Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.06.2010 й. 118-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 18 июндаги

118-сон қарорига

2-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларининг магистратурасига

қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ олий таълим муассасаларининг магистратурасига (кейинги ўринларда Магистратура деб юритилади) талабаларни қабул қилиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом ҳарбий таълим муассасаларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг магистратураларига татбиқ этилмайди.

2. Магистратурага қабул олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.


3. Магистратурага қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси) томонидан кириш синовлари натижаларига кўра, тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Магистратурага қабул тегишли таълим йўналиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.

Бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар турдош таълим йўналишлари рўйхатидаги ихтисосликларнинг бирида танловда қатнашиш ҳуқуқига эгалар.

Магистратурага қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, кириш синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар баллар рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича магистрлик мутахассислиги, ўқитиш тили ва шаклига кўра алоҳида ўтказилади.


4. Кириш синовлари уч тилда - ўзбек, рус, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги олий таълим муассасаларида қорақалпоқ тилларида ўтказилади.

Магистратурада ўқитиш тили Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул кўрсаткичлари доирасида ҳужжатлар қабул қилинишига қадар вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.


5. Абитуриентлар магистратурага кириш синовларини олий таълим муассасасида ўқийдиган тилда топширади.


6. Магистратурага қабул қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ жорий ўқув йили учун тайинланган олий таълим муассасаси қабул комиссияси зиммасига юкланади ва магистратурага қабул қилиш ишлари бўйича қабул комиссияси масъул котибининг ўринбосари тайинланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилинадилар.



II. ХОРИЖИЙ ФУҚАРОЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


8. Магистратурага хорижий фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.



III. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


9. Магистратурага кириш имтиҳонлари бошланишидан бир ой аввал, олий таълим муассасаси қабул комиссияси магистратурага қабул қилиш муддатлари, мутахассисликлар номлари ва ажратилган ўринлар ҳақидаги ахборотни белгиланган тартибда эълон қилади.


10. Магистратурага киришда абитуриентлар (бакалавр даражасига эга бўлганлар, дипломли мутахассислар) олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

магистратура мутахассислиги кўрсатилган ҳолда, олий таълим муассасаси ректори номига ариза;

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирма - Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;

чоп этилган илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) нусхаси (мавжуд бўлган ҳолда);

3.5 x 4.5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;

086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;


11. Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.


12. Ҳужжатлар тақдим этилиши жараёнида абитуриентлар паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлик ҳақидаги ҳужжатларини шахсан кўрсатадилар.


13. Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.



IV. КИРИШ СИНОВЛАРИ


14. Магистратурага кириш синови умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:

магистратурага киришда танлаган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади);

магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбатдан ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади);

чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили) бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади);

демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади).

Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади) аниқланади.

Халқаро (TOEFL бўйича камида 58 ёки IELTS бўйича камида 5 балл) сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.

Магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл - 350 ни ташкил этади.

15. Абитуриентлар қуйидаги фанлардан ёзма (ёки ижодий) кириш синовлари (махсус тест синовлари) топширадилар:

магистратура мутахассислигига мувофиқ келувчи таълим йўналишининг махсус фанлари;

демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти;

чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили).

16. Кириш синовлари (махсус тест синовлари) ўтказиш шакли ва фанлар бўйича синов дастурлари ҳамда абитуриентларнинг билимларини баҳолаш мезонлари олий таълим муассасасининг ректори томонидан тегишли вазирликлар, идоралар ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади ва кириш синовлари бошланишидан бир ой аввал абитуриентлар эътиборига етказилади.

Танланган мутахассислик бўйича махсус фанлардан синов учун белгиланган баллнинг 30 - 50 фоизи абитуриентнинг мутахассислик бўйича ижодий қобилиятини, шунингдек илмий ва илмий-техник ахборот билан мустақил ишлаш, тизимли мустақил таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш бўйича билимини аниқлашга ажратилади.

Суҳбатдан ўтказиш учун танланган мутахассисликка мос абитуриентнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлашга қаратилган саволлар етакчи мутахассислар томонидан тузилади ва бир ой олдин абитуриентлар эътибори учун қабул комиссияси ахборот доскасида эълон қилинади. Мазкур саволлар асосида имтиҳон билетлари тузилади ва суҳбат вақтида абитуриент имтиҳон билетига жавобларини комиссияга ёзма равишда тақдим этиб, саволларга оғзаки жавоб беради. Суҳбат давомида абитуриентнинг илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) кўриб чиқилиб, суҳбат натижаларини баҳолашда инобатга олинади.

Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти курси бўйича ягона дастур ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади ва тегишли олий таълим муассасаларига етказилади.


17. Кириш синовлари (махсус тест синовлари) 3 - 15 август кунлари ўтказилади.

18. Кириш синовлари (махсус тест синовлари) ўтказилишига қадар, олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан синов фанлари бўйича маслаҳатлар ташкил этилади. Маслаҳатлар жадвали олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва ректор томонидан тасдиқланади.


19. Кириш синовларини ўтказиш учун ректорнинг буйруғи билан ҳар бир синов фанлари бўйича комиссиялар ташкил этилади. Фанлар бўйича комиссия раислари, олий таълим муассасасининг идоравий бўйсунишига қараб, вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.


20. Синов фанлари бўйича комиссия таркиби олий таълим муассасасининг етук ва тажрибали профессор-ўқитувчилари таркибидан ташкил этилади. Зарур ҳолларда унинг таркибига бошқа олий таълим муассасасининг ўқитувчилари ҳам жалб этилиши мумкин.


21. Синов фанлари бўйича комиссия раислари зиммасига қуйидаги масъулият юкланади:

кириш синовлари сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига малакали, талабчан ва адолатли профессор-ўқитувчиларни жалб этиш;

комиссия аъзоларининг вазифаларини белгилаш (маслаҳатлар беришни ташкил этиш, имтиҳон саволларини тузиш, жавобларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва бошқалар);

синов жараёнига раҳбарлик қилиш ва назорат этиш.


22. Фанлар бўйича синовларни ўтказиш тартиби (ўқитувчиларни аудиторияларга тақсимлаш, жавобларни шифрлаш ҳамда текшириш ва ҳоказолар) олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан белгиланади.


23. Кириш синовларининг натижалари, баҳолаш мезонларига мувофиқ балл билан белгиланади ва қайдномаларга киритилади. Қайдномалар фан бўйича имтиҳон комиссиясининг аъзолари, қабул комиссиясининг масъул котиби томонидан имзоланади ва қабул комиссиясининг раисига тақдим этилади.


24. Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг синов ишлари уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларига тикиб қўйилади.

Ўқишга қабул қилинмаганларнинг синов ишлари 6 ой давомида сақланади, сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.


25. Кириш синовлари (махсус тест синовлари)ни қайта топшириш ман этилади.

Магистратурага мутахассислик бўйича махсус фандан кириш синови учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди.

26. Олий таълим муассасасида белгиланган тартибда апелляция (норозилик) комиссиясининг иши ташкил этилади.

Абитуриент синов натижасидан норози бўлган тақдирда, синов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида синов ишини апелляция қилиш ҳақидаги ариза билан олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси ёки апелляция (норозилик) комиссияси раисига мурожаат этиши мумкин. Апелляция ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати икки кундан ошмаслиги лозим.


27. Магистратурага кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ амалга оширилади.



V. АБИТУРИЕНТНИ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚИШ УЧУН ТЎЛОВ ТАРТИБИ


28. Магистратурага тўлов-контракт асосида қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаган қабул квоталари доирасида ягона қабул қоидалари асосида кириш синовларининг баллар рейтинги бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.

Абитуриентларни тўлов-контракт асосида магистратурага тавсия этиш тўғрисида Давлат комиссиясининг қарори қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контракт расмийлаштирилади.

Белгиланган намунадаги контракт бланкалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб берилади ва юридик шахслар учун раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланган ҳолда 3 нусхада, жисмоний шахслар учун 2 нусхада расмийлаштирилади.

Давлат комиссияси томонидан тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

Контракт шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари, уларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



VI. ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


29. Давлат комиссиясининг олий таълим муассасалари магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги қарори 20 августдан кечикмай қабул қилинади ва у олий таълим муассасаларида 25 августга қадар абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги олий таълим муассасалари ректорларининг буйруқларини расмийлаштириш учун асос бўлади.

Давлат комиссиясининг олий таълим муассасалари магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай, белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг, олий таълим муассасасининг буйруғи билан расмийлаштирилади.



VII. МАГИСТРАТУРАДА ЎҚИШ МУДДАТИ


30. Магистратурада ўқиш муддати камида 2 йил.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 24-25-сон, 195-модда.


























































Время: 0.1984
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск