ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / Қимматли қоғозлар бозори / Умумий масалалар /

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан маҳфий ахборотни муҳофаза этишни ташкил этиш тўғрисида Низом (АВ томонидан 19.02.2010 й. 2079-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Бош директорининг 24.12.2009 й. 2009-52-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 19 февралда 2079-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини

мувофиқлаштириш ва назорат қилиш

маркази Бош директорининг

2009 йил 24 декабрдаги

2009-52-сон буйруғига

ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал

иштирокчилари томонидан маҳфий ахборотни

муҳофаза этишни ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 278-модда) Қонунига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан маҳфий ахборотни муҳофаза этишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари тижорат банклари ва суғурталовчиларга татбиқ қилинмайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланган:


маҳфий ахборот - қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мижозлари, улар ҳисобварақларининг ҳолати ва ўтказилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қимматли қоғозларга доир битимларнинг мазмуни (қимматли қоғозларнинг номи, сони, баҳоси, битим тузилган сана, вақт, биржа савдоси ўтказилган ҳолларда эса савдода иштирок этган шахслар ҳам бундан мустасно);


қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси (кейинги ўринларда профессионал иштирокчи деб юритилади) - қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс.


2. Профессионал иштирокчилар томонидан маҳфий ахборотни муҳофаза этиш маҳфий ахборотнинг чиқиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузилиши, чеклов ўрнатилиши, қалбакилаштирилиши ва улардан бошқача тарзда рухсатсиз фойдаланилишининг олдини олиш, шунингдек маҳфий ахборотни йўқ қилиш, чеклов ўрнатиш, нусхалаш, бузишга доир рухсатсиз ҳаракатларнинг ҳамда профессионал иштирокчининг ахборот ресурслари ва ахборот тизимларига бошқа шаклдаги аралашишларнинг олдини олиш мақсадларида амалга оширилади.


3. Маҳфий ахборотни муҳофаза этиш устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш профессионал иштирокчининг Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назорати тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1899, 2009 йил 6 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 6-сон, 66-модда) мувофиқ тайинланадиган назоратчиси (кейинги ўринларда назоратчи деб юритилади) зиммасига юкланади.


4. Маҳфий ахборотни муҳофаза этишни ташкил этиш:

профессионал иштирокчининг ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги йўриқномани (кейинги ўринларда Йўриқнома деб юритилади) ишлаб чиқиш ва унга риоя этиш;

маҳфий ахборотни муҳофаза этиш бўйича техник воситалар ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чораларни кўриш йўли билан амалга оширилади.


5. Йўриқнома назоратчи томонидан ишлаб чиқилади ва профессионал иштирокчининг раҳбари томонидан тасдиқланади.


6. Йўриқномада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

маҳфий ахборотга ишлов берувчи техник воситалар жойлаштирилган хоналарга доир талаблар;

маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатларнинг лозим даражада сақланиши таъминланадиган сақлаш хоналарига доир талаблар;

дастурий таъминотга доир талаблар;

техник таъминотга доир талаблар;

маҳфий ахборотни муҳофаза этиш бўйича назоратга доир талаблар;

маҳфий ахборотлар рўйхати;

профессионал иштирокчи ходимининг (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) жавобгарлиги.

Йўриқномада маҳфий ахборотни муҳофаза этишни тартибга солувчи бошқа қоидалар ҳам акс эттирилиши мумкин.


7. Профессионал иштирокчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш бўйича зарур чоралар кўради.



II. МАҲФИЙ АХБОРОТНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

САҚЛАШ ВА МУҲОФАЗА ЭТИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатларни ҳисобга олиш қоғоз ва (ёки) электрон кўринишдаги тегишли журналларда юритилади.


9. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатлар мустаҳкам қулфга эга бўлиши ва ишдан ташқари вақтда муҳрланиши (тамғаланиши) лозим бўлган металл шкафлар ва (ёки) сейфларда сақланиши лозим.


10. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатларни, ушбу турдаги ҳужжатларнинг сақланиши учун мўлжалланмаган бошқа жойларда сақлаш тақиқланади.


11. Маҳфий ахборотни акс эттирган архив ҳужжатларини ходимларга бериш фақат профессионал иштирокчи раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланган, маҳфий ахборотни акс эттирган архив ҳужжатларидан фойдаланиш рухсатномасига эга бўлган шахсларнинг рўйхати асосида амалга оширилади.


12. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатлар билан ишлаш фақат хизмат хоналарида амалга оширилади.


13. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатни почта орқали жўнатиш қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


14. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатни кўпайтириш, нусхалаш, нусха кўпайтириш ёки мазмунини ошкор қилиш фақат қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда профессионал иштирокчи раҳбарининг ёзма рухсатномаси асосида амалга оширилади.


15. Йўқ қилишга ажратилган маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатлар қоғоз чиқиндилари сифатида қайта ишлашга топширилишидан олдин матнни ўқиб чиқиш имкониятини истисно этадиган даражада майдаланиши ёки махсус ажратилган жойда ёқиб юборилиши лозим.


16. Маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатлар йўқ қилинганидан кейин ҳисобга олиш журналига тегишли белги қўйилади.


17. Профессионал иштирокчи ахборот-коммуникация технологияларидан (кейинги ўринларда АКТ деб юритилади) фойдаланишда маҳфий ахборотнинг чиқиб кетишидан ва рухсатсиз фойдаланишдан муҳофаза этишни таъминлаш учун зарур чораларни кўриши лозим.


18. Маҳфий ахборотга ишлов берувчи АКТ ва маълумотлар базаси жойлаштирилган хоналарга киришга фақат тегишли кириш рухсатномасига эга бўлган шахсларга рухсат этилади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган хоналарга бошқа шахсларнинг кириши фақат профессионал иштирокчи раҳбарининг ёзма рухсати асосида амалга оширилади.


19. АКТдан фойдаланувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи шахслар:

АКТдан фойдаланишда маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш бўйича белгиланган талабларни бажаришлари;

маҳфий ахборотдан фойдаланишни чеклашнинг белгиланган тартибига риоя этишлари;

маҳфий ахборотдан рухсатсиз фойдаланишга уринишлар, ахборотнинг чиқиб кетиши ёки бузилишига доир барча фактлар тўғрисида зудлик билан профессионал иштирокчининг назоратчиси ва раҳбарини хабардор қилишлари шарт.

АКТдан фойдаланувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи шахслар зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


20. АКТни умумий фойдаланишдаги тизимларга улаш фақат ишлаб чиқариш зарурати мавжуд бўлганда ва фақат ахборотни муҳофаза этиш воситалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.


21. Профессионал иштирокчининг АКТлари қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши ва ахборотни муҳофаза этишни таъминлаши лозим.


22. Маҳфий ахборотга ишлов берувчи АКТ ишдан чиққан ёки ҳисобдан чиқарилганда ундаги мавжуд ахборотларни уни тиклашга йўл қўймаслик учун тўлиқ йўқ қилиш бўйича чоралар кўрилиши лозим.



III. ХОДИМЛАРГА МАҲФИЙ АХБОРОТДАН

ФОЙДАЛАНИШГА РУХСАТ ЭТИШ


23. Ходимга маҳфий ахборотдан фойдаланишга рухсатнома қуйидаги шартларга риоя этилганда профессионал иштирокчининг раҳбари томонидан тақдим этилади:

ходим томонидан маҳфий ахборотни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш ва ошкор қилмаслик тўғрисидаги ёзма мажбуриятни расмийлаштириш;

ходимни маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талаблари билан таништириш.


24. Ходимлар маҳфий ахборотни ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланишга рухсатномани фақат ўзининг лавозим мажбуриятлари доирасида ва уларни бажариш учун уларга ҳақиқатдан зарур бўлган ҳажмда олишлари мумкин.


25. Профессионал иштирокчининг раҳбари ходимларга маҳфий ахборотни ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги учун шахсан жавобгар бўлади.


26. Қуйидаги шахслар профессионал иштирокчининг маҳфий ахборотидан фойдаланиш имкониятига эгадирлар:

профессионал иштирокчининг раҳбари;

назоратчи;

ўз лавозим мажбуриятларига мувофиқ маҳфий ахборотдан фойдаланишга рухсатнома олган ходимлар;

бошқа шахслар, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда.


27. Профессионал иштирокчининг раҳбари:

ҳар бир ходимнинг меҳнат шартномаси ва хизмат вазифаларида маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш тўғрисидаги мажбуриятларни назарда тутиши;

маҳфий ахборотнинг чиқиб кетиши, ошкор қилиниши, йўқотилиши ёки ўғирланишига доир чоралар кўриши;

ишдан бўшатилиши лозим бўлган ходимни маҳфий ахборотдан фойдаланиш имкониятидан ўз вақтида маҳрум қилиши шарт.

Профессионал иштирокчининг раҳбари зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


28. Ходимлар:

маҳфий ахборотга киритилган маълумотларни қатъий сир сақлаши;

маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажариши;

фақат фойдаланиш имкониятини олган маҳфий ахборотни акс эттирган маълумотлар ва ҳужжатлар билан ишлаши;

маҳфий ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги;

бегона шахсларнинг ходимлардан маҳфий ахборотни олишга бўлган уринишлари тўғрисида, қоғоз ва электрон шаклдаги маҳфий ахборотнинг, маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатлар сақланаётган хоналар, сақлаш хоналари, сейфлар калитларининг йўқотилганлиги ёки етишмаслиги тўғрисида ҳамда маҳфий ахборотнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган бошқа фактлар тўғрисида, шунингдек маҳфий ахборотнинг чиқиб кетиш сабаблари ва шароитлари тўғрисида назоратчи ва профессионал иштирокчининг раҳбарига дарҳол хабар бериши;

ишдан бўшатилган тақдирда ўз хизмат вазифаларини бажариш муносабати билан унинг ихтиёрида бўлган барча қоғоз ва электрон шаклдаги маҳфий ахборотларни ўзининг бевосита бошлиғи ёки профессионал иштирокчининг раҳбарига топшириши шарт.

Ходим зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


29. Профессионал иштирокчининг раҳбари улар томонидан ўз лавозим мажбуриятларини бажаришда маҳфий ахборот билан танишиш талаб қилинмайдиган ходимларни ушбу имкониятдан истисно этиш бўйича зарур чоралар кўриши лозим.



IV. МАҲФИЙ АХБОРОТНИ МУҲОФАЗА ЭТИШНИ

ТАЪМИНЛАШ УСТИДАН НАЗОРАТ


30. Назоратчи ходимлар томонидан маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш устидан назоратни мунтазам равишда амалга оширади.


31. Назоратчи:

ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларининг аниқланган бузилишлари (кейинги ўринларда қоида бузилиши деб юритилади) тўғрисида профессионал иштирокчининг раҳбарига дарҳол хабар бериши;

қоида бузилишининг содир бўлиши сабабларини аниқлаши;

аниқланган қоида бузилишларининг бартараф этилишини назорат қилиши шарт.

Назоратчи зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


32. Маҳфий ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш устидан назоратни амалга оширишда назоратчи:

маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатларнинг ҳисобга олиш маълумотлари расмийлаштирилишининг тўғрилигига;

маҳфий ахборотни акс эттирган, ходимлар томонидан олинган ва тайёрланган барча ҳужжатларнинг мавжудлигига;

етишмаётган (йўқ қилинган, йўқотилган, яроқсизланган) маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатларга доир тегишли ҳужжатларнинг мавжудлигига;

иш жойларида маҳфий ахборотни акс эттирган ҳужжатларни сақлаш ва у билан ишлаш тартиби, шунингдек бошқа масалаларга эътибор қаратиши лозим.


33. Ходимлар томонидан йўл қўйилган қоида бузилиши аниқланганда назоратчи аниқланган қоида бузилиши тўғрисида далолатнома тузади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Мазкур Низом талабларига риоя этиш устидан назоратни профессионал иштирокчининг раҳбари амалга оширади.


35. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.



Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 6-7-сон, 60-модда
































Время: 0.1599
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск