ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Прокуратура / Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти /

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 03.11.2009 й. 2033-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази 2009-43-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 38-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 3 ноябрда 2033-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки

қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар

бозори фаолиятини мувофиқлаштириш

ва назорат қилиш маркази ҳамда

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ,

валютага оид жиноятларга ва жиноий

даромадларни легаллаштиришга

қарши курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

2009-43, 38-сон қарорига

ИЛОВА


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал

иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган

даромадларни   легаллаштиришга,   терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини

тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Қоидалар талаблари қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларга татбиқ қилинади, тижорат банклари ва суғурталовчилар бундан мустасно.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланган:


бенефициар мулкдор - пировард натижада мулк ҳуқуқига эга бўладиган ёки мижозни аниқ назорат қиладиган жисмоний шахс, шу жумладан, унинг манфаатлари йўлида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган юридик шахс;


ички назорат - махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлаш бўйича қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолияти;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;

мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текшириш мақсадида, улар топширган ҳужжатлар асосида қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан мижозлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш;


бенефициар мулкдорни идентификациялаш - қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва (ёки) таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали юридик шахс бўлган мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи шахсни аниқлаш;


мижоз - депонент ёки қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахс;


мижозни лозим даражада текшириш - мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали бенефициар мулкдорни идентификациялаш, мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шубҳали деб топилган содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни амалга оширишда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси (кейинги ўринларда профессионал иштирокчи деб юритилади) - қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;

таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;

пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;

оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишини олдини олишга қаратилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;

Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;

операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни кўчириш, конверсиялаш, ўзга шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;

юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида, шу жумладан ҳарбий тузилмаларида, ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув вазифаларини бажарувчи ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколатли шахслар, шунингдек чет давлат корхоналарининг юқори мартабали раҳбарлари, чет давлатнинг таниқли сиёсатчилари ва сиёсий партияларининг таниқли аъзолари (шу жумладан собиқ);

оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;

юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар - юқори мансабдор шахслари билан ижтимоий ва касбий жиҳатдан чамбарчас боғлиқ бўлган шахслар.

2. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадларида профессионал иштирокчилар қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назоратни амалга оширадилар.

3. Ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш профессионал иштирокчининг Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назорати тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1899, 2009 йил 6 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 6-сон, 66-модда) мувофиқ тайинланадиган назоратчи (кейинги ўринларда назоратчи деб юритилади) зиммасига юкланади.


4. Ички назоратнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

профессионал иштирокчилар фаолиятида жиноий фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлар билан қайд этиш ва камайтириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

профессионал иштирокчиларнинг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик;

профессионал иштирокчилар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тайёрлаш ва амалга оширишда ички ҳужжатларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш.

5. Ички назоратнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидалар ички ҳужжатларига мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш чораларини амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини ўрганиш бўйича имкон қадар чоралар кўриш;

мазкур Қоидаларнинг 19-бандида белгиланган мезонлар асосида шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган ва хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотлар (ҳужжатлар)ни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операциясини кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туриш юридик ёки жисмоний шахснинг шахсий ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар бундан мустасно ва (ёки) пул маблағларини ёҳуд бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш ҳамда бундай операция ҳақида тўхтатиб турилган куннинг ўзида махсус ваколатли давлат органини хабардор этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида сақланишини таъминлаш;

профессионал иштирокчилар раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларнинг амалга оширилиши ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан боғлиқ шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро айирбошлаш;

сўровномалар бўйича мижозлар базасидан террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ бўлган шахсларни аниқлаш;

профессионал иштирокчилар фаолиятида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлар билан қайд этиш ва камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларнинг амалга ошираётган операцияларини чуқур мониторинг қилиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатда тўхтатиш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш.


II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Профессионал иштирокчилар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш учун ички назоратни ташкил этиш мақсадида профессионал иштирокчининг ижро этувчи органи томонидан тасдиқланадиган ички назоратни амалга ошириш бўйича чоралар дастурларини (кейинги ўринларда дастурлар деб юритилади) ишлаб чиқишлари ва улар қуйидагиларни назарда тутиши керак:

мижозларни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини лозим даражада текшириш ҳамда идентификациялаш бўйича чора-тадбирларни;

махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар мезонларини;

профессионал иштирокчининг мижози томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ бўлган операцияларнинг амалга оширилиши таваккалчилик хавфини баҳолашни;

шубҳали операцияларни ҳужжатларда қайд этиш ва улар тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар қилишни;

профессионал иштирокчи ходимларини ички назорат жараёнлари ва мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларга ўқитишни.


6-1. Назоратчиларни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий технологиялари, усуллари ва тенденциялари тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган сўнгги янгиликлардан хабардорлигини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчиликнинг барча жиҳатлари ва мажбуриятлар ҳақида аниқ тушунтиришлар бериш мақсадида ўқитиш ва малакасини оширишни ўқув режалари ва дастурлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Молия вазирлиги билан келишиладиган, қимматли қоғозлар бозори мутахассисларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Ўқитиш мунтазам равишда, йилига камида бир марта ўтказилади.

7. Ички назорат тизими фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, мижозлар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ мижозлар базаси ва таваккалчилик хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


8. Молия вазирлиги ҳар йили 15 январгача мазкур Қоидаларга риоя этилишига масъул бўлган назоратчиларининг рўйхатларини махсус ваколатли давлат органига тақдим этади ва ушбу рўйхатдаги ўзгаришлар тўғрисида унга маълум бўлган вақтдан эътиборан беш иш куни мобайнида хабардор қилишни таъминлайди.

9. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида назоратчи қуйидаги функцияларни бажаради:

мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назоратни ва мижозларни лозим даражада текширишни жорий этишни ва амалга оширишни ташкиллаштиради;

профессионал иштирокчининг фаолиятига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, дастурларни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади;

мижозларнинг ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялари ва хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги хабарларни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида юборилишини, шунингдек, махсус ваколатли давлат органининг ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайди;

мижозлар ва уларнинг бенефициар мулкдорларини лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотларнинг ҳар йили янгиланишини амалга оширади;

мазкур Қоидалар ва дастурларни амалга ошириш жараёнининг маҳфийлигини таъминлайди;

махсус ваколатли давлат органининг ваколатли вакиллари, ташкилотнинг ички аудит хизмати ходимлари ва ташқи аудиторлар томонидан олиб борилган текширувлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мониторингни амалга оширади.

10. Назоратчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

профессионал иштирокчининг раҳбарлари ва ходимларидан ички назоратни амалга ошириш мақсадлари учун зарур бўлган ташкилий-бошқарув, бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, профессионал иштирокчининг электрон маълумотлар базалари, маҳаллий ҳисоблаш тармоқлари ва автоматлаштирилган компьютер тизимларидаги файллар ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операцияларга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш (шу жумладан, мижоз ёки операция тўғрисида қўшимча ахборот олиш ёки мавжуд ахборотни текшириш мақсадида ўтказилаётган операцияни тўхтатиш бўйича).

Назоратчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Назоратчи қуйидагиларга мажбурдир:

мижозларни лозим даражада текширишни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш ва уларнинг шахсини текшириш бўйича мумкин бўлган чора-тадбирларини кўриш;

шубҳали операциялар аниқланганда, белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органига маълумот бериш;

олинган маълумотнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

ички назоратни амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

мижозни лозим даражада текшириш материалларига қўшиб қўйиладиган яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, мижознинг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида назарда тутилган мақсад ва фаолият турларига тўғри келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма равишда қайд этиш;

идентификациялашни якунлаш имкони бўлмаганда ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотлар олинганда, мижоз билан битим тузишни рад этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича таваккалчиликларни аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чораларни кўриш, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш чораларини кўриш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатда тўхтатиш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ўқув тадбирларида иштирок этиш ва ўқув тадбирларида олинган маълумотларни профессионал иштирокчиларнинг ходимларига етказиш;

Назоратчи зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


11-1. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва мижозларни лозим даражада текширишга доир ахборот, зарурат туғилган тақдирда, операция тафсилотларини қайта тиклаш ва ушбу ахборотдан махсус ваколатли давлат органи томонидан фойдаланиш имкониятини яратган ҳолда расмийлаштирилиши лозим.

11-2. Назоратчи жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини билиши лозим.


III. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


12. Профессионал иштирокчилар:

амалий иш муносабатлари ўрнатилганда;

олиб борилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадларига алоқадор эканлигига ҳар қандай шубҳа юзага келганида;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдоридан ортиқ бўлган қимматли қоғозларга доир бир марталик битимлар амалга оширилганда;

шу жумладан, идентификациялаш учун мижоз тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг аслийлиги ва ишончлилигига шубҳа туғилганда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чораларни кўрадилар.

13. Мижозлар, шу жумладан мавжуд мижозларни лозим даражада текшириш операцияларни амалга оширишнинг барча босқичларида олиб борилиши керак.

Агарда операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда ёхуд оффшор ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган, шунингдек таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига киритилган шахс бўлганда профессионал иштирокчилар мижозларни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чораларини кўришлари лозим.

Бинефицар мулкдорни аниқлаш учун профессионал иштирокчилар мижоз бошқа мижоз номидан ҳаракат қилаётганлигини аниқлаши керак ва ундан кейин мижоз кимнинг номидан иш кўраётган бўлса, уни идентификациялаш ҳамда шахсини лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт.

Мижоз ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда уларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда уларнинг операцияларни амалга оширишга бўлган ваколатлари текширилиши шарт.

Профессионал иштирокчи зарур бўлганда мижозни лозим даражада текшириш билан бир қаторда шунингдек, унинг ихтиёрида мавжуд маълумотлар ва ахборотлар бўйича ушбу мижознинг илгари ўтказилган операцияларини ўрганиб чиқиш талаб этилади.


13-1. Мижозни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чораларига қуйидагилар киради:

мижоз ҳақида қўшимча маълумотлар (фаолият тури, активлар миқдори, очиқ маълумотлар базаси орқали олиши мумкин бўлган маълумот ва бошқалар) олиш ва фойдаланувчи ёки бенефициар мулкдор бўйича маълумотларни янада тезроқ янгилаб бориш;

мижоздан унинг пул маблағлари ёки молиявий ҳолатининг манбаси ҳақида маълумот олиш;

режалаштирилган ёки ўтказилган операцияларнинг сабаблари тўғрисида маълумотлар олиш;

қўшимча текширишни талаб қиладиган операциялар (битимлар) хусусиятини аниқлаш ҳамда текширишларнинг сони ва кетма-кетлигини ошириш йўли билан иш муносабатларининг кучайтирилган мониторингини амалга ошириш.

Алоҳида ҳолларда, мавжуд мижознинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқаси борлиги ҳақида асослантирилган шубҳалар мавжуд бўлганида ва унга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширилаётганлиги ошкор бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширмасдан махсус ваколатли давлат органга шубҳали операция ҳақида ахборот юборилишига йўл қўйилади.

13-2. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва мижоз номидан иш юритувчи шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганишни.

Агар мижознинг бенефициар мулкдорини аниқлашнинг имкони бўлмаса, профессионал иштирокчилар мижознинг раҳбарини идентификациялашлари лозим.

13-3. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича мазкур Қоидаларнинг 13-2-бандида кўрсатилган чораларни кўриш билан бирга, операция иштирокчиси ёки бенефициар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан профессионал иштирокчилар:

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс, унинг оила аъзолари ёки юқори мансабдор шахсга яқин шахслар билан амалий иш муносабатларига киришиш (шу жумладан, мавжуд бўлган бундай мижозлар билан иш муносабатларни давом эттириш) фақатгина профессионал иштирокчиларининг раҳбари рухсати амалга оширилади;

амалий иш муносабатларини мониторинг қилиб бориши лозим.

14. Мижоз жисмоний шахсни идентификациялаш унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт/идентификация ID-картанинг рақами ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) асосида амалга оширилади. Агар жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор бўлса, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам ўрганилиши лозим.

15. Мижоз юридик шахсни идентификациялашда профессионал иштирокчилар давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери, раҳбарлари тўғрисидаги, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларни текширишлари шарт.


16. Профессионал иштирокчи жисмоний ва юридик шахсларни идентификациялаш жараёнида мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш бўйича, шу жумладан, мижознинг мол-мулкининг тузилишини ўрганиш йўли билан, асосланган ва мумкин бўлган чора-тадбирларни қўллаши шарт.


16-1. Юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганда профессионал иштирокчилар улардан мижознинг мулк ва бошқарув тузилмасини (юқори орган, ижроий орган, бошқа органлар) олишлари лозим.

16-2. Биржа аъзоларининг чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро стандартлар ва улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим.

Профессионал иштирокчиларнинг хориждаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари агарда улар жойлашган мамлакатнинг қонунчилик ҳужжатларида профессионал иштирокчининг ички қоидаларига нисбатан енгилроқ ички назорат чоралари белгиланган бўлса, улар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда айнан профессионал иштирокчи ички қоидаларига риоя қилишлари керак.

16-3. Профессионал иштирокчиларнинг чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналаридан улар жойлашган мамлакатлар қонунчилигида тегишли чоралар тақиқланганлиги сабабли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли чораларни татбиқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, профессионал иштирокчиларнинг бош офисига ахборот берилишини талаб қилишга мажбурдирлар. Ўз навбатида профессионал иштирокчилар бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига хабар бериши шарт.

17. Профессионал иштирокчи мижоз томонидан тақдим этилаётган ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мижоз ҳақида олинган маълумотлардан фойдаланиш орқали текшириши шарт.

18. Идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этмаган мижозларга профессионал иштирокчи операцияларни бажаришни рад этади.



III-1. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ

18-1. Профессионал иштирокчилар мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга оширишда таваккалчилик даражасини (бундан буён матнда таваккалчилик даражаси деб юритилади) аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш чораларини кўриши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижоз тақдим этган ахборот асосида, мижознинг амалга оширадиган операциялар турлари, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар, мижозни лозим тарзда текшириш натижалари ҳамда бошқа керакли маълумотларни ҳисобга олган ҳолда назоратчи томонидан ҳар йили аниқланади ва баҳоланади.

Таваккалчиликларни баҳолаш натижалари ёзма равишда расмийлаштирилиши ҳамда махсус ваколатли давлат органи ёки Молия вазирлигига тақдим этилиши лозим.

18-2. Таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига профессионал иштирокчилар аввалдан қуйидаги мезонларга эга бўлган мижозларни тегишли деб топиши ва уларга нисбатан лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чораларини амалга ошириши лозим:

Рўйхатга киритилган шахслар ёхуд рўйхатга киритилган шахснинг эгалиги ёки назоратидаги ташкилотлар, Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёхуд билвосита мулкдори ёки назорат қилувчи шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

норезидентлар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар;

жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлардаги манзилга тўғри келмайдиган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

бенефициар мулкдори ушбу банднинг иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган шахс бўлган ташкилотлар;

мунтазам равишда (кетма-кетлиги уч ой мобайнида икки мартадан ортиқ) шубҳали операцияларни амалга ошираётган мижозлар;

назоратчида асосли шубҳа уйғотадиган операцияларни амалга оширувчи бошқа шахслар.


18-3. Мижоз томонидан амалга ошириладиган операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, профессионал иштирокчилар зарур бўлганда у билан ишлаш бўйича таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиши зарур.

Профессионал иштирокчилар барча мураккаб, ғайриоддий йирик операцияларга, шунингдек аниқ иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган операцияларни амалга оширишнинг ғайриоддий схемаларига кучайтирилган эътибор қаратиши керак.

Амалга оширилган чоралар ҳақида маълумот профессионал иштирокчининг раҳбариятига тақдим этилиши лозим.


18-4. Профессионал иштирокчилар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишига йўл қўймаслик бўйича чораларни кўришлари керак. Бу мақсадларда профессионал иштирокчилар:

хизматларнинг янги турлари ва янги иш амалиётини ишлаб чиқишлари;

янги ҳамда амалдаги хизмат турларида янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланиш натижасида вужудга келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини аниқлаш ва баҳолашлари керак.

Бундай таваккалчиликнинг баҳоланиши хизматларнинг янги турлари, янги иш амалиётининг ишга туширилиши ёки янги ёхуд ривожланаётган технологияларни фойдаланишга туширишдан аввал ўтказилиши лозим.

Профессионал иштирокчилар бундай таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва уларни камайтириш учун тегишли чораларни кўришлари зарур.


18-5. Молия вазирлиги йилига камида бир марта, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ўзгариши муносабати билан профессионал иштирокчилар фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини ўрганади.


IV. ХАБАР ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ШУБҲАЛИ

ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШНИНГ МЕЗОНЛАРИ

ВА ТАРТИБИ


19. Қуйидаги ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция шубҳали деб топилиши мумкин:

мижоз томонидан мижозни идентификациялаш зарурати туфайли сўралаётган, шу жумладан, ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этишнинг сабабсиз рад этилиши;

мижознинг амалга оширилаётган битимга нисбатан маҳфийлик масалалари билан ортиқча ташвишланиши;

мижознинг хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан қимматли қоғозлар бозоридаги айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф қилиниши;

мижознинг шартнома бўйича амалиётдан ўзгача ва ностандарт ҳамда қийин бўлган тўлов схемаси орқали ҳисоб-китоб қилиш таклифи;

мижоз томонидан аввал келишилган операциянинг (битимнинг) схемасига бевосита унинг амалга оширилишидан олдин сезиларли ўзгартиришлар киритилиши;

мижоз томонидан бекор қилинган битимлар бўйича ўз пул маблағларининг учинчи шахсларга қайтаришни амалга оширишнинг таклиф этилиши;

бир йўла ёки қисмлар бўйича бир турдаги ва бир хил ҳажмдаги молиявий воситаларни сотиб олиб (сотиб), бундай битимлар томонлари гоҳ сотувчи, гоҳ харидор сифатида мунтазам равишда ўзгариб турувчи ўзаро битимларнинг амалга оширилиши;

маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилишининг мижоз томонидан асоссиз кечиктирилиши ёки мижоз томонидан текшириб бўлмайдиган маълумотнинг тақдим этилиши;

операцияни амалга оширишда мижоз талаби билан қилинаётган асосланмаган шошма-шошарлик;

агар мижоз томонидан бир ёки 30 календарь куни мобайнида депонентга қўйилган пул маблағлари суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг миқдордаги суммадан ошса;

мижоз томонидан қимматли қоғозларни бозор нархларидан сезиларли фарқ қиладиган нархларда сотиб олишнинг (сотишнинг) амалга оширилиши;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ортиқ суммадаги қимматли қоғозларнинг юридик (жисмоний) шахслар ўртасида бепул асосда ёки дебиторлик ва кредиторлик қарзлар бўйича топширилиши;

ҳисоб-китоб-клиринг палаталаридаги Фойдаланувчиларнинг шахсий рақамларида (бундан кейинги ўринларда ФШР деб юритилади) жамланган пул маблағларидан бошқанинг фойдасига воз кечиш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг миқдоридаги суммадан ошган операцияларнинг ўтказилиши, бир марталик ўтказилган операциялар каби уч ой мобайнида ўтказилган бир нечта операциялар ҳам;

оффшор ҳудудларда ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатларда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар учун ФШР очишга топшириқнома берилиши;

мижоз ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек кўрсатилган боғланиш маълумотлари, хусусан, почта ва электрон манзили, телефон рақамлари ва электрон канал маълумотлари бўйича мижоз билан алоқа ўрнатиш имкониятининг йўқлиги;

мижоз томонидан битим иштирокчилари ҳақида била туриб ёлғон ахборот ва нотўғри маълумотларнинг тақдим этилиши;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши;

қимматли қоғозларга доир битимлар тузилаётганда инсайдерлик ахборотидан ноқонуний фойдаланилганлиги ёки қимматли қоғозлар бозорида нархлар борасида ҳийла-найранг ишлатилганлигига доир ҳар қандай шубҳаларнинг мавжудлиги;

қимматли қоғозларга доир операцияларни амалга оширишда фойдаланилган пул маблағларининг жиноий келиб чиқиши тўғрисидаги ҳар қандай бошқа шубҳаларнинг мавжудлиги.


19-1. Ташкилотлар Молия вазирлиг томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиладиган шубҳали операцияни эрта аниқлаш бўйича услубий қўлланмаларни татбиқ этишлари мумкин.

20. Операцияни шубҳали деб топиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижоз шахси, унинг обрўси, битимнинг асослари, мақсадлари, ҳажми ва тури, уни амалга ошириш усули билан ҳамда шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида аниқланадиган таваккалчилик хавфига боғлиқ равишда амалга оширилади.


21. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўтказиш бўйича профессионал иштирокчилар мижоз, мижознинг бенефициар мулкдори ва операция иштирокчиларининг идентификация маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан тўхтатиб турилади, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкларни эса ишга солмай тўхтатиб қўйилиб, махсус ваколатли давлат органига хабар берилади, агар:

мижоз ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келса;

мижоз Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

мижоз - рўйхатга киритилган жисмоний ёки юридик шахс эгалик қиладиган ёки бошқаруви остида бўлган юридик шахс.

Операцияни тўхтатиш ва тиклаш Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб қўйилган, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2833, 2016 йил 11 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

21-1. Операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса, бундай операция махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши керак.

22. Мижознинг операцияси шубҳали деб топилгандан сўнг, назоратчи мижозга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар ҳақида қарор қабул қилади, жумладан:

шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар бериш ҳақида;

мижоз билан операция ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида;

қонунчилик ҳужжатлари ёки у билан тузилган шартномага мувофиқ мижоз билан муносабатларни тўхтатиш ҳақида.


23. Шубҳали операциялар ҳақидаги маълумотлар профессионал иштирокчилар томонидан махсус ваколатли давлат органига шубҳали операция аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 октябрдаги 272-сон қарори билан тасдиқланган Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ махсус ваколатли давлат органига берилади.

24. Профессионал иштирокчилар тегишли операциядан шубҳани тасдиқловчи ёки олиб ташловчи ҳар қандай маълумотни махсус ваколатли давлат органига кечиктирмай топширишлари зарур.


V. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН АХБОРОТ ВА

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ, МАҲФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


25. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидагилар расмийлаштирилади:

операциянинг тури ва уни амалга ошириш асоси;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

топшириғига кўра ёки номидан операцияни бажараётган жисмоний ва юридик шахсни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

операцияни амалга ошираётган жисмоний шахс (ишончли вакили) ёки юридик шахснинг вакилини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар бўйича олувчини ва унинг вакилини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.


26. Профессионал иштирокчилар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификацияланган материаллар ва маълумотларни, шу жумладан, иш ёзишмаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, лекин операция амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатлар мобайнида сақлашлари шарт.

27. Профессионал иштирокчилар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотдан эркин фойдаланишни чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга, уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига маълумот берилганлиги тўғрисида ахборот беришга ҳақли эмаслар.

Профессионал иштирокчилар ички назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотни ўз ходимлари томонидан ошкор қилмасликни (шахсий мақсадлари ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланилмаслигини) таъминлайдилар.


27-1. Назоратчининг фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатлар (Молия вазирлиги ва махсус ваколатли давлат органи билан ёзишмалари, шу жумладан юборилган хабарларнинг қоғоздаги ва электрон нусхалари, мижозларнинг қоғоздаги ва электрон анкеталари, журналлар ва ҳ.к.) дан фойдаланилишини чеклаш мақсадида, бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши лозим.

27-2. Ҳужжатларнинг электрон шакллари дастурий усулда архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи ускуналарга ёзиб қўйилиши ҳамда масъул ходим томонидан уларнинг рўйхати билан биргаликда ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши зарур.

27-3. Мижозларни лозим даражада текшириш натижасида олинган маълумотлар аҳамияти ва таваккалчиликлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мижоз маълумотларида ўзгаришлар бўлганда, бироқ мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни амалга ошириш таваккалчилиги профессионал иштирокчилар томонидан юқори баҳоланганда йилига камида бир маротаба, бошқа ҳолларда икки йилда камида бир маротаба янгиланиши лозим.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Профессионал иштирокчилар томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат қилиш Молия вазирлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда амалга оширилади.

28-1. Мазкур Қоидалар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар профессионал иштирокчининг барча ходимларига етказилиши лозим.

28-2. Профессионал ишитрокчининг ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, ички назорат тизимининг самарадорлигини мониторинг қилиш ички аудит хизмати томонидан амалга оширилади.

29. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 45-сон, 491-модда.








































Время: 0.1329
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск