Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / Урта таълим /

Алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.11.2010 й. 268-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 26 ноябрдаги

268-сон қарорига

1-ИЛОВА


Алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш

ва таълим беришга муҳтож болалар учун

ихтисослаштирилган мактаб тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида", "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида", "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ихтисослаштирилган мактаб ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўз уставига амал қилади.


3. Ихтисослаштирилган мактаб алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болаларга таълим беришни, уларнинг касб-ҳунар тайёргарлиги ва ижтимоий-педагогик реабилитациясини амалга оширувчи ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаси ҳисобланади.


4. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

баркамол, жисмоний ва руҳий соғлом шахсни тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, масъулиятлилик, мустақиллик ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш;

болаларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишларига, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда уларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи психологик, тиббий ва ижтимоий реабилитациясини таъминловчи чора-тадбирларни амалга ошириш;

болаларнинг давлат таълим стандартлари асосида умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш;

тарбияланувчиларда қонунга итоаткорликни шакллантиришга, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама ривожлантиришга ёрдам беришга йўналтирилган дастур ва методик қўлланмаларни рўёбга чиқариш чора-тадбирларини амалга ошириш.


5. Ихтисослаштирилган мактабда тарбияланувчиларни таъминлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган махсус шарт-шароитлар таъминланади:

ихтисослаштирилган мактаб ҳудудини қўриқлаш;

тарбияланувчиларнинг шахсий хавфсизлигини ва салбий таъсирлардан юқори даражада ҳимоя қилиш;

ихтисослаштирилган мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини чеклаш;

ихтисослаштирилган мактабда тарбияланаётганларнинг унинг ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;

тарбияланувчиларни кеча-кундуз, шу жумладан, уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;

тарбияланувчиларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш.



II. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


6. Ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.


7. Ихтисослаштирилган мактаб ўғил болалар учун алоҳида, қиз болалар учун алоҳида ташкил этилади.


8. Ихтисослаштирилган мактаб давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, банк муассасаларида ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга, шунингдек белгиланган намунадаги пешлавҳасига эга бўлади.


9. Ихтисослаштирилган мактабнинг давлат аккредитацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



III. ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБГА ЖОЙЛАШТИРИШ ВА МАКТАБДАН

ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


10. Ихтисослаштирилган мактабга ўн бир ёшдан ўн олти ёшгача (умумий ўрта маълумот олишни тугалламаган) бўлган, таъминлаш, тарбиялаш ва таълим бериш учун алоҳида шароитларга муҳтож вояга етмаганлар қуйидаги ҳолларда жойлаштирилиши мумкин, агар улар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган бўлса;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган бўлса.


11. Суд ажрими вояга етмаганларни ихтисослаштирилган мактабга жойлаштириш учун асос ҳисобланади.

Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган мактабга қабул қилиш суд ажрими асосида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган йўлланмалар бўйича амалга оширилади.


12. Ихтисослаштирилган мактабга йўлланадиган ҳар бир вояга етмаган бола учун ички ишлар органларининг мансабдор шахслари (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда - профилактика инспекторлари, Тошкент шаҳрида эса - вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг профилактикаси инспекторлари) томонидан ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходими кўмагида шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади.

Вояга етмаганнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлади:

жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг вояга етмаганни ихтисослаштирилган мактабга жойлаштириш ҳақидаги ажрими;

туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар (мавжуд бўлса);

ўқиш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;

вояга етмаганнинг яшаш ва тарбияланиш шароитларини текшириш далолатномаси;

тегишли маълумотномалар билан бирга тиббий карта;

соғлиқни сақлаш муассасасининг вояга етмаган шахснинг соғлиғи ва уни ихтисослаштирилган мактабга жойлаштириш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси.


13. Ихтисослаштирилган мактабга йўлланаётган етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларида юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар ҳам бўлиши лозим:

етим болалар ҳамда ота-она қаровисиз қолган болаларга нисбатан васийлик белгилаш ёки таълим муассасасига жойлаштириш ҳақидаги туман (шаҳар) ҳокими қарорининг нусхаси;

ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар (паспортлар ёки ота-онаси ўлганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, суд ҳукмлари ёки қарорлари, ота-онанинг узоқ вақтдан буён касаллиги тўғрисидаги маълумотнома ва ота-онаси йўқлигини ёки уларнинг ўз болаларини тарбиялашга имкони йўқлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар);

вояга етмаганнинг ота-онасидан қолган мол-мулки (агар мол-мулк мавжуд бўлса) рўйхати, мол-мулкнинг жойлашган жойи, унинг сақланишини таъминлаш учун қандай чора-тадбирлар кўрилгани, унинг сақланиши учун жавобгар шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

турар жойнинг вояга етмаганга биркитиб қўйилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (ордер, уй дафтари, турар жой тархи, туман (шаҳар) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалидан турар жойнинг эгаси ва турар жойни хусусийлаштириш факти тўғрисидаги маълумотнома);

пенсия олаётган вояга етмаганнинг пенсия дафтарчаси, суднинг бола фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги қарори нусхаси, жамғарма дафтарчаси.


14. Ихтисослаштирилган мактабда тарбияланувчилар ўн олти ёшга тўлгунларига қадар сақланиши мумкин.

Истисно ҳолларда тарбияланувчиларнинг ихтисослаштирилган мактабда бўлиши улар 17 ёшга тўлгунларига қадар узайтирилиши мумкин.

Вояга етмаганлар ихтисослаштирилган мактабда хулқи тузалгунига қадар бўладилар, бироқ уч йилдан ортиқ эмас.

Ихтисослаштирилган мактаб жойлашган жой бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссияси тарбияланувчига жорий ўқув йилида тегишли синфни тамомлагунига қадар уч йиллик муддат тамом бўлгунгача кўрсатиб ўтилган муассасада қолишга рухсат бериши мумкин.

Ихтисослаштирилган мактабнинг ўн беш ёшга тўлган (умумий ўрта маълумот олишни тугаллаган), бироқ ўз хулқини тузатмаган тарбияланувчилари бундай мактаблар жойлашган жой бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) комиссияси томонидан ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларига юборилиши мумкин.

15. Тарбияланувчиларнинг ихтисослаштирилган мактабда бундан кейин бўлишларининг мақсадга мувофиқ-номувофиқлиги масаласи вақти-вақти билан, лекин йилига камида бир марта ушбу муассасалар жойлашган жойдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари томонидан мазкур комиссияларнинг ўз ташаббуси билан, ихтисослаштирилган мактаб маъмуриятининг тақдимномаси ёки вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки улар ўрнини босувчи шахслар илтимосига биноан кўриб чиқилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатда назарда тутилган, вояга етмаганларнинг ихтисослашган ўқув-тарбия муассасаларида сақланиши, тарбияланиши ва таълим олишига тўсқинлик қиладиган жисмоний нуқсонлари ва касалликлари бор вояга етмаганлар ихтисослашган мактабга жойлаштирилиши мумкин эмас.


17. Тарбияланувчининг ихтисослаштирилган мактабда бўлиши раҳбар томонидан тасдиқланган педагогик кенгашнинг қарори асосида ушбу муассаса жойлашган жой бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссиясининг қарорига кўра тўхтатилади, бу ҳақда тарбияланувчи битиришидан камида бир ой олдин у яшайдиган жой бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия томонидан хабардор қилинади, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия вояга етмаганни ишга жойлаштириш ёки таълим муассасасига йўллаш ва унга зарур моддий-маиший шароитлар яратиш чораларини кўриши шарт.

18. Тарбияланувчи ихтисослаштирилган мактабдан чиқарилган тақдирда у тарбияланиши ва таълим олиши даврида фойдаланган кийим-бош ва пойабзал комплекти бепул берилади.

Ихтисослаштирилган мактабдан чиқарилаётган вақтда, якуний давлат аттестациясидан ўтган тарбияланувчиларга белгиланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлар берилади.

Таълимни якунламаган тарбияланувчиларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.


19. Ўн олти ёшгача бўлган тарбияланувчилар, ихтисослаштирилган мактабдан чиқарилаётган вақтда доимий яшаш жойларига ихтисослаштирилган мактаб ходимлари, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида юбориладилар.



IV. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


20. Тарбияланувчиларни ихтисослаштирилган мактабда таъминлаш, тарбиялаш ва ўқитиш тартиби уларнинг индивидуал жиҳатлари, ёши, жинси, руҳий ва жисмоний ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ихтисослаштирилган мактабдаги маиший шарт-шароитлар тарбияланувчиларни реабилитация жараёнига кўмаклашиши, улардаги ҳиссий зўриқишни йўқотишга шароитлар яратиши керак.


21. Ихтисослаштирилган мактабда таълим бериш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, умумий ўрта таълим ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида олиб борилади.

Ўқув йилининг бошланиши, ўқув машғулотлари ва таътилларнинг муддатлари, шунингдек якуний давлат аттестацияси ва таълим тўғрисидаги ҳужжатларни бериш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


22. Ихтисослаштирилган мактабда ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий шакллари белгиланади: ўқув дарслари, амалий ва лаборатория машғулотлари, факультатив ва консультациялар. Ўқув режалари ва таълим дастурларида белгиланадиган мажбурий ўқув машғулотлари тарбияланувчиларнинг мустақил ишлари билан тўлдирилади.

Ихтисослаштирилган мактабнинг гуруҳ ва синфидаги болалар 25 нафарни ташкил қилади.


23. Таълим жараёнини ташкил этишда ихтисослаштирилган мактаб соғлиқни сақлаш, маданият, спорт муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


24. Тарбия, таълим, меҳнат ва дам олишнинг асосланган ҳолда уйғунлаштирилишини таъминловчи кун тартиби тарбияланувчиларнинг ихтисослаштирилган мактабда бўлиш муддатлари давомийлигини ҳисобга олган ҳолда тузилади.


25. Болаларнинг меҳнат тарбияси тиббий кўрсатмалар ва педагогик тавсияларни ҳисобга олган ҳолда, ўқитишни меҳнат малакаларига эга бўлиш билан уйғунлаштириш асосида амалга оширилади.


26. Ихтисослаштирилган мактабда тарбияланувчиларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган турли тўгараклар, қизиқишлар бўйича клублар, секциялар (шу жумладан спорт секциялари), студиялар ташкил этилади.


27. Ёзги таътил даврида ихтисослаштирилган мактаб тарбияланувчилар учун оромгоҳлар ташкил қилиши, шунингдек оммавий дам олишнинг бошқа турларидан фойдаланиши мумкин.


28. Ихтисослаштирилган мактабда психологик-тиббий-педагогик комиссия ташкил этилади, комиссиянинг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия ҳар олти ойда реабилитация жараёнидаги ўзгаришларни кўриб чиқади ва тарбияланувчи билан якка тартибда ишлаш режасига тузатишлар киритади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилинган педагогик кенгаш қарорига кўра ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти ушбу мактаб жойлашган жойдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссияларига қуйидаги масалалар бўйича тақдимотлар киритади:

тарбияланувчини бошқа ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига ўтказиш;

агар тарбияланувчининг хулқ-атвори тузалгани сабабли мазкур таъсир кўрсатиш чораси қўлланилишини давом эттириш зарур бўлмаса ёки соғлиғининг ҳолати туфайли мазкур муассасада бўлиши мумкин бўлмаса унинг бу ерда бўлишнинг суд белгилаган муддат тугашидан аввал тўхтатиш;

тарбияланувчининг таълим олишини тугаллаш зарурати бўлган тақдирда унинг мазкур муассасада бўлиш муддатини узайтириш.



V. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБНИНГ

ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


29. Тарбияланувчилар ва педагог ходимлар ихтисослаштирилган мактабда таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


30. Тарбияланувчилар давлат таълим стандартларига мувофиқ бепул умумий ўрта таълим олиш, малакали тиббий хизмат кўрсатилиши, интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган тўгараклар, клублар, секциялар ва студияларда қатнашиш ҳуқуқига эга.


31. Ихтисослаштирилган мактаб тарбияланувчилари белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқлар билан таъминланади:

ота-онасини ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларни ўзининг кўрсатиб ўтилган муассасага олиб келинганлиги ёки жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан юқори органларга, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга, прокуратура органларига ёки судга шикоят қилиш;

одамнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муомалада бўлиш;

чекланмаган миқдорда телефонда сўзлашувлар, бошқа алоқа воситалари орқали мулоқотлар ҳамда учрашувлар воситасида оиласи билан алоқада бўлиш, посилкалар, бандероллар, йўқловлар олиш, хат ва телеграммалар олиш ҳамда жўнатиш;

тасдиқланган нормалар бўйича бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиш.


32. Тарбияланувчиларнинг ихтисослаштирилган мактабда таъминланиши ва уларга таълим берилиши давлат таъминоти асосида, қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган мактаб тарбияланувчиларини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


33. Тарбияланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш ихтисослаштирилган мактаб ва мазкур мактаб жойлашган жойдаги соғлиқни сақлаш муассасаси штатли тиббиёт ходимлари томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланади.


34. Тарбияланувчининг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этган тақдирда ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти бу ҳақда унинг ота-онасини ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларни, улар бўлмаган ҳолатларда эса - тарбияланувчининг доимий яшаш жойидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга дарҳол хабар беради.

35. Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вафот этган ҳолатларда тарбияланувчи уларни дафн қилишда иштирок этиш, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар оғир касал бўлиб қолган ҳолатларда эса - улардан хабар олиш ҳуқуқига эга. Йўлкира харажатлари ихтисослаштирил-ган мактаб маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


36. Тарбияланувчи ихтисослаштирилган мактабда бўлган даврда ихтисослаштирилган мактаб маъмуриятининг қарорига кўра унга таътил берилиши мумкин.


37. Тарбияланувчилар ихтисослаштирилган мактаб уставига, шунингдек мактабнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши шарт.


38. Тарбияланувчининг ихтисослаштирилган мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиши ихтисослаштирилган мактаб раҳбариятининг ёзма рухсатномасига кўра фақат ихтисослаштирилган мактаб ходимлари ёхуд ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида амалга оширилиши мумкин (35 ва 36-бандларда кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).


39. Тарбияланувчи ихтисослаштирилган мактабни ўзбошимчалик билан тарк этган тақдирда маъмурият бу ҳақда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни, мазкур мактаб жойлашган жойдаги ва тарбияланувчининг яшаш жойидаги ёки турган жойидаги ички ишлар органларини хабардор қилади ҳамда ички ишлар органлари билан биргаликда уни топиш ва ихтисослаштирилган мактабга қайтариш чора-тадбирларини кўради.


40. Ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этган, устав ёки ички тартиб қоидаларини қўпол равишда ёки бир неча маротаба бузган тарбияланувчиларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

огоҳлантириш;

ҳайфсан эълон қилиш;

тарбияланувчилар мажлисида, ихтисослаштирилган мактаб педагогик кенгашида муҳокама қилиш;

дам олиш ва байрам кунларида, таътил вақтида ихтисослаштирилган мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;

ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга қоидабузарлик ҳақида хабар қилиш.

Тарбияланувчиларга нисбатан:

жисмоний ва руҳий таъсир кўрсатиш усулларини, одамнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган таъсир чораларини қўллашга;

тарбияланувчиларни ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар билан алоқаларини чеклаш ёки тақиқлашга;

овқатланиш меъёрларини камайтиришга, тарбияланувчиларни сайр қилишдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди.


41. Таълим олишдаги ютуқлари, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун ихтисослаштирилган мактаб тарбияланувчилари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари белгиланади:

ташаккурнома эълон қилиш;

фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға билан тақдирлаш;

илгари қўлланилган жазони бекор қилиш;

ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга намунали хулқ-атвори ва таълим олишдаги ютуқлари ҳақида хабар бериш;

таътил вақтида ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар ҳузурига юбориш;

ихтисослаштирилган мактаб ходимлари ёхуд ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида ихтисослаштирилган мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқини бериш.


42. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ихтисослаштирилган мактаб директори томонидан тегишли буйруқ чиқариш йўли билан қўлланилади.


43. Ихтисослаштирилган мактабни педагог ходимлар билан таъминлаш мазкур мактабнинг устави билан тартибга солинади.

Педагоглик ишига лавозими ва мутахассислиги бўйича малакавий тавсифнома талабларига мос келадиган зарур касбий ва педагогик малакага эга бўлган ва тегишли ҳужжатлар билан маълумоти тасдиқланган шахслар қабул қилинади.


44. Ихтисослаштирилган мактабнинг педагог ходимлари, муассасани бошқаришда унинг уставида белгиланадиган тартибда қатнашиш, ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ихтисослаштирилган мактабнинг педагог ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


45. Педагог ходимлар қуйидагиларга мажбур:

болаларни юқори профессионал даражада ўқитиш ва тарбиялаш, ўз касбий кўникмаларини ва педагоглик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

педагог ахлоқ-одобига риоя этиш, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, болаларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларни меҳнатга, ота-онага ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.


46. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳеч бир чекловсиз тарбияланувчилардан хабар олиш, ихтисослаштирилган мактабнинг ўқув-тарбиявий фаолияти, болаларининг ижтимоий-педагогик реабилитацияси жараёни билан танишиш ҳуқуқига эга.



VI. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБНИ БОШҚАРИШ


47. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган директор ихтисослаштирилган мактабга бевосита раҳбарликни амалга оширади.


48. Директор ихтисослаштирилган мактаб номидан фаолият кўрсатади, унинг манфаатларини ифодалайди, мол-мулкини тасарруф этади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади.


49. Директор:

ихтисослаштирилган мактаб ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ихтисослаштирилган мактабга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида ихтисослаштирилган мактаб тарбияланувчилари ва барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

педагог ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


50. Ихтисослаштирилган мактабда фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган педагогик, методик ҳамда кузатув кенгашлари тузилади ва фаолият кўрсатади.


VII. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБНИНГ

МУЛКИ ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


51. Ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


52. Ихтисослаштирилган мактаб тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


53. Штатлар жадвали муассасанинг ўзига хос хусусиятлари ва спецификасини ҳисобга олган ҳолда, ўқув-тарбия муассасаларининг амалдаги штатларига татбиқан тасдиқланади.


54. Ихтисослаштирилган мактаб ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


55. Ихтисослаштирилган мактаб ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган молиявий ва статистик ҳисоботларни юритади.


56. Ихтисослаштирилган мактабнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


57. Ихтисослаштирилган мактаб ўқув-тарбия фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқига эга.


58. Ихтисослаштирилган мактабни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


59. Ихтисослаштирилган мактаб тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва унинг уставига мувофиқ фойдаланилади.

Ихтисослаштирилган мактаб тугатилган тақдирда тарбияланувчиларни бошқа таълим муассасаларига ўтказиш таъминланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 48-сон, 445-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами”, 2010 йил, 11-сон, 62-модда















































Время: 0.1386
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск