ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 07.06.2010 й. ЎРҚ-251-сон "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 25.11.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 07.05.2010 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.06.2010 й.

N ЎРҚ-251



АҲОЛИ ЎРТАСИДА МИКРОНУТРИЕНТ

ЕТИШМАСЛИГИ ПРОФИЛАКТИКАСИ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 25 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2010 йил 7 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги

профилактикаси тўғрисидаги

қонунчилик

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


микронутриентлар - инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар);


микронутриент етишмаслиги - инсон организмининг озиқ-овқат билан тушадиган микронутриентлар етарли эмаслиги сабабли касалликларнинг ривожланишига олиб келадиган ҳолати;


бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти - ишлаб чиқарилиши жараёнида микронутриентлар билан бойитилган (фортификация қилинган) озиқ-овқат маҳсулоти;


микронутриентлар саплементацияси - аҳолининг муайян гуруҳлари ўртасида микронутриентларнинг дори воситалари тарзида профилактик дозаларда қўлланилиши;


аҳолининг муайян гуруҳлари - микронутриент етишмаслиги профилактикаси чора-тадбирлари амалга оширилаётган аҳоли гуруҳлари.



2-БОБ. АҲОЛИ ЎРТАСИДА МИКРОНУТРИЕНТ

ЕТИШМАСЛИГИ ПРОФИЛАКТИКАСИ СОҲАСИНИНГ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИНИШИ

4-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги

профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳолини бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашга қаратилган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назоратини таъминлаш;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилишини ривожлантириш;

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

микронутриентлар саплементацияси;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;

микронутриент етишмаслигини аниқловчи замонавий технологияларни ва унинг профилактикаси усулларини ривожлантиришда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



5-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги

профилактикаси соҳасидаги давлат бошқаруви

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат бошқаруви:

давлат бошқаруви органларининг, шунингдек бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боришни;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назоратини амалга оширишни;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг хавфсизлигига доир мажбурий талабларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқишни, ишларни ташкил этишни ва уларни бажаришни таъминлашни;

профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилишини ташкил этишни ўз ичига олади.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси масалалари бўйича давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни ҳамда унга раҳбарликни амалга оширади;

микронутриентлар билан бойитилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг аҳоли ўртасида микронутриент

етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги

ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасида давлат санитария назоратини амалга оширади;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

микронутриентлар билан бойитилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини аниқлайди;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг хавфсизлигига доир мажбурий талабларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни ташкил этади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

аҳолининг микронутриентлар саплементацияси ўтказилиши лозим бўлган муайян гуруҳларини аниқлайди;

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун микронутриентларнинг нормалари ва тавсия этиладиган даражаларини ишлаб чиқади;

микронутриентлар саплементациясини ташкил этади;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси бўйича санитария-гигиена ва тушунтириш ишларини олиб боради;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган дастурларнинг амалга оширилишини мониторинг қилади ва баҳолайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология

ва сертификатлаштириш агентлигининг аҳоли ўртасида

микронутриент етишмаслиги профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига юридик шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни мажбурий сертификатлаштириш бўйича ишни ташкил этади.

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси мақсадида тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг ҳамда бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлигини ва уларни сақлаш шароитларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3-БОБ. АҲОЛИ ЎРТАСИДА МИКРОНУТРИЕНТ

ЕТИШМАСЛИГИ ПРОФИЛАКТИКАСИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

10-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент

етишмаслиги профилактикасининг турлари

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасининг қуйидаги турлари амалга оширилади:

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотига бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уни истеъмол қилишни таъминлаш;

микронутриентлар саплементацияси;

санитария-гигиена ва тушунтириш ишлари.



11-модда. Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган

витамин-минерал аралашмаларни ишлаб чиқариш

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ишлаб чиқариш юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


12-модда. Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган

витамин-минерал аралашмаларни сертификатлаштириш

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжапланган витамин-минерал аралашмалар қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.


13-модда. Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган

витамин-минерал аралашмаларни ўраш, тамғалаш,

ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва Ўзбекистон

Республикаси ҳудудига олиб кириш

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ўраш, тамғалаш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


14-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент

етишмаслиги профилактикаси

соҳасидаги реклама

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган нотижорат йўсиндаги реклама ижтимоий реклама ахборотидир. Ижтимоий реклама ахборотини текинга тайёрловчилар ва тарқатувчилар қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланади.

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг рекламаси қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

15-модда. Низоларни ҳал этиш

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


16-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги

профилактикаси тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


17-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳукуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



18-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2010 йил 8 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 23-сон, 181-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2010 йил, 6-сон, 232-модда



































Время: 0.1432
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск