ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Ижтимоий таъминот муассасалари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 03.02.2010 й. 2076-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 28.12.2009 й. 84-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 3 февралда 2076-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлигининг

2009 йил 28 декабрдаги

84-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Ижтимоий таъминот муассасалари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ижтимоий таъминот муассасалари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар барча ижтимоий таъминот муассасалари (бундан кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) учун тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар муассасаларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Муассасаларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра муассасанинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва муассаса раҳбари ёки унинг ўринбосарига бўйсунади ҳамда муассасанинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Муассасаларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


11. Муассасаларнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари ҳамда билимлари синовдан ўтказилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ходимлар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш муассаса раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


14. Муассаса раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


15. Муассасаларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.

16. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни муассаса раҳбарияти ишга қўймасликка ҳақлидир.


17. Тиббий кўриклар муассасанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


18. Муассаса раҳбарияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, муассаса раҳбарияти (ёки иш берувчи) томонидан далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


19. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик муассасанинг раҳбари зиммасига юкланади.


20. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



4-§. Муассаса майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


21. Муассаса майдонлари ва биноларнинг жойлашуви СанМваҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани"га мос бўлиши керак.


22. Муассасада транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг муассаса ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


23. Транспорт воситалари ва муассаса ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси муассасага кириш ва чиқиш ҳамда йўл ва йўлакларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


24. Муассаса майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак.


25. Муассаса майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


26. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши керак.


27. Йўловчилар учун йўлак ва муассасага кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м ён томонларида деворча ва тўсиқларга эга бўлиши лозим.


28. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


29. Муассаса ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


30. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғу пайтида эса ёритилиши керак.



5-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


31. Бино ва иншоотларнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига мувофиқ бўлиши керак.


32. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши лозим.


33. Муассасаларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ва ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


34. Муассаса бинолари ва иншоотлари бир йилда 2 мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда муассаса раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Кўрик хулосалари, улардан топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


35. Ходимлар ва муассасада яшовчилар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Ҳалокат бартараф этилгунча муассасада яшовчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


36. Бино томларининг четлари тўсиқларга эга бўлиши ва соз ҳолатда сақланиши лозим.


37. Биноларнинг деворлари, томи ва пардеворлари чангдан тозалаш учун қулай юзага эга бўлиши керак.


38. Муассасаларнинг поллари мустаҳкам материаллардан қилинган бўлиб, текис, сирпанмайдиган, чангимайдиган ва тозалашга қулай бўлиши лозим.


39. Ногиронлар ҳаракатланадиган барча бино ва иморатларда улар учун зарур бўлса, ногироннинг бино сатҳига кўтарилишига имкон берувчи пандус ёки лифт холи билан жиҳозланадиган камида битта кириш жойлари кўзда тутилиши шарт.


40. Муассасада яшовчиларнинг ҳаракатланиш имкониятлари чекланган тоифалари ва ногиронлар учун биноларнинг кириш жойлари майдончаларга эга бўлиши керак, уларнинг ўлчами 1,7 х 1,7 м дан кам бўлмаслиги лозим.


41. Бинода пайпаслаб ҳаракатланадиган, кўриш қобилияти заиф кишиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалашда девор бўйлаб тутқичли ҳаракатланиш йўлагининг кенглиги 0,9 м бўлиши лозим.


42. Кексалар ва ногиронлар ҳаракатланадиган бино ва иморатларга кириш жойлари бўсағасиз бўлиши лозим, унга зарурат бўлган ҳолларда эса унинг баландлиги 0,025 м дан ошмаслиги керак.


43. Ногиронлар кресло-коляскада ҳаракатланадиган биноларда коридорнинг кенглиги камида 1,8 м бўлиши керак.


44. Ногиронлар ва кексалар ҳаракатланадиган, баландлиги уч қаватдан ошиқ биноларда кабинаси 2,1 м дан кам бўлмаган, махсус жиҳозланган камида битта лифт ўрнатилиши керак.



6-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


45. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


46. Муассасаларда вентиляция-ҳаво алмаштириш тизими бинолар ва маиший хоналарда ҳаво оқими кўрсаткичларининг санитария-гигиена меъёрлари даражасида бўлишини таъминлаши лозим. Маиший хоналар ҚМҚ 2.09.12-98 "Корхонанинг маиший ва маъмурий бинолари" талабларига мувофиқ оқиб келувчи ва сўрувчи вентиляция билан жиҳозланиши лозим. Муассасаларда ҳаво алмаштириш тизимининг қуйидаги:

умумий механик ҳаво ҳайдаш - тортиш;

автоном - маҳаллий турлари ишлатилади.


47. Муассаса раҳбари буйруғи билан ҳаво алмаштириш тизими қурилмаларини хавфсиз ишлатиш бўйича жавобгар шахс тайинланиши лозим.


48. Вентиляция қурилмалари ишга яроқли ҳолда сақланиши, даврий равишда кўрикдан ўтказилиб, тозаланиб турилиши, носозликлар аниқланганида эса, зудлик билан таъмирланиши лозим. Муассасаларда ҳаво ҳарорати амалдаги ГОСТ 12.01.005 рақамли "Иш зонасидаги ҳавога умумий санитария-гигиена талаблари" асосида бўлиши керак.



7-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


49. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


50. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


51. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


52. Муассаса ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


53. Муассасада канализация тизими йўқ бўлганда ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан келишилган ҳолда, ташкилотда ер қатламини ифлослантирмасликка ва ишлаб чиқариш канализациясига душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларига рухсат этилади.


8-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


54. Муассаса майдонида, ёрдамчи бинолар ва хоналарда табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


55. Ёритиш ускуналарини ўрнатишда қандилларнинг турлари, лампаларнинг қуввати ва уларнинг жойлашиши тасдиқланган лойиҳага мос бўлиши керак. Монтаж пайтида ва ундан сўнг ҳар қандай ўзгариш ва қўшимчалар амалдаги меъёрларга жавоб бериши ва лойиҳага тегишли ўзгартириш киритилган ҳолда амалга оширилиши керак.


56. Барча хоналарда табиий ёритишдан максимал фойдаланишни таъминлаш лозим.


57. Қуёш томонга қараган ойналар бевосита қуёш нурларидан ҳимоялаш қурилмаларига (дарпарда) эга бўлиши керак.


58. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги камида чоракда бир марта текширилиши лозим.



9-§. Меҳнат ва дам олиш юзасидан талаблар


59. Муассасаларда ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган муддатининг талаблари инобатга олинган ҳолда, муассасаларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.



III. ТОЗАЛАШ ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


60. Тозалашни бошлашдан олдин асбоб-ускуналарнинг созлигини (челак, курак, пол чўткаси ва бошқалар) текшириш ҳамда йиғиштириладиган жойни кўздан кечириб, мавжуд мебелларни тозалаш учун қулай қилиб жойлаштириш ва электр таъминотига уланган электр асбобларини узиб қўйиш керак.


61. Деворлар, деразаларни чангдан тозалашда уларга монтаж қилинган электр қурилмалари ўчириб қўйилиши лозим.


62. Электр чангютгич ва бошқа электр асбобларни ишлатганда қуйидагиларни:

вилка ва розеткаларда ташқи носозликларнинг йўқлигини;

винтларнинг, тугунларнинг мустаҳкамлигини ҳамда электр асбобларининг кўчма деталлари созлигини;

очилиб қолган ток ўтказувчи симларнинг йўқлигини текшириш керак.


63. Электр чангютгич билан ишлаганда электр ўтказувчи сим оёқни остида бўлмаслиги ёки металл, иссиқ, нам предметларга тегиб турмаслиги керак.


64. Ишда танаффус бўлганда электр чангютгич электр тармоғидан узиб қўйилиши керак.


65. Электр чангютгич билан ишлашда иситиш батареялари, водопровод, газ қувурлари ва бошқа металл предметларга тегиш мумкин эмас.


66. Электр чангютгичдан фильтрни (чангқоп) олиш фақат двигатель ўчириб қўйилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


67. Хонадаги ёпиқ электршитлар, розеткалар, ёқиб-ўчирувчилар фақат қуруқ латта билан артилиши лозим.


68. Баландликда амалга ошириладиган тозалаш ишлари фақат ёйиладиган нарвонлар ёрдамида бажарилиши керак.


69. Тозалаш ишлари учун ҳарорати 50°С дан юқори бўлган сувни, шунингдек кучли таъсирга эга заҳарли ва ёнувчи моддаларни (кислоталар, эритгич, бензин ва ш. к.) қўллаш мумкин эмас.


70. Тозалаш учун иссиқ сув фақат ёпиқ идишда олиб юрилади, агар бу мақсад учун қопқоқсиз идиш ишлатилса, уни кўпи билан 3/4 қисми сув билан тўлдирилиши керак.


71. Столларни тозалашда уларда ўткир буюмлар (игна, кнопка, лезвия, шиша синиқлари ва ҳ. к.) бўлмаслигига эътибор қаратиш лозим.


72. Электр стол лампалари, каминлар, совутгичлар электр тармоғидан узиб қўйиб артилади.


73. Хлорланган сувдан фойдаланишда, шунингдек бачоклар, ҳожатхона ва бошқаларни дезинфекция қилишда резина қўлқоплардан фойдаланиш лозим.


74. Печдан кулни олиш ва чиқариб ташлаш фақат у совуган ҳолатда (чўғсиз) бўлганда темир идиш ва ушлагичи узун металл куракчадан фойдаланиб амалга оширилади.


75. Ойналарни артишда уларнинг мустаҳкамлиги текширилади, артиш кенг мустаҳкам деразатокчада ёки ёйиладиган нарвонда туриб бажарилиши лозим.


76. Ойналарни фасад томондан, деразатокчанинг четида туриб артиш ёки ювиш тақиқланади.


77. Ойналарни тозалашда ойна парчаларининг тушишидан сақлаш чоралари кўзда тутилган бўлиши лозим.



IV. МУАССАСА БИНОЛАРИДА ЎРНАТИЛГАН

МУҲАНДИСЛИК ИНШООТЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Муассаса биноларини иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


78. Буғ қозони ва сув иситиш қозонларининг қуввати барча технологик жиҳозларнинг бир пайтда бараварига ишлашини, шунингдек ишлаб чиқариш, хизмат ва ёрдамчи хоналарни етарли даражада иссиқлик ҳамда иссиқ сув билан ишончли, узлуксиз таъминлаши лозим.


79. Сув ҳарорати 115°С дан юқори бўлган буғ қозони ва сув иситиш қозонларини ўрнатиш, тайёрлаш ва ишлатиш "Буғ ва сув иситиш қозонлари ва хавфсиз ишлатиш қоидалари" талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


80. Иситиш тизими сув асосида ишлаганда, унинг ҳарорати 150°С, сув буғи билан ишлаганда эса 130°С дан ошмаслиги керак.


81. Қозонлар иш фаолиятини бошқариш учун ўлчов-назорат, хавфсизликни таъминловчи ва ёқилғи берилишини автоматик тарзда тўхтатувчи асбоблар билан таъминланган бўлиши зарур.


82. Соатига 100 кг буғ ишлаб чиқарувчи буғ қозони ва сув иситиш қозонларида камида иккита сақлагич клапан ўрнатилган бўлиши лозим. Клапанларнинг жами ўтказиш қобилияти қозоннинг бир соатли ишлаб чиқариш қувватидан кам бўлмаслиги шарт.


83. Буғ қозони ва сув иситиш қозонлари мустаҳкам пойдеворларга ўрнатилиши зарур.


84. Қозон сиртқи юзасининг ҳарорати 45°С дан юқори бўлса, у термоизоляция қатлами билан қопланиши зарур.


85. Қозонхона эшиклари ташқарига очилиши ва қулфланмаслиги талаб қилинади.


86. Қозонларни тайёрлаш ва ўрнатиш "Қозонназорат объектларини тайёрлашни назорат этиш қўлланмаси" талаблари асосида амалга оширилиши лозим.


87. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан рўйхатга олиниб, ишлатилаётган қозонлар белгиланган муддатларда ваколатли органлар томонидан жавобгар шахс иштирокида кўрикдан ўтказилиши лозим.

88. Қозонларни муддатидан олдин кўрикдан ўтказиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

қозон бир йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилмаганида;

демонтаж қилиниб, яна қайтадан ўрнатилганда;

қозоннинг баъзи қисмлари таъмирдан чиқарилганида;

муасса раҳбарияти ёки Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан текширув ўтказиш лозим деб топилганида.

89. Буғ қозони ва сув иситиш қозонларига хизмат кўрсатиш 18 ёшга тўлган, махсус ўқув курсини тугаллаган ва малака комиссиясида аттестациядан ўтган шахсларга рухсат берилади.


90. Қозонхонада хизмат кўрсатувчи ходимларнинг билимлари ҳар 12 ойда камида бир марта белгиланган тартибда текширувдан ўтказиб турилиши шарт.


91. Ўлчов-назорат асбобларини текшириш ишлаб чиқариш қўлланмасида белгиланган муддатларда амалга оширилиши зарур.


92. Қозондан фойдаланиш қуйидаги ҳолатларда зудлик билан тўхтатилиши керак:

сақлагич қопқоқларининг 50% дан ортиғи ишламай қолганда;

босим белгиланган меъёрдан 10% ошганда;

сув оқаётган бўлса;

сув ҳажми сув кўрсаткич асбобининг энг юқори даражасидан кўтарилган бўлса;

барча таъминот асбоблари тўхтаб қолганида;

барча сув ўлчов-назорат асбоблари тўхтаб қолганида;

асосий қисмларда ёриқ, бўртиб чиқишлар ва бошқа нуқсонлар аниқланганида;

қозонхонада ёнғин содир бўлганида ёки газ йўлларида қурум ёки ёқилғи бўлаклари ёниб, хизмат кўрсатувчи ходимга ёхуд қозонга хавф туғдирган ҳолатларда.



2-§. Электр асбоб-ускуналарига қўйиладиган талаблар


93. Электр асбоб-ускуналаридан фойдаланиш Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


94. Электротехник қурилмалар билан ишлайдиган барча ходимлардан мазкур Қоидаларни мукаммал билишлари ва уларга қатъий риоя этишлари талаб этилиши керак.


95. Ушбу Қоидаларга асосан ҳар бир муассасада электр хавфсизлиги бўйича IV-V гуруҳга эга бўлган муҳандис-техник ходимлардан алоҳида буйруқ билан электр хўжалик бўйича масъул шахс тайинланиши лозим. У муассасада электр хўжалигининг умумий ҳолати бўйича жавобгар бўлиб ҳисобланади.


96. Муассасада бош энергетик лавозими бўлган тақдирда, электр хўжалик бўйича жавобгарлик унинг зиммасига юклатилади.


97. Электр хўжалик бўйича жавобгар шахс бўлмаган муассасаларда электр ускуналаридан фойдаланиш ман этилади.


98. Штатлар жадвалида электрик лавозими мавжуд бўлмаган муассасаларда электр жиҳозларидан фойдаланиш ихтисослашган ташкилотларга шартнома асосида топшириш ёки бошқа ташкилотларда ишловчи электрикни ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш орқали амалга оширилади.


99. Муассасаларда электр хўжалиги бўйича жавобгар шахс қуйидагиларни таъминлаши шарт:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма, аппаратура ва тармоқларда режавий таъмирлаш ишлари ва профилактик синовлар белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкил этишни;

электр энергия сарфининг ҳисобини олиб боришни;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ва уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини.


100. Электротехник ходимларнинг билимлари ҳар йили 1 марта даврий равишда синовдан ўтказиб турилади.


101. Муассаса электриклари электр кучланиш остида бўлган ускуна, жиҳоз ва кабеллар билан ишлаганда электр токидан жароҳат олишдан муҳофаза қилувчи асосий (изоляция қилувчи штангалар, изоляция қилувчи дастали қисқичлар, диэлектрик қўлқоп ва этиклар, диэлектрик ғилофли асбоб-ускуналар) ва қўшимча сақлагичлар (изоляция қилувчи тагликлар, резина гиламчалар) ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминланишлари шарт.


102. Муассаса электр хўжалигида юқори электр кучланиш остида бўлган қурилмалар, кабеллар билан ишлашда сақлагичларсиз ишлаш қатъиян ман этилади.


103. Электр кучланиш таъсирида бўлган электротехника қурилмаларининг изоляция қилинмаган қисмларига ходимларнинг тасодифан тегиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қурилмаларни тўсиқлар билан тўсиб қўйиш талаб қилинади.


104. Ускуналар электр тармоғида изоляциянинг бузилиши оқибатида электр токининг ускуна металл қобиғига ўтиши билан боғлиқ бўлган электрдан шикастланишларнинг олдини олиш учун электр қурилмалар ерланган ёки нолланган бўлиши шарт.


105. Кўчма ёритиш асбоблари 36 В ток манбаидан ишлайдиган бўлиши зарур.



3-§. Ёнғин хавфсизлиги талаблари


106. Бино, маиший-хўжалик хоналари ва омборларда электр хўжалигида ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгарлик муассаса раҳбари буйруғига биноан тегишли хизматлар раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахслар зиммасига юклатилади.


107. Муассаса бинолари ва маиший-хўжалик хоналари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари, норматив ҳужжатлар талаблари асосида ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар ишлаб чиқилиши зарур.


108. Йўл-йўриқларда қуйидаги масалалар:

бино, иншоот, ҳудудни ҳамда бинони тарк этиш йўлларини сақлаш тартиби;

ёнғин хавфи мавжуд бўлган ишлар (пайвандлаш, электр жиҳозларидан фойдаланиш, таъмирлаш ва ҳ.к.)ни бажаришда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар;

портлаш, тез алангаланиш, ёниш хавфи бўлган материалларни сақлаш ҳамда ташиш тартиби;

чекиш жойлари, очиқ оловдан фойдаланиш ва олов билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартиби;

ёнувчи маҳсулотлар ва материалларни сақлаш, йиғиш, муассаса биносидан олиб чиқиш тартиби;

портлаш ёки ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган назорат-ўлчов асбоблари (манометр, термометр ва бошқалар)нинг чегаравий қийматлари;

ёнғин вақтида ходимларнинг вазифалари ва ҳаракати ёритилиши керак.


109. Бинонинг барча хоналари, омборхона ва ёрдамчи биноларнинг кўринарли жойларида ёнғиндан сақланишнинг асосий қоидалари ва ўт ўчириш хизматининг телефон рақамлари ёзилган эслатма варақалари бўлиши керак.


110. Енгил ёнувчи чиқиндилар алоҳида ажратилган майдончадаги қутиларга йиғилиши ва муассаса ҳудудидан ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши шарт.


111. Бинолар, маиший-хўжалик хоналари, йўлаклар, омборхоналар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ҳамда ёнғиндан хабар бериш техник воситалари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиши лозим.


112. Архив, омборхона, ҳаво алмаштириш ускуналари ўрнатилган хоналар, хўжалик ва ёнғин насослари хоналари эшиклари ёнғинга чидамли қилиб ишланган бўлиши керак.


113. Ёнғин насослари двигателлари ҳамда ёнғиндан хабар бериш автоматика тизими мосламаларига электр токи трансформатор подстанцияларидан алоҳида тортилган сим орқали келтирилиши лозим.


114. Муассасаларнинг ёнғин насослари двигателлари ҳамда ёнғинни ўчириш тизими мосламаларининг ёқилиши автоматлашган тарзда ҳаво алмаштириш ва совутиш тизимларининг ўчирилиши билан боғлиқ равишда амалга оширилиши зарур.


115. Муассаса биноларининг ҳар бир қаватида ёнғин содир бўлганида, ходимлар ва муассасада яшовчиларни кўчириш чизмаси ўрнатилиши шарт. Чизмада хоналар, йўлаклар, бирламчи ёнғинни ўчириш воситалари, телефон жойлашуви, ходимлар ва муассада яшовчиларни фавқулодда ҳолатда захира чиқиш йўлларидан ҳаракат қилиш йўналишлари кўрсатилади.


116. Захира чиқиш йўлларида, қаватларда, зинапоя ва ўтиш жойларида навбатчи ёритиш чироқлари ўрнатилиши лозим.


117. Захира чиқиш эшиклари ташқари томонга очилиши керак.


118. Бинонинг ҳар бир қаватида эвакуация чиқиш жойлари сони иккитадан кам бўлмаслиги шарт.


119. Муассаса бино ва иншоотларида қуйидагилар тақиқланади:

ертўла, цоколь қаватларида ёнувчи суюқликлар, газ сиғимлари, портлаш хавфи бўлган маҳсулотларни сақлаш;

чордоқларда, техник қаватларда, венткамералар ва бошқа техник хоналарда ускуналарни ва бошқа нарсаларни сақлаш;

зинапоя майдончалари, зинапоялар, лифт холлари, захира чиқиш йўлакларини ҳар хил мебеллар, шкаф, ускуна ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш ҳамда чиқиш эшикларини муҳрлаб қўйиш;

захира чиқиш йўлларининг деворлари, шифт ва полларига енгил ёнувчи материаллар билан ишлов бериш, бўяш, шунингдек зинапоялар ва улар олдидаги холларга ёнувчи қурилиш материалларидан ишлов бериш, ёғоч панеллар билан безаш, турли қўшимча хизмат хоналарини қуриш;

захира чиқиш йўлларига енгил ёнувчи сунъий поёндозларни тўшаш;

ёнувчи, енгил ёнувчи суюқликларни хоналарга олиб кириш ҳамда бошқа мақсадларда очиқ оловдан фойдаланиш;

хоналардаги электр иситгич асбоблар, компьютер ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни электр тармоғига уланган ҳолда қолдириш;

электр ускуна ва жиҳозларни эксплуатация қилишдан аввал уларни ишлаб чиқарган ташкилот томонидан берилган тавсия ва йўриқномада келтирилган фойдаланиш қоидалари билан танишиб чиқмасдан ишлатиш;

электр тармоғида қисқа туташувни келтириб чиқарувчи, саноат ташкилотларида ишлаб чиқарилмаган ясама сақлагичлардан, носоз розетка, электр узгич (рубильник) ва бошқа электр ускуналаридан, шунингдек қобиқларининг ҳимоялаш даражаси йўқолган ёки зарарланган электр кабеллар ва симлардан фойдаланиш.


120. Муассаса ҳудудида пайвандлаш ёки ёнғин чиқадиган бир марталик бошқа ишлар бўйича ёнғин хавфсизлиги чораларини таъминлаш, ушбу ишлар олиб бориладиган иш жойи раҳбарининг зиммасига юклатилиши лозим.


121. Пайвандлаш ва олов билан олиб бориладиган ишларга ёнғин хавфсизлиги бўйича билимлари тегишли тартибда синалган ва бир марталик рухсатномага эга бўлган шахслар қўйилади.


122. Пайвандлаш ва олов билан олиб бориладиган ишларни бажариш учун бир марталик рухсатнома жорий иш кунига берилади. Ишлар бир неча кун давом эттириладиган бўлса, иш жойи раҳбарият томонидан қайта текширувдан ўтказилгандан сўнг, ушбу рухсатнома муддати узайтирилади.


123. Муассасаларда ички гидрант тармоғи жойлардаги сув тармоғига уланган бўлиб, сув қувурларига ўрнатилган ёнғин жўмраклари, енг ва дастаклар махсус ёнғин қутилар ичида жойлаштирилади. Енг ва дастак ёнғин жўмрагига улаб қўйилган бўлиши керак.


124. Ёнғин жўмракларининг ишга яроқлилиги ҳар 6 ойда жўмракларидан сув чиқариб, у неча метр масофага отилиб чиқиши текшириб кўрилади ва далолатнома асосида расмийлаштирилади.


125. Гидрант қутиларига жўмракларнинг белгиси, қутининг тартиб рақами, яқинда жойлашган ўт ўчириш қисми телефон рақамлари ёзиб қўйилиши зарур.


126. Гидрант тармоғи ўтказилмаган ёки ўтказилган тақдирда ҳам сув босими етарли бўлмаган жойларда, яъни ҳар қаватга тўғри келадиган сув босими 1,5 атм дан кам бўлган ҳолатларда, бино яқинида сув ҳавзаси бўлиши ва у сувни босим остида бинонинг юқори қаватларига етказиб бериш мосламаси - мотопомпа ёки электр насос билан жиҳозланган бўлиши лозим.


127. Ёнғин жиҳозларидан хўжалик мақсадларида фойдаланиш қатъиян ман этилади.


128. Ёнғинга қарши сув ҳавзалари доимо соз ҳолатда бўлиши, ичидаги сув ҳажми ёнғинни ўчириш учун етарли бўлиши керак. Сув ҳавзаларининг ишга яроқлилиги йилига камида икки маротаба, баҳор ва куз мавсумларида текширилиши лозим.


129. Муассаса бинолари, хоналари амалдаги меъёр талаблари асосида бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши керак.


130. Бино қаватларида ўрнатилган ёнғин ўчиргичлар бир турда бўлиши, уларда асосий кўрсаткичлар ҳамда фойдаланиш қоидалари битилган ёрлиқ бўлиши керак.


131. Бинолардаги ёнғин ўчириш доимо соз ҳолда бўлиши, кўринарли ва иложи борича хонадан чиқиш эшигига яқин жойга ўрнатилган бўлиши, олишга қулай бўлиши, уларга бориш йўллари тўсилмаслиги зарур.


132. Ҳар ўн кунда биноларда ўрнатилган ёнғин ўчиргичларга қўйилган тамғалар, манометрлар кўрсаткичлари рухсат этилган чегаравий қийматидан тушиб кетмаганлиги кўздан кечирилиши зарур.


133. Карбонат ангидрид гази асосидаги ОУ русумли ёнғин ўчиргичларни ҳаддан ташқари қизиб кетишдан ва қуёш нурлари тушишидан сақлаш керак.


134. Ёнғин ўчиргич баллонларининг юқори босимга чидамлилиги ҳар беш йилда текширувдан ўтказилиши лозим. Агар ёнғин ўчиргичларни қайта текширувдан ўтказиш муддати баллон сиртига ўйиб ёзилган муддатдан ўтиб кетса ёки унга қўйилган тамға (пломба) бузилган бўлса, ёнғин ўчиргичлар алмаштирилиши зарур.


135. Кўпикли ёнғин ўчиргичларнинг кимёвий таркиби ҳар йили камида бир маротаба текширилиши лозим.


136. Кўпикли ёнғин ўчиргичлар қишки мавсумда (ҳаво ҳарорати 10°С даражадан паст бўлганда) иситилган хоналарга олиб кирилиши зарур. Ёнғин ўчиргич олинган жойга ёнғин ўчиргич қўйилган хонанинг тартиб рақами осиб қўйилиши шарт.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


137. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


138. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


139. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 5-сон, 46-модда.








































Время: 0.2317
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск