язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Вино-ароқ ва тамаки маҳсулотлари билан савдо қилиш / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2009 й. 327-сон "Алкоголли маҳсулотлар учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.12.2009 й.

N 327



АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР УЧУН ЭНГ КАМ

УЛГУРЖИ-СОТИШ ВА ЧАКАНА НАРХЛАРНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Алкоголли маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2010 йил 1 январдан бошлаб алкоголли маҳсулотлар (пиводан ташқари) учун уларнинг 1-иловага мувофиқ нархлардан паст нархларда сотилиши мумкин бўлмаган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар жорий этилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

алкоголли маҳсулотлар (пиводан ташқари) учун энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархлар, маҳсулотларни сотиш нархлари ва ҳажми ўзгаришидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин;

алкоголли маҳсулотларни қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлардан паст нархларда сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга ва чакана савдо корхоналарига нисбатан тегишли жарима санкциялари қўлланади, айбдор шахслар эса белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


3. "Ўзвиносаноат-холдинг" холдинг компанияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:

алкоголли маҳсулотлар учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар бўйича белгиланган талабларга 2010 йил 1 январдан бошлаб риоя этилишини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрсин;

ишлаб чиқарувчи корхоналарга ва чакана савдо корхоналарига 2010 йил 1 январдан бошлаб алкоголли маҳсулотлар учун энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархлар жорий этилиши тўғрисида ўн кун муддатда маълум қилсин;

алкоголли маҳсулотлар учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар жорий этилиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини амалга оширсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 2010 йил 1 январдан бошлаб, белгиланган тартибда мониторинг ва текширишларни амалга оширишда алкоголли маҳсулотларнинг белгиланган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлардан паст нархларда сотилиши ҳолларини аниқлаш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўрсинлар.

5. 2010 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 23 декабрдаги

327-сон қарорига

1-ИЛОВА



АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР (ПИВОДАН ТАШҚАРИ)

УЧУН ЭНГ КАМ УЛГУРЖИ-СОТИШ ВА ЧАКАНА НАРХЛАР

Сотилаётган товарнинг номи

Ишлаб чиқарувчи

корхоналарнинг энг кам

улгуржи-сотиш нархи


Энг кам чакана нарх


Вино, 1 литр тайёр маҳсулот учун сўм ҳисобида


1800

2400

Коньяк, ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар, 1 литр тайёр маҳсулот учун сўм ҳисобида


3800

5000

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 23 декабрдаги

327-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига

2010 йил 1 январдан бошлаб киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 2-сон, 15-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари 60-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам чакана нархдан паст нархлар бўйича".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 52-сон, 569-модда.