ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Ном бериш / Эсдалик ва кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар /

Ўзбекистон Республикасининг 17.12.2009 й. ЎРҚ-235-сон "Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низомни ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тавсифини тасдиқлаш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.08.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 04.12.2009 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

17.12.2009 й.

N ЎРҚ-235



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФАХРИЙ ЁРЛИҒИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФАХРИЙ ЁРЛИҒИ ТАВСИФИНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 12 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2009 йил 4 декабрда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

2009 йил 17 декабрдаги

ЎРҚ-235-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасининг

Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги

НИЗОМ

1. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат ва жанговар хизматлари, самарали давлат, ижтимоий ва ижодий фаолиятлари учун мукофотланади.

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан фуқаролар билан бир қаторда айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам мукофотланиши мумкин.


2. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш, шунингдек уни топшириш "Давлат мукофотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган шахсга белгиланган намунадаги тегишли ҳужжат топширилади.


4. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу қийматдаги эсдалик совғаси оладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган шахслар қонунчиликда белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.

5. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи ва бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу қийматдаги эсдалик совғаси мукофотланганнинг оиласига топширилади.






Ўзбекистон Республикаси

2009 йил 17 декабрдаги

ЎРҚ-235-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи

ТАВСИФИ


Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи белгиланган намунадаги Фахрий ёрлиқнинг жилдга солинган бланкасидан иборат.

Жилд яшил мармар рангли "бувинил" материалидан тайёрланган, қаттиқ ҳажмдор муқовали, мураккаб коленкор билан қопланган. Жилд бичими 252,5x340 миллиметр.

Жилднинг юз томони қалинлиги 6 миллиметрли, ўлчами 225x310 миллиметрли, "қуруқ блинт" усулида босилган рамка кўринишидаги нақш билан безатилган. Ич томони эса ўлчами 208x292 миллиметрли, зарвараққа "иссиқ блинт" усулида босилган бурчакдор нақшли рамкадан иборат.

Саҳифанинг юқори чеккасидан 63 миллиметр масофада, горизонтал бўйича марказда диаметри 40 миллиметрли, уч хил (оқ, мовий, яшил) рангли эмаль ва лок қопланган, тиллаҳал югуртирилган мис қотишмасидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби жойлашган. Герб атрофига диаметри 53 миллиметрли ботиқ қуруқ доира туширилган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербидан 38 миллиметр пастда, марказда, зарвараққа ботиқ қиздирма тамға усулида туширилган матн икки сатрда жойлашган. Биринчи сатрда "O`zbekiston Respublikasining" (бош ҳарфларда, "Vivaldi" шрифти, 46-кегль), иккинчи сатрда "Faxriy yorlig`i" (бош ҳарфларда, "Vivaldi" шрифти, 84-кегль) сўзлари ёзилган.

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи бланкаси 250 г/кв.м. қалинликдаги жилосиз силлиқ қоғоздан тайёрланади. Бланка бичими 330x496 миллиметр, букилганда эса 330x248 миллиметр, матн бир томонга босилади. Фон жозибадор очсарғиш, пастель тусда.

Қўш саҳифанинг ич тарафи бронза пастада босилган, бурчакларида безак элементлари бўлган ўлчами 295x470 миллиметрли рамка билан безатилган.

Қўш саҳифанинг ички чап тарафида, горизонтал бўйича марказда, юқори чеккадан 38 миллиметр масофада диаметри 40 миллиметрли рангли Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Гербнинг чап ва ўнг томонларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи бир хилда ҳилпираб турган тарзда акс эттирилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг пастки қисмидан 18 миллиметр масофада, саҳифа марказида бронза ранг матн икки сатрда жойлашган. Биринчи сатрда "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASINING" (катта ҳарфларда, "Academy" шрифти, 27-кегль), иккинчи сатрда "FAXRIY YORLIG`I" (катта ҳарфларда, "Academy" шрифти, 45-кегль) сўзлари ёзилган.

Чап саҳифанинг пастки чеккасидан 24 миллиметр масофада, шоҳсупада, Хумо қуши ва қуёш нурлари фонида Мустақиллик майдонида ўрнатилган Эзгулик аркасининг бир қисми - ер шари узра парвоз қилаётган, бунёдкорлик ва тинчлик рамзи бўлган лайлаклар акс эттирилган.

Ўнг саҳифада горизонтал бўйича марказда, юқори чеккадан 31 миллиметр масофада 40x57 миллиметр ўлчамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг штандарти тасвирланган. Штандартнинг чап ва ўнг томонларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи бир хилда ҳилпираб турган тарзда акс эттирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти штандартининг пастки чеккасидан 11 миллиметр масофада Хумо қуши ва қуёш нурлари фонида тўқ зангори рангда "Vatanimiz taraqqiyotiga qo`shgan samarali hissasi hamda ijtimoiy-siyosiy hayotdagi faol ishtiroki uchun" матни уч сатрда жойлашган ("Times TAD" шрифти, 24-кегль). Ушбу Қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низомнинг 1-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда ҳар бир алоҳида ҳолат учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган фармонга мувофиқ бўлган матндан фойдаланилади.

Матннинг пастки сатридан 29 миллиметр масофада, мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 16 миллиметрли иккита чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 19 миллиметр масофада, вертикал бўйича марказда матн уч сатрда жойлашган. Биринчи сатрда тўқ зангори рангда "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASINING" (катта ҳарфларда, "Academy" шрифти, 26-кегль), иккинчи сатрда бронза-паста рангда "FAXRIY YORLIG`I" (катта ҳарфларда, "Academy" шрифти, 40-кегль), учинчи сатрда тўқ зангори рангда "BILAN MUKOFOTLANDI" (катта ҳарфларда, "Times TAD" шрифти, 24-кегль) сўзлари ёзилган.

Саҳифанинг пастки чеккасидан 55 миллиметр масофада, чап томонда тўқ зангори рангда "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTI" матни икки сатрда жойлашган, ўнг томонда, симметрик тарзда Ўзбекистон Республикаси Президентининг исми биринчи ҳарфи ва фамилияси жойлашган (катта ҳарфларда, "Academy" шрифти, 12-кегль).

Саҳифанинг пастки чеккасидан 40 миллиметр масофада мукофотлаш санасини ва Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг тартиб рақамини қайд этиш учун иккита чизиқ тортилган.



“Халқ сўзи”, 2009 йил 18 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 50-51-сон, 534-модда.

























Время: 0.2062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск