Меъёрга солиш натижасида корхона молиявий ҳисоботи маълумотлари:

тармоқнинг ўхшаш корхоналари ёки тармоққа оид ўртача кўрсаткичлар билан қиёсий бўлиши;

корхона пул оқимларини прогноз қилишда фойдаланиш учун яроқли бўлиши лозим.

Меъёрга солинган молиявий ҳисобот (баҳолаш баланслари ва молиявий натижалар ҳақидаги ҳисоботлар)дан фақат баҳолаш мақсадида фойдаланилади.


12. Корхона молиявий ҳисоботи маълумотлари таҳлилининг натижалари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилади ва қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

баҳолаш санасига қадар сўнгги уч йил учун бухгалтерия баланслари таҳлилининг натижалари изоҳлар ва хулосалар билан;

баҳолаш санасига қадар сўнгги уч йил учун молиявий натижалар ҳақидаги ҳисоботлар таҳлилининг натижалари изоҳлар ва хулосалар билан;

баҳолаш санасига қадар сўнгги уч йил учун молиявий коэффициентларнинг асосий гуруҳлари бўйича якуний ҳисоб-китоблар.



IV БОБ. БАҲОЛАШ ЁНДАШУВЛАРИ ВА УСУЛЛАРИНИ

ТАНЛАШ, АСОСЛАШ ВА ҚЎЛЛАШ


1-§. Даромадга оид ёндашув


13. Баҳолаш объекти қиймати пул оқимларини дисконтлаш усули (кейинги ўринларда матнда ПОД усули деб юритилади) ёрдамида баҳолаш объектидан прогноз даврида кутилаётган пул оқимларининг жорий қийматлари ва баҳолаш объектининг прогноз давридан кейинги жорий қийматини қўшиш йўли билан аниқланади. Бунда, кўрсатилган қийматлар баҳолаш санасидаги дисконтлаш ставкаси бўйича келтирилади.

Баҳолаш объектининг жорий қийматини ПОД усули билан ҳисоблаш формуласи, пул оқимлари прогноз даврининг ҳар бир йили охирида тушади деб фараз қилинганда, қуйидаги кўринишга эга бўлади:

PV - жорий қиймат;

i - прогноз даври йилининг рақами;

n - прогноз даврининг охирги йили;

CFi - прогноз даври i-йилининг пул оқими;

D - дисконтлаш ставкаси;

FV - баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги қиймати.

Пул оқимлари йил ўртасида тушади деб фараз қилинганда (улар йил мобайнида мутаносиб равишда тушганда) i ўрнига даража кўрсаткичи i-0,5, n ўрнига тегишинча n-0,5 ишлатилади.


14. Баҳолаш объекти қийматини ПОД усули билан баҳолашда баҳолаш мақсади, баҳолаш объектининг хусусияти ва капитал тузилишига қараб хусусий ёки инвестицияланган капиталга олинган, солиқ тўлангунга қадар ёки солиқ тўланганидан кейинги ҳолатга кўра номинал ёки реал суммаларда ҳисобланган пул оқимлари қўлланилади.

Корхона хусусий капитали ёки ундаги мулк улуши қийматини баҳолаш учун қўлланиладиган пул оқимининг асосий тури хусусий капиталга олинган соф пул оқими бўлиб, у қуйидаги тартибда ҳисобланади:

соф даромад;

плюс амортизация ажратмалари;

плюс (минус) хусусий айланма капиталнинг камайиши (кўпайиши);

плюс (минус) активларнинг сотилиши (капитал қўйилмалар);

минус имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар;

плюс (минус) узоқ муддатли қарзларнинг кўпайиши (камайиши).

Корхона капиталининг тузилишида жалб қилинган капитал улуши анча кўп (30 фоиздан ортиқ) бўлса, инвестицияланган капиталга олинган соф пул оқими қўлланилади ва у қуйидаги тартибда ҳисобланади:

соф даромад;

плюс амортизация ажратмалари;

плюс (минус) хусусий айланма капиталнинг камайиши (кўпайиши);

плюс (минус) активларнинг сотилиши (капитал қўйилмалар);

плюс узоқ муддатли қарзлар бўйича илгари соф даромадни ҳисоблаш вақтида чегириб ташланган фоизларни тўлаш;

минус даромад солиғининг тўланган фоизлар суммасига тўғри келадиган қисми.


15. Даромадларни прогноз қилишда баҳоловчи қуйидаги омилларни ўрганади ва ҳисобга олади:

чиқарилаётган маҳсулот ассортименти;

ишлаб чиқариш ҳажмлари ва маҳсулот нархлари;

чиқарилаётган маҳсулотга бўлган талаб;

инфляция суръатлари (номинал пул оқими учун);

корхонанинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари;

капитал қўйилмаларни амалга ошириш режаси ва оқибатлари;

талаб имкониятларини белгилайдиган иқтисодиётдаги умумий вазият;

тармоқдаги вазият ва рақобат;

баҳоланаётган корхонанинг бозордаги улуши;

прогноз даври тугаганидан сўнг даромадларнинг ўсиш суръатлари.

Харажатларни прогноз қилишда баҳоловчи:

харажатлар тузилишини, ўзгармас ва ўзгарувчи харажатлар нисбатини таҳлил қилади;

бир марталик ва фавқулодда харажатлар моддаларини аниқлайди;

амортизацияланадиган активлар мавжудлигидан, уларнинг бўлғуси кўпайиши ва ҳисобдан чиқарилиши прогнозидан келиб чиқиб, амортизация ажратмалари миқдорини аниқлайди;

жалб қилинган маблағлар бўйича фоиз тўловлари миқдорини бу маблағларнинг прогноз қилинаётган миқдорига мувофиқ аниқлайди;

корхонанинг асосий воситалар ва айланма активларга бўлган эҳтиёжини прогноз қилади;

корхона хусусий айланма капиталининг ортиқчалиги ёки тақчиллигини ҳисоблайди;

узоқ муддатли қарзлар ҳажмининг ўзгаришларини ҳисоблайди (хусусий капиталдан олинадиган пул оқими учун).


16. Дисконтлаш ставкасини ҳисоблаш учун, пул оқими турига қараб, қуйидаги усулларнинг биридан фойдаланилиши мумкин:

хусусий капиталдан олинадиган пул оқими учун - капитал активларни баҳолаш усули, кумулятив тузиш усули ва дисконтланган пул оқимини таҳлил қилиш усулидан;

инвестицияланган капиталдан олинадиган пул оқими учун - капиталнинг ўртача ўлчанган қиймати моделидан.

Дисконтлаш ставкасини ҳисоблаш қўлланилаётган (солиқ тўлангунга қадар ёки солиқ тўланганидан кейинги) пул оқимига мос келадиган асосда, қийматда (номинал ёки реал қийматда) ва ҳисоблаш валютасида амалга оширилиши лозим.


17. Дисконтлаш ставкасини капитал активларни баҳолаш усули билан ҳисоблаш фонд бозорининг эркин муомаладаги акциялар даромаддорлик даражасининг ўзгаришига доир ахборотини таҳлил қилиш асосида, қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:


D = Rf + B (Rm - Rf) + S1 + S2 + C, бу ерда:


D - дисконтлаш ставкаси;

Rf - таваккалсиз ставка;

B - бета коэффициенти, мунтазам таваккалчилик кўрсаткичи бўлиб, фонд бозорининг умумий даромаддорлик даражасига нисбатан конкрет корхона акциялари умумий даромаддорлик даражасининг ўзгаришини акс эттиради;

Rm - бозорнинг умумий даромаддорлик даражаси (даромаддорликнинг бозордаги ўртача меъёри);

S1 - кичик корхоналарга таваккалчилик учун мукофот бўлиб, у устав фонди миқдори йирик корхоналар билан таққосланганда унча катта бўлмаган корхоналарнинг паст даражадаги кредит қобилияти ва молиявий барқарорлиги билан белгиланади;

S2 - конкрет корхонага инвестициялар қилиш таваккалчилиги учун мукофот (номунтазам таваккалчиликлар);

С - мамлакатга оид таваккалчилик бўлиб, у фақат капитал активни баҳолаш усули бўйича ҳисоблаш формуласининг барча элементлари сифатида бошқа мамлакатлар бозорига оид маълумотлардан фойдаланилганида ҳисобга олинади.


18. Дисконтлаш ставкасини кумулятив тузиш усули ёрдамида ҳисоблаш даромад таваккалсиз ставкаси ва баҳоланаётган корхонага инвестициялар қилиш таваккалчилиги учун мукофотларни қўшиш йўли билан, қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:


D = Rf + RPm + RPs + RPu, бу ерда:


D - дисконтлаш ставкаси;

Rf - таваккалсиз ставка;

RPm - таваккалсиз инвестициялар билан таққослаганда, акцияларга қўйилмалар таваккалчилиги учун мукофот;

RPs - кичик корхоналарга таваккалчилик учун мукофот;

RPu - конкрет корхона ёки тармоққа хос бўлган таваккалчилик учун мукофот бўлиб, унинг доирасида таваккалчиликнинг қуйидаги омиллари баҳоланиши мумкин:

етакчи шахсга боғлиқлик;

корхонани молиялаштириш манбалари;

товарга оид ва ҳудудий диверсификация;

мижозларнинг диверсификацияланганлиги;

баҳоланаётган корхонага хос бўлган бошқа таваккалчиликлар.


19. Дисконтлаш ставкасини пул оқими дисконтланган усули ёрдамида ҳисоблаш баҳолаш объектининг жорий қийматини ПОД усули билан ҳисоблаш формуласида дисконтлаш ставкаси қийматини, қолган параметрлар маълум бўлганда, мазкур формула элементларининг тенглигига эришгунга қадар олдинма-кетин ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.


20. Дисконтлаш ставкасини капиталнинг ўлчанган ўртача қиймати усули ёрдамида ҳисоблаш хусусий капитал ва жалб қилинган маблағларга иқтисодий самара олишнинг ўлчанган ставкаларини қўшиш йўли билан (бу ерда ўлчовлар сифатида хусусий ва жалб қилинган маблағларнинг капитал таркибидаги улушлари амал қилади), қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:


WACC = kd(1 - tc)wd + kpwp + ksws, бу ерда:


kd - жалб қилинган маблағлар бўйича банк фоиз ставкаси;

tc - корхонанинг даромад солиғи ставкаси;

kp - имтиёзли акциялар бўйича даромад ставкаси;

ks - оддий акциялар бўйича даромад ставкаси;

wd - корхона капитали таркибида жалб қилинган капитал улуши;

wp - корхона капитали таркибида имтиёзли акциялар улуши;

ws - корхона капитали таркибида оддий акциялар улуши.


21. Дисконтлаш ставкасини ҳисоблаш усулининг танланиши ва ҳисоблашда олинган қийматлар ва фаразлар баҳоловчи томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда асослантирилиши лозим.


22. Баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги қиймати қуйидаги усуллардан бири ёрдамида ҳисобланади:

эскириш ва капитал қўйилмаларнинг қийматлари тенг деб фараз қилинганда, прогноздан кейинги даврда барқарор даромадлар олиш прогнозига асосланган Гордон модели ёрдамида:

FV =

CF(t + 1)

, бу ерда:

D - g

FV - баҳолаш объектининг прогноз даври тугагандан кейинги қиймати;

CF(t+1) - прогноздан кейинги даврнинг биринчи йили учун пул оқими;

D - дисконтлаш ставкаси;

g - сотув пул оқимининг ўсиш суръати;

мўлжалланаётган сотув, у баҳолаш объектини сотиш мажбурияти мавжуд бўлган ёки бундай сотиш муайян турдаги бизнесга хос бўлган ҳолда қўлланилади. Сотув нархини ҳисоблаш пул оқимини қиёсий баҳолаш объектлари сотувларига доир;

соф активлар қийматига доир;

тугатиш қийматига доир маълумотлар таҳлили асосида олинган коэффициентлар ёрдамида қиймат кўрсаткичларига қайта ҳисоблашдан иборат.


23. Баҳолаш объектининг жорий қиймати ПОД усули билан прогноз даври пул оқимларининг жорий қийматлари ва баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги жорий қиймати йиғиндиси сифатида ҳисобланади.

Баҳолаш объектининг бозор қийматини олиш учун қуйидаги тузатишларни киритиш талаб этилади:

пул оқимини шакллантиришда ишга солинмаган активларнинг (агар улар мавжуд бўлса) қиймати қўшилади;

хусусий айланма капиталнинг ортиқча қисми қўшилади (тақчиллиги айирилади);

агар корхона хусусий капиталининг қийматини ҳисоблаш учун инвестицияланган капиталга олинган пул оқимидан фойдаланилаётган бўлса, узоқ муддатли қарзлар миқдори айириб ташланади.

Баҳолаш объекти бизнесдаги мулк улуши бўлган ҳолда ҳам баҳоловчи назорат ва ликвидлик даражасига қараб тузатишлар киритади.

Бозор ахбороти мавжуд бўлмаганда, назорат элементлари йўқлигига чегирмалар қуйидагича ҳисобланади:

        

Баҳоланаётган акциялар

пакети миқдори, %


Назорат элементлари

йўқлигига чегирма, %


100 дан 75 гача + 1 оддий  акция


0

75 дан 50 гача +1 оддий акция


5

50 дан 25 гача +1 оддий акция


10

25 дан 10 гача +1 оддий акция


15

10 ва ундан кам


20

24. Баҳолаш объекти қийматини даромадни капиталлаштириш усули ёрдамида аниқлаш айрим давр (одатда - бир йил) мобайнида олинган даромад миқдорини шу даромадга мувофиқ бўлган капиталлаштириш ставкасига бўлиш йўли билан, қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:

PV =

CF

, бу ерда:

R

PV - жорий қиймат;

CF - йил (ёки бошқа танланган давр) мобайнида олиш кутилаётган даромад;

R - капиталлаштириш ставкаси.


25. Капиталлаштирилиши лозим бўлган даромад миқдори қуйидаги усуллардан бири билан ҳисобланади:

жорий даромадлар усули билан - капиталлаштирилиши лозим бўлган даромад миқдори сифатида сўнгги ҳисобот даври кўрсаткичлари олинади;

даромаднинг оддий ўртача миқдорини ҳисоблаш усули билан - кутилаётган даромад миқдори ретроспектив даврдаги даромаднинг ўртача миқдорига тенг деб олинади;

даромаднинг ўлчанган ўртача миқдорини ҳисоблаш усули билан - кутилаётган даромад миқдори ретроспектив даврдаги даромаднинг ўлчанган ўртача миқдорига тенг деб олинади, бунда даромадни олиш даври баҳолаш санасига қанча яқин бўлса, унинг кўрсаткичи вазни шунча салмоқли бўлади;

мавжуд тенденциялар давом этади деган фаразга асосланган тренд (статистик усул) билан охирги уч йил учун ретроспектив маълумотларга асосланиб тренд тузиш ва қуйидаги формуладан фойдаланишни назарда тутади:


y = a + bxn +1, бу ерда:


y - прогноздан кейинги даврнинг биринчи йилидаги даромад миқдори;

xn+1 - прогноздан кейинги даврнинг биринчи йилига мос келадиган давр рақами;

a ва b - аниқланиши лозим бўлган номаълум ўзгарувчилар.

n - ўтган даврлар сони;

х - давр рақами.

26. Капиталлаштириш ставкаси қуйидаги усуллардан бири билан аниқланади:

баҳолаш объектига ўхшаш объектларнинг даромадлари миқдорлари ва сотув нархлари ҳақидаги бозор ахбороти таҳлилига асосланган бозор экстракцияси усули билан;

дисконтлаш ставкасидан баҳолаш объектидан олинган даромадлар ўсишининг йиллик ўртача суръатини айириш йўли билан.

Капиталлаштириш ставкаси бозор экстракцияси усули билан қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

R0 - баҳолаш объекти учун капиталлаштириш ставкаси;

n - ўхшаш объектлар сони;

Ki - i-ўхшаш объектнинг ўлчов коэффициенти;

Ri - i-ўхшаш объект учун Ri = Ii / Vi формуласи билан аниқланадиган капиталлаштириш ставкаси;

Ii - i-объектнинг баҳолаш объектининг капиталлаштирилаётган турдаги даромадига мос келадиган даромади;

Vi - i- объектнинг сотув нархи.

Капиталлаштириш ставкасининг дисконтлаш ставкаси билан ўзаро алоқаси қуйидаги формула билан ифодаланади:


R0 = D - g, бу ерда:


D - дисконтлаш ставкаси;

g - ўсиш суръатлари.

Баҳоловчи даромаднинг ўсиш суръатлари йўқлигини прогноз қилган бўлса, капиталлаштириш ставкаси миқдор жиҳатидан дисконтлаш ставкасига тенглаштирилади.


27. Баҳолаш объектининг жорий қиймати капиталлаштириш усули ёрдамида йил (ёки бошқа давр) мобайнида олиниши кутилаётган даромад миқдорини капиталлаштириш ставкасига бўлиш йўли билан ҳисобланади.

Баҳолаш объектининг бозор қийматини олиш учун пул оқимларини шакллантиришда ишга солинмаган активларнинг (агар улар мавжуд бўлса) бозор қийматини қўшиш лозим.

Агар баҳолаш объекти бизнесдаги мулк улуши бўлса баҳоловчи назорат ва ликвидлик даражасига тузатишлар киритади.

Агар бутун инвестиция қилинган капиталга пул оқими (даромад) баҳолаш базаси бўлса, 100 фоиздан кам бўлган акциялар пакетини баҳолашда акциялар пакетининг тегишли миқдори учун назорат элементлари йўқлигига чегирма қўлланилади.

Агар 1 дона оддий акцияга пул оқими (даромад) баҳолаш базаси бўлса, акциялар пакетининг тегишли миқдорига назорат элементлари мавжудлигига мукофот қўлланилади.

Бозор ахбороти мавжуд бўлмаганда, назорат элементлари йўқлигига (мавжудлигига) чегирмалар (мукофотлар) қуйидаги тарзда ҳисобланади:

Баҳоланаётган акциялар

пакети миқдори, %


Чегирма, %

Мукофот, %

100 дан 75 гача +1 оддий акция


0

25

75 дан 50 гача +1 оддий акция


5

20

50 дан 25 гача +1 оддий акция


10

11

25 дан 10 гача +1 оддий акция


15

5

10 ва ундан кам


20

0


2-§. Қиёсий ёндашув


28. Қиёсий ёндашув ўхшаш корхоналар ёки улардаги мулк улушларининг сотув нархлари таҳлилига асосланади.

Қиёсий ёндашув доирасида капитал бозори усулидан ва битимлар усулидан фойдаланганда баҳоловчи камида учта ўхшаш корхонани танлаб олиши лозим. Таққослаш учун ўхшаш корхоналарни танлашда қиёсийлик мезонлари таркиби баҳолаш шартлари ва зарурий ахборот мавжудлиги билан белгиланади. Қуйидагилар баҳоловчи ҳисобга олиши лозим бўлган асосий мезонлар ҳисобланади:

баҳолаш объекти ва ўхшаш корхоналар бир тармоққа мансублиги;

миқдор жиҳатидан қиёсийлик, сотувлар ҳажми, активлар жами қиймати, бозорга оид капиталлаштириш ва бошқа кўрсаткичларда ифодаланиши мумкин;

даромадларнинг ўсиш суръатлари жиҳатидан қиёсийлик.


29. Баҳолаш объектининг бозор қийматини қиёсий ёндашув усуллари билан аниқлаш учун қуйидаги формула бўйича ҳисобланадиган мультипликаторлар қўлланилади:


H

      M = --------- , бу ерда:

К


М - мультипликатор;

Н - ўхшаш корхонанинг сотув нархи (ёки қийматни белгиловчи ўзга асос);

К - корхона фаолиятини тавсифлайдиган молиявий, ишлаб чиқаришга оид ёки моддий кўрсаткич.

Тегишинча, баҳолаш объектининг нархи молиявий кўрсаткични тегишли мультипликаторга кўпайтириш йўли билан аниқланиши мумкин:


Н = М * К


Мультипликаторлар умуман корхона бўйича ёки бир акцияга нисбатан ҳисобланиши мумкин.


30. Бизнесни баҳолашда мультипликаторларнинг қуйидаги асосий турларидан фойдаланилади:

нарх/даромад (фойда, пул оқими);

нарх/дивидендлар. Бу мультипликатор амалда тўланган дивидендлар асосида ёки бундай тўловларга хос бўлган ўхшаш корхоналар бўйича соф фойдага нисбатан фоиз ҳисобида ўлчанадиган эҳтимол тутилган дивиденд тўловлари асосида ҳисобланади;

нарх/реализациядан келган тушум;

нарх/ишлаб чиқариш физик ҳажми;

нарх/хусусий капитал (соф активлар)нинг баланс қиймати.

Баҳолаш объекти ва ўхшаш корхоналарнинг хусусиятларига қараб баҳоловчи бошқа турдаги мультипликаторларни қўллаши ҳам мумкин.

Баҳолаш объектини баҳолаш учун ўринли бўлган мультипликаторларнинг танланишини асослаш ва ҳисоблаш таомилининг тавсифи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилиши лозим.


31. Баҳолаш объектининг бозор қиймати қиёсий ёндашув ёрдамида мультипликаторларнинг танланган қийматларини баҳолаш объектининг тегишли молиявий ёки бошқа кўрсаткичларига кўпайтириш орқали олинган натижаларни мувофиқлаштириш ва якуний тузатишлар киритиш йўли билан аниқланади:

агар қийматни белгиловчи асос сифатида инвестицияланган капитал қиймати олинган бўлса, узоқ муддатли қарзлар айириб ташланади;

хусусий айланма капиталнинг тақчиллиги айириб ташланади (ортиқча айланма капитал қўшилади);

даромадни шакллантиришда ишга солинмаган активларнинг (агар улар мавжуд бўлса) бозор қиймати қўшилади;

одатдаги харидор учун жалб қилувчан бўлмаган ишлаб чиқариш диверсификацияси мавжуд бўлса, портфелли чегирма айириб ташланади;

ёпиқ корхона акциялари фонд бозорида котировка қилинадиган ўхшаш корхоналар бўйича баҳоланган ҳолда, ликвидлик учун чегирма айириб ташланади;

мулкнинг баҳоланаётган улуши унинг ўхшашлари билан таққослаганда берадиган назорат қилиш имконияти даражасига қараб, назоратнинг йўқлиги учун чегирма айириб ташланади ёки назорат учун мукофот қўшилади.

Бозор ахбороти мавжуд бўлмаганда, назорат элементлари йўқлигига (мавжудлигига) чегирмалар (мукофотлар) қуйидаги тарзда ҳисобланади:

 

Баҳоланаётган акциялар

пакети миқдори, %


Чегирма, %

Мукофот, %

100 дан 75 гача +1 оддий акция


0

25

75 дан 50 гача +1 оддий акция


5

20

50 дан 25 гача +1 оддий акция


10

11

25 дан 10 гача +1 оддий акция


15

5

10 ва ундан кам


20

0


3-§. Харажат ёндашуви


32. Баҳолаш объектини баҳолаш учун харажатга оид усулнинг танланиши баҳоловчи қабул қилган баҳолаш шартига боғлиқ бўлади:

соф активлар усули ишлаб турган корхона баҳоланган ҳолда қўлланилади;

тугатиш қиймати усули корхонани тугатиш шарти қабул қилинган ҳолда қўлланилади.

Харажатга оид ёндашув усуллари учун умумий формула қуйидаги кўринишга эга:


Корхона қиймати = Активлар қиймати - Мажбуриятлар қиймати


33. Ишлаб турган корхонани соф активлар усули билан баҳолаш учун баҳоловчи баҳолаш санасига қадар сўнгги корхона бухгалтерияси (ёки мавжуд бўлганда консолидация қилинган / бирлаштирилган) баланси асосида баҳолаш баланси (иқтисодий баланс)ни тузади. Иқтисодий балансда корхонанинг барча, шу жумладан бухгалтерия балансида ҳисобга олинмаган активлари (масалан, гудвилл) ва мажбуриятлари бозор қиймати бўйича ҳисобга олинади.

Иқтисодий балансни тузишда баҳоловчи:

кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлайди;

машиналар, ускуналар ва транспорт воситаларининг бозор қийматини аниқлайди;

номоддий активларнинг бозор қийматини аниқлайди. Активларнинг тармоқ бўйича ўртача даромаддорлиги ҳақида ахборот мавжуд бўлса, гудвилл қиймати қуйидаги формула бўйича ҳисобланади (бунда корхонанинг балансида акс эттирилган, хусусийлаштириш (сотиб олиш) пайтида гудвилл сифатида корхона хусусий капиталининг баланс қиймати ва баҳолаш қиймати ўртасидаги фарқ тарзида юзага келган номоддий активлар, баҳолашга киритилмайди):

     


Гудвилл

=

ЧП - РСА * СДА





СК


 

бу ерда:

ЧП - корхона соф даромади;

РСА - корхона активларининг бозор қиймати;

СДА - активларнинг тармоқ бўйича ўртача даромадлилиги;

СК - капиталлаштириш ставкаси;

корхона молиявий қўйилмаларининг бозор қийматини, шу жумладан корхонанинг қимматли қоғозларга ва бошқа ташкилотларнинг устав капиталларига инвестицияларини, шунингдек бошқа ташкилотларга берилган қарзларни аниқлайди. Фонд бозорида котировка қилинадиган қимматли қоғозларга инвестицияларнинг бозор қийматини баҳолашда баҳоловчи ушбу қимматли қоғозларнинг бозордаги котировкаларига асосланади.

Фонд бозорида котировка қилинмайдиган қимматли қоғозларга ва бошқа ташкилотларнинг устав фондларига қилинган инвестициялар қийматини баҳолаш инвестицияларнинг назорат сифатларига қараб амалга оширилади:

50 фоиздан ортиқ бўлган инвестициялар (акциялар пакетлари, улушлар ва бошқалар) қийматини баҳолаш мазкур Мулкни баҳолаш Миллий стандарти (9-сон МБМС) асосида амалга оширилади;

50 фоизгача (қўшиб ҳисоблаганда) бўлган инвестициялар (акциялар пакетлари, улушлар ва бошқалар) қийматини баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

фонд бозорида котировка қилинадиган акциялар қийматини баҳолаш мазкур акцияларнинг баҳолаш санасидан олдинги бозор котировкаларига мувофиқ амалга оширилади;

дивидендлар кўринишида (нақд, нақдсиз шаклда ёки акциялар кўринишида) даромадлар келтирадиган инвестициялар қийматини баҳолаш сўнгги уч йил учун дивиденд кўринишидаги ўртача йиллик даромадни баҳолаш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича капиталлаштириш йўли билан амалга оширилади;

адекват даромадлар келтирмайдиган инвестициялар қийматини баҳолаш хусусий капитал миқдоридан келиб чиқиб қуйидаги ҳисоблаш формуласига биноан амалга оширилади:


Сак = Бин * Сск / Суф * (1-Кконтр)


бу ерда:

Сак - акциялар пакетининг ҳисобланган қиймати;

Бин - акциялар пакетининг баланс қиймати;

Сск - хусусий капиталнинг баланс бўйича миқдори (хусусий маблағлар манбалари);

Суф - баланс бўйича устав капиталининг миқдори;

Кконтр - назорат коэффициенти.

Акциялар қийматини ҳисоблашда баҳоланаётган акциялар пакетининг назорат даражасини инобатга олиш зарур. Назорат элементлари йўқлигига чегирма мазкур услубий кўрсатмаларнинг 34-бандига биноан ҳисобланади.

Инвестицияларнинг якуний қиймати сифатида қийматнинг энг кўп миқдорини берувчи ҳисоб-китоблар натижаси қабул қилинади. Бунда, акциялар пакети қийматининг баҳоси баланс қийматидан паст бўлиши мумкин эмас.

Ниҳоясига етказилмаган капитал қўйилмалар - тугалланмаган қурилиш объектлари ва ўрнатилиши лозим бўлган ускуналарнинг бозор қийматини аниқлайди;

товар-моддий захираларининг қийматини уларнинг баланс қиймати бўйича қабул қилади;

келгуси даврлар харажатлари баланс қиймати бўйича қабул қилинади;

Кечиктирилган харажатлар ва даромадларнинг қиймати қуйидаги тарзда аниқланади:

агар улар миллий бухгалтерия ҳисоби стандартларида белгиланган активлар ва мажбуриятларни тан олиш мезонларига жавоб берса, уларнинг қиймати баланс қийматига тенг ҳолда қабул қилинади;

агар улар миллий бухгалтерия ҳисоби стандартларида белгиланган активлар ва мажбуриятларни тан олиш мезонларига жавоб бермаса, уларнинг қиймати тўланадиган фойда солиғи (муддати кечиктирилган даромадлар учун) ёки ушбу солиқдан тежалган сумма (муддати кечиктирилган харажатлар учун) бўйича ҳисобланади. Бунда, тўланиши керак бўлган солиқ ёки унинг тежаш суммаси ушбу солиқнинг амалдаги ставкасини кечиктирилган харажатлар ва даромадларнинг баланс қийматига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади;

пул маблағлари қийматига тузатиш киритилмайди;

ҳар бир дебитор бўйича узоқ муддатли дебиторлик қарзининг бозор қийматини кутилаётган қарз тўловлари ва қарз бўйича фоизларни дисконтлашни дисконтлаш ставкаси бўйича қарзни узиш муддатлари ва эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш йўли билан аниқлайди. Дисконтлаш ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида олинади. Жорий дебитор қарзи баланс қийматига тенг деб олинади.

Узоқ муддатли мажбуриятларнинг бозор қийматини кутилаётган қарз тўловлари ва қарз бўйича фоизларни дисконтлашни дисконтлаш ставкаси бўйича тўлов муддатларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш йўли билан аниқлайди. Дисконтлаш ставкаси корхонанинг фоизли қарзларига қўлланиладиган ставкага тенг деб олинади;

мажбуриятларнинг баланс қийматига тенг деб олинадиган жорий мажбуриятларнинг бозор қийматини аниқлайди;

баҳоланаётган корхонага тегишли бўлган, балансдан ташқари счётида турган, фойдаланишда бўлган хўжалик инвентари балансдан ташқари счётда кўрсатилган қиймати бўйича 50 фоиз миқдоридаги эскиришни айириб ташлаган ҳолда баҳоланади;

ҳисобга олинмаган мажбуриятларнинг (агар улар мавжуд бўлса) бозор қийматини аниқлайди.

34. Корхона хусусий капиталининг бозор қиймати соф активлар усули ёрдамида активлар суммасининг бозор қийматидан мажбуриятлар суммасининг бозор қийматини айириб ташлаш йўли билан аниқланади. Баҳоланаётган мулк улушининг бозор қиймати корхона хусусий капитали қийматига нисбатан мутаносиб қисм сифатида ҳисобланади. Мулкнинг назорат ҳуқуқини бермайдиган улуши (акцияларнинг назорат ҳуқуқини бермайдиган пакети) баҳоланган ҳолда айрим (ёки ҳамма) назорат функцияларининг йўқлигига чегирма киритилади.

Бозор ахбороти мавжуд бўлмаганда, назорат элементлари йўқлигига чегирмалар қуйидаги тарзда ҳисобланади:

Баҳоланаётган акциялар

пакети миқдори, %

 

Назорат элементлари

йўқлигига чегирма, %


100 дан 75 гача + 1 оддий акция


0

75 дан 50 гача +1 оддий акция


5

50 дан 25 гача +1 оддий акция


10

25 дан 10 гача +1 оддий акция


15

10 ва ундан кам


20

35. Тугатиш қиймати усули корхона тугатилганда ва унинг активлари алоҳида-алоҳида сотилганда мулкдор олиши мумкин бўлган қийматни аниқлашга асосланади.

Баҳоловчи корхона активларининг жорий қийматини бу активларнинг мўлжалланаётган сотиш санасида аниқланган, баҳолаш санасида активни сотиш билан боғлиқ таваккалчиликни ҳисобга олувчи дисконтлаш ставкаси бўйича келтирилган жорий қиймати сифатида аниқланади. Тугатиш шартлари билан бундай активни сотишга хос бўлган муддатдан камроқ сотиш муддати белгиланган бўлса, активнинг бозор қийматидан қисқартирилган сотиш муддатига чегирмани айириб ташлаш талаб этилади.

Тугатиш харажатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

тугатиш учун тўғридан-тўғри харажатлар - воситачиларга ҳақ, жалб қилинадиган ташкилотлар хизматига ҳақ тўлаш, активларни сотишда тўланадиган солиқларни;

активларга улар сотилгунга қадар эгалик қилиш билан боғлиқ харажатлар - тайёр маҳсулот захиралари, тугалланмаган ишлаб чиқариш, ускуналар, машиналар, механизмлар, кўчмас мулк объектларини сақлаб туриш харажатларини ва корхонани тугатиш якунлангунга қадар унинг ишини қувватлаш бўйича бошқарув харажатларини.


36. Корхонанинг тугатиш қиймати тугатиш харажатлари айириб ташланган активларнинг жорий қиймати билан корхона мажбуриятларининг жорий қиймати ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади. Мулк улушининг қиймати корхонанинг тугатиш қийматига нисбатан мутаносиб қисм сифатида ҳисобланади.



V БОБ. ҚЎЛЛАНИЛГАН ЁНДАШУВЛАР ДОИРАСИДА

ОЛИНГАН НАТИЖАЛАРНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ

ВА БАҲОЛАШ ОБЪЕКТИНИНГ ЯКУНИЙ

ҚИЙМАТИНИ ҲИСОБЛАШ


37. Баҳолаш натижаларини мувофиқлаштириш - баҳолашга нисбатан турли ёндашувлар ёрдамида олинган натижаларни ўлчаш ва таққослаш йўли билан баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш. Мувофиқлаштириш қуйидаги усуллардан бири билан амалга оширилади:

мантиқий мувофиқлаштириш усули билан. У баҳоловчи амалга оширадиган таҳлил асосида, барча муҳим параметрларни ҳисобга олган ҳолда солиштирма ўлчовларни танлашдан иборат. Баҳоловчи устун ёндашувни аниқлайди, қолган ёндашувларнинг натижаларидан эса устун ёндашув ёрдамида олинган натижани текшириш ва унга тузатиш киритиш учун фойдаланилади;

математик ўлчаш усули билан. Бунда, турли баҳолаш ёндашувлари билан олинган натижаларнинг солиштирма ўлчовларини аниқлаш учун бир нечта мезонлардан фойдаланилади ва уларнинг ёрдамида қўлланилган ҳисоблаш усулининг афзалликлари ёки камчиликлари конкрет объектни баҳолаш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тавсифланади.


38. Солиштирма ўлчовларни аниқлашда баҳоловчи қуйидаги асосий омилларни таҳлил қилиши лозим:

таҳлил ва ҳисоблашларга асос бўлган ахборотнинг ишончлилиги ва етарлилигини;

баҳолаш ёндашуви баҳолаш объектига хос бўлган нарх белгиловчи омиллар тузилишини ҳисобга олишга қодирлигини;

ёндашув баҳолаш объектига ўхшаш объектларнинг одатдаги харидорлари ва сотувчилари мотивациясини акс эттиришга қодирлигини;

баҳолаш ёндашуви ҳисобланаётган қиймат турига мувофиқлигини.


39. Баҳолаш объекти қийматининг якуний миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:


Кяк = Кхар * С1 + Кдар * С2 + Кқиёс * С3, бу ерда:


Кяк - баҳолаш объектининг якуний қиймати;

Кхар, Кдар, Кқиёс - тегишинча харажатга оид, даромадга оид ва қиёсий ёндашувлар билан аниқланган қийматлар;

С1, С2, С3 - ҳар бир баҳолаш ёндашуви учун танланган тегишли солиштирма ўлчовлар.

Бунда, қуйидаги шарт бажарилиши лозим:


С1 + С2 + С3 = 1



VI БОБ. БАҲОЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТНИ ТУЗИШ


40. Бизнес қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилиши қуйидаги асосий бўлимларни ўз ичига олиши лозим:

титул варағи;

мундарижа;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботга илова хат;

баҳолашга оид вазифа ҳамда асосий фактлар ва хулосалар;

мамлакат ва минтақадаги умумий иқтисодий вазият тавсифи;

баҳолаш объекти мансуб бўлган тармоқ ва бозор тавсифи;

бизнес (корхона) тавсифи;

корхона молиявий ҳисоботи маълумотлари таҳлили;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларининг танланиши ва қўлланилиши тавсифи;

баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш;

иловалар.


41. Ҳисоботнинг титул варағида қуйидагилар кўрсатилади:

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг рўйхатга олиш рақами;

баҳолаш объектининг номи ва манзили;

баҳоланаётган қиймат тури;

баҳолаш санаси;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилган сана;

буюртмачи ва баҳоловчининг номи.


42. Мундарижада баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг саҳифалар рақамлари кўрсатилган барча бўлимлари ва кичик бўлимлари сарлавҳалари санаб ўтилади.


43. Илова хат мухтасар шаклда тузилади ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

хат рақами ва санасини;

баҳоланаётган мулкий ҳуқуқлар кўрсатилган баҳолаш объектининг номини;

баҳолаш объектининг манзили (жойлашган ери)ни;

баҳолашни амалга ошириш учун асосни;

баҳолаш мақсадини;

баҳолаш санасини;

баҳоланаётган қиймат турини;

энг муҳим фаразлар ва чекловчи шартларни;

баҳолаш натижасини;

баҳоловчи ташкилот раҳбарининг имзосини.


44. "Баҳолашга оид вазифа ҳамда асосий фактлар ва хулосалар" бўлими баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартнома ва баҳолашга оид вазифанинг хусусияти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун етарли бўлган ҳажмдаги ахборотни ўз ичига олиши лозим. Ушбу бўлимда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

буюртмачи ҳақида ахборот;

бажарувчилар ҳақида ахборот;

баҳолаш объекти;

баҳоланаётган мулкий ҳуқуқлар;

баҳолаш мақсади;

баҳолаш натижаларидан фойдаланиш чегараси;

баҳоланаётган қиймат тури;

баҳолаш санаси;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилган сана;

баҳолаш объектининг якуний қиймати ҳақида хулоса;

фаразлар ва чекловчи шартлар;

баҳолаш миллий стандартлари талабларига мувофиқлик ҳақида баёнот;

фойдаланилган ахборотлар рўйхати.


45. "Мамлакат ва минтақадаги умумий иқтисодий вазият тавсифи" бўлимида баҳолаш натижаларига таъсир этадиган асосий макроиқтисодий омиллар, уларнинг ўзгариш тенденциялари ва баҳоланаётган бизнес истиқболларига таъсири тавсифи келтирилади.


46. "Баҳолаш объекти мансуб бўлган тармоқ ва бозор тавсифи" бўлими қуйидаги ахборотни ўз ичига олади:

тармоқнинг ҳолати ва ривожланиш имкониятлари ҳақида;

сотув бозорлари ва маҳсулотни сотиш хусусиятлари ҳақида;

тармоқдаги рақобат шартлари, ўриндош товарлар ишлаб чиқарадиган асосий рақибларнинг мавжудлиги (нархлар, хизмат кўрсатиш сифати, сотув йўллари ва ҳажмлари) ҳақида.


47. "Баҳоланаётган бизнес (корхона) тавсифи" бўлимида қуйидагилар келтирилади:

корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли тўғрисида маълумотлар;

корхонанинг тарихи тўғрисида маълумотлар;

фаолият йўналишлари (асосий ишлаб чиқариш фаолияти, маҳсулотлар, хизматлар) тўғрисида ахборот;

етказиб берувчилар ва истеъмолчилар тавсифи;

мавсумий ва циклга оид омиллар мавжудлиги ҳақида маълумотлар;

корхона мулки тўғрисида маълумотлар;

ходимлар тўғрисида маълумотлар;

бизнеснинг ривожланиш имкониятлари тўғрисида маълумотлар;

бизнесдаги улушлар билан олдинги битимлар тўғрисида ахборот.


48. "Корхона молиявий ҳисоботи маълумотлари таҳлили" бўлими қуйидагиларни ўз ичига олади:

тақдим этилган молиявий ҳисобот таҳлилини;

молиявий ҳисобот маълумотларига киритилган тузатишларни баҳолаш мақсадида берилган изоҳларни;

молиявий коэффициентлар таҳлилини;

ўхшаш корхоналарнинг молиявий кўрсаткичлари билан таққослаш натижаларини;

корхона молиявий ҳолати прогнозларини;

бизнес қийматига молиявий кўрсаткичлар таъсири ҳақидаги ахборотни.


49. "Баҳолаш ёндашувлари ва усулларининг танланиши ва қўлланилиши тавсифи" бўлимида қуйидагилар келтирилади:

баҳолаш ёндашувлари ва усулларига қисқача шарҳ;

қўлланилган баҳолаш ёндашувлари ва усулларининг танланиши ва асосланиши ёки бирон-бир баҳолаш ёндашувидан фойдаланишдан воз кечишни асослаш;

корхона қийматини танланган баҳолаш ёндашувлари ва усуллари ёрдамида аниқлаш тартиби ва ҳисоблашлар.


50. "Баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш" бўлими қуйидагиларни ўз ичига олади:

бизнесдаги улушлар баҳоланган ҳолда, чегирмалар ва мукофотлар қўлланилишини асослашни;

турли баҳолаш ёндашувлари билан олинган натижаларни мувофиқлаштиришни;

баҳолаш объектининг якуний қиймати ҳақидаги хулосани.


51. "Иловалар" бўлими қуйидагиларни ўз ичига олади:

баҳолаш жараёнида фойдаланиладиган ҳужжатлар (ёки уларнинг нусхалари)ни;

баҳолаш объектининг фотосуратларини (зарур ҳолда);

баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган лицензия нусхасини;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлашда иштирок этган баҳоловчилар малака сертификатларининг нусхаларини;

баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси нусхасини;

бошқа маълумотларни.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг пировард тузилиши (бўлимлар ва кичик бўлимлар сони ва уларнинг кетма-кетлиги тартиби, уларнинг номи) ва ҳажми баҳоловчи томонидан баҳолаш объектининг хусусияти, баҳолаш мақсадлари, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг эҳтимол тутилган фойдаланувчиси ҳамда қонун ҳужжатларининг талабларига қараб белгиланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 44-сон, 475-модда.





























Время: 0.1938
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск