ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Умумий қоидалар /

Биржа аъзолари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 06.11.2009 й. 2038-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси 01/19-18/24-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 43-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 6 ноябрда 2038-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулкини бошқариш

давлат қўмитаси ва Бош

прокуратура ҳузуридаги Солиқ,

валютага оид жиноятларга

ва жиноий даромадларни

легаллаштиришга қарши

курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

01/19-18/24, 43-сонли қарорига

ИЛОВА



Биржа аъзолари учун жиноий фаолиятдан

олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини

тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ биржа аъзолари (фонд биржаларининг биржа аъзолари ва бошқа биржаларнинг фонд бўлимлари бундан мустасно) томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланган:


бенефициар мулкдор - пировард натижада мулк ҳуқуқига эга бўладиган ёки мижозни аниқ назорат қиладиган жисмоний шахс, шу жумладан, унинг манфаатлари йўлида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни амалга оширилаётган юридик шахс;


биржа - олдиндан тайинланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида оммавий ва ошкора биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш орқали биржа товарлари савдоси учун шарт-шароит яратадиган, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (бундан буён матнда Рақобат қўмитаси деб юритилади) томонидан берилган биржа фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган, юридик шахсларга биржа битимларида иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этадиган ва биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиш, тугатиш, биржа аъзоларининг мажбуриятлари ва мулкий жавобгарлигини белгилайдиган юридик шахс;

ички назорат - махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлаш бўйича биржа аъзоларининг фаолияти;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;

мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текшириш мақсадида, у топширган ҳужжатлар асосида биржа аъзолари томонидан мижозлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш;


бенефициар мулкдорни идентификациялаш - биржа аъзолари томонидан қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва (ёки) таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали юридик шахс бўлган мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи шахсни аниқлаш;


мижоз - биржа аъзоси хизматларидан фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахс;


мижозни лозим даражада текшириш - мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали бенефициар мулкдорни идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида биржа аъзолари томонидан шубҳали деб топилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ содир этилаётган ва тайёрланаётган операциялар;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни амалга оширишда биржа аъзосида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;

таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;

махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;

биржа аъзоси - биржа томонидан белгиланган тартибда ушбу биржадан брокерлик жойини харид қилган ёки олган юридик шахс;


юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида, шу жумладан ҳарбий тузилмаларида, ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув функцияларни бажарадиган ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширишга ваколат берилган шахслар, шунингдек хорижий давлат корхоналарининг раҳбарлари, хорижий таниқли сиёсатчилар ва сиёсий партияларининг таниқли аъзолари (шу жумладан собиқ);

юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар - юқори мансабдор шахсларга ижтимоий ва касбий жиҳатдан бевосита боғлиқ бўлган жисмоний шахслар;

операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;

оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишини олдини олишга қаратилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;

Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;

пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;

юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси - чет давлатнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилган ва ўз иштирокчиларининг (пайчиларнинг, ишонч билдирувчиларнинг ёки бошқа шахсларнинг) ёхуд бошқа бенефициарларнинг манфаатларини кўзлаб даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилий тузилмадир (фондлар, шерикликлар, ширкатлар, трастлар, жамоавий инвестициялар ва (ёки) ишончли бошқарувнинг бошқа шакллари);

учинчи томон - Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасида кўрсатилган ташкилотлар.

2. Қуйидагиларда ички назорат амалга оширилади:

ушбу Қоидаларнинг 32-бандида санаб ўтилган шахслар тарафлардан бири бўлган биржа операциялари;

биржа товарларини олди-сотдиси бўйича ва муддатли биржа инструментлари билан боғлиқ биржа операциялари ("фьючерс", "опцион" ва бошқа деривативлар).

3. Ички назоратнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

биржа аъзоларининг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга оид таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш;

биржа аъзолари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тайёрлаш ва амалга оширишда ички ҳужжатларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш.

4. Ички назоратнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатларга мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш чораларини амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини текшириш ва кўчмас мулк олди-сотдиси фаолиятини амалга оширишда фойдаланиладиган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкнинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича мумкин бўлган чора-тадбирлар қўллаш;

мазкур Қоидаларнинг 30-бандида белгиланган мезонлар асосида шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотларни (ҳужжатларни) махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операцияларни кечиктирмасдан ва олдиндан хабардор қилмасдан тўхтатиб туриш, бундан юридик ёки жисмоний шахснинг шахсий ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар мустасно, ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ва тўхтатиб турилган куннинг ўзида бундай операциялар ҳақида махсус ваколатли давлат органини хабардор қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида сақланишини таъминлаш;

биржа аъзолари раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларнинг амалга оширилиши ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан боғлиқ шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро айирбошлаш;

сўровномалар бўйича мижозлар базасидан террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ бўлган шахсларни аниқлаш;

биржа аъзоларининг фаолияти доирасида таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва камайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш;

юқори мансабдор шахслар уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларнинг амалга ошираётган операцияларини чуқур мониторинг қилиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

махсус ваколатли давлат органининг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларини ўз вақтида ижро этиш.

4-1. Биржалар биржа аъзоларига пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни мустақил равишда тўхтатиб туриш, бунда юридик ёки жисмоний шахснинг шахсий ҳисобига тушадиган маблағларни ўтказиш бўйича операциялар мустасно, ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат бериш ва тўхтатиб турилган операцияларни тиклаш имконияти яратиб бериши шарт.


II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва тегишли биржалар томонидан белгиланадиган биржа савдоси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш учун ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш мақсадида биржалар томонидан тасдиқланадиган биржа қоидалари қуйидагиларни назарда тутиши керак:

биржа аъзолари томонидан ички назорат тизимининг жорий этилиши ва амалга оширилишини;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар талабларини бажаришни;

мижозлар ва операциянинг бошқа иштирокчиларини текшириш ва идентификациялаш бўйича чораларни;

махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар мезонлари ва аломатларини;

биржа аъзоларининг фаолияти доирасида таваккалчиликларни, шунингдек уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва баҳолашни;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилик талабларини бажармаётган биржа аъзоларига нисбатан мутаносиб равишда санкцияларни қўллаш;

шубҳали операцияларни ҳужжатли акс эттириш ва улар тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар қилишни;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чораларни;

ходимларни танлаш бўйича малака талаблари ва тартибларини;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга доир малака талабларини;

биржа аъзоси ходимларига ички назорат жараёнлари ва мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чораларини ўргатишни;

ички назоратни амалга оширишда олинадиган ахборот ва ҳужжатларни сақлаш бўйича талабларни;

биржа томонидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш мақсадида биржа аъзосининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан биржанинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича зарур ҳужжатлар ва маълумотни талаб қилиш ҳуқуқини;

биржа аъзоси фаолиятининг хусусиятларини инобатга олувчи бошқа жараёнларни.


6-1. Биржа ва биржа аъзоларининг назорати остида ёки аҳамиятли таъсири доирасида битта ёки бир нечта пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар бўлган тақдирда ички қоидалар гуруҳий ёндашув асосида ишлаб чиқилиши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш ва мижозларни лозим даражада текшириш учун зарур бўлган маълумотларни алмашиш қоидалари ва тартиб-таомиллари;

комплаенс назоратни, аудитни ва (ёки) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш функцияларини гуруҳ даражасида таъминлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадлари учун зарур бўлган ҳолларда филиаллардан ва шўъба корхоналардан уларнинг мижозлари, ҳисобварақлари ва операциялари тўғрисидаги маълумотларни олинишини таъминлаш;

махфийликни ва маълумотлардан фойдаланишни етарли даражада ҳимоя қилиш.

7. Ички назорат тизими биржа аъзолари фаолиятининг хусусиятлари, асосий йўналиши, мижозлар базаси ва мижозлар ҳамда уларнинг операциялари билан боғлиқ таваккалчилик хавфлари даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштирилади.


7-1. Биржа аъзоларининг чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро стандартлар ва улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим.

Агарда биржа аъзоларининг чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари жойлашган мамлакатнинг қонунчилик билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги енгилроқ ички назорат чора-тадбирлари назарда тутилган бўлса, улар мазкур Қоидаларга амал қилишлари керак.

7-2. Биржа аъзоси ўзининг чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналаридан улар жойлашган мамлакатлар қонунчилигида тегишли чоралар тақиқланганлиги сабабли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли чораларни риоя қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, биржа аъзосининг бош офисига ахборот берилишини талаб қилишга мажбурдирлар. Ўз навбатида биржа аъзосининг бош офиси бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига хабар бериши шарт.

8. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадларида биржа аъзолари томонидан мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс (кейинги ўринларда масъул шахс деб юритилади) тайинланади. Масъул шахслар ишини мувофиқлаштириш учун биржада биржанинг ваколатли ходими тайинланади.

8-1. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида биржанинг ваколатли ходими биржа аъзоларининг раҳбарларини, бенефициар мулкдорларини ва аффиланган шахсларини (агар мавжуд бўлса) идентификациялаши ва ишчанлик обрўсини ўрганиши ҳамда уларни Рўйхат билан солиштириши керак.

Биржанинг ваколатли ходими биржа аъзоларининг рахбарлари, бенефициар мулкдорлари ёки аффилланган шахслари (агар мавжуд бўлса) Рўйхат билан тўлиқ мос келган тақдирда, бу ҳақида дарҳол махсус ваколатли давлат органига, Рақобат қўмитасига ҳамда биржа раҳбарига хабар бериши шарт.

9. Масъул шахс биржа аъзоси ижро этувчи органи раҳбарининг буйруғи билан тайинланади ва тўғридан-тўғри раҳбарга ҳисобдор ҳисобланади. Тайинланган масъул шахс тўғрисидаги маълумотлар биржанинг ваколатли ходимига тақдим этилади.

9-1. Масъул шахс лавозимига тайинланаётган шахс жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ҳамда биржа савдоси қоидаларини билиши керак.

9-2. Масъул шахс лавозимига қуйидаги шахслар тайинланиши мумкин эмас:

ўз фаолияти ва шахсий хулқ атворида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқаргани ёки ишни виждонан юритмаганини намоён этган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги, бошқарув тартибига қарши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлари учун аввал суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар.

10. Биржалар ҳар йили 15 январгача махсус ваколатли давлат органига ва Рақобат қўмитасига масъул шахслар рўйхатларини тақдим этадилар ва ушбу рўйхатларга киритилган ўзгаришлар ҳақида бу ҳақда маълум бўлган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида хабар беришни таъминлайдилар.

11. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида масъул шахс қуйидаги функцияларни бажаради:

мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назорат жараёнини ва мижозларни лозим даражада текширишни жорий этишни ва амалга оширишни ташкиллаштиради;

биржа аъзоси фаолиятининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, ички назоратни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва раҳбариятга тасдиқлаш учун киритади;

мижозларнинг ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялари ва хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги хабарларнинг махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида юборилишини, шунингдек махсус ваколатли давлат органининг қўшимча ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайди;

ички назорат тизимини ташкил этиш бўйича ва Рақобат қўмитаси, махсус ваколатли давлат органининг ваколатли вакиллари, шунингдек ташкилотнинг ички аудит хизмати ходимлари ва ташқи аудиторлар томонидан олиб борилган текширувлар давомида биржа аъзоси фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мониторингни амалга оширади;

мазкур Қоидалар ва ички назорат дастурларини амалга ошириш жараёнининг маҳфийлигини таъминлайди;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.


12. Масъул шахс қуйидагиларга ҳақли:

ўз ташкилотининг раҳбарлари ва ходимларидан ички назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий-бошқарув, бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, ташкилотнинг электрон маълумотлар базалари, маҳаллий ҳисоблаш тармоқлари ва автоном компьютер тизимларида сақланаётган файллар ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операцияларга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш (шу жумладан, мижоз ёки операция тўғрисида қўшимча ахборот олиш ёки мавжуд ахборотни текшириш мақсадида ўтказилаётган операцияни тўхтатиш бўйича).

Масъул шахс қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Масъул шахс қуйидагиларга мажбурдир:

мижозларни лозим даражада текширишни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш ва уларнинг шахсини текшириш бўйича мумкин бўлган чора-тадбирларини кўриш;

мижозлардан иш муносабатларининг мақсади ва кўзланган хусусияти, шунингдек зарур ҳолларда пул маблағларининг келиб чиқиш манбаи тўғрисида сўраш;

мижозни лозим даражада текшириш материалларига қўшиб қўйиладиган яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, мижознинг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида назарда тутилган мақсад ва фаолият турларига тўғри келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма равишда қайд этиш;

идентификациялашни якунлаш имкони бўлмаганда ёки мижозни тегишли тарзда текшириш натижаларига кўра, у билан иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда мижоз билан битим тузишни рад этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича ўз таваккалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш чора-тадбирларини кўриш;

шубҳали операциялар аниқланганда, белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органига ахборот бериш учун биржа аъзоси раҳбариятини хабардор қилиш;

олинган ахборотларнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

ички назоратни амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

махсус ваколатли давлат органининг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ўқув тадбирларида иштирок этиш ва ўқув тадбирларида олинган маълумотларни биржа фаолиятида иштирок этувчи биржа аъзоси ходимларга етказиш.

Масъул шахс зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


13-1. Операциялар тўғрисидаги маълумотлар зарурат туғилган тақдирда операция тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.

14. Ходимларнинг сўнгги янгиликларга, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг, терроризмни молиялаштиришнинг ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида биржа аъзоларининг барча ходимларини, шу жумладан, масъул шахсларини ўқитиш ва малакасини ошириш махсус ваколатли давлат органи ва Рақобат қўмитаси билан келишилган ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади.

Ўқитиш мунтазам равишда, йилига камида бир марта ўтказилади.

15. Масъул шахс биржанинг ваколатли ходимига камида бир йилда бир марта ўз фаолияти натижалари ҳақида ҳисоботлар тайёрлайди ва тақдим этади.

Биржалар масъул шахснинг фаолиятлари ҳақидаги ҳисоботларни камида бир йилда бир марта махсус ваколатли давлат органига ва Рақобат қўмитасига юборадилар.

15-1. Ҳар бир биржа аъзоси қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар асосида масъул шахснинг вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилайдиган низомни ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ва амалга киритиши лозим.

Ушбу Низом ўзида масъул шахсга бўлган қуйидаги талабларни акс эттириши керак:

унинг мақсади ва вазифалари;

унинг бошқа бўлинмалардан мустақил бўлишини таъминлаш усуллари;

унинг раҳбар, шу жумладан бенефициар мулкдорлари билан ўзаро муносабати;

ўзининг функцияларини бажариш учун зарур бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек мазкур маълумотларни тақдим этиш масалалари юзасидан биржа аъзоси ходимларининг мажбурияти;

қонунчилик ҳужжатлари ва ички ҳужжатлар талаблари бузилишларини ўрганишни ўтказиш ҳуқуқи;

олинган маълумотларни раҳбарга эркин ифодалаш ва ошкор этиш ҳуқуқига эга бўлиши;

раҳбарга тегишли ҳисоботни тақдим қилиш мажбурияти;

мазкур соҳадаги ўзгаришлар тўғрисида раҳбарни хабардор қилиш мажбурияти;

ходимларни танлаш бўйича малака талаблари ва тартиблари;

малакани ошириш бўйича махсус курсларда мунтазам равишда ўқиб бориш мажбурияти.


III. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


16. Биржа аъзолари:

иш муносабатларини ўрнатишда;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдоридан ортиқ бўлган бир марталик операциялар амалга оширилганда;

олиб борилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадларига алоқадор эканлигига ҳар қандай шубҳа мавжуд бўлганда;

идентификациялаш учун аввал олинган маълумотларнинг аслийлиги ва ишончлилигига шубҳалар мавжуд бўлганда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни кўрадилар.

Агарда операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда ёхуд оффшор ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлганда биржа аъзолари мижозларни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларни кўришлари лозим.

16-1. Мижозни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларига қуйидагилар киради:

мижоз ҳақида қўшимча маълумотлар (фаолият тури, активлар миқдори, очиқ маълумотлар базаси орқали олиши мумкин бўлган маълумот ва бошқалар) олиш ва фойдаланувчи ёки бенефициар мулкдор бўйича маълумотларни янада тезроқ янгилаб бориш;

мижоздан унинг пул маблағлари ёки молиявий ҳолатининг манбаси ҳақида маълумот олиш;

режалаштирилган ёки ўтказилган операцияларнинг сабаблари тўғрисида маълумотлар олиш;

қўшимча текширишни талаб қиладиган операциялар (битимлар) хусусиятини аниқлаш ҳамда текширишларнинг сони ва кетма-кетлигини ошириш йўли билан иш муносабатларининг кучайтирилган мониторингини амалга ошириш.

16-2. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва мижоз номидан иш юритувчи шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш;

мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказиш.

Aгар мижознинг бенефициар мулкдорини аниқлашнинг имкони бўлмаса, биржа аъзолари мижознинг раҳбарини идентификациялашлари керак.

Мижозни лозим даражада текшириш бўйича юқорида кўрсатиб ўтилган чораларни кўриш билан бирга, мижоз ёки бенефициар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзолари ёки бенефициар эгаси бўлган юқори мансабдор шахсларнинг яқин шахсларига нисбатан биржа аъзоларининг масъул ходимлари:

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни манбаларини аниқлаш бўйича оқилона чораларни кўриши;

юқори мансабдор шахс, унинг оила аъзолари ёки юқори мансабдор шахсга яқин шахслар билан амалий иш муносабатларига фақатгина биржа аъзосининг раҳбарияти рухсати билан киришиши (ёки мавжуд мижозлар учун давом эттириш);

амалий иш муносабатларини мониторинг қилиб бориши лозим.

16-3. Биржа аъзолари мазкур Қоидаларнинг 16-2-банди иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширган учинчи томонларнинг лозим даражада текшириш натижаларига ишонишлари мумкин. Мазкур ҳолларда мижозларни лозим даражада текшириш натижалари бўйича сўнгги жавобгарлик биржа аъзосининг зиммасида қолади. Бунда биржа аъзоси:

мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотлари ва бошқа тегишли ҳужжатлар нусхаларини сўров асосида дарҳол олиш имкониятига эга бўлишига;

учинчи томон мазкур Қоидалар асосида ишлашига ишонч ҳосил қилиши керак.

Мазкур банднинг юқорида кўрсатилган талабларидан бирига риоя қилинмаган тақдирда, биржа аъзолари мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни мустақил равишда амалга оширишлари керак.

17. Мижозларни лозим даражада текшириш биржа бозорида кўрсатиладиган хизматларнинг барча йўналишлари ва босқичларида, шу жумладан мавжуд бўлган мижозларга нисбатан ҳам олиб борилиши лозим.

Мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдори идентификацияси мазкур Қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларида кўзда тутилган маълумотлар, шунингдек операциялар ва бошқа битимларнинг бажарилиши учун асос ҳисобланувчи ҳужжатлар ва бошқа зарур маълумотлар асосида амалга оширилади.

Мижоз ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда улар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда уларнинг операцияларни амалга оширишга бўлган ваколатлари текширилиши шарт.


17-1. Биржанинг аъзоси, агар мижозни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни қўллаш имкони бўлмаса, мижоз билан иш муносабатларига киришни рад этиши ва (ёки) мавжудларини тўхтатиши, шунингдек, махсус ваколатли давлат органига шубҳали операция тўғрисида хабар юбориши шарт.

18. Мижоз биржа бозорида операцияларни амалга ошириш тўғрисида топшириқ билан бир ёки бир неча марта мурожаат қилганда, биржа аъзолари қуйидагиларга мажбурдирлар:

қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ операция ўтказишда мижоз ёки манфаатдор шахсларни идентификациялаш;

ушбу мижознинг аввалги ҳисобот даври (ой, чорак, ярим йил, йил) мобайнида амалга оширган операцияларини, агар бундай операциялар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлса, ўрганиб чиқиш;

операция турини ҳамда унинг мижоз - юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсад ва фаолият турига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

операция турини ҳамда унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган мижоз - жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фаолият турига мувофиқлик даражасини аниқлаш.


19. Мижоз - жисмоний шахсни идентификациялаш унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) асосида амалга оширилади. Агар жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор бўлса, шунингдек унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам ўрганилиши лозим.


20. Мижоз - юридик шахсни идентификациялашда биржа аъзолари давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларни текширишлари лозим.


21. Мижоз - юридик шахсни янада батафсилроқ ўрганиш мақсадида:

мижознинг таъсис ҳужжатлари (рўйхатдан ўтказилган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан) ва мижознинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг расмийлаштирилишига;

мижознинг бошқарув органларининг тузилиши ва уларнинг ваколатларига;

мижознинг рўйхатдан ўтказилган устав фондининг (капиталининг) миқдорига алоҳида эътибор берилиши лозим.


22. Биржа аъзоси мижоз томонидан тақдим этилаётган ахборотни:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мижоз тўғрисида олинган маълумотлардан фойдаланиш;

мижознинг биржанинг бошқа аъзолари билан ўзаро муносабатларини ўрганиш;

мижознинг ишчанлик обрўси тўғрисидаги ахборотни тўплаш орқали текширишга мажбурдир.

23. Юридик ва жисмоний шахсларни идентификациялаш жараёнида бенефициар мулкдорларни идентификациялаш бўйича, шу жумладан, мижоз мол-мулкининг тузилишини ўрганиш йўли билан, асосланган ва зарур чора-тадбирлар қўлланиши лозим.

Мижозларни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар аҳамияти ва таваккалчиликлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мижоз маълумотларида ўзгаришлар бўлганда, бироқ биржа аъзоси томонидан таваккалчилик юқори баҳоланганда йилига камида бир маротаба, бошқа ҳолларда икки йилда камида бир маротаба янгиланиши лозим.

23-1. Aгар, мавжуд мижознинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқаси борлиги ҳақида асослантирилган шубҳалар мавжуд бўлганида ва унга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга ошираётганлиги ошкор бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширмасдан махсус ваколатли давлат органга шубҳали операция ҳақида хабар юборилишига йўл қўйилади.

24. Биржа аъзоси мижозлар томонидан идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, уларга операцияларни амалга оширишда рад этади.



IV. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ

25. Биржа аъзоси мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга оширишда таваккалчилик даражасини (бундан буён матнда таваккалчилик даражаси деб юритилади) аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижоз тақдим этган ахборот асосида, амалга оширадиган операциялар турлари, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар, мижозни лозим тарзда текшириш натижалари ҳамда бошқа керакли маълумотларни ҳисобга олган ҳолда масъул ходим томонидан ҳар йили аниқланади ва баҳоланади.

Таваккалчиликларни баҳолаш натижалари ёзма равишда расмийлаштирилиши ҳамда махсус ваколатли давлат органи ёки Рақобат қўмитасига тақдим этилиши лозим.

25-1. Рақобат қўмитаси биржалар билан биргаликда йилига камида бир марта, шунингдек биржа савдоларидаги ёки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ўзгариши муносабати билан биржа аъзолари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини ўрганади.

26. Таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига биржа аъзоси аввалдан қуйидаги мезонларга эга бўлган мижозларни тегишли деб топиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътиборни қаратиши лозим:

Рўйхатга киритилган шахслар ёхуд Рўйхатга киритилган шахснинг назоратидаги шахслар ёки Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёхуд билвосита мулкдори ёки назорат қилувчи шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда (ҳудудда) ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

оффшор зонада ҳисоб рақамларига эга бўлган резидентлар ва норезидентлар;

ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

фаолият даври молиявий йилнинг бир чорагидан ошмаган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

бенефициар мулкдори ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар бўлган ташкилотлар;

мунтазам равишда (кетма-кет уч ой мобайнида икки мартадан ортиқ) шубҳали операцияларни амалга ошираётган мижозлар;

юқори мансабдор шахслар уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар.

27. Таваккалчилик хавфининг юқори даражасини белгилашда биржа аъзоси мижозни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чораларини кўриши ва доимий равишда улар томонидан содир этилаётган операцияларнинг мониторингини амалга ошириши шарт.


28. Агар мижозлар билан ҳамкорлик юқори даражадаги таваккалчилик хавфи билан боғлиқ бўлмаса, у ҳолда бундай мижозлар паст даражадаги таваккалчилик хавфи тоифасига киритилади.


29. Мижоз томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, биржа аъзоси зарур ҳолларда у билан ишлаш бўйича таваккалчилик хавфи даражасини қайта кўриб бориши лозим.

Биржа аъзолари барча мураккаб, ғайриоддий йирик операцияларга, шунингдек аниқ иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган операцияларни амалга оширишнинг ғайриоддий схемаларига кучайтирилган эътибор қаратишлари керак.

29-1. Биржа аъзолари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишига йўл қўймаслик бўйича чораларни кўришлари керак. Бу мақсадларда биржа аъзолари:

хизматларнинг янги турлари ва янги иш амалиёти ишлаб чиқилиши;

янги ҳамда амалдаги хизмат турларида янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланиш натижасида вужудга келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини аниқлаш ва баҳолашлари лозим.

Бундай таваккалчиликнинг баҳоланиши хизматларнинг янги турлари, янги иш амалиётининг ишга туширилиши ёхуд янги ёки ривожланаётган технологияларни фойдаланишга туширишдан аввал ўтказилиши лозим.

Биржа аъзолари бундай таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва уларни камайтириш учун тегишли чораларни кўришлари зарур.


V. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШНИНГ

МЕЗОНЛАРИ ВА ТАРТИБИ


30. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция қуйидаги ҳолларда шубҳали деб топилиши мумкин:

мижоз томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан, ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этишнинг сабабсиз рад этилиши;

мижознинг хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф қилиниши;

биржа операцияси бўйича оддий амалиётдан фарқ қиладиган ушбу мижоз томонидан қўлланадиган ёки оддий биржа амалиётидаги ҳисоб-китобларни олиб бориш тартиби бўйича ностандарт ёки мураккаб қоидаларнинг мавжуд бўлиши;

мижознинг бекор қилинган биржа битимлари бўйича ўз маблағларини учинчи шахсларга ёки норезидент-банклардаги ҳисоб рақамларига қайтаришни таклиф қилиши;

мижоз томонидан ҳужжатлар ва ахборот тақдим этилишининг узрсиз кечиктирилиши ёки мижоз томонидан текшириб бўлмайдиган ахборотнинг тақдим этилиши, ёхуд ушбу текширув жуда ҳам қиммат бўлса;

мижознинг биржада содир этилаётган битимнинг маҳфийлиги масалаларига нисбатан ортиқча ташвишланиши;

биржада мижоз талаб қилаётган муайян операцияни ўтказишдаги асоссиз шошма-шошарлик;

агарда мижоз томонидан нақд шаклда қўйилган сумма бир ёки ўттиз кун мобайнида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробарига тенг миқдоридан ошиб кетса;

мижозлар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробари миқдоридан ортиқ бўлган бир марталик олди-сотди бўйича операцияларнинг нақд пул маблағларида тўлаш орқали содир этилиши;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари ўртасида биржаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталаридаги Фойдаланувчиларнинг шахсий рақамларида (бундан кейинги ўринларда ФШР деб юритилади) жамланган пул маблағларидан бошқанинг фойдасига воз кечиш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараварига тенг миқдоридаги суммадан ошган операцияларнинг ўтказилиши, бир марталик ўтказилган операциялар каби уч ой мобайнида ўтказилган бир нечта операциялар ҳам;

оффшор ҳудудларда ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатларда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар учун ФШР очишга топшириқнома берилиши;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет эл ташкилотларининг ишончномалари бўйича ФШР очишга топшириқнома берилиши;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробари миқдоридан юқори бўлган суммада хизматлар кўрсатиш ёки ишлар бажариш бўйича биржа битимларининг тузилиши;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, фойдаланувчи билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк эгалари ўзгармайдиган, бироқ биржа савдоларининг мазкур иштирокчилари фаоллиги тўғрисида тасаввур ҳосил қиладиган битимларни тузиш;

биржа савдолари қоидаларида белгиланган нархлар билан биржа савдоларида манипуляция қилиш ҳолларининг мавжудлиги;

30 кун давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5000 баравари миқдоридан ортиқ бўлган суммага товарларни сотиб олиш бўйича биржа битимларини тузиш;

фаолият даври молиявий йилнинг бир чорагидан ошмайдиган мижоз томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 баравари миқдоридан ортиқ бўлган суммага товарларни сотиб олиш бўйича биржа битимларини тузиш;

бошқа минтақада жойлашган мижоз томонидан биржа операциясини амалга оширишга топшириқ берилиши;

операция мижознинг фаолияти хусусиятига ва турига мувофиқ келмаслиги;

амалга оширилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадорлиги ҳақида асосланган шубҳалар мавжуд бўлган барча ҳолатларда.

30-1. Биржа аъзолари Рақобат қўмитаси томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиладиган шубҳали операцияни эрта аниқлаш бўйича услубий қўлланмаларни татбиқ этишлари мумкин.

31. Операцияни шубҳали деб тан олиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижоз шахси, унинг обрўси, амалий иш муносабатларининг хусусияти, битимнинг асослари, мақсадлари, ҳажми ва тури, уни амалга ошириш усули билан ҳамда шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида аниқланадиган таваккалчилик хавфига боғлиқ равишда амалга оширилади.


32. Биржа аъзолари операцияларни амалга оширишда уларнинг иштирокчилари идентификация маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ оперциялар кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан тўхтатилиши ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйилиши лозим, агарда:

мижоз ёки операция қатнашчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келса;

операция қатнашчиларидан бири Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

операция қатнашчиси бўлган юридик шахс Рўйхатга киритилган жисмоний ёки юридик шахснинг мулкида ёки назорат остида бўлса.

Рўйхатга киритилган шахснинг операцияси тўхтатиб турилганда ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйилганда биржа аъзолари махсус ваколатли давлат органига бу ҳақида хабар юбориши лозим.

Биржа аъзолари тўхтатилган операцияни ўтказишни тиклашни ва ишга солмай тўхтатиб қўйилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан фойдаланишга рухсат беришни Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3327, 2021 йил 19 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

32-1. Операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса, бундай операция махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши керак.

33. Мижознинг операцияси шубҳали деб топилганда биржа аъзоси мижозга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар ҳақида қарор қабул қилади, жумладан:

шубҳали операциялар тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар бериш ҳақида;

мижоз билан операция ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида;

қонунчилик ҳужжатлари ёки у билан тузилган шартномага мувофиқ мижоз билан муносабатларни тўхтатиш ҳақида.


34. Шубҳали операциялар ҳақидаги маълумотлар биржа аъзоси томонидан махсус ваколатли давлат органига шубҳали операциялар деб топилган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган шаклда берилади.

Шубҳали операцияга тааллуқли ҳар бир ахборот ҳақида масъул шахс томонидан қоғоз ва (ёки) электрон кўринишда юритиладиган махсус журналда қайд этилади.


35. Биржа аъзоси, шунингдек тегишли операциядан шубҳани тасдиқловчи ёки шубҳани олиб ташловчи ҳар қандай маълумот тўғрисида дарҳол махсус ваколатли давлат органига хабар бериши зарур.


VI. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН АХБОРОТ ВА

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ, МАҲФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


36. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидагилар расмийлаштирилади:

операциянинг тури ва уни амалга ошириш асоси;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахсни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

операциянинг топшириғи бўйича ва номидан амалга оширилаётган жисмоний ёки юридик шахсни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

ушбу шахс номидан операцияни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахснинг вакилини (ишончли вакили) идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар бўйича олувчини ва унинг вакилини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.


36-1. Масъул ходимнинг фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатлар (Рақобат қўмитаси ва махсус ваколатли давлат органи билан ёзишмалар, шу жумладан юборилган хабарларнинг қоғоздаги ва электрон нусхалари, мижозларнинг қоғоздаги ва электрон анкеталари, журналлар ва ҳ.к.)дан фойдаланилишини чеклаш мақсадида, бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда ушбу ходим томонидан сақланиши лозим.

36-2. Ҳужжатларнинг электрон шакллари дастурий усулда архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи ускуналарга ёзиб қўйилиши ҳамда масъул ходим томонидан уларнинг рўйхати билан биргаликда ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши зарур.

37. Биржа аъзолари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ҳақидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш материалларини ва маълумотларини, шу жумладан иш ёзишмаларини ва ҳар қандай таҳлил натижаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, лекин операциялар амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатлар мобайнида сақлашлари шарт.

Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ мижоз сўровномасида қайд этилади.

37-1. Биржалар ошкор қилмаслик ва сақлаш муддатлари бўйича талабларга риоя этган ҳолда барча ҳужжатларнинг электрон нусхаларини сақлашлари мумкин.

38. Биржа аъзолари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотдан эркин фойдаланишни чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга, уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига маълумот берилганлиги тўғрисида ахборот беришга ҳақли эмаслар.

38-1. Мижознинг лозим даражада текширилганлиги ҳақида, шу жумладан, мижознинг сўровномасидан маълумот учинчи томонларга уларнинг сўровига биноан берилиши мумкин.

39. Биржа аъзолари ходимларининг ички назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотни ўз ходимлари томонидан ошкор қилмасликни (шахсий мақсадлари ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланмаслигини) таъминлайдилар.


39-1. Мазкур Қоидалар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича бошқа ҳужжатлар биржа аъзолари ва биржанинг барча ходимларига етказилиши лозим.


VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


40. Биржаларнинг мазкур Қоидалар талабларига риоя этишлари устидан мониторинг ва назорат Рақобат қўмитаси ва махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Биржа аъзоларининг мазкур Қоидалар талабларига риоя этишлари устидан мониторинг ва назорат қилиниши биржалар ва махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Биржалар, ўз ваколатлари доирасида, мазкур Қоидалар талабларини бузган биржа аъзоларига нисбатан чораларни белгилайди ва қўллайди.

Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаларига ҳам мазкур Қоидалар билан белгиланган талаблар қўлланилади.

40-1. Биржа аъзоси ички назорат тизимининг самарадорлигини мониторинг қилиш ички аудит хизмати ёки ташқи аудит томонидан амалга оширилади.

41. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

42. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси товар хом ашё биржаси, Республика универсал агросаноат биржаси, Республика кўчмас мулк биржаси, Тошкент шаҳар муниципал биржа маркази билан келишилган.






Қоидаларга

1-ИЛОВА


Жисмоний шахсларни идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Фамилияси, исми ва отасининг исми.


2. Туғилган санаси ва жойи.


3. Фуқаролиги ҳақида маълумотлар.


4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами.


5. Доимий ва (ёки) вақтинчалик яшаш жойи.


6. Фуқаро паспорти ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат (ҳужжат серияси ва рақами, ҳужжат берилган сана, ҳужжатни берган орган номи).


7. Мобил телефони рақами (агар мавжуд бўлса).






Қоидаларга

2-ИЛОВА


Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни

идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Юридик шахсларни идентификациялашда зарур бўладиган маълумотлар:

а) тўлиқ, шунингдек, агар давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

г) жойлашган жойи (почта манзили), шунингдек рўйхатдан ўтган офисининг манзили ва бош офисининг манзили, агар у биринчисидан фарқ қилса;

д) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

е) лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисида маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

ж) имзо ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар ёки юридик шахс номидан иш кўрувчи жисмоний шахснинг идентификациялаш тўғрисида маълумотлар;

з) юридик шахс таъсисчилари (йирик акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда мижознинг устав фонди (капитали)даги уларнинг улушлари тўғрисида маълумотлар;

и) рўйхатга олинган ва тўланган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

к) юридик шахснинг бошқарув органлари (юридик шахснинг бошқарув органларининг тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

л) телефон рақамлари.


2. Якка тартибдаги тадбиркорларни идентификациялашда зарур бўладиган маълумотлар:

а) Мазкур қоидаларнинг 1-иловасида кўзда тутилган маълумотлар;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) фаолият амалга ошириладиган жой;

г) фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд гувоҳномалар ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар: фаолият тури, лицензия рақами, берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

д) телефон рақамлари;

е) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар.






Қоидаларга

3-ИЛОВА


Мижоз сўровномасида кўрсатиладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Мижозни идентификациялаш жараёнида олинган, биржа аъзолари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларнинг 1, 2-иловаларида кўрсатилган маълумотлар.


2. Мижознинг бенефициар мулкдори тўғрисидаги маълумотлар.


3. Мижознинг юқори мансабдор шахс (унинг оила аъзоси ёки унга яқин шахс) эканлиги тўғрисида белги.


4. Таваккалчилик даражаси ҳақида маълумот, шу жумладан, таваккалчиликни баҳолаш асослари.


5. Биржа аъзоси томонидан мижозни идентификациялашда амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар натижалари.


6. Мижоз билан муносабатлар ўрнатилган сана.


7. Мижоз анкетаси тўлдирилган ва ўзгартириш киритилган сана.


8. Мижоз билан ишлашга масъул ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими.


9. Қоғоз шаклидаги мижоз анкетасини тўлдирган ходим имзоси (фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда) ёки электрон кўринишдаги мижоз анкетасини (биржа аъзосининг электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда) тўлдирган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими.


10. Ички қоидаларда белгиланадиган бошқа маълумотлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 46-сон, 501-модда.


































Время: 0.2053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск