ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Болалар спортини ривожлантириш /

Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.09.2010 й. 211-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 23 сентябрдаги

211-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасидаги

Ўзбекистон Республикаси Давлат

бюджетидан молиялаштириладиган

спорт мактаблари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактабларини (кейинги ўринларда спорт мактаблари деб аталади) ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тартибини белгилайди.

2. Спорт мактаблари асосий фаолияти болалар, ўсмирлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этишга, спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этишга, шунингдек спорт турлари бўйича спорт тайёргарлиги мутахассислари ўртасида касбий тажрибани алмашишга йўналтирилган мактабдан ташқари спорт-таълим муассасалари ҳисобланади.


3. Спорт мактаблари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.


4. Спорт мактаблари юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансига, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга, бурчакли штампга, ўз номи ёзилган бланкаларга эга бўлади.



II. СПОРТ МАКТАБИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

5. Спорт мактаблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил қилинади.


6. Спорт мактаби давлат муассасаси ҳисобланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.


7. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат спорт мактабининг муассислари бўлиши мумкин.


8. Спорт мактаби қуйидаги турларда ташкил этилиши мумкин:

болалар ва ўсмирлар спорт мактаби;

ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби;

олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби;

олий маҳорат спорт мактаби;

олий спорт маҳорати мактаби;

Республика олий спорт маҳорати мактаби;

Халқаро шахмат академияси;

Чавандозлар мактаби.

9. Давлат спорт мактабларининг ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилмаган бошқа турларини ташкил этишга йўл қўйилмайди.


10. Спорт мактаби ҳам спортнинг фақат битта турини, ҳам спортнинг бир неча ҳар хил турларини ривожлантириш учун ташкил этилиши мумкин.


11. Спорт мактабида спорт турлари бўйича бўлимлар сони унинг муассиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий органлари билан келишган ҳолда белгиланади.

12. Спорт мактабларини давлат аккредитациясидан ўтказиш ваколатли давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


13. Спорт мактабида ўқувчи-спортчилар тайёрлаш сифати юзасидан давлат назорати белгиланган тартибда аттестация ўтказиш йўли билан ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



III. СПОРТ МАКТАБИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


14. Қуйидагилар спорт мактабининг асосий вазифалари ҳисобланади:

болалар, ўсмирлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, улар ўртасида уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама жисмоний камол топишига ва соғлом турмуш тарзига эҳтиёжни шакллантиришга йўналтирилган жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт ва тарбиявий ишлар олиб бориш;

болалар, ўсмирларда спорт билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни спортнинг айрим турлари бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилиш, уларда барқарор қизиқишни тайёрлаш;

зарур замонавий моддий-техника базаси яратиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўйича машғулотлар ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, спорт захираси ва спорт турлари бўйича юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;

халқаро спорт майдонида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон терма жамоалари учун ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш;

спорт тайёргарлиги босқичларида барча ёш гуруҳлари бўйича мактабларининг ўқувчи-спортчиларини ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш;

тажриба алмашиш масалалари бўйича ҳар хил спорт ташкилотлари ва федерациялар билан ҳамкорликни ривожлантириш, ўқувчи-спортчиларнинг спорт маҳоратини, шунингдек спорт турлари бўйича тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш, мамлакат ёшлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш.


15. Юкланган вазифаларни бажариш учун спорт мактаби белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг давлат дастурлари амалга оширилишида иштирок этади;

соғлиғининг ҳолатида тиббий нуқсонлар ва чекланишлари бўлмаган болалар ҳамда ўсмирларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этилишини ташкил этади, қобилиятли ва истиқболли ўқувчи-спортчиларга уларнинг спортда янада камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

манфаатдор ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликда спорт захираси ҳамда юқори маҳоратли спортчиларни танлаш ва тайёрлашни илмий-методик ва тиббий жиҳатдан таъминлайди;

ўқитишнинг барча босқичларида ишлаб чиқилган ўқувчи-спортчиларнинг спорт тайёргарлиги ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ўқув-машқ жараёни ташкил қилиниши ва ўтказилишини, унга илғор илмий технологиялар ва методикалар жорий этилишини таъминлайди;

ўқув-машқ жараёни натижаларини, ўқувчи-спортчиларнинг жисмоний сифатлари ривожланишининг якка тартибдаги кўрсаткичлари ўсишини, спорт тури техникасининг асослари ўзлаштирилиши даражасини таҳлил қилади;

ўқувчи-спортчиларнинг ўқув-машқ йиғинларида, туман, шаҳар, республика ва халқаро спорт тадбирларида қатнашишини таъминлайди;

қобилиятли ўқувчи-спортчиларга уларнинг кейинчалик спорт йўналишидаги ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ўқиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

ўқувчи-спортчилар, спорт мактабларининг тренерлари ва бошқа мутахассисларининг спорт мусобақалари, чемпионатлар, кубоклар, турнирлар, фестиваллар, конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, йиғинлар ва бошқа оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, шу жумладан, халқаро тадбирларда қатнашиши орқали уларнинг спорт маҳорати ва малакасини ошириш тадбирларини амалга оширади.



IV. СПОРТ МАКТАБИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


16. Спорт мактаби белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спорт тури (турлари), шунингдек спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик бўйича бўлимлар очиш;

спорт тайёргарлигининг ҳар бир босқичида ўқувчи-спортчиларнинг якка тартибда ўқиши давомийлигини белгилаш ҳамда тайёрлаш даври ва босқичига қараб ўқув-машқ ишларининг ҳафталик режимини белгилаш;

таълим ва тарбиянинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шакли, воситалари ва усулларини танлаш;

юридик ва жисмоний шахсларга ўз фаолияти ихтисосига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт соҳасида пулли хизматлар кўрсатиш, кўрсатилган хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;

юкланган вазифаларни бажариш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун спорт мактабига бириктирилган моддий-техника базаси ва мол-мулкни тасарруф этиш.

17. Спорт мактаби қуйидагиларга мажбур:

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, ходимлар ва ўқувчи-спортчилар томонидан ўз мажбуриятлари, ўқув дастурлари ва топшириқларининг бажарилишини таъминлаш;

спорт турлари бўйича тасдиқланган ўқув дастурлари асосида мактабнинг йиллик ўқув режасини, ўқув жадвалини ва ўқув-машқ жадвалини ишлаб чиқиш;

спорт турлари бўйича дастурлар талабларига ва ўқув режаларига мувофиқ ўқув-машқ ва тарбиявий жараённи амалга ошириш;

ўқув-машқ жараёни ўтказилаётган даврда ўқувчи-спортчилар ва спорт мактаби ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш;

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини жорий назорат қилиш, ўқувчи-спортчиларни тест синовидан ўтказиш ва уларнинг назорат нормативлари топширишини таъминлаш;

спорт мактабининг моддий-техника базаси ва мол-мулкининг сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш.


18. Спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

ўқув-машқ жараёнининг қўлланиладиган шакллари, усуллари ва уни ташкил этиш воситаларининг ўқувчи-спортчиларнинг психофизик ёш хусусиятларига, майллари, қобилиятлари, қизиқишларига, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;

ўқувчи-спортчилар ва ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши;

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур тарзда ва самарали бажарилиши учун жавоб беради.



V. СПОРТ МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИ

19. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби соғлиғининг ҳолатида тиббий нуқсонлари ва чекланишлари бўлмаган болалар ва ўсмирларда спорт билан шуғулланиш, мактабга кириш ва ўқиш учун тенг шароитлар яратади, спорт ва жисмоний тайёргарликни амалга оширади, жисмоний ва спорт воситалари билан шуғулланувчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлайди, танланган спорт тури бўйича уларнинг қобилиятларини ривожлантиради.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спорт-соғломлаштириш гуруҳлари, бошланғич тайёргарлик гуруҳлари ва ўқув-машқ гуруҳлари билан ўқув-машқ жараёнини амалга оширади. Ўқув-машқ гуруҳлари бошланғич тайёргарликнинг тўртта гуруҳига битта ўқув-машқ гуруҳи ҳисобидан очилади.

Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олий маҳорат спорт мактаби, олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактабига қабул қилинган ўқувчи-спортчилар сони болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ишининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби битирувчиларининг кейинчалик ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олий маҳорат спорт мактаби, олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактабида ўқишини ташкил этиш (таъминлаш) учун шарт-шароитлар мавжуд бўлмаган тақдирда (шу жумладан минтақада спорт тури бўйича спорт мактаби мавжуд эмаслиги туфайли), Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий органлари билан келишган ҳолда муассиснинг қарори билан болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортда камолотга эришиш гуруҳлари ташкил этилиши мумкин. Ўқувчи-спортчиларнинг тегишли контингенти - Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари таркибларига номзодлар, малакали тренер-ўқитувчилар таркиби ва ўқув-машқ ишлари режимини бажариш имконини берадиган моддий-техника базаси мавжуд бўлиши бунинг зарур шарти ҳисобланади.

20. Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби Ўзбекистон Республикасининг ва ҳудудлар спорт терма жамоалари таркибларини тўлдиришга қодир бўлган юқори малакали спортчиларни тайёрлайди. Бу - мактаб фаолияти даражасининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади.

Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқув-машқ гуруҳлари, спортда камолотга эришиш ва олий спорт маҳорати гуруҳлари тузади. Минтақада спортнинг ушбу турлари бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлмаган айрим ҳолларда ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий органлари билан келишган ҳолда бошланғич тайёргарлик гуруҳлари ташкил этилиши мумкин.

Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тўртта йўналиш бўйича тузилади - спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика, сув спорти турлари, якка кураш ва гимнастика.

21. Олий спорт маҳорати мактаби фаолияти спорт турлари бўйича энг янги жаҳон илмий-методик тавсиялари ва технологияларини қўллаган ҳолда кучли спортчиларни - республика терма жамоаларига номзодларни ва уларнинг энг яқин резервларини, спортнинг ўйин турлари бўйича олий ва биринчи лигалар усталари командаларига танлаш ва тайёрлашга йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикаси терма жамоаларига тайёрланган номзодлар сони, шунингдек мактаб ўқувчи-спортчиларининг республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиши натижалари олий спорт маҳорати мактаби фаолияти даражасининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади.

Олий спорт маҳорати мактаби ўқув-машқ жараёнини ўтказиш билан биргаликда спортнинг тегишли турлари бўйича спортчилар тайёрлаш юзасидан болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактабига илмий-методик раҳбарлик қилади ҳамда улар фаолиятини ахборотлар билан таъминлайди, белгиланган тартибда спортчилар, тренер-ўқитувчилар ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларнинг малакасини ошириш тадбирларини амалга оширади.

22. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактабида ўқувчи-спортчиларни кўп йиллик спортга тайёрлашни ташкил этиш барча босқичларда қуйидаги жадвалга мувофиқ амалга оширилади:

Т/р

Спорт

тайёргарлиги

босқичлари


Босқичнинг

асосий вазифаси

Тайёрлаш

даври

Спорт мактаблари турлари


болалар

ва ўсмир-

лар спорт

мактаби


ихтисослаштирилган

болалар ва ўсмирлар

спорт мактаби ва олимпия

захиралари ихтисослаш-

тирилган болалар ва

ўсмирлар спорт мактаби


олий спорт

маҳорати мактаби

ва республика

олий спорт

маҳорати

мактаби


1.

Спорт-соғломлаштириш

Ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳаракат фаоллиги танқислигини тўлдириш


бутун даврда

+

-

-

2.

Бошланғич тайёргарлик

Базавий тайёргарлик ва кейинчалик ихтисослашиш учун спортнинг муайян турини танлаш


3 йилгача

+

*

-

3.

Ўқув-машқ

Ихтисослашув ва спортнинг танланган тури бўйича чуқурлаштирилган машқ қилиш


5 йилгача

+

+

*

4.

Спортда камолотга эришиш


Спорт маҳоратини такомиллаштириш


3 йилгача

*

+

+

5.

Олий спорт маҳорати босқичи


Шахсий имкониятларни намоён қилиш


3 йил ва ундан ортиқ


-

*

+

         

Шартли белгилар:

"+" - асосий функция;

"*" - зарурият бўлганда ҳамда зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил этишга рухсат берилади;

"-" - тавсия этилмайди.


VI. СПОРТ МАКТАБИ ЎҚУВЧИ-СПОРТЧИЛАРИ,

СПОРТ ЎҚУВ ГУРУҲЛАРИНИ ТЎЛДИРИШ


23. Спорт мактаби соғлиғининг ҳолатида чекланишлари ва спорт билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлари бўлмаган болалар, ўсмирлар ва ёшларга, шунингдек Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан келишган ҳолда имконияти чекланган болалар, ўсмирлар ва ёшларга ўқишга кириш ва ўқиш учун тенг шароитлар яратилган ҳолда улар билан тўлдирилади.

Спорт мактабларига, жинси, тили, ирқи, миллати, диний мансублиги, ижтимоий келиб чиқиши, машғулоти тури, ижтимоий мавқеи, яшаш жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаганлигидан қатъи назар, ўғил болалар ва қизлар (ёш йигитлар ва қизлар) қабул қилинади.


24. Ўқувчи-спортчиларни спорт мактабига қабул қилиш, белгиланган тартибда, ўқишга кираётганнинг аризаси ва ота-оналарнинг (ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) ёзма розилиги асосида, яшаш жойи бўйича даволаш муассасаси томонидан берилган ўқишга кираётганнинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома ва бошқа зарур ҳужжатлар мавжуд бўлганда спорт мактаби директорининг буйруғи билан амалга оширилади.

25. Тайёргарлик босқичларига ва спорт турларига кўра спорт мактабига қабул қилиш учун ўқувчи-спортчиларнинг энг кичик ёшини белгилайдиган нормативлар, белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Спорт мактаби ўқувчи-спортчиларини қабул қилиш, ўқишни кўчириш, ўқишдан четлатиш ва ўқишни тиклаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

26. Спорт мактаби ўқувчи-спортчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тренер-ўқитувчи раҳбарлигида спорт тайёргарлигидан ўтиш, ўқув-машқ жараёнида ва спорт мусобақаларида қатнашиш;

спорт мактаби томонидан белгиланган тартибда спорт мактабининг ахборот ресурслари, жисмоний тарбия-спорт иншоотлари, спорт жиҳозлари ва анжомларидан фойдаланиш;

белгиланган тартибда спорт жиҳозлари, якка тартибда фойдаланиладиган спорт формаси ва кийим-бош олиш;

ўқув-машқ машғулотлари ва мусобақалар жараёнида хавфсиз шарт-шароитларга эга бўлиш ва соғлиғини сақлаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш;

ўқишни бошқа спорт-таълим муассасаларига кўчириш.


27. Спорт мактабининг ўқувчи-спортчилари қуйидагиларга мажбур:

ўзининг назарий, умумий ва махсус жисмоний тайёргарлигини доимий равишда ошириш, спорт маҳоратини ўстириш;

якка тартибдаги ва гуруҳли машғулотларнинг ўқув режалари ва дастурларини бажариш;

спорт режими ва гигиеник талабларга риоя қилиш;

тренер-ўқитувчилар ва бошқа ўқувчи-спортчиларнинг шаъни ва шахсий қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

спорт мактабининг мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, спорт мактабининг ички тартибига риоя қилиш;

врач назорати талабларига қатъий риоя қилиш, мунтазам равишда, 6 ойда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиш.


28. Спорт мактаби ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун ва ўз фаолияти йўналишларига мувофиқ бўлимлар очади ва:

спорт билан шуғулланишни хоҳлайдиган болалар ва ўсмирлардан спорт-соғломлаштириш гуруҳлари ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларини;

бошланғич тайёргарлик гуруҳларида камида бир йил зарур спорт тайёргарлигидан ўтган ҳамда ўқув дастурларида белгиланган умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик бўйича қабул учун норматив талабларни бажарган иқтидорли ва спорт билан шуғулланишга қодир бўлган болалар ва ўсмирлардан ўқув-машқ гуруҳларини;

ўқув-машқ гуруҳларида тайёргарлик босқичидан ўтган ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича қабул учун норматив талабларни бажарган ва тегишли спорт разрядига эга бўлган спортчилардан спортда камолотга эришиш гуруҳларини;

спортда камолотга эришиш гуруҳларида тайёргарлик босқичидан ўтган, тегишли спорт разрядига эга бўлган ҳамда минтақа ёки республика терма жамоаларининг асосий таркибига ёки стажёрлари таркибига қабул қилиш учун қўйиладиган талабларга жавоб берадиган ва спортда барқарор юқори натижалар кўрсатадиган спортчилардан олий спорт маҳорати гуруҳларини тўлдиради.


29. Тайёргарлик босқичлари ва спорт турларига кўра спорт мактаби ўқув гуруҳларининг энг кам сонини ва уларда шуғулланадиганлар сонини (ўқув гуруҳининг тўлиқлигини) белгилайдиган нормативлар, шунингдек тайёргарлик босқичлари бўйича ўқувчи-спортчиларнинг спорт маҳорати даражасига қўйиладиган талаблар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

30. Ўқувчи-спортчиларнинг рўйхатдаги таркиби ва спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича спорт мактаби ўқув гуруҳлари сони ҳар йили (ўқув йили бошлангунга қадар) спорт мактаби директори ва муассиси томонидан тасдиқланади. Ушбу ҳужжатлар маълумотлари асосида спорт мактаби раҳбарияти ўқув-машқ ишлари режимининг йиллик соатлар ҳисобини амалга оширади ва спорт мактаби ишларининг йиллик ўқув режасини тузади.

Спорт мактабининг спортда камолотга эришиш ва олий спорт маҳорати гуруҳлари сони, шунингдек улардаги ўқувчи-спортчилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳудудий органлари билан мажбурий тартибда келишилиши керак.

31. Спорт мактаби ўқувчи-спортчиларини кейинги йилда ўқиладиган гуруҳларга ёки спорт тайёргарлиги босқичига ўтказиш белгиланган тартибда ўқиш муддатлари ва ўқувчи-спортчилар томонидан ўқув дастурлари ўзлаштирилиши, улар томонидан умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик бўйича назорат-ўтказиш нормативлари бажарилиши, соғлиғининг ҳолати тиббий-биологик кўрсаткичлари асосида, шунингдек тегишли спорт разряди мавжуд бўлганда спорт мактаби тренерлар кенгашининг қарори билан амалга оширилади.

Белгиланган талабларни бажармаган ўқувчи-спортчилар ўқишнинг навбатдаги йилига ёки спорт тайёргарлиги босқичига ўтказилмайди. Ушбу ўқувчи-спортчиларга белгиланган тартибда спорт мактаби раҳбарияти ва тренерлар кенгашининг қарори билан спорт тайёргарлигининг айнан шу босқичида ўқишни давом эттириш (такроран ўқиш) имконияти берилиши мумкин.


32. Кейинги йилда ўқитиладиган гуруҳга ўтказиш учун белгиланган ёшга етмаган, бироқ ўқишнинг олдинги йили дастурий талабларини бажарган айрим ўқувчи-спортчилар тренерлар кенгашининг қарори билан ва шахсий тиббий рухсатнома асосида ўқишнинг навбатдаги йили гуруҳига ўтказилиши мумкин. Ўтказиш спорт мактаби директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


33. Ўқувчи-спортчиларни ўтказиш ўқишнинг ҳар бир босқичидан кейин тегишли спорт ўқув гуруҳларида амалга оширилади.


34. Ўқувчи-спортчиларни бошқа спорт мактабига ўтказиш ўқувчи-спортчининг аризаси асосида, ўқувчи-спортчи ўқиётган спорт мактаби раҳбариятининг ва унинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) ёзма розилиги билан амалга оширилади.


35. Спорт мактаби томонидан спорт маҳоратини ошириш учун спорт тайёргарлигининг олий бўғинига (юқорироқ босқичда спорт тайёргарлигини амалга оширадиган спорт-таълим муассасасига, шунингдек спортнинг ўйин турлари бўйича маҳоратлилар жамоасига) ўтказилган ўқувчи-спортчилар спорт мактаби гуруҳларининг сон таркибига кирмайди, бироқ ушбу спорт мактабининг тарбияланувчилари ҳисобланади ва унинг жамоаси учун спорт мусобақаларида қатнашиши мумкин.


36. Йил давомида бошқа спорт-таълим муассасасига ўтказилган ўқувчи-спортчининг спортдаги ютуқлари параллел равишда олдинги спорт мактабининг иш натижаларига киритилади.


37. Спорт мактабининг спорт тури (турлари) бўйича минтақа ёки республика терма жамоалари таркибига расмий ўтказилиши даврида ўқувчи-спортчилар спорт мактабининг тегишли спорт ўқув гуруҳи рўйхатида қолади.


38. Ўқувчи-спортчиларни спорт мактабидан чиқариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

бошқа спорт-таълим муассасасига, шу жумладан, ўқувчи-спортчининг ўзининг ташаббуси билан ўтказилганда;

тиббиёт муассасаларининг тегишли хулосалари билан тасдиқланган жисмоний юклама ва спорт билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлар аниқланганда;

тегишли норматив талаблар бажарилмаганда, спорт натижаси пасайганда;

ўқув интизоми ва спорт мактабининг ички тартиб-қоидалари бузилганда, шу жумладан, маънавий ахлоқсизлик содир этилганда, спорт одоб-ахлоқи бузилганда;

спорт тайёргарлиги режими бузилганда, шу жумладан, тақиқланган фармокологик ва наркотик воситалар қўлланилганда амалга оширилади.

Ўқувчи-спортчиларни касал бўлган вақтида ўқишдан четлатишга йўл қўйилмайди.


39. Ўқув йили мобайнида ўқувчи-спортчи спорт-ўқув гуруҳидан чиқиб кетган ёки ўқишдан четлаштирилган тақдирда спорт мактаби уни белгиланган нормаларга мувофиқ бир ой муддатда тўлдириши керак.


40. Спорт тайёргарлигининг барча босқичларидан ўтган ва белгиланган тартибда битирув нормативларини топширган ўқувчи-спортчилар спорт мактаби битирувчилари ҳисобланади.

Спорт мактаби битирувчиларига, уларнинг жисмоний сифатлари даражаси кўрсатилган ва келгусида спортда камолотга эришишга доир тавсиялар берилган спортчи картаси ҳамда спорт тайёргарлиги даражаси кўрсатилган ҳолда, белгиланган намунадаги тамомлаганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.



VII. ЎҚУВ-МАШҚ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


41. Спорт мактабида ўқув йили 2 сентябрдан, республика олий спорт маҳорати мактабларида 1 январдан бошланади.

Ўқув йилининг қанча давом этиши спорт турининг хусусиятига, спорт мусобақалари тақвимига, спорт тайёргарлигининг даврийлаштирилишига боғлиқ бўлади ва спорт мактаби раҳбарияти томонидан спортнинг ҳар бир тури учун якка тартибда белгиланиши мумкин.


42. Спортчилар билан ўқув-машқ машғулотлари белгиланган тартибда тасдиқланган ва спорт тури бўйича тегишли спорт ўқув гуруҳи учун мўлжалланган ўқув дастурлари ва йиллик ўқув режаси бўйича ўтказилади.


43. Ўқув-машқ машғулотлари жадвали болаларнинг ёш хусусиятлари ва белгиланган санитария-гигиена нормалари ҳисобга олинган ҳолда машқларнинг қулайроқ режимини, ўқувчи-спортчиларнинг дам олишини, уларнинг таълим муассасаларида ва бошқа муассасаларда ўқишини белгилаш мақсадида тренер-ўқитувчининг тақдимномаси бўйича спорт мактаби маъмурияти томонидан тузилади.


44. Ўқув-машқ машғулотларининг мазмуни тасдиқланган ўқув дастурларига мувофиқ бўлиши керак.


45. Ўқув-машқ жараёни ўқитишнинг техник воситалари кенг қўлланилган, тиклаш тадбирлари ўтказилган ҳолда спорт машқларини бажаришнинг замонавий методикаси асосида тренер-ўқитувчилар томонидан амалга оширилади ҳамда машқлар ва мусобақаларда қатнашиш фаолияти бирга қўшиб олиб борилиши негизида ташкил этилади.


46. Қуйидагилар спорт мактаби ўқув-жараёнининг асосий шакллари ҳисобланади:

гуруҳларда ва якка тартибда ўқув-машқ машғулотлари ва назарий машғулотлар;

ўқув-машқ йиғинлари;

тиклаш, профилактика ва соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш, ўқувчи-спортчиларни тиббий-биологик текшириш, педагогик тест синовидан ўтказиш;

ўқувчи-спортчиларнинг турли даражадаги мусобақалар ва ўйинли учрашувларда иштирокини ташкил этиш;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳларида ўқувчи-спортчилар билан машқ ўтказиш;

етакчи спортчилар иштирокида ўқув видео ёзувларини, кино дастурларни ҳамда спорт мусобақаларини кўриш ва таҳлил қилиш;

ўқувчи-спортчиларнинг инструкторлик ва ҳакамлик амалиётини ўтказиш.


47. Спорт-соғломлаштириш йўналишидаги ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларида бир ўқув-машқ машғулотининг қанча давом этиши (машқ юкламаси ҳажми) икки академик соатдан ортиқ бўлмаслиги, ўқув-машқ гуруҳларида эса - бир ҳафтада камида тўрт марта ўқув-машқ машғулотлари ўтказилган ҳолда уч академик соатдан ортиқ бўлмаслиги керак. Юклама бир ҳафтада 20 соатни ва ундан кўпни ташкил этган гуруҳларда - тўрт академик соатни, бир кунда икки марта ўқув-машқ машғулотлари ўтказилганда - уч академик соатни ташкил этади.


48. Спорт мактабида спорт турлари бўйича тренер-ўқитувчилар бригадалари ташкил этилиши мумкин. Бригадалар ўқувчи-спортчиларни танлаш, спортчилар тайёрлашнинг замонавий талабларига мувофиқ кўп йиллик режали ўқув-машқ ва тарбия жараёни амалга оширилишини ташкил этиш масалаларини ҳал этади.

Ўқув юкламаси, шунингдек ўқувчи-спортчиларнинг спорт натижалари бригаданинг барча аъзоларига ҳисобланади. Бригаданинг ҳар бир аъзоси учун миқдор кўрсаткичлари бригада аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.


49. Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашишга қўйилган жамоалар ва ўқувчи-спортчиларни тайёрлаш мақсадида спорт мактаби ўқув-машқ ишларига ажратилган маблағлар доирасида ўқув-машқ йиғинлари ўтказиш ҳуқуқига эга.


50. Ўқув-машқ йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш спорт мактабининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.

51. Ўқув-машқ йиғинларининг вазифалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси (туман, вилоят, республика ва халқаро) ҳисобга олинган ҳолда спорт мактабининг тренерлар кенгаши томонидан белгиланади. Ўқув-машқ йиғинлари ўқувчи-спортчиларнинг спорт маҳорати ошишини таъминлаши керак, муайян шароитларда ва машқ циклининг муайян даврларида ўтказилади.

52. Спорт мактабининг турли спорт мусобақаларида ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда, шу жумладан, турли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган халқаро мусобақалар ва тадбирларда қатнашиши тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига биноан ҳамда уларнинг регламентларига, низомларига ёки расмий таклиф этилишига мувофиқ амалга оширилади.

53. Ўқув-машқ жараёни изчиллигини, ўқувчи-спортчиларнинг спорт тайёргарлиги ва фаол дам олишини таъминлаш мақсадида таътил даврида спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этади.


54. Ўқув-машқ машғулотлари жараёнида спорт мактаби директор томонидан тасдиқланган режага мувофиқ ўқувчи-спортчилар билан тарбиявий ишларни ташкил этади ва амалга оширади. Спорт мактабининг тарбиявий ишлари шахснинг баркамол бўлишига кўмаклашади ва ўқувчи-спортчиларда ватанпарварлик туйғуси, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга эҳтиёжни, ўз билимлари, малака ва кўникмаларини доимо тўлдириб боришни шакллантиришга йўналтирилган.


55. Спорт мактаби ўқув-машқ ҳамда тарбия жараёнини ташкил этиш ва амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида ва спорт мактаби уставида белгиланган тартибда зарур ҳужжатлаштиришни юритади.


VIII. СПОРТ МАКТАБИНИ БОШҚАРИШ


56. Спорт мактабини бошқариш ушбу Низомга ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, спорт мактабининг уставига мувофиқ ҳамда якка бошчилик, демократия, ўзини ўзи бошқариш ва ошкоралик тамойилларини уйғунлаштириш асосида амалга оширилади.


57. Спорт мактабига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

Шунингдек, спорт мактаби директори лавозимига олий маълумотга эга бўлган, олдинги касб фаолиятидан қатъи назар бошқарув тажрибасига эга бўлган шахслар тайинланиши мумкин.

58. Директор спорт мактаби ишига умумий раҳбарлик қилади, унинг фаолияти барча йўналишлари бўйича тўлиқ жавоб беради, педагоглар жамоаси билан биргаликда спорт мактабини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, давлат ва жамоат органларида унинг манфаатларини ифодалайди, спорт мактабининг хўжалик фаолияти билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этади, кадрларни тайинлайди ва жой-жойига қўяди, ходимларни лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


59. Спорт мактаби директорининг ўринбосарлари спорт мактаби муассиси билан келишган ҳолда спорт мактаби директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


60. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари жисмоний тарбия соҳасида олий маълумотли ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида камида уч йил иш стажига эга бўлган тажрибали мутахассислардан тайинланади.

Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ўқув жараёни ва тарбиявий ишлар ташкил этилиши, спорт бўйича тренер-ўқитувчилар малакаси оширилиши учун жавоб беради, спорт мактабида спорт мусобақалари ўтказилиши ҳамда спорт мактабининг ўқувчи-спортчиларининг туман, шаҳар мусобақаларида ва бошқа спорт мусобақаларида қатнашишини таъминлайди, спортчиларни ўқитиш ва уларнинг машқ қилиши методикасини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўради, ўқув-машқ машғулотлари сифатини, ўқув режалари ва машғулотлар жадвали бажарилишини назорат қилади.

61. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари маъмурий-хўжалик фаолияти бўйича тажрибага эга бўлган мутахассислардан тайинланади.

Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ўқув-машқ жараёни учун моддий-техник шарт-шароитлар яратилиши, спорт мактабининг мол-мулки, жиҳозларининг сақланиши ва созлиги, бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш, уларни зарур санитария ҳолатида сақлаш, транспорт таъминоти ва ундан фойдаланиш учун жавоб беради.

62. Спорт мактабида ташкилий, тарбиявий, соғломлаштириш ва методик ишларни жисмоний тарбия бўйича олий маълумотли ва камида бир йил тренер-ўқитувчилик бўйича иш тажрибасига эга бўлган мутахассислардан тайинланадиган инструктор-методист амалга оширади.

Инструктор-методист ўқув-машқ машғулотлари ўтказилиши, спорт турлари бўйича дастурлар, ўқув режалари ва машғулотлар жадвали бажарилиши, ўқув-методик ҳужжатлар юритилиши, мактабнинг разрядчилари ва спорт рекордлари ҳисоби юритилишини назорат қилади, спорт мактабининг методик хонаси ишига раҳбарлик қилади, ўқув-тарбия жараёни масалалари бўйича тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари ва ташкилотлар, идоралар билан алоқани таъминлайди.


63. Спорт мактабининг катта инструктор-методисти инструктор-методист лавозимида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахслардан тайинланади.

Катта инструктор-методист инструктор-методистлар ишига раҳбарлик қилади ва ўқув-машқ жараёни ўтказилиши устидан назоратни таъминлайди, методик хона ишини ташкил этади, спорт мактаби тадбирларини ўтказади, ўқувчи-спортчиларнинг жисмоний тарбияси бўйича умуммактаб тадбирлари ўтказилиши учун жавоб беради.


64. Спорт мактабининг тренер-ўқитувчилар таркиби олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар жисмоний тарбия маълумотига эга бўлган мутахассислардан бутланади. Бунда жисмоний тарбия маълумотига эга бўлиш назарда тутилмаган спорт турлари бўйича тренер-ўқитувчилар таркиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган шахслардан бутланиши мумкин.

Шунингдек, тренер-ўқитувчилар таркиби спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари мусобақаларининг ғолиб ва совриндор спортчиларидан бутланиши мумкин.

Умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари спорт мактабларига ўриндошлик асосида оммавий спорт турлари бўйича тренер-инструктор лавозимига ишга қабул қилиниши мумкин.

Спорт мактабининг тренер-ўқитувчилари ҳар беш йилда бир марта Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида (ёки унинг филиалларида) белгиланган тартибда малака ошириши лозим.

Малака ошириш муддати ўтган (ёки малака оширишдан ўтмаган) тренер-ўқитувчиларга меҳнат фаолияти давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Таълим муассасаларининг спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналиши битирувчилари тегишли спорт тури бўйича тренер лавозимига ишга қабул қилинганда уч йилдан сўнг малака ошириш курсларига жалб этиладилар.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига ишга қабул қилинадиган футбол ва регби бўйича тренерликка номзодлар мажбурий тартибда тегишлича Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон регби федерацияси билан келишилади.

Спорт бўйича тренер-ўқитувчилар ўқув гуруҳларини танлайди ва тўлдиради, ўқувчи-спортчилар билан тарбиявий ва ўқув-машқ ишлари олиб боради, ўқувчи-спортчилар тиббий кўрикдан ва диспансер кўригидан ўз вақтида ўтишини назорат қилади, ўқувчи-спортчилар учун уларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўқув-машқ режаларини ишлаб чиқади, ўқув-машқ жараёнини такомиллаштириш ва унга энг самарали ва замонавий шакллар ва усулларни жорий этиш бўйича таклифлар киритади.

65. Спорт мактабининг спорт турлари бўйича бўлимларида спорт мактаби директорининг буйруғи билан етакчи тренер-ўқитувчилардан, агар уларнинг ҳар бирининг раҳбарлиги остида камида икки нафар тўлиқ юкламали тренер-ўқитувчи ишласа, спорт бўйича тренер-ўқитувчи лавозимида иш стажига эга бўлган спорт бўйича катта тренер-ўқитувчилар тайинланади.

Катта тренер-ўқитувчилар ҳам спорт мактабининг спорт бўйича бўлимига, ҳам спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича алоҳида ўқув гуруҳларига раҳбарлик қилиш учун тайинланиши мумкин.

Спорт бўйича катта тренер-ўқитувчи тренер-ўқитувчи учун назарда тутилган функциялар билан биргаликда тренер-ўқитувчилар иши сифатини назорат қилади, ўқув-машқ жараёни ташкил этилиши, ўқув гуруҳлари тўлиқ бутланиши, ўқув режалари ва дастурлари бажарилиши, ўқувчи-спортчиларнинг қабул ва назорат синовлари ўтказилиши, юқори даражали спортчилар тайёрлашнинг якка тартибдаги ва истиқболли режалари ишлаб чиқилиши, бўлимларнинг тренерлар кенгашлари ўтказилиши, тренер-ўқитувчилар малакасини ошириш тадбирлари ташкил этилиши учун жавоб беради.


66. Спорт мактабида тренерлар кенгаши ташкил этилади. Кенгаш ўқув-машқ ва тарбиявий ишлар, ўқувчи-спортчиларни танлаш ва ўтказиш, спортчилар тайёрлашни якка тартибда режалаштириш, спорт мактабининг спорт тадбирларида иштирок этиши, ўқув-машқ жараёнини ўтказиш методикаси такомиллаштирилиши масалаларини, шунингдек спорт мактаби уставида назарда тутилган бошқа масалаларни кўриб чиқади.


67. Спорт мактабини бошқарув, ёрдамчи, хўжалик ва тиббиёт ходимлари билан бутлаш белгиланган тартибда тасдиқланган нормативларга мувофиқ амалга оширилади.


68. Спорт мактабининг барча ходимларига қўйиладиган малака тавсифлари, лавозим талаблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

69. Ўқувчи-спортчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босадиган шахслар) спорт мактабида ўтказиладиган ўқув-машқ ва тарбиявий жараён билан танишиш, шунингдек унда спорт мактабининг уставида назарда тутилган тартибда иштирок этиш ҳуқуқига эга.



IX. ТИББИЙ НАЗОРАТ


70. Спорт мактабида ўқувчи-спортчилар соғлиғининг ҳолати юзасидан тиббий назорат спорт мактабининг тиббиёт ходимлари томонидан, улар бўлмаганда эса - белгиланган тартибда спорт мактабига бириктирилган тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан амалга оширилади.

71. Спорт мактаби ўқувчи-спортчиларини чуқурлаштирилган тиббий текширишдан ўтказишни спорт мактаби жойлашган жой бўйича тегишли соғлиқни сақлаш муассасаси таъминлайди.


72. Спорт мактабининг тиббиёт ходимлари белгиланган тартибда ўқув-машқ жараёнини, спорт мусобақалари ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳини тиббий таъминлайди, машқ юкламаларининг ҳажми ва мунтазам ўтказилишини назорат қилади, ўқувчи-спортчиларни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларини тузиш ва тасдиқлашда қатнашади, чуқурлаштирилган тиббий текшириш ўтказилишини ташкил этади.


73. Спорт мактабининг ўқувчи-спортчиларига, ўқувчи-спортчиларнинг соғлиғи ҳолати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда, белгиланган намунадаги даволаш-назорат картаси тўлдирилади. Ушбу карта спорт мактабининг тиббиёт хонасида ёки спорт мактаби жойлашган жойдаги соғлиқни сақлаш даволаш муассасасида сақланади.


X. СПОРТ МАКТАБИНИ МОДДИЙ ТАЪМИНЛАШ,

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА ҲИСОБОТ БЕРИШ


74. Муассис спорт мактабига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган мол-мулкни спорт мактабига белгиланган тартибда бириктиради ва (ёки) тақдим этади.


75. Спорт мактаби ўзига бириктирилган ва ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.


76. Спорт ускуналари, жиҳозлар, методик адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар, спорт кийимлари ва формалари сотиб олиш, шунингдек ўқувчи-спортчиларнинг спорт тадбирлари ва ўқув-машқ йиғинларида қатнашишини таъминлаш спорт мактаби томонидан унга ажратиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари манбалар ҳисобига тушумлар доирасида амалга оширилади.


77. Спорт мактабида ўзининг спорт иншоотлари ва асбоб-ускуналари мавжуд бўлмаган тақдирда мактабнинг харажатлар сметасида тузилган шартномага мувофиқ миқдорда уларни ижарага олиш харажатлари учун маблағлар назарда тутилади.


78. Спорт мактаби ўқувчи-спортчилари ва ходимларини моддий таъминлаш белгиланган тартибда тасдиқланган Спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассисларини моддий ва мулкий таъминлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


79. Спорт мактаби фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича пулли хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

асосий машғулотлар ўтказиладиган вақтда бўш бўлган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


80. Спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


81. Спорт мактаби ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


82. Спорт мактаби муассис билан келишган ҳолда ўз молия-хўжалик фаолиятини режалаштиради, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун ҳақ миқдорини мустақил белгилайди.


83. Спорт мактаби белгиланган тартибда молия ва статистика ҳисоботи юритади, тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади.


84. Спорт мактабининг молия-хўжалик фаолиятини ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



XI. ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТ


85. Спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ва жамоат ташкилотлари орқали жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича халқаро фаолиятни амалга ошириш, мактабнинг тренер-ўқитувчи ходимлари ва спортчиларини айирбошлаш бўйича хорижий спорт муассасалари ва ташкилотлари билан битимлар тузиш, биргаликда спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ўтказиш ҳуқуқига эга.



XII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


86. Спорт мактабини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 38-сон, 331-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами”, 2010 йил, 9-сон, 50-модда














































Время: 0.1525
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск