ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Темир йўл транспорти таъмирлаш ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 15.01.2010 й. 2068-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 28.12.2009 й. 82-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 15 январда 2068-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлигининг

2009 йил 28 декабрдаги

82-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Темир йўл транспорти таъмирлаш ташкилотлари

ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ темир йўл транспорти таъмирлаш ташкилотлари ходимлари (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар темир йўл транспорти таъмирлаш ташкилотларига (кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ташкилотлар бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

темир йўл транспортини таъмирлаш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


11. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


12. Ташкилотларнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари ҳамда билимлари синовдан ўтказилиши керак.


13. Бевосита темир йўл транспортини таъмирлаш ишларини ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ходимлар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


14. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ишловчилар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Темир йўл транспортини таъмирлаш жараёнида таъсир

этиши мумкин бўлган хавфли ва зарарли омиллар


15. Ходимлар темир йўл транспортини таъмирлаш жараёнида таъсир этиши мумкин бўлган хавфли ва зарарли омиллар, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ишчиларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиши лозим.


16. Ҳар битта ташкилот ёки алоҳида хавфли ва зарарли меҳнат шароитларга эга бўлган касблар, иш ўринлари ва ҳудудларининг санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ зарарлилик ва хавфлилик синфи кўрсатилган рўйхатига ҳамда ишлаб чиқариш омилларининг зарарлилик ва хавфлилик кўрсаткичлари, меҳнат жараёнининг оғирлик кўрсаткичлари бўйича меҳнат шароитларининг амалдаги гигиеник таснифига эга бўлиши лозим.


17. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёхуд янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда рўйхатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


18. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатда аниқ технологик жараён, ишлаб чиқариш ускунаси, ишлатиладиган хом ашё ва ишларни амалга ошириш хусусиятлари билан боғлиқ хавфлар ҳисобга олиниши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларга фақат махсус ўқитилган, ушбу ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлган ходимлар қўйилади.


20. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


21. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда масъул ходим қўл қўйиб расмийлаштирилган махсус наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


22. Ташкилот (цех) раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


23. Ташкилотларда ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

хоналар ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

хоналар ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик ток ва ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


25. Жамоавий ҳимоя воситалари зарарли ва хавфли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз кишиларнинг иштироки ва ишлар амалга оширилиши тақиқланади.


26. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишловчилар, уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


27. Ташкилот раҳбарияти ёки иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши шарт:

амалдаги меъёрлар бўйича темир йўл транспортини таъмирлаш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;

қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


28. Ташкилот раҳбарияти ишчи ва хизматчиларни қуйидаги махсус кийим, пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан бепул таъминлаши шарт:

махсус кийим-кечак;

махсус пойабзал;

махсус бош кийими;

нафас аъзоларининг ҳимоя воситалари;

қўлни ҳимоялаш воситалари;

бош учун ҳимоя воситалари;

юзни ҳимоялаш воситалари;

эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари;

кўзни ҳимоя қилиш воситалари.



6-§. Ходимларнинг темир йўл транспортини таъмирлаш

жараёнида қатнашишига қўйиладиган талаблар


29. Ташкилот ходимлари ишни бажаришнинг хавфсиз усулларига ўқитилиб, олинган билимлари Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ синовдан ўтказилгандан сўнг темир йўл транспортини таъмирлаш жараёнида иштирок этишга рухсат этилиши лозим.


30. Ташкилотларда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


31. Ташкилот мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


32. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган бошқа ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


33. Хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


34. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


36. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


37. Ташкилотларда ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.

38. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни ташкилот раҳбарияти ишга қўймасликка ҳақлидир.


39. Соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи, уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай, ана шундай ишларга ўтказиши шарт.


40. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


41. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


42. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилотнинг раҳбарияти зиммасига юкланади.


43. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


44. Ташкилот майдонлари ва биноларнинг жойлашуви СанМваҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани"га мос бўлиши керак.


45. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


46. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш, ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


47. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак.


48. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозлангани бўлиши керак.


49. Йилнинг ёз вақтида йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши керак.


50. Ташкилотларда ҳаракатланувчи темир йўл составларининг интенсив ҳаракатланишига ўтиш жойлари автоматик сигнал билан таъминланиши лозим.



9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


51. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига мувофиқ бўлиши керак.


52. Ҳўл жараёнлардаги хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишловчи ишчи жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


53. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланишини таъминлаши керак.


54. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари СанМваҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мос келиши керак.


55. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши лозим.


56. Бинога автомобилларнинг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


57. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар орқали мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


58. Автомобилларнинг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган автомобиллар эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


59. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


60. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ва ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


61. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Кўрик хулосалари, улардан топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


62. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Ҳалокат бартараф этилгунча ишлаб чиқариш жараёнлари хавфли ҳудудларда тўхталиши лозим, хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



10-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


63. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


64. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


65. Ўтиш жойларида (галереяларда, зиналар майдончаларида ва шунга ўхшаш) жойлашган иситиш жиҳозлари (қувурлар, регистрлар ва шунга ўхшашлар) рухсат этилган ўтиш йўлкаларининг энини камайтирмаслиги керак.


66. Ишчи жойларида ҳаво ҳарорати йилнинг совуқ даврида енгил жисмоний ишларда 21°С, ўрта оғир ишларда 17°С ва оғир ишларда 16°С дан паст бўлмаслиги керак.


67. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


68. Биноларда жойлашган ишчи майдонларидан ходимларнинг исиниш хоналаригача бўлган масофа 75 м, ташкилот майдонидаги ишчи жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



11-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


69. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


70. Ташкилотнинг оқова сувлари, ташқи канализацияга етиб келгунча зарарли моддалардан тозаланиши керак.


71. Тозаланган сувда зарарли моддалар таркиби санитар нормаларига асосан чегараланган концентрациясидан ошиб кетиши керак эмас.


72. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


73. Иссиқ ва қолиплаш цехларида, буғлантириш камералари бўлинмаларида ва қозонхоналардаги ишчилар сменада, таркибида 0,5% гача туз бўлган, бир кишига 4-5 литр ҳисобида газли сув билан таъминланишлари керак.


74. Иш жойидан сув ичиш қурилмасигача бўлган масофа 75 м дан ошмаслиги керак.


75. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


76. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализацияланган бўлиши лозим.


77. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмасликка ва ишлаб чиқариш канализациясига душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларига рухсат этилади.


12-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


78. Ташкилот майдонида, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ва хоналарда табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


79. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги камида чоракда бир марта текширилиши лозим.


80. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда икки мартадан кам бўлмаган ҳолда тозалаш лозим.


81. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


82. Сунъий ёритишда икки тизим ишлатилади: умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


83. Участкаларда ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан ҳоли ҳолда бажарилиши керак.


84. Юқори хавфли хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ўта хавфли хоналарда, хоналардан ташқари ҳамда ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)ни ёритиш учун кўчма электр ёритгичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак. Барча кўчма ёритқичлар ҳимояланиш даражаси 1Р54 дан кам бўлмаган ва металл ҳимояланиш тўри ҳамда шиша қалпоқ билан ускуналанган бўлиши керак.



13-§. Меҳнат ва дам олиш юзасидан талаблар


85. Ташкилотларда ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган муддатининг талаблари инобатга олинган ҳолда, ташкилотларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.



III. ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТИ ҲАРАКАТ ТАРКИБИНИ

ТАЪМИРЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Темир йўл транспорти ҳаракат таркибини таъмирлашга

тайёрлаш бўйича технологик жараёнларга қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


86. Ташкилот йўлларида темир йўл транспорти ҳаракатланишида маневр локомотивлари ва мотор-вагон ҳаракатдаги таркиб эшиклари ёпиқ ҳолда бўлиши ҳамда ток қабул қилувчи мосламалар туширилган бўлиши керак.


87. Ҳаракатдаги таркибнинг юриши давомида темир йўл транспорти цехи диспетчери рухсати билан стрелка ўтказгичи доимий навбатчиси ёки машинист ёрдамчиси томонидан стрелка айлантирилиб турилишини ташкил этиш лозим.


88. Таъмирлаш ҳажмини аниқлаш бўйича ишлар махсус йўлларда бажарилиб, улар йўлни ҳар икки томонидан қаттиқ материаллар билан ёпилиши керак.


89. Электр ҳаракат таркиби белгиланган жойга қўйилмагунча ёки контакт симидан кучланиш ўчирилмагунча унда иш олиб бориш ва кузатув ишларининг бажарилишига йўл қўйилмайди.


90. Ҳаракатдаги таркиб чегаралаш таянчлари ўртасида белгиланган жойда жойлаштирилиб, бошмоқлар билан маҳкамланиши, шунингдек ток қабул қилувчи мослама туширилиб, ёнилғи, сув ва мой махсус сиғимларга қуйилиши ва аккумулятор батареяларидан чиққан симлар ўчирилиши лозим.


91. Электр ҳаракат таркиби электрофикациялашган йўлларда белгиланган жойга қўйилгандан сўнг симдан кучланиш ўчирилиши ва контакт сими ерга уланиб, мачтали ажратгич қулфга беркитилиши керак.


92. Ҳаракатдаги таркиб таъмирланишдан олдин ахлат, юк қолдиқлари, қор ва музлардан тозаланиши лозим.


93. Йўловчи ташиш вагонларининг мотор-вагон ҳаракатдаги таркиби ювилган ва дезинфекцияланган ҳолда бўлиши, цистерналар эса уларни таъмирлашга тайёрлаш қоидаларига мувофиқ юк қолдиқларидан тозаланган ва мойсизлантирилган бўлиши лозим.


94. Ҳаракатдаги таркибни тозалаш, ювиш ва қуритиш ишлари махсус кийим-бош ва ҳимоя кўзойнакларида цехдан ташқарида ёки сўриш-шамоллатгичи бўлган махсус камераларда бажарилиши керак.


95. Секциялар электр уланмаларини узиш ишлари симлар зарарсизлантирилганда ва ток қабул қилувчи мосламалар туширилиб, маҳкамлангандан сўнг, ишламай турган ҳолатда бажарилиши лозим.


96. Ҳаракатдаги таркиб цехларга олиб кирилаётганда одамларнинг йўлларда, дарвозалар орасида, ҳаракатланаётган темир йўл транспорти воситалари устида ҳамда чиқиш мосламаларида туриши тақиқланади. Локомотив ёки вагон цехга олиб кирилаётганда, мазкур йўлда ҳаракатдаги таркиб турган бўлса, ишлаётган одамлар маневр ишлари тугагунга қадар ундан тушишлари керак.


97. Локомотивлар ва вагонлар кўтариб таъмирланаётганда улар орасидаги масофа 2 м дан кам бўлмаслиги лозим. Таъмирлашга қўйилган локомотивлардан цех дарвозасидан чиқадиган жойгача бўлган масофа 4,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


98. Электр ҳаракатдаги таркиб йўлга қўйилганда, унга икки томонидан бемалол тушадиган ва ёнидан ўтадиган бўш жойлар қолдирилиши лозим.


99. Манёвр ишлари ҳаракат таркибини сақлайдиган ва ишловчилар хавфсизлигини таъминлайдиган амалдаги технологик жараёнларга мувофиқ бажарилиши лозим. Ташкилот раҳбарияти томонидан манёвр ишлари хавфсиз бажарилиши бўйича технологик жараён ишлаб чиқилиши шарт.


100. Манёвр ишлари пайтидаги тезлик: завод ташкилот йўлларида соатига 5 - 15 км, кесишмаларда ва цех яқинида соатига 3 км, цех ичида соатига 2 км ни ташкил этиши лозим.


101. Ҳаракатдаги таркиб қўйиладиган жой тозаланади ва уни кескин тортишга йўл қўйилмайди.



2-§. Темир йўл транспорти ҳаракат таркибини таъмирлашда

ускуналар ва иш ўринларига қўйиладиган талаблар


102. Фойдаланаётган ускуналарнинг барчаси доимо соз ҳолатда бўлиши керак.


103. Тўсиқлар ва ҳимоялаш қурилмалари белгиланган жойларда ўрнатилиб, ўрнатилган даражада маҳкамлаб қўйилади. Носоз ускуна ва тўсиқларнинг носозлиги пайтида ишлашга рухсат берилмайди.


104. Янги ўрнатилган ёки таъмирдан чиққан ускуналар цех бошлиғи ва меҳнатни муҳофаза қилиш муҳандиси иштирокида комиссион тартибда қабул қилингандан сўнг ишга туширилиши лозим.


105. Фойдаланилаётган ускуналар бўйича техник ҳужжатлар мавжуд бўлиши керак. Ускуналар конструкцияси ва унинг бошқарув органлари меҳнат хавфсизлигини таъминлаши зарур.


106. Верстаклар, столлар ва стеллажлар мустаҳкам, чидамли, қулай ва баландликда ишловчилар учун хавфсиз бўлиши ҳамда полга ишончли маҳкамлаб қўйилиши лозим.


107. Верстаклар юзалари силлиқ материаллар билан қопланади. Стеллажлар ва унинг таг қисмларида кўчиш, тиғли жойлари, ёриқлар ва бошқа нуқсонлари бўлмаслиги керак. Стеллажлар полкаларининг қиялиги сақланаётган жисмлар тушиб кетмаслиги учун ичкари томонга қаратилиши лозим.


108. Верстакларни қоплаш пайтида ўткир бурчаклар бўлмаслиги керак. Верстак кенглиги 0,75 м дан кам бўлмаслиги лозим.


109. Верстаклар қўйилган қисқич (тиски)лар ишлов берилаётган детал ўлчовларига мувофиқ бўлиши ва улар орасидаги масофа 1 м дан кам бўлмаслиги керак.


110. Верстакда ишловчиларни учиш мумкин бўлган парчалардан ҳимоялаш мақсадида ячейкалари 3 мм дан катта бўлмаган 1 м ва ундан зиёд баландликда тўрлар қўйилиши лозим.


111. Буюмлар ва материалларни тахлаш учун мўлжалланган стеллаж ва столларда уларнинг кўтариши мумкин бўлган оғирликлар ҳақида белги кўрсатилиши керак.


112. Ишловга келиб тушган детал ва материаллар махсус ва аниқ белгиланган жойларда жойлаштирилиши лозим.


113. Ускуналар ва бинолар қисмлари орасидаги масофа ўтиш ва ҳаракатланиш жойлари кенглиги, амалдаги қурилиш, бинолар ва иншоотларнинг ёнғинга қарши меъёрларини лойиҳалаш талабларига мувофиқлаштирилади ҳамда ускуналар қуввати ва тури транспорт воситалари ва тайёрланаётган маҳсулот габарити, ташишни бажариш ишлари, одамлар ва юкларнинг интенсивлигига қараб белгиланиши лозим.


114. Чанг ажратадиган ускуналар (тозалаш барабанлари, гитинакс, текстолик, асбест ва бошқаларга механик ишлов берадиган станоклар) алоҳида хоналарда ўрнатилади ва улар бошқа цехлар хоналаридан чанг ва овоздан ҳимояланган тўсиқлар билан изоляцияланиши ҳамда тортиш-сўриш шамоллатиш ускуналари, маҳаллий сўриш ва тозалаш воситалари билан жиҳозланиши керак.


115. Агарда ускуналар иши юқори даражадаги шовқинни келтириб чиқарса, уларни цехларда ўрнатиш санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


116. Иссиқ ва зарарли ишлар билан боғлиқ цехлар ва ишлаб чиқариш участкалари изоляцияланиши лозим.


117. Пневматик зарба бериб ишлайдиган доимий ишлар учун алоҳида хона ажратилиши лозим.


118. Барча ҳаракатни узатувчи (тасмали, арқонли, занжирли, шарнирли ва бошқалар) қисмларда мустаҳкам сақлайдиган тўсиқлар бўлиши лозим.


119. Ускуналар ва механизмларнинг айланиш қисмлари 2,5 м баландликдан пастда жойлашган бўлса, махсус тўсиқлар билан тўсиб қўйилиши лозим.


120. Катта габаритли ускуналарга хизмат кўрсатиш полдан 1 м ва ундан ошган ҳолда амалга оширилиши ҳамда унинг ёнида тўсиғи бўлган махсус майдонча ва унга чиқиш учун нарвон бўлиши керак.


121. Ишга тушириш аппаратураси ускунани тез ва бир текисда ёқиш ва ундан қулай фойдаланишни таъминлаши лозим.


122. Йирик ва узун ўлчовли ускуналар (транспортёр, ролганг, конвейер ва бошқалар) бир неча жойда тўхтатиш тугмалари (кнопкалари) билан жиҳозланиши лозим. Тўхтатиш тугмачаси қизил рангда бўлиб "тўхта" ёзувига эга бўлиши керак.


123. Ускунани ишга тушириш педаллари ишончли тўсиқлар ва ҳимояловчи қурилмалардан иборат бўлиб, улар ускунани олдиндан ўқиш имкониятига йўл қўймаслиги керак.


124. Ускуналар ва механизмларни таъмирлаш ва созлаш ишлари махсус ажратилган, ўқитилган ва йўл-йўриқдан ўтган ходим томонидан бажарилиши лозим.

Ускуналар ва механизмлар ишлаётганда таъмирлаш ишлари бажарилиши тақиқланади.


125. Иш бошланиши олдидан ускуналар ва механизмлар ўчириб қўйилади. Барча ҳаракат узатадиган камарлар шкивдан олиб қўйилиши керак.


126. Ишга тушириш аппарати ва рубилникларда белгиланган плакатлар осиб қўйилади ва ишлаётган жойга кучланиш берилмаслиги бўйича чоралар кўрилиши лозим.


127. Қириндилар, қирқилган бўлаклар, чанглар ва ифлосланишлар станокда ишловчилар томонидан тозаланиб олинади.


128. Ҳар бир ишловчи учун қулай шароит яратилиб, иш бажараётган пайтда уларнинг эркин ҳаракати таъминланиши керак.


129. Иш жойи ёрдамчи ускуналарни жойлаштириш учун етарли даражада майдон, шунингдек асбоблар, жиҳозлар, ишлов бериладиган ва ишлов берилган буюмлар (стеллажлар, столлар, яшиклар ва бошқалар)ни сақлаш учун тегишли инвентарлар билан таъминланган бўлиши лозим.


130. Иш жойида ишчининг оёғи тагида соз ёғоч панжарали таглик бўлиши ва планкалари орасидаги масофа 25 - 30 мм ни ташкил этиши керак.


131. Агарда иш жойлари ишчи ёнида ишлаётганлар ёки атрофидан ўтаётганлар учун хавфли бўлса, тўсиқ ўрнатилиши лозим.


132. Иш ўрни етарли даражада ёритилиши ва тозаликда сақланиши керак. Иш ўринлари, юриш ва ҳаракатланиш йўллари, иш куни давомида ва иш жойларида тайёр маҳсулот ва қолдиқлар йиғилганда тозаланиб турилиши керак.


133. Иш жойида ёниш хавфи бор ва енгил ёнадиган материалларни сақлаш тақиқланади.


134. Асбоблар ва мосламаларни иш жойларида сақлаш учун алоҳида шкафлар ўрнатилиши лозим.


135. Буюмларни штабел шаклида тахлаш учун унинг баландлиги буюмнинг мувозанат шароити ва улардан деталларни олишда қулайлик бўлишига қараб белгиланади. Бунда штабел баландлиги 1 м дан ошмаган, улар орасидаги масофа 0,8 м дан кам бўлмаслиги шарт.


136. Штабеллар йиқилиб кетмаслиги ва улардан материаллар сирпаниб, тушиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида махсус мосламалар, таянчлар, тиркагич, қаторлар орасига таглик қўйилиши лозим.


137. Иш пайтида қозонхонага тушиш қопқоғи, цистерналар ва қудуқлар люклари очиқ бўлиб, зарур бўлганда тўсиб қўйилиши керак.


138. Агар табиий ёритилиши етарли бўлмаса, 12 В ли кўчма ва портлашдан ҳимояланган чироқлардан фойдаланиш лозим.



3-§. Цех ичидаги кўтарма-транспорт воситалари ва

улар билан ишлаш вақтида хавфсизлик талаблари


139. Барча юк кўтариш ҳамда транспорт воситалари ва ёрдамчи юк кўтариш мосламаларидаги ишларни бажариш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидаларига (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) мувофиқ амалга оширилади.


140. Юк кўтариш крани ҳамда юк кўтариш мосламалари яроқсиз ҳолатга келганлиги туфайли ҳисобдан чиқарилганда ёки ёзма аризага мувофиқ бошқа эгасига берилаётган пайтда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлмаган кўтариш кранлари ҳамда юк кўтариш мосламаларига инвентарь рақами берилади, бу рақам ташкилот ёки цех юк кўтариш кранлари ва юк кўтариш мосламаларини ҳисобга олиш китобига қайд этилиши лозим.

141. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан юк кўтариш мосламаларини ишга тушириш бўйича рухсат қуйидаги ҳолларда олиниши шарт:

а) янги рўйхатдан ўтказилган юк кўтариш кранини ишга тушириш олдидан;

б) юк кўтариш кранини янги жойга кўчириб, монтаж қилингандан кейин;

в) юк кўтариш крани рўйхатдан ўтказилгандан кейин;

г) портал крани янги жойга кўчириб ўрнатилгандан кейин;

д) юк кўтариш кранлари таъмирлангандан кейин ва бунда унинг ҳисобланадиган элементлари ва узелларини пайвандлаш қўлланилиб алмаштирилганда.


142. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан рўйхатга олинмаган юк кўтариш кранларини ишга туширишга рухсатни ташкилотда юк кўтариш кранлари устидан назоратни олиб борадиган масъул томонидан берилиши лозим.

143. Тегишли юк кўтариш кранлари, юк кўтариш мосламалари ва тараларининг соз ҳолда ушлаб турилишини ҳамда талаб даражасида кўрик, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш орқали, уларнинг хавфсиз ишлаш шароитлари таъминланиши лозим.


144. Юк кўтариш кранларини хавфсиз ишлатиш бўйича масъул шахслар тайинланиши, хизмат кўрсатадиган ходимлар ва муҳандис-техник ходимлар ўқитилиши ва билимларини синовдан ўтказиш тартиби белгиланиши лозим.


145. Асосий касбларда ишловчилар полдан ёки стационар пултдан юк кўтариш кранларини бошқариш ва бунда кранлар чангакларига юкларни илиш ишларига тегишли йўриқнома олгандан ва кранларни хавфсиз бошқариш ва белгиланган тартибда юкларни маҳкамлаш бўйича билимлари синовдан ўтказилгандан кейин йўл қўйилади.


146. Юк кўтариш кранларига тўғри хизмат кўрсатишни таъминлаш учун ташкилот раҳбарияти ишчиларни махсус асбоблар билан таъминлаши керак.


147. Юкларни кўтариш ва ташиш ишлари бажарилганда қуйидаги асосий талаблар бажарилиши керак:

а) иш жойида ва юк кўтариш кранларида ишга алоқаси йўқ шахслар бўлмаслиги керак;

б) кўприксимон ва ҳаракатланадиган консол кранларга чиқиш ва кириш майдончаси ёки ўтиш галереяси орқали амалга оширилиши керак;

в) агар, кран электроускуналари, механизмлари ва металлоконструкциялар созланса, таъмирланса ёки кўрикдан ўтказилса, кириш қурилмасидан рубилник ўчирилиши керак;

г) кўтариш учун белгиланган юкларни илиш учун кўтарилаётган юкнинг оғирлигига мос келадиган ҳамда шохлари сони ва улар оғиш бурчаги ҳисобга олинган стропалар қўлланилади, бунда умумий мақсаддаги стропалар шундай қабул қилинадики, уларнинг шохлари орасидаги бурчак 90°С дан ошмаслиги керак;

д) майда (доналик) юкларни кўтариш ва тушириш махсус тараларда бажарилади ва бунда, уларни жойидан тушиб кетмаслик чоралари кўрилиши керак;

е) девор, колонна, штабел, темир йўл вагони, станок ва бошқа ускуналар ёнидаги юклар кўтарилганда одамлар (шу жумладан, юк илувчилар) кўтарилаётган юк ва мазкур кўрсатилган бино ёки ускуналар орасида бўлмаслиги керак, шунингдек бу талаблар юк туширилганда ҳам бажарилиши керак;

ж) юк горизонтал йўналишда олиб кетилаётган шароитда у йўлда учрайдиган жисмлардан 0,5 м баландликда жойлашган бўлиши ва бу иш олдидан бажарилиши керак;

з) ташилаётган юкни тушириш фақат белгиланган жойга олиб борилганда ва олдиндан таглик қўйилган жойдагина амалга оширилади;

и) автомашина кузови ва очиқ вагонлар ичида одамлар турган пайтда, уларга юкларни тушириш ва кўтаришга йўл қўйилмаслиги керак;

к) магнит ва грейфли кранлар ишлаётган ҳудудларда одамларнинг бўлиши ва иш бажарилишига йўл қўйилмаслиги керак;

л) иш тугаганда ва ишдан танаффус пайтида юк осилган ҳолда қолдирилмайди.


148. Юк кўтариш крани ишлаётганда:

а) мувозанатсиз ҳолатда жойлашган юкни кўтариш ёки икки томонли чангакнинг бир томонига юкни илиш;

б) одамлар устида ёки ёнида бўлган юкларни кўтариш ва ташиш, тупроқ билан тўлдирилган юк ёки у музлаб ерга ёпишган бўлса, болтлар билан маҳкамланган ёки бетон қўйилган бошқа юклар билан тўлдирилса ҳамда металл ва шлак печда қотиб қолганда уларни кўтариш;

в) юк канатлари оғиш ҳолатида кран чангаги билан ерда, полда ва релсларда юкни ташиш ҳамда юк канатларининг вертикал ҳолатини таъминлайдиган йўналтирувчи блокларни қўлламай темир йўл вагонлари, платформалари, вагонетка ва аравачаларни ҳаракатлантириш;

г) юк кўтариш крани ёрдамида қисилган юклар, канатлар, стропалар ва цехларни бўшатиш;

д) ишлаши тўхтатилган ёки носоз хавфсизлик приборлари ва тормозлари билан иш бажариш тақиқланади.


149. Электр узатиш симлари ёки электр тармоғи ҳаво симлари кучланиши 10 кВ дан ошган бўлса ва чеккадаги симдан масофа 30 м дан кам жойлашганда стрелкали кранларни ўрнатиш ва ишлатиш фақат тегишли рухсатномага мувофиқ бажарилиши лозим.


150. Берк омборхоналарда ва саралаш платформаларида юклаш-тушириш ишлари кичик габаритдаги, аккумуляторли, юк кўтариш қуввати 0,5 т дан 2 т гача бўлган электр юклагичлар билан амалга оширилиши лозим.


151. Очиқ ва ёпиқ майдончаларда юк кўтариш ишлари 3 т дан 10 т гача бўлган ва ички ёнув двигателидан харакатланувчи қурилма қўлланилган автоюклагичлар орқали амалга оширилиши лозим.


152. Юк кўтариш воситаларида иш бошланишидан олдин ҳайдовчи тормоз приборлари ҳолатини текшириб кўрикдан ўтказиши, сигналлар, кўтариш мосламалари, барча узеллар ва деталларнинг созлигига ишонч ҳосил қилиши ва шундан кейин ишга киришиши лозим.


153. Ҳайдовчи юкни кўтаришдан олдин чангакни блоксиз стрелада ва белгиланган оғирликни кўтариши лозим бўлган ҳолатга ҳамда юк кўтариш мосламасини вертикал ҳолатга қўйиши керак.


154. Ковшлар билан жиҳозланган ва юклаш, тушириш, парчаланган ва енгил тўкиладиган материалларни ташиш ва тўкиш учун ишлатиладиган автоюклагичлар юкка биринчи тезликда келиб, юкнинг боғланиш жойи ўчирилиши билан бир вақтда ўзи томонига ковшни айлантириб олиши керак.


155. Ковшлар билан жиҳозланган автоюклагичларни ишлаётган двигатель, кўтарилган юк ёки ковш билан қолдиришга рухсат этилмайди.


156. Юкларни ташиш кичик тезликда бажарилади, бунда автоюклагич рамаси орқага охиригача пасайтирилади, илувчи мосламалар юкни ердан кўтаришдаги баландликда жойлаштирилади, пневматик шинали юклагичларда бу масофа 400 мм дан ошмаслиги керак.


157. Ҳаракатланиш йўлларида ва бурилишларда, одамлар гавжум жойда ҳайдовчи машина тезлигини пасайтириб сигнал бериши шарт. Вагонга кириш ва ундан чиқиш пайтида машина айланадиган зонада одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиниши керак.



4-§. Кичик механизация воситалари


158. Юкни кўтариш пайтида домкрат вертикаль ҳолатда ўрнатилади ва бунда олдиндан тормоз мосламалари созлиги ва мустаҳкамлиги текширилади. Металл предметлар кўтарилганда домкрат ёстиғи ва жисмнинг тегиш нуқтасига текис ёғоч таглик қўйилиши лозим.


159. Рейканинг таянчли жойи ва рейкали домкратнинг пастки қисми юклар сирпаниб кетмаслиги учун ўткир ўйиқли жойларига, домкратнинг таянч майдони ўткир шипларга эга бўлиши керак.


160. Домкратлар штоки секин ва осойишта туширилиши керак. Суюқликни (ҳаво) олиб келувчи ёки олиб кетувчи труба зарарланганда, унинг ҳаракати тўхталишини таъминловчи мосламалари (қайтиш клапани ва диаграммаси) мавжуд бўлиши лозим.


161. Домкратларни синаш йилда бир марта ўтказилади. Синовдан ўтказиш бўйича натижалар паспортга ёзилади ҳамда домкратга юк оғирлиги ва синов муддати кўрсатилган трафарет ва клейма урилиши лозим.



5-§. Баландликда ишлаш мосламаларининг

тузилиши ва улардан фойдаланиш


162. Баландликда мустақил ишлаш учун тиббий кўрикдан ўтган, ўқув дастури бўйича ўқитилган, билимлари синовдан ўтказилган шахслар қўйилиши лозим.


163. Юқорида ишловчилар ҳимоя каскалари ва камарларидан фойдаланиб ишлаши керак.


164. Иш бошланишидан олдин ҳимоя камари, каскалар ва бошқа асбоблар иш раҳбари томонидан текширилиши лозим.


165. Синовдан ўтказилмаган ва белгиси бўлмаган камардан фойдаланиш тақиқланади.


166. Асбоблар олиб юриш ва сақлаш учун тепада ишловчилар махсус сумкаларга эга бўлиши керак.


167. Вишка станинасида унинг юк кўтариш оғирлиги ва ҳар йилда ўтказиладиган синов муддати кўрсатилган ёзув бўлиши керак.


168. Телескопик вишкада иш бажаришдан олдин иш жойи тўсиб қўйилади. Телескопик вишкада 2 киши ишлаши лозим.


169. Телескопик вишка саватида ҳимоя камарисиз ишлашга йўл қўйилмайди. Одамлар вишка ичига жойлашганда унинг горизонталь ҳаракатланиши мумкин эмас. Иш бажариладиган жойга бегона шахслар қўйилмайди.


170. Баландликда ишлаш учун инвентарь майдончалар (ҳавоза, кўтарма кажавалар) қўлланилади.


171. Тагликни текислаш учун ғиштлар, тошлар, клинлар ишлатилмайди. Ҳавоза бутун баландлиги бўйича қурилаётган бино ва иншоотларга унга ўрнатилган чангаклар орқали маҳкамланиши лозим.

Ҳавозалар бинонинг бошқа чиқиб турган қисмларига маҳкамланиши тақиқланади. Металл трубали ҳавозалар деворларига унинг ичига ёки оралиқларига қўйилган анкер болтлари билан маҳкамланган бўлиши шарт.


172. Ҳавозалар тагликлари ҳар куни ахлат ва ифлосланишлардан тозаланиши керак.


173. Осиб қўйиладиган кажавалар статик синовдан ўтказилгандан кейин фойдаланишга йўл қўйилади ва бу синов ҳисобланган оғирлик кўтариш имкониятдан 25 фоиз кўп юк билан амалга оширилиши лозим.


174. Осиб қўйилувчи кажавалар зич тахланган таглик ва 1 м дан иборат тўсиққа эга бўлиши керак. Кажава кўтарилаётган пайтда, уларни ушлаб турган пўлат арқонлар бинонинг чиқиб турган қисмларига тегмаслиги лозим.


175. Ҳавозаларни бузиш қурилиш устаси раҳбарлигида бажарилади. Бузилаётган жойга ўтишга рухсат этилмайди.


176. Кўчма нарвонлар синалган ва тегишли белгига эга бўлиши керак. Кўчма нарвонлар ҳар олти ойда 120 кг юк билан синалади ва бу юк нарвон горизонталь текисликка нисбатан 75° бурчак остида ўрнатилган ҳолда, унинг ўртача қисмидаги поғоналаридан бирига илиниши лозим.


177. Кўчма ёғоч нарвонлар узунлиги 5 м дан ошмаслиги лозим.


178. Нарвон поғоналари қўйилган жойда ўрнатилиб, ҳар 2 м дан кам бўлмаган масофада металл болтлар билан маҳкамланиши керак.


179. Ишчи нарвоннинг юқори поғонасида туриб иш бажарганда нарвоннинг тепа қисмидан камида 1 м паст масофада жойлашган бўлиши керак.


180. Нарвоннинг пастки қисми ўткир металл (нам тупроқда) шиплари билан ёки резина (қаттиқ ерда) билан қопланиши лозим.


181. Ёпиқ металл нарвонлар 5 м дан баланд бўлса, уларнинг чиқиш поғоналари 3 м баландликдан бошлаб вертикал боғланган ёй шаклидаги металл билан қопланади. Нарвонлар қиялиги 1:3 нисбатидан ошмаслиги керак. Икки томонлама таянчдаги нарвон уларнинг ўз-ўзидан силжиб кетмаслигини таъминлайдиган қурилмага эга бўлиши керак.



6-§. Ҳаракат таркиби узеллари ва деталларни

ювиш ва тозалашда хавфсизлик талаблари


182. Ҳаракатдаги таркиб узеллари ва деталлари, агар улар таъмирлашдан олдин очилган тақдирда ювиш ёки буғлаш машиналарида тозаланиши лозим.


183. Буғловчи ванналар 1 м дан паст бўлмаган тўсиқлар ва эритма (қоришма) буғларини сўриш мосламаларига эга бўлиши керак. Ювиш машиналарида маҳаллий сўриш шамоллатгичи ва ҳимоя шторлари бўлиши лозим.


184. Газлар ва буғларни ҳайдаш учун шамоллатгич пирпираги зангламайдиган материалдан тайёрланиши лозим.


185. Ваннада буғлангандан кейин деталларда қолган каустик ва кислота аралашмалари қолдиғи тоза сув билан ювилиши лозим.


186. Деталларни ваннага юклаш, чиқариш ҳамда оғир деталларни ювиш машиналарига юклаш ва чиқариш махсус мосламалар билан бажарилиши лозим.



7-§. Аккумулятор батареяларини зарядлаш

ва таъмирлашда хавфсизлик талаблари


187. Аккумулятор хоналари мустақил тортиш-сўриш шамоллатгичи билан жиҳозланиши ва унинг электр двигатели ёпиқ ҳолда бўлиши лозим.


188. Аккумулятор хоналари, унинг эшиклари ва тамбурлари доимо соз бўлиши ҳамда зич ёпилиши лозим.


189. Аккумулятор хоналари деворлари ва тамбурлари кислотага қарши бўёқлар билан бўялиб, пол цементда метлах плиткаси ёки кислотани ўзига тортмайдиган ва кислота таъсирига учрамайдиган бошқа материал билан қопланиши лозим.


190. Аккумулятор хоналарида электр аппаратураси фақат ёпиқ кўринишда (портлашга хавфсиз ижрода) ўрнатилиши керак.


191. Аккумулятор хоналарида ишчи ва авария электр ёритгичи ўрнатилиб, улар герметик арматурада бўлиши ва симлар бир томирли электр симларидан тайёрланиши лозим.


192. Ўчиргичлар, штепсел розеткалари ва ҳимоялаш воситалари аккумулятор хоналаридан ташқарида ўрнатилиши лозим.


193. Зарядлаш агрегати алоҳида хонада ўрнатилиши керак.

Зарядлаш агрегатининг айланиш қисмлари ҳимоялаш тўрлари ёки штоклар билан тўсиб қўйилади.


194. Аккумулятор хоналарини иситиш учун очиқ печлар, электр печлари ва электр плиткалари ишлатилишига йўл қўйилмайди.


195. Аккумулятор батареялари жойлашган стеллажлар иситиш приборларидан камида 1,5 м ва бир-биридан 1 м масофада ўрнатилиши керак.


196. Кислотани сақлаш ва электролит тайёрлаш учун махсус хона ажратилиб, ушбу хона 5 баравар кучликдаги ҳаво алмашишини таъминлайдиган механик шамоллатгич билан жиҳозланиши лозим.


197. Олтингугурт кислотаси махсус тайёрланган панжарали ёғоч яшикларда 2 киши томонидан кўтариб ташилиши лозим.


198. Полга тўкилган кислота ўткир ҳидли калий ёки кучли сода аралашмаси билан нейтролизацияланади ва дарҳол полдан тозаланиб олиниши керак.


199. Кислотали ва ишқорли аккумулятор батареяларини битта хонада сақлаш ман этилади.


200. Асбоб ва металл қисмли деталларни батареяларга қўйиш мумкин эмас.


201. Аккумулятор хоналарида очиқ ўтдан фойдаланиш, чекиш ва уларни бўяш учун нитробуёқ ва нитролак ишлатиш тақиқланади.


202. Аккумулятор батареялари бевосита локомотивда ёки вагонда пластинкалараро улагичлар уланаётганда паст кучланишли (12 - 36 В) чироқлар ишлатилиб, уларнинг симлари резина шланглар ичига жойлаштирилади ва чироқлар металл арматура билан жиҳозланиши лозим.


203. Олтингугурт кислотаси ва электролит билан аккумулятор батареялари таъмирланаётганда чилангар қўпол жунли кийимда, резина этикда, резиналаштирилган фартук, тизза ҳимоялаган ва ҳимоя кўзойнагида бўлиши керак.


204. Цех хоналари ва иш жойларини тозалаш ҳар куни бажарилиб, унда қўрғошин чанглари ва электролитлар ювилади. Деворлар, шиплар, карнизлар, ойналар ва ҳаво йўллари ҳар ўн кундан кам бўлмаган муддатда бир марта нам латталар билан тозаланиши зарур.


205. Аккумулятор батареялари носозлигини бартараф этиш жараёнида элементларнинг қисқа туташувига йўл қўйилмаслиги лозим.


206. Аккумулятор батареялари билан ишлаш жараёнида қуйидагилар:

а) металл жисмлар билан аккумулятор иккита элементига бир вақтда тегиш;

б) изоляциясиз ток юриш қисмларига қўлга (уланиш жойлари, контактлар, электр симлари) диэлектрик қўлқопларни киймасдан тегиш;

в) аккумулятор батареяларининг уланиш жойида кучланиш борлигини қисқа туташув орқали текшириш тақиқланади.


207. Ишловчилар шахсий эҳтиёткорлик чоралари ва меҳнат гигиенасига риоя қилиб, тез-тез қўли ва юзини ювиши, махсус белгиланган жойда таомни сақлаши ва истеъмол қилиши керак.



8-§. Пайвандлаш ишларини бажаришда хавфсизлик чоралари


208. Пайвандлаш ишлари бажарилаётганда қуйидаги ҳужжатларга амал қилиниши керак:

а) электр пайвандлаш ишлари пайтида хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидалари;

б) металларга ацителен ва газ ўтли ишлов бериш пайтида хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидалари;

в) пайвандлаш ва бошқа ўт билан боғлиқ ишлар объектларда бажарилган пайтда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига.


209. Пайвандлаш ва эритиш ишларида ишлаётган ходимлар пайвандлаш давомида ажралиб чиққан газлар ва зарарли токсик моддалардан ҳимояланишини таъминловчи воситалардан фойдаланиши зарур.


210. Пайвандлаш симлари ток манбасидан пайвандловчининг иш жойигача механик зарарланишидан ҳимояланган бўлиши керак.


211. Пайвандловчи билан бирга ишлаётган шахслар ҳимоя воситалари (ҳимоя кўзойнаклари, қўлқоплар)га эга бўлиши керак.


212. Пайвандлаш хонасида енгил ёнадиган материалларни сақлаш тақиқланади.


213. Кучланиш манбасидан электр ушлагичга ток узатаётган пайвандлаш кабели ва қайтувчи қарама-қарши сим пухта изоляцияланган бўлиши керак.


214. Қайтувчи қарама-қарши сим ўрнига релсни ишлатиш тақиқланади.


215. Пайвандлаш ишларини янги бўялган металл конструкцияларида ҳамда вагонлар нефть маҳсулотлари билан ифлосланган йўлларда бажариш тақиқланади.


216. Газларнинг чиқиши газ чиқаётган жойга совун кўпиклари суркалиб аниқланади. Газ чиқиши аниқланганда пайвандлаш ишлари тўхтатилади ва газ чиқиши бартараф этилади ҳамда хона шамоллатилади.


217. Шланглар механик зарарланиш ва ўтдан ишончли ҳимояланиши керак. Изоляция лентаси ёки бошқа материаллар билан ўралган носоз шлангларни ишлатиш тақиқланади. Шлангни таъмирлаш керак бўлганда, унинг носоз жойи қирқилиб, пўлат қувур орқали уланади. Таъмирланган жойи 3 тадан кўп бўлмаслиги керак.


218. Газ пайвандлаш ускуналари ва асбобларини мойлаш ёки ёғлашга йўл қўйилмайди.


219. Кислород ва ацетилен билан тўлдирилган баллонларни ташлаб юбориш, уларга зарба бериш ҳамда баллонларни елкада ташиш тақиқланади.


220. Кислород ва газ баллонларини иссиқлик манбалари ёнида жойлаштириш, қуёш нурлари таъсирида бўлиши, ток юриш қисмларига тегиб кетиши ва ҳимояловчи мосламасиз штуцер, қалпоқларсиз ташилишига йўл қўйилмайди.


221. Баллонларни бузиш ва таъмирлаш пайвандчи томонидан бажарилиши мумкин эмас.



9-§. Ходимлар ҳимоясини ва ишлаб чиқариш

ускунасининг автоматик ўчишини таъминловчи

технологик жараёнларни назорат қилишда

хавфсизлик талаблари


222. Ускуна ва автоматлаштирилган линиялар уларнинг ишга тушганлиги ҳақида огоҳлантирувчи ёритиш ва товуш сигналлари тизими билан таъминланади. Сигнал элементлари (қўнғироқ, сирена ва лампа) механик шикастланишдан ҳимояланган бўлиши ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳудудида сигнални эшитиши ва кўришини таъминлаб жойлаштирилиши лозим.


223. Электр токидан шикастланишнинг олдини олиш учун ишлаб чиқариш ускунаси қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) хавф манбаи бўлган ишлаб чиқариш ускунаси ток узатувчи қисми мустаҳкам қотирилган, изоляцияланган, тўсилган ёки одамлар учун ўтиб бўлмас жойда ўрнатилган бўлиши лозим;

б) электр ускунанинг очиқ бўлган ток узатувчи қисмининг эшиги ёпилувчи корпуси (шкаф, блок) ёки одамлар учун ўтиши мумкин бўлган жойда жойлашганда ёпиқ ҳимоя ёпқичи бўлиши лозим;

в) ишлаб чиқариш ускунасининг металл қисми изоляция шикастланиши натижасида электр кучланишининг хавфли кўрсаткичи 10 - 15 мА. таъсирида бўлса, ерга сим орқали уланган бўлиши лозим;

г) ишлаб чиқариш ускунаси электр занжири схемасида барча электр занжирни таъминлаш тармоғидан ўчириш марказий мосламаси назарда тутилиши лозим.


224. Ечиладиган ҳимоя ва тўсиқ мосламалари фақат конструкция ёки технологик сабаблар бўйича уларни стационар ўрнатиш имкони бўлмаганидагина қўлланилади.


225. Таъмирлаш ва созлаш ишларини бажариш ҳамда технологик жараёнларни ва механизм ишини кузатиш учун тўсиқларда ёпилувчи ойна ёки люклар назарда тутилиши мумкин. Кузатиш ойнаси ва люкларининг тузилмаси (конструкцияси) хизмат кўрсатувчи ходимнинг кузатиш қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаши керак.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


226. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


227. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


228. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўзбекистон темир йўллари" Давлат-акционерлик компанияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси, "Ўздавлатэнергоназорат" давлат инспекцияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 1-2-сон, 18-модда.







































Время: 0.2357
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск