ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари /

Ўзбекистон Республикасининг 01.06.2010 й. ЎРҚ-249-сон "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.11.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 07.05.2010 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.06.2010 й.

N ЎРҚ-249



СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 18 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2010 йил 7 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади суд экспертизаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Суд экспертизаси тўғрисидаги

қонунчилик

Суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат суд эксперти - давлат суд-экспертиза муассасасининг ўз хизмат вазифаларини бажариш тартибида суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти;


иш - суд экспертизаси тайинланган фуқаролик, иқтисодий, жиноят иши (шу жумладан, терговга қадар текширув материаллари), маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш;

суд эксперти - хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида тайинланган жисмоний шахс;


суд экспертининг хулосаси (хулоса) - суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси томонидан тузиладиган ва суд-эксперт текширишларининг олиб борилишини ва натижаларини акс эттирадиган ёзма ҳужжат;


суд экспертизаси - фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат;

суд-экспертлик фаолияти - суд экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият.



4-модда. Суд-экспертлик фаолиятининг асосий принциплари

Қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, суд-эксперт текширишларининг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги суд-экспертлик фаолиятининг асосий принципларидир.



5-модда. Суд-экспертлик фаолиятини амалга

оширишда қонунийликка риоя этилиши

Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.


6-модда. Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда

инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши

Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларида назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Шахснинг эркинлигини вақтинча чеклашни ёки унинг шахсий дахлсизлиги бузилишини талаб этувчи суд-эксперт текширишлари (бундан буён матнда текширишлар деб юритилади) фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда ўтказилади.

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот (бундан буён матнда бошқа ташкилот деб юритилади) томонидан суд экспертизаси ўтказилиши муносабати билан қабул қилинган қарорлар, суд экспертининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўз ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланишига олиб келди деб ҳисоблаган шахс мазкур қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.


7-модда. Суд экспертининг мустақиллиги

Суд эксперти суд экспертизасини ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан), тарафлардан ва ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахслардан мустақилдир.

Суд эксперти ўзининг фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимларига (бундан буён матнда махсус билимлар деб юритилади) мувофиқ ўтказилган текширишлар натижаларига асосланиб хулоса беради.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс), шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарафлардан бирортасининг ёки ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг фойдасини кўзлаб хулоса олиш мақсадида суд экспертига таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.


8-модда. Текширишларнинг холислиги,

ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги

Суд эксперти текширишларни холисона, қатъий илмий ва амалий асосда, тегишли ихтисослик доирасида, ҳар томонлама ва тўлиқ ҳажмда ўтказади.

Суд экспертининг хулосаси (хулоса) қилинган фикрларнинг асослилиги ва ишончлилигини умум эътироф этилган илмий ва амалий маълумотлар базасига мувофиқ текшириш имкониятини берадиган қоидаларга асосланиши лозим.



9-модда. Текшириш объектлари

Ашёвий далиллар, текшириш учун намуналар, бошқа моддий объектлар, мурдалар ва уларнинг қисмлари, ҳужжатлар, шунингдек суд экспертизаси ўтказилаётган иш материаллари текшириш объектлари бўлиши мумкин. Текширишлар тирик одамга нисбатан ҳам ўтказилади.

Текширишни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган тирик одам, мурда, ҳайвон, ўсимлик, буюм, материал ёки модданинг хусусиятларини акс эттирувчи объектлар текшириш учун намуналардир.

Суд экспертизасини ўтказишда текшириш объектлари (тирик одамдан ташқари) текширишни ўтказиш учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада шикастланиши ёки ишлатилиши мумкин. Бунда текшириш объектининг қисман шикастланиши ёки ишлатилишига суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма рухсати олиниши зарур, тайинланган суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари объектнинг шикастланишини (бузилишини) ёки ишлатилишини тақозо этувчи ҳоллар бундан мустасно.

Текшириш объектларининг суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма рухсати билан ёхуд тайинланган суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда шикастланганлиги ёки ишлатилганлиги давлат суд-экспертиза муассасаси, бошқа ташкилот ёки суд эксперти томонидан мазкур объектларнинг мулкдорига зарарнинг ўрни қоплаб берилишига сабаб бўлмайди.

Текшириш объектлари, агар уларнинг ўлчамлари ва хоссалари имкон берса, ўралган ва муҳрланган ҳолда суд экспертига топширилиши керак.

Текшириш объектини суд экспертининг иш жойига етказиб беришнинг иложи бўлмаганда, суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) унга мазкур объектни монеликсиз кириб кўришни ва уни текшириш имкониятини таъминлайди.

Суд экспертизаси тугалланганидан кейин текшириш объектлари, агар улар тўла ишлатилган бўлмаса, суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.


10-модда. Суд эксперти

Суд эксперти сифатида давлат суд эксперти, бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Бошқа ташкилот ходими суд экспертизасини уни тайинлаган орган (шахс) томонидан мазкур ташкилотга берилган топшириқни бажариш тартибида ўтказади.

Ишда суд эксперти сифатида иштирок этиш учун жалб этилган бошқа жисмоний шахс бирон-бир давлат суд-экспертиза муассасаси штатида турмайди ва суд экспертизасини уни тайинлаган органнинг (шахснинг) топшириғини бажариш тартибида ўтказади.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар суд эксперти сифатида жалб этилиши мумкин эмас. Шахснинг суд эксперти сифатида иштирок этишини истисно этадиган бошқа ҳолатлар процессуал қонунда назарда тутилади.

Суд эксперти иш ҳолатларини текширишда фақат ўзига топширилган суд экспертизаси предметига тааллуқли ва хулоса бериш учун аҳамиятга молик масалалар бўйича иштирок этади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов органлари, суд ва суд муҳокамасидаги тарафлар суд экспертига фақат унга топширилган суд экспертизаси ва у томонидан берилган хулоса муносабати билан мурожаат этишга ҳақли.

Суд эксперти фақат ўзи томонидан берилган хулоса ва шахсан ўтказган текширишлари юзасидан сўроқ қилиниши мумкин.

Суд экспертини у хулоса бергунига қадар сўроқ қилиш тақиқланади.



11-модда. Суд экспертига қўйиладиган малакага оид талаблар

Давлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича кейинги тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси эгаллаши мумкин.

Суд эксперти сифатида жалб этиладиган бошқа ташкилот ходими ва бошқа жисмоний шахс олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлиши лозим.


12-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаси

Суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса давлат суд-экспертиза муассасасидир. Суд-экспертлик фаолияти тегишли давлат органларининг экспертиза бўлинмалари томонидан хам амалга оширилиши мумкин. Суд экспертизасини ўтказиш мазкур экспертиза бўлинмаларига топширилган ҳолларда, улар давлат суд-экспертиза муассасалари каби вазифаларни амалга оширади, ҳуқуқларга эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар бўлади.

Айни бир хил ихтисосликдаги давлат суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ташкил этиш, ўтказиш, давлат суд экспертларини касбий тайёрлаш ва ихтисослаштириш суд-экспертлик амалиётига ягона илмий-услубий ёндашув асосида амалга оширилади.

Давлат суд-экспертиза муассасасида суд экспертизалари, бу муассаса қайси давлат органи ихтиёрида бўлса, ўша давлат органи томонидан аниқланадиган, у учун белгиланган хизмат кўрсатиш минтақаларига мувофиқ ўтказилади.

Суд экспертизасини тайинлаган ва давлат суд-экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) учун суд экспертизаси, истисно тариқасида, ушбу муассаса томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкин.

Давлат суд-экспертиза муассасалари қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.


2-БОБ. ДАВЛАТ СУД-ЭКСПЕРТИЗА МУАССАСАСИ,

БОШҚА ТАШКИЛОТ РАҲБАРИНИНГ ҲАМДА СУД

ЭКСПЕРТИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

13-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки

бошқа ташкилот раҳбарининг суд-экспертлик

фаолияти соҳасидаги ҳуқуқлари

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа ташкилот раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

агар мазкур ташкилотда текширишларни ўтказиш учун тегишли мутахассислар ёки зарур моддий-техник база ёхуд махсус шароитлар бўлмаса, суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримни ижро этмасдан ҳамда суд экспертизасини ўтказиш учун тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларини уч кунлик муддатда қайтариш;

суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) суд экспертлари комиссияси таркибига мазкур ташкилотда ишламайдиган шахсларни, шу жумладан, бошқа давлатлардан мутахассисларни, агар суд экспертизасини ўтказиш учун уларнинг махсус билимлари зарур бўлса, киритиш тўғрисида илтимос қилиш;

қўйилган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган текширишларни ўтказишни ўз кучлари ва воситалари билан таъминлаётган ташкилотларга суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримнинг кўчирма нусхасини юбориш;

суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) мазкур ташкилотнинг текшириш объектлари текширилганидан сўнг уларни ташиш, бундан почта харажатлари мустасно; текшириш объектлари суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан олинмаган тақдирда, уларни қонунчиликда белгиланган муддат мобайнида ушбу ташкилотда сақлаш; катта хавф туғдирадиган объектларнинг мазкур ташкилотга келиб тушиши натижасидаги зарарли оқибатларни (портлаш, ёнғин ва шу кабиларни), агар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ушбу объектлар билан муомалада бўлишнинг унга маълум бўлган махсус қоидалари тўғрисида раҳбарга хабар бермаган бўлса ёки улар лозим даражада ўралмаган бўлса, бартараф этиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплашни талаб қилиш.

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа ташкилот раҳбари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки

бошқа ташкилот раҳбарининг суд-экспертлик

фаолияти соҳасидаги мажбуриятлари

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа ташкилот раҳбари:

суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим олинганидан сўнг суд экспертизасини ўтказишни мазкур ташкилотнинг қўйилган саволларга жавоб бериш учун талаб қилинадиган кўламда махсус билимларга эга бўлган ходимлари жумласига кирадиган суд экспертига ёки суд экспертлари комиссиясига топшириши;

суд экспертига ёки суд экспертлари комиссиясининг ҳар бир аъзосига суд экспертининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши (давлат суд-экспертиза муассасаларининг ходимларига бундай тушунтириш ишга қабул қилиш чоғида берилади);

била туриб нотўғри хулоса берганлиги, терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида суд экспертини огоҳлантириши, ундан тегишли тилхат олиши ва мазкур тилхатни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) хулоса билан бирга юбориши;

ўтказилаётган текширишларнинг тўлиқлиги ва сифати устидан назоратни, суд экспертининг мустақиллиги принципини бузмаган ҳолда, таъминлаши;

суд экспертизасини ўтказиш муддатини қонунчиликда белгиланган тартибда аниқлаши ва унга риоя этилишини назорат қилиши;

суд экспертига текширишларни ўтказиш учун зарур бўлган шароитларни таъминлаши;

текшириш тугаганидан сўнг хулосани, текшириш объектлари ва иш материалларини суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юбориши шарт.

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа ташкилот раҳбари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа ташкилот раҳбари:

суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча текшириш объектларини суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) қарори ёки ажримисиз талаб қилиб олишга;

суд экспертизасини ўтказиш учун мазкур ташкилотда ишламайдиган шахсларни мустақил равишда жалб этишга;

суд экспертига муайян суд экспертизаси юзасидан текшириш жараёнини ва фикрлар мазмунини олдиндан белгилаб қўядиган кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.


15-модда. Суд экспертининг ҳуқуқлари

Суд эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонунчиликда белгиланган тартибда суд экспертизаси предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш;

суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш;

тергов ҳаракатлари ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсати билан ҳозир бўлиш ва шу тергов ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга суд экспертизаси предметига оид саволлар бериш;

суд муҳокамасида суд экспертизаси предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ва сўроқ қилинаётган шахсларга суднинг рухсати билан саволлар бериш;

ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;

ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки суд экспертизаси предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш;

унинг хулосаси ёки кўрсатувлари процесс иштирокчилари томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида тергов ҳаракати ёки суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш;

агар у иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;

агар унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишни юритаётган органнинг қарорлари, шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Суд эксперти қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16-модда. Суд экспертининг мажбуриятлари

Суд эксперти:

суд эксперти сифатида ўзини ўзи рад этиши учун қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёки давлат суд-экспертиза муассасасининг ёхуд бошқа ташкилотнинг раҳбарига дарҳол маълум қилиши;

ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона хулоса бериши;

суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг чақирувига биноан суриштирувда, дастлабки терговда ёки суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши;

ўзи ўтказган суд экспертизаси хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши;

суд экспертизасини ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги;

тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши;

иш тергов қилинаётганда ва суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Суд эксперти зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суд эксперти:

суд экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ бўлган, ишнинг натижасидан ўзининг манфаатдор эмаслигини шубҳа остига қўядиган масалалар юзасидан процесс иштирокчилари билан шахсий алоқага киришишга;

суд экспертизасини ўтказиш учун мустақил равишда материаллар тўплашга;

суд экспертизаси натижаларини суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) ташқари бирон-бир шахсга хабар қилишга ҳақли эмас.

Давлат суд эксперти, шунингдек:

агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбаридан ташқари бевосита бошқа бирон-бир органдан (шахсдан) суд экспертизасини ўтказиш тўғрисида топшириқлар қабул қилишга;

бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс сифатида суд экспертизасини ўтказишга ҳақли эмас.



3-БОБ. СУД ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ

17-модда. Суд экспертизасини ўтказиш

асослари ва муддатлари

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш асосларидир. Суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланади.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) текширишларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган текшириш объектлари ҳамда иш материалларини тақдим этади.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) текшириш учун намуналар олади ва уларни процессуал қонунда белгиланган тартибда ишга қўшиб қўяди. Зарур ҳолларда, бундай намуналарни олиш суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд эксперти ёки мутахассис иштирокида амалга оширилади.

Агар текшириш учун намуналар олиш текширишларнинг бир қисми ҳисобланса ва суд экспертизасига тақдим этилган текшириш объектларидан фойдаланилган ҳолда суд эксперти томонидан амалга оширилса, суд экспертизаси тугалланганидан кейин мазкур намуналар уни тайинлаган органга (шахсга) юборилади ёхуд қонунчиликда белгиланган тартибда давлат суд-экспертиза муассасасида, агар суд экспертизаси ушбу муассасада ўтказилган бўлса, сақланади.

Суд экспертизаси қонунчиликда белгиланган муддатларда ўтказилади.


18-модда. Қўшимча ва қайта суд экспертизалари

Қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади.

Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланади.

Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.


19-модда. Суд экспертизасининг суд экспертлари

комиссияси  томонидан ўтказилиши

Суд экспертизаси бир хил (комиссиявий суд экспертизаси) ёки турли хил (комплекс суд экспертизаси) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча суд эксперти томонидан ўтказилиши мумкин.

Суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси таркибидаги ҳар бир суд эксперти текширишларни мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.

Текширишларнинг суд экспертлари комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.


20-модда. Комиссиявий суд экспертизаси

Комиссиявий суд экспертизаси ўтказилаётганда суд экспертларининг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади.

Суд экспертлари умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.

Суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.


21-модда. Комплекс суд экспертизаси

Комплекс суд экспертизаси иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.

Комплекс суд экспертизасини ўтказишда суд экспертларининг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс суд экспертизасининг хулосасида суд экспертларининг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Суд экспертларининг ҳар бири хулосанинг ушбу текширишлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган суд экспертлари қилади. Агар суд экспертлари комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида суд экспертларидан бирининг (алоҳида суд экспертларининг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс суд экспертизасини ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, унда ушбу экспертизани ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.


22-модда. Суд экспертизаси ўгказилаётганда

процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлиши

Суд экспертизаси ўтказилаётганда процессуал қонунда процесснинг қайси иштирокчиларига суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиш ҳуқуқи берилган бўлса, ўша иштирокчилар ҳозир бўлиши мумкин.

Суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчилари текширишлар жараёнига аралашишга ҳақли эмас, лекин суд экспертидан у томонидан қўлланилган текшириш усулларининг ва олинган натижаларнинг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиши, суд экспертига тушунтиришлар бериши мумкин.

Суд эксперти томонидан хулоса тузилаётганда, шунингдек, агар суд экспертизаси суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилаётган бўлса, суд экспертларининг маслаҳатлашуви ва фикрларни шакллантириш босқичида процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.

Агар суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчиси суд экспертига ҳалақит берса, у текширишни тўхтатишга ва мазкур процесс иштирокчисининг суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлишига доир рухсатини бекор қилиш ҳақида суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) илтимос қилишга ҳақли.


23-модда. Суд экспертининг хулосаси (хулоса)

Суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча суд эксперти ёхуд суд экспертлари комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир суд эксперти имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Хулосада:

суд экспертизаси ўтказилган сана ва жой;

суд экспертизасини ўтказиш асоси;

суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) тўғрисида маълумотлар;

суд эксперти (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва суд экспертизасини ўтказиш топширилган ташкилот ҳақида маълумотлар;

била туриб нотўғри хулоса берганлиги, терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун суд эксперти жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги;

суд экспертининг олдига қўйилган саволлар;

суд экспертига тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари;

суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақида маълумотлар;

қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда текширишларнинг мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар суд экспертлари комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги;

текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар;

иш учун аҳамиятга молик бўлган ва суд экспертининг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.

Хулосада ҳуқуқбузарлик сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, шунингдек уларни бартараф этишга доир ташкилий-техникавий тавсиялар кўрсатилган бўлиши мумкин.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки суд экспертининг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса айрим қўйилган саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборилади.


24-модда. Хулоса беришнинг иложи

йўқлиги тўғрисидаги ҳужжат

Агар суд эксперти қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборади.


4-БОБ. СУД-ЭКСПЕРТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ, ТАШКИЛИЙ, ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ

ВА АХБОРОТ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИНГ

МАЛАКАСИНИ ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАРИНИ ОШИРИШ

25-модда. Суд-экспертлик фаолиятини молиялаштириш

Давлат суд-экспертиза муассасалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Давлат суд-экспертиза муассасалари фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича суд экспертизаларини ўтказганлик учун тўлов ундиришга ҳақлидир. Бунда судда даъво тақдим этган ҳамда даъвони қувватлаётган давлат органлари давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан ўтказилган суд экспертизалари учун тўловдан озод этилади. Тўлов миқдори ва мазкур маблағларни сарфлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Бошқа ташкилот ходимлари ва бошқа жисмоний шахслар томонидан суд экспертизалари ўтказилганлиги учун тўлов суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


26-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаларининг

фаолиятини ташкилий ва илмий-услубий таъминлаш

Давлат суд-экспертиза муассасаларининг фаолиятини ташкилий таъминлаш, улар қайси давлат органлари тасарруфида бўлса, ўша давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Суд экспертизаларини ўтказишни илмий-услубий таъминлаш тегишли давлат суд-экспертиза муассасаларига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришни ва унга илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади.


27-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаларининг

суд-экспертлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарининг ёзма сўровига кўра суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиши шарт. Бунда давлат суд-экспертиза муассасалари давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи олинган маълумотларнинг ошкор қилинмаслигини таъминлайди.


27-1-модда. Суд экспертларининг малакасини

ва ҳуқуқий билимларини ошириш

Суд экспертлари ҳар икки йилда малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини, шунингдек ҳуқуқий билимларини ошириб бориши шарт.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Малака ва ҳуқуқий билимларини оширишни ўтаётган суд экспертларига ўқишнинг бутун даври мобайнида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади



28-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаларини қўриқлаш

Давлат суд-экспертиза муассасаларини қўриқлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

29-модда. Халқаро ҳамкорлик

Давлат суд-экспертиза муассасалари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ суд-экспертлик фаолияти соҳасида чет давлатларнинг тегишли органлари ва муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.


30-модда. Давлат суд экспертлари меҳнатига ҳақ

тўлаш ва уларнинг ижтимоий муҳофазаси

Давлат суд экспертларининг иш ҳақи мансаб маоши, устамалар ва қонунчиликда белгиланган бошқа қўшимча ҳақлардан иборат бўлади.

Давлат суд экспертларининг ҳаёти ва соғлиғи қонунчиликда белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.


31-модда. Суд экспертизаси тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


32-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот томонидан суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



33-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



"Халқ сўзи", 2010 йил 2 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 22-сон, 173-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2010 йил, 6-сон, 230-модда





































Время: 0.1748
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск