ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш / Хусусийлаштирилган корхоналардан тушган маблағлардан фойдаланиш /

Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.12.2009 й. 343-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 31 декабрдаги

343-сон қарорига

1-ИЛОВА



Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар

корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда

қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш,

шунингдек    уларни    сотишдан    тушган    пул

маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг учинчи шахсларнинг бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхонасидан қарзларини қайтариш ҳисобига ундирилган асосий воситаларига ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларига татбиқ этилмайди.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ва қурилиши тугалланмаган объектларини сотишдан тушган маблағлар ёки уларнинг бир қисми бошқа мақсадларга йўналтирилган тақдирда ушбу Низом уларнинг қолган қисмига нисбатан татбиқ этилади.


4. Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш қуйидаги шартлардан бири қониқтирилган тақдирда амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ сотиладиганлари бундан мустасно):

белгиланган хизмат қилиш муддатининг тамом бўлиши (тўлиқ эскириш ҳисобга ўтказилиши);

уларнинг жисмоний эскириши, авариялар, табиий офатлар, фойдаланишнинг нормал шароитлари бузилиши оқибатида яроқсиз ҳолга келиши;

маънавий эскириши;

бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва қайта ташкил этилиши муносабати билан бўшаб қолиши.



II. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ВОСИТАЛАРИНИ ВА ҚУРИЛИШИ ТУГАЛЛАНМАГАН

ОБЪЕКТЛАРИНИ СОТИШ ҲАМДА УЛАРНИ СОТИШДАН

ТУШГАН ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ


5. Бюджет ташкилотларининг бинолари ва иншоотлари (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотлари) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда - Давлат активларини бошқариш агентлиги) томонидан хусусийлаштириш тартибида сотилади, ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бюджет ташкилотларининг қолган асосий воситалари бюджет ташкилотлари томонидан юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот бўлмаган тақдирда - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда сотилади, ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бюджет ташкилотларининг бинолари ва иншоотлари (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотлари), автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалар қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларда сотилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумфуқаро фойдаланишда бўлган ва бўшаётган автомототранспорт воситалари қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин, истисно тариқасида, ушбу Низомнинг 8-банди талабларини ҳисобга олган ҳолда, Мудофаа вазирлиги томонидан ташкиллаштириладиган ёпиқ аукцион савдолари орқали сотилади. Бунда уч ой муддат давомида автомототранспорт воситалари ёпиқ аукционда сотилмаган ёки ёпиқ аукционда қатнашиш бўйича аризалар келиб тушмаган тақдирда, мазкур автомототранспорт воситалари умумий тартибда "E-auksion" электрон савдо платформасининг оммавий савдоларига чиқарилади.

Юқори ташкилотнинг (мавжуд бўлганда) талабига кўра ёки бюджет ташкилотларининг ўз ташаббуси билан асосий воситалар, ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно, асосий воситалар қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларда сотилиши мумкин.

6. Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги бюджет ташкилотлари ҳисобланадиган ваколатхоналарининг асосий воситалари ва қурилиши тугалланмаган объектлари қуйидаги тартибда сотилади:

бинолар ва иншоотлар (қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотлар ҳам шу жумлага киради) - Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида;

қолган асосий воситалар - Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари томонидан юқори ташкилот билан (мавжуд бўлганда) келишган ҳолда ваколатхона жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали мустақил равишда сотилади.


7. Ушбу Низомнинг 5-банди биринчи хатбошида назарда тутилган бинолар ва иншоотларни (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотларни) сотишдан тушган маблағлар Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасининг ҳисобрақамларида жамланади ва улар, сотиб олиш манбаларидан қатъи назар, Агентлик томонидан хусусийлаштиришдан тушган маблағлар сифатида тақсимланади.

8. Ушбу Низомнинг 5-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган тартибда бюджет ташкилотларининг асосий воситаларини сотишдан тушган маблағлар бюджет ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли бўлинмаларида очилган бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади. Кўрсатиб ўтилган маблағлар "E-auksion" электрон савдо платформаси томонидан автоматик тарзда қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи - тегишли бюджет даромадига ўтказилади;

50 фоизи - бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига йўналтирилади.

Бюджет ташкилотлари томонидан асосий воситалар "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали аукцион савдоларида сотилган тақдирда уларни баҳолаш ва сотиш харажатлари бюджет ташкилотлари томонидан тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан умумфуқаро фойдаланишидаги бўшаётган мол-мулклар, шунингдек, автомобиль ва махсус техникаларни сотишдан олинган пул маблағлари тўлиқ миқдорда Мудофаа вазирлигининг ихтиёрида қолади ва мақсадли равишда Мудофаа вазирлиги бўлинмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун йўналтирилади.

9. Бюджет ташкилотларига йўналтириладиган маблағлар ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ бюджет ташкилотлари томонидан фаолият ихтисослигига мувофиқ моддий-техник базани мустаҳкамлашга (шу жумладан, автомототранспорт воситаларини сотиб олишга), шунингдек кредиторлик қарзни (мавжуд бўлганда) тўлашга йўналтирилади.

10. Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги бюджет ташкилотлари ҳисобланадиган ваколатхоналарининг асосий воситалари ва қурилиши тугалланмаган объектларини сотишдан тушган маблағлар:

бинолар ва иншоотлар бўйича (қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотлар ҳам шу жумлага киради) - уларни сотиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида белгиланган тартибда;

қолган асосий воситалар бўйича - харажатлар сметасида назарда тутилган асосий воситаларни сотиб олишга, фаолият ихтисослигига мувофиқ моддий-техник базани мустаҳкамлашга, шунингдек кредиторлик қарзни (мавжуд бўлганда) тўлашга тақсимланади.


11. Асосий воситаларни балансда сақловчи иштирокида Агентлик билан харидор ўртасида тузилган асосий воситаларнинг олди-сотди шартномаси ва асосий воситаларнинг чиқиб кетганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ушбу Низомнинг 5-банди биринчи хатбошида назарда тутилган бюджет ташкилотларининг асосий воситаларини балансдан ҳисобдан чиқариш учун асос ҳисобланади.


III. ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВОСИТАЛАРИНИ ВА ҚУРИЛИШИ

ТУГАЛЛАНМАГАН ОБЪЕКТЛАРИНИ СОТИШ

ҲАМДА УЛАРНИ СОТИШДАН ТУШГАН ПУЛ

МАБЛАҒЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ


12. Давлат унитар корхоналарининг бинолари ва иншоотлари (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотлари) Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан хусусийлаштириш тартибида сотилади, ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Давлат унитар корхоналарининг қолган асосий воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ муассис билан келишган ҳолда, давлат унитар корхоналари томонидан мустақил равишда сотилади.

Давлат унитар корхоналарининг бинолари ва иншоотлари (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотлари), автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалар қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларда сотилиши керак.

Муассиснинг талабига кўра ёки давлат унитар корхоналарининг ўз ташаббуси билан кўрсатиб ўтилган асосий воситалар асосий воситалар, ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно, қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларда сотилиши мумкин.

13. Чет элда жойлашган давлат унитар корхоналарининг (шу жумладан, уларнинг шўъба корхоналари, ваколатхоналари ва филиалларининг) асосий воситалари ва қурилиши тугалланмаган объектлари қуйидаги тартибда сотилади:

бинолар ва иншоотлар (қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотлар ҳам шу жумлага киради) - Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида;

қолган асосий воситалар - давлат унитар корхоналари (шу жумладан, уларнинг шўъба корхоналари, ваколатхоналари ва филиаллари) томонидан муассис билан келишган ҳолда корхона жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали мустақил равишда сотилади.


14. Ушбу Низомнинг 12-банди биринчи хатбошида назарда тутилган бинолар ва иншоотларни (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотларни) сотишдан тушган маблағлар Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасининг ҳисоб рақамларида жамланади ва улар, сотиб олиш манбаларидан қатъи назар, Агентлик томонидан хусусийлаштиришдан тушган маблағлар сифатида тақсимланади.

15. Ушбу Низомнинг 12-банди иккинчи хатбошида назарда тутилган давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини сотишдан тушган маблағлар давлат унитар корхоналарининг асосий депозит ҳисоб рақамларига ўтказилади ва уларнинг тасарруфида қолади.

Давлат унитар корхоналарининг тасарруфида қоладиган маблағлар улар томонидан фаолият ихтисослигига мувофиқ моддий-техник базани мустаҳкамлашга (шу жумладан, автомототранспорт воситаларини сотиб олишга), шунингдек кредиторлик қарзни (мавжуд бўлганда) тўлашга йўналтирилади.


16. Чет элда жойлашган давлат унитар корхоналарининг (шу жумладан, уларнинг шўъба корхоналари, ваколатхоналари ва филиалларининг) бинолари ва иншоотларини (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотларини) сотишдан тушган маблағлар уларни сотиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида белгиланган тартибда тақсимланади.


17. Давлат унитар корхоналарининг ушбу Низомга мувофиқ сотилган бинолари ва иншоотларини (шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотларини) балансдан чиқариш муассис билан келишган ҳолда амалга оширилади.

Асосий воситаларни балансда сақловчи иштирокида Агентлик билан харидор ўртасида тузилган асосий воситаларнинг олди-сотди шартномаси ва асосий воситаларнинг чиқиб кетганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ушбу Низомнинг 12-банди биринчи хатбошида назарда тутилган давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини балансдан ҳисобдан чиқариш учун асос ҳисобланади.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Асосий воситалар сотилиши муносабати билан уларни балансдан чиқариш ва уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг раҳбарлари тақдим этилаётган ахборотнинг ишончлилиги ва ушбу Низомга мувофиқ ўзларининг тегишли ҳисоб рақамларига тушаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 52-сон, 578-модда.








































Время: 0.2072
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск