Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.06.2010 й. 118-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 18 июндаги

118-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига

талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом ҳарбий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Олий таълим муассасалари қабулни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширадилар.


3. Олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб юритилади) томонидан тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича таълим йўналишлари, ўқитиш тиллари ва шаклларига кўра алоҳида ўтказилади.

Тест синовлари, шунингдек уларни ўтказиш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари жойларда тест синовларини ўтказиш учун зарур шароитларни таъминлайдилар.


4. Тест синовлари уч тилда - ўзбек, рус, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги олий таълим муассасаларида қорақалпоқ тилларида ўтказилади.

Олий таълим муассасасида таълим йўналишлари бўйича ўқитиш тили, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталари доирасида ҳужжатлар қабул қилинишига қадар вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Абитуриент тест синовларини олий таълим муассасасида ўқийдиган тилда топширади. Бунда ўзбек гуруҳларига ҳужжат топширган абитуриент ўз аризасига асосан тест синовларини ўзбек тилида лотин ёки кирилл алифбосида топшириш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси Давлат тест маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Абитуриент чет тиллар сифатида инглиз, немис, француз тилларидан бири бўйича тест синови топширади. Абитуриент ўқиган чет тилидан қатъи назар, хоҳлаган (инглиз, немис, француз) чет тилидан тест топшириши мумкин.

Агар умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида инглиз, немис ёки француз тиллари ўтилмасдан бошқа чет тиллари ўқитилган ҳолда, шу чет тилидан тест синови ўрнига кўп балли тизим бўйича имтиҳон топширилади.

Олий таълимнинг айрим йўналишлари бўйича тест синовлари билан бир қаторда қўшимча касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати Давлат тест маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.


5. Айрим таълим йўналишлари бўйича ўқитиш тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида олиб бориладиган таълим йўналишларига қабул кўп балли тизим бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар ва тест синовлари асосида амалга оширилади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати Давлат тест маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Ушбу таълим йўналишларига аризалар кўрсатилган тилларда ўрта таълим муассасасини тугатган абитуриентлар ёки кўрсатилган тилларда умумий ўрта таълим муассасасини тугатиб, академик лицей (касб-ҳунар коллежи) дипломига эга бўлган абитуриентлардан қабул қилинади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар, кўп балли имтиҳон баҳолари ва Давлат комиссияси тасдиқлаган тест синовлари натижаларининг умумий йиғиндиси шахсан олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланади.

6. Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур тилини (инглиз, немис ва француз тиллари ўқитилмаган ҳолда) чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширадилар, қолган фанлар бўйича эса тест синовларидан ўтадилар.

Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур тили билан биргаликда инглиз, немис ва француз тиллари ҳам ўқитилган ҳолда (ушбу фанлар абитуриент дипломи иловасида (аттестатида) мавжуд бўлганда) абитуриент аризасига асосан у чет тилини тест шаклида ёки испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур тилидан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширади.

Мазкур қоида роман-герман филологияси (инглиз, немис ва француз филологияси) йўналиши бўйича ўқишга кирадиган абитуриентларга нисбатан қўлланилмайди.

Ушбу фанлар бўйича ягона дастур ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасаларига етказилади.


7. Олий таълим муассасаларида касбий (ижодий) ва кўп балли имтиҳонларни ўтказиш 1 ва 2-иловаларда белгиланган тартибда амалга оширилади.


8. Олий таълим муассасаларига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш 3-иловада белгиланган тартибда амалга оширилади.


9. Республика тиббиёт олий таълим муассасаларида ташкил этилган 3 йиллик "Олий ҳамширалик иши" таълим йўналишига қабул фақат ўрта махсус, касб-ҳунар тиббий маълумот (ҳамширалик, акушерлик иши ва фельдшерлик) негизида амалга оширилади. Мазкур йўналиш бўйича тест синовлари билан бир қаторда қўшимча касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади.


10. Олий таълим муассасалари таркибида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимнинг таълим йўналишларига қабул фақат тегишли ёки турдош таълим йўналишига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил амалий иш стажига эга бўлган, ишлаб турган соҳадан тавсиянома берилган кадрлар ҳисобидан амалга оширилади.



II. ХОРИЖИЙ ФУҚАРОЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


11. Олий таълим муассасаларига хорижий фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.

Республика фуқароларини хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга жўнатиш давлатлараро шартномалар ва Давлат комиссиясининг тегишли қарорига, олий таълим муассасалараро шартномаларга ҳамда фуқароларнинг ташаббусига асосан амалга оширилади.



III. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Олий таълим муассасаларида ўқишга қабулни сифатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган тартибда қабул комиссиялари ташкил этилади.

Абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам), Ўзбекистон давлат консерваторияси учун 15 июндан 10 июлгача қабул қилинади.

Абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада олий таълим муассасасини тугатганлиги ёки олий маълумоти йўқлиги, қайси чет тилидан тест топшириши, ҳарбий тавсияномага эга бўлганлар унинг рақамини ва танланган иккинчи олий таълим муассасаси, таълим йўналишини кўрсатишлари ҳамда тест синовларини ўтказиш қоидалари ва жавоблар варақаларини тўғри тўлдириш билан танишганлиги кўрсатилади);

ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;

086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;

паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;

3.5 x 4.5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;

меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун).

Ариза шакли Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Абитуриент аризасида "ўзим ҳақимда қуйидагиларни маълум қиламан" графасига ҳужжатлар билан тасдиқловчи ҳолатлар (болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, чин етим ва етим, "Меҳрибонлик уйлари" тарбияланувчилари ва боқувчиси йўқ) қайд этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасининг аслини юқорида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этадилар.

Ҳарбий қисм тавсияномасининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.

Абитуриент томонидан паспорт (паспорт ёшига етмаганлар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади.

Ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномалари улар берилган кундан ҳамда муддатли ҳарбий хизматни тугатган давридан бошлаб уч йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Ҳужжатлар қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш қатъиян ман қилинади.

Абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази орқали Давлат комиссиясига таълим йўналиши, ўқув шакли ва тили кўрсатилган ҳолда, абитуриентларнинг сони ҳақида белгиланган шаклдаги маълумотни имтиёзга эга бўлганлар тўғрисидаги маълумотлар билан қўшиб тақдим этадилар.


IV. КАСБИЙ (ИЖОДИЙ) ИМТИҲОНЛАР


13. Касбий (ижодий) имтиҳонлар тест синовлари ўтказилишига қадар 11 июлдан 25 июлгача, тест мажмуаларида фаннинг ўрнига қараб унинг учун назарда тутилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизигача бўлган оралиқда ягона кўп балли баҳолаш тизими бўйича амалга оширилади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари бўйича тушган норозилик (апелляция) аризалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан 26 июлга қадар бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат комиссияси ва Давлат тест марказига олий таълим муассасалари томонидан 30 июлгача тақдим этилади.



V. ТЕСТ СИНОВЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШ ВА УЛАРНИ ЎТКАЗИШ


14. Тест синовлари кундузги ва махсус сиртқи бўлимлар учун 1 августда ўтказилади.


15. Олий таълим муассасасида танланган таълим йўналишига қараб абитуриентлар тегишли равишда икки ёки уч фан мажмуалари бўйича тест синовларидан ўтадилар.

"Журналистика", "Халқаро журналистика" ва "Нутқ маданияти ва нотиқлик санъати" таълим йўналишлари бўйича тест синовлари билан бир қаторда (0 билан 75,6 баллгача бўлган оралиқда баҳоланувчи) ижодий имтиҳонлар ўтказилади.

Тест топшириқлари ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.


16. Мажмуанинг ҳар бир фани 36 топшириқни ўз ичига олади.

Қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

а) 72 саволга - 2 соат;

б) 108 саволга - 3 соат.

Мажмуалар қуйидаги фанлар бўйича шаклланади:

1. Она тили ва адабиёти: ўзбек тили ва адабиёти

2. Она тили ва адабиёти: рус тили ва адабиёти

3. Она тили ва адабиёти: қорақалпоқ тили ва адабиёти

4. Математика (информатика билан)

5. Физика

6. Кимё

7. Биология

8. Тарих

9. География

10. Чет тили: инглиз тили

11. Чет тили: немис тили

12. Чет тили: француз тили

Математика (информатика билан)" фанидан тест саволлари "Математика" фани бўйича биринчи 30 та савол, "Информатика ва ахборот технологиялари" фани бўйича охирги 6 та саволдан иборат бўлади.

Тест синовлари бошланишига қадар 30 дақиқагача абитуриентлар жавоблар варақасини тўғри тўлдириш тартиби билан танишадилар ва унинг тегишли жойига ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ёзадилар. Бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.

Тест синовларини ташкил этиш ва уларни жойларда адолатли ўтказиш масъулияти тест синовлари қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда Давлат тест маркази вакиллари, олий таълим муассасалари қабул комиссиялари раислари, ҳокимликлар ва улар томонидан тайинланадиган аудиторияларнинг раҳбарларига юкланади.

Тест синови синов ўтадиган хонада синовни ўтказиш қоидалари талабларига қатъий риоя этилган тарзда тўғри ва адолатли ўтказилишини таъминлаш бўйича шахсий масъулият аудитория раҳбари ва кузатувчиси зиммасига юкланади.

Тест синови эрталаб соат 8 дан 30 дақиқа ўтганда бошланади.

Жавоблар варақаси абитуриент томонидан ҳаво ранг пастаси бўлган шарикли ручка билан тўлдирилади.

Жавоблар варақасини тўлдиришга тест синови учун белгиланган вақт меъёрига қўшимча 20 дақиқа ажратилади.

Жавоблар варақаси тўғри тўлдирилиши учун абитуриент шахсан жавобгардир. Жавоблар варақасидаги тегишли доирачаларни нотўғри белгилаган абитуриентларнинг эътирози кўриб чиқилмайди.

Абитуриент томонидан уяли телефонлар ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш қатъий ман этилади.

Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, тест синови учун ажратилган вақт тугаганидан кейин тест материалларини топширишдан бош тортса, тест материалларини аудиториядан ташқарига чиқарса, абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва Давлат тест маркази вакили ёки аудитория раҳбари ва кузатувчилари томонидан далолатнома тузилиб, у тест жараёнидан четлаштирилади.

Тест синови жараёнида абитуриент томонидан саволлар китоби варағи йиртиб олинганлиги аниқланса, тест синовларини топшириш қоидалари бузилган ҳисобланади ва тест синовидан четлаштирилади.

Белгиланган вақтда тест синовларига келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент тест синовлари натижаси эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш кун давомида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.


VI. АБИТУРИЕНТЛАРНИ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ

АСОСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ЎҚИШ УЧУН

ТЎЛОВ ТАРТИБИ ВА МИҚДОРИ


17. Абитуриентларни тўлов-контракт асосида қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталари доирасида ягона қабул қоидалари асосида тест синовларининг баллар рейтинги бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.

Давлат комиссияси томонидан абитуриентларни тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контрактлар расмийлаштирилади.

Белгиланган намунадаги контракт бланкалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб берилади ва юридик шахслар учун раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланган ҳолда 3 нусхада, жисмоний шахслар учун 2 нусхада расмийлаштирилади.

Давлат комиссияси томонидан тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

Контракт шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари, уларнинг амалга оширилиши тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



VII. ХАЛҚАРО ВА РЕСПУБЛИКА ОЛИМПИАДАЛАРИ,

ТАНЛОВЛАРИ ВА МУСОБАҚАЛАРИ ҒОЛИБЛАРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида" 1993 йил 5 февралдаги ПФ-555-сон Фармонига мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида" 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Республика олимпиадалари, танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги низомлар асосида халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази таъсис этадиган махсус гувоҳномани олганлар Давлат комиссиясининг қарори билан тегишли олий таълим муассасаларининг мос таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида" 1999 йил 10 июндаги ПФ-2326-сон Фармонига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари бўлган умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари мос таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ва тегишли вазирликлар, идоралар томонидан ҳар йили ўтказиладиган педагогика ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчилари ва таълим муассасалари тарбияланувчиларининг "Тарбиячи" республика танлови ғолиби, тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг "Ҳамшира" республика танлови ғолиби, Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари, "Ниҳол" мукофоти совриндорлари мазкур вазирликлар, идоралар ва жамғармалар тақдимномаларига мувофиқ Давлат комиссиясининг қарори билан тегишли олий таълим муассасаларига, мос таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.

Олимпиада фани, танловлар билан олий таълим йўналишлари ўртасидаги касбий мувофиқлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари олимпиадалар, танловлар ва мусобақалар ғолибларининг аризалари ҳақидаги маълумотларни, таълим йўналиши, ўқув шакли ва тили кўрсатилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази орқали Давлат комиссиясига 22 июлгача бўлган муддатда тақдим этадилар. Давлат комиссияси 31 июлгача ғолиб бўлганлар бўйича тегишли вазирликлар, идораларнинг тақдимномаси асосида алоҳида қарор қабул қилади.



VIII. МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАГАН

АБИТУРИЕНТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


19. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тасдиқланган низом асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.


IX. ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


20. Давлат комиссиясининг абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тўғрисидаги қарори 15 августдан кечикмай қабул қилинади ва у олий таълим муассасаларида 20 августга қадар абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.

Тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун контрактда белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай, белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг, олий таълим муассасасининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларни 2 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашишга рухсат этиш тўғрисида олий таълим муассасасининг буйруғи расмийлаштирилади.



X. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларида ягона кўп балли

баҳолаш тизими бўйича касбий (ижодий)

имтиҳонларни ўтказиш

ТАРТИБИ


1. Олий таълим муассасаларида ягона кўп балли баҳолаш тизими бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар (кейинги ўринларда - имтиҳонлар деб аталади) тест синовлари бошлангунга қадар Давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.


2. Тест синовларига қўшимча тарзда назарда тутилган касбий (ижодий) имтиҳонлар Давлат комиссияси тасдиқлаган таълим йўналишлари рўйхати бўйича ўтказилади.


3. Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг бош мақсади абитуриентларнинг танланган мутахассислик бўйича ўқиш ва кейинчалик ишлаб кетиш имкониятларини аниқлаш, уларнинг танланган фанлар бўйича билимлари ва малакалари даражаларини, касбий кўникмаларини, ижодий ва жисмоний қобилиятларини баҳолашдир.


4. Имтиҳонлар саволлари ва топшириқларининг мазмуни умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари дастурларига қатъий мувофиқлаштирилган бўлиши лозим. Спорт фанлари бўйича имтиҳонлар топшириқлари абитуриентларнинг алоҳида тоифалари учун (жинси ва ёши бўйича) белгиланган меъёрий талабларга мувофиқ тузилади.


5. Абитуриентлардан касбий (ижодий) имтиҳонлар қабул қилиш учун олий таълим муассасасида фан бўйича имтиҳон комиссияси ташкил этилади.

Олий таълим муассасасида касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин ректорнинг буйруғи билан олий таълим муассасасида тегишли фанлар бўйича имтиҳонларни ташкил этиш ва қабул қилиш масалалари бўйича тажрибали, малакали ва масъулиятли ўқитувчилар таркибидан фан бўйича имтиҳон комиссияси ташкил этилади;

айрим ҳолларда олий таълим муассасаси фан бўйича имтиҳон комиссияси таркибига бошқа таълим муассасалари ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг асосий иш жойи маъмуриятининг тавсияларига биноан киритилишига йўл қўйилади;

олий таълим муассасаси идоравий бўйсунишига қараб вазирлик (идора) билан келишган ҳолда фан бўйича имтиҳон комиссиясининг раислигига номзодни ўз вақтида тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади;

"Олий ҳамширалик иши" йўналиши бўйича имтиҳон комиссияларининг раислари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади;

имтиҳонлар тасдиқланган жадвалга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади;

имтиҳонларга ажратиладиган вақт олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади;

абитуриентларнинг ёзма шаклда бажарган имтиҳон ишларини текшириш ва баҳолаш кириш ёзма имтиҳонларини текшириш ва баҳолаш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


6. Имтиҳонлар тест синовлари мажмуаларидаги фаннинг эгаллаган ўрнига қараб белгиланган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиғида, ягона кўп балли тизим бўйича баҳоланади.

Имтиҳонларни баҳолаш мезонлари ҳар бир фанга ажратилган умумий баллар доирасида, абитуриентларга қўйилган талабларнинг хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, олий таълим муассасасининг фан имтиҳон комиссияси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган фанлар бўйича ягона дастур ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ва тегишлигига қараб олий таълим муассасаларига етказади.

Агар имтиҳон таълим йўналиши доирасидаги қатор мустақил фанлар бўйича ўтказиладиган бўлса, унда уни баҳолаш учун белгиланган балларнинг умумий миқдори, ҳар бир фаннинг хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, дифференциал тартибда, унинг таркибидаги фанларга бўлинади.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин абитуриентлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган имтиҳон олинадиган фанлар дастурини, уларни баҳолаш мезонларини, маслаҳатлар ва имтиҳонлар жадвалини маълум қилади. "Олий ҳамширалик иши" йўналиши бўйича ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


7. Имтиҳонлар якунлари баллар миқдори сифатида, танлов тартибида имтиҳон варақасига ва имтиҳон рўйхатига киритилади. Бу ҳужжатларнинг ҳар бири фан бўйича имтиҳон комиссияси раиси ва олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг масъул котиби томонидан имзоланади.

Имтиҳон қайдномалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан ўз вақтида Давлат тест марказига тақдим этилади.


8. Жадвал бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларга келмаган абитуриентлар тест синовларига қўйилмайди.


9. Олий таълим муассасасида касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиши даврида белгиланган тартибда норозилик (апелляция) аризаларини кўриб чиқиш учун аппеляция комиссияси иши ташкил этилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўқитиш тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида

олиб бориладиган айрим таълим йўналишлари

бўйича кириш имтиҳонларини қабул қилиш

ТАРТИБИ


1. Айрим таълим йўналишлари бўйича ўқитиш тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида олиб бориладиган олий таълим муассасаларида, Давлат комиссияси билан келишган ҳолда, қабул кўп балли тизим бўйича касбий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида амалга оширилади.

Бу таълим йўналишига аризалар фақат умумий ўрта таълим муассасасини ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини кўрсатилган тилларда битирган абитуриентлардан қабул қилинади.


2. Кўп балли тизим бўйича касбий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида қабулни амалга оширувчи олий таълим муассасалари кўрсатилган ҳолда ўқитиш тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида олиб бориладиган таълим йўналишларининг рўйхатини, касбий имтиҳонлар ва тест синовлари фанларини Давлат комиссияси белгилайди.


3. Саволлар мазмуни ва имтиҳонлар топшириқлари умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанлари дастурларига қатъий мувофиқ бўлиши лозим.


4. Абитуриентлардан касбий (ижодий) имтиҳонларни қабул қилиш учун олий таълим муассасасида белгиланган тартибда фанлар бўйича имтиҳон комиссиялари ташкил этилади.

Олий таълим муассасаси идоравий бўйсунишига қараб вазирлик (идора) билан келишилган ҳолда фанлар бўйича имтиҳон комиссияларининг раислигига номзодларни ўз вақтида тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

Имтиҳонлар тасдиқланган жадвалга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.

Имтиҳонларга ажратиладиган вақт олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади.


5. Имтиҳонлар тест синовлари мажмуаларидаги фаннинг эгаллаган ўрнига қараб (тегишли равишда 111,6 балл, 75,6 балл ёки 39,6 балл) белгиланган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиғида, ягона кўп балли тизим бўйича баҳоланади.

Имтиҳонларни баҳолаш мезонлари, ҳар бир фанга ажратилган умумий баллар доирасида, олий таълим муассасасининг имтиҳон комиссияси томонидан белгиланади.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин, абитуриентлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган имтиҳон олинадиган фанлар дастури, уларни баҳолаш мезонлари, маслаҳатлар ва имтиҳонлар жадвалини маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган фанлар бўйича ягона дастур ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ва тегишлигига қараб олий таълим муассасаларига етказади.


6. Имтиҳонлар якунлари баллар миқдори сифатида, танлов тартибида имтиҳон варақасига ва имтиҳон рўйхатига киритилади. Бу ҳужжатларнинг ҳар бири фан бўйича имтиҳон комиссияси раиси ва олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг масъул котиби томонидан имзоланади.

Имтиҳонлар натижаларига кўра, олий таълим муассасаси қабул комиссияси белгиланган таълим йўналишлари бўйича тасдиқланган ўринлар квотасига танлов ўтказади.

Тест синовлари топширилмайдиган таълим йўналишларининг кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар олий таълим муассасаси қабул комиссияси мажлисининг баённомаси ва олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан белгиланган квота доирасида давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинадилар.

7. Жадвал бўйича имтиҳонга келмаган абитуриентлар навбатдаги имтиҳонни топширишга киритилмайди.


8. Олий таълим муассасасида касбий имтиҳонлар ўтказилиши даврида белгиланган тартибда норозилик (апелляция) комиссиясининг иши ташкил этилади.


9. Касбий (ижодий) имтиҳонлар адолатли ва холисона ўтказилишини таъминлаш бўйича шахсий масъулият олий таълим муассасаси ректори ва қабул комиссияси масъул котиби зиммасига юкланади.






Низомга

3-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларига кўзи ожиз

абитуриентларни қабул қилиш

ТАРТИБИ


1. Кўзи ожизлар тоифасига махсус мактаб-интернатлар томонидан кўзи ожизлар учун берилган етуклик аттестати, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари томонидан кўзи ожизлар учун берилган диплом, ўрта таълим (11-синф базасида) ҳужжати ёки академик лицей (касб-ҳунар коллежи) дипломига эга бўлган кўзи бўйича 1-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномасига эга бўлган абитуриентлар киради.

2. Кўзи ожиз абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш чоғларида кириш имтиҳонларини таълим йўналишлари бўйича Давлат комиссияси томонидан тест синовлари учун белгиланган фанлар мажмуасига мос келувчи кўп балли ёки уларга келтирилган беш балли баҳолаш тизими бўйича, анъанавий услубда топширадилар.


3. Фанлар бўйича кириш имтиҳонларини ўтказиш шакли (ёзма ёки оғзаки) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан белгиланади.


4. Кўзи ожиз абитуриентлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш учун олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан махсус масъул ходим ажратилади.


5. Олий таълим муассасаси қабул комиссияси кириш имтиҳонларини ўтказиш учун фанлар бўйича комиссияларни ташкил этади.


6. Фан бўйича кириш имтиҳонларининг дастурлари умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанлари дастурларига тўла мувофиқ ҳолда тузилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.


7. Кириш имтиҳонларини ўтказувчи комиссия таркибига кўзи ожизлар ёки ногиронлар жамиятининг вакили киради.


8. Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари фанлари бўйича махсус тузилган жадвалга биноан маслаҳатлар ташкил этадилар.


9. Кўрсатилган абитуриентлар тоифаси учун кириш имтиҳонлари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 26 июлга қадар ўтказилади.


10. Мазкур тоифага кирадиган абитуриентлар ва кириш имтиҳонлари натижалари ҳақидаги маълумотлар 27 июлга қадар Давлат комиссиясига ва Давлат тест марказига топширилади.


11. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар Давлат комиссияси билан келишилган ҳолда, олий таълим муассасаси қабул комиссияси мажлисининг баённомаси ва олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан танловсиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 24-25-сон, 195-модда.



















Время: 0.1884
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск