язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Олимпия захиралари коллежлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.07.2010 й. 163-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 30 июлдаги

163-сон қарорига

1-ИЛОВА


Олимпия захиралари коллежлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Таълим тўғрисида", "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ Олимпия захиралари коллежларининг мақомини, улар фаолияти тартибини ва асосий йўналишларини белгилайди.


2. Олимпия захиралари коллежи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади, унинг фаолияти ўрта бўғин спорти соҳасида юқори малакали мутахассислар ҳамда спортнинг олимпия ва миллий турлари, шунингдек Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун номзод бўлган турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларини шакллантириш учун спорт захираси тайёрлашга йўналтирилган.

Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларни самарали танлаб олиш, уларнинг спорт маҳоратини тинимсиз ўстириш ҳамда олимпия захирасини сифатли тайёрлаш мақсадида ўз тузилмасида 7-синфдан 9-синфгача ўқитган ҳолда умумтаълим бўғинларига эга бўлади.


3. Олимпия захиралари коллежи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз уставига амал қилади.


4. Олимпия захиралари коллежи юридик шахс ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этилади, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек ўз устави асосида фаолият кўрсатади.


5. Олимпия захиралари коллежлари Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тасарруфида бўлади, коллежлар фаолиятига умумий ташкилий, ўқув-методик ва илмий раҳбарлик қилиш, шунингдек моддий-техник таъминот Қўмита томонидан амалга оширилади.

Олимпия захиралари коллежларига умумий таълим ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича ўқув-методик раҳбарлик қилиш Давлат таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан амалга оширилади.


6. Олимпия захиралари коллежи спортнинг оммалаштирилаётган турлари бўйича ўқув-машқ машғулотларини таъминлаши ҳамда тегишли спорт базасига эга бўлиши лозим.


7. Спорт захирасини тайёрлаш олиб борилаётган спорт турлари ҳамда олимпия захиралари коллежи ўқувчилари контингенти олимпия захиралари коллежи тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Олимпия захиралари коллежи умумий контингенти 600 нафар ўқувчидан иборат этиб шакллантирилади, умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўғинлари бўйича - 300 нафардан.

Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Республика олимпия захиралари коллежи умумий контингенти 660 нафар ўқувчидан иборат этиб шакллантирилади, умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўғинлари бўйича - 330 нафардан.

8. Олимпия захиралари коллежи 3810201 "Спорт" мутахассислиги, спортнинг танланган турлари бўйича тренер-ўқитувчи касбини берган ҳолда кадрлар тайёрлайди.

Олимпия захиралари коллежига бошқа мутахассисликлар бўйича ўқувчилар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.


9. Олимпия захиралари коллежида ўқиш:

умумий таълим дастури бўйича - 3 йил;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастури бўйича - 3 йил.


10. Ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган олимпия захиралари коллежи битирувчиларига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади, умумтаълим бўғинларининг 9-синфлари битирувчиларига ўрта маълумот тўғрисида давлат намунасидаги аттестат берилади.

Дипломга ўзлаштирилган умумтаълим фанлари ва махсус фанлар, соатлар ҳажми ва улар бўйича баҳолар кўрсатилган варақа илова қилинади.

Олимпия захиралари коллежини битирганлик тўғрисидаги диплом эгалланган мутахассисликка мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш, ёхуд ўқишнинг келгуси босқичида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.



II. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИНИНГ

МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Қуйидагилар олимпия захиралари коллежининг мақсади ҳисобланади:

ўқувчиларни чуқурлаштирилган ихтисосли ўқитиш, ҳар томонлама камол топтириш ва уларнинг спорт мутахассисликлари ва касбларини эгаллашини таъминлаш;

ёш спортчиларни истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тайёрлаш, уларда ўз Ватани учун фахрланиш ва миллий маданий-тарихий анъаналарни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантириш.


12. Қуйидагилар олимпия захиралари коллежининг асосий вазифалари ҳисобланади:

олимпия захиралари коллежларининг умумтаълим бўғини 9-синфлари битирувчиларидан энг иқтидорли спортчиларни, спорт ихтисосидаги мактаб-интернатларда, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида дастлабки тайёргарликдан ўтган спортчиларни олимпия захиралари коллежларида ўқишни давом эттириш учун танлаб олиш;

республика ва халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш учун спорт захирасини спорт терма жамоалари таркибига тайёрлаш;

ўқувчи-спортчиларнинг республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиши учун зарур ва етарли бўлган касбий мойиллигини, маҳорати ва кўникмалари чуқур ривожлантирилишини таъминлаш, спорт тайёргарлиги таълимининг навбатдаги босқичларида ўқишини, шунингдек эгалланган мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишни давом эттириш;

мутахассислар ва спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни таъминлаш;

давлат таълим стандарти доирасида умумтаълим ва касб-ҳунар ўқув дастурларини амалга ошириш;

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштирувчи йўналишини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлаш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш.


13. Олимпия захиралари коллежларида таълим ва спорт тайёргарлиги мазмуни, таълим ва ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш давлат таълим стандартлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари билан белгиланади.


14. Олимпия захиралари коллежлари ўқувчиларининг ижтимоий кафолатлари ва уларни қўллаб-қувватлаш қонун ҳужжатларида, шунингдек коллеж уставида белгиланади.


15. Олимпия захиралари коллежининг ўқиш, спорт тайёргарлиги, меҳнат ва дам олиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича фаолияти, ўқувчилар ва ходимларнинг яшаш шароитлари, шунингдек уларнинг таъминоти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



III. РЕСПУБЛИКА ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ

КОЛЛЕЖИНИНГ ФАОЛИЯТИ ХУСУСИЯТЛАРИ


16. Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Республика олимпия захиралари коллежи спорт соҳасида ўрта махсус бўғин мутахассислари тайёрлаш бўйича базавий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ҳисобланади ҳамда қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

селекция ишлари олиб бориш ва истиқболли спортчиларни танлаш, шу жумладан, юқори спорт ютуқларига эга бўлган олимпия захиралари бошқа коллежларининг ёш спортчилари бўлган ўқувчилар контингентидан ўтказиш ҳисобига истиқболли спортчиларни танлаш;

ўқувчиларнинг аниқ мақсадга йўналтирилган назарий ва жисмоний тайёргарлиги, уларни тайёрлашнинг ўқув-машқ жараёнига илғор спорт-психология технологияларини жорий этиш;

олимпия захиралари коллежлари фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш.


17. Селекция ишлари, бошқа спорт мактаблари ва мактаб-интернатлар ўқувчилари, олимпия захиралари коллежлари ўқувчилари контингентидан юқори спорт ютуқларига эришган энг истиқболли ва иқтидорли ўқувчиларни Республика олимпия захиралари коллежига қабул қилиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда белгиланади.


IV. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖЛАРИГА

ЎҚУВЧИЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА УНИНГ МАЗМУНИ


18. Олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилиш республика ҳудудида яшаётган, қоидага кўра, спортга ихтисослашган мактаб-интернатларда, болалар-ёшлар спорт мактабларида ва олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар-ёшлар спорт мактабларида ва ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида дастлабки тайёргарликдан ўтган спортга қобилияти энг иқтидорли ўқувчилар орасидан танлаб олиш асосида амалга оширилади.

19. Олимпия захиралари коллежига ўқувчилар белгиланган тартибда умумтаълим бўғинининг 7-синфига ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўғинининг 1-курсига қабул қилинади.

Олимпия захиралари коллежи умумтаълим бўғинининг 7-синфига ўқувчилар танлов шартлари бўйича ва 6-синфдаги ўзлаштириш табели асосида қабул қилинади.

Олимпия захиралари коллежи ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг 1-курсига ўқувчилар ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат асосида;

олимпия захиралари коллежи умумтаълим бўғини 9-синфлари битирувчилари орасидан коллеж аттестация комиссияси қарорига кўра;

умумтаълим мактаблари ва мактаб-интернатларнинг 9-синфлари битирувчилари орасидан танлаб олиш шартлари бўйича қабул қилинади.


20. Олимпия захиралари коллежига йигит ва қизлар жинси, тили, ирқи, миллати, диний мансублиги, ижтимоий келиб чиқиши, машғулоти тури, ижтимоий мавқеи, яшаш жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаганлигидан қатъи назар, қабул қилинади.

Хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ танлаб олиш тартибида қабул қилинади.


21. Олимпия захиралари коллежига ўқувчилар қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


22. Олимпия захиралари коллежига қабул қилинган ўқувчилар:

умумтаълим ва махсус спорт фанлари бўйича ўқиш;

ўқув-машқ жараёнида ва спорт мусобақаларида иштирок этиш;

олимпия захиралари коллежи ўқувчилари учун суткалик озиқ-овқат нормасига мувофиқ озиқ-овқат билан таъминланиш;

олимпия захиралари коллежининг моддий-техника базаси ва мол-мулкидан бепул фойдаланиш;

ўқувчилар ва талабалар яшайдиган уйда бепул яшаш;

ўқишни бошқа таълим муассасасига кўчириш ҳуқуқига эгадир.


23. Олимпия захиралари коллежининг ўқув синфлари ва гуруҳлари 30 кишидан иборат бўлади. Ўқувчилар ўқитиш курслари бўйича гуруҳларга, шунингдек умумтаълим бўғинлари синфларига, спорт тайёргарлиги йўналишлари бўйича эса - бўлинмаларга бирлашади.


24. Ўқитиш курси ва умумтаълим бўғини синфини тугаллаш якунлари бўйича рейтинг назорати натижалари асосида ўқувчиларни навбатдаги курсга ва умумтаълим бўғинининг навбатдаги синфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларни курсдан курсга ва умумтаълим бўғини синфидан синфига ўтказиш таълим муассасаси директорининг буйруғи билан амалга оширилади. Шартли равишда ўтказишларга йўл қўйилмайди.


25. Ўқувчиларни олимпия захиралари коллежидан бошқа таълим муассасасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.


26. Ўқувчи-спортчиларни олимпия захиралари коллежидан четлатиш:

бошқа таълим муассасасига кўчиришда, шу жумладан, ўқувчиларнинг ўз ташаббуси билан кўчиришда (уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси асосида);

академик ўзлаштирмасликда ва тегишли норматив талаблар топширилмаганда, спорт натижаси пасайганда ва тиббий номувофиқлик ҳолатларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган ҳолларда ўқувчиларни коллеждан четлатиш олимпия захиралари коллежи аттестация комиссиясининг қарорига кўра бир йилда икки марта амалга оширилади;

ўқув интизоми ва олимпия захиралари коллежининг ички тартиби қоидалари бузилганда, шу жумладан, ахлоқсизлик, спорт одоби, спорт тайёргарлиги режими бузилган, шу жумладан, тақиқланган фармокологик, алкоголли ва гиёҳванд воситалар қўлланилган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


27. Ўқув йили 2 сентябрда бошланади ва ўқув режасига мувофиқ тугалланади.


28. Олимпия захиралари коллежида ўқиш кундузги шаклда амалга оширилади. Ўқув машғулотларининг қанча давом этиши, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ва ўқув-тарбия жараёнининг бошқа масалалари Умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат стандартларига мувофиқ белгиланади.


29. Олимпия захиралари коллежининг ўқув режаси Давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга ошириладиган умумтаълим фанларини, махсус ва спорт тайёргарлиги фанларини ўз ичига олади.


30. Ўқув режалари ва дастурлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

31. Олимпия захиралари коллежи ўқув режасига мувофиқ ўқув, ўқув-машқ ва тарбиявий ишларни ташкил этиш шакллари ва усулларини белгилайди.

Ўқув дастурлари қуйидаги шаклларда ўқув режасига мувофиқ амалга оширилади: ўқув дарси, маъруза, семинар, лаборатория иши, амалий машғулотлар, курс иши, мустақил тайёргарлик.

Гуруҳда ва якка тартибдаги ўқув-машқ машғулотларида, ўқув-машқ йиғинларида, спорт мусобақаларида қатнашиш ўқув-тарбия жараёнининг асосий шакллари ҳисобланади.

32. Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларнинг спорт маҳорати даражасини қўллаб-қувватлаш ва ошириш мақсадида таътил вақтида ўқув йилида 60 кунгача давом этадиган ўқув-машқ йиғинлари ўтказган ҳолда ўқувчиларнинг фаол дам олишини ташкил этиши мумкин.


33. Таълим сифати ва спорт тайёргарлигини назорат қилиш Умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ амалга оширилади.



V. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИНИ БОШҚАРИШ


34. Олимпия захиралари коллежини бошқариш якка бошчилик, демократия, ўзини ўзи бошқариш ва ошкоралик принципларини бирга қўшиб олиб бориш асосида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


35. Таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва бирхиллаштириш, педагог кадрлар билан таъминлаш, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.

36. Олимпия захиралари коллежига спорт соҳасида тегишли олий маълумотга ва спорт-таълим муассасаларида камида 5 йил амалий иш тажрибасига эга бўлган шахслар орасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

37. Директор олимпия захиралари коллежи фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, ўқувчиларнинг ўқиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва дастурлари бажарилиши, молия-хўжалик фаолияти амалга оширилиши учун жавоб беради, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ходимларнинг штат жадвалини ҳамда тренерлар ва педагоглар таркибининг тариф рўйхатларини тасдиқлайди.

Директор:

олимпия захиралари коллежи номидан иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

олимпия захиралари коллежи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва таълим муассасасига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида олимпия захиралари коллежининг ўқувчилари ва барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

олимпия захиралари коллежининг ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш, ўқув-машқ ва ўқув-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар, тренерлар билан бутлаш ҳамда олимпия захиралари коллежи фаолиятининг бошқа масалалари бўйича айрим масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви тегишли органларига киритади;

педагоглар ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни тўхтатади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


38. Олимпия захиралари коллежида директор ҳузуридаги коллегиал орган ҳисобланадиган педагогика кенгаши, шунингдек Директор жамғармасидан ходимларни рағбатлантириш масалалари бўйича махсус комиссия ташкил этилади.

Педагогика кенгашининг асосий вазифалари ва функциялари олимпия захиралари коллежининг уставида белгиланади.


39. Олимпия захиралари коллежида васийлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларида иборат бўладиган васийлик кенгаши тузилади.


40. Олимпия захиралари коллежини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


41. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва тренерлар таркиби, тарбиячилар ва тиббиёт ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) олимпия захиралари коллежи таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


42. Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларига ўқишга қабул қилинганларидан кейин ўқувчи билети ва белгиланган намунадаги рейтинг дафтарчаси (олимпия захиралари коллежининг 1 - 3-курслари ўқувчилари учун) берилади.

Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари Давлат таълим стандартларига мувофиқ бепул умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиш, қўшимча таълим хизматларидан фойдаланиш, таълим муассасасининг уставида белгиланган шаклда таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари олимпия захиралари коллежи уставига риоя қилиши шарт.


43. Тегишли касб таълимига, касбий тайёргарликка эга бўлган ва юксак ахлоқий фазилатли шахслар олимпия захиралари коллежида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир. Суд қарори билан педагогик фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахслар ҳамда судланганлиги олиб ташланмаган ёки судланганлиги қопланмаган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланишга қўйилмайди.


44. Ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркибини, тарбиячилар ва тиббиёт ходимларини олимпия захиралари коллежига ишга қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


45. Олимпия захиралари коллежининг ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркибини, тарбиячилари ва тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


46. Ўқитувчилар ва тренерларнинг ўқув-педагогик юкламаси қонун ҳужжатларида белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади.


47. Ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


48. Педагог ходимлар ва тренер-ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ва вазифалари қонун ҳужжатларига ва олимпия захиралари коллежи уставига мувофиқ белгиланади.


49. Ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) олимпия захиралари коллежининг таълим фаолияти билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.



VII. ТИББИЙ-БИОЛОГИК ТАЪМИНЛАШ


50. Тиббиёт ходимлари спорт бўйича тренер-ўқитувчилар билан биргаликда тренировка машғулотлари, ўқув-тренировка йиғинлари, спорт мусобақалари, дам олиш даврида ўқувчиларни тиббий назоратдан ўтказадилар. Спорт бўйича ўқитувчилар тиббий кузатувлар натижаларидан спортчилар тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларига тузатишлар киритиш учун фойдаланадилар.

51. Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларни тиббий таъминлаш мақсадида функционал ташҳис ва саломатликни тиклаш тадбирлари учун саломатликни тиклаш марказига, зарур бино ва асбоб-ускуналарга эга бўлади.


52. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги спортчиларни танлаб олиш ва уларнинг функционал тайёргарлиги ҳолати юзасидан ташҳис қўйиш, даволаш-профилактика тадбирлари ва спортчиларнинг саломатлигини тиклаш жараёнларини мақбуллаштириш учун олимпия захиралари коллежини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида тегишли аппаратлар, зарур реактивлар ва дори-дармонлар билан таъминлайди.


VIII. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯВИЙ ВА

МОДДИЙ ТАЪМИНЛАШ


53. Олимпия захиралари коллежини молиявий таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

таълим хизматларини амалга оширишдан, педагогика, ишлаб чиқариш ва олимпия захиралари коллежининг уставдаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

олимпия захиралари коллежи ўқувчиларини текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ва мақсадли бадаллари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


54. Олимпия захиралари коллежи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


55. Олимпия захиралари коллежи ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


56. Олимпия захиралари коллежи ўзининг молия-хўжалик фаолиятини бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар доирасида амалга оширади.

Олимпия захиралари коллежининг молиявий маблағлари ғазначилик шахсий ҳисоб рақамларида туради ва улардан қонун ҳужжатларига ҳамда олимпия захиралари коллежи уставига мувофиқ фойдаланилади.


57. Олимпия захиралари коллежининг моддий маблағлари, бинолари, спорт иншоотлари ва асбоб-ускуналари унинг хўжалик тасарруфида бўлади ва улардан уставдаги вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.

Олимпия захиралари коллежининг устахоналар, лабораториялар ва бошқа объектлар билан таъминланганлиги Давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим жараёнини моддий-техник таъминлаш нормативлари билан белгиланади.


58. Олимпия захиралари коллежи белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистик ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.


59. Олимпия захиралари коллежида хўжалик ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



IX. ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТ


60. Олимпия захиралари коллежи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим ҳамда жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича халқаро фаолиятни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар линияси бўйича халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёки мутасаддилик қиладиган Комплекси раҳбари томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ чет мамлакатларда ўқув-тренировка йиғинларини ўтказиш;

олимпия захиралари коллежининг тренер-педагоглар таркиби ходимларини ва спортчиларини алмашиш, қўшма спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ва шу кабиларни ўтказиш бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан белгиланган тартибда битимлар тузиш.


61. Олимпия захиралари коллежи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий мамлакатлар учун мутахассислар тайёрлашни амалга ошириши мумкин.


62. Олимпия захиралари коллежи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёки мутасаддилик қиладиган Комплекси раҳбари томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ хорижга (тажриба алмашиш, тажриба орттириш, турли тадбирлар, спорт мусобақалари, олимпиадалар ва шу кабиларда қатнашиш мақсадида) юбориш учун спортчилар ва тренерлар танлашни амалга ошириши мумкин.


X. ЯКУНИЙ ҚОИДА


63. Олимпия захиралари коллежини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 31-сон, 259-модда.