язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банкротлик/ Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1054-XII-сон "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1054-XII



БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун кредиторларнинг даъволарини қондириш мақсадида хўжалик юритиш субъектлари бўлмиш юридик ва жисмоний шахсларни банкрот бўлган деб эътироф этиш шартлари ва тартибини белгилаб беради.

Қонун, мулкчилик шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси худудида хўжалик фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан бошқа давлатлар хўжалик юритиш субъектларининг мулкий муносабатларига нисбатан тадбиқ этилади.

Башарти, қайта ташкил этиш чора-тадбирларини ўтказиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқ бўлса ёки улар ижобий натижа бермаса, Қонун ночор хўжалик юритиш субъектини мажбурий ёки ихтиёрий равишда тугатиш учун ҳуқуқий асос яратади.

Ушбу Қонун ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган корхоналарга (ташкилотларга) нисбатан татбиқ этилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси худудида жойлашган хўжалик юритиш субъектлари банкрот бўлганида юзага келадиган муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.



I БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Банкротлик тушунчаси ва унинг аломатлари


Хўжалик юритиш субъектининг банкрот бўлиши дейилганда қарздорнинг мажбуриятлари мол-мулкидан ошиб кетганлиги сабабли товарларга (ишларга, хизматларга) ҳақ тўлаш юзасидан кредиторларнинг талабларини қондиришга қодир эмаслиги, шу жумладан бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга мажбурий тўловларни таъминлашга қодир эмаслиги тушунилади.

Кредиторларнинг талабларини бажариш муддати бошланган кундан эътиборан хўжалик юритиш субъекти уч ой мобайнида уларни бажаролмаётганлиги ёки бажаришга қодир эмаслигининг муқаррарлиги сабабли унинг жорий тўловлари тўхтатиб қўйилиши хўжалик юритиш субъекти банкрот бўлишининг ташқи аломати ҳисобланади.

Банкротлик факти хўжалик суди томонидан эътироф этилганидан ёки хўжалик юритиш субъекти ихтиёрий равишда тугатилаётганида унинг ўзи банкрот бўлганлигини расман эълон қилинганидан кейин ҳамда ушбу қарор корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли орган (бундан буён - ваколатли орган) томонидан тасдиқланиши хўжалик юритиш субъекти банкрот бўлган ҳисобланади.


2-модда. Хўжалик юритиш субъектларининг мулкий жавобгарлиги


Барча хўжалик юритиш субъектлари ўз мажбуриятлари юзасидан, башарти қонун хужжатларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, тўла мулкий жавобгар бўладилар.

Хўжалик юритиш субъектининг мулкий жавобгарлиги мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд хўжаликни тўла юритиш ёхуд оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган доирада татбиқ этилади.

Хўжалик юритиш субъектларининг мол-мулки эгаси бўлмиш жисмоний шахслар, башарти қонун ҳужжатларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ўз мажбуриятлари юзасидан хўжалик юритиш субъектларининг жами мол-мулки билан жавобгар бўладилар.

Юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар ўз мажбуриятлари юзасидан ўзларининг жами мол-мулклари билан жавобгар бўладилар.

Мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда қарздор ўз қарзлари бўйича қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартиб ва миқдорларда жавобгар бўлади. Қарз ундиришга тортилиши мумкин бўлмаган мол-мулк қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ёлланиб (шартнома, контракт бўйича) ишловчи шахслар хўжалик юритиш субъектларининг қарзлари бўйича мулкий жавобгар бўлмайдилар.

Хўжалик юритиш субъектларининг банкрот бўлиши билан боғлиқ мулкий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.



3-модда. Банкрот бўлишга олиб келган

ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар


Банкротлик бўлишга олиб келган ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар дейилганда хўжалик юритиш субъектлари мансабдор шахсларининг ёки мулкдорларининг ёхуд кредиторнинг (кредиторларнинг) ёки ўзга шахсларнинг қасддан, уқувсизлик ёки бепарволик оқибатида содир этган, хўжалик юритиш субъекти ёхуд кредиторга (кредиторларга) зиён етказган хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ қоидабузарликлар тушунилади.

Қуйидагилар ҳам ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларга киради:

қарздор мол-мулкининг ҳаммасини ёки муайян қисмини ёхуд унинг мажбуриятларини яширганлик;

қарздорнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳисоб-китобга доир ҳар қандай ҳужжатлар яширганлик, йўқ қилиб юборганлик, қалбакилаштирганлик;

мол-мулкни (шу жумладан пул маблғаларини) яшириш мақсадида бошқа ва юридик ва жисмоний шахсларга берганлик;

бухгалтерия ҳужжатларига зарур қайдларни киритмаганлик;

қарздорнинг қарзга олинган ва ҳақи тўланмаган мол-мулкининг ҳаммаси ёки муайян қисмини сотганлик, йўқ қилиб юборганлик, гаровга қўйганлик;

мансабдор шахслар ёки мулкдорларнинг шахсий манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида хўжалик юритиш субъектининг тўловга лаёқатсизлигини баттар кучайтирганлик;

кредиторлардан сийлов олиш ёки уларга тегишли тўловларни бўлиб-бўлиб тўлашга эришиш учун кредиторларни чалғитиш мақсадида ўзини ёлғондан (сохта) ночор деб эълон қилганлик;

кредиторга (кредиторларга) зиён етказиш мақсадида бошқа ҳар қандай усул билан хўжалик юритиш субъектини атайин банкротликка дучор қилганлик;

бошқа кредиторларга зиён келтирган ҳолда муайян кредиторнинг талабларини қондиришга афзаллик берганлик, талабнинг ана шундай йўсинда қондирилишига рози бўлганлик;

солиқлар ва қарзларни тўлашдан қочиб қутулиш мақсадида қарздорнинг атайин ўзини ўзи тугатганлиги.

Банкрот бўлишга олиб келган ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари мумкин.



II БЎЛИМ.

СУДСИЗ БАЖАРИЛАДИГАН АМАЛЛАР


4-модда. Судсиз бажариладиган амаллар


Судсиз бажариладиган амаллар - қарздорга кредиторлар билан музокара олиб бориш йўли орқали ё қарздор хўжалик юритиш субъекти фаолиятини давом эттиришга келишиш ёки хўжалик юритиш субъектининг ихтиёрий равишда тугатилиши тўғрисидаги қарорига уларнинг розилигини олиш имконини берувчи усуллар ҳисобланади.

Музокаралар олиб бориш тартиби ва шартларини қарздор кредиторлар билан келишган ҳолда белгилайди.



5-модда. Судсиз бажариладиган амалларнинг натижалари


Қуйидагилар:

қарздор билан кредиторларнинг ҳаммаси ёки бир қисми ўртасида кредиторларга тўланадиган тўлов муддатини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарздор хўжалик юритиш субъекти фаолиятини давом эттириш учун қарз тўлашда сийлов белгилаш тўғрисидаги келишув;

қарздор хўжалик юритиш субъектининг ихтиёрий равишда кредиторлар назорати остида тугатилиши ва банкрот бўлганлигини ушбу Қонунда белгилаб қўйилган тартиб ва шартлар асосида расмий равишда эълон қилиши судсиз бажариладиган амаллар натижалари бўлиши мумкин.



6-модда. Қарздор хўжалик юритиш субъектининг ихтиёрий

равишда кредиторлар назорати остида тугатилиши


Қарздор хўжалик юритиш субъектининг ихтиёрий равишда тугатилиши тўғрисида ва банкрот бўлганлиги ҳақида расмий равишда эълон қилиши хусусидаги қарорни хўжалик юритиш субъекти раҳбари кредиторлар билан биргаликда хўжалик юритиш субъекти раҳбари иқтисодий аҳволининг таҳлили асосида, хўжалик юритиш субъекти ўз мажбуриятлари бўйича тўловларни тўлай олмаслиги ва унинг тўлов қобилиятини тиклаш имконияти йўқлиги шу таҳлил натижасида аниқлангач, қабул қилади.

Бу қарорни қарздор хўжалик юритиш субъекти мол-мулкининг эгаси ҳамда ваколатли орган тасдиқлайди.

Ваколатли орган (хўжалик юритиш субъектининг мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган ҳолларда) ёки ушбу хўжалик юритиш субъекти кредиторларидан бирининг хўжалик юритиш субъектининг ўзини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарорига рози бўлмаслиги хўжалик юритиш субъекти банкрот бўлганлиги хусусида хўжалик судида ушбу Қонуннинг III бўлимида белгилаб қўйилган тартибда иш юритишни қўзғатишга сабаб бўлади.

Қарздор хўжалик юритиш субъекти ўзини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарорини мазкур хўжалик юритиш субъектининг мулкдори ва ваколатли орган тасдиқлаган пайтдан эътиборан тугатилиш жараёнидаги хўжалик юритиш субъекти деб ҳисобланади. Қарздор хўжалик юритиш субъектининг ихтиёрий равишда тугатилиши тўғрисидаги эълон расмий матбуотда чоп этилади.


III БЎЛИМ.

БАНКРОТ БЎЛГАНЛИККА

ДОИР ИШЛАРНИ ЮРИТИШ


7-модда. Банкрот бўлганликка

доир иш қўзғатиш учун асослар


Хўжалик судида банкрот бўлганликка доир иш қўзғатиш учун қарздор кредиторнинг (кредиторларнинг), прокурорнинг ёки ваколатли органнинг аризаси асос бўлади.

Қуйидаги ҳолларда банкрот бўлганликка доир иш қўзғатиш мумкин:

хўжалик юритиш субъекти ўзи эътироф этган даъво талабларини уч ой мобайнида қаноатлантиришга ёхуд ижро ҳужжатлари бўйича қарзини тўлашга қодир бўлмаса;

агар хўжалик юритиш субъекти шартномадаги суммани тўлаш ҳақида ёзма равишда талабнома олганидан кейин уч ой мобайнида тўлай олмаган бўлса;

қарз мажбуриятларининг қиймати хўжалик юритиш субъекти мол-мулкининг қийматидан ошиб кетса;

хўжалик юритиш субъекти иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолганлигини ўзи эътироф этса.

Банкрот бўлганликка доир ишларни юритиш Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси билан тартибга солинади, ушбу Қонунда назарда тутилган алоҳида жиҳатлар бундан мустаснодир.



8-модда. Иқтисодий жиҳатдан ночор қарздорнинг аризаси


Ночор қарздорнинг аризаси хўжалик юритиш субъекти раҳбари ёки бошқа ваколатли шахс томонидан ёзма равишда хўжалик судига берилади.

Ўзининг тўловга лаёқатсизлиги муқаррар эканлиги кўрсатилган ариза шундай лаёқатсизлик ёки банкрот бўлиш хавфи юзага келган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилади. Қарздорнинг аризасига унинг кредиторлари ва қарздорларининг рўйхати, хўжалик юритиш субъекти бухгалтерия баланси ҳамда унинг молиявий ва мулкий аҳволига доир бошқа маълумотлар илова қилинади.

Қарздорнинг ўзини ночор деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаси қайтариб олиниши мумкин эмас.



9-модда. Иқтисодий жиҳатдан ночор қарздорнинг

ариза бермаганлиги (аризани вақтида бермаганлиги)

учун жавобгарлиги


Тўловга лаёқатсизлик тўғрисида ариза бермаганлик ёки аризани вақтида бермаганлик учун хўжалик суди хўжалик юритиш субъектининг раҳбарига ёки бошқа ваколатли шахсга энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорида жарима солади.

Хўжалик судига ариза бериш учун ваколатли органга материалларни бермаганлик ёки вақтида бермаганлик учун ваколатли орган хўжалик юритиш субъектининг раҳбарига ёки бошқа мансабдор шахсига энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақли.


10-модда. Кредиторнинг аризаси


Кредиторнинг аризаси қарздор жойлашган ердаги хўжалик судига ёзма равишда берилиб, унга қарздор эътироф этган қарзини тўламаган кундан эътиборан уч ой мобайнида талаблар қаноатлантирилмаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Кредиторнинг аризаси хўжалик суди ночор қарздорни банкрот бўлган деб эътироф этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар кредитор томонидан қайтариб олиниши мумкин.



11-модда. Прокурорнинг хўжалик судига аризаси.


Прокурор Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган ҳолларда хўжалик юритиш субъектининг банкрот бўлганлигига доир иш юритишни қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Прокурорнинг аризаси хўжалик суди иш юритишни қўзғатгунига қадар прокурор томонидан қайтариб олиниши мумкин.



11-1-модда. Ваколатли органнинг аризаси

Мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг банкротлиги тўғрисида иш юритишни қўзғатиш хусусида хўжалик судига ваколатли орган берган ариза ёзма шаклда тақдим этилиб, унга ушбу субъектнинг иқтисодий ночорлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар илова қилинади.



12-модда. Иш юритишни қўзғатиш


Қарздорнинг, кредиторнинг (кредиторларнинг), прокурорнинг ёки ваколатли органнинг аризаси асосида хўжалик суди хўжалик юритиш субъектининг банкротлиги тўғрисида иш юритишни қўзғатади, бу хусусда ажрим чиқарилиб, у қарздорга, кредиторга (кредиторларга), прокурорга ва ваколатли органга, шунингдек жамоа шартномасини имзолаган орган орқали қарздорнинг меҳнат жамоасига йўлланади.

Банкрот бўлганликка доир иш ночор қарздорнинг ташаббуси билан қўзғатилганда хўжалик суди кредиторлардан қарздорга нисбатан қўйилган талабларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олади.

Иш кредиторнинг ташаббуси билан қўзғатилганда хўжалик суди қарздордан кредиторлар ва қарздорларнинг рўйхатини ҳамда хўжалик юритиш субъектининг бухгалтерия балансини талаб қилиб олади.

Хўжалик суди тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилиги ва ишончлилигини текширади ҳамда текшириш натижаларига қараб, ўн кунлик муддат ичида уларни рад этади ёки иш юритиш учун қабул қилади.

Банкрот бўлганликка доир иш кўриб чиқилиши учун қарздор иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида:

юридик шахснинг номи;

унинг фаолиятининг ташкилий шакли;

мулкнинг шакли, мол-мулкнинг эгаси (эгалари);

муассислар;

юридик шахс бошқарув органининг номи;

юридик шахс ва унинг филиаллари жойлашган манзиллар;

почта адреси;

фаолият соҳаси ва мақсади;

хўжалик суди ишни юритиш учун қабул қилган санадаги бухгалтерия баланси;

кредиторларнинг рўйхати ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг батафсил ёзма баёни;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхатига доир маълумотлардан иборат материалларни хўжалик судига топшириши шарт.

Агар қарздор якка тартибда иш юритадиган тадбиркор бўлса:

фамилияси, исми, отасининг номи, туғилган вақти ва жойи;

паспорт маълумотлари (серияси, номери, ким томонидан ва қачон берилганлиги);

турар жойи ва почта адреси;

якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятининг тури;

агар ишлаб чиқариш биноси бўлса - у жойлашган манзил;

рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

даромадлар тўғрисидаги декларация;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхатига доир маълумотларни тақдим этади.

Хўжалик суди қарздорнинг мулкий аҳволи тўғрисидаги бошқа зарур маълумотларни ҳам талаб қилиб олиши мумкин.

Талаб қилинган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда хўжалик суди хўжалик юритиш субъекти раҳбарига, тадбиркорга ва айбдор мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир баробаридан беш баробаригача миқдорда жарима солишга ҳамда балансни, бошқа зарур ахборотларни тузиш ва тақдим этишни аудиторга (аудиторлик фирмасига) топширига ҳақлидир.



13-модда. Дастлабки ҳаракатлар


Хўжалик суди иш юритиш учун материалларни қабул қилиб олган кундан эътиборан қонунда белгиланган муддатда мажлис тайин қилади, унга қарздорнинг ўзи, қарздор рўйхатга олинган жойдаги банкларнинг, молия ва солиқ органларининг вакиллари, кредиторлар, ваколатли органнинг вакиллари (агар қарздорнинг мол-мулкида давлатнинг иштироки бўлса), шунингдек суднинг ихтиёрига кўра бошқа органларнинг (ташкилотларнинг) вакиллари таклиф қилиниб, бу хусусда ажрим чиқарилади.

Ночор қарздор ёки унинг мол-мулки эгасининг вакили банкрот бўлганликка доир ишни тўхтатиш ҳақида ва санация ўтказиш (мулкдор, ваколатли орган, кредитор (кредиторлар) ёки бошқа шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш орқали хўжалик юритиш субъекти фаолиятини соғломлаштириш) тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.

Хўжалик суди санация ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани белгиланган муддатда қараб чиқади ҳамда уни қондириш ёки рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Қарздор хўжалик юритиш субъекти ўз фаолиятини давом эттириши учун унинг тўлов қобилиятини тиклашнинг реал имконияти мавжудлиги санация ўтказиш учун асос бўлади.

Санация ўтказиш мумкинлигини ёки мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун хўжалик суди мустақил экспертларни (аудиторларни) жалб этишга ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатларни қарздорнинг зиммасига юклашга ҳақлидир.

Хўжалик суди ажрим чиқарганидан сўнг санация қатнашчилари йиғилиш ўтказиб, битим ишлаб чиқишлари шарт. Битим имзоланганидан кейин ўн кун ичида хўжалик судига топширилади. Тақдим этилган битимга асосан хўжалик суди санация ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради. Битимда қарздорнинг асосий воситаларни санация қатнашчиларига бериши кўзда тутилган бўлиши мумкин эмас, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса.

Санация бошланганига 12 ой тўлганида кредиторлар талаблари умумий суммасининг камида 40 фоизи қондирилган бўлиши керак.

Санация қатнашчилари кредиторлар олдида зиммага олган мажбуриятларини тўлиқ бажаришлари шарт ва бу мажбуриятларнинг бажарилиши учун биргаликда жавобгар бўладилар, агар битимда ўзга қоида назарда тутилмаган бўлса.

Санациянинг кечиши 18 ойдан ошмаслиги лозим. Хўжалик суди санация қатнашчиларининг илтимосномасига кўра санация ўтказиш муддатини кўпи билан олти ойгача узайтиришга ҳақли, давлат корхоналарида санация ўтказиш ҳоллари бундан мустасно.

Санация ўтказилиши жараёнида қарздор хўжалик юритиш субъектининг эгаси, кредиторлардан исталган бири ёки ваколатли органнинг вакилларни санация бесамара ўтаётганлиги ёки санация қатнашчиларининг қарздор хўжалик юритиш субъекти эгаси ёки кредиторлар ёхуд ваколатли орган аъзоларининг манфаатларига зиён етказишга олиб борувчи хатти-ҳаракатлари тўғрисида хўжалик судига ариза билан мурожаат этишлари мумкин. Хўжалик суди бундай аризаларни қараб чиқади ва тегишли, ҳатто санацияни тўхтатишгача бўлган ҳал қилув қарори қабул қилади.

Санация уни ўтказиш учун ажратилган вақт тугаганлиги, ушбу Қонунда назарда тутилган талаблар бажарилмаётганлиги, шунингдек санация бесамара эканлиги аниқланганлиги муносабати билан тўхтатилиши мумкин.

Санация тўхтатилган тақдирда хўжалик суди қарздорнинг банкрот бўлганлигини эътироф этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Санациядан кўзланган мақсадга эришилганлиги хўжалик судининг банкрот бўлганликка доир ишни тўхтатиш ҳақидаги масалани ҳал қилиши учун асос бўлади.

Ночор қарздорга кредиторларнинг мулкий даъволарини қондириш ва суд харажатларини қоплаш юзасидан учинчи шахснинг кафолати бўлмаса, мазкур мол-мулкни бошқаришга ваколатли бўлган орган иқтисодий жиҳатдан ночор қарздорни санация қилишда иштирок этиш юзасидан юридик ва жисмоний шахслар ўртасида танлов ўтказишни расмий матбуотда эълон қилишга ҳақлидир. Агар бир ой ичида бундайлар топилмаса ёки улар таклиф этган санацияда қатнашиш шартларига қарздор рози бўлмаса, ночор қарздорнинг банкрот бўлганлигига доир иш ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда қараб чиқилиши лозим.

Банкрот бўлганликка доир иш юритишни тўхтатиш мақсадида қарздор, у банкрот бўлган деб эътироф этилгунига қадар, кредиторларга мурожаат қилиб, келишув битими тузишни, тўловларни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлашни, сийлов беришни таклиф этиши мумкин. Кредиторлар билан қарздорнинг келишув битими тузилганлиги хўжалик суди томонидан тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.



14-модда. Мол-мулкида давлат иштирок этадиган

хўжалик юритиш субъектлари учун дастлабки

ҳаракатларнинг ўзига хос хусусиятлари


Қарздорнинг мол-мулкида давлат иштирок этган тақдирда хўжалик суди белгиланган муддат ичида тегишли ваколатли органни иш юритиш қўзғатилиши тўғрисида хабардор қилади.

Ваколатли орган хабар топган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида санация ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ўз қарорини хўжалик судига маълум қилади.

Кредиторларнинг талаблари қондирилган тақдирда банкротликка доир иш тўхтатилади.

Кредиторнинг талаблари қондирилмаган тақдирда ишни кўриш қайта тикланади. Бунда қарздорнинг хўжалик судига ушбу Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.



15-модда. Банклар учун дастлабки ҳаракатларнинг

ўзига хос хусусиятлари


Банк - қарздор бўлган ҳолларда иш юритиш учун қабул қилинганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабардор этилади. Марказий банк ўн кунлик муддат ичида хўжалик судига банкни санациялаш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ўз хулосасини тақдим этмоғи лозим. Бу хулосанинг мазмуни қарздор банкнинг илтимосномаси қараб чиқилаётганда хўжалик суди томонидан инобатга олинади.



16-модда. Хўжалик судининг ночор қарздорни банкрот

бўлган деб эътироф этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори


Санациялаш ёки келишув битими тўғрисида илгари қабул қилинган қарорлар муносабати билан эҳтимол тутилган кечиктиришларни ҳисобга олган ҳолда хўжалик суди томонидан белгиланган муддатда хўжалик судининг мажлиси ўтказилиб, унда иш материалларини кўриб чиқиш асосида ночор қарздорни банкрот бўлган деб эътироф этиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ёхуд аризани рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилади.

Кредиторларнинг хўжалик юритиш субъектига бўлган талаблари рад этилган тақдирда хўжалик суди кўрилган маънавий ва моддий зарар учун тўланадиган товон миқдорини белгилаб, уни хўжалик юритиш субъектининг фойдасига ундириб беришга ҳақлидир.

Хўжалик юритиш субъекти суд қарори чиқарилгунига қадар ўз хўжалик фаолиятини давом эттириш ҳуқуқига эгадир.

Банкрот бўлганликка доир иш юритишнинг ҳар қандай босқичида ночор қарздор ёки унинг муассиси (муассислари) қарздорнинг тўланмаган мажбуриятларига баробар маблағни гаровга қўйиши мумкин. Бундай ҳолда иш юритиш бир йилдан кўп бўлмаган муддатда тўхтатиб турилиши мумкин.



17-модда. Банкрот бўлган деб эълон қилиш


Ночор қарздорни банкрот бўлган деб эътироф этиш ва тугатишга доир иш юритишни қўзғатиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори белгиланган тартибда расмий матбуотда эълон қилинади. Эълон ҳақи қарздор ҳисобидан тўланади.

Эълонда:

ишни юритаётган хўжалик судининг номи;

ночор қарздорнинг номи ва жойлашган манзили кўрсатилиши;

тугатишга доир иш юритишни қўзғатишга асос бўлган ариза берилган сана, шунингдек кредиторлар қарздорга нисбатан ўз даъволарини эълон чиққан кундан эътиборан икки ойлик муддат ичида беришлари зарурлиги тўғрисида кредиторларга қаратилган мурожаат баён қилинган бўлиши керак.



18-модда. Тугатишга доир иш юритишни қўзғатишнинг

ночор қарздорга келтирадиган оқибати


Хўжалик юритиш субъекти банкрот бўлган деб эълон қилинган пайтдан бошлаб қарздорнинг ўз мулкини тасарруфидан чиқариши, бошқаларга бериши ва мажбуриятларини узиши таъқиқланади, ҳисоб-китоб счёти бўйича операциялар ўтказиши, дивидендлар, солиқлар тўлаши ва тўловларни амалга ошириш тўхтатиб турилади.

Ночор қарздорнинг қарзга доир барча мажбуриятларининг муддатлари ўтиб кетган ҳисобланади, унга нисбатан янги талаблар билан чиқилишига йўл қўйилмайди.

Ночор қарздорнинг барча турдаги қарзлари бўйича пеня ва фоиз қўшиб ёзиш тўхтатилади. Ночор қарздорнинг мулкидан қарзни ундириш борасидаги барча чеклашлар бекор қилинади. Хўжалик судида ночор қарздор иштирокида кўрилаётган мулкий низолар, агар улар юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирмаган бўлса, тўхтатилади.

Шу пайтдан эътиборан қарздор олдига қўйиладиган мулкий ёки молиявий тусдаги барча талаблар фақат тугатишга доир ишни юритиш чегарасидагина қўйилиши мумкин.



IV БЎЛИМ.

ТУГАТИШГА ДОИР ИШЛАРНИ ЮРИТИШ


19-модда. Тугатишга доир ишни

юритишдан кўзланган мақсад


Тугатишга доир ишни юритиш - кредиторларнинг талабларини мутаносиб равишда қондириш ва ночор қарздорни қарзлардан қутилган деб эълон қилиш, томонларни ўзаро ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлардан ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.



20-модда. Тугатишга доир ишни юритиш қатнашчилари


Ишончли вакил, кредиторларнинг йиғилиши (кредиторлар комитети), ночор қарздор ва бошқа манфаатдор томонлар тугатишга доир ишни юритиш қатнашчилари ҳисобланадилар.

Хўжалик суди ўз ваколатлари доирасида тугатишга доир ишни юритиш қатнашчилари ўртасида юзага келувчи низоларни кўриб чиқади.



21-модда. Тугатиш комиссияси


Хўжалик суди хўжалик юритиш субъектининг банкрот бўлганлиги тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган тақдирда ваколатли орган ишончли шахс бошчилигида тугатиш комиссиясини тузади.

Тугатиш комиссияси:

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъекти жойлашган ердаги расмий матбуотда унинг тугатилиши тўғрисида ва кредиторларнинг ўз даъволарини тақдим этишлари тартиби хусусида эълон бериши;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъекти тугатилиши тўғрисида кредиторлар ва манфаатдор томонларни хабардор қилиши;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектининг пул маблағларини битта банкдаги ягона счётга жамлаши;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектининг мол-мулки, шу жумладан гаровга қўйилган мол-мулки тўғрисида ҳисобот тузиши;

тугатиш балансини тузиши ва уни хўжалик судига тақдим этиши;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш режасини тузиши;

жорий ишларни охирига етказиши;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъекти мулкини манфаатдор томонлар фойдасини кўзлаб, босқичма-босқич тугатиши;

кредиторларга, хўжалик судига, давлат назорати ва солиқ органларига, бошқа манфаатдор ташкилотлар ва шахсларга банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектининг мол-мулки тўғрисида, мол-мулкни тугатиш жараёни қандай бораётганлиги ҳақида зарур ахборотлар бериши;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш қандай ўтганлиги тўғрисида якунловчи ҳисобот тайёрлаши ва уни хўжалик судига тақдим этиши шарт.

Тугатиш комиссиясининг хатти-ҳаракатлари устидан хўжалик судига шикоят қилиниши мумкин.



22-модда. Банкрот бўлган хўжалик

юритиш субъектини тугатиш режаси


Банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш режаси қуйидагиларни акс эттирмоғи лозим:

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъекти молиявий аҳволининг тўла ва холис баёнини;

кредиторларнинг даъволарини қондириш шартлари, тартиби, навбати ва мутаносиблигини;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъекти мол-мулки эгасининг, меҳнат жамоасининг манфаатлари ҳисобга олинганлигини;

сотилиши лозим бўлган мол-мулкнинг рўйхатини;

мол-мулкни сотиш усули, жойи ва вақтини;

суд харажатларини тўлаш, экспертларнинг, тугатиш комиссияси аъзоларининг, ишончли вакиллар ва бошқа шахсларнинг фаолиятига ҳақ тўлаш шартларини.

Банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш режаси кредиторлар билан келишилган бўлиши керак ва у, агар даъво суммасининг камида учдан икки қисмининг эгаси бўлган кредиторлар томонидан қувватланса, маъқулланган ҳисобланади. Агар тугатиш режаси маъқулланмаса, кредиторлар эса банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш учун ўзлари тузган режани белгиланган муддатда тақдим этмасалар, ваколатли орган тугатиш комиссияси тақдим этган режани тасдиқлайди.

Агар тугатишга доир иш хўжалик юритиш субъектининг ташаббуси билан қўзғатилган бўлса, у хўжалик юритиш субъектини тугатишга доир ўз режасини тақдим этишга ҳақлидир.

Тасдиқланган тугатиш режаси асосида мол-мулкни сотиш ва қарздорга бўлган даъволарни қондириш ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



23-модда. Тугатишга доир ишни юритишдаги

ишончли вакил ва унинг ҳуқуқлари


Тугатишга доир ишни юритишдаги ишончли вакил жисмоний ёки юридик шахс бўлиши мумкин. Ишончли вакил:

кредиторлар талабларини қондиришга мўлжалланган мол-мулкни (тугатиладиган мол-мулкни) жамлайди;

қарздорнинг молиявий аҳволи ва мол-мулки тўғрисида давлат назорат ва солиқ органларига, шунингдек кредиторларга ахборот тақдим этади;

тугатиш комиссияси фаолиятига раҳбарлик қилади;

ишни юритиш учун бухгалтер ва бошқа шахсларни тайинлайди;

экспертларни жалб этади;

мол-мулкни яшириб қолиш ёхуд солиқлар ва қарзларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида банкрот бўлганликка доир иш бошланишидан ёки иқтисодий ночорлик тўғрисида ариза берилишидан олдин бир йил мобайнида хўжалик юритиш субъекти тузган битимларни, шунингдек хўжалик юритиш субъекти битим тузиш натижасида мол-мулкнинг сотиш пайтидаги бозор баҳосига нисбатан анча паст ҳақ олган ёки хўжалик юритиш субъекти тўловга лаёқатсиз бўлса, бундай битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласини хўжалик суди олдига қўйиши мумкин;

Хўжалик юритиш субъекти ишончли вакилнинг талаби бўйича унга қарз суммасини кўрсатган ҳолда ўз кредиторлари ва дебиторларининг тўла рўйхатини, актив ва пассивларнинг муфассал балансини, молиявий аҳволи тўғрисидаги ҳисоботни, иш дафтарлари, счётлар ва бошқа ҳужжатлардан барча зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.



24-модда. Кредиторлар йиғилиши


Кредиторлар йиғилишида кредиторлар, ишончли вакил ва ночор қарздор қатнашиш ҳуқуқига эга.

Кредиторлар йиғилиши:

ваколатли орган тасдиғига ишончли вакил номзодини тақдим этади;

ночор қарздорга қарашли мол-мулкни унинг тасарруфидан чиқариш билан боғлиқ айрим битимлар тузишга рухсат беради;

келишув битими тузиш тўғрисида таклифлар киритиши мумкин;

ишончли вакилнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиб боради;

йиғилишнинг оператив ишлайдиган органи ҳисобланмиш кредиторлар комитетини тузиши мумкин. Комитетнинг вазифаларини кредиторлар йиғилиши белгилайди.

Кредиторлар йиғилиши, башарти, унда қарздор мажбурияти умумий суммасининг камида учдан икки қисми миқдорида даъво қилаётган, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кредиторлар қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кредиторлар йиғилишда ишончли вакил орқали қатнашишлари мумкин.

Кредитор, башарти, ночор қарздорга нисбатан қўйилиши тўғри деб топилган талаблар эгаси бўлса ва мазкур ишда ўзга манфаатлари бўлмаса, кредиторлар йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.



25-модда. Кредиторнинг (кредиторларнинг) ҳуқуқлари


Кредитор (кредиторлар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хўжалик судида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектининг молиявий аҳволи тўғрисида ва унга қарашли мол-мулкнинг ҳолати ҳақида маълумот олиш;

ишончли вакилнинг хатти-ҳаракатини назорат қилиш;

банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш режаси билан танишиш;

ишончли вакилнинг, тугатиш комиссиясининг хўжалик судидаги хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш.



26-модда. Мол-мулкни ва қарзни аниқлаш


Ночор қарздорнинг барча активлари, улар балансларда кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, тугатиладиган мол-мулкни жамлаш учун асос бўлади.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида ишончли вакил жалб этилган экспертлар ёки аудиторлар ёрдамида ночор қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олади ва нархлайди, шунингдек унинг мажбуриятларини баҳолайди.

Ким ошди савдосида сотиладиган мол-мулкнинг қиймат нархи унинг дастлаб белгиланган нархи бўлади.

Тугатиладиган мол-мулк жумласига:

корхоналарда, ташкилотларда ёлланиб (шартнома, контракт бўйича) ишловчи ходимларнинг хусусий мол-мулки;

қарздор томонидан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланилаётган мол-мулк;

қарздор жавобгарлигида сақланаётган товарлар;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ночор қарздорнинг мулки ҳисобланмайдиган бошқа мол-мулк киритилмайди.



27-модда. Банкрот бўлганнинг мол-мулкини сотиш


Банкрот бўлганнинг мол-мулки ошкора савдо ташкил қилиш йўли билан сотилади. Тугатиш комиссияси савдони ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида савдо бошланишидан камида ўн кун олдин расмий матбуотда эълон беради. Қарздорнинг мулки босқичма-босқич сотилиши мумкин, лекин доимо ошкора равишда ҳамда тугатиш пайтидаги дастлаб белгиланадиган нархлардан паст бўлмаган нархларда сотилиши шарт.


28-модда. Банкрот бўлганнинг мол-мулкини

тақсимлаш тартиби ва навбати


Савдодан тушган пул банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектини тугатиш режасига мувофиқ кредиторлар ўртасида тақсимланади. Тўловлар қарздорнинг мол-мулки сотилишига қараб тўланади. Узил-кесил тўлов мол-мулк савдоси якунланганидан кейин тугатиш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Тугатишга доир иш юритиш, ишончли вакилнинг ўз вазифаларини бажариши, шунингдек хўжалик юритиш субъектининг ишлаб туришини давом эттириш билан боғлиқ харажатлар навбатдан ташқари қопланади.

Биринчи навбатда бюджетга, бюджетдан ташқари фондларга тўловларни ҳамда иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов (ижрочи) ҳужжатлари бўйича талаблар, алиментларни ундиришга доир талабларни қондириш учун ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш ёки пулни беришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича талаблар, муаллифлик шартномаларига биноан мукофотларни тўлаш бўйича, шунингдек ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, бюджетга тўловлар бўйича ҳамда меҳнатга оид ва унга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича хўжалик субъектларининг мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминловчи талаблар қондирилади.

Ана шу талаблар тўла-тўкис қондирилганидан кейин ижтимоий суғуртага оид талаблар ва фуқароларнинг жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик туфайли уларнинг мол-мулкига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплашга доир талаблари қондирилади.

Иккинчи навбатда давлат суғурта органларининг мажбурий суғурта бўйича талаблари қондирилади.

Учинчи навбатда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилади.

Тўртинчи навбатда кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талаблари қондирилади.

Бешинчи навбатда қарздор хўжалик юритиш субъектини, бошқаришда қатнашмайдиган меҳнат жамоаси аъзолари жумласидан бўлмиш акция эгаларининг ва инвесторларнинг талаблари қондирилади.

Олтинчи навбатда қолган барча талаблар қондирилади.

Навбатдаги ҳар қайси талаб навбат бўйича олдинги талаб тўла-тўкис бажарилганидан кейин қондирилади.

Ундириб олинаётган сумма бирорта навбатдаги талабларни тўлиқ қондириш учун етарли бўлмаса, бу талаблар ҳар бир ундириб олувчига тегишли суммага мутаносиб тарзда қондирилади.

Охирги тўлов тўланганлиги тўғрисида расмий матбуотда махсус хабар эълон қилинади.

Мол-мулк қийматининг кредиторлар талаблари қондирилганидан ва иш юритиш харажатлари тўланганидан кейинги қолдиқ қисмини тугатилаётган хўжалик юритиш субъекти мол-мулкининг эгаси олади.

Тугатиш жараёнида сотилмай қолган мол-мулкдан мулк эгаси бўлган қарздорнинг кўрсатмаси бўйича фойдаланилади.

Мол-мулк етарли эмаслиги сабабли қондирилмай қолган қарз мажбуриятлари узилган деб ҳисобланади.



29-модда. Тугатилаётган хўжалик юритиш

субъекти ходимларининг ҳуқуқлари


Тугатилаётган хўжалик юритиш субъектида ёлланиб (шартнома, контракт бўйича) ишлаётган шахсларнинг ҳуқуқлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



30-модда. Тугатиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлаш


Тугатиш жараёни охирига етгач, тугатиш комиссияси ваколатли органга тугатиш балансини ва даъволар қондирилганидан сўнг қолган маблағлардан қандай фойдаланилганлиги тўғрисида ҳисоботни илова қилган ҳолда ўз фаолияти тўғрисида якунловчи маълумот тақдим этади.

Ваколатли орган тугатиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлайди, тугатишга доир иш юритиш тамомланганлиги тўғрисида қарор қабул қилади ва хўжалик юритиш субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органга ўзининг қарорини маълум қилади.


31-модда. Хўжалик юритиш субъектининг фаолиятини тўхтатиш


Хўжалик юритиш субъекти давлат рўйхати реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб, унинг фаолияти тўхтатилган, банкротликка доир иш тугатилган, қарздор эса қарзларидан қутулган ҳисобланади.



V БЎЛИМ.

ТУГАТИШГА ДОИР ИШ ЮРИТИШДАГИ

КЕЛИШУВ БИТИМИ


32-модда. Келишув битимига эришиш имкониятлари


Қарздор билан кредиторлар ўртасида келишув битими тугатишга доир иш юритишнинг исталган босқичида тузилиши мумкин.

Келишув битими навбат бўйича олдинги талаблар тўла-тўкис қондирилганидан кейин учинчи ва кейингинавбатдаги даъволарга нисбатангина тузилиши мумкин.



33-модда. Келишув битими тузиш шартлари


Келишув битими, агар уни кредиторларнинг камида учдан икки қисми (даъволар суммаси бўйича) ёқлаган бўлса, тузилган ҳисобланади.

Келишув битими тузилишига рози бўлмаган кредиторлар учун келишув битимига розилик билдирган ва талабларининг навбати бир хил бўлган кредиторлар учун белгиланганидан ёмон шарт-шароит белгиланиши мумкин эмас. Ана шу кредиторлар ўртасидаги низолар хўжалик судида кўриб чиқилади.



34-модда. Келишув битими тузиш


Келишув битими ёзма равишда тузилади ва унинг ижроси барча кредиторлар учун мажбурий ҳисобланади ҳамда имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

Келишув битими бажарилмаган тақдирда манфаатдор томонлар белгиланган тартибда хўжалик судига мурожаат қилишлари мумкин.



35-модда. Келишув битимини ҳақиқий эмас деб эътироф

этиш ёки уни бекор қилиш


Агар ночор қарздор балансда ўзининг мол-мулки ҳолатини нотўғри акс эттирган  бўлса, исталган кредиторнинг даъвоси бўйича, хўжалик суди келишув битимини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда:

келишув битимининг шартлари бажарилмаганида;

қарздорнинг молиявий аҳволи ёмонлашуви давом этиб, бу ҳол кредиторларга жараённи қайта тиклаш тўғрисида илтимос қилишга ҳуқуқ берганда;

қарздор кредиторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига жиддий зиён етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этган ҳолларда келишув битими ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши ҳамда қарздорни банкрот бўлган деб эътироф этиш жараёни қайта тикланиши мумкин.

Келишув битими ҳақиқий эмас деб эътироф этилган тақдирда банкрот бўлган деб эътироф этиш жараёни қайта тикланганлиги тўғрисида расмий матбуотда ахборот берилади.

Агар, келишув битими ижро қилингунга қадар қарздор банкрот деб эълон қилинган бўлса, тўланиши кечиктирилган, бўлиб-бўлиб тўлашга келишилган ёки қарзларнинг сийловидан иборат кредиторларнинг даъволари, уларнинг қаноатлантирилмаган қисми доирасида тўла ҳажмда қайта тикланади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1994 йил, 5-сон, 130-модда