ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Клиник диагностика лабораторияларида ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 07.01.2010 й. 2059-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 28.12.2009 й. 81-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 7 январда 2059-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 28 декабрдаги

81-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Клиник диагностика лабораторияларида

ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ клиник диагностика лабораторияларида меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар соғлиқни сақлаш муассасаларининг клиник диагностика лабораторияларига (кейинги ўринларда лабораториялар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар талаблари лабораторияларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, уларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Лабораторияларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган ташкилотлар томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Лабораторияларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади ҳамда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши.


6. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ лабораторияларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш унинг раҳбарларидан бирининг зиммасига юкланади.


7. Лабораторияларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


8. Барча ходимлар, шу жумладан, раҳбарлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари ҳамда билимлари синовдан ўтказилиши керак.


9. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


10. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ишловчилар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш лаборатория раҳбарияти зиммасига юкланади.



3-§. Касбий танлов


11. Лабораторияларга ишга қабул қилишда касбий танлов талаб қилинадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


12. Лаборатория иш берувчиси касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танловни ташкиллаштириши ҳамда амалга ошириши зарур.


13. Лабораторияларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.



4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


14. Ишловчиларни зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш тегишли стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


15. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик ток ва ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


16. Жамоавий ҳимоя воситалари (вентиляция, аспирация, ерга улаш, маҳаллий сўрғичлар ва бошқалар) зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омиллари хонадаги барча ишловчиларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва лабораторияларни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


17. Жамоавий ҳимоя воситалари зарарли ва хавфли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз кишиларнинг иштироки ва ишлар амалга оширилиши тақиқланади.


18. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


19. Лаборатория маъмурияти ёки иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши шарт:

амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;

қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


20. Иш берувчи ходимларни Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1998, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 391-модда) мувофиқ бепул кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминлаши шарт.


21. Иш вақтида ходимлар уларга берилган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларидан фойдаланишлари шарт.


22. Махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини ишлатиш муддати ходимларга берилган кундан бошлаб ҳисобланади.


23. Иш берувчи ходимларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, белгиланган ишлатиш муддати тугамасдан илгари яроқсиз ҳолга келган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини алмаштириши ёки таъмирлаши шарт.



5-§. Ходимлар саломатлигини назорат қилиш


24. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.


25. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни маъмурият ишга қўймасликка ҳақлидир.


26. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



6-§. Санитария ва гигиена


27. Лаборатория хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


28. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш талаблари"га мувофиқ ташкил қилиш лозим.


29. Лаборатория хоналари табиий ва сунъий ёруғлилиги даражаси ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.



7-§. Лаборатория хоналарига қўйиладиган талаблар


30. Лабораториялар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария ва ёнғин хавфсизлиги меъёрлари талабларига мувофиқ бўлиши керак.


31. Лабораторияларнинг жойлашиши, хоналари таркиби ва умумий майдонлари ўрнатилган тартибда ШНҚ 3.01.04-04 талабларига биноан фойдаланишга қабул қилиниши лозим.


32. Лабораторияларни ертўла ва ярим ертўлаларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Лабораторияда иккита кириш жойи бўлиши зарур (ходимлар ва беморлар учун).


33. Лабораториялар ҚМҚ 2.08.02-89 талабларига биноан водопровод, иссиқ сув, канализация, марказий иситиш тизими ва газ билан (агар мавжуд ҳудуд табиий газ билан таъминланган бўлса) таъминланиши зарур.


34. Водопровод ва канализация бўлмаган ҳудудларда лабораториялар учун маҳаллий водопровод, канализация ва зарарсизлантирувчи ускуналари бўлган тозалаш иншоотлари қурилиши керак.


35. Лабораторияга газ тармоғи киритилган жойда умумий газ мурвати ўрнатилади, иш куни охирида бу газ мурвати ёрдамида лабораториядаги газ умумий равишда ўчирилади.


36. Газ таъминотида вақтинчалик узилиш рўй берганда, лабораториядаги барча газ асбобларининг мурватларини ёпиш зарур.


37. Лабораториялар хоналари сўрувчи-тортувчи шамоллатиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши зарур. Бу шамоллатиш ускуналарининг шовқини ходимларнинг ишлашларига халал бермайдиган қилиб ўрнатилиши керак. Хоналарни шамоллатиш ускуналари иш бошланишидан олдин ишга туширилиши лозим.


38. Лабораторияларнинг хоналарида шамоллатиш ускуналаридан ташқари, деразаларида фрамугалар ва форточкалари бўлиши керак (бактериологик лабораторияларнинг махсус боксларидан ташқари). Йилнинг иссиқ даврида ишчи хоналарнинг деразаларига пашшаларга қарши тўрпардалар тутилиши лозим.


39. Биохимиявий, серологик, гормонал текширувлар ўтказиладиган хоналар, шунингдек сийдик ва ахлат текшируви учун мўлжалланган хоналар механик ишлайдиган шамоллатиш ускуналари билан жиҳозланиши зарур.


40. Ҳавони тортувчи шкафларнинг тўсиқлари ишлаётган пайтда ёпиқ бўлиши керак. Бу тўсиқларни фақатгина ускунада ишлаганда очиш мумкин.



8-§. Электр хавфсизлиги ва электр ускуналари


41. Лабораторияларда электр ускуналари ва жиҳозларини Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) талабларига мувофиқ жойлаштириш ва ўрнатиш зарур.


42. Электр ускуналари ва жиҳозлари билан ишловчи ходимлар электр хавфсизлиги бўйича II гуруҳга эга бўлишлари лозим. Ушбу ходимлар йилига бир марта электр хавфсизлиги бўйича ўқитилиб (қайта ўқитилиб), билимлари синовдан ўтказилиши лозим.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Заҳарли моддалар, кислоталар ва ишқорлар

билан ишлашда ва уларни сақлашда


43. Заҳарли моддалар алоҳида хонада, темир сейфларда ёки темир шкафларда, қулфланган ва муҳрланган ҳолда сақланиши лозим. Хонада водопровод, канализация, шамоллатиш ускунаси ва ҳаво тортувчи ускуна ўрнатилган бўлиши керак. Заҳарли моддалар сақланувчи хонанинг деразаларида темир панжаралар ўрнатилган, эшиклари темир билан қопланган бўлиши керак. Иш ҳажми кичик бўлган лабораториялар учун моддий нарсалар сақланувчи хонада темир шкаф ўрнатилиши мумкин.


44. Иш тугагандан кейин заҳарли моддалар темир шкафда сақланиши лозим.


45. Заҳарли моддалар сақланувчи шкафлар ва хонанинг калитлари, шунингдек муҳр ва тамғалар, бу моддаларни сақлаш учун тайинланган жавобгар шахсда сақланиши зарур.


46. Лабораторияда заҳарли моддаларнинг сақланиши ва ишлатилишига ҳамда бу борада ҳужжатларнинг юритилишига жавобгар - лаборатория мудири (мудир йўқлигида мудир вазифасини бажарувчи ходим) ҳисобланади.


47. Лабораторияга заҳарли моддалар келтирилганда, жавобгар шахс шахсан уларни ва бириктирилган ҳужжатларни қабул қилиб олиши зарур.


48. Заҳарли моддалар сақланувчи хонага муассаса бўйича чиқарилган буйруққа асосан бундай моддалар билан ишлаши мумкин бўлган шахслар кириши мумкин.


49. Заҳарли моддалар алоҳида рақамланган, тикилган ва муассаса раҳбари томонидан имзоланган журналларда номма-ном ва миқдорий ҳисоб-китоб қилиниши шарт.


50. Заҳарли моддалар лаборатория текширувлари учун фақатгина лаборатория мудири томонидан (ёки бошқа жавобгар шахс томонидан) имзоланган талабномага муассаса раҳбарининг ёзма рухсати билан берилади. Талабномада моддаларни қабул қилувчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилиши зарур. Бунда ҳар бир заҳарли модданинг устига қуйидагилар ёзилган ёрлиқлар ёпиштириб қўйилиши шарт:

заҳарли модданинг номи;

"Заҳар" ёзуви ва бош чаноқ суяги билан суякларнинг тасвири;

ҳтиётлик билан фойдаланилсин!" деган ёзув.


51. Заҳарли моддалар билан фақатгина махсус ўқитилган ходимлар ишлашлари мумкин.


52. Заҳарли ва кучли таъсир кўрсатувчи моддаларни майдалаш, қадоқлаш ва тортиш ишлари ҳаво тортувчи шкафларда, махсус ажратилган идишларда ва ускуналарда (тарозилар, воронкалар, ҳовонча, цилиндрлар ва ҳ. к.) олиб борилиши керак.


53. Заҳарли моддаларни фақатгина туби думалоқ колбаларда қиздириш мумкин. Колбаларни очиқ алангада қиздириш ман этилади.


54. Заҳарли моддалар билан резинали қўлқопларда, ҳимояловчи кўзойнакларда, зарур бўлганда эса газларга қарши ниқобларда ишлаш лозим.


55. Идишлар заҳарли моддалар билан, концентрланган кислоталар ва ишқорлар билан тўлдирилганда сифонлардан ёки резинали ноксимон сўрғич ўрнатилган пипеткалардан фойдаланиш зарур.


56. Иш тугаганидан сўнг қўллар яхшилаб ювилиши, зарур ҳолларда тишлар ҳам тозаланиб, оғиз чайилиши керак.


57. Кислоталарнинг концентрланган эритмалари қопқоғи маҳкам беркитилувчи махсус шиша идишларда сақланиши лозим.


58. Кучли таъсир кўрсатувчи ва заҳарли моддалар билан махсус лаборатория кийимлари ва сочиқлар ифлосланганда, уларни дарҳол алмаштириб, нейтраллаш ва ювиш учун топшириш зарур.


59. Ишқорлар бўғзи катта, зарғалдоқ рангли шиша идишларда сақланиши, бу идишларнинг оғзи пўкак тиқин билан ёпилиб, устидан парафин қуйилган бўлиши керак.


60. Учувчи моддалар солинган бикслар, банкалар фақат бевосита қўлланиладиган вақтда очилиши керак.


61. Концентрланган кислоталар ва ишқорлар солинган идишларни очиш ва улардан эритмалар тайёрлаш фақат механик ҳаво тортувчи шкафда ўтказилиши зарур.


62. Ишқорларни идишдан шпатель билан олиш керак.


63. Ишқорлардан эритма тайёрланганда тортилган ишқорни бўғзи катта идишга солиб, зарур ҳажмда сув қуйиб, яхшилаб эритилади. Ишқорнинг катта бўлаклари махсус жойда майдаланади. Бунда ишқорнинг усти қалин мато ёки бошқа материал билан ёпилиши керак.


64. Кучли кислоталар суюлтирилганида, уларнинг сачраб кетмаслиги учун кислота сувга қўшилади, сувни кислотага қуйиш мумкин эмас.


65. Кислотали, ишқорли ва бошқа ўювчи моддалар солинган катта идишлар ташилганида, уларни махсус қутиларда ёки саватларда икки киши кўтариши керак, уларни шунингдек махсус аравада ҳам ташиш мумкин.


66. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа хавфли моддаларни ташишдан олдин уларнинг идишлари бутунлигини текшириш лозим.


67. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа хавфли моддаларни катта идишларда қуйиш учун махсус сифонлардан фойдаланиш зарур.


68. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа хавфли моддалар эритмаларини пипеткага оғиз билан тортиш мумкин эмас. Бунинг учун найча ўрнатилган резинали ноксимон сўрғичлардан фойдаланиш керак.


69. Эритмалар қайнатилганида, улар совумагунича идишни (колба, пробирка) ёпиш мумкин эмас.


70. Пробиркадаги эритмани қиздирганда, унинг оғзини ўзидан ва бошқалардан четга қаратиб ушлаш керак.


71. Столга заҳарли бўлмаган моддалар тўкилганида, стол усти резина қўлқоп кийилган ҳолда латта билан артилади, кейин латта яхшилаб сувда ювилади, стол усти ва қўлқоплар ҳам сув билан ювилади.


72. Ишқор тўкилганида, унга қум ёки қириндилар сепилади, кейин уларни йиғиб олиб, у ерга кўп марта суюлтирилган хлорид ёки уксус кислотаси қуйилади, шундан сўнг латта билан кислотани артиб олиб, стол ва қўлқоплар сув билан ювилади.


73. Кислота тўкилганида, унга қум сепилади (қиринди сепиш мумкин эмас), кейин қумни белкурак билан олиб ташлаб, сода сепилади. Сўнгра содани олиб ташлаб, бу ерни кўп марта сув билан ювиш лозим.


74. Концентрланган кислота ва ишқорларни нейтраллаш учун мўлжалланган эритмалар иш куни мобайнида иш жойида жавонда туриши керак.


75. Ёнувчи ва портловчи моддалар қалин деворли идишларда сақланиши лозим.


76. Ёнувчи суюқликлар асбест солинган темир қутиларда сақланиши лозим. Бу темир қутилар иситиш тизимларидан ва йўлаклардан узоқда жойлаштирилиши зарур. Қутидан фойдаланиш қулай бўлиши лозим. Бу реактивлар маҳкам ёпилган бўлиши керак. Зарур бўлса, уларни парафин қуйиб, маҳкамлаш мумкин.


77. Реактивларни ёпишда тиқинлардан фойдаланилганида, уларнинг хоссаларини ҳисобга олиш зарур.

Резинали тиқинлар спирт, бензол, ацетон, эфир таъсирида шишиб кетади. Галогенлар таъсирида (бром, йод) резина тиқинлар нозиклашиб, парчаланиб кетади. Бундай реактивларни шиша қопқоқлар билан ёпиш керак.

Ишқорларни шиша қопқоқлар билан ёпиб бўлмайди, чунки улар ишқор билан хўлланиб, карбонат ангидрид таъсирида қопқоқ билан шиша идиш бўғзи орасида карбонатлар ҳосил қилади, натижада шиша қопқоқ ёпишиб қолади.


78. Реактив ёруғликка сезувчан бўлса (масалан, бромли кумуш, кумуш нитрат, водород перекиси, гипосульфит ва бошқалар), улар зарғалдоқ рангли шиша идишларда сақланади. Шиша идиш рангсиз бўлса, уни қора рангли қоғозга ўраб, қоронғи қутида сақлаш лозим.


79. Паст ҳароратларда қайнайдиган, ёнувчан моддаларни (ацетон, эфир ва бошқалар) қиздириш ва ҳайдаш учун туби думалоқ иссиққа чидамли колбалардан фойдаланиш зарур, қиздириш учун фойдаланиладиган ҳаммомлар шу модданинг қайнаш ҳароратига асосан сув ёки мой билан тўлдирилади. Осон ёнувчан модда солинган колбани аста-секин иситмасдан туриб, қайноқ сувга солиш мумкин эмас.


80. Осон ёнувчан моддалар ва ёнувчан эритмалар билан ҳаво тортувчи шкафларда ишлаш зарур, бунда шкафнинг эшиклари ёпилган бўлиши ҳамда шамоллатиш ускунаси ишлаб туриши лозим, шунингдек газ ва электр ускуналар ўчирилган бўлиши керак.


81. Эритма ҳайдалаётганида, тўсатдан йиғувчи колбага тошиб ўтиб кетмаслиги учун ҳайдалаётган эритма солинган колбага шиша найчалар ёки пемза бўлаклари солиб қўйилиши керак.


82. Ёнувчан эритмаларни ҳайдашдан олдин совутгич сувга уланади ва совуқ сув юборилади, шундан кейин ҳайдовчи колба қиздирилади. Йиғувчи колба қум солинган патнисга қўйилади. Ҳайдаш жараёнини қаровсиз қолдириш мумкин эмас.



2-§. Идишларни ювишда


83. Лабораторияда фойдаланиладиган идишлар ишлатилиб бўлингандан кейин дарҳол ювилиши зарур.


84. Шиша идишлар турли усуллар билан ювилади. Дастлаб, уларни шиша идишларни ювишда қўлланилувчи мослама билан ичидаги нарсалари механик тозаланиб, сўнгра улар кимёвий усул билан тозаланади. Идишдаги модда реакцияга киришмаса, совунли эритмага сода ёки уч натрий фосфат қўшилиб тозаланади. Ювувчи эритма иссиқ бўлиши керак.


85. Хромли эритма билан идишларни ювганда сачрашнинг олдини олиш учун, уларни сув билан чайиб ташлаш лозим.

Пипеткаларни ювиш учун хромли эритмани резинали ноксимон сўрғич ёрдамида тортиш зарур.

Айрим ҳолларда мой ва смола ишлатилган идишларни оддий концентрланган кислота ёки ишқорлар билан осон ювиш мумкин.


86. Кислоталар ва ишқорлар билан ишлаганда хавфсизлик қоидалари қандай бўлса, шундай қоидаларга идишларни ювганда ҳам амал қилиш лозим.


87. Идишларни ювиб бўлгандан кейин, ювувчи эритмалар аралашганда хавфли бирикмалар ҳосил қилиши мумкинлиги сабабли, уларни кўп миқдор сув билан чайиш лозим.


88. Идишни ювганда қўлларни иссиқ сув ва ўювчи моддалар эритмаларидан ҳимоя қилиш учун резинали қўлқоплар кийиш зарур.


89. Кучли таъсир кўрсатувчи, заҳарли, портловчи ва ёнувчан моддалар ва эритмалар ишчи хоналарга фақат шу кунги иш жараёни учун етарли миқдорда келтирилиши лозим.


90. Иш жойида ёнувчан хавфли моддаларнинг фақат шу вақтда ўтказилаётган текширув учун зарурий миқдори бўлиши керак.


91. Тез ёнувчан, портловчи моддаларнинг кислоталар ва ишқорлар билан бирга сақланиши қатъиян ман қилинади.


92. Ишлатилган ёнувчан эритмалар махсус герметик ёпилувчи идишга йиғилади ва регенерация ёки йўқотилиш учун жўнатилади. Уларни канализацияга оқизиш мумкин эмас.


93. Ишлатилган кислота ва ишқорлар алоҳида махсус идишларга йиғилади. Кичик ҳажмдаги ишқор моддаларни кўп марта суюлтириб, канализацияга оқизиш мумкин.


94. Учувчан ва кескин нохуш ҳидли моддаларни тўкиш учун ҳаво тортувчи шкафда водопровод суви келтирилган алоҳида канализация тармоғи ўрнатилиши лозим.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


95. Лаборатория ускуналари ва жиҳозларидан фойдаланилганда, уларни ишлаб чиқарган ташкилот томонидан ускунага берилган техник-ёрлиғидаги қоидаларга (тавсияномаларга) қатъий риоя қилиш лозим.


96. Лабораторияларда носоз электр ускуналарда ва жиҳозларда ишлаш қатъиян ман қилинади.


97. Центрифугалардан фойдаланилганда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

турли оғирликда материал солинган пробиркалар ва идишларни центрифугада қарама-қарши қўйган ҳолда центрифугалаш ман этилади, бунда уларни жуфт-жуфт қилиб оғирликларини тенглаштириш ҳамда қарама-қарши ўрнатишни;

центрифугани токка улашдан олдин унинг қопқоғи маҳкам бураб ёпилганлигини текширишни;

центрифуга ўчирилганидан кейин ротор батамом тўхтамагунча қопқоқни очмасликни ва роторни қўл билан тўхтатмасликни;

иш тугагандан кейин центрифуганинг ички қисмини кўздан кечириб, артишни.


98. Термостатда ишлаганда қуйидагилар ман этилади:

термостатга тез ёнувчан моддаларни қўйиш;

назорат қилувчи мосламаларнинг сақловчи қопқоқларини электр жиҳозлар устаси назоратисиз ечиш;

термостатни токдан ўчирмаган ҳолда тозалаш.


99. Рефрижераторлардан (музлатгичлардан) фойдаланилганда уларни мутахассис назоратисиз жойидан силжитиш ва қайта ўрнатиш мумкин эмас.


100. Электр ва муфель иситгичларни ва бошқа иситиш ускуналарини асбест ёки бошқа иссиқлик ютувчи қопламалар устига ўрнатиш лозим. Уларга кислоталар, ишқор ва тузлар тушишига йўл қўймасдан тоза ҳолда сақлаш керак.


101. Электр токи таъминоти тўхтаб қолганда, барча электр ускуналар ўчириб қўйилиши лозим.


102. Микроскопик ёки аниқ текширувлар учун мўлжалланган столлар дераза олдида жойлаштирилиши керак.


103. Лаборатория столларининг устки қисмлари сув ўтказмайдиган, кислоталарга ва ишқорларга нисбатан чидамли, шунингдек ёнмайдиган материаллардан ясалган бўлиши зарур.


104. Ҳар бир аналитик тарозилар олдида маҳаллий ёритувчи чироқлар ўрнатилиши керак.


105. Сиқилган газ баллонларида сақловчи қопқоқлар бўлиши керак.


106. Баллонларни тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида, иситиш ускуналари ёнида ҳамда электр симларига тегиб турган ҳолда сақлаш мумкин эмас.


107. Лабораторияда қуйидагилар ман қилинади:

ёниб турган газ ускуналарини ва бошқа иситиш ускуналарини қаровсиз қолдириш, уларнинг ёнида пахта, дока, спирт ва бошқа ёнувчан моддаларни сақлаш;

ёниб турган газ ва электр ускуналари олдида бехосдан тўкилиб кетган ёнувчан моддаларни йиғиштириш;

лабораторияда газ ҳиди келаётган бўлса, электр токи ёки газни ёқиш;

носоз спирт алангали мосламадан фойдаланиш;

хавфли моддаларни экстракция қилиш, қайта ҳайдаш ва майдалаш бўйича ишларни шамоллатиш ускунасини ишлатмасдан ёки у носоз ҳолда бўлганида ўтказиш;

тортувчи шкафда ишлаганда бошни ичкарига киритиш;

номаълум моддаларни ҳидлаш ёки татиб кўриш;

бирон эритма қуйилган ёки қайнатилаётган идишнинг оғзига яқин эгилиб қараш;

заҳарли ёки кучли таъсир қилувчи эритмаларни иш столларида ва жавонларда сақлаш;

ёрлиғи йўқ реактивларни сақлаш ёки қўллаш;

номаълум моддаларни сақлаш;

овқатланиш, озиқ-овқатларни сақлаш ва чекиш;

иш жойида шахсий кийимларни сақлаш, махсус лаборатория кийимларини уйга олиб кетиш;

тегишли бўлган махсус, санитария кийимини киймасдан ишлаш;

вазифаси ва лавозим йўриқномасидан ташқари ишлар билан шуғулланиш;

иситиш ускуналарида бирон нарсаларни қуритиш;

йўлаклар ва коридорларни, шунингдек ёнғинга қарши инвентарлар ўрнатилган жойларни бесаранжом тутиш.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


108. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


109. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


110. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 1-2-сон, 8-модда.




































Время: 0.2483
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск