ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Тасвирий санъат. Музейлар /

Музейларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.04.2010 й. 68-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 12 апрелдаги

68-сон қарорига

1-ИЛОВА



Музейларни ташкил этиш, қайта ташкил

этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Музейлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, музейларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди.


2. Музей - музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этиш учун мулкдор томонидан ташкил этилган доимий фаолият юритувчи нотижорат маданият муассасаси ҳисобланади.


3. Музейлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз Низомига амал қилади.



II. МУЗЕЙЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Музейлар қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини аниқлаш ҳамда тўплаш;

маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ўрганиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини эълон қилиш.

Музейларни ушбу бандда назарда тутилганидан ташқари бошқа мақсадлар учун ташкил этишга йўл қўйилмайди.


5. Қуйидагилар музейларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

музейларда халқимизнинг бой маданий меросини, унинг инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш;

сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда мамлакатда эришилган ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган музей экспозицияларини ташкил этиш;

музейлар фондларида сақланаётган халқимизнинг маданий бойлиги ҳисобланган музей ашёлари ва музей коллекцияларини авайлаб-асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, мамлакат фуқароларига намойиш этиш, дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш;

музейлардаги ноёб экспонатлар орқали фуқароларда, айниқса ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуларини тарбиялаш ва кучайтириш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш ва унинг натижаларини эълон қилиб бориш;

музей экспозицияларини ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш;

музейшуносликнинг долзарб масалаларига оид илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ва илғор иш тажрибаларини оммалаштириш;

чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш;

жаҳон музейшунослиги тажрибасини қўллаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар.


6. Музейлар ўз мақсад ва вазифаларини амалга оширишда давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар билан биргаликда ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиши, турли танловлар, кўргазмалар ташкил этиши ҳамда белгиланган тартибда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши мумкин.



III. МУЗЕЙЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Мулкчилик шаклига кўра музейлар давлат музейлари ва нодавлат музейларга бўлинади.

Ихтисослашувига кўра музейлар:

асосий фаолияти музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этишдан иборат бўлган музейларга;

асосий фаолияти тарихий-маданий қўриқхона ва у билан боғлиқ табиий ландшафт таркибига кирадиган маданий ва табиий мерос объектларини, шунингдек музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этишдан иборат бўлган музей-қўриқхоналарга бўлинади.


8. Давлат музейларини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари ҳамда давлат ташкилотлари томонидан ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

9. Музейларни ташкил этиш учун қуйидаги шартлар талаб этилади:

музей тематикасига мувофиқ музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мавжудлиги;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳамда оммага намойиш этиш талабларига жавоб берадиган моддий-техник базанинг, шу жумладан, бино (хона ёки хоналар), зарур кўргазма жиҳозлари, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситалар мавжудлиги;

музей фаолиятини таъминлаш учун зарур молиявий маблағлар мавжудлиги.

Музей-қўриқхоналарини ташкил этиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча шартлар белгиланади.


10. Музей нотижорат маданият муассасаси шаклида ташкил этилади ва белгиланган тартибда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилади.


11. Музей Низоми амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тарзда ишлаб чиқилади, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади (фақат давлат музейлари учун) ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Музей Низомига белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

12. Музей банк ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган муҳрга, штамп ва бланкаларга эга бўлади.

Музейлар ўзларининг юқори бошқарув органи ҳамда тегишли ҳудудий маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда (фақат давлат музейлари учун) белгиланган тартибда ўз филиалларини ташкил этиши мумкин.

Музей филиали ўзи бўйсунадиган бош музей Низоми асосида фаолият кўрсатади.



IV. МУЗЕЙЛАРНИ БОШҚАРИШ


13. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги музейларни бошқариш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

Миллий музей фондининг Давлат каталогини юритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибда Миллий музей фонди таркибига киритади ҳамда унинг таркибидан чиқаради;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказганлик ҳақида хабардор қилувчилар реестрини юритади ва уларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини назорат қилади;

Миллий музей фонди ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

давлат музейлари томонидан бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

музей ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


14. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг музейларни бошқариш соҳасида ваколатлари қуйидагилардан иборат:

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда ўз ҳудудида жойлашган музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланишини таъминлайди;

ўз ҳудудидаги давлат музейларини молиялаштириш миқдорини ўз ваколатлари доирасида белгилайди;

музейларнинг аҳолига хизмат кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

ўз ҳудудидаги давлат музейларининг мунтазам фаолият кўрсатишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Музейларда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот, илмий-тадқиқот ишлари савиясини ошириш, музейнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ҳомийлар маблағларини жалб этиш ва бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилиши мумкин.


16. Музейга бевосита раҳбарликни музей директори амалга оширади.

Давлат (нодавлат) музейлари директори ва директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан келишилган ҳолда музей бўйсунувчи бошқарув органи (нодавлат музейларда - мулкдор) томонидан лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этилади.

Музей директори:

ўзи раҳбарлик қилаётган музей номидан иш олиб боради, унинг манфаатларини ифодалайди;

музейнинг мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этади ва шартномалар тузади;

музей ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, музейга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

музей ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатлари ва жавобгарлиги даражасини белгилайди;

музей фаолиятини такомиллаштириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, музей фаолиятининг бошқа масалалари бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритади;

ходимлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузади;

қонун ҳужжатларига ҳамда музей Низомига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


17. Музей директори ходимларнинг касб маҳоратини доимий равишда ривожлантириб бориш, малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун масъулдир.


18. Музей ходимлари музей Низомига, ички тартиб, касбий ахлоқ-одоб қоидаларига қатъий риоя этишлари, музей фаолиятини такомиллаштиришда фаол иштирок этишлари, ўз касбий малакаларини мунтазам ошириб бориши шарт.



V. МУЗЕЙЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


19. Музейларнинг моддий-техника базаси зарур иморатлар, коммуникациялар, жиҳозлар, музейлар фондини музей ашёлари ва коллекциялари билан бойитиш, уларни сақлаш, аниқлаш, тўплаш, маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш, ўрганиш, эълон қилиш соҳасидаги бошқа вазифаларни ҳал этишда фойдаланиладиган бошқа мол-мулкдан иборат бўлади.


20. Музейлар бинолари техника хавфсизлиги қоидаларига ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ жиҳозланади ва улардан тегишли талабларга риоя қилинган ҳолда фойдаланилади.


21. Давлат музейларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


22. Нодавлат музейларни молиялаштириш уларнинг муассислари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


23. Давлат музейи жойлашган бино бошқа ташкилотларга берилган тақдирда, ушбу масала бўйича қарор қабул қилган давлат органи давлат музейини тенг қийматдаги бино билан таъминлаши ҳамда мазкур музейнинг музей ашёлари ва музей коллекцияларини, шунингдек кўргазма жиҳозларини кўчириш ва янги экспозицияни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаши шарт.


24. Давлат музейлари ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига ва меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланади.


25. Давлат музейлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


26. Давлат музейларининг молиявий-хўжалик фаолиятини назорат қилиш тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.



VI. МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ

КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ


27. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини эълон қилиш - музейнинг музей ашёлари ва музей коллекцияларини омма олдида намойиш этиш, босма нашрларда, электрон ва бошқа турдаги жисмларда такрорлаш орқали жамиятга тақдим этишнинг барча шаклларини назарда тутувчи фаолият тури ҳисобланади.


28. Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини биринчи марта эълон қилиш ҳуқуқи мулкдор томонидан мазкур музей ашёлари ва музей коллекциялари бириктириб қўйилган музейга тегишлидир.


29. Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини такрорлашдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтказилиши музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори белгилаган тартибда музейлар томонидан амалга оширилади.


30. Музей ашёлари ва музей коллекциялари, музейларнинг бинолари, музейлар ҳудудида жойлашган объектлар тасвирларидан фойдаланган ҳолда тасвирий, босма, ёдгорлик ва бошқа ададли маҳсулотларни ҳамда халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш, музейларнинг номлари ва рамзий белгиларидан фойдаланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ музейлар маъмуриятининг рухсати билан амалга оширилади.



VII. МУЗЕЙЛАРНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ


31. Давлат (нодавлат) музейлари тегишли вазирликлар, ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (нодавлат музейлар - мулкдорлар, муассислар) келишувига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг тақдимномасига биноан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (нодавлат музейлар - мулкдорлар) қарори билан қайта ташкил этилади ва (ёки) тугатилади.

Музей қайта ташкил этилганда унинг фаолияти мақсадлари ўзгартирилмайди.


32. Давлат музейи тугатилганда, унинг тасарруфида бўлган ва асосий ҳисоб ҳужжатларида қайд этилиб, Миллий музей фондининг Давлат каталогида рўйхатга олинган барча музей ашёлари ва музей коллекциялари, фаолият йўналиши ўхшаш (ёки яқин) бўлган давлат музейига тўлалигича ўтказилади.


33. Фаолияти тугатилган музей фондида мавжуд бўлган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг турли музейлар ёки бошқа ташкилотларга тарқатиб юборилиши тақиқланади.


34. Фаолияти тугатилган музей фондидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳамда асосий ҳисоб ҳужжатларини қабул қилиб олган давлат музейи, уларнинг бут сақланишини, музей ашёлари ва музей коллекциялари ўз ҳисоб ҳужжатларида қайд этилишини ҳамда Миллий музей фонди таркибига киритилишини, улардан илмий, маданий ва маърифий мақсадларда фойдаланишни ва экспозицияда намойиш этишни таъминлаши шарт.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


35. Музейларнинг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 14-15-сон, 109-модда.







































Время: 0.1555
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск